Раббимқул ўрнидан турар-турмас телефони жиринглади. У норози кайфиятда лабини буриб, қошини чимирди. Шу ҳолатда телефони “юзи”га қаради. Шу заҳотиёқ унинг чимирилган қошлари ёйилиб, лабларига хуштабассум ёйилди.
-Ассалому алайкум, окахон! – сўрашди телефон билан. –Ҳозиргина Сизни ўйлаб тургандим. Умрингиз узоқ бўлар экан, окахон! Вах-хах-ха! Хўп-хўп, жоним билан… Мана ҳозир-да!
У телефонда гаплашиб бўлиб, ўрнидан турди. Шахдам қадамлар билан юриб, ҳовлига чиқди. Ҳовли катта, айланаси икки қаватли уйлар билан ўралган эди. Ўртадаги гулзорда атиргул, райҳонлар қулф уриб турибди. Ҳовли чиннидай тоза супурилиб, сув сепилган. Қишлоқнинг тонгги ҳавоси димоғига кириб, уйқуси яна очилди.
Ниҳоят у кутган қўнғироқ бўлди. Ҳамкори у билан бирга ишлашга рози бўлибди. Шундай пайтда ғафлат босиб ухлаб бўладими?! У қувонганлигини билдирмаслик учун қовоғини солиб олди.
Раббимқул ётоқхонасидан чиқар-чиқмас, хотини типиллаб қолди. Ҳамиша шундай бўлади, бўлиши керак ҳам. Киши ўз уйида тартиб ўрнатолмаса, жамоада, жамиятда қандай тартиб ўрнатсин?! Тартиб ўрнатмоқ учун эса кишининг, энг аввало эркакнинг қўлида қамчи бўлиши керак. Кейин эса мана шу қамчидан қон томиб турмоғи лозим. Қовоғ очилмаслиги, тилдан аччиқ-аччиқ, иложи бўлса, заҳар-заққум сўзлар чиқиб туриши керак. Шундагина оила аъзоларинг, биринчи навбатда хотининг, болаларинг, кейин эса қўл остингда ишлайдиганлар сендан ҳайиқишади, иззат қилишади. Нафақат сени кўрганда ёки сен билан гаплашганда, балки, сен ҳақингда ўйлаганда ҳам салобатинг босиб, юрагига қўрқув киради.
Раббимқул оғир гавдасига мос салобатли қадамлар билан зиналарни бир-бир босиб, ҳовлига тушди. Ошхонага қараб юрди. Хотини тайёрлаб қўйган дастурхон қаршисига ёлғиз ўтириб, қаймоққа иссиқ нонни ботириб ея бошлади. У тез-тез чайнаб луқмани юраткан, хаёлан ҳозирги учрашувни ўйлар, ҳамкори билан бирга ишлашни тасаввур этар, ундан тушадиган фойдани ҳисобларди. Шу пайти ногаҳон, ҳа-ҳа кутилмаганда юраги қаттиқ санчди. Қўўлари ҳаракатсизланиб, нонни тушириб юборди. Лекин у бунга эътибор бермади. Ахир каттагина даромад эшик қоқиб турганда арзимаган хасталик эътибор беришга арзимади-да…
У нонушта қилиб бўлгач, ётоқхонасига кирди. Пўрим кийимларини кийди, пойтахтдан олиб келган ажабтовур атирларни сепди. Кийим одамни ўзгартириши рост экан. Боғ билан томорқадан бошқасини билмаган деҳқоннинг ўғли бир зумда сипою силлиқ жанобга айланди-қолди.
Буни Раббимқул пойтахтлик ҳамкорларнинг салобатларини кўриб, ҳавас қилганида, англаганди. Ўшандан бери қишлоқда ҳам аввалгидай пала-партиш эмас, яхши кийиниб юрадиган бўлди. Қишлоқ одамлари кийимнинг фарқига боришмайди, битта кийим билан ишлаб, тўйга бориб, яна ўшанда ухлашади. Бефаросатлар. Бефаросат тўнкалар.
Раббимқул ҳовлига чиқди. Катта ўғли салом бериб, машина рулига ўтирди. Ота унга жавоб ҳам қайтармай, ҳамон қовоғини осганча, машинанинг орқа ўриндиғига ястанди. Машина Раббимқулнинг уйи жойлашган тор кўчада силлиқ юрди. Катта кўчага чиққач чайқала бошлади. Сабаби, Раббимқулнинг кўчаси асфальт бўлган. Унинг шахсан ўзи асфальт қилдирган бу кўчани. Катта кўчага эса шағал ҳам тўкилмаган. Қишда билч-билч лой, ёзда осмонга кўтарилгудай чанг.
Бир пайтлар қишлоқнинг оқсоқоллари катта кўчага ҳам асфальт қилдир деб келиб, ота-бобонинг арвоҳини ўртага қўйишганди. Раббимқул кўнмади. Тўғри-да, катта кўча асфальт бўладими-бўлмайдими, бундан унга нима наф? Бунинг устига қишлоқда ундан бошқа қанчадан-қанча одам бор? Ўшалар ҳам ҳаракат қилсин. Ахир, Раббимқулнинг бир ўзи юрмас ўша кўчада. Улар текингина юраверишадими, бошқаларнинг кучи билан қулай бўлган йўлда?
Нима эмиш, улар кунини зўрға кўраётганмиш. Бунга ким айбдор? Албатта ўзлари. Раббимқулнинг эса бунга имконияти бор эмиш. Ўша имконият қаердан келди? Оналарининг уйидан эмас, албатта. Раббимқул уни излаб, топди. Буни тадбиркорлик дейдилар. Бўлмаса, Раббимқул ҳам яқин-яқинда шуларнинг биттаси эди.
Раббимқул фахр билан томоқ қириб қўйди. Қовоғини баттар солиб, ҳозирги учрашув ҳақида ўйлай бошлади. Юраги аввалгидай бўлмаса-да секин, лекин тез-тез санчиб қўйди. Хаёл деганлари эса асов отдай, учрашув, ҳамкорлик, фойда деган томонга эмас, унинг ўтмишига, болалиги, ёшлик йилларига кета бошлади.
Раббимқулнинг отаси Абдулаҳад бир умр колхознинг боғида ишлаган. Боғда битадиган йигирма икки навдаги олмани етиштиришда, парваришлаб, дорилашда ундан ўтадигани бўлмаган.
-Энг аввал оқ олма билан “кисьло сладикий” эртапишар етилади, кейин эса эшшак олма. Қизил “беш юлдуз” сариқ “олтин” билан бирга пишади. Атлас олмалар, бахмал олмалар бир-бирига навбат бериб, боғни яшнатишади. Бир ҳуш ифорларга тўлдиришади. Балки жаннатнинг ифори шудир. Ахир, олмани жаннат меваси дейишади-ку. Энг охирида ерга қиров қўниб, қор тушган пайтда кўк Смеринка пишади, – дерди отаси.
Унинг ҳаётининг маъноси ҳам, қувончу ташвиши ҳам мана шу боғу, ундан бўладиган ҳосилнинг яхши-ёмонлигига боғлиқ эди. Лекин боғдан қанча фойда келаяпти, меҳнат ҳақи қанча? Фойдадан меҳнат ҳақини олиб ташласак, соф даромад неча пулни ташкил этади? Абдулаҳадни бу билан заррача иши йўқ эди. Аксинча, у боғдан олма ўмарадиган колхозчиларни ҳушламасди. Ўзи ҳам ўғли Раббимқулга “қанча есанг е, лекин уйга олиб борма”, дерди. Уйга олма олиб боришнинг кераги ҳам йўқ эди, аслини олганда. Чунки уйдаги боғда ҳам шу навдаги мевалар бошини эгиб, солиб ётарди.
Мана шу отаси колхоз боғида ўттиз йил ишлаб, ортиргани бир-икки мукофоту, “ударник колхозчи” деган ном бўлди.
Раббимқул Абдулаҳаднинг ягона ўғли эди. У ўз колхозининг инқирозини ҳам кўрмади, бироқ Раббимқулнинг камолини ҳам кўриш насиб этмади. Бир кун ичида юраги ушлаб қолди-ю… Раббимқул ўшанда отаси билан бирга колхозга энди ишга кириб, боғдорчиликни ўргана бошлаганди. Кейин худди отасининг ўлимидан кейин бўлгани каби колхознинг файзи қолмади. Сурункали пулсизлик, ишсизлик даврлари бошланди. Ўша кунлари Раббимқул бошқа собиқ колхозчилар сингари бемақсад ва бефойда кунларни ўтказа бошлади. Қўлида бошқа ҳунари бўлмаганлиги учун пул топадиган ўзга йўли ҳам йўқ эди. Бироқ боғнинг ҳосили қанча кўп бўлмасин, колхоз унга бир тийин ҳам ҳақ бера олмасди.
Аста-секин боғдан путур кета бошлади. Раббимқулнинг онаси ва яқинда олган хотини бир-икки сигир сутини, кейин ўз боғларидаги олмани шаҳар бозорига олиб бориб, сотиб, рўзғор қилиб келишарди. Лекин дарахт деганлари йил – ўн икки ой мева бермас, сигир ҳам шундай гап…
Ўша йили баҳор шундай беҳосият келдики… сигир ҳали сутга кирмаган, олманинг энг эртапишарлари ҳам гуллаб улгурмаган эди. Бунинг устига хотини иккинчи фарзандига она бўлганди. Раббимқул ярим-ёрти қуриган боғни айланиб юраркан, хаёлига бир гап келди. У бу гапни ўзи билан ўзи икки кун муҳокама қилди. Ётса ҳам, турса ҳам, хаёлида шу фикр айлаверди. Охири чидолмади. Хаёлидаги гапни онасига айтди. Онаси чиллали келинини аяб, ўзи хамир қораётган эди. Хамир аввалгидай паға каби оқ эмас, қишлоқ тегирмонидан чиқарилган сепкепак унга қорилаётганди. Онаси унга бир қур қаради. Кейин яна тоғорасига энгашди:
– Қўй, болам, бошингни оғритма.
– Нега ахир? – қизиқди Раббимқул.
– Ундай ишлар бизнинг қўлимиздан келмайди. Бунинг устига ортиқча сариқ чақамиз ҳам йўқ.
Раббимқулнинг ҳафсаласи пир бўлди. Балки ўша хаёлидаги гап гаплигича, орзу орзулигича қолармиди?! Агар ўша куни у раис бовани кўриб қолмаганида… ва унга дардини айтмаганида. Ўшанда раис бова унинг гапларини индамай, қошини чимирганча, бирор марта ҳам гап қўшмай эшитганди. Кейин эса бир оз ўйлаб олгач,
-Ҳм… маъқул, – деди у кутилмаганда. Лекин пулни қаердан оласан?
-Бунга унча кўп пул кетмайди, раис бова, – жон-жаҳди билан гапира кетди Раббимқул.
-Ҳм…
Ўша куниёқ Раббимқулнинг хотини яна икки уч қўшни аёл ҳамкорлигида эски ҳосилдан қолиб, ярими чириб кетган олмалар яхшилаб тозаланди. Раис бова қишлоқ “гастроном”идаги эски банкаларни “списат” қилиб, ичидагини бўшаттирди. Бу орада Раббимқул айтаганини қилди. Онаси билан хотининг чирқираганига қарамасдан, оиланинг ягона сигирини бозорга обчиқиб сотди. Жонивор яқинда бузоқлаши кераклиги учун яхшигина баҳога кетди. Бундан савдодан Раббимқулнинг юраги ҳам ачишди, бироқ аҳдидан қайтмади. Раис бова сигирнинг пулига шаҳардаги аллақайси дўконда ишлайдиган танишидан ўша пайтлар анқонинг уруғи бўлган шакар топиб келди. Ўзидан ҳам анча пул қўшганлигини айтди, бироқ Раббимқул бунга ишонмади. Лекин сир бой бермай, ўзини ишонгандай тутди. Аёллар шакар қиёмига тўғралган олмаларни солиб, компот қилишди. Бир қисмини гўштқиймалагичдан чиқариб, повидло пиширишди. Банкаларга солишгач, раис бованинг аёли уларни темир қопқоқлар билан маҳкамлаб ёпди. Орадан икки кун ўтгач, раис бова машинасида Раббимқул билан шаҳарга банкаларни олиб боришди. Уни раиснинг таниши ишлайдиган ўша дўконга “ўткизишди”. Айни илик узилди пайти бўлганлиги учунми, ё қишлоқ аёллари фаҳмига бормай, шакарни кўп солишганигами, машҳури жаҳон олмаларидан тайёрланганлиги учунми, ҳарқалай, маҳсулотлар ҳамкорлар ўйлаганидан ҳам тез – бир ҳафтага қолмай сотиб бўлинди.
-Фойданинг 60 фоизини мен оламан, – деди раис кўзларини бежо қилиб. – Аввало тенг шериклик қилдим, қолаверса, агар менинг танишим бўлмаганида бу “банка”ларингни ҳеч ким олмаган бўларди. Қолаверса, танишимга ҳам улушини беришим керак.
Раббимқул раис ёлғон гапираётганини биларди. Қолаверса, магазинчи булар берадиган чўталга муҳтож эмас. Ўз ҳақини маҳсулот устига пул қўйиб, чиқариб олган. Раис ҳам унга улуш бераман, деб ўлиб тургани йўқ. Лекин у сиполик билан иш тутди. Жаҳлиги эрк бермади.
-Раис бова, – деди у қўлини кўксига қўяркан, илтижо қилган оҳангда. Болаларнинг оғзи сутга тегай деган маҳалда сигирни сотгандим, унинг ўрнига яна бир сигир обормасам, онам мени нақ уйдан ҳайдайди. Бунинг устига қўшни аёлларга ҳам қарашганлари учун ҳақ беришим керак. Шунинг учун Сиздан илтимос, шу сафар, 60 фоизини мен олақолай.
Раис гапирмоқчи эди, Раббимқул усталик қилиб, ундан олдин гап бошлади:
-Биласиз, ёлғизқўлман. Оилани ёлғиз ўзим боқишим керак. Шу сафар менга ён беринг. Кейинги сафар майли, Сиз айтганча бўлсин. Ахир биз, насиб қилса, ҳали кўп ҳамкорлик қиламиз.
Раис бова ён берди, бироқ Раббимқул фойдага сигир олмади. Ишни яна давом эттирди. Қўни-қўшнинг омборида чириётган олмаларини арзон-гаровга сотиб олиб, яна компот ва повидло қилдирди. Фақат шакарни раиснинг ўша таниши орқали ўзи топди. Унга банкаларни ҳам ўзи обориб берди. Хуллас, у раис билан бошқа ҳамкорлик қилмади. Буни онаси ёмонликка йўйди.
-“Ўйнашмагин арбоб билан”, дейишади, болам.
-Унинг арбоблиги қолмаган, она! – онасига биринчи маротаба қаттиқ гапирди Раббимқул. – бундан кейин тушунмаган ишингизга аралашманг!
Ҳақиқатан ҳам раис ҳеч нарса қилолмади. Ҳамқишлоқларга Раббимқулни ёмонлаб гап тарқатди, холос. Бироқ бунинг заррача зарари бўлмади. Қайтага ҳамма чириб битаётган олмаларини сотиб, озгина бўлса ҳам қўллари пул кўраётганидан ҳурсанд, Раббимқулдан миннатдор эдилар.
Раббимқулнинг бу “безнис”и то қишлоқдаги олмалар тугагунча давом этди. Натижа ёмон бўлмади. оила битта сигирли бўлишадан ташқари Раббимқул эски бўлса ҳам “Москвич”ли бўлди. Янги “безнис режа”га ҳам дастмоя ортиб қолди.
Бу орада эртапишар олмалар бўй кўрсатиб қолди. Раиснинг магазинчи таниши орқали янги шерик топган Раббимқул чала пишган “кисьло-сладкий” олмаларни бир вагон қилиб Россияга олиб кетди. Бу олмалар узоқ йўлга мослашмагани учун йўлда яримидан кўпи чириб кетди, лекин шунда ҳам даромад ёмон бўлмади. Яна икки марта шундай сафардан кейин Раббимқул Россиядаги шериклар билан ўзи ҳамкорлик қила бошлади. Ушбу тижоратдан фойда шу даражага етдики, ўша йили кузда Раббимқул Россиядан мева-сабзавот консервалайдиган мини цехнинг технологиясини олиб келиб, қишлоқда кичик цех очишга муваффақ бўлди. Бу қишлоқдан бошқасини кўрмаган колхозчи боғбоннинг ўғли учун улкан муваффақият эди. Лекин у бу билан чекланиб қолмади. Вилоят марказидаги тадбиркорлар билан шериклик қилиб, янгидан-янги ишларга бош қўшди.
Тикувчилик цехи ишга тушганда қишлоқнинг кўпгина бўйқизлари, келинлари ишлик бўлишди. Зардўзлик цехи туфайли яқин қишлоқлардаги турмушга чиқаётган қизлар келинлик либоси учун шаҳарга бормайдиган бўлишди. Соч турмаклашга, ширинлик пиширишга уқуви бор қизларни Раббимқулнинг ўзи вилоят марказида эмас, пойтахтдаги курсларда ўқитди. Иш жойи нақд бўлгани учун қизлар ҳурсанд, уларнинг ота-оналари эса Раббимқулнинг дуои жонини қилар эдилар. Хуллас, уч йил ўтиб-ўтмай, Раббимқул қишлоқнинг ягона эгасига, туманнинг иккитадан биттасига айланди. Кеча бурнини учида кўрсатадиган раиснинг болалари унга салом бериб ўтадиган бўлишди.
Раббимқул муваффақиятини тўхтаб қолишини хоҳламасди. У пойтахтдаги шериклар билан ҳамкорликни ривожлантири, вилоят марказида қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган катта цех очди. Шаҳарликлар уйни бузиб қуришга уста бўлишади, бу эса Раббимқулнинг янада омадини келтирди. Йилдан йилга унинг тижорати ривожланиб борар, кеча унга беписанд боққан, вилоят марказидаги савдодан бошқани билмайдиган тадбиркорлар бугун унга ҳавас билан қарайдиган бўлишди.
Чет элдаги ҳамкорлар билан қоғоз идишда қадоқланадиган замонавий шарбатлар ишлаб чиқара бошлангач, Раббимқул қишлоқда ҳам битта офес, унинг ёнида мебель цех очди. Қишлоқдаги бекорчи йигитларнинг деяарли ҳаммаси бир нав ишлик бўлишди. Уқувлироқларини Раббимқул пойтахтга обориб, малака оширтириб келди. Буларнинг ҳаммаси яхши эди, қишлоқдаги баъзи кўролмайдиган ғайбатчилардан ташари ҳамма Раббимқулни дуо қилишарди.
Бироқ унинг омади кулган сари димоғи шунга монанд шишиб борди. Кеча уни кўриб, “Ҳа, жўра, битта ташлашмаймизми?” деган жўралари энди ҳайиқиброқ турадиган бўлишди. Кеча унинг хотинини билан банка ёпишган, кўча-кўйда кўрса, “қалайсиз, овсин?” деб кўришган қўшни келинлар бугун орқаворотдан “бойиб, бурни кўтарилган” деб ғийбат қилишса-да, эрларига “бориб иш сўрамайсизми, битиб ётишибди, “чўчқадан бир тук” деганларидай, бизга ҳам бирор нима тегса зора?!” деб эрларини қисташарди. Раббимқул бундай илтимосларга аввал бепарволик билан қарарди. “Сенга мос иш йўқ жўра, бўп қолса, ўзим чақирман”, деб қайтариб юборди. Кейин эса калласига келган фикрдан кўзлари чақнаб кетди. Ахир, қишлоқдаги офесга техник ходимлар керак-ку. Иккита қаровул, боғбон, яна бир-иккита фаррош. Шуларга ярар ахир, бу иш сўраб келганлар.
-Мен сени ишга чақирмагандим, – деб гап бошлади у иш сўраб келган қадрдон жўраси, собиқ синфдоши Райимқулнинг кўзларига тик қарар экан.
Райимқул унинг нигоҳларига дош беролмадими, ёки одаб юзасиданми, бошини қуйи эгди.
-… Шунинг учун сени катта амалга эмас, оддий ишга олмоқчиман. Лекин бекорчиликдан кўра буям анча яхши.
– Майли… Албатта-да…
-Эртадан, агар маъқул десанг, “офес”га қоровул бўласан.
-… Хўп.
-Лекин астойдил ишлайсан. Аввалги қилиғингни қилиб, бирор жойда ичиб, ўчиб қолсанг, мендан мурувват кутма.
Кечагина бирга пивохўрлик қиладиган ошнасидан бундай жавоб чиқиши Райимқулни ҳамиятига теккан бўларди. Агар… агар унинг ҳамияти бўлганда.
-А?! Сен…Сиз нима десангиз, шу-да, – яна-да гуноҳкорларча ерга бош эгди Райимқул. Раббимқул мийиғида кулди.
Шундан кейин бирин-кетин унинг собиқ жўралари уни кўрса титрайдиган ходимларга, хизматкорларга айланишди. Лекин бунинг орқасидан нақд пул қаҳат бўлган замонда ҳар ой охирида қўллари ишлаган хизматларидан ўн баравар кам бўлса-да (ўзи қаерда ишга яраша тўлашарди, ахир?!) ҳарқалай нақд пул кўрадиган, эртадан кечгача бекорчилик қилиб, уйга кириб, ҳовлига чиқишдан зериккан, хотини билан онасининг “минғир-минғир”идан чарчаган Райимқулга ўхшаганларга нажоткор, бироқ қаҳри қаттиқ хўжайинга айланди.
Тўғри, аввалига улар унча титрашмади. Лекин Раббимқул ҳар куни эрталаб иш бошланишидан ярим соат олдин офесга келиб уни қандай тозаланганлигини шахсан ўзи кўрди ва чала ишлагани учун ён қўшнисининг келини йиғлатиб, ишдан ҳайдади. Онаси ва хотини аралашиб, унинг “гуноҳини сўрашса” ҳам, сўзида қаттиқ турди. Уни қайтиб ишга олмади. Навбатчилик пайтида ухлагани учун биттта синфдошини ҳам “обориб-обкелди”. Ҳатто у узоқ қариндош бўлса ҳам, гарчи бу қишлоқда эшиги эрта-ю кеч очиқ турадиган ҳовлиларга ҳам ўғри оралаганини биров эслолмаса ҳам, ниҳоят офесда ҳали ўғриланидиган бирон нима бўлмаса ҳам, у қаттиқ сиёсат қилди. “Яна бир марта шундай ҳолни кўрсам ё эшитсам”, – деди у синфдошининг кўзига тик қараб, “Бу ердан изингни қуритаман”.
“Шерни ҳам айлаган қуёнмижоз,
Эҳтиёждир, эҳтиёждир, эҳтиёж!” деганлар мавлоно Румий. Эҳтиёж бу бечора бандаларни ҳам қуёнга айлантирди. Шу-шу ундан ҳамма ходимлар зир титрайдиган бўлишди. Бир ҳисобга бу яхши эди. Ишда тартиб-интизом бўлганига нима етсин! Раббимқулнинг ишбилармонлиги, бунинг устига қаттиққўл раҳбарлигидан ишлари олға чопадиган, йўқ,йўқ, парвоз этадиган бўлди!
Онаси унга “қариндош-уруғни кўнглини оғритма!”, насиҳат қилмоқчи эди, хотини эса “қўни-қўшни олдида йуруқсиз бўлдим” деб ҳасрат қилди. Лекин Раббимқул аввалги Раббимқул эмасди.
-Йиғиштиринг оҳу-додингизни! – онасини қайириб ташлади у. Ўша қариндош-уруғингиз мени отам ўтиб, етим қолганимда нима каромат кўрсатган? Бирор жойда ўқитганми? Ё кун кўришим учун бирор йўл кўрсатганми? Йўқ! Мен бу даражага ўз уқувим, меҳнатим билан эришдим! Ўзингиз ҳам қўрқиб, мени бу йўлдан қайтаргандингиз. Ўша пайти айтганингизни қилганимда, ҳозир ҳам бир бурда нонга зор бўлиб ўтирардингиз! Бас, бундан кейин мени ишимга умуман арлашманг! Обкеганимни еб, жимгина ўтирниг!
Она мунғайибгина жим бўлди.
-Сен бўлса, вобшем, овозингни ўчир! – бақирди у энди хотинига қараб. Қўни-қўшнинг менга бирор нима бермаган, ҳозир эса кўролмайди. Шу бугундан бошлаб бирортаси уйимга кирмасин ҳам, сен ҳам уларникига чиқма! Қўшничиликни уз! Мени қўни-қўшним, ҳамқишлоғим қилмаган ишни “окахонларим” омон бўлса, ўзим эплайман!
Ўшанда хотини, айниқса онаси ҳайратдан донг қотганди! Улар Раббимқулнинг ўзгарганини ниҳоят англаб, тақдирга тан беришди! Шундан бери, қўни-қўшни билан ҳам, қариндош-уруғ билан ҳам муомила, борди-келди бутунлай йўқолмаса-да, енг ичида бўлди! Лекин бу билан Раббимқулнинг эшигидан одам узилгани йўқ. Аксинча, дарвонаси тагида қатор-қатор машиналар турадиган, дарвозадан эса сипою силлиқ жаноблар “қишлоқча” мазали таомлар юқи билан ялтиллаган лабларини артиб чиқадиган бўлишди. Уларнинг ҳаммаси Раббимқул айтмоқчи “керакли” ва “фойдали” одамлар эди. Шунинг учун уларни меҳмон қилиш Раббимқулга малол эмас, роҳат келтирарди. Ҳамқишлоқлари уни фақат “хўжайин” деб билишини хоҳлагани учунми, Раббимқул иккала ўғлини ҳам туман марказидаги мактабда ўқитди. Фақат қиз бола деб ягона қизини қишлоқдаги мактабга боришига кўнди.
Шу тахлит йиллар ўтди. Раббимқулнинг димоғи тобора шишиб борар, Худони Худойбердича кўрмайдиган бўлиб борарди. Бироқ ҳар кимнинг айби ўзига билинмайдиганидай, Раббимқул бу ҳолни мутлақо табиий деб биларди. Тўғрида, тақдир, қисмат бу – нодонларнинг ўзини овутиш учун ўйлаб топган баҳонаси, деди у қишлоқ имомига амакисининг маъракасида.
-Ҳай-ҳай, ака, шаккоклик қилманг, – деганди у “астоғфирилло” деб олиб.
-Ҳали бу шаккоклик бўлдими?! – Раббимқулнинг лабининг чап томони уча бошлади. Бу унинг жаҳли чиққанидан нишона эди.
–Мана сен – ўқимай қишлоғингда юрганингда, ёки ўқиганингда ҳам вилоятимиз имом-хатибининг қизига уйланмаганингда шу даражага етармидинг? Ё бизнинг вилоятга, туманимизга, қишлоққа сени илмга фидоийлик етаклаб келдими?! Ёки Яратганнинг буйруғи билан қадам ранжида қилдингми? Ёки бўлмаса, сени кароматларинг ҳақида эшитиб, ўзимиз сени раҳбарликка чорладикми?! Йўқ, албатта. Шундай экан, сенинг келажанинг – қаерда ишлашингу, амал мартабанг қай ерга етиши Худонинг тақдирига эмас, қайнотангни амалига боғлиқ эмасми?!
Қишлоқ имоми – ҳали ўттизга ҳам кирмаган йигит қип-қизариб кетган ва бошқа баҳслашмаганди ўшада.
Уни исми ўзига ёқмай қолди. Раббимқул – қул дейишлари унга малол келди. Бундан ташқари россиялик ҳамкорлар Раббимкул Абдулахатович дейишганда “Абду Лахат” дегандай эшитиларди. Лаҳатга нима бор, деди ўзига ўзи. Аввалгилар зап нодон бўлганда. Болага яхши от қўйишни билишмаган. Нуқул болалари исмига қул сўзини қўшиб, аташган. Бас, бу таҳқирли қўшимчалардан қутулиш вақти келди. У ўзини Раббим деб чақиришларини буюрди. Раббим Ахатович, бўлди! Унинг бу буйруғи онасидан бошқа ҳаммага тадбиқ этилди. Фақатгина онаси уни Раббимқул дерди. Уни ўзгартириб бўлмади. Мана шу онаси ҳам бурноғи йил қайтиш қилди. Ётиб-ётиб, ёшини яшаб. Раббимқул унга охиригача қаради. Бировга муҳтож қилмай, фарзандлик бурчини адо этди. Тўғри, у бошқа оналарга ўхшаб, сўнгги кунлари васиятларини айтолмади. Умуман, тилдан қолди. Ўзини ҳам билмади. Бунга Раббимқул айбдор эмас, албатта. У онасини кўп дўхтирларга қаратди. Лекин ажалга даво йўқ экан. Инсоф билан айтганда кампир яшайдиганини яшади. Бола-чақасининг роҳатини кўрди. Бир умр шунча бўлар. Ортиқчаси энди ортиғ эди, рости.
Бундан буён у ҳаммага Раббим бўлди! Ходимлари ҳам Раббим ака, деб қуллуқ қилишар, ҳамкорлари ҳам шу билан атаб, ҳурмат кўрсатишарди. Чет эллик ҳамкорлар ҳам Раббим Ахатович деб мурожаат этишарди. Унинг ишлари ҳамон юришгандан юришиб борарди. Энди у тўғридан тўғри чет эллар билан ҳамкорлик қиладиган республикадаги саноқли тадбиркорларга айланганди. Вилоят марказида, пойтахтда уйи бўлса-да, ўзи ҳамон қишлоқда яшайди. Шу ерда туриб, ишни бошқариш унга қулай эди. Бундан ташқари катта шаҳардаги шовқин-суронни ёқтирмасди. Катта ўғли чет элда ўқиб, олий маълумотли бизнесмен бўлиб, қанотига кирди. Бироқ Раббимқул уни ҳам ортиқча эркалатмади. Ишончимни оқладинг, деб раҳмат айтмади. “Мен тирик эканман, сен фақат қўлимда ходим бўлиб ишлайсан”, деди. Дунё кўрган бола бундан хафа бўлмади. Отасига аввалгидай ҳурмат кўрсатди. Қизи эса – шу қиз уни анча хафа қилди. Пойтахтга ўқишга ўтди. Раббимқул уни бир йил ўқисин, вилоят маркзига обкеламан, деб уй обермаганди. Қиз болага пойтахтда ўқишни ким қўйибди?! Бундан ташқари пойтахтда Раббимқулнинг мана шу қизидан бир-икки ёш катта бўлган иккинчи хотини яшарди. Ундан ҳам битта ўғли бор. Бола бу йил бешга киради. Лекин буни яқин улфатларидан бошқа ҳеч ким билмайди. Вақти-соати келса, билишар. Ахир, бечора қиз ўша йил ўқишга киролмаган экан-да уйга қайтиб кетишга ор қилган. Раббимқул уни “суперконтракт”га ўтказиб қўйди. Уй олиб берди. Ҳеч нимадан кам қилмади. Тўғри, бекорга эмас. Ахир, ҳамма нарсани ҳам тўлови бўлади-ку! Мана энди у боласига она бўлиб ўтирибди. Ишлаши ҳам шарт эмас. Раббимқул ҳар сафар пойтахтга борганда, ҳолидан хабар олиб туради.
Раббимқул ўз қизини шу кичкина сирдан хабардор бўлишини ўйлаб ҳам ўқишини вилоятга “перивод” қилдирмоқчи бўлгани рост. Яна ким билади дейсиз, катта шаҳар. Дўстдан кўп душман. Бироқ қизи ҳам… бир шўхлик қилиб қўйибди-да. Яна ким билан эканлигини атмайди, денг. Ўзи сўради, акасига сўратди, онасини қистади. Йўқ, айтмади, тамом-вассалом. “ўлдирсанг, ўзлир, ўлганим яхши деб туриб олди. Шунда у бу ҳодисанинг қизининг хоҳишига қарши бўлганини англаб етди. Шунда у илк марта “Худодан қайтдимикин?!” деб ўйлади. Ахир у ҳам ўша қизни – иккинчи хотинининг хоҳишини ортиқча сўраб ўтирмаганди-да?!
“Энди қандай бош кўтариб юраман. Эл-юртнинг олдида ким бўлдим?!”, ўйлади Раббимқул ўзни еганча. У икки кун уйдан чиқмади. Телефонини ҳам ўчириб ташлади. У фақат ўйлади.
Раббимқул аввал қизини ўлдириб, қутилмоқчи бўлди. У йўқ бўлса, шармандалик ҳам бўлмайди, тамом-вассалом! Лекин фарзанд деганлари шундай азиз неъмат бўлар эканки, йўқ қилгани қўлинг бормас экан. Ҳар сафар шуни ўйлаганда қизининг болалиги, илк қадамлари, жажжи қўлчаси билан Раббимқулнинг бўйнини қучоқлагани, ундан қўғирчоқ олиб беришини сўраб эркалангани келаверди. Қаҳри қатиқ банданинг кўзларига ёш келди.
Шунда у бу иши бефойда эканлигини англади. Бошқа йўлни ўйлай бошлади. Ўша палиднинг кимлигини аниқлашга киришди. Аниқлаб, ўлдирали! Ана ўшанда Раббим Ахатовичнинг қизига ола қарашнинг оқибатини билиб қўяди. Лекин бу йўл ҳам иш бермади. Ўша номаълум жафокорнинг кимлиги аниқланмади. Қиз унинг кимлигини айтмади. Хотинининг айтишига қараганда, у ўзини ўлдиришга бир неча бор харакат қилибди. Раббимқул бу ишни сал кейинга қолдиришни кўзлади. Ҳозир эса, ҳозир эса тезроқ қиздан қутулмоқ керак эди. Бунинг учун уни бировга узатиш керак бўлар. Ҳа, тез. Зудлик билан. Бироқ… бироқ кимга?! Тўғри, Раббимқул билан қуда бўламан деганлар кўп эди бу юртда! Лекин улар қизни бу аҳволда кўриб, чораси кўрилса ҳам, билиб қолишса, бугун бўлмаса эртага унинг юзига солса, бунга Раббимқул чидай олмай, калтак кўтарса, ўша қадрдон дўст билан ҳамкорлик бузилса… у шу уч кун ичида биринчи марта иш ҳақида ўйлади. Ўзи уч кунда қанчадан қанча иш қилинмай, шартномалар имзоланмай, юклар келтирилмай, хизматлар кўрсатилмай қолди, ахир?! Бас, бу ишлага нуқта қўйиш керак. Куёвни эса умрбод овози чиқмайдиган бечоралар орасидан излаш керак. Начора, қуда-андалик муносабати билан ҳамкорликни мустаҳкамлайман, деган хаёллари ҳавога учса ҳам чидайди, Раббимқул. Бундан бошқа иложи ҳам йўқ. Ҳа, анчадан бери бундай аҳволга биринчи марта тушмоқда эди Раббимқул! Шунда у у ўзини ҳамма нарсага қудрати етмаслигини англаб етди. Бу англам унга бетизгин азоб берди. У бунинг аламини бўлажак куёвдан олмоқчи бўлди. Уни бир пайтлардаги қадрдон жўраси, хозир эса ходим-хизматкори бўлган Райимқулнинг ўғли бўлади! У ҳам ҳозир ўша бир пайтлар камтарингина қурилган, ҳозирда данғиллама иморатга айланган “офес”да қоровул. Унга бир каттароқ амал, масалан, магазинчиликми, обморчиликми, ваъда қилинади. Отаси ҳам ҳар қалай қуда номи бор, қоровулликдан… қоровулбошликка ўтказилар. Ундан бошқа амалга арзимайди у!
Раббимқул қатъий қарорга келди! Бошқалар бу қарорни қандай кутиб олишлари билан умуман иши йўқ. Муҳими у бажарилиши керак эди.
Худодан қайтишига келсак, бу бемаъни хаёл! Ҳамиша тақдир деганлари зўрларнинг қўлида бўлган! Бундан кейин ҳам шундай бўлади. Мана ҳозир ҳам у ўзининг зўрлиги билан масалани ҳал қилди-қўйди. Бу қарори учун ўша қудалар унга етти букилиб қуллуқ қилишлари, умрбод миннатдор бўлишлари керак! Уларнинг одами кулгани шуки бу қарор уларни қашшоқликнинг тубсиз жаридан ёруғ дунёга чиқаради. Бой-бадавлат бўлмаса ҳам, ҳарқалай қорни тўйиб, куни ўтади. Оғилдаги эшшакдай ишламасдан, одамга ўхшаб яшайди! Қизи ҳам ундан миннатдор бўлса, арзиди. Сабаби, бу ҳовлида ҳеч ким унга қарши чиқиш тугул, қаттиқ гаполмайди. Ахир, битта эр бўлса, бор, ейиш-ичишии жойида, бошқа эҳтиёжларига ҳам, мана отаси бор, қараб турмас!
Шу воқеларга ҳам, мана, бир йил бўлай деб қолди! Қизи яқинда она бўлади, демак ҳаммаси жойида! Иккинчи хотинининг ҳам, Раббимқул ўйлаб қараса, нолишига ҳам сабаб йўқ экан. Боласи ёнида, ейиш-кейиши жойида, эри бўлса, ҳар сафар пойтахтга борганида хабар олиб турибди. Бўлди-да! Бир хотинга бундан бошқа яна нима керак?!
Раббимқул шуларни ўйлар экан, “Прадо-Жип”нинг орқа ўриндиғига ястаниб суяниб олди! Унинг ўзи ўзидан кўнгли тўлди! Ўзини беқиёс қудратли ҳис эта бошлади! Ақлу қудрат билан аслида дунёни эгаллаш мумкин экан! Сал олдинроқ бошлаганимдами?! Ҳали ҳам эпласа бўлар! Дунё деганда Раббимқул дунё-дунё пулларни, молу давлатни, обрў-шуҳратни кўз олдига келтирарди! Шундай эгалласинки, катта-катта давлат бошлиқлари ҳам у билан ҳисоблашадиган бўлишсин! Чет элларнинг мана ман деган киноактирсалари қадамига зор бўлсин! Ҳозир “ака” деб сўрашадиган ҳамкорлар эса қуллуқ қилишсин, қуллуқ! Раббимқул эса уларга ҳам қарамай, фақат олға юрсин! У мана шуни хоҳларди!
Лекин… лекин бирдан Раббим Ахатовичнинг, йўқ-йўқ Раббимқулнинг кўнгли беҳузур бўла бошлади. Юрагида бошланган даҳшатли санчиқ чап қўли билан бутун гавдасига тарқалди. Ўзи бу оғриқ анчадан бери бу бечора бандани қийнаб келар, лекин у ишининг кўплигидан, миясинининг азбаройи бандлигидан ўз дарди ҳақида ўйлашга, уни назарга илишга вақти йўқ эди. Бугун эрталаб ҳам шундай бўлганди, чамаси… Мана, оғриқ уни тобора исканжага ола бошлади. У ўнг қўли билан рулда ўтирган ўғлини елкасидан ушлашга, “машинани тўхтат”, дейишга интилди. Лекин қўли ҳам унга бўйсунмади. Овози ҳам инграб, зўрға чиқда. Лекин ўғли, аллақандай жазавали ҳорижий мусиқани бақиртирганча машина ҳайдаётган ўғли худди бешафқат фурсат каби орқасига қарамади. У отасининг ожизгина инграшини эшитмади. Ахир, унинг ҳам ўз хаёллари, орзулари олами бор эди-да!
Раббимқул эса, Раббимқул бечора эса оғриқ зўридан ғужанак бўлаб, машина орқасига тиқилар, қандай қилса, оғриқни бир зумгина тўхтатиб, ўғлини хабардор қилишга интиларди. Қўлини типирлатиб, ўғлининг елкасидан тутишга интиларди. Лекин оғриқ, ярамас оғриқ гуноҳкор бандани ўз қаърига тобора тортаётган дўзах азоби сингари Раббимқулни бағридан бўшатгиси келмасди! Шунда у бултур пойтахтда ишхонасида касал бўлганида шифокорни айтган гапларини эслади: “Ака, зудлик билан даволанишингиз керак, зудлик билан. Бўлмаса,… айтиб бўлмайди. Бу касал билан ҳазиллашманг. Хоҳлаган пайти хуруж қилиши мумкин!”, деганди ўшанда пойтахтлик ҳамкорининг таниши – ёшгина кардиолог йигит.
Ўшанда Раббимқул мийиғида кулиб қўйганди. У энди отасини бир кунда юраги “ушлаб”, қолиб, қазо қилганини ҳам эслади. Ўшанда Раббимқул уйда эмасди. Колхоз боғида эди. Эрталаб ойдай юрган отаси тушликда, онасининг қўлида жон берганди. Раббимқул бунга аввал ҳам ортиқча эътибор бермаганди. Нима бало, бу дарди бедаво суяк сурадими?! Йўқ, йўқ, бундай бўлиши мумкин эамс! Ахир унинг қанча қилинмаган иши бор?! Имзоланмаган шартномалар, қўлга киритилмаган миллионлар, қозонилмаган ғалабалар… Мана ҳозир, ҳозир, у ўғлини елкасига қўлини қўйса бас, у орқасига ўгиралиди-ю, машинани тўхтатади. Кейин “тез ёрдам” чақиради. Ҳаммаси, ҳаммаси ўтиб кетади. Ҳаёт давом этади! Ҳали-ҳали ҳаммаси яхши бўлади! Лекин… лекин унақа бўладиганга ўхшамайди-ку!
– Эй, Худо! Худо! Худо! Ёрдам бер менга, ёрдам бер! Ахир сенга қандай ёмонлик қилдим?! Нима гуноҳларим учун мени бунчалик жазолаяпсан. Ўлмасимдан олидин дўзах азобини раво кўраяпсан!
Оғриқ эса қўйиб юборай демас, ҳамон забтига оларди. Раббимқул аянчли инграб, ғужанак бўлганча нола қиларди:
– Гуноҳларимга тавба қилдим, Худойим! Мен бир ожиз қулингга раҳминг келсин!
Машина эса икки томони ўтлоқ бўлган равон йўлдан қушдай учиб борар, унинг рулида ўтирган ҳайдовчи бўлса шафтақсиз тақдир каби ортига қарай демасди. Жон аччиғида инграётган Раббимқулнинг кўзига икки томонга ажралган уммон, уммондаги шу йўлдан олға бораётган аллақандай ҳассали зот ва… ва уммоннинг қайта бирикиши гавдаланди. Бу уммон уни, ҳа уни ўз оғушига олиб, чўктираётган эди. У бир сония ўзини уммон бағридами ёки йўлнинг ўртасидами англолмай қолди. Кейин эса… икки томондан уни қисиб келган уммон сувларими ёки машинанинг икки томонидаги барра ўтлоқми, ҳарқалай, ўртадаги йўл ёпилиб қолди. Икки томондаги тўлқинлар бир-бири билан бирлашиб кетдилар. Раббимқулнинг кўзига уммоннинг аччиқ ва шўр сувлари кириб, ачиштирди.