XIX асрнинг биринчи ярмида Қўқонда яшаб ижод қилган. Асл исми Азимхўжа. Бухоро мадрасасида таълим олган. Ҳижрий 1263 (1846-47) йили Қўқонда вафот этган. “Ҳикмати Азимхўжа” деган китоби бор.
* * *
Сўрмас ҳолим ёрима бир муддао бўлди магар,
Ё ўзумни шумлиғим бошга бало бўлди магар.
Айлабон ёрни сўроғим дарбадарликда юруб
Тинмади девона кўнглум бенаво бўлди магар.
Ёрсиз турмоққа тоқат (йўқ) етарға ҳолатим
Кўрқадурманким, бу дардим бедаво бўлди магар.
Неча йиллардурки истаб топмадим ёр васлини
Ҳажрида ўлмаклигим ҳукми қазо бўлди магар.
Дамбадам ўртар эди ўтлуғ фироқи бағрими
Оқибат йиқти мани кам-кам адо бўлди магар.
Жаббани жон бирла қўйғач ёрни даргоҳига
Тинди кўнглум, эй Азим, сандин ризо бўлди магар.
* * *
Кун ўлса элдин ўзумни канора айларман,
Тун ўлса замзамини ошиқона айларман.
Куюб тушар то фалакда ситоралар тонг йўқ
Бу роҳларга ғамингдин шабона айларман.
Йўлингда йиғлай-йиғлай оқарди кўз охир
Эл ичра ўзга маразни баҳона айларман.
Маломат тоши ила таън ўқлари кўксимни
Санинг учун неча йилдурки нишона айларман.
Йўлуқса аҳли муҳаббат урарман олдида оҳ
На оҳким, сани дардинг фасона айларман.
Мақоми манзили фақр аҳли хонақоҳ эрмиш
Анинг чу хизмати бу корхона айларман.
Қаландарона ўтай деб, Азим, бу оламдин
Ҳилофи одати аҳли замона айларман.
* * *
Токай сани ғамингда ман оҳу наво қилай,
Кўрсат юзингни бир йўла жоним фидо қилай.
Бегона этдим ҳамадин ўзни эй пари
Ҳаргиз бу телбани демадинг ошно қилай.
Ўтди тамом умр санга арзи ҳол этиб
Ҳеч демадингки, биргина ҳожат раво қилай.
Ман гарчи толеъим бадидин сўрмасанг мани
Ман қатра жон борича санга илтижо қилай.
Тифли баҳона чу каби сансиз юпонмаюр
Токай бу телба кўнглим ила можаро қилай.
Ҳар одамеда бош биру савдоси бошқадур
Ман истарам бошни санга хокпо қилай.
Мискин Азим қулингни қулидур итларинг ити
Топсам аларни изларини тўтиё қилай.