Муҳаййир (1842-1918)

Муҳаййир (тахаллуси; асл исми Муҳаммадқул Муҳаммадрасул ўғли) (1842, Кўқон — 1918, Риштон тумани) — шоир, таржимон ва хаттот. Ўзбек ва форс-тожик тилларида ижод қилган. 1875—85 йилларда Бухоро мадрасаларида ўқиган.
Муҳаййирнинг ўз қўли билан кўчирган мукаммал девонининг 2 нусхаси мавжуд. Девонида 350 ғазал, 35 мухаммас, 3 мусаддас, 6 мурабба, 2 таржеъбанд, 73 рубоий ва «Қирқ ҳадис»нинг шеърий йўл билан қилинган таржимаси бор. Муҳаййир, шунингдек, «Салоти Масъудий» номли фиқҳ илмига оид форсча китобни ўзбек тилига таржима қилган.
1870 йилда Алишер Навоийнинг терма девонини ҳам настаълиқ хатида кўчирган. Муқимий, Фурқат, Муҳйи, Завқий, Нодим Намангоний ва Мунтазирлар билан яқин ижодий муносабатда бўлган. Лутфий, Жомий, Ҳофиз Шерозий ва Алишер Навоий ғазалларига мухаммаслар боғлаган, назиралар ёзган.
Шеъриятида тасаввуфий оҳанглар, рамз ва ишоралар ҳам бор. Ижодий меросининг умумий ҳажми 10000 мисрадан ошиқроқ. 3 қўлёзма девони Ўзбекистон ФА Шарқшунослик институти (инв. №7493, 19111) ва Ўзбекистон ФА Давлат адабиёт музейида сақланади (инв. №241).

ҒАЗАЛЛАР

Фақр шоҳимен, адам мулки мусаххардур манга,
Меҳнату андуҳу кулфат хайли лашкардур манга.

Маснадим гулхан кули, кунжи қаноат махзаним,
Бўрё тахту, бузуқ вайрона кишвардур манга.

Бу дили маҳзун била илгимдаги синғон сафол,
Чинийи Фағфуру, кўзгуйи Скандардур манга.

Танға жул кисват, намад бўлса кулоҳим ор эмаз,
Ким алар рашки қабоу тожи қайсардур манга.

Жуз ёмонлиғ номаи аъмолима сабт ўлмади,
Ҳосили умрим саросар қора дафтардур манга.

Касратимни ғарқ қилди гарчи тўфони фано,
Лек ваҳдат тахтаси киштийю лангардур манга.

То сочи занжириға банд ўлди бу шайдо кўнгул,
Дамбадам бош узра нур савдойи маҳшардур манга.

Аҳли даврон, яхшилиқ уммид қилманг чархдин,
Ким ўшал жавру жафо қилғон ситамгардур манга.

Ёр лутф айлаб, беҳамдиллаҳ, Муҳаййирни демиш
Ошиқи девона бўлган ул қаландардур манга.

* * *

Нечаким расму шиоринг зулм ила бедод эрур
Жумласи, эй шаҳ, бу қулға лутфу, адлу, дод эрур.

Юз ўгурмам ишқинг ичра етса сендин юз алам
Ким ҳазин жоним жафоу жаврингга муътод эрур.

Мен била булбулни тенг тутма жаҳон боғидаким
Манга дойим, анга бир ой нолау фарёд эрур.

Воизо, пандинг била борур йўлумдин ёнмағум
Ким менинг кўнглумда ҳам мундек фусунлар ёд эрур.

Сўз демоқ шоҳи замондин йўқ адаб, де шунчаким,
Тавба қилмасдин муриди толиби иршод эрур.

Эй хуш улким, дайр пири илгидин бир жоми май —
Нўш айлаб, икки олам қайдидин озод эрур.

Гар Муҳаййир назми баҳри ўтса Омудин нетонг
Анга бу йўлда Лутфий руҳидин имдод эрур.

* * *

Боғу бўстонда агар сарву агар шамшод эрур,
Санга қуллуғдин қачон, эй нозанин, озод эрур.

Сен каби лайливашу ширин насабни ишқида
Зор кўнглум бир ажаб Мажнун ҳасаб, Фарҳод эрур.

Мен каби бир гул асири бўлмасанг, эй андалиб,
Бу чаманда не учун тун-кун ишинг фарёд эрур.

Эйки шеър эттинг ҳавас, беилм бўлмасдур бу иш,
Негаким ҳар фанда шарти аъзам истиъдод эрур.

Гар бадоеъ гулларидин рангу бўйи истасанг,
Қил тамошоким, бу дам табъим чаман ижод эрур.

Соқиё, бир жом ила мен хастани шод айлағил,
Ким, басе даврон элидин хотирим ношод эрур.

Гар Муҳаййирни сўзи тутса Ажам мулкин нетонг,
Ким Навоий назм бобида анга устод эрур.

* * *

Ёрдин нечук узай уммид — зор этган билан.
Васл уммидига йиллар интизор этган билан.

Эй фалак, ором олурмусан ул ойни кўйида,
Бир неча ошиқни бесабру қарор этган билан.

Эй кўзум ёши, югурмоқдин дами тинғаймудинг,
Сирри ишқим эл ичинда ошкор этган билан.

Хотири покингға етгайму малолат, эй пари,
Байтул-аҳзоним сари гоҳи гузор этган билан.

Монии васл ўлмағай, эй шўх, даврон боғида,
Сизни гул янглиғ қилиб, ҳақ бизни хор этган билан.

Соқиё, даврингда ғамгинман, дилим топмас фараҳ,
Бир-ики жоминг билан рафъи хумор этган билан.

Бу Муҳаййир даргаҳингда топса, эй шўх, эътибор,
Ғам емасдур даҳр эли беэътибор этган билан.

* * *

Халос ўлмоқ тилар бўлсанг агар даврон жафосидин,
Унут ўзлукнию, ўт одамилиқ муддаосидин.

Қачонким ёр кўйида гадолиғ додини бердим,
Умид уздим жаҳон султонию фармон равосидин.

Нигориким, анинг бир лаҳза жавридин халос эрмам,
Маҳол ишдур манга уммид тутмоғлиқ вафосидин.

Саломат аҳли, айб этманг маломатдин ғамим йўқса,
Ки қўймаймен ҳазин жонимға миннат эл азосидин.

Билай десанг агар вайрону доғ ўлғон кўнгул ҳолин,
Келиб сўрғил бу бўстон чуғзию бағри қаросидин.

Биҳамдиллаҳки, унди меҳр ўти, парвариш топди,
Кўнгул боғида оҳи ашкими обу ҳавосидин.

Қарорғон кўзларимга тўтиё қилмоқ учун келтур
Ғубори, эй менга ул нозанин кўйи фазосидин.

Қулингмен, соқиёким, бир қадаҳ май бирла қутқординг,
Мени лаб ташна махмурингни худбинлик балосидин.

Муҳаййир тийра бахтин кўрки роҳат орзу қилса,
Етар озор ғамлик жониға ўз ошиносидин.

* * *

Бир нома манга келмади ул қоши қаламдин,
Қаддим букулуб нол каби бўлди бу ғамдин.

Ул ҳури паризодға ҳолимни баён эт
Эй боди сабо, ўтсанг агар боғи эрамдин.

Хунхор кўзи қонмадиму элни қилиб қатл,
Ким қон тўкару дер яна бу сайди ҳарамдин.

Қон ютди, алам чекдию ғам бўлди насиби
Даркимки вужуд оламиға келди адамдин.

Десангки топай роҳату, кўрмай ситам элдин
Тутмеҳру вафо расмию чек элни ситамдин.

Девона қазо қисматиға улки ризодур,
Шукр айлагаю сўз демагай лоу наамадин.

Ҳарчанд гунаҳ лавсидин олуда этакмен
Уммид буким тоза ўлам баҳри карамдин.

Эй соқи, дами бода Муҳаййирға карам қил
Ўткармай анинг вақтини даврингда бу дамдин.

* * *

Манга қайдадур бирдам сенсиз, эй санам, уйқу,
Кўрунур фироқингда кўзума адам уйқу.

Тонгла лойиқи дийдор этса ҳақ тонг эрмасдур,
Ушбу тунда гар бўлса қайси кўзда кам уйқу.

Ҳажр тунлари чеккан кулфатим нечук билғай,
Улки суйгани бирлан айлагай баҳам уйқу.

Эйки баҳра истарсен тур саҳарки, топмас файз
Кимни одати бўлса вақти субҳидам уйқу.

Ул кишики ҳар соат бир таома майл айлар
Не ажаб агар тутса они дамбадам уйқу.

Гарчи кечалар уймоқ эл таниға роҳатдур,
Лек менга бўлмишдур сарбасар алам уйқу.

Мутрибо, чекиб созинг, туз навоға овозинг,
Токи бир замон очғай савти зери бам уйқу.

Ҳажр қасди жон айлаб, элтса мени шояд,
Бир қадаҳ майи, соқий, айласанг карам уйқу.

Кўнглида ватан ёди ўггучи мусофирдур.
Ким тутар Муҳаййирни йўлда ложарам уйқу.

* * *

Лабингму лаълму, ёқутму ё қути жондурму,
Қиёмат жилва қаддингдурму ё сарви равондурму.

Дамодам жонима бедод эгиб жабру жафо қилмоқ,
Дегил, эй нозанин, ишқим билурға имтиҳондурму.

Суханрас нуктадонларни такаллум бирла лол этган
Бизи Лайли насаблиғ дилбари ширин забондурму.

Бутун юз пора кўнглум ғунчадек дилтангдур-билмон.
Ки ул раъно юзидин ғайри базми гулситондурму.

Мени, эй зоҳидо, таклиф қилма ҳонақаҳ сори,
Ки ул ер ушбу дам майхонадек дорул-амондурму.

Вафо йўқтуржаҳон ҳам аҳлида, гар бўлса вафо анда
Вафоси бирнеча кунлик эмасму, жовидондурму.

Кўнгул олмай сўзим ком истадинг дунё арусидин,
Ўзинг инсоф берким, они айши ройигондурму.

Қарори йўқ фалак меҳрини бирдам уз умид, аммо
Дема номеҳрибонму манга ёким меҳрибондурму.

Кўруб девонини мазмунидин воқиф ўлан айтур,
Муҳаййир назмидурму ёки баҳри бегарондурму.

* * *

Қайси бир гул юз сунабар қадга десам бир қара,
Кўз солиш бирла мани маҳзунни айлар масхара.

Эмди билдим шаҳр ичида эътиборим йўқ экан,
Манга лозимдур нишиман айласам дашту дара.

Лола доғини кўриб шояд кўнгул топса қарор,
Бор экан деб мен каби оламда ҳам бағри қара.

Ёд этиб дилбар кўзин оқса ёшимдин чашмалар,
Учраса ҳар лолазор ичра агар оҳу бара.

Бу биёбонда фано бўлғон кишилар ёшидур,
Чашма бўлсун ёки фаввора ва ёхуд шаршара.

Қойил ўлмасдур ажални панжасига, воқиф ул,
Гар санга темур ую фўлод бўлсун панжара.

Эй Муҳаййир, шуқр қил, эл таънасидин ғам ема,
Ким билурки тонгла ким сийқадуру ким сара.

* * *

Эй булут, тева каби мунча сочиб қаф ёғасен,
Осмон саҳнида ҳарён чекибон саф ёғасен.

Парча-парча юбориб бир-бирини орқасидин
Айлабон ерни бийик устини саф-саф ёғасен.

Муз масал жола каби ярқиратиб, раҳм этмай
Ҳавли, уюм томиға дейки не таф-таф ёғасен.

Гоҳ ширғоқ, гаҳи зоҳир этиб лак-лак қор
Пахтани зобутидек ер уза лаф-лаф ёғасен.

Чопқуну изғиринингдин қаматиб уйға мени,
Ўт била мунча димоғим қилиб жаф ёғасен.

Кўрунуб кўзга хунук, мунча бу тўй ўтгунча,
Шилдираб кечалари, кундузи шаф-шаф ёғасен.

Ўтмайин тўй, жадаллаб нега келдинг, айғил,
Тиладиму сени бир хориси ашраф ёғасен.

Қиш ўтуб фасли баҳор ўлса, болуб хурраму шод
Сустайиб тоғ ила тузга чолибон даф ёғасен.

На бало бўлди сенгаким, бу Муҳаййир бошиға
Сув тукулган каби ҳар лаҳза шалафлаф ёғасен.