Хосият момо бу йил икки кам юзга чиқади. Лекин ҳали бардам, ғайратлигина. Саҳар ўрнидан туриб бомдоддан сўнг, ҳовли юзи – чорвоғни айланади. Айлана-айлана ичида дуо ўқийди. Қадди букилган мевали дарахтларга айри қўяди. Йўлак остидаги тошми, кесакками кўзи тушса, ҳассаси билан туртиб-туртиб,чеккага опчиқиб ташлайди. Кейин аста уйига қайтади. Невара келинларининг энди тураётганлигини кўриб, жаҳли чиқмайди: булар ёш-да ҳали, уйқуга тўймайди.
Уйи ҳовлининг бурчагидаги кичкина хона. Ичидан зах аралаш қалампирмунчоқ ичи келади. Тўрда тахмон, икки ёнида токча. Тахмонда кампирнинг кўрпа-ёстиқлари йиғувлик туради. Ерда кигиз тўшалган. Унинг таги аввал хас бўларди. Бултур неваралари қўярда-қўймай пол қилиб беришди. Поли қурмагур яхши-ю, аммо одам сирпаниб кетиши бор экан. Кампир икки марта сирпаниб йиқилишига оз қолган. Яхшиям икки мартаям кичкина келин ушлаб қолди.Шу невара келини яхши чиқди-да, ҳолидан хабар олиб туради. Барака топсин.
Тахмон тепасидаги михда нон осиғлик. Бир тишланган нон. Маҳкамбойнинг насибаси. Тахмондаги сандиқда онанинг бисоти бор – ўлимлиги. Чап томондаги токчада қанд-қурс бор, чеваралари кирса, баҳоли қудрат ушатиб беради. Гоҳида шўх чеваралари қутини қоқлаб қўйишади. Ўнг токчадаги қутида эса учбурчак қилиб тахланган, сарғайиб кетган хатлар бор: Маҳкамбойдан келган. Гоҳида чевараларни чақиртириб ўқитади. Ўқитиб-ўқитиб, йиғлайди.
Хосият она тўққиз фарзанд кўрди: тўрт ўғил, беш қиз. Ўғилларнинг учтаси урушга борди. Иккитаси майиб-мажруҳ қайтиб келди. Шунисигаям шукур. Бироқ тўнғичи Маҳкамбойдан ҳалигача дарак йўқ…
Хосият момо уйига кириб, бироз дам олар-олмас, кенжа келин Манзурахон кирди:
— Бувижон, юринг, чой тайёр.
Она узун, кенг ёқали, кўйлаги устидан бахмал нимчасини кийди. Бошига оқ қарс ёпинди.
— Келинг, аяжон, — келини Рухсатой кампирнинг қўлтиғидан олиб супага чиқарди.
— Шунга бир зинапоя қилиш керак экан-да, — деди ўртанча невара Усмонжон.
— Вой, худойим-эй,— оғир тин олди кампир. — Қариб қопман, болаларим… кейин туйқус маъюс тортади. – Маҳкамбойим келгунча кетиб қолмасам гўрга эди.
Чойдан сўнг хамма иш-ишига кетади. Рухсатой билан Хосият кампир уйда колишади. Ҳа, ҳозир Манзура келин хам уйда. Эмизикли боласи бор.
Манзура келин овқат килади. Хосият она Рухсатой билан жужуққа қара-аб ўтиришади. Шунда Хосият она зерикади. Ҳассаси билан бир-бир босиб тағин чорвоққа ўтади. Мевалардан битта-яримта шохидан узиб олиб ейди. Рухсатой билан Манзура келингаям илинади. Мактабдан қайтган неваларини қистайди:
— Боққа ўтиб мева есаларинг-чи. Бирам пишган-ки, жониворлар…
Урушдан са-ал бурун, олма пишиғида эри дунёдан ўтди. Хосиятой тўққиз бола билан чирқиллаб қолаверди. Бошга тушганни кўз кўрар экан. Хосиятой колхозда ишлади. Ғўза чопди. Пахта терди. Буғдой ўрди. Кечалари бировга камзул тикди, бировга нимча. Болаларининг етимлигини билдирмади. Қизларни жой-жойига қўйди. Ўғилларни уйлади. Бироқ, Маҳкамбойдан дарак бўлмади. Ўшанда бир-икки кайвони қариндош «аза очайлик», дегандай қилишди. Хосиятой асти рози булмади. Кўзидаги ёшини артиб ташлади. «Соппа-соғ жўнатган боламга қандай аза очаман», деди. «Болагинам тирик, бир куни келади», деди.
Неваралар туғилди. Катта бўлди. Улар ҳарбийга кетса, Хосият хола юрагини ҳовучлаб турди. Хайрият, ҳаммаси соғ-омон қайтди. Лекин… Маҳкамбойдан дарак юк… Ўшанда… ҳув, уруш пайтида бир бўлак қоғоз келувди «бедарак йўқолди» деган. Шу-шу бошқа хабар йў¦қ.
Кенжасини уйлантирган йили болалар гап топиб келди. Ўрда хиёбонида урушга қатнашганларнинг номи ўйиб ёзилган девор тикланибди. Деворнинг тагида ердан олов чиқармиш. Ўша олов ҳеч ўчмасмиш. Ўша девор ичида… Маҳкамбойниям оти бормиш.
Хосият момо эгнига камзулини кийиб юлга тушди. Ўрдага борди. Айтганлари чин экан. Тошдан ишланган уч ҳайкалнинг ўнг ёнбошида узу-ун, тик девор. Унда жуда кўп нималардир ёзилган. Ерда эса беш юлдузни ичидан олов чикаяпти. Ҳеч ким йў¦қ. Хиёбон ичи сукутга чўмган. Хосият момо ерга ўтирди. Йиғлади. Айтиб-айтиб йиғлади:
— Аягинанг ўлсин, Маҳкамбой! Қаэрларда юрибсан, болагинам?! Дийдорингни бир кўрармикинман, ё армонда кетармикинман, болажоним…
Йиллар ўтди. Беш қизнинг иккитаси қазо қилди. Тақдир экан. Бир ўғил ҳам дунёга сиғмади. Хосият момо болаларига кўп куйди. Бироқ, тез орада ўзини тутиб олди.
— Маҳкамбойни бир кўрмай, қандай кетаман,— деди ўзига ўзи.
Хосият момонинг кўзи ҳали равшангина. Келини Рухсатой тикиш қилса, ипини ўтказиб туради.
Уйида сим радио бор. Кампир ўшани эшитишни яхши кўради. «Маҳкамбой ҳақида ҳеч нима демасмикин?» деб қулоқ солади. Момо телевизорни ёмон кўради. Нуқул ўрисча гапиради. Сочи сариқ қизлар этаги қирқилган кўйлак кийиб, яхда сирпанишадими-эй, бир тўда болалар тўпнинг орқасидан югурашидими-эй… Бошқа қиладиган ишлари йўқдай. Гоҳида қизлари онани уйларига опкетишади. Она барибир уларникида бир кечаям ётолмайди. Бунинг иккита сабаби бор. Аввало, Маҳкамбой келиб қолса, болалар яхши кутиб олармикин, деган андиша бўлса, иккинчиси телевизор. Бир куни ўртанча қизиникида она-бола гаплашиб ўтиришганди. Бирдан чироқ ўчиб қолди.
— Ана уни ёқиб қўй, Тўхтаой,— деди она қизига.— Ўлсин, ўрисча гапирсаям ёруғида ўтирамиз.
Шунда неваралар роса кулишди. Кула-кула телевизор деганлари чироқ бўлмаса ишламаслигини, оддий бир қутига айланиб қолишини тушунтиришди.
Кейинги пайтда дарвозани таққиллатиб, нарса сотиб юрувчилар кўпайди. Чойнак–пиёла, пайпоқ-сайпоқ сотишади. Яшаш қийин бўлаётганлигидан, маошлари етишмаслигидан нолишади. Она уларга чой тутади. Чой баҳона насиҳат қилади. Шукур қилишнинг хосияти ҳақида, бурунги кунлар ҳақида гапиради. Гоҳида улардан майда-чуйда буюм олади. Пайпоқ, майка деганларидай. Уларни сандиғига солиб қўяди. «Маҳкамбой келганида бераман», дейди.
Олмалар ғужғон гулга кирган авжи кўклам палласи эди. Радиода овоза тарқалди: ғалабага олтмиш йил бўлибди.
— Шунча йил ўтипти-я,— ўйлади Хосият кампир. — Худди куни кечагидай. Йигитлар келишди гуррас–гуррас. Шаҳару қишлоқлар тўлиб қолди. Бироқ соғидан бемори кўп. Бировининг қўли, бировининг оёғи йўқ. Лекин ҳеч бири ногиронлигини пеш қилмади. Бариси тер тўкиб ишлади. Қолган умримиз фойдага қолди, деб ишлади улар. Худога шукур қилиб ишлади. Эсида, икки қўли йўқ бир қўшниси бозорқўм бўлиб, қанча меҳнат қилди. Чайқовчиларни бозорга яқин йўлатмади. Шунгаям олтмиш йил бўпти-я…
Хосият она Манзура келиннинг кичкинаси Шодмонжоннинг бешигини тебратиб ўтирар, уйда қайнона-келин манти қилишаётганди. Эшик таққиллаб қолди. Хосият она бошидаги қарсини тўғрилаб, ўрнидан тургунича, ошхонадан чопқиллаб келган Манзура келин эшикни очди.
Дарвозадан паст бўйлик, ҳаво иссиқ бўлса ҳам қоп-қора костюм-шим кийган ранги захил киши кирди. Манзура келин салом берди.
— Хи, так… волайкум… Хосият онанинг уйи шуми?— сўради у остонада тик турганича қўлидаги дафтарини бир очиб кўриб.
— Ҳа, ҳа, келинг. Мана шу киши бизнинг бувимиз Хосият она бўладилар.
Меҳмон юзидаги ажинлари қават-қават, сочларининг қорасидан оқи кўп бўлса ҳам, нимаси биландир ёш болага ўхшарди. У супанинг четига омонатгина ўтирди. Сўнг яна сўради:
— Хосият она сиз бўласизми?
— Ҳа, айланай… – кампир меҳмон билан сўрашди. Ота-онаси , бола-чакаси, ҳовли-жойини сўради. Меҳмон «раҳмат, раҳмат» деб ўтирди. Кейин киссасини кавлаб, хизмат гувоҳномасини чикарди.
— Мен вилоят газетасиданман. Тегизбой Эшонбердиэв.— Кейин бирдан кампирнинг саводи йўқлигини эслаб қолди шекилли, қизил гувоҳномани Манзура келинга кўрсатди. Манзура келин бошини қимирлатиб қўйди.
— Келинг, айланай,— деди Хосият кампир. – Сиз, болам, дарров, чой…
Манзура келин ошхона томон йўналди.
— Иккинчи жаҳон уруши тугаганига 60 йил бўлди.
— А… ҳа, уруш тўхтаганигами … шунча вақт ўтибди, болам,— деди кампир мухбирнинг гапларига зўрға тушуниб. Кейин ўйлади: «Ҳалиям радиёл эшитганим. Бўлмаса бунинг нима деганини тушунмасдим.»
— Ҳа, — деди мухбир ижирғилангандай, кейин дафтарини яна бир очиб кўрди. – Шу уруш йиллари ҳақида гапириб берсангиз… Газетамизга ёзамиз.
— Урушни нимасини гапираман… Номи ўчгур урушга бормаган бўлсам…
Бу орада Манзура келин келди. Дастурхон ёзди. Чой – нон, ширинлик қўйди.
— Ҳой, болам, Сиз ўтиринг,— деди кампир невара келинига. Кейин мухбирга юзланди:— Яқинроқ ўтиринг, ўғлим. Нонга қаранг.
Мухбир зўрға бир ҳўплам чой ичди. Она уни дастурхонга қистай-қистай уруш йилларидаги воқеаларни айтиб берди:
— Эркаклар урушга кетган, болам. Ўзимиз қўш хайдаб, экин экардик. Мола босардик.
Мухбир гапларни норозидай эшитди. Бирортасиниям дафтарига ёзиб олмади. Охири :
— Энди…— деди— онахон, уч ўғлингиздан биттаси урушдан қайтмаган экан. Иккитасиям ногирон бўлиб кепти.
Кампир индамади. Мухбир давом этди:
— Ногирониям, майли… қайтмаганини айтинг. Масалага давримиз кўзи билан қарайдиган бўлсак, улар хато ғоя, хато мафкура қурбони бўлган-да, тўғрими?
— А?— она тушунмаганиданми, ё ҳайратданми, анграйиб турар, юзидаги ажинлар ҳам текисланиб кетгандай эди.
Манзура келин бир бувисига, бир мухбирга қарарди.
— Мана, тушунмаяпсиз-да, онахон,— мухбир қўлидаги дафтарни ёнига қўйди. Супага яхши жойлашиб олиб, жон куйдирганича тушунтира кетди:— Гитлер бизнинг юртимига бостириб келмаган эди-ку. Бизнинг мустамлакачиларимиз билан урушаётган эди-ку. Қўявермаймизми, бир-бирини емайдими, улар? Бизнинг гуманистлигимиз бошимизга бало. Қиличдай йигитларимизни қурбон қилганимиз етмагандай, етимларини боққанмизми-эй?… «Сен етим эмассан», деб шеър ёзганмизмиэй?… Эй, ўша пайтда бизнинг халққа онг етишмаган-да, онг. —Мухбир шундай деб қўлини силтади. Кейин яна онага қаради: — Бу фикрга Сиз нима дейсиз, онахон? Ўтмишнинг эмас, бугуннинг кишиси, мустақил юртнинг фуқароси сифатида нима дейсиз? Фарзандини беҳуда қурбон берган она сифатида қандай муносабат билдирасиз?
Хосият она бошини эгди. Чуқур хўрсинди. Кейин мухбирга қаради. Унинг кўзлари ёшдан хира тортиб кетган эди.
— Гапларингизга тушунмадим, болам. Нималар деяпсиз, менинг Маҳкамбойим ҳали ўлгани йўқ. Эрта-индин келиб қолади, кўрасиз.
Момо ортиқ гапиролмай, ўпкаси тўлиб жимиб қолди. Сўнг аста-секин ўрнидан қўзғалиб, Манзура келини ёрдамида ичкари кириб кетди.
Мухбир унинг ортидан ҳангу-манг қараб турар эди: «Об-бо-о, кампирнинг эси ҳам кирарли-чиқарли бўб қолибди-ю…»
Хосият момо уч кун тўшакка михланиб қолди. Бола-чақаларини йиғиб, ризолашган бўлди. Сўнг кечга яқин тепасида осиғлиқ турган нонга – Маҳкамбойнинг насибасига термулиб жон берди.