Қулман Очилов. Сой соҳили (ҳикоя)

Эр-хотин орадан йигирма етти йил ўтгач яна “Хинали қор”га келди ва яна биринчи қаватдаги мўъ­жазгина хонага жойлашди.
– Аввал келганимизда бу даргоҳнинг биноси ҳам, жиҳозлари ҳам анча ғариб эди, – деди аёл. – Қаранг, энди қандай ярақлаб, яшнаб кетибди. Таниш қийин.
– Ғариблигини мен унчалик сезмаган эканман.
– Унда ёш эдик-да, дадаси.
– Энди-чи, қариб қолдикми?
– Ҳар ҳолда… Мен йигирмада, сиз йигирма бешда эдингиз…
Аёл синиққина кулди. Аввал каравотининг оёқ томонига суяб қўйилган бир жуфт қўлтиқтаёққа, сўнг остонада турган аравачага маъюс нигоҳ ташлади. Эр хотинининг кўнглидан ўтган ўкинчни сезди – у пайтлар мана бу даҳмазаларга куним қолмаган эди.
Эр аввал келганларида эсида қол­­ганларини хотинига тўлиб-тошиб, қўшиб-чатиб, одат­дагидек ҳазил-ҳузуллардан аралаштириб айтгиси кел­ди, лекин айтолмади. Энди ҳеч қачон айта олмасли­гини англаб, лабини тишлади. Айтса, шикас­та аёлнинг мажруҳ кўнг­лига беадад озор етади. Уни пичоқсиз сўйган бўлади. Майиб одамга тўрт мучаси соғлигидаги тотли дамларини эслатишдан оғирроқ азоб борми! Бироқ айтса айтгулик хотиралари кам эмасди. Айниқса, қўш­ни хонада турган эллик ёшлардаги чуваккина, кў­санамо одамнинг Йўлдошни бир четга чақириб:
“Ука, сизда инсоф борми ўзи? – деб сўрагани. – На кечаси уйқу берасиз, на кундузи? Касалмисиз нима бало? Бу эзғилашда бечора қизни ўлдириб қўя­сиз-ку?..” Йўлдош елкасини учирган: “Сизга нима қай­ғуси қолди, амаки?” Лекин “ғамхўр” қўшнининг нияти бузуқроқ экан, саволининг жавобини ҳам кутмасдан муддаога ўтган-қўйган: “Жононингизнинг бирорта дугонаси йўқмикан, ука?.. Қанча деса берардим?..” Афтидан, Маҳфузани Йўлдошнинг жазмани деб ўйлаган экан. “Дугонаси-ку, йўқ, – деб қаттиқ ғижинган йигит, – лекин тўқсонга кирган момоси бор. Чақирайми? Танишасизми?..”
Аёлнинг қўлтиқтаёққа суяниб, аравачага михланиб қолганига уч йилдан ошди. Уч йил бурун, қишда, эрталаб ишга кетаётганида не бир фалокат босиб, уни машина уриб кетди.
“Ўзингни машинанинг тагига ташлар экансан, – деб ҳазиллашган эди ўшанда оёғини қўлига олиб шифохонага етиб борган эри, – келиб-келиб “Запорожец”ни тан­лайсанми, қаддингдан! Касофат ҳайдовчиси ҳам тўқсонга бориб қолган ногирон бир чол экан. Дурустроқ машина, бойваччароқ одам тополмадингми?”
“Нима қилай, топганим шу бўлди!..”
Эрнинг одати шу – ҳазиллашаётганини ҳам, масхара қилаётганини ҳам дабдурустдан билиш қийин. Бир нима десанг, жавоби тайёр: “Тўрт кунликкина умримизни суд мажлисига айлантириб, бу ҳаётдан бир-биримизга хўмрайиб ўтамизми, қаддингдан?”
Бу каби ҳазил-ҳузул гаплар ўз йўлига-ю, лекин аёлнинг кўнгли ҳам, қадди ҳам яримта бўлиб қолди – бели синиб, орқа мияси қаттиқ лат еган экан.
“Шукр қилайлик! – деб чайналади энди Йўлдош хотини инжиқлик қилса. – Касалини берган, шифосини ҳам берар…”
У бундан жўялироқ гап тополмайди. Тополмагани учун гапни мудом бошқа ёққа буради.
“Мен-ку майли, сиз жуда қийналиб кетдингиз, дадаси, – дейди аёл. – Менгина шўрлик сизнинг кунингизга ҳам, тунингизга ҳам ярамаса-ам!..”
“Эй Худойим! – деб тавалло қилади эр ичида. – Ўзинг таскин-тасалли бер! Ўзинг сабр-қаноат бер!..”
Аёлга эрининг хаёли бузилгандек туюлаверади. Илгари “қаддингдан” деган эркалаш тилидан тушмас ва бу хотинига беҳад ёқар эди. “Қадди-қоматингдан ўзим ўргилай” дегани-да. Энди “онаси”га ўтиб олган. Яримжон хотинини аяганидан шундай деса-ку майли, лекин Маҳфуза эрининг бошқа аёлга кўнгли суст кетганидан хавфсирайди. Эри баъзан ишдан кеч келади. Баъзан ширакайф бўлади. Бундай кезларда хотинига меҳрибонлиги янада ошиб, ийиб кетади.
Аёл чидаб туролмайди:
“Кайфингиз тароқ-ку! – дейди овози титраб. – Кимлар билан шакаргуфторлик қилдингиз?”
Эр нега ушланиб қолганини айтади: “Бошқармада мажлисда эдим”, “Чорак якунлари бўйича ҳисобот топширдик…” Лекин аёл ишонмайди – қўрққаннинг кўзига доим қўша кўринади…
“Кимлар билан шакаргуфторлик қилардим? – Гапни ҳазилга буради у. – Жононкалар билан-да. Ҳаммаси сенга салом айтди!..”
Йўлдош қараса, сўнгги пайтда коллеждаги бозори ўтиб қолган муаллима қизлар, боши очиқ аёлларнинг салом-алиги анча қуюқлашган: “Янгамиз тузукмилар? Оёққа туриб кетдиларми?..” Оёққа туриб кетолмаслигини жуда яхши билади. Билгани учун ҳам нимадандир умидвордек астойдил сўрайди. Сўрар экан, гўё “аҳволи оғир”, “умид йўқ” деган жавобларни кутгандек бўлади. Нигоҳини бош ҳисобчининг ўйчан кўзларига ғамза билан тикади: “Дардингиз бўлса, айтинг, акажон, ўзим дармон бўламан!..”
“Раҳмат! – дейди ичида Йўлдош. – Ҳозирча “Тез ёрдам”га эҳтиёжимиз йўқ!”
Аёл эрини зимдан кузатади. Сездирмасдан унинг ён телефонини титкилаб кўради, кўйлакларини ҳид­лайди, костюмидан бегона соч толаларини қиди­ради. Қидирар экан, албатта йиғлайди. Эр буни сезиб сезмасликка, билиб билмасликка олади. Эзилади.
Аёл бир куни эрининг олдига бир энликкина елимхалтача ташлади:
“Бунинг ичидаги нима? – деди титраб-қақшаб. – Сочми?”
“Ҳа, соч”, – сирли қараш қилди эр ва нигоҳини ерга қадаб, бироз сукут сақлаб турди. Хотинининг росмана жаҳли чиқишини кутди. Жаҳли чиққанида Маҳфуза янада чиройли бўлиб кетади.
“Кимнинг сочи эканки, ёнингизда тумордай олиб юрибсиз?” – овозини баландлатди аёл бетоқат бўлиб.
 Эр сезди: аёлининг бутун вужуди қулоққа айланиб, нафас олиши ҳам тўхтаб қолгандек бўлди.
“Кимники бўларди, сеники-да, – деди Йўлдош осо­йишта оҳангда. – Танимадингми? Ўтган йили Германияга борганимда ёнимга солиб кетган эдим. Шундан бери…”
Аёлнинг оёқдан қолганини ҳамма – қариндош-уруғ, таниш-билиш, нашриётда бирга ишлайдиган ҳам­­­касблари бирин-кетин унута бошлади, байрамлару ҳа­йит кунларини ҳисобга олмаганда, ҳол-аҳвол сўраб келадиганларнинг қадами секин-аста сийраклашиб борди, сўнг бутунлай узилди ҳисоб. Омон бўлишсин, фарзандлар ҳам ўзидан ортмас экан. Маҳфуза ёзмишига – ёлғизликка кўникди. Қамоқхона туйнугидан осмонга ноумид термулган маҳбусдай олтинчи қаватдаги уйнинг деразасидан гавжум кўчада эмин-эркин елиб-югуриб юрган одамларга узун кун қараб ўтиради. Фар­қи – деразанинг панжараси йўқ.
Сўнг дераза олдига ҳам келмайдиган бўлди.
Йўлдош бир куни қараса, хотини дераза рафига тирсакларини қўйганича пастга энгашиб турибди. Ичкарига ёпирилиб кираётган ёқимсиз шамол пардаларни беаёв тортқилайди, тўққиз қаватли уйнинг томигача бостириб келган қора булут юракни эзади. Нафас олиш қийин.
“Тинчликми?” деди эр кўнглига хавотир оралаб.
“Илгари эътибор бермаган эканман, – деди аёл ҳазин. – Олтинчи қават ҳам анчагина баланд бўлар экан. Дераза рафига чиқсанг-да, ташқарига қараб бир талпинсанг… Бор-йўғи бир марта… Ҳамма муаммо ўз-ўзидан ҳал бўлади-қўяди. Азоблар тугайди!..”
Ҳар қанча гапдон, ҳар қанча дадил бўлмасин, эр­нинг тилига калима келмай қолди. Меҳр тўла кўз­ла­рида ёш ғилтиллади.
“Кейин мен нима қиламан? – деди деразани ёпар экан овози титраб. – Мени ҳам ўйлайсанми, сен хотин!..”
“Сизни ўйлаганим учун айтаяпман-да!..”
“Бу гапларни қўй! – деди эр. – Худонинг қаҳрини кел­тирма!..”
Аёл секин аравачасига чўкди.
“Шунча йил бирга яшаб, сени бирор жойларга дам олишга ҳам олиб бормабман”, – деди Йўлдош айбдор оҳангда.
“Олиб боргансиз, – деди аёл ўйчан. – “Хинали қор”га борган эдик… Эсингиздами? Тоғдаги дам олиш уйи. Ҳозир санаторий бўлган дейишади.”
“Ҳа-а, эсимда. “Асал ойи” эди”.
“Яна “асал ойи” дейсизми? – аёлнинг овозидаги маҳзунлик ўрнини тетиклик эгаллаётгани сезилди. – Ўзбекчада “чилла” бўлади, дегандим-ку…”
“Хўп, ана сен айтганча – чилла бўла қолсин! Ҳам ёзнинг чилласи, ҳам келин-куёвнинг чилласи эди! Тўғ­рими?..”
“Тўғри! Ўшанда сиз мени сойдан кўтариб ўтол­маган эдингиз…”
Эр лабини тишлади: “Сойдан кўтариб ўтолмаган эдимми?..”
Шу гапдан кейин – орадан бир ҳафта ўтгач у “Хинали қор”га иккита йўлланма кўтариб келди.

* * *
Мана, санаторийга келганларига ҳам уч кун бўлди. Эр аёлини аравачага ўтқизиб муолажа хоналарига, ошхонага олиб боради, оқшомлари сайрга олиб чиқади. Кўзи тушган борки, уларнинг ёнидан бепарво ўтолмайди – биров ачиниш, биров ҳайрат билан кузатади, яна кимнингдир нигоҳида ҳавас жилваланади. Одамзот қизиқ, баъзан ногиронга ҳам ҳавас қилади.
 Бугун тушлик маҳали эр-хотин ошхонага кириб борганида тановвулга ўтирганларнинг ҳаммаси, қа­рийб икки юз киши, яна уларга – аравачада ўтирган қирмизи кўйлакли аёл билан сахту сумбати келишган басавлат эркакка баравар бурилиб қаради.
“Бу укамиз завжингизми, синглим?” – деб сўради иккала қулоғига ҳам райҳон қистириб, қош-кўзларига қалин ўсма суриб олган олтмиш ёшлардаги аёл улар дастурхонга ўтирганида.
Маҳфуза савол назари билан эрига қаради. У “завжингиз”ни тушунмаган эди.
“Husband”, – деди Йўлдош.
“Ҳа-а, – жавоб қилди Маҳфуза, – эрим”.
“Худога шукр қилинг, синглим, – деди “Биби Рай­ҳон” (Йўлдош унга дарҳол шундай ном қўйди). – Беадад шукр қилинг, бахтингиз бор экан… Очиғини айтайми? Манинг шундай меҳрибон, шундай садоқатли эрим бўлганида умримни аравачада ўтказишга ҳам рози эдим, дардингизни олай!..”
Маҳфуза яна, бу гал миннатдор бўлиб эрига қа­ради. Эри эса яна ўз билганидан қолмади. Қолса ҳақи кетадигандек, гап қилди. Қўйинг, хола, унақа деманг, биз бир кўркам йигит бўлсак, кўнгли суст кетган хонимларнинг ҳаммасини “Запорожец” туртиб кетаверса, бу музофотда соғ аёл қолмайди. Иннанкейин бундай машиналар ноёб матоҳ сифатида тарих музейларидан жой олганига чорак асрдан ошган бўлса, шунча “Запорожец”ни қаердан топамиз?
Биби Райҳон ҳам бўш келмади:
“Бошқа хил машина туртиб кетгани ҳисобга кирмайдими, дардингизни олай?”
“Йўқ, кирмайди. Иннанкейин ҳайдовчиси ҳам камида тўқсонни уриб қўйган фронтовик чол бўлиши керак!”
“Гапга жуда уста экансиз, дардингизни олай? Артест-партестмисиз?”
“Қаёқда! Артист эмасман, лекин озгина муддат партиест бўлганман. Комфирқа даврида”.

* * *
Оромкурсида ўтирган эр шахд билан турди:
– Кетдик! Сой бўйига борамиз:
Сой соҳили – сўлим-сўлим,
Сой бўйига тушса йўлим,
Севганимнинг висолини
Сўлим сойдан сўрар кўнглим…
– Бир замонлар шундай бир қўшиқ бўларди. Эсинг­дами?
– Эсимда… Чўтга меҳр қўймаганингизда, сиздан зўр ҳофиз чиқарди, – деди каравотда оёғини митти гулли оқ чойшабга ўраб ўтирган аёл катта-катта кўзлари қувончдан чақнаб. – Сой бўйига борайлик, дейишга тортиниб турган эдим… Кўнглим бўп кетинг-эй!..
У қўлтиқтаёққа қўл чўзди.
– Шошма!
Эр аравачани хотинининг каравоти ёнига суриб келди ва ўнг қўлтиғидан олиб, аравачага ўтқизди. Аёлнинг оёқларини аравачанинг ясси узангисига илдиргач, пайпоқларини алмаштирди, таги юпқа ва текис оқ туфлисини кийдирди.
Илгари бу оёқлар… Энди маникеннинг пластмасса оёғини эслатади – сарғимтир, совуқ, сўли қочиб, терилари қурий бошлаган. Шу қусурни яшириш учун Маҳфуза бечора ёзнинг чилласида ҳам ё лозим, ё узун пайпоқ кийишга мажбур…
– Ҳаммаёқ жимжит, – деди аёл ҳовлига чиққан­ларида. – Ҳавонинг иссиқлигини қаранг.
– Аҳли оромгоҳ ором оғушида. “Тихий час”!..
Икки чети қаламдек текис асфальт йўлка бўйидаги арчаларнинг офтоб томони оқ бўзга ўралиб, тагига ҳалқоб қилиб сув қуйилган. Атрофи чимзор-стадионни эслатади. Бирорта сарғайган, топталган гиёҳ йўқ. Ҳаммаёқ кўм-кўк. Ўнгирлари оромгоҳ ҳовлисига туташиб кетган баланд тоғ чўққиларидаги қорга қўнган чанг-ғубор узоқдан хинага ўхшаб кўринади.
Аравачанинг ғилдираклари кекса чинор томон бурилди.
– Сойнинг шовуллашини қаранг!.. – деди аёл юзига урилган салқин эпкиндан яйраб.
Сой йигирма етти йил, балки йигирма етти минг йил аввал қандай оққан бўлса, шундай шовуллаб оқиб ётар эди.
– Ёдингиздами, Йўлдош ака?.. – деб сўради аёл.
– Нима ёдимдами?
– Аввал келганимизда сиз мени шу чинорнинг тагида опичлаб олиб, сойдан кўтариб ўтмоқчи бўлган эдингиз!..
“Йўқ, кўтариб ўтолмаган эдингиз!..”
Эрнинг томоғига нимадир тиқилгандай бўлди. Ҳа, ёнида яқиндагина висолига етган тенгсиз бир со­ҳиб­жамолни кўриб, йигитнинг кишти келган, завқию ғай­рати жўшган эди ўшанда.
“Сув жуда совуқ! – деб типирчилаган эди келинчак. – Шамоллаб қоласиз. Илтимос, қўйворинг, Йўлдош ака! Оғримаган бошингизга бир дард орттирманг! Илтимос, жоним!..”
Бу гапни эшитиб, йигит бўшашган ва шаштидан тушган эди. Тушгани учун сўнг кўп афсус чекди. Гарчи типирчилаб, қаттиқ қаршилик кўрсатган бўлса-да, келинчак ўшанда куёви сойдан кўтариб ўтишини жуда-жуда истагани ҳар гал шу воқеа эсланганида унинг гап-сўзларидан сезилиб туради: “Ёдингиздами, сиз мени сойдан кўтариб ўтмоқчи бўлган эдингиз?..” Бу савол эрнинг қулоғига: “Ёдингиздами, сиз мени сойдан кўтариб ўтолмаган эдингиз?” бўлиб эшитилади.
У пайтлар иккиси ҳам ёш, ҳар қандай эркалик, шўхлик кўнглига ҳам, ҳаддига ҳам сиғадиган пайтлари эди. Мана энди бири яримжон, иккинчиси, қад-қомати аввалгидек тик ва соғлом бўлса-да, сийрак сочларию йўғон қошларига аллақачон қиров қўнган, ажин туша бошлаган юзлари ўйчан бир қиёфада яна ўша соҳилда, ўша чинор тагида турибди.
– Ёдимда, албатта!
Эр аравача ғилдиракларини тормозлаб, оёғидаги чарм чориғини ечди ва кулранг шалворининг липпасини сонигача шимарди. Майда тош аралаш қум оёғини мўрчадаги томчидай қаттиқ куйдирди.
– Ўшанда анави тераклар ингичкагина қаламча эди, – деди аёл атрофни суқланиб кузатар экан. – Қаранг, кўп қаватли уйдан ҳам баланд бўп кетибди. Лекин анча сийраклашиб қопти.
Эр аёлни белидан ушлаб, аравадан озод кўтариб олди:
– Ё, Рабби-им!..
– Вой, ўлмасам! Вой-вой!.. Нима қиляпсиз? Қў­йинг, қўйиб юборинг! – Типирчилашга тушди аёл. – Кўр­ганлар нима дейди, ахир!.. Шарманда бўламиз!..
– Жим бўл!..
Аёл беихтиёр эрининг бўйнига осилди. Бўйнига чирмашган оппоқ билакларнинг тафтию фаранг атирининг бўйидан эрнинг вужудига ажиб бир сархушлик инди. Аёл зотининг қайноқ оғушини соғинганини сезди. Етмиш икки томири бўшашиб кетгандек бўлди.
– Дори ичавериб, дўхтирда ётавериб, зил-замбил бўлиб кетганман, дадаси! – деди аёл айбсиниб. – Жоним, шу ишни қўя қолинг! Илтимо-ос!..
– Жим бўл, дедим сенга! – энди чўрт кесди эр. Овози шу даражада кескин чиқдики, аёлга эри жеркиётгандай туйилди.
Эр оёғи билан тошларни секин-аста пайпаслаб сувга тушди. Қайноқ қумга кўника бошлаган оёқлари муздай сувда увишиб қолгандай бўлди. Этлари жимирлаб кетди.
Тўлқин сув ўтларини қизларнинг майин сочларидек тортқилаб ўйнайди.
“Эй Худойим, ўзинг шарманда қилма! – деб ёлворди эр ичида. – Ўзинг қўлла!..”
Йўлдош ўзича чамаи чўт қилган эдики, сойнинг эни ўн беш-ўн олти метрча келади. Хотини кўпи билан, эллик кило. Бир қоп ун. Нима, бир қоп унни ўн беш метр­га кўтариб бориш шунчалик қийинми? Тўғри, сой туби нотекис – балчиқ ёпишган тошлоқ. Оёқ бехосдан тойиб кетиши мумкин. Чағир ҳам кам эмас. Тошдан кўра, оёқни тилса ҳам чағир яхши. Лекин оёғингни баландроқ кўтаролмайсан, қадамингни кенгроқ ташлаёлмайсан – шуниси ёмон. Дўппидай тошни ҳам тошбақадай айланиб ўтиш керак. Мабодо мункиб ёки чайқалиб кетсанг, тамом: гавдангни ушлаб қолишинг гумон.
Тиззасидан ҳам юқоригача кўтарилган сув Йўл­дошнинг болдирига нинадай санчилиб, совуғи тос тепасигача чиқди. Саратонда ҳам шунча совуқ бўладими, бу жонивор? Тоғдан эриб тушаётган бўлса керак. Оқимнинг шитоби баланд.
– Эҳтиёт бўлинг, жоним! Сирпаниб кетманг!
– Қўрқма, кадрлар жой-жойига қўйилган!
Йўлдош енги калта ҳаво ранг кўйлагининг этакларини хотинининг тақими остидан ўтказиб, чап қўлига ўраб олди. Ўнг қўли билан белидан қучди.
 Ҳар куни неча марта кўтариб, неча марта суяб аравачага ўтқизиб – тушириб юрган бўлса-да, сезмаган, сезса ҳам мўлжални камроқ олган эканми, хотини, ростдан оғиргина экан. Икки метр ҳам юрмасидан эрнинг қўллари толиб, кўйлагининг ёқалари бўйинга солинган арғамчидай бутун гавдасини пастга торта бошлади. Кўтариб олгани бўйчан бўлса-да, нозиккина аёл эмас, гўё ярим тонналик тош, бўйнию белида қаттиқ оғриқ турди. Сойнинг ўртасига етишига ҳали уч метрча бор. Судраб ташлаган қадами ярим қаричдан ошмайдиган одамнинг йўли унмайди. Йўлдош қараса, хотинининг пайпоқлари аллақачон ҳўл бўлиб, тўпиғигача сувга ботган. Буни Маҳфузанинг ўзи ҳали кўргани, сезгани йўқ, чоғи.
Эр тўхтаб, тобора чўкиб, букилиб бораётган қад­дини ростлаш учун қаттиқ силкинди ва хотинини ба­ландроқ кўтариб олди.
– Вой! Нима бўлди? Оёғингизга бирор нарса кирдими?..
– Йўқ… ҳаммаси жойида… –Тетик овозда жавоб қилди эр. – Сузишни биласан-а?..
– Вой ўлмасам! Шундай ҳам ҳазил бўладими-а!.. Қўрқитманг!
Маҳфуза жиққа терга ботиб, юзлари бўғриқиб кетган эри ҳолдан тоя бошлаганини сезди.
– Орқага қайта қолайлик, дадаси! Ўзингизни қий­наманг, илтимос!
– Асло! – деди эр ҳансираб. – “Йигитлик қалъасин бермасман бежанг!” Биласанми, кимнинг шеъри?
– Йўқ. Кимники?
– Билсам сўрармидим?..
Мункиб кетмаслик, йиқилмаслик керак. Йиқилса, иккаласини ҳам сув оқизиб кетади ва тошдан тошга урилиб, кимнинг бўйни аввал синиб, кимнинг боши кейин ёрилишини ёлғиз Худо билади.
– Вой! Туфлим… “Балетка” туфлимнинг бир пойи йўқ-ку… Тушиб қопти!..
Тушиб қолмаган, сув оқизиб кетган! Уҳ! Шарманда бўлдинг, Йўлдош! Ўлдинг, Йўлдош! Сенга бу тиртанг­лашни, бу бодиликни ким қўйган эди. Ҳолингни билибгина ўтирсанг ўлармидинг!..
– Садқаи сар! – деди эр оғзидан оловдек чиқиб келаётган ҳансирашини босишга ҳаракат қилар экан. –Қўявер, ўзи анча эскириб қолганди… Янгисини оламиз.
У бутунлай ҳолдан тойиб, оёқлари, қўллари гўё жонсиз таёққа айланиб бораётганини сезди. Тўхтади. Орқага қайтиб бўлмайди – узоқ. Олдинда яна шунча масофа бор. Савил, тошнинг кўплигини! У яна силкинди ва хотинини дурустроқ кўтарган бўлди. Лекин уриниши беҳуда кетди – аёлнинг оёқларини сувдан чиқара олмади. Аксинча, силкиниш асносида хотини янада пастроққа, эрининг тиззасигача тушгандай бўлди. Эн­ди, ишқилиб, хотиннинг белига сув тегмасин! Белига сув тегса, шамоллаб қолади.
– Бирор одамни ёрдамга чақирайлик, дадаси, – деди аёл таҳлика билан. – Ана, нариги қирғоқда бир амаки биз томонга қараб турибди. Қўлим билан имлайми?..
– Жим бўл!
Хотинининг кўнгли бузилиб турган экан, йиғлаб юборди:
– Тағин бу кунимиз ҳам кўп бўп қолмасин, дейман-да, дадаси…
– Сандирама деяпман сенга!..
Йўлдош сув бўлиб кетган бошини аранг кўтариб, ён-верига қараниб олди ва эллик қадамча нарида яланғоч тўриқ отини суғориб турган оқ кўйлакли бақалоқ бир одамни кўрди. От эгаси кафтини пешонасига соябон қилганча улар томонга ажабсиниб қараб турарди. Йўлдош бу одам шарқираган сойдан кечиб ўтаётган эркак билан аёлнинг муддаосини билолмай ҳайрон бўлаётганини тахмин қилди. Эркакнинг кўзи ожизга ўхшамайди, чинорнинг тагида аравачаси турибди. Тани-жони соғ десанг, йигирма қадам наридаги кўприк қолиб, майиб хотинни кўтариб ким сувга киради? Ё бирор фалокат босдимикан? Ёв қувмаётгандир ахир! Ё эр бўлмиш бирортаси билан гаров ўйнадимикан? Ақли жойида одам аёл кишини, бунинг устига мажруҳ хотинни ўртага қўйиб гаров ўйнамайди. Ўзидан хабари йўқ шаҳарлик бирор ҳовлиқма бўлса керак. Ҳа, бориб турган ҳовлиқма, ҳунар кўрсатмоқчи! Бўлмаса, офтоб олов пуркаб турган шу маҳалда бу ерда ити адашмагандир.
– Бу ерларга мени сойдан кўтариб ўтаман, деб олиб келган экансиз-да, дадаси, – деди аёл ҳиқиллаб. – Эски гапларни эсингизга солгунча тилгинам кесилса бўлмасмиди? Санаториясига келмайлар кетай! Энди нима қиламиз-а?.. Анави амакини чақирайли-ик!
– Чақирмаймиз! – деди эр қатъий ва хаёлидан ўтказдики, чақирганимда нима дейман? Ака, хотинимни кўтаролмай қолдим, илтимос, келиб, кўтаришиб юборинг, дейманми? Отбоқар келиб Маҳфузанинг белларидан қучиб, оёқларидан опичлаб, соҳилга чиқариб қўядими?.. Ундан кўра ерга кириб, устимга тупроқ торганим дуруст эмасми!..
– Сени ўзим, фақат ўзим кўтариб ўтаман, Маҳфуз! – деди Йўлдош эҳтирос билан. – Билиб қўй, сени бировларга хор-зор қилиб қўймайма-ан, Маҳфуз!.. Мен сени қўлим нима, бошимда кўтариб ўтаман, Маҳфуз!..
– Қийналиб кетдингиз, дадаси!..
Эр хотинининг гапини шартта кесди:
– Қўрқма, ўлмайман!.. Менинг жоним қаттиқ!..
У чап товони қаттиқ ачишганини сезди. Савилгина қолгир, шу етмай турувди! У энди эътибор берди: тинимсиз чириллаётган чигирткаларнинг товуши қулоқни тешиб юборай дейди. Қаердадир қўзичоқнинг ночоргина маърагани эшитилади.
– Озгина қолди! – деди аёл.
– Озгина қолди! – деб пичирлади эр. – Озгина, Маҳфуз!..
Эрнинг оёқлари, қўллари гўё пахтага айланиб, ўзига бўйсунмай қолди. Тиззалари тинимсиз титрай бошлади.
– Фақат чайқалиб кетмаслигим керак, – деб пичирлади у ўзига ўзи гапиргандек. – Яна озгина чидашим керак!
У олдинга қаради-ю, лекин ҳеч нарсани кўрмади. Гўё кўз олдини қалин оқ парда, туман қоплаб олгандай. Саратонда туман нима қилади? Йўқ, бу туман эмас, шафақ. Кўзини шафақ босди.
Қаердандир, узоқдан элас-элас овоз келди:
– Бир қадамгина қолди, жоним! Бир қадамгина-а!..
– Йиқилсам ҳам олдинга йиқилишим керак, – деб ҳансиради Йўлдош.
– Йўқ, сиз йиқилмайсиз, дадаси! Сиз полвонсиз-ку! Ўзимнинг полвонимсиз-ку! Ўзимнинг меҳрибонимсиз-ку! Ўзимнинг юраккинамсиз-ку!..
Йўлдошнинг бўйнидаги ва белидаги чидаб бўл­майдиган оғриқ янада кучайди. Қулоқлари чиппа битиб қолди.
– Эҳтиёт бўлинг, дадаси, олдингизда харсанг бор! – деди аёл. – Салгина чапга, чапга юринг!..
Йўлдош кўзларини очишга мадори етмаётганини сезди.
– Чапга, сал чапга олинг, дадаси…
Йўлдош ўнгу сўлни англайдиган ҳолда эмасди. Сўнгги кучини йиғиб, маст одамдек гандираклаганча икки қадам қўйди.
– Бўлди, етдик! – деган сас келди узоқ-узоқлардан.
“Етдикми?” деб пичирлади Йўлдош.
– Етдик! – аёл ўкириб йиғлаб юборди. – Соҳилга етдик, дадаси!..
Олдинга мункиб кетган эр хотинининг устига йиқилар экан, тиззалари қайноқ қумга чўкканини сезди.
— Вой оёғим! — деб ҳайқириб юборди аёл. — Товонимгача музлаб кетди-ку!..    

“Ёшлик” журнали, 2014 йил, 12-сон