Ажзий (тахаллуси; асл исми Саидаҳмад Ҳасанхўжа ўғли Сиддиқий) (1864 — Самарқанд — 1927) — маърифатпарвар шоир, таржимон. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ўқитувчи (1926). Самарқанд, Бухоро мадрасаларида ўқиган. Араб, форс, озарбайжон тилларини мукаммал билган. Кейинроқ рус тилини ҳам ўрганган. 1901—03 йилларда Кавказ, бир қатор Араб мамлакатлари ва Россияга саёҳат қилган. Жиддада маълум муддат рус элчихонасида таржимон бўлган. Самарқандга қайтгач, шаҳар яқинидаги Ҳалвойи қишлоғида янги усулдаги мактаб очиб, ўқитувчилик қилган. Лев Толстой ҳикояларини, Крилов масалларини, Гоголнинг «Шинель» повестини ўзбек ва тожик тилларига таржима қилган (1908—10). Дарслик ёзиб, таржималаридан намуналар киритган. Ажзий 80-йиллардан шеър ёза бошлаган. «Айн ул-адаб» («Одоб чашмаси», 1916), «Ганжинаи ҳикмат» («Ҳикмат хазинаси», 1914) каби шеърий тўпламлари, «Миръоти ибрат» («Ибрат ойнаси», 1914), «Анжумани арвоҳ» («Арвоҳлар йиғини», 1912) достонлари нашр қилинди. «Миръоти ибрат»да Туркистоннинг ўша даврдаги фожиали аҳволи ва ундан қутулиш чоралари ҳақида баҳс юритган. Илм-фан, давлат, тил, қонун — буларсиз ҳеч бир миллатнинг истиқболи йўқ, бу тўрт нарсани қўлга киритмаган миллат ҳалокатга маҳкумдир, дейди. «Анжумани арвоҳ»да эса хонликдаги турғунлик танқид қилинган. Шеърлари чуқур фалсафий мазмуни, ижтимоий-сиёсий мушоҳадалари, Фузулий ва Бедилона услуби билан ажралиб туради. У миллий уйғониш даврининг барча шоирлари сингари кенг оммани маърифатга бошлаш, ҳақ-ҳуқуқини англатишни адабиётнинг бош мавзуи деб билди.
Ажзий 1917 йил февраль инқилобидан кейин ижтимоий ҳаракатда бевосита иштирок этди. 1918—21 йилда Вилоят Адлия комиссари лавозимида ишлади. 1922 йилдан яна ўқитувчиликка қайтган. Самарқандда ўзбек ва тожик тилларидаги «Машраб», «Мулла Мушфиқий» каби ҳажвий журналларни, «Зарафшон» газетасини чиқаришда фаол иштирок этган. «Майна», «Гинагина», «Шашпар», «Тир», «Гумном», «Олмос» имзолари билан ҳажвий асарлар ёзган. Уларда шўро тузумида юз бераётган ўзгаришларни хушламаслик, келажакдан хавотирланиш кайфиятлари сезилади. 1903 йилда Ҳалвойи қишлоғида шоирнинг ўзи қурдирган мактаб ҳали ҳам бор, ҳозир унинг номида.
* * *
Сан этма сарвати дунёдан эътибор тамаъ,
Хазондан этмамали нашъаи баҳор тамаъ.
Садаф саховатининг ҳар даввоби баҳр эдамаз,
Хасисдан ким эдар дури шоҳвор тамаъ.
Бу саҳна манзарасиндан қарор этма умид,
Ким этди киштии даробдан қарор тамаъ.
Кўнгул сижанжали занги тамаъ мукаддар эдар,
Соқий бу кўзгу сафосинадур ғубор тамаъ.
Қаноат аҳлининг аҳволи халқдан мастур,
Эдар разолати ҳолингни ошкор тамаъ.
Асири чангали базми меҳнат ўлмишсан,
Насил бу ҳол ила сан айлагунг шикор тамаъ?
Тамаъ қопусини зинҳор очма, эй Ажзий,
Жаҳонда этқуси таммоъи шармсор тамаъ.
* * *
Надан жаҳона аён этди эътибор садаф?
Ким этди жон гуҳарин халқ учун нисор садаф.
Сан ўйла толиби борони илму маърифат ўл,
Чунонки толиби найсондурур баҳор садаф.
Хизонаи гуҳар ул, жумла халқа ул матлуб
Ки, баҳра чекмади ғаввоси интизор садаф.
Ҳамиша софдил ўлмоқ-ла иштиҳор эдакўр,
Кўтарди ўйлаки оламда иштиҳор садаф.
Дурри маорифа ганжина айла мағзи саринг,
Гуҳар-ла мағзсиз ўлмакдин энди ор садаф.
Тазаллум аҳли тавозуъ нуқуди-лан хижил эт,
Ҳалок эданлара лўълўъ эдар шумор садаф.
Рақибдан на жафо келса собир ўл, Ажзий
Ким, ўлмади аччи сув ичра беқарор садаф.
* * *
Парирўлар паришон зулфитак хотир парешонам,
Паришонам надан, хотир парешонлиқ-ла ҳайронам.
Надан овора дашти ғамда нолон кездугим билмам,
Магар Мажнуни Лайлои нашоти базми ирфонам.
Гирифтори саводи хатту холи сафҳаи дардам,
Асири кулфати ранжу балою доғи ҳирмонам.
Фақиди эътиборам сарват асҳобин қапусида,
Садафтак баҳри бесомони олам ичра урёнам.
Ҳаводис сарсари ҳар ёна кездурмақ-ла ҳар соат
Парешонам, парешонам, парешонам, парешонам.
Ғиноу сарвати мардумдан истиғнодаям, аммо—
Фақирам, гарчи тахти фақр майдонинда султонам.
Дагул ҳар зарра кам ўз оламинда қурси ховардан,
Бу янглиғ гўшаи узлатда гўё бир Сулаймонам.
Давои захми носурим эмишдур суҳбати ориф,
Вале маҳдуфи пайкони балои қавми нодонам.
Эшит, ё раб, бу Ажзий эътиборинким, деюр ҳар дам:
—Умиди афвинг этмак нўла гар мумтози нуқсонам.
* * *
Сийнам, аҳбобларим, оташи ғамдандур доғ,
Танда руҳим неча осори аламдандур доғ.
Фазл сармоясидан дасти муродимдур танг,
Оҳким, хаста дилим мояи камдандур доғ,
Ўлмади маҳрами асрори ҳарими самадий,
Зоҳидинг сийнаси савдои санамдандур доғ.
Булбули хокнишин этди гулистон шавқи,
Қафаси ҳажрда раънои эрамдандур доғ.
Бодаи ҳирс ила арбоби карамдур сархуш,
Ажзий бу борада арбоби карамдандур доғ.
* * *
Кўнглум асрорини шарҳ этмага бир маҳрам йўқ,
Ҳамдами дард манам — дардима бир ҳамдам йўқ.
Бахт ёр ўлмадигин англадим андинким, бан —
Жисми мажруҳима марҳам тиларам—марҳам йўқ.
Хуррам ўлмақда жаҳон боғина шарт эрди баҳор,
Даҳр боғинда баҳор ўлди — дили хуррам йўқ.
Жаннат обод эди Одам ила Ҳавводан,
Жаннат аҳволи надур, шимди анга одам йўқ.
Ўлди тан қалъаси ғам лашкарин истеҳкоми,
Ғам учун ғайр танин қалъаси мустаҳкам йўқ.
Ўлма озурда мани зордан, эй кўнглумким,
Ман у соатдаки, маъдум ўларам — сан ҳам йўқ.
Сонмишам ўйлаки, Ажзий, мана махсусми ғам?
Дедилар:—Ғам емаким, даҳрда бир беғам йўқ.
* * *
Ҳилолинг суратитак, эй фалак, қаддим дуто этдинг,
Вужудум оташи ҳасрат-ла ёндурдунг, фано этдинг.
Алим озод экан, занжири истибдода банд этгач,
Танимни хаста кўргач, раҳм умид эттим-жафо этдинг.
Қаноат этмадинг жисмимни зери поя этмак-лан,
Тазаллум тиғи-лан бошим кесуб, тандан жудо этдинг!
Мани ғафлат шароби сархуш этмиш жоми макрингдан,
Бошимга лашкари ғам фавж-фавжи-лан раҳо этдинг.
Балолар ўқларин ёғдурдунг, ижро ўлди бу бешак,
Бу мақсад-лан мани маҳдуфи пайкони бало этдинг.
Ҳаётим, шавкатим, шаъним йиқуб, туфроға паст эткач.
Сару коримни. вайрон айладинг, бахтим қаро этдинг!
Бузулсин чодаринг, анжумларинг назмидан айрилсун»
Хароб ўл ман кабиким, обрўйим зери по этдинг!
Тани мажруҳими қон қатраси қатъ ўлмаюб ҳоло,
Бошимга ханжари бедод чекмак муддао этдинг!
Фалак ҳам сан каби оворау саргаштадур, Ажзий,
Вале билмасмиким, раҳм этмади, чандон наво этдинг.