Зуҳра Мамадалиева. Устоз мусаввир (ҳикоя)

“Уштурнома” таржимонига эҳтиром ила бағишлайман.
Муаллиф.

Бола эшитган эртаги таъсирида хаёл сура-сура кўзларини юмди. Киприклари бир-бирига илиниб, уни уйқу деган сирли салтанат томон олиб кетди… У туш кўрар экан, ширингина жилмайиб қўйди. Бола ҳозиргина тинглагани эртак каби сирли, ўзи эндигина кириб келаётган дунё ҳаётидан кўра ҳам жозибалироқ туш кўрмоқда эди.
Бир Устоз Мусаввир бор эди. У бўшлиқ аро мўйқаламини ўйнатди. Бўшлиққа жон кириб, худди полотнодаги сингари тасвир пайдо бўла бошлади. Фақат бу тасвирлар бола кўрган бошқа суратларга ўхшамас, уларда жон, ҳаракат ва … мусиқа бор эди. Унда яшил ранг сирли жозиба орасида жилва қиларди. Гўё мусаввир тасвири эмас, дунё яшиллик ичига жо бўлгани каби. Бу яшиллик аро Мусаввир мўйқалами тегар-тегмас ажиб мўъжизалар содир бўла бошлади. Замин майсазорга айланди. Унда эса ҳар хил гуллар унар, қушлар сайрар, капалаклар қувлашарди. Бола қушлар сайроғини эшитар, капалаклар ўйинидан завқ олар, гуллар ифорини ҳис этарди. Олисларда қад ростлаган мусаффо тоғлар бағрида оҳулар қувлашар, ҳув олисдаги яйловда бир қора тойчоқ ўзига ўхшаган онасига талпинарди. Бу ранго-рангликлар, бу ҳолатлар ва бу мусиқа умумий яшилликка узукка кўз ёки гўзал юзга қора хол каби ярашарди. Осмон нилий-беғубор, унда қуёш яйраб-чарақлаб нур сочар, яшилликлар узра зиё таратарди. Лекин бу гўзалликларни бунёд этган Устоз Мусаввирнинг Ўзи кўринмас, узун ва қора мўйқалами намоён бўларди, холос.
Бирдан Устоз Мусаввир бу беназир ижод намунасини йўқ қила бошлади. Яшиллик устига тортилган зим-зиё бўёқлар яшнаб турган гулларни сўлдирар, сайраётган қушларни нобуд қилар, оҳуларни сайёд ўқига дучор бўлгандай қулатар, тойчоқни ҳам ажал қаърига ирғитарди. Тоғлар ларзага келиб, қоқ иккига бўлинди, замин бағри ёнди, сувлар қуриди ва ҳамма нарса зим-зиё зулмат бағрида йўқ бўлди.
Бола уйғонди. Деразада оқариб келаётган тонг намоён, ҳамма нарса ўз ўрнида эди.
Бола улғайди. Бироқ бу туш, шу биргина рўё ҳеч қачон унинг эсидан чиқмади. Бу туш унинг келажагига дахлдор эканлигини англар, аниқроғи ғайриоддий идрок ила ҳис этарди бола. Шунинг учун у Устоз Мусаввирга тақлидан рассом бўлмоқчи бўлди. Орзусига интилиб, ўша тушида кўрган манзарани қайта-қайта қоғозга туширди. Бироқ ўз ижод намуналарининг ҳеч қайсисидан кўнгли тўлмади. Назарида бу чизмалар Устоз Мусаввирнинг суратига ўхшамасди. Капалаклар, гуллар, қуёш, умумий яшиллик – ҳамма-ҳаммаси жойида, бироқ бу суратларида унинг аслиятидан фарқли равишда руҳ, жон йўқ эди. Капалак парвози, гулларнинг нозик силкиниши, қушлар чуғури, мусиқа – мана шу нарсанинг йўқлиги бу суратларни жонсиз жасаддай қилиб кўрсатган эди боланинг кўзига. Шунинг учун бола бу ижод намуналаридан кўнгли тўлмади ва уларни Устоз Мусаввирга тақлидан йўқликка маҳкум этди. “Балки, У ҳам ўз суратларидан кўнгли тўлмагандир”, ўйлади бола. Кейин бу фикридан қайтди. Аниқроғи бу фикрига ўзи ишлонолмади. Чунки сурат жуда беназир санъаткорлик ила яратилган, уларда мусиқа, тасвир ва руҳ уйғунлиги мужассам этилган эди.
Бола бу тасвирларни сўз билан ифодалашга киришди. Зеро, сўзни “қудратли қурол”, дейдилар. У ўша тасвирларни қайта-қайта ифодалаб, шеърлар битди, ҳикоялар ёзди. Ёзганларида ўша тасвирларни жонлантирмоқчи бўлди. Бироқ бу ҳаракатлари-да ўзи учун бесамардай кўринди. Ёзганларидан ҳам унинг кўнгли тўлмади. Сўзда ҳам ўша нур, ўша руҳ жонланмас эди. Бу орада бола бир нарсани англаб қолди. Унинг кўнглида илмга туғма муҳаббат бор экан. Бирор китобни ўқиса, ниманидир, заррадек нарсани кашф этса ҳам, кўнглида ўша тушида кўргани – иситиб, жизғанак қилмайдиган, бироқ киши кўнглини ёритадиган қуёш нурлари порлагандек, капалак жилвалари товланиб, гуллар ифор сочгандай бўларди. Олам яшилликка тўларди, гўё. Бола илм орқали ўша тушнинг ҳақиқатига етиши мумкинлигини англади. Шу боисдан илмга қаттиқ меҳр қўйди. У барча илмларни бирдай ўзлаштирди. Бирини биридан ажратмади. Ҳамма илмларни ўқишга, улар замиридаги ҳақиқатни англашга ҳаракат қилди. Ҳеч кимга айтмаган эса-да ўша туш унинг хаёлидан ҳеч қачон фаромуш бўлмас, ҳар сафар нимадинидир англаса, недандир шодланса ёки хафа бўлса, қайдайдир фавқулодда хабар эшитса, ўша заҳотиёқ кўз ўнгида ўша сирли ва жозибали рўё пайдо бўлар ва қайта такрорланарди.
Бола ички бир сезим туфайли бу тушни ҳеч кимга айтиб бўлмаслигини, рўё қандайдир ришталар орқали унинг ҳаётига, тақдирига боғланганлигини, унинг тилсимини ҳам фақат боланинг ўзи еча олиши мумкинлигини ва шунга маҳкумлигини англарди. Балки унинг мақсади тушнинг таъбирига боғлиқдир. Бу мақсад йўлчи юлдуз бўлиб унинг йўлини ёритди. Ҳориган чоғларида умид машъали бўлди. Мана шу юлдуз йўлдошлигида, мана шу машъал чароғбонлигида у пойтахтга борди. Улуғ даргоҳлар толиби бўлди. Буюк инсонлардан таълим олди. Мақсадга етиш учун кечани қувват, кундузни имкон манбаи деб билди.
Бироқ бир куни… бир куни у кутубхонанинг гўзал ва салобатли биносидан чиқиб, чеккаларига ям-яшил чим босилган йўлакдан юриб келаркан, унга йўлда бир қиз учради. Қизнинг сочлари тим қора, кўзлари мовий, юзлари сутга чайилган каби оқ, кўйлаги эса пушти эди. Самода ҳам қуёшнинг сўнгги нурлари пушта рангга кириб, мовий осмондаги оппоқ булутларни ҳам пуштига бўяган эди. Бир дақиқа боланинг хаёли фаромуш бўлди. Шунда энди у бола эмас, йигит бўлганлигини ҳис этди. Бир лаҳза унинг кўз ўнгини пуштиранг туман қоплади. Дунё пуштирангга эврилди. Ўша кундан йигитнинг ҳаловати йўқолди. Қизни қидириб ўша кутубхонага бормаган куни, уни тополмай, ноумидлик чоҳига тушиб қайтмаган оқшоми қолмади. Хаёли фаромуш бўлди. Кўзига илм ҳам, ойдин келажак ҳам, ҳатто яхши ниятларининг ижобати бўлган ўша туш ҳам кўринмай қолди. Шу каби умидсиз оқшомларнинг бирида у яна туш кўрди.
… Ётоқхонаси каравотида ётган талаба йигит майингина жилмайиб ёнбошига ағдарилди. Унинг бу табассумида анчадан бери учратмаган қадрдонини кўриб қолган кишининг қувончи аксланганди.
Тушида у болалигида кўргани Устоз Мусаввир бу сафар полотнони –бўшлиқни пушти рангга бўяди. Пуштилик ичида гуллар барқ урар, дарахтлар япроқ ёзар, қушлар ҳушнаво овоз ила сайрар, пуштиранг нурлари ила эндигина шафақдан бош кўтарган қуёш гўёки унинг юрагида нур сочиб, порлаётгандай эди. Олислардан япроқлар шитири, гуллар силкиниши, капалаклар парвозининг ажиб бир уйғунлигидан ҳосил бўлган гўзал мусиқа инсон кўнглини ҳуш айлаб, уни бедор этишга чорлар, аниқроғи йигитнинг юрак дукури билан ҳамоҳанг тарзда садоланарди. Бу пуштиранг борлиқ ичида балқиб, яна сингиб кетаётган ҳамма нарса – қушлар, гуллар, оҳулар, тойчоқлар – ҳаммаси жуфт-жуфт эди ва ўша гўзал мусиқага уйғун тарзда бир-бирига интиларди. Шу уйғунлик ичида, унинг қалбидаги каби аланга сочаётган қуёш бош кўтараётган томонда пуштиранг либосли бир гўзал қиз бошидаги товус рўмолини ҳилпиллатиб, атрофга гул ифорларини таратганча, хиромон айлаб кела бошлади. Йигит унинг кимлигини юрак-юракдан ҳис этган бўлса-да, барибир унинг дийдорини кўришга ошиқди. Мана, қиз тобора яқинлашиб, унинг ҳузурига (у ўзини кўра олмас, фақат борлигини ҳис этарди) етиб келди. Йигит унинг упкардай майин қўлларини тутди. Хиёл бош буриб, жилмайган истиғносини ҳис этди.
Кейин эса… кейин яна ҳаммаси бирдан содир бўлди. Устоз Мусаввир мўйқаламидаги зим-зиё бўёқ ҳамма ёқни ва ҳамма нарсани вайрон қилди. Қушларнинг ини бузилар, полапонлар чилпарчин бўлганча нобуд бўлар, оҳулар, тойчоқлар, қушлар жон талвасасида жуфтини тарк этиб, ўзларини тўрт томонга уришар, лолазорлар ҳазонга айланар, азим дарахтлар гурсиллаб ерга қуларди. Ҳатто мовий осмон ҳам зулмат қаърига сингиб кетди. Бу талотўплар ичида гўзал қиз қаерга кетганлигини, аниқроғи қандай ғойиб бўлганлигини йигит англай олмай қолди.
Йигит бу сафар юраги ғаш бўлиб уйғонди. Бироқ бу ғашлик орасида аллақандай сафо ҳам бор эди. Сафо бугун ва эрта учун, ғашлик эса ундан кейинги кунлар учун аталганлигини англарди у.
Ўша куни у яна тасодиф туфайли ўша қизни кўрди. Тасодиф туфайли уларнинг йўли бирлашди. Балки бу тасодиф эмасдир. Балки файласуфлар айтганидек тасодиф умуман йўқдир. Ҳамма нарса ўша туш сингари мустаҳкам қонуният асосида амалга ошар. Яралиш, тараққий этиш ва вайрон бўлиш қонуниятига асосан.
Йигит у гўзални ҳар сафар кўрганида уларнинг йўллари туташ эканлигини англар, қиз билан ўзининг орзулари уйқаш эканлигидан ҳам ажабланмас, худди ҳаммаси шундай бўлиши керакдай эди. У қизнинг мовий кўзларига қараб тушидаги мовий тоғлар ва осмон эсига тушар, оппоқ юзига термулиб эртанги ойдин келажак хаёлига чўмар, бироқ қизнинг қоп-қора сочларига боқиб, тушидаги зим-зиё бўёқ кўз ўнгида жонланарди. Нега бундай бўлиши керак?! Нега бу ойдин келажак ваъда этган ойдин юзлар, поклик ва мусаффолик рамзи бўлмиш кўзлар, ишқ ва жон сўраб турган дудоқлар йўқликка – зулмат қаърига маҳкум бўлиши лозим?!
Йигит ўйлаб-ўйлаб бунинг тагига етмади. Аниқроғи тараққиёт ва таназзул қонуни билан ҳозир унинг муҳаббатга лиммо-лим юраги чиқиша олмас, ҳар иккиси ўз қонуниятига биноан ҳаракат қиларди. Тараққиёт ва таназзул қонунияти абадиятни кўзлаб, ўз йўлида бардавом эса, муҳаббат қонуни эса эртани ҳам хаёлига келтирмас, унинг учун бутун вақт ўлчовлари бугундан, мана шу дамдан иборат, дарди фақат ёр висоли ва хаёли, макони эса маъшуқ даргоҳи эди. Шунда у эртани ўйламасликка, шу бугун билан яшашга, ушбу дам билан нафас олишга қарор қилди. Қизга кўнгил розини айтди. Гарчи у гўзал ерга боқиб сукут сақласа-да, унинг ҳам кўнгли мана шу розга ошно, мана шу изҳорга ташна эканлиги билиниб турарди. Тез орада тўй бўлиб ўтди. Йигит дунёвий ҳою-ҳаваслар ва илму урфон орзусини йиғиштириб қўйиб, оила ташвишларига сингиб кетди. Устоз Мусаввирни ҳам, унинг бемисл санъати акс этган ўша тушларни ҳам унутмоқчи бўлди. Оддий инсон бўлиб яшашни мақсад қилди. Унинг ўзи кашф этган, ҳаётига ранг-баранглик бахш этган бу гўзалликдан токи зулмат уни йўқ этмагунча баҳра олмоқни хоҳлади. Шундан бошқа нарсани, ўй-фикрни, тасаввурни у бекор деб билди. Бозор айланиб, картошка, пиёз харид қилиш, бузилиб қолган бирор-бир рўзғор буюми, айтайлик дазмолни тузатиш унга олам-олам завқ бағишлар, аёлининг қозон қайнатиши, кир ювиши, дазмол қилиши бир муъжизадай туюлар, ҳали замон бу кунлар ўтмиш бўлиб орқада қоладигандай, бугун унинг қадрига етиши лозимдай иниқлик ва ҳаяжон билан қарарди бу кундалик юмушларга. Айниқса, оталик бахтига эришгач у бунга қайта-қайта иқрор бўлди. Илму-фанга қайрилиб қарамаслик учун ўз-ўзига сўз берди. У кўчадаги минглаб одамларнинг бири каби ҳар куни эрталаб ишга борар, кечқурун уйига қайтар, аёли ва ўғлига дунёларни бергудай бўлиб айланиб-ўргилар, овқатланар, телевизор кўрар ва ётиб ухларди. “Кўнглимдаги орзуларни қўзғатмасин”, деб хатто китоб ҳам ўқимасди. Лекин аҳён-аҳёнда тўсатдан бир фикр, қайсики, “наҳотки атрофимдаги мана шу миллионлар каби еб-ичиб, эртани кеч қилиб ўтиб кетаверсам”, деган фикр уни безовта қиларди. “Бу қандай даҳшат”! – қўрқиб кетарди у. Бу саволга жавобан эса унинг қалбидан “Йўқ! Мени ўзга бир, ҳеч кимникига ўхшамаган келажак кутмоқда!” деган жавоб келарди.
Шундай лаҳзаларда у Устоз Мусаввирни ва Унинг асарлари акс этган тушларни эсларди. Йигитнинг назарида бу тушлар гўё узилиб қолгандай, демакки уларнинг мантиқий давоми бордай туюларди. “Бир куни менинг бу осойишта кунларим ниҳоясига етади”, – ўйларди у ўз сезимларига ишониб. “Ўша кунинг келиши учун эса мен яна ўша тушларнинг давоми бўлмиш сеҳрли ва сирли, гўёки келажагим тасвири бўлиш рўёни кўришим керак.” Бир пайтлар у ишқ оташ-алангасида ёниб, эртани инкор этиб, шу бугун, шу нафас билан яшашага қарор қилганида бундай тушдан, у хабар берадиган муждадан қанчалик қочган бўлса, энди эса секин-аста ўзи билган-билмаган ҳолда бу рўёни интизор кутадиган бўлганди.
Шу зайлда ўн йил ўтди. Бир куни у кутилган ўша тушни кўрди. Тушида Устоз Мусаввир яна ўз ишини бошлади. Бу сафар у борлиқни сандал ранггига бўяди. Яна гулу чечаклар қулф уриб, олам гулистон бўлди, атроф яна қушларнинг чуғури-ю, сувларнинг шитири билан тўлди. У энди ўзини сарбаланд бир тоққа чиқиб кетаётганини ҳис этди. Йигит ҳеч қийналмай, тошдан тошга сакраб тоққа ўрлар, тоғ бағридаги боғлардан меваларнинг иштаҳани қитиқлайдиган ҳушбўйи ҳидлар таралар, дарахтлар ҳосилининг кўплигидан бошини оғир эгган куйи салобат билан сукут сақлашарди. Атрофда югуриб юрган беозор оҳулар ҳеч ҳуркмай уни юксакка кузатиб қўйишар, чўққида турган бургут эса уни кўргач, қанотларини кенг ёзиб, осмони фалакка парвоз этаркан, гўё уни ҳам парвозга ундарди. Йигит пастга қаради, шунда қуйида қанчадан-қанча одамлар унга нажот кўзлари билан қараб турганларини кўрди. Бироқ… яна бир марта учқур ва тик мўйқалам учидаги қора бўёқ ўз ишини қилди. Баландпарвоз бургут ҳам, ҳуркак оҳулар ҳам, сарбаланд тоғу, ундан нажот сўраб термулган одамлар ҳам зулмат қаърига сингиб кетишди.
У уйғонаркан, ошхонадан келаётган ҳушбўй исни туйди. Хотини нонушта тайёрларди, чамаси. Нариги хонадан эса ўғлининг ўйинчоқ машиначасини дудутланиб юргазгани эшитилди. Йигит осойишта кунлари ниҳоят якунланганини ҳис этиб, хўрсинганча ўрнидан турди. Уйига, ундаги жиҳозларга, аёлига, ўғлига ўзгача бир меҳр ва… соғинч билан қаради.
Йигит ишга борса, унга чет элга юборган бир гранти муваффақият қозонгини ҳақида хабар қилишди. Бошлиғи уни табриклиб, “Шу пайтгача бир чеккада юрганингизга ҳайронман, ахир Сиз туппа-тузук олим экансиз-ку” деди. Ўртоқлари, куни кеча уни назар-писанд қилмаган касбдошлари йигитнинг атрофида гиргиттон бўлишар, бу муваффақият нафақат ёш олим, блки бутун жамоанинг ютуғи эканлиги ҳақида жар солишарди. Олим бундай эҳтиросли қутловларни совуққонлик, гўё ҳаммаси шундай бўлиши керакдай хотиржамлик билан қабул қилди. Уйига борганида ҳам энди ҳаммаси ўзгарганлигини, уни кутишаётганлигини оҳиста, аммо қатъият билан баён этди. Аёли унсиз кўзёш тўкар, ўғли бир отасига, бир онасига жовдираб-жовдираб қарарди. Лекин улар “бизни ташлаб кетманг!” деб ялинишмади. Бунинг фойдаси йўқлигини билишди, шекилли.
Олим катта йўлга чиқди. У самолётда уммон ортига парвоз қиларкан, хаёлидан шу ўй ўтди. У одамларнинг оғирини енгил қилиш ниятида йўлга чиқди. Бу йўлда гарчи Ватанидан олисга кетаётган бўлса-да, унинг хаёлида биринчи навбатда ватандошларининг мушкулини осон қилиш вазифаси турарди.
У олис йўл юрди. Қатор кашфиётлар қилди. Ниҳоят, унинг иштирокидаги лойиҳа жаҳоншумул аҳамиятга эга ишни амалга оширди. Бу денгиз сувини чучуклаштиришнинг осон ва арзон усулининг амалиётга тадбиқи эди. Бироқ олим бу билан тўхтаб қолмади. Яна ва яна олдинга интилди. Олдинда уни бир бурчи очилиб, намоён этилган, лекин асоси ҳамон пинҳон бўлган келажак – интилашлар ва ютуқлар, кашфиётлар ва топилмалар олами кутарди. Бу интилишлар натижаси бесамар бўлмади. У қилни қирқ ёрар олим, алломаи замон бўлиб танилди. Муҳими, унинг ҳар бир кашфиёти, ҳар бир ҳаракати замирида кишилар оғирини енгил, мушкулини осон этишдай савобли амал намоён эди. Бироқ ҳали ҳам у ўша тушлар тилсимини туган ечолмади, унинг ҳикматларини бус-бутунлигича англаб етолмди.
Устоз Мусаввирнинг кимлигини, унинг бемисл санъатининг нимадан дарак эканлигини ангалган, бироқ бу санъатни зулмат бўёқлари нега хароб этишига ақли етмас, аниқроғи ўша қилни қирқ ёрган ақли тараққаиёт ва таназзул қонунияти билан ҳали-ҳамон келиша олмасди. У баъзида “Бу тушлар замиридаги ҳикматни англаб етармиканман, ёки англаб етмасдан ўтиб кетармиканман”, деб ўйларди. Ахир ёши бир жойга бориб қолди, вақт эса тўхтай демасди.
Олим ҳамон йўлда эди. Лекин айни пайтда қайтишга берилажак ишорани кутиб, сўнгги ишларини санаржом қила бошлади.
Сўнгги кашфиёти амалиётга жорий этилган куни у интиқиб кутилган тушни кўрди. Тушида у яшил боғлар ичида ўйнаб юрган тоза қалбли болакай, юрагида гулгун ҳислар гуруллаб ёнган ошиқ, илму урфон йўлида умрини бахшида этган толмас олим бўлган чоғлари лаҳзада кўз олдидан ўтди. Шунга мос равишда полотно – борлиқ ранги ҳам ўзгара борди ва ниҳоят у оппоқ тусга кирди. Ўша тушлар, ўша ранглар яхлитланиб, оппоқ ранг ҳосил қилди. Замину осмон, тоғу қирлар оппоқ тусга кирди. Бу оқлик узра самодан турли хил нақш ва жилвадаги паға-паға лайлакқорлар ёғар, уларнинг нақш ва жилвалари инсон кўзига кўрингудек катта-катта эди. Бу оқлик узра тушган қуёш нури камалак рангларни сепиб, оқликнинг турли жилоларини намоён этарди. Оқлик узра яна ўша оҳулар, тойчоқлар, йўқ-йўқ тулпорлар бир-бирларига алланечук маъюслик ва ҳорғинлик билан кўз тикишарди. Соч-соқоли оқарган мўйсафид Устоз Мусаввирнинг навбатдаги санъаткорлигига ҳайратда қолганча оқликка термуларкан, ҳув олис-олисда, орқада одамлар унга кўз тикиб турганликларини англаб қолди. Ортига қараса – аёли, уни шунча йиллардан бери интизор кутган вафодори, ўғли – ёнган чироғи, дўсти ёрлари, яқинлари унинг йўлига қараб туришарди. Мўйсафид уларга томон юрди. Улар ҳам мўйсафиднинг истиқболига интилишди. Бир-бирларига етай деб қолганларида… Устоз Мусаввирнинг қора бўёғи ишга тушди. Замину осмон остин-устун бўлди…
 “Наҳотки… дийдор қиёматга қолади?!” – ўйлади мўйсафид чўчиб уйғонаркан. Ва ўша куниёқ сафар тадоригини бошлади.
Ватани, оиласи бағрига эсон-омон қайтган мўйсафид оёғидан дармон, белидан қувват кетаётганини ҳис қилди. Яқинларини йиғиб рози-ризолик айтди. Тупроқ ҳидлари уфуриб турган ҳовлисидаги супада – ўлан тўшагида ётаркан, хаёлан Устоз Мусаввирга мурожаат қилди:
-Наҳотки, тилсим остидаги ҳикматингни англолмай ўтиб кетсам?! Унда менга қилни қирқ ёрувчи олимлик даъвоси нега даркор эди?! Наҳотки армон билан кўз юмсам?! Шунча кишининг мушкулини осон этиб, сўнгги лаҳзада ўзимнинг оғиримни енгил қилолмайманми?!
Мўйсафиднинг кўзларидан оқиб тушган икки томчи ёш юзларидаги ажинлар юзалаб, оппоқ соқоли ораларига сингиб кетди. У кўзларини юмган лаҳзадаёқ уни ҳаётга рағбатлантирган, сафарга даъват қилган, ўзлигидан кечиб ўзлилига етишга ундаган тушларнинг, умрининг тўрт фаслида кўрган бир бутун тушларнинг тилсими ечила бошлади.
Тушлардаги ҳар бир ҳолат Яратганнинг айнан унга аталган туҳфаси эканлигини, бу туҳфа Яратгандан ҳар бир бандасига қай йўсинда бўлсин инъом этилишини англаб етди у. Лекин бу туҳфани кимлардир қабул қилади, кимлар эса – йўқ.
Тараққиёт бор экан, таназзул ҳам бўлмоғи аён эди, бу Яратганга интилишнинг қонунияти эди. Агар унинг болалигидаги воқелик йўқликка юз тутмаганда у ошиқ йигит, кейин эса алломаи замон бўла оламиди?! Албатта йўқ! Ниҳоят унинг Яратганга етишиш онлари яқинлашган, бу эса кўплар ўйлагандай таназзул эмас, балки камолот эди!
У англаб етди! У умр бўйи излаган нарсасини сўнгги дақиқада топди! Бу Яратганнинг ҳар бир бандасига айтгувчи сири эди. Сирни эса сирдошдан бўлак ҳеч ким билмаслиги керак! Шунинг учун у кўнгил амрига бўйсуниб, бу синоатни ҳеч кимга айтмади. Унинг кўрсатмаларига бўйсунди ва адашмади. Бу Тангрининг ҳар бир бандасига очадиган хос сиридар. Зеро, Яратган билан ҳар бир бандаси ўртасида бошқаси англолмайдиган сир, бошқаси кўролмайдиган робита бўлади. Фақат бу сирни, бу робитани кимдир ангаб етади, кимдир эса йўқ. Англаганлар унинг йўлига, тақдирига бўйсунганлар мақсадга эрашадилар. Шукурки, мўйсафид буни англаб етган бандалардан бўлди. Гарчи унинг асрорини умри поёнида ангаш насиб этган бўлса-да умр бўйи ўша йўлдан – Тангри унга бахшида этган сирли ҳаёт йўлидан чалғимади…
У ўғлини чақирди ва унга икки оғиз васият қилди:
– Мендан кейин… онангни эҳтиёт қил! Маъракаларимда бадбадага берилма…
Йигит кўзидаги ёшни отасига кўрсатмаслик учун “маъқул” дегандай бош эгди.
Мўйсафиднинг кўзи олдида Устоз Мусаввирнинг мўйқалами жонланди.