Азизий (1509-1550)

Абдулазизхон (1509-1550) – Шайбонийлардан. Убайдуллахоннинг ўғли, Хоразм ҳокими (1538—39). Отасининг вафоти (1539)дан сўнг мамлакатда иккиҳокимиятчилик вужудга келиб, Абдулазизхон Бухоро хони (1540—50), Кўчкунчихоннинг ўғли Абдуллатифхон эса Самарқанд хони (1540—1551) бўлган.

Абдулазизхон ўз ҳукмронлиги даврида давлат ва аҳоли манфаатларини кўзлаб қатор ислоҳотлар ўтказган, айрим солиқлар (таноб пули, тафовут, тавфири ва б.) ни бекор қилган, Бухоро атрофини янги мудофаа девори билан ўрашга киришган (уни Абдуллахон II қуриб битказган бўлиб, 20-аср бошларигача сақланган). Бундан ташқари у Бухорода Мадраса, улкан кутубхона, Баҳоуддин Нақшбанд қабристонида хонақолар қурдирган.

Абдулазизхон илм ва шеърият аҳлининг ҳомийси, ўта тақводор инсон бўлиб, тасаввуф олими — Шайх Жалолнинг муриди эди. У беназир ҳуснихат соҳиби бўлган, «Азизий» тахаллуси билан ғазаллар битган.

Абдулазизхон саройида Ҳофиз Султон, Али Убаҳий, Восифий, Мажлисий, Кавкабий, Шайдо, Афсарий каби шоирлар шуҳрат қозондилар.

Азизий ижодининг намунаси тарзида келтирилган ушбу ғазал Ҳасан Нисорийнинг «Музаккирул-аҳбоб» тазкирасидан олинди.

ҒАЗАЛ

Хуш эрди манга бўлса эди ёр мусоҳиб,
Ё бўлмаса эрди анга ағёр мусоҳиб.

Хушдур кишига бўлса агар ёр мусоҳиб,
Гар бўлмаса онинг била ағёр мусоҳиб.

Булбул бошиға келмас эди мунча балолар,
Гар бўлмаса эрди гул ила хор мусоҳиб.

Ёраб, не балодур буки ҳижрон аламидин,
Бормен ғаму андуҳ ила, эй ёр мусоҳиб.

Кўйинг итидек ёри вафодор топилмас,
Кўрдум мени дилсўхта бисёр мусоҳиб.

Бу телба кўнгул бирла, Азизий, не қилурсен,
Гар бўлмаса ул шўхи дил озор мусоҳиб.