Қўнғироқ чинқириғидан уйғониб кетдим. Соат энди беш ярим бўлганди. Телефонимни ёқдим. Ҳеч ким қўнғироқ қилмабди. Рост-да, ким ҳам мени тунда безовта қиларди? Танишлар, касбдошлар учун бу вақт кеч ҳисобланади… Ўзим ҳам қизиқман-да… Тез юзимни ювиб келиб, тикишга ўтирдим. Кечаги “буюртма”ни битиришим керак. Ҳар қалай бир сўм, икки сўм… Машинани тақиллатмасликка ҳаракат қилиб, тикишни бошладим. Келин кеч ухлаган. Бир эмас, иккита ёш боласи бор, ахир. Ярим соатлар тикувдим, ҳовлидан супургининг “шип-шип”и эшитилди… Соат етти яримда ўрнимдан турдим. Кўйлак битганди. Ёқалари, енглари каштали, ялтироқ келинлар кўйлаги. Қимматбаҳо матодан. Жуда чиройли чиқибди. Ичимдаги хўрсиниқни аранг босдим.
Дераза орти каттагина боғ. Дарахтларнинг оқ-пушти гуллари бир-бирига қўшилиб, бирам гўзал манзара ҳосил қилгандики… Шафтоли гулининг бўйлари ўша ёқдан туриб ҳам кишини маст қиларди. Болалигимдан баҳорни яхши кўраман. Бир пайтлар баҳор чоғлари ўша боғдан бери келмасдим. Ҳозир бундай сайру томошаларга вақт қаерда дейсиз?! Бир лаҳза маҳлиё бўлиб қолдим. Ичкаридан укамнинг овози қаттиқ-қаттиқ эшитилди:
– …Қари қизиз соат тўққизгача ётади-ю, менинг хотиним ҳаммадан вахли туриб, ҳовли супуриши, чой дамлаши керакми? Турсин ўрнидан уям. Энди ўн саккиз яшар қизмас. У тенгиларнинг боласи мактабга бораяпти. Ҳеч бўлмаса чойини ўзи дамлаб ичсин заҳрига!..
Нимадир тарақлади. Дадасининг овозидан кичкина жияним йиғлади. Келиним уни овутди:
– Вой, айланай, бўлди, бўлди… Даданг сани уришмаяптилар…
Аямдан садо чиқмади. Ортимга қайтдим. Мактабда бирор нима еб оларман…
Бугун олти соат дарсим бор эди. Нонушта қилишгаям, тушликкаям улгуролмадим. Дарсдан кейин буфетга кирсам, ҳеч нарса қолмабди. Секин-секин уй томон судралдим. Авваллари уйда мени бир мўъжиза кутиб тургандай, ошиқардим. Йиллар ўтгани сари қадамларим сустлашгандай. Баҳор сабоси юзимни сийпалаб ўтди. Кўчада ҳам дарахтлар чаман бўлиб гуллаган. Лекин йўловчилар бунга бепарво, шаҳд билан кўзлаган манзиллари томон ошиқишади. Кўпчилик ишдан уйига қайтмоқда. Ёнимдан иккита боласини боғчадан олиб, қўшни келин ўтиб қолди. Дарси эрта тугаган шекилли бозорлик қилишгаям улгурибди. У билан бир мактабда ишлаймиз. Бошланғич синфларни ўқитади. Яхши аёл. Қўлидаги юки оғирлигини билиб, уни чақирдим.
– Тўхтанг, Мавлуда. Қўлингиздагини менга беринг.
– Ҳа, йўғ-а, қўйовринг, Рухсора опа, – деб жилмайди келинчак.
– Беринг, иккита бола билан қийналасиз, ахир.
– Раҳмат, – деди у, кейин сўзсиз юриш ноқулай бўлдими, гап бошлади:
– Бозорда юрувдим, дадаси телефон қипқолдила. Ишдан кеч қайтаман, болаланиям опке деб.
– Ҳа.
– Икки бола билан ишлаш қийин экан. Ҳали униси касал бўлади, ҳали буниси. Ҳали униси хархаша қилади, ҳали буниси.
– Ҳа.
– Лекин ишламасангизам, уйдан чиқмай қоларкансиз. Ўзизга қарамай қўяркансиз. Шунинг учун ишга чиқдим… Дадаси аввалига рози бўлмадила.
– Ҳа, – зўр-базўр жилмаяман.
Йўлда қўшнимизга келин бўлган синфдошимнинг уйи бор. Ўзи чиқиб қолса-я, деган хавотир аралаш ерга қараб ўтдим. Хайрият, чиқмади. Қизчаси пақирчада сув сепаяпти. Бир ўрим сочи тебраниб қўяди. Калта кўйлакчаси шабадада ҳилпирайди. Ўғли футбол ўйнаяпти. Бақириб-чақириб, терлаб-пишиб тўп тепаяпти. Болаларини кўриб, унинг саргузашти эсимга тушиб кетди. У мактабни битирган йили бир йигит билан севишганди. Ота-онаси ўзларига тенг кўрмай, йигит юборган совчиларни қайтаришди. Лекин синфдошим севгисига содиқ бўлиб, ўша йигит билан қочиб кетди. Институтга эндигина кирганди, ўқишиниям ташлади. Тўғри қилган экан. Мана энди тўрт боланинг онаси бўлиб ўтирибди.
Ундан кейинги ҳовлида маҳалламиз “кўз-қулоғи” туради. Кимнинг келини ҳомиладор, кимнинг қизи аразлаб келган, ҳаммасидан хабардор. У Мавлудадан эри-ю қайнона, қайнотасини, ўзининг ота-онаси-ю, ёнидаги бола-чақаларини обдон сўраб бўлгач, менга истамайгина кўз ташлади.
– Сен яхшимисан, аянг яхшими?
– Ҳа.
Ёнидан ўтарканман менга ачингандайми, жиркангандайми қараганини, ҳатто Мавлудага ғалати ишора қилганини кўриб қолдим. Унинг учта қизи, икки ўғли бор. Катта ўғли менинг синфдошим. Алоҳида уйда яшайди. Кичик келини ўзи билан бирга. Уч қизи бор, иккитаси гап-сўз билан тўй бўлганини эшитгандим. Иккаласи ҳам тиниб-тинчиб кетишди, шекилли.
Уйга кирсам, опамлар келишган экан. Кўришиб бўлгач, уларнинг ёнига ўтирмадим. Укамнинг эрталабки гапи эсимга тушиб, келин билан бирга хизмат қилдим. Ошхонада жиянларимнинг “вағир-вуғур”и билан келиним икковимиз тамадди қилган бўлдик.
Хонамга кирсам, мен эрталаб тикиб қўйган кўйлак жойида йўқ, эгаси олиб кетган ҳойнаҳой, уйқуга ётдим.
Эрталаб яна телефон соати чинқириғидан уйғондим. Тез туриб, кўча эшигини очдим. Ҳовлига сув сепдим. Келин турганча супуриб қўйдим. Яна тикишга ўтирдим. Бугун бир ҳамкасбим учун замонавий фасондаги костюм-юбка бичдим. Эри аллақандай катта жойда амалдор. Бир ўғил-бир қизи бор. Бирни кийиб, бирни ечади. Қайғу-ғами йўқ… Мактабдаям эрмакка, кунини ўтказиш учун ишлайди. Либосни бичдим-у, тикишга улгуролмадим. Соат етти бўлаётганди. Ошхонага бориб, нонушта тайёрладим. Аям ўрнидан туриб келди. Бечора аямнинг юзидаги ажинлар кечагидан-да кўпайгандай кўринди кўзимга. Сут пишириб, олдига қўйдим. Нон тўғраб ея бошлади.
– Ая, кўйлакни эгаси обкетдими? – деб сўрадим ёнига ўтириб.
– Қанақа кўйлак? Э, ҳа, анави ялтироқми? Ҳа, обкетди.
– Ҳмм…
– Пулига мой обкелдик, уйда мой қомаган экан.
– Ҳа… – дамим ичимга тушиб кетди.
Ҳар сафар шундай бўлади. Менинг буюртмам битишига уйда нимадир тугаб туради.
Нонушта қилиб бўлгунимизча ошхонага укам ҳам, келиним ҳам киришмади. Идишларни ювиб қайтаётганимда, укамнинг уйидан келинимнинг овози эшитилди:
– Келин бўлиб тушганимга тўрт йил бўлди. Битта узук оберганиз йўқ. Иккита қўчқордай ўғил туғиб берганимга раҳматиз шуми?! Одамларни эрлари ҳар байрамда тилла совға қилади. Туғса-ку, комплектлар оберишади… Мен билмайман, оберасиз шуни!
Орада укамнинг ғўнғиллагани эшитилди. Жияним йиғлади. Келиним боласига “эй, ўчир-эй”, деб давом этди:
– Жуда бўлса, ўша меҳрибон опангиз бир ой маошини рўзғорга берар. Нима, фақат Сиз уни боқишиз керакми? Уям қарашсин-да, текин еб ётавермай.
Хўрлигимни аранг босиб ичкарига кириб кетдим. Аммо келиннинг баланд овози бу ерга ҳам баралла эшитиларди:
– Эрга тегиб кетмайдими энди, ўў-ўтиравермай? Иззати битмадими? Йўқолса, хонасини болаларга берардик. Иккита бола билан икки хонада яшаш жонга тегди…
Зумда кийиниб, пардоз ҳам қилмасдан, кўчага югурдим. Мактабга борарканман, келинимнинг сўзлари қулоқларим остида жарангларди.
У чекка қишлоқдаги узоқроқ холамизнинг қизи. Отаси йўқ, анча йиллар аввал вафот этиб кетган. Мактабни битирганидан кейин, онаси менга шогирдликка олиб келганди. “Айланай, биз буни катта ўқишларда ўқитолмаймиз, сизларга ўхшаб. Ҳеч бўлмаса, бир ҳунар ўргансин”.
Ўша йили укамни уйлантириш ташвишида эдик. Уятчан, камгап, меҳнаткаш қизлиги учун мен келинликка тавсия қилгандим уни. Янги келинлигида бирам яхши эди. Қўлимни совуқ сувга урдиргани қўймасди. Мен тикиб берган ялтироқ кўйлакларни кийиб, “опажон-опажон” деб бир гапириб, ўн куларди.
Болали бўлиб, туғруқхонадан келгач, уйига кирдим. Жиянимни бир кўрай деб қўл узатсам, чақалоқни зўрға қўлимга берди. Ўшандан бери муомаласи кундан-кунга совиб боряпти.
Тўрт соат дарсим бор эди. Тугатиб, уйга бордим. Келинимнинг қовоғи шишган, онам маъюс. Нима бўлган бу уйга ўзи, ҳаммалари бир бўлиб йиғлашганми? Қўлимни ювиб келиб, сўрига – онамнинг олдига чиқдим. Келиним бир лаган ошни “тақ” эткизиб, дастурхонга қўйди-да, ўзи ўтирмай, кетиб қолди. Совуган чой билан ош едим. Нимагадир юрагим безиллади. Ойлик олмадингми, деб сўради онам.
– Йўқ, ҳали вақт бор-ку.
– Тезроқ олганингда яхши бўларди. Бозорликнинг баракаси учиб турибди. Бу ёқда унниям таги кўриниб қолди. Укангни боласи касал бўлганида бировдан қарз олган экан. Шунинг учун…
– Яхши, – дедим гапни калта қилиш учун. – Эрта-индин ойлик берар. Ё бўлмаса, тикканларимдан тушиб қолар…
Онамнинг чеҳраси очилди.
Ойлик маошга ҳали эрта бўлса-да, эртаси куни аллақандай умид билан мактаб кассасига бордим. Кассиримиз Умрзоқ ака “ҳеч гап йўқ” деб икки қўлини ёйди. Йўлакда аёл ўқитувчилар гаплашиб туришган экан. Тарихчи ҳамкасбим Салтанат опа менга қараб сўз қотди:
– Ойликдан хабар олгани келувдийзми, айланай?
– Ҳа.
– Сизга ойликнинг нима кераги бор экан, – деди у бошимдан оёғимгача разм солиб. Индамадим.
Бу аёлнинг Алининг аламини Валидан олиш одати бор. Ҳозир болалар дарсини эшитишмаган ёки гап қайтаришган шекилли, менга ёпишаяпти.
– Бизга ўхшаб уч-тўртта болайиз, эрийз, рўзғорийз бўлмаса. Бир бошийиз, бир ўзийиз. Бунинг устига тикиш қилиб, пул топсангиз. Шунча пулни нима қиласиз?..
Гапини эшитмасликка олиб, тез-тез юриб кетдим. Ёнидаги ўқитувчилар “Ҳай, опа”, “Об-бо, бекор қилдийиз” деб қолишди.
– Ҳа, нима, рост-да. Тавба, бурнидан баланд гапиролмайми? Шунинг ёнини олишларингни-чи?..
Салима опа бир ярим ставка дарс беради. Ярим ставкасини директор билан уришиб-талашиб олган. Эри амалдорнамо. Уйида битта келини бор. У ҳам бекор ўтирмай, уйининг олдида “бозорча” қилади. Шунга қарамай, нуқул пулга зориқиб, норозиланиб юради.
Уйга келиб, буюртмаларимнинг пулларини онамга олиб чиқиб бердим. “Бир-икки кунда ойлик бераркан, унгача етиб турар”, дедим. Онам пулни индамай олди.
Бугун ҳаво биллурдай тоза, чертсанг жаранглайдигандай. Ҳавонинг лаҳзадаги ўзгаришидан кайфиятим ёришиб, кундузги дилхиралик ёдимдан кўтарилди. Онам мени кутиб ўтирган экан, шекилли, хонасидан чиқиб, мен билан ошхонага юрди. Укамнинг хонасидан келинимнинг жиянларимга бақиргани эшитилди. Онам ошхонага бориб, овқат иситиб, чой дамлаб берди. Анчадан бери бундай қилмасди, ҳайрон бўлдим. Ёнимга ўтирди, кеч қолганимни сўради. Ҳайронлигим ошди. Тафтишчилар келаётгани сабабли кечга қолганимни айтдим. Онам овқатланишимга завқ билан термулиб туриб секин гап бошлади:
– Сени бугун яхши бир жойдан сўраб келишди.
Онамдаги ўзгаришнинг сабабини энди тушундим. Тўғриси, ҳаяжонландим. Чунки бундай гапларни эшитмай қўйганимга анча бўлганди.
– …Ким экан?
– Ўзи қўшни маҳалладан. Тошкентдаги катта ўқишларда ўқиб, шу вақтгача уйланолмаган экан. Ўзимга мос, ўқимишли қизни оламан, ўқитувчи бўлса яна яхши, дебди. Шунга… сени… Нима дейсан?
– Билмадим, – дедим ўн саккиз яшар қизлардай уялиб, – ундай одамни кўрмаган бўлсам, танимасам…
– Тўғри айтасан, биз ҳам шундай дедик. Шунинг учун эртага учрашувга чиқасан.
– Бунча тез?.. – Жавобимдан ўзим уялиб кетдим.
– Яхши ишнинг тез бўлгани яхши-да! – Онамнинг кўзлари чақнарди.
Жавонни очиб, учрашувга кўйлак танладим. Тўғриси, яхшироқ кўйлагим йўқ экан. Ҳаммаси одми, ўқитувчиларга мос. Яна аниқроғи, қирқ ёшдан ошган аёлларнинг кийими. Мана бу кўйлак бўлмайди, узун, ҳарқалай, Тошкентда ўқиган бўлса… Мана бу костюм-юбка жуда қалин, бу кофта-юбка эса ёзги, юпқа. Танлаб-танлаб, охири ўтган йили ёзда олган ихчамгина кўйлакни танладим. Сал юпқароқ демаса, бўлади! Эртага кундузи учрашамиз, ҳар қалай бугунгидай жала қуйвормас, қора девларга инсоф берса!… Соат ўнга яқинлашиб қолганда, ўрнимга ётдим. Тўхта, учрашувга бир ўзим бораманми?! Ҳар қалай биринчи марта кўришим бўлса, уят бўлмасмикин? Ўйлай-ўйлай Гулшанга қўнғироқ қилдим. Гулшан қўшни маҳаллада туради, мендан икки ёш кичик. Мактабимиз олдидаги гўзаллик салонида ишлайди. Ҳар замон дардлашиб турардик. Аниқроғи, у дардини айтарди. Эртага иши кўп экан, ялиниб-ёлворишга тўғри келди. Охири рози қилдим. Энди ухласам бўлади!
Яна эрта туриб, ҳовли супурдим. Ҳовлидаги бир туп олма гуллай бошлаган. Хушбўй ҳиди бутун ҳовлига таралди. Кайфиятим кўтарилиб, ашула айтгим келди. Учрашувга ярим соат қолганда Гулшан келди. Ясаниб, чиройли бўлиб кетибди. Унинг олдида менинг кийимим одми, соч турмагим, пардозим ўта оддий бўлиб қолди. Майли, гўзаллик – оддийликда.
“Истиқлол” боғига бордик. Йўлларда ўтлар энди кўкариб, атроф яшилликка ўранаётган пайтлар. Йигитга унчалик қаролмадим. Лекин менимча, бўйи-басти келишган, ўзиям кўримликкина, шекилли. У билан асосан Гулшан гаплашди. Мен бир-иккита саволларига жавоб бердим, холос. Гулшан билан суҳбатидан маълум бўлишича, ўтган йили аспирантурани битириб, фан номзоди бўлибди. Техника фанлари номзоди! Ҳозир политехника институтида ишларкан. Шунча гапнинг орасида Гулшан ҳатто унинг телефонидан қўнғироқ қилишга ҳам улгурди… Ҳалиям шу Гулшаннинг келгани, бўлмаса икковимиз ҳам оғзимизга талқон соли-иб ўтиравердик. Исми Озод экан! Озод! Чиройли исм. Ота-онаси билан бирга тураркан, кенжа ўғил экан, шунақа гаплар!.. Назаримда бугун ҳаво ҳар кунгидан ажойиброқ бўлди. Қуёш чарақлаб турибди, лекин ҳаво салқин. Ариқчалардаги сувнинг “жилдир-жилдир” қилиб оқиши кишига бирам хуш ёқади-ей…
Ҳовлимиздаги олма чаман бўлиб гуллади, гулини тўкди, мевага кирди ҳамки, совчилардан дарак бўлмади… Келиним жиянларимни олиб, онасиникига кетган, укам ишдан ҳали қайтмаган, уйда онам икковимиз эдик. Ҳовлидаги сўрида китоб ўқиб ўтирсам, уйга опам кириб келди. Ўрнимдан туриб кўришмоқчи эдим, “Ҳе” йўқ, “бе” йўқ, ерда ётган онамнинг ковуши билан мени ура кетди. Уриб-уриб қарғади, қарғаб-қарғаб урди:
– Ҳа, бозори касод, қари қиз, ўзингга эр топиб қўйувдингмики, бировга илинсанг?! Ё ўзингдан ортдими, кўнглингга урдими, инъом қиласан уни Гулшан-пулшан деганларига! Биззи ориятдан ўлдирдинг-ку бир эргами ё қаро ергами тегмай?! Поччанг кўзимни очирмайди, қозиқда қариган синглинг бизникига келмасин, менинг қизларимга ҳам нуқси уради, деяверади.
Сўрида ўтирган онам ҳам юзимга бир шапати урди:
– Сен бозори касодни деб келиндан тилим қисиқ, бир нима десам, қари қизингни бил, дейди. Шу ёшгача ит ҳам олмади, бундан кейин гўр бўлармиди, дейди. Уканг билан ҳар куни уруш, ҳар куни жанжал. Қари қизинг уйимдан чиқиб кетсин, дейди. Жўраларимни уйга чақиришга ор қиламан, дейди. Сен нимани ҳам билардинг, яшшамагур…
Онам шундай деб ўтирган жойида йиғлай бошлади. Мен бутунлай гангиб қолгандим. Опам ураётганидан ҳам кўра онамнинг йиғлагани кўпроқ таъсирлантирди мени.
Кечқурун ўз хонамга кириб, бўлиб ўтган жанжални эсларканман, хонамга кўз югуртирдим. Раҳматли дадам “Бу хона кенжа қизимга” деб ўзимга мос қилиб безатиб бергандилар. Ўшанда бешинчи синфда ўқирдим. “Менинг ҳам алоҳида хонам бўлди”, деб қувонганман. Деворга кичкина гилам осиб, ерга палос ёзгандик. Уй бурчагида ихчамгина хонтахта. Ўшанда дарс тайёрлардим. Мактабда, институтда ўқиганимда. Ҳалиям тайёрлайман. Эшикдан кираверишда кичкина шкаф. Унда кийимларим, китобларим туради. Энди мана шу кичкинагина хонага, дадам менга берган хонамга ҳам сиғмай қолдимми?!…
Опамнинг уйига кўп боравермасдим-ку. Борсам ҳам, поччамнинг йўғида, бирровга бориб келардим. Кейин унинг қизлари кичкина. Ҳали мактабда ўқийди. Нега уларга менинг нуқсим ураркан?! Бир пайтлар, институтга кирганимда, уни битирганимда шу опамнинг ўзи қизларига мени ибрат қилиб кўрсатиб “холангга ўхшасаларинг, одам бўласизлар”, деган эмасмиди?!
Дарвоқе, опам нима деди?! Ҳа, Гулшан Озодни ўзига қаратиб олибдими?! Шундан бери учрашиб юришаркан?! Унаштирилишибди! Яқинда тўйлари бўлармиш! Бу нимаси бўлди?! Мен уни дугонам, яқиним деб учрашувга олиб борсаму, у мен учун келган йигитни ўзига оғдириб олса?! Инсоф қаерда қолди? Лекин… лекин мен буни билмагандим-ку. Ахир, ўзим хоҳламагандим-ку.
Келиним нега онамга мени таъна қилади. Унга оғирлигим тушгани йўқ-ку. Укам, менинг жон укам, туғилганида хурсандлигимдан осмонларга сакраганим, якка-ю ягона укажоним мендан ор қилар экан-да. Боя опам нима деди? Уйдан чиқиб кет, дедими?! Энди туғилган уйимга ҳам бегона бўлдимми? Демак, кетишим керак. Лекин… қаерга бораман…
Ўрнимдан туриб, хонадан чиқаётганимда эшик ёнидаги кўзгуга дуч келдим. Мактабни битирганимда синфдошларим совға қилишган кўзгу. Юрак шаклидаги, пастда, юракнинг туташган жойида иккита узук акси туширилган кўзгу. Тепасида ўша битирув кечаси совға қилинган сунъий гул… Кўзгуда кўзлари нам, оқ оралаган сочлари тўзиган, кўзлари остига билинар-билинмас ажин тушган бир қиз мунғайиб турарди. Қари қиз. Ҳеч кимга керак бўлмаган қиз. Ҳаммадан дакки ейишга яралган қиз. Ҳаммадан таъна эшитишга яралган қиз. Сўнгги умиди ҳам поймол бўлган қиз. Оғзидагини олдирган ландовур қиз. Бу дунёда ҳеч кими йўқ қиз…
Ўша куни хонадан чиқмадим. Йиғлаб-йиғлаб, ухлаб қолибман. Эртаси куни эрталаб ишга отландим. Нонушта ҳам қилмадим. Йўлдаги салонда Гулшаннинг қувноқ чеҳрасига кўзим тушди. Мени кўриб, уялмади, аксинча менга эшиттириб, қаҳ-қаҳ отиб кулди. Аввалгидан-да яшариб-очилиб кетганди…
Дарсларимни ўтиб бўлиб, уйимга эмас, мутлақо бошқа томонга юрдим. Юриб-юриб, шаҳар чеккасига бордим. Бу ерда темир йўл бор. Ундан поездлар тез-тез, важоҳат билан ўтиб туради. Болалигимда уйимиз шу яқин атрофда эди. Ҳозир у уйлар бузилиб, ўрнига қандайдир ҳарбий бино қурилган. Онам бу ерга келиб, ўйнагани қўймасди. “Худо кўрсатмасин, бир фалокат бўлмасин”, дерди. Ҳозир эса менга ўша фалокат керак.
Уёқ-бу ёққа юриб, кеч бўлишини кутдим. Қуёш бота бошлади. Узоқдан вишшиллаб поезд келарди.
Шу пайт орқамдан қандайдир товуш эшитилди. Норозиланиб ўгирилдим. Ҳарбий кийимдаги бир киши менга қараб кулимсираб турарди. Ноилож ортимга қайтдим:
– Менга гапираяпсизми?
–Ҳа-да. Боядан бери сизга гапираман.
– Кечирасиз, эшитмай қолибман.
– Бўп туради. Хаёллар билан банд эдингиз.
– Ҳа, бу ерларда болалигим ўтган. Ўша пайтларни соғиниб келгандим.
– Уйларингиз шу ердамиди?
– Сизларнинг ишхонангиз жойлашган ерда, – дедим қўлим билан ишора қилиб.
– Эй, шундайми. Унда ҳамдардлик билдираман. Лекин биз.. бундай бўлишини хоҳламагандик…
Мендан кулаяптими десам, юзида самимий, содда табассум аксланиб турарди. Ёшиям унча каттага ўхшамайди. Жуда нари борса мендан бир-икки ёш катта, холос. У билан танишдик. Исми Баҳодир, Андижондан экан. Шу ерда ишларкан, қандай вазифадалиги сир эмиш.
Мен ҳам ўзимни таништирдим. Касбимнинг сирли жойи йўқ, ўқитувчиман, дедим. У кулиб юборди. Кулганда юзлари яшнаб кетди. Қизиқ, бундан нари борса ўн-ўн беш дақиқа олдин ўзимни ўлдириш ҳақида ўйлардим. Энди у хаёлларим ўзимга аҳмоқлик бўлиб туюларди. Баҳодир ака билан тез чиқишиб кетдик. Телефонларимизни алмашдик.
Ҳаётимга маъно киргандай эди. Энди мени кечқурунлари ҳам йўқлайдиган кишим бор. Эрталаб нонушта қилмай, ишга отланаман. Кун бўйи мактабда юриб, уйга кун ботганда бораман. Уч-тўрт кунда, баъзан кун ора бирор жойда учрашадиган бўлдик. Бир кун у менга анча тикилиб турди. Биринчи учрашувимиздагидай қуёш ботиб борар, шабада аллақаерлардан гул исини димоққа олиб келиб урарди. Аввал кулимсиради. Кейин кўзларимга жиддий тикилди. Негадир юзлари бир оз қизарди.
– Рухсора, – деди у ютиниб, – мени Нукусга жўнатишяпти. Анча пайтга. Мен… агар қарши бўлмасангиз… сизни олиб кетмоқчиман. Бир умрга… розимисиз?
Юрагим бехос гупирлаб уриб кетди. Ахир мен нима ҳам дейишим мумкин? Секин бош ирғаб ерга қарадим.
– Ҳа.
Баҳодир ака ҳаяжон билан қўлларимни силади.
– Раҳмат сизга, раҳмат… Лекин… бироз кутиб турасиз… Аввал ўзим бориб яхшилаб жойлашиб олай, сўнг… ахир сизни овора қилиб қўймай дейман-да… Кейин… Андижонга бориб хотиним билан расмий ажрашишим керак… Шунга озроқ вақт керак бўлади. Рухсора, мени кутасиз-а?
Мен, яна ерга қарадим. Ахир шу ҳам савол бўлдими? Кутаман-да! Кутмай нима ҳам қилардим. Баҳодир ёнимга қайтмаган тақдирда ҳам ўз баҳодиримни кутавераман.
У кетди. Мен хиёбондан чиқарканман, юзимга қуёшнинг оташ нафаси урилди. Баҳор чекиниб, ўрнини иссиқ ва қайноқ ёзга бўшатиб бермоқда эди.
“Ёшлик” журнали, 2013 йил, 3-сон.