Қайсидир йили эди, бир нечта уй бир бўлиб баҳор юртга кўчиб чиқдик. Ҳамма томон кўм-кўк, кўрган сари кўргинг келади. Қип-қизил лола-қизғалдоқ кўзни қувонтиради, ҳаводаям аллақандай ёқимли ҳид сузиб юрарди. Жон роҳати бўлган кенглик ўртасида ўтовлар тикилди. Бу пайтда қўй-эчки аллақачон тўлдан чиққан, улоқ-қўзи дала-даштни тўлдириб, дусурлатиб югуриб қолган. Шу кунларнинг бирида қашқа бия қулунлади. Хўп ғалати қулун, тим қора, белида худди хуржундек осилиб тушган оқи бор. Чорвадор дегани унчалик иримчи бўлмайди, нимагадир чоли тушмагур “Бу қулун ғалати экан, уни эшонжонга назр қиламиз”, деб қолди. Бир кўнглим қаршилик қил, дейди, лекин эрга қарши бориб бўлами? Тўғри, ҳозиргилар эр билан теппа-тенг тиллашади. Эр билан беллашиб, белинг узилади, тўхта, дейдиган одам йўқ. Майли, ўзи билади. Тил ўзиники, эр ўзиники. Охиратини ўйлаган пошикаста бундай қилмайди.
Айни баҳормасми, дала-даштда ўт кўплигидан жониворларнинг елини сутга тўлган. Бундан болалари роса мириқишаяпти, ўзиям. Ҳалиги қулун, унга Олабел деб от қўйгандик, биянинг сутга тўлган елинидан эмаркан, кун сайинмас, соат сайин ўсаётгандек. Бир ойга қолмай, дуппа-дуруст қулун бўп қолди. Ўша кунлари овулга эшон келди. Эрим қулунни унга атагандим, деб бериб юборди. Ҳалиям бия йўғида бердик, бўлмаса, у “исён” қилармиди, дейман. Уюр билан овулга қайтган бия қулунини тополмай хўп безовта бўлди, у ёқдан-бу ёққа чопди, мунгли-мунгли нолиш қилди. Олдига борганга гўё аччиқ қилгандек гоҳ тепар, гоҳ тишларди. Унинг бу ҳолини тушундим. Шунинг учун шўрлик айрилиққа чидолмай, ўзини жардан ташламасин, ушлаб келинглар, деб бўз йигитларни юбордик. Улар кўп уринди. Зўрға шомга яқин бўйнидан арқон ўтказиб олиб келди. Маҳкам бойладик, бўйнига тўрва осиб, арпа солдик. Аммо қулунни ўйлаб сиқилган бияга арпанинг нима қадри бор. Унга юпанч бўлмай деб бўйнию ёлларини силаб туриб қалт-қалт титраётганини туйдим. Кўзига қарасам, бечора чини билан йиғлаяпти. Буни кўриб, томоғимга бир нима тиқилди, ғилт этиб ютиндим. Шу дамда жониворнинг нима деб нола қилаётганини уқиб турардим:
“… Болам, тойчоғим, йўқсан, сенга нима бўлди? Яйловдан елиним сутга тўлиб қайтди, “қулт-қулт” қилиб, тамшаниб эммайсанми, соғиндим. Сутим тошиб, оёқларимга оқиб тушаяпти. Кел, қаердасан, тойчоғим. Сенга нима бўлди, кўринмайсан? Бошқа қулунлар энаси атрофида сакраб-сакраб ўйнаб юрибди, сенинг-да сакрашларингни соғиндим. Қаердасан, тойчоғим?”
Ялт этиб биянинг елинига, оёғига қарадим. Ё пирай, чини билан сут унинг оёқларига оқиб тушарди, кўзидан тошаётган селни айтмасаям бўлади. Ўтовга киргач, буни ўйлаб, роса сиқилдим. Турмуш қурганимиздан бери эрга гап қайтармаган одамнинг қилиғини кўринг, чолим нимани сўрамасин, терс-терс жавоб беравердим. Бундан у ҳайрон қолиб:
– Нима, бугун чап ёнинг билан турганмисан, – деди юзимга синчков тикилиб.
– Ҳеч бало бўлгани йўқ, – дедим қовоқ-тумшуқ қилиб. – Анави Қашқани ўйлаб сиқилаяпман.
– Қашқага нима бўпди? Даштдан тўлғониб-тўлғониб қайтганди-ку.
– Тойчоғини тополмагач, не кўйга тушганини кўрмадингиз-да…
– Нима қилди?
– Бечора йиғлади. Мен-да йиғладим.
– Қўйсанг-чи… Ҳайвон йиғлашни биларканми?
– Ўз кўзим билан кўрдим, кўзидан ёш сизиб турарди, елинидан оққан сут ундан зиёда. От одамдай сезади, дейишади-ку…
– Қўявер, орадан озроқ вақт ўтсин, секин-аста ўзига келади, унутади. Яна бир гап, кўнавермаса, бошқа қулунни эмизинглар, анча енгил тортади.
– Билмадим, бу кор қиларканми…
– Кор қилади, кор қилади, айтганни қилсаларинг-чи…
Эртасидан бошлаб бир ҳафтача бошқа қулунни эмизиб кўрдик, бир иш чиқмади. Аксига олиб, бия бечора кундан-кун саратоннинг ўтидай сўлиб бораверди. Бир қарасанг, бурни ер искайдиган бўлиб, мунгли-мунгли юриш қилади, бир қарасанг, қутурган айғирдек ҳар томон чопиб, оламни бузаман, дейди.
Одамнинг айтгани бўлмас экан. Баҳор ўтиб, саратон яқинлашдиямки, Қашқа тойини унутмади, унутолмади, бечора. Бу вақт ичида унга қўшилиб, менинг-да бўларим бўлди. Чидай олмадим, бир куни кечқурун чолимга портладим:
– Ҳой, чол, эшонга шу тойдан бошқа берадиган молингиз йўқмиди, – дедим. – Қўра-қўра қўй-эчки, пода-пода сигир, уюр-уюр йилқингиз бор, шулардан бирини, кам десангиз ўнини беринг эди, қани, мен бирон нима дермидим.
– Яна нега попиллаб қолдинг?
– Ҳар ерда юрасиз, уйда кам бўлганингиз учун бу ерда бўлаётганидан хабарингиз йўқ-да.
– Айт қани, нималар бўлаётган экан?
– Қашқа ўзига келолмаяпти. Ўзини ҳар ён уради, йиғлайди, мунгли кишнайди. Буни кўриб, ич-этимни еб адо қилаяпман. Болам узоқ пайтга кетгандаям бунча сиқилмагандим. Энди бўларини айтсам, унинг қулунини қайтарасиз.
– Нималар деяпсан, қандай қайтариб оламан?
– Борини айтинг, у киши тушунадиган одам. Жониворни шу ҳолида ташлаб қўйиш гуноҳ бўлади.
– Жим бўл, бир ўйлаб кўрай. Сен айтмасанг-да, бир неча кундан бери уни кузатиб, ичимдан ўтганини ўзим билиб юрибман. Кеча бия жонивор ёнимга келиб, тумшуғи билан елкамга секин туртиб, кўзларини мўлтиратиб боқди. Нимадир демоқчи бўлди, аммо мен ҳеч нарсани тушуна олмадим. Йўқ, алламбалоларни англагандекман. Назаримда, у тойчоғини қайтариб келишимни сўради. Жонивор тумшуғи билан мени нарига қараб сураркан, бор, боламни олиб кел, бўлмаса ўлиб қоламан, деётгандек бўлди. Ҳа, кампир, бу бия одамдай сезадиган хилидан экан…
Азонда турсам, чоли тушмагур отланаяпти.
– Қаерга, йўл бўсин, – дедим.
– Бир жойга бориб келай, – деди у йўл кийимини кияркан. – Бияни кўп ўйладим, охири, буни эшонга айтайин, фикрини билайин, деб турибман.
– Ана энди тўғри ўйлабсиз.
– Фақат бир нарсадан иккиланаяпман.
– Нима экан?
– Боласини олиб келсам, Қашқа уни танийдими-йўқми… Орадан анча вақт ўтиб кетди.
– Эй чол, бунисини ўйламанг. Қашқа ҳалиям боласини унутгани йўқ, ҳалиям йиғлаб юрибди. Қизиғи, бошқа тойларни эмизмай қўйган бўлса-да, ҳалиям елинидан сут тошаяпти. Аввалига буни кўриб, роса ажабландим. Бечора бия қулуним ёнимда, мириқиб эмаяпти, деган ўйда бўлса керак-да, сути қуримаган.
– Шунақасиям бўларкан-да, а? Буям бир ҳайвон, вақт ўтиб барини унутади, деб ўйлаяпман. Энди билсам, хато қилибман…
– Нимага мунча эзиласиз, ундан кўра боринг-да, тойни олиб келинг, шунда бари изига тушади…
Чолим кетгач, биянинг ёнига бордим. Кейинги пайтларда у тумшуғини ерга тираб, бехиял бўлиб қолгани учун уюрдан олиб қолаётгандик. Мени кўргач, тумшуғини ердан кўтарди, аммо туришни хаёлигаям келтирмади. Фаросат қилиб қарасам, адирда ўт мўл бўлсаям, жонивор анча ориқлабди. Уф-ф, нима қилай, уники емишданмас, уники дарддан, айрилиқдан. Унга юпанч бўлай, деб ёнига чўккалаб ўтириб, ёли, бўйнини силай бошладим. У бунга парво қилмади. Силашни давом этиб:
– Ҳа, жонивор-а, сенда фақат тил йўқ, лекин барини сезиб, билиб турибсан, – дедим. – Яна озгина сабр қил, тойчоғингни олиб келади. Эрталаб кўрдингми, чолим шунинг учун кетди…
Худойжоннинг қудратидан ўргилай, жонивор буни тушундими, сергак тортди, яна нима деркин, дегандек кўзини мўлтиратиб боқди. Бунга чидай олмадим. Ичимдан бир дард қуйилиб келди, бу дард Қашқаники, меники, иккимизники эди: “Айланайин, тойчоғим, боврим ҳувиллаб қолди, келгин-да бовримни тўлдирағай. Садағанг кетай, дала-даштни гумбурларга тўлдир, уюр теварагида айланиб-айланиб чопгин-да. Келиб, бу тор дунёни кенг қилгин-да. Бош айланди, кўз тинди, нафас қисаяпти, ҳозир ўладигандекман, бу дард давоси, билсанг, ўзингсан, тойим, тойчоғим. Бошқа тойчоқларнинг энасини эмаётганлигини, улар атрофида дупур-дупур чопаётганликларини кўриб, ичимда бир нима узилгандек бўлди, омонат турган дунё бузилгандек бўлди. Соғиндим, тойчоғим…”
Асрдан ўтавериб, узоқдан бир отлиқ кўринди. Чолим бўлса керак, деб анча ергача халакилаб бордим. Адашмабман. У кишим хурсанд, ўзича бир нималарни хиргойи қилиб келаяптими-ей. Мени кўриб:
– Кампир, бари зўр, – деди от жиловини қўйиб юбориб. – Эшонга айтгандим, анча вақтгача “аттанг”, деб бош чайқаб ўтирди, сўнг: “Кўлик топиб келинг-да, ана, олиб кетинг”, деди.
– Унда, кўлик қани, қулун қани, – дебман боласини кутаётган энадек ҳовлиқиб.
– Ҳали замон келиб қолади.
Бу гапдан шундай қувондим, шундай суюндим, буни сўз билан айтиб бўлмайди. Шундай паллаларда сўз ожиз қоладими, деб ўйлайман. Биянинг қувонгани-чи, буни-да сўзга сиғдириш қийин. Севинганини қандай сездинг, дейсизми? Нима, шуни сезмай ўлибманми? Чолнинг хурсанд келаётганини кўрган жонивор тумшуғини ердан узди, неча кундан бери ётган жойидан куч-қувватга тўлган ёш байталдек қалқиб турди. Чолим келган ёққа узоқ термилишини қаранг. Бунинг устига бир жойда тинч туролмаяпти, у ёққа боради, бу ёққа келади. Авваллари кўзида оғир мунг чўккан бўлса, энди ёш билан бирга, аллақандай нур, ҳа, севинч нурлари-да порлаб турибди. Бу ҳол узоқ чўзилса, бия ё ақлдан озади, ё юраги тарс ёрилиб ўлади, дейман. Шу учун тезроқ кела қолсайди, деб олисларга узоқ термилдим.
Бир пайт қора мошина кўринди. Ҳаял ўтмай унинг шовқини эшитила бошлади, унга қандайдир овоз жўр эди. Эътибор билан эшитсам, бу мошин устида келаётган тойчоқ овози экан. Туғилиб ўсган қадрдон даласини, ички бир ришта билан боғланган чексиз кенгликларни, тенг-тўшию, биянинг иссиқ боврини соғинган бечора тойчоқ узоқ-узоқ кишнаб, турган жойида бетоқат бўлиб типирчилаяпти. У билан чалғиб, бияни унутибман. Бир пайт қарасам, Қашқа мошин ёнида елдай чопиб келаяпти. Ўзига қўйиб берса, бир сакраб, устига чиқиб оладигандек. То ўтовга етиб келгунча мошина билан теппа-тенг чопиб келди.
Ў-ў, энани боладан, болани энадан айирмасин экан. Шопир мошин орқасини очиб, тойни арқондан бўшатиш учун тепага чиқди. Бия эса эна гўё боласига “кел, кел”, деб қўл узатгандек қилиб, бориб турди. Тойчоғи-да кўп куттирмади, унинг сабри тугаб, тамом бўлган. Арқондан бўшалиши билан бир сакраб ерга тушиб, энасининг илиқ боврига сингди. Иккиси бир-бирини искади, дам қўйиб яна искади, ўлсин дунё, тўймадилар, шекилли, яна, яна искадилар. Сўнг эна боласига иссиқ бағрини тутди, бечора гўдак бир неча ойликни бир йўла олишга қаcд қилгандек ютоқиб-ютоқиб эмишга тушди. У эмиб бўлгунча бия тойчоғини неча марталаб искамади, яламади, тумшуғи билан секин-секин турткилаб, эркаламади, дейсиз.
Буни кўриб, ичимдан бир дард тошиб келди, хўп йиғладим, хумордан чиққунча йиғладим. Бир тилсиз жонивор меҳри шунчалик бўладими, деб яна йиғладим. Нимасини айтайин, шундайи-да бўларкан. Фақат уларнинг тили йўқ, лекин одамдай сезади, одамдай куяди. Агар ўзим кўрмаганимда, буни оғизни тўлдириб айтмаган бўлардим. Э-э, яна нима дейин, от жонивор одамдайин сезади, одамдайин куяди…
«Ёшлик» журнали, 2018 йил, 2-сон