Андалиб (1712-1780)

Андалиб (Булбул) (асл исми Нурмуҳаммад Ғариб; тахминан 1712—Урганч— 1780) — туркман шоири. Ўзбек ва туркман тилида ёзган. Хива мадрасаларида ўқиган. Андалиб мумтоз адабиётнинг ғазал, рубоий, мурабба, мухаммас, мусаддас, мусабба, мувашшах ва бошқа жанрларида ижод қилган.

Навоий, Фузулий, Жомий ғазалларига мухаммаслар боғлаган. Шеърларида инсоннинг замон, ҳаёт билан муносабатлари акс этган. Халқ оғзаки ижодидан фойдаланиб, ҳис-туйғуларни содда ва равон ифодалашга эришган. 1200 мисрага яқин шеър ҳамда бир неча достонлари бизгача етиб келган.

«Лайли ва Мажнун», «Тоҳир ва Зуҳра», «Юсуф ва Зулайҳо», «Зайн ул-араб», «Саъд Ваққос», «Бобо Равшан», «Маликаи Меҳринигор», «Ўғизнома» каби достонларида мумтоз достончиликнинг энг яхши хусусиятлари мужассамлашган. «Насимий» достонида озар шоири Насимий ҳаёти ва ижоди акс этган. Машрабга тақлидан ёзган шеърлари ўзбек ва туркман халқларининг севимли қўшиқларига айланган.

Андалиб асарларининг қўлёзмалари ва тошбосма нусхалари Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институтида сақланади.

ҒАЗАЛ

* * *

Эй рашки пари меҳри жамолинг не бало хўб,
В-эй нилуфаридек қўша холинг не бало хўб.

Фикрингда бўлиб кўзларима жилва намоён,
Ҳар соату ҳар лаҳза хаёлинг не бало хўб.

Лаълинг ғамидин ташлади Хизр оби ҳаётин,
Кавсар сувидек софи зулолинг не бало хўб.

Эй ҳур, юзингнинг бири ой, бириси кундек,
Бу ою қуёш узра ҳилолинг не бало хўб.

Бошдин оёқингдур очилон гулшани хўбий,
Сар то қадами тоза ниҳолинг не бало хўб.

Ўлтурса кўзинг, икки лабинг лек берур жон,
Жон бахшлиғинг хўбу қитолинг не бало хўб.

Боқсам юзинга Андалибосо ажаб эрмас,
Фурқатзада бўлғонга висолинг не бало хўб.


МУХАММАСЛАР

НАВОИЙ ҒАЗАЛИГА МУХАММАС

Ўнгумни тутса бало Ҳинддин Ҳисорғача,
Қароқчи тутса яна Қоршудин Хузорғача,
Сув олса йўлими то Балхдин Бухорғача,
Ҳиротдин агар ўт тушса Сабзаворғача,
Бўлай самандару тортан ўзумни ёрғача.

Жаҳонда оҳим ўтидин шарора туш-тушдур,
Ки руқъам ҳар бири элтурга номавар қушдур,
Кўрубман они бу оқшом, ўнгумму ё тушдур,
Кўнгул доғи бу ўт ичра йўлуқса ҳам хуштур,
Ки бўлса ҳамраҳим ул сарви гулъузорғача.

Бало сипоҳи била дашти ғамда от сурушуб,
Фазойи меҳнат аро бир-бирини охторушуб,
Қарору тоқати сабрим бирин-бирин урушуб,
Жунун аро боришиб, гоҳу гоҳ қичқиришиб,
Етишсак иккимиз ул тунд шаҳсуворғача.

Таним фироқ ўтидин хастау куюк бўлса,
Йўлимда турлу балолар сурук-сурук бўлса,
Унгумға не келури кош билгулук бўлса,
Эмас чу умр иши маълум, ҳар нечук бўлса,
Ўзумни еткурайин ёр ўлон диёрғача.

Фиғонки, бўлмишам ўз шаҳри кишваримда ғариб
Кишим йўқ они жанозамға қилғали тарғиб,
Етушмагай манга шояд азобдин осиб,
Чу кўй ичра мозоримға берсалар тартиб,
Қадамни қилса гаҳи ранжа ул мазорғача.

Бу кун сабо бу кўҳан дайр аро топилмассан,
Йўлинг махуфдурур қайтиб эмди келмассан,
Ҳама фано йўлиға борди, боқий қолмассан,
Эрур баҳор ғанимат, май ички, билмассан
Ки даҳр боғида бўлғунг яна баҳорғача.

Кел, Андалиби балокашға, соқиё, май бер;
Қилай ман они ичиб, жонинга дуо, май бер;
Хумор хастасидурман, топай шифо, май бер,
Навоиё, ғамим ўлтурди, ғамзудо, май бер,
Йўқ эрса бошла мани ёри ғамгузорғача.

НАВОИЙ ҒАЗАЛИГА МУХАММАС

Фарёдким, ман зорни ул гулъузор ўлтургуси,
Қатлимға боғлаб тийғи кийн, зори низор ўлтургуси,
Қошу кўзунг, холу хатинг бегонавор ўлтургуси,
Бир кун мани ул қотили мажнуншиор ўлтургуси,
Усрук чиқиб, жавлон қилнб, девонавор ўлтургуси,

Очмиш гули рухсорини ул қомати наврастаким,
Икки ҳилоли қошлари бир-бирина пайвастаким,
Гисуларина бўлмишам ондин бери вобастаким,
Ошиқ бўлурда билмадим мен нотавони хастаким,
Ҳажр ўлса, ғам куйдургуси, васл ўлса, ёр ўлтургуси.

Кирпикларини ўқларин боғлаб қоши ёсиғаким,
Билмон не деб раҳм айламас ман зори шайдосиғаким,
Кўнглум қушин банд айлади зулфи жалисосиғаким,
Майдон аро, эй аҳли дин, кирманг тамошосиғаким,
Юз кўрмайин ул кофири чобуксувор ўлтургуси.

Жонимға роҳат еткурур лаълинг хаёли ўзгача,
Учди жамолинг ҳажридин уйқу кўзимдин бу кеча,
Мумкин эмас жон сақламоқ ман нотавони тонгғача,
Лаълинг закоти май тутуб тиргузмасанг, эй муғбача,
Дайр ичра мен дилхастани ранжи хумор ўлтургуси.

Икки буногўшидаги кокул очибдур оразин,
Жон риштасидек мушкбў сунбул очибдур оразин,
Бу Андалиби зорға билкулл очибдур оразин,
Дерлар Навоий қатлиға гул-гул очибтур оразин,
Кўргунча они, войким, юз хор-хор ўлтургуси.

НАВОИЙ ҒАЗАЛИГА МУХАММАС

Ул паридин ўзгага телмурмағайсан, эй кўнгул,
Айласа жавру ситам инжилмағайсан, эй кўнгул,
Муддаийлар таънидин тортилмағайсан, эй кўнгул.
Истасанг ҳажр ўтиға ёқилмағайсан, эй кўнгул,
Ёрдин зинҳорким айрилмағайсан, эй кўнгул.

Орзу айларсан ҳардам ул шакар гуфторни,
Қомати сарву юзи гул, холи анбарборни,
Оқибат ҳижронида ўлтургуси сан зорни,
Ваҳ, не толеъдурки, топмай истаб умре ёрни,
Чун сани ёр истагай топилмағайсан, эй кўнгул.

Базм аро ул маҳлиқодин ғайри ҳавро бўлмасун,
Балким ул Лайли билан Ширину Азро бўлмасун,
Фурқатида бистаринг жуз хору хоро бўлмасун,
Буки қон ёшим десангким ошкоро бўлмасун,
Майл этиб ёшлар сори қотилмағайсан, эй кўнгул.

Фитналар солди жаҳонга икки кофир кўзлари,
Лек жон таъмин берур нутқ этса ширин сўзлари,
Сўрсалар, де хўбларда йўқтур ондин илгари,
Десалар Лайлиму ортиқ ҳусн аро ё ул пари,
Гарчи мажнунсан, керак ёнгилмағайсан, эй кўнгул.

Айлади пар қошлари қавсу кузаҳ ҳушингни маҳв,
Ул мусаффо ғабғаби ҳоли манаҳ ҳушингни маҳв,
Ё санинг девоналиғ, ё бу фараҳ ҳушингни маҳв,
Қилди чун соқий лаби теккоч қадаҳ ҳушннгни маҳв,
То абад зинҳорким ойилмагайсан, эй кўнгул.

Истабон бу гулситонда гулъузори оразин,
Кўзларинг тортиб оқорди интизори оразин,
Умринг ўтди кўрмадинг бир лаҳза ёри оразин,
Ғунчасин ғамдин вале соқий баҳори оразин,
Очса билмонким нетиб очилмағайсан, эй кўнгул,

Андалибо, бу маҳол андеша бирла моҳу сол,
Ёр васлин фикр этиб кўрмак хаёлидур хаёл,
Дайр пири хизматида қилмайин касбу камол,
Давлати боқий Навоийдек эрур топмоқ маҳол,
То тамом ўзликни фоний қилмағайсан, эй кўнгул.

НАВОИЙ ҒАЗАЛИГА МУХАММАС

Хам кетурди қоматим пайваста абрў келмади,
Хатти мушкафшону холи анбаринбў келмади,
Рўзгорим тийра қилғон жаъди гисў келмади,
Кеча келгумдур дебон ул сарву гулрў келмади,
Кўзларимга кеча тонг отқунча уйқу келмади.

Чиқғон эрмиш азми жавлон қилғоли ул шаҳсувор,
Оразин кўрмак эрур икки кўзумга ифтихор,
Оҳ найлайким бўлубдур ашк бирла пардадор,
Лаҳза-лаҳза чиқтиму чектим йўлида интизор,
Келди жон оғзимғау ул шўхи бадхў келмади.

Келса ул гул хирмани суҳбат тутуб қилсам нишот,
Пардаи жонимни пойандоз этиб қилсам бисот,
Йўқса номус этти қилмоқ мен гадоға иртибот,
Оразидек ойдин эрканда гар этти эҳтиёт,
Рўзгоримдек ҳам ўлғонда қоронғу, келмади.

Эй парилар шоҳи, бир журм ила ёзғурманг мени,
Бу суубатлар била ҳар ёнға кездурманг мени,
Келмишам уммид ила, навмид этиб сурманг мени,
Кўзларингдин неча сув келгай деб ўлтурманг мени,
Ким бори қон эрди келган, бу кеча сув келмади.

Бели фикри қўлға кирмас, оғзидек бўлмай адам,
Тортибон ҳар дам риёзат, истамай дайру ҳарам,
Заъфаронзор оразинг қон ёшими қилмай наам,
Толиби содиқ топилмас, йўқса ким қўйди қадам
йўлғаким, аввал қадам маъшуқа ўтру келмади.

Андалибо, нола айлаб беғам эт кўнглунг уйин,
Жоми саҳбодур денгиз, кўз байрам эт кўнглунг уйин,
Етмасун осийб, ҳаргиз маҳкам эт кўнглунг уйин,
Эй Навоий, бода бирла хуррам эт кўнглунг уйин,
Не учунким бода келган уйга қайғу келмади.

НАВОИЙ ҒАЗАЛИГА МУХАММАС

Ҳар субҳу шом телбараб оғлормен яна
Ул важҳдинки толиби дийдормен яна,
Гаҳ сокини жафо, гаҳ сайёрман яна,
Ҳайҳотким, бирав ғамидин зормен яна,
Фарёдким, балоға гирифтормен яна.

Жонимни олди қошу кўзу ораз узра манг,
Кўнглумни ёқди шуълаи ҳижрон бедаранг,
Эй аҳли дил, қачон бўлур ошиқта ному нанг,
Оғзим қуруб, дамим тутулиб секрасам не тонг,
Ким телба чобукимга жилавдормен яна.

Зоримни кимга десам учар ҳуш бошидин,
Бир ўқ қадалди сийнама пайваста қошидин,
Фарёда келдилар ҳама нолам харошидин,
Ҳар кеча бир қуёш ғамидин ғусса тошидин,
Бошдин аёғ сипеҳрдек афгормен яна.

Гаҳ водийи жунун аро мастона йўл тузуб,
Ким телбараб фиғон ила, гаҳ ёва кўргузуб,
Май ичгали ридоға солиб, бодани сузуб,
Суфии ақл савмаасин, шукрким, бузуб,
Дорул-фанои ишқда хаммормен яна.

Туз, Андалиб, «Ироқ»у «Ҳижоз» айлагил фиғон,
Гоҳи Нишовурига тебранар «Исфаҳон»,
Шарҳи ғамингни айлагил ушшоқ аро аён,
Ақл итти, ҳуш кетти, кўнгул куйди, чиқди жон,
Шукр эт, Навсиёки, сабукбормен яна.

ФУЗУЛИЙ ҒАЗАЛИГА МУХАММАС

Токи кўрдум чашми фаттонингдадур ғаммозалар,
Доғлар кийдим юзинг шаънида юз андозалар,
Рашк кожидин юзига урди маҳваш ғозалар,
Ҳар китобаким лаби лаълинг ҳадисин ёзалар,
Риштаи жон бирла ишқ аҳли они шерозалар.

Меҳмоним бўлдинг, эй дилбар, қўл урдум кисага,
Кокулинг савдосидин нақдимни бермон насяга,
Холи мушкининг қилибдур рўзгоримни сияҳ,(?)
Бу на сирдур сирри ишқинг демадим бир кимсага,
Шаҳра душмушман сани севдум деюб овозалар.

Ошиқ ўлманг деб насиҳатлар кўб этти пири ишқ,
Найлайинким жону кўнглум бўлдилар тасхири ишқ,
Ман ўлар ҳолатға етдим йўқмудур тадбири ишқ,
Чоклар кўксумда сонмангким очибдур тийри ишқ,
Кўнглуминг шаҳрина меҳринг кирмака дарвозалар.

Риндлар бирла қилиб ҳар дам фиғону арбада,
Аҳли олам бўлдилар фарёду ноламдин зада,
Шукрлиллаҳ, манзилу маъво бўлубдур майкада,
Шайхлар майхонадин юз дўндурурлар масжида,
Бетариқатларни кўрким тўғри йўлдин озалар.

Андалибосо чекиб ҳардам фиғону замзама,
Ул қуёшнинг оразидин мунфаилдур меҳру маҳ,
Бир куни бўлғай фироқингнинг висоли, ғам ема,
Эй Фузулий. ёр агар жавр этса андин инжима,
Ёр жаври ошиқа ҳар дам муҳаббат тозалар.

ФУЗУЛИЙ ҒАЗАЛИГА МУХАММАС

Фиғонким, ул лаби майгун ичиб қонимни қонмазми?
Ҳазин жонимға ҳардам зулму бедодин оёнмазми?
Нниб шавқ ўтина бошдин аёғ жисмим тугонмазми?
Бани жондин ўсондурди, жафодин ёр ўсонмазми?
Фалаклар ёнди оҳимдин, муродим шамъи ёнмазми?

Бўлуб ул бут ниқобафкан, чекарман дардлиғ шеван,
Фалак сақфин қилиб равзан, ғизом андуҳ, ерим гулхан,
Ишим нола, тилим алкан, сўзим бўлғайму мустаҳсан,
Ғамим пинҳон дутардим бан, дедилар ёра қил равшан,
Десам ул бевафо, билман, инонурму инонмазми?

Чиқибдур ул маҳитобон, жамолидин жаҳон рахшон,
Қувон, эй кўз, гўнан эй жон, ичингда қолмасун армон,
Аландурма бўлуб ҳайрон, қилибдур ваъдаи паймон,
Қаму беморина жонон давои дард этар эҳсон,
Нечук қилмаз банго дармон, бани бемор сонмазми?

Кўзинг пур фитнаи жоду, ғазоли мушк анбарбў,
Оторсен ўқ камон абрў, қилурман жоними қобу,
Дурур кўнглум анго қоршу, борур ашким бўлуб жў-жў
Гули рухсоринга қоршу, кўзумдин қонлу оқар су,
Ҳабибим фасли гулдур бу, охир сулар бўлонмазми?

Фироқингда мани бедил, ишим мушкил уза мушкил,
Тузубсан ғайр ила маҳфил, ётибман хаста ою йил,
Сари кўйинг қилиб манзил, муродим бўлмади ҳосил,
Дегилдим ман санго моил, сан этдинг ақлими зоил,
Банго таън айлаян гофил, сани кўргач ўтонмазми?

Чиқиб ул номусулмоним қилурға қасди иймоним,
Фалакда оҳи сўзоним, кўзимда ашки ғалтоним,
Ичнмда дарди пинҳоним, табибо, йўқму дармоним,
Шаби ҳижрон ёнар жоним, дўкар қон чашми гирёним,
Уётир халқи афғоним, қаро бахтим уёнмазми?

Жаҳонда тўла ғавғодур фиғони Андалибодур,
На янглиғ шўриш афзодур, тили васфингда гўёдур,
Анго кўйингда маъводур, алимда жоми саҳбодур,
Фузулий ринди шайдодур, ҳамиша халқа расводур,
Кўрингким, бу на савдодур, бу савдодан ўсонмазми?

УБАЙДИЙ ҒАЗАЛИГА МУХАММАС

Қайси гулшаннинг қадингдек сарву хуш рафтори бор?
Қайси гулнинг ул юзингдек оташин рухсори бор?
Қайси дилбарнинг санингдек лаъли шаккар бори бор?
Шукрким, маҳзун кўнгулнинг сен киби дилдори бор?
Не ғами бор ул кишинингким сенингдек ёри бор?

Лабларинг шавқида себу нок тердим олғали,
Истаюб бодому тарбоғ ичра бордим олғали,
Боғбона олма келтур деб буюрдим олғали,
Нори борин билмадим, шафтолу сўрдим олғали,
Дедию: шафтолудин йўқтур насибанг, нори бор.

Оҳким, ҳижрон балоси тоқатимни қилди тоқ,
Ўтлуғ афғоним билан бўлди мунаввар нуҳ равоқ,
Жону жисмимни ёқиб, кул қилди шиддатлиғ фироқ,
Тушгали бошим неча айём ул гулдин йироқ,
Ғунча янглиғ кўнглум атрофида юз минг хори бор.

Кўзларингдек боғ аро наргис кўзи шаҳло дегул,
Сарв озоду санавбар қоматингга бўлди қул,
Оразингға оғзин очиб ғунча, ҳайрон қолди гул,
Қайси бир яхшилигин мендин сўрарсан, эй кўнгул,
Хўблуқ асбобида ҳар неки дерсен — бори бор.

Ул парилар подшоҳи маснад узра ўлтуруб,
Базм тузмиш, май ичиб, жоми мурассаъ тўлдуруб,
Хизматида Андалибосо турубдур телмуруб,
Бош қўюбдур остониға Убайдий, қул бўлуб,
Бандадур онга, вале юз салтанатдин ори бор.

МУСАММАН

Мубталоман, оҳким, бир рашки ризвон оллида,
Юз бало, юз фитна бор, ул чашми фаттон оллида,
Зор жисмим бўлди қон, бу нўги мижгон оллида,
Тоб тушди қоматимға зулфи чавгон оллида,
Ўйнаса гўй этгумен бошимни ғалтон оллида,
Поймол ўлмоқ керак бу шўхи жавлон оллида,
Буду нобудум агар тенг бўлди жонон оллида,
Зарраи йўқ, бори тенгдур, меҳри рахшон оллида.

Тийра қилди субҳим ул хуршиди тобон ҳажр аро.
Солди ғам чоҳиға рашки моҳи Канъон ҳажр аро,
Оллоҳ-оллоҳ, мен киби йўқтур паришон ҳажр аро,
Ашку оҳим бўлди сарсар бирла тўфон ҳажр аро.
Бу балолардин қутулмоқлик не имкон ҳажр аро,
Баҳри ашкимдин сув олмиш абри найсон ҳажр аро,
Кўзларимнинг чашмаси оллида Уммон ҳажр аро,
Кўз биайниҳ ўйладурким чашма Уммон оллида.

Борғали ул маҳлиқо, ваҳким, паришондур димоғ,
Қонға тўлди онсизин базм ичра мийноди аёғ,
Топмадим ҳаргиз нишонин кў-бакў айлаб сўроғ,
Мумкин эрмас бу суубатлар била топмоқ фароғ,
Зоҳир этти лаъли ёдида кўзим қонлиғ булоғ,
Лола очти боғ, гул очти бу янглиғ қайси боғ,
Васл ичинда дўзах ўти бирла қўйғон тоза доғ,
Оташин гулдек гумон қил доги ҳижрон оллида.

Ҳажр шоми тинмай ўтлуғ оҳлар чекдим далир,
Уртаниб кул бўлди онинг тобидин моҳи мунир,
Кўзларим шўробаси оллида дарё чун ғадир,
Бири Жайҳуни баширу бири Сайҳуни назир,
Бер манга ҳуснунг закотин ҳам гадомен, ҳам фақир,
Лутф этиб илким тутуб бўлсанг на бўлди дастгир,
Эй мусулмонлар, не ҳолатдурки ишқ этмиш асир,
Юз мусулмон хайлини бир номусулмон оллида.

Эй ажал, жоним олиб бергил манга сабру қарор,
Йўқса ҳижрон илкида қўйма мени зору низор,
Васли хуршидин тилаб жисмим бўлубдур зарравор,
Умредур беэътимоду, жонға йўқтур эътибор,
Оғзидек бўлдим адам, белини айлаб ихтиёр,
Андалибо, кўйи жонон сори этсанг сен гузор,
Эй Навоий, жон сабо оллида қилғаймен нисор,
Бу гадо ҳолин деса, етганда султон оллида.