Умархон, Амир Умархон, Амирий (1787— Қўқон — 1822) — Қўқон хони (1810—1822), зуллисонайн шоир. Норбўтабийнинг ўғли. Ўзбекларнинг минг уруғидан. Бошланғич саводини оилада чикариб, кейин мадрасада таҳсил олган. Ёшлигидан сарой хизматига жалб қилинган: акаси — Қўқон хони Олимхоннннг давлатни бошқариш ишларида фаол иштирок этган. Олимхон 1807—08 йилларда унга Фарғона ҳокимлигини топширган. Шу йилларда у Андижон ҳокими Раҳмонқулибийнинг қизи Моҳларойим (Нодира)га уйланган.
Ҳоким табақалар Олимхоннинг Тошкентда кўтарилган ғалаённи бостириш учун қўшин тортганлигидан фойдаланиб, фитна уюштирадилар ва 1810 йил Умархонни хон қилиб кўтарадилар, Олимхон эса ўлдирилади. Умархон Қўқон хонлиги ҳудудини кенгайтириш, ҳокимиятни мустаҳкамлаш сиёсатини олиб боради. Бухоро амирига қарашли Туркистон шаҳри (1815), Ўратепани (1817) босиб олган. Сирдарё бўйидаги ерларда Янгиқўрғон, Жулек, Қамишқўрғон, Оқмачит, Қўшқўрғон номли ҳарбий истеҳкомлар қурдирган. Улар Ўрта Осиёни Россия билан боғлайдиган муҳим савдо йўлида жойлашган эди. У Россия билан дипломатик муносабатлар ўрнатишга ҳаракат қилган.
Умархон даврида Қўқон, Тошкент, Туркистон, Чимкент, Сайрам, Авлиёотада масжид ва мадрасалар қурилиб, қабристонлар тартибга келтирилган. Шаҳрихон шаҳарчаси барпо этилган, янги қишлоқлар вужудга келган. Хон амалдорларининг талончилик сиёсатига қарши Чимкент ва Сайрамда кўтарилган қўзғолон бостирилган. 19-асрнинг 1-ярмида Қўқонда ўзига хос илмий-маданий муҳит вужудга келган — унинг бошида турган маърифатпарвар ҳукмдор Умархон илм, маданият, санъат, адабиёт, турли касб-ҳунарларнинг ривожига катта эътибор берган, мадрасаларда ўқишўқитиш ишларини яхшилаган, турли ҳунар мактаблари очилишини қўллаб-қувватлаган. Ўзи ҳам Амирий тахаллуси билан шеърлар ёзган. Унинг атрофида 70 дан ортиқ шоир йиғилган. 1821 йилда Фазлий Намангоний Умархон амрига биноан, 63 шоирнинг шеърини ўз ичига олган «Мажмуаи шоирон» тўпламини тузган. Уни улуғлаб қасидалар ёзиш, ғазалларига татаббуълар боғлаш бу шоирлар ижодида етакчи ўрин тутган.
Умархон Лутфий, Жомий, Навоий, Фузулий, Бедилни ўзига устоз санаб, улардан ижод сирларини ўрганган, уларга эргашиб ижод қилган, ғазалларига мухаммаслар боғлаган. Арузнинг туркий адабиётда машҳур, халқ ижодида ҳам кенг тарқалган енгил ва ўйноқи вазнларидагина ёзилган бу шеърларнинг барчаси ишқу муҳаббат мавзуида. Уларда анъанавий мотивлар ва тасаввуфий руҳ устун. Ўзбек ва форс-тожик тилидаги шеърларини тўплаб, девон тартиб берган. Девон ғазал, мухаммас, мусаддас, туюқ жанрларидаги 10 минг мисрадан ортиқ шеърни ўз ичига олган.
Ўзбекистон Фанлар академияси Алишер Навоий номидаги Адабиёт музейининг матншунослик ва ёзма ёдгорликларни нашр этиш бўлимининг илмий ходимлари томонидан Умархоннинг турли даврларда кўчирилган 26 та қўлёзма девони ҳисобга олиниб, уларнинг илмий тавсифи берилган. Бу қўлёзмалар Санкт-Петербург, Тошкент, Самарқанд ва Бухоро кутубхоналарида сақланади. Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институти қўлёзмалар фондида Умархоннинг 17 та қўлёзма девони мавжуд. Бундан ташқари, литографик усулда чоп этилган девонлари ва шоир шеърларидан намуналар берилган баёзлар бор.
* * *
Нега арбоби хирад аҳли жунундан ори бор?
Ким булар урён аларнинг жуббайи дастори бор.*
Гул юзунг олида зоҳир қилди шабнамдин арақ,
Ғунча хомушу лабингни гавҳари гуфтори бор.
Бўлма маҳзун боғбон,боғингга кирмас маҳвашим,
Сарвдур қадди ани, рухсоридин гулзори бор.
Соқиё, май бирла бир соат мени шодон қил,
Нотавон кўнглумни ҳижрон дардидан озори бор.
Эй кўнгул, динингни пинҳон асра ишқ атворида,
Қошини ҳар бир хамида кўз деган айёри бор.
Кўҳкан Ширинга ошиқ бўлди, Мажнун Лайлига,
Ким муҳаббат шаҳрида ҳар кимсани бир ёри бор.
Риштайи зулфини бўйнумда кўруб таън айламанг,
Бир бираҳман бут йўлида бўйнида зуннори бор.
Ёр ишқидин парилар эътироз айлар магар,
Ҳар бирини бўйнида таъвиз ила туммори бор.
Дилраболар ичра яктолиққа машҳур ўлса, лек
Кўйида мен телба янглиғ бениҳоят зори бор.
Эй пари, бир кун бузуқ кулбам сари қилғил хиром,
Ҳеч агар йўқтур замони сояйи девори бор.
Не сабабдин ўлмасун обод кўнглум кишвари,
Ишқ шоҳидек Амири маъдилат осори бор.
* Ушбу ғазал Амирий ва Нодира томонидан мушоира тарзида,яъни унинг биринчи мисраси Амирий, иккинчиси Нодира томонидан ёзилган.
* * *
Бўлди то табдин ҳарифи лаъли жононим анор,
Гул қилур хуни жигардин хори мижгоним анор.
Ҳусн боғи мевасига ёр ноз айлаб деди:
Лабларим анжирдур,себи занахдоним анор.
Боғ гул бирла анориға агар ноз айласа,
Ёр айтур: Оразим – гул, лаъли хандоним – анор.
Лаблари шафтолусиға зормен,эй боғбон,
Тўкмасун беҳуда истиғно била қоним анор.
Шарбатим қондур агар топсанг ул ой базмиға бор,
Лаъли хандониға еткур арзим, эй жоним, анор.
Ёралиғ кўнглумни кўз ёшида қилдим парвариш,
Ким эрур бу боғ аро мақбули султоним, анор.
Себи ғабғаблар фироқида биҳидек сарғориб,
Қон ютарменким эмастур боби дандоним анор.
Кўз,лабинг унноби ҳижронида йиғларким, тўкар
Қатра-қарта қон ёшимдин жайбу домоним анор.
Оразинг раммонини бу бўг аро истар, Амир,
Муддаодур анго,эй сарви хиромоним, анор.
* * *
Оҳким,ёр менга ёр ўлмас,
Ғами ўлтурдию ғамхор ўлмас.
Не бало нозу тағофилдур анго,
Куйдим ишқида – хабардор бўлмас.
Булҳавас ишқ рамузин на билур,
Бехирад маҳрами асрор ўлмас.
Зулфи бирла на талошур сунбул,
Ҳар хашак нофаи тотор ўлмас.
Оразин кўр хатидин ўлма малул,
Қайси гулдурки анга хор ўлмас.
Ишқ вайронасидур турфа мақом,
Анда ҳаргиз дару девор ўлмас.
Кулмангизлар мени расволиғима,
Телбада нанг била ор ўлмас.
Нигорондур кўзум ойина мисол,
Нега шойистайи дийдор ўлмас.
Ошиқ ўлдум,нега сендин ёшурай,
Бегуноҳ мўжиби инкор ўлмас.
Бу жамолу бу латофат бирла,
Кимдур ул сенга гирифтор ўмас.
Қайси кундурки юзунг ҳасратидин
Кўзларим ашк ила саршор ўлмас.
Хатидин шиква на ҳожат, эй кўз,
Қайси ойинада зангор ўлмас.
На билур ишқни кайфиятини,
Яхшиларфъа киши ҳамроз ўлмас.
Ҳар кўнгул ишқдин огоҳ эрмас,
Ҳар садафда дури шаҳвор ўлмас.
Гавҳари назм баҳосиздур, Амир,
Анга ҳар сифла харидор олмас.
* * *
Жаҳон,жоно,жамолингга тасаддуқ,
Дилу жин,хатти холингга тасаддуқ.
Чаманда сарву шамшоду санавбар,
Эрур мавзун ниҳолингга тасаддуқ.
Лабинг сарчашмайи оби бақодур,
Хизт хатти зулолингга тасаддуқ.
Тутарман тан аро жонни кироми,
Бўлур бир кун нисорингга тасаддуқ.
Қолиб эрди вужудимдин хаёли,
Ани қилдим хаёлингга тасаддуқ.
Лабинг ҳажрида заҳри ғам ютармен,
Ҳаловат ёди болингга тасаддуқ.
Эрурсан ҳусн мулкини Амири,
Жаҳон жоҳу жалолингга тасаддуқ.
* * *
Қошингға текузмағил қаламни,
Бу хат била бузмағил рақамни.
Бутхоналар ичра ҳеч тарсо,
Бир кўрмади сен киби санамни.
Ошиқларингга тараҳҳум этгил,
Кўп айлама жавр ила ситамни.
Нақши қадаминг муяссар ўлса,
Найлай бу жаҳонда жоми Жамни.
Кўнглум қуши тойири ҳариминг,
Сайд этма кабутари ҳарамни.
То беватан ўлмасун кўнгуллар,
Зулфунгдин аюрма печу хамни.
Лаълинг ғамидин кўзум тўкар қон,
Беҳуда кечурмагил бу дамни.
Йўлунгда ғубори роҳ бўлдум,
Бошимға етурмадим қадамни.
Сен ёрдин ўзга кимга дермен,
Кўнглумдаги дард ила аламни.
Бир коса шароби арғувоний,
Помол қилур ҳужуми ғамни.
Иқлими вафо Амиридурсен,
Эй шоҳ,бу гадоға қил карамни.
* * *
Висолингга кўнгул муштоқ эди, эй ёр, хуш келдинг,
Кўзум нурини равшан айладинг бисёр, хуш келдинг.
Хуморим заъфидин бетоб эдим, базм ичра, эй соқий,
Хиромон шишайи соғар тутуб саршор, хуш келдинг.
Кўнгул боғида ҳар ён доғи оҳим сарв ила гулдур,
Бу гулшан сайриға,эй сарви гулрухсор, хуш келдинг.
Бу шаклу бу шамойил бирла базми ноз ора кирдинг,
Сиҳи қадларни қилдинг сояйи девор, хуш келдинг.
Хазин муштоқларға ёри фирдавс хаёлидин,
Етурдинг муждае товуси хушрафтор, хуш келдинг.
Кеча кулбамға пинҳон келди ул маҳваш, Амир айди:
Бу лутфу марҳаматни билмасун ағёр, хуш келдинг!
АЛИШEР НАВОИЙ ҒАЗАЛИГА МУХАММАС
Ул бути ширин лиқо ҳар нечаким ёд айламас,
Ишқ тоғида мен этган ишни Фарҳод айламас,
Хаста кўнглум бу жафолардин нечук дод айламас,
Йўқ дамеким,фурқати жонимға бедод айламас,
Ғайрни шод этгали кўнглумни ношод айламас.
Ул парирўким,эрур ноз офаринлар сарвари,
Боқмади ҳаргиз тараҳҳум бирла ошиқлар сари,
Ҳасрату андуҳ бирла бордим ўзлукдан нари,
Ўлмакимни билмайин гўё дер эрмиш ул пари,
Ким неча кундурким,ул девона фарёд айламас.
Бор эди кўнглумға зулфу оразидин тобу таб,
Шому ҳижрон ичра ёндим шамъи муҳфилдек тутаб,
Пайкарим ўлди ўкуш,ўқ заҳмидин жавшан лақаб,
Солди кўнглум ўтиға пайконларин ҳижрон, ажаб,
Ким менинг қатлимға боштин тиғи пўлод айламас.
Баски элға фош этар оҳим ўти, жонон ғами,
Бу жиҳатдин қолмади кўксум аро пинҳон ғами,
Ҳеч кимнинг бошиға келтурмади даврон ғами,
Улча бағримға қилур ғам нешидин ҳижрон ғами,
Тоғнинг бағриға метин бирла Фарҳод айламас.
Экга жонондин,Амиро,қилма изҳори ғаме,
Ишқ асрорини арз этмакка йўқтур маҳраме,
Ҳасрат ўтидин кўнгулга йўқ исиқроқ ҳамдаме,
Эй Навоий,бўлма онинг ёдидин ғофил даме,
Сен ким ўлдунг дегаликим,мени ул ёд айламас.
ЛУТФИЙ ҒАЗАЛИГА МУХАММАС
Неча дард изҳор этсам,ул санамдин чора йўқ,
Не учун қон тўкмасун ул кўзки намдин чора йўқ,
Ранж ила муътод ўланларға ситамдин чора йўқ,
Ишқ тушса ҳар кўнгулға дарду ғамдин чора йўқ,
Етса чун ништар жароҳатға аламдин чора йўқ.
Солди зулфи ораз ила кўксум ичра тобу таб,
Ўртади маҳзун кўнгулни шамъи муҳфилдек тутаб,
Ғунча янглиғ қон ўлуб бир амр мавҳуми тилаб,
Эй вужуд,ул тор офъиздин ҳеч бўлсан,не ажаб,
Ушбу йўлда юруғанларга адамдин чора йўқ.
Чун ниҳон эттинг сочингдин,оразинг,эй маҳжабин,
Бу адо бирла ёшурдинг куфр шоми ичра дин,
Талх этти айшими бахтим қаро,кўнглум ҳазин,
Бир тутуб зулфингни юз минг заҳр топтим зулмидин,
Оре-ореким,йилон тутқонға самдин чора йўқ.
Баски йўқ ушшоқ хайли ичра мен янглиғ ғаюр,
Гар Амир ўлсам муҳаббат кишвари ичра бўлур,
Қилмағил маъюс айлаб нотавонлардин нуфур,
Эшикингдин қавлама,бу Лутфийнинг журмин кечур,
Ким бу боб ичра каримларға карамдин чора йўқ.
ЗАЛИЛИЙ ҒАЗАЛИГА МУХАММАС
Ғамингдин,эй пари рухсора,жони нотавоним бор,
Қилурға ранг ҳижронинг қиличин қатра қоним бор,
Фироқинг боғида булбул киби минг достоним бор,
Юзунгни кўрмагач,эй гулузорим,юз фиғоним бор,
Жаҳон боғида истарман сени то танда жоним бор.
Тутошди ишқ ўти кўнглум аро тадбир этолмайман,
Гули сероби рухсоринг анга тасвир этолмайман,
Муҳаббат шарҳини жон ўртанур таҳрир этолмайман,
Жунун мактубини мазмунини тақрир этолмайман,
Эшитгон халқ йиғлар шўлайи тиғ забоним бор.
Қадам урган муҳаббат кўйига афсона бўлмасму?
Парилар бирла суҳбат айлагон девона бўлмасму?
Ғами ёр истагон ағёрдин бегона бўлмасму?
Жунун шаҳри саросар,оқибат вайрона бўлмасму?
Кўзум ёши чу дарё ҳар тараф оби равоним бор.
Парирўлар юзини моҳ дерман,айб қилманглар,
Сиҳи қадлар ғамидин оҳ дерман, айб қилманглар,
Ҳарими дилни байтуллоҳ дерман, айб қилманглар,
Кўнгулни пойи тахти шоҳ дерман, айб қилманглар,
Вужудим шаҳрида лашкаркаши соҳибқироним бор.
Амиро,менга ўхшаб ғамда муътод ўлмағил ҳаргиз,
Асири жилвайи ул сарви озод ўлмағил ҳаргиз,
Мени маҳзун топиб,эй ишқ,жаллод ўлмағил ҳаргиз,
Йиқилди деб Залилийни адув шод ўлмағил ҳаргиз,
Мададкорим мени султон Ситуқи Буғрохоним бор.
ТУЮҚЛАР
1
Оразинг гулзори жаннат боғидур,
Тори зулфунг жон қушини боғидур,
Ҳалқайи зуннор зулфунг даврида
Кофири ишқ ўлмоғонлар боғидур.
2
Бодасиз бетобмен бу кеча мен,
Лаълинг истаб эмди жондин кечамен,
Соҳили мақсадға етгайманму деб,
Кўз ёшим дарёсида сув кечамен.
3
Бенавомен ёр кўзу қошидин,
Телба кўнглум келмас они қошидин,
Кофиру мўмин анинг ҳайронидур,
Куфр изҳор этти зулфу қошидин.
4
Ул пари жонимға ўтлар ёқадур,
Куйгоним кўнглиға яхши ёқадур,
Ишқида ҳар ён тушуб жайбимға чок,
Телбамен пийроҳаним беёқадур.