Ёқубжон Хўжамбердиев. Соат кафгири (эссе)

I

Фурсатни кесади соат кафгири,
Тилка-пора қилар висол дамларин.
Гўё у Исфаҳон, Темур шамшири,
Адолат – вақтнинг қоқар чангларин.

Мен. Менежмент бўйича инглиз мутахассиси Матт Дривер “команда”да фаолият юритиш ҳақида гапириб, шундай бир воқеани ҳикоя қилиб берган эди: “Жон Кеннедининг (Ж.Кеннеди Американинг собиқ президенти – Ё.Х.) фалон муддатда ойга одам юборишимиз керак, деган ғояси оддий фаррошгача етиб борган. Ундан (фаррошдан) нима қилаяпсиз, деб сўрашганида “ойга одам юборяпмиз”, деган экан…”
Ўзим. Демак, муайян бир лойиҳанинг муваффақиятли амалга ошишида “команда”нинг аҳамияти катта, шундайми?
Мен. Нафақат турли лойиҳалар. Умуман, ҳаётнинг ўзи “команда”лардан иборат. Дейлик, оиладаги эр-хотин, болалар якдил бўлгандагина хонадон турмуши яхши кечади. Бундай оила ҳаётда кўп нарсаларга эришиши мумкин. Ёки бўлмаса, ишлаб чиқариш жамоаларидан тортиб, давлатларни бошқаришгача “команда”лардан иборат. Ҳамма гап уларнинг қандай ишлашида. Агар юқоридаги ривоятда айтилганидек, президентдан то фаррошгача битта ғоя атрофида бирлашса, чакки бўлмаса керак. Кўплаб ривожланган мамлакатларнинг тараққиёти ҳам бир жиҳатдан ана шундай “команда” бўлиб ҳаракат қилишнинг натижаси десак, муболаға эмас. Тарихда маълум мақсадлар йўлида бирлашган, аммо дастлабки чорраҳадаёқ йўллари, кўнгиллари айро тушган катта миқёсдаги “команда”лар кўп бўлган… Айни пайтда, муайян бир “команда” бошлаган ёвузлик, жаҳолат юз йиллар мобайнида давом этгани ёки этиши мумкинлиги ҳам тарихдан маълум. Масалан, Шўролар тузумини юзага чиқарган кишилар ана шундай “команда”лар сирасига киради…
Ўзим. Коммунизм ғояси соф ғоя сифатида (биз истаймизми-йўқми) инсониятнинг маълум қатлами орзуси эди. Орзуга эса айб йўқ. Мен айтмоқчиманки, мазкур ғояга чин дилдан ишонган, уни эътиқод даражасига кўтарган одамлар (коммунистлар десангиз ҳам бўлади) дунёда анча-мунча эди. Ҳатто бу тузумнинг фазилатлари хусусида жаҳонга машҳур кишилар ҳам тўлқинланиб фикр юритишган. Масалан, буюк ёзувчи Рабиндранат Тагор хотираларида шундай ёзади: “Москвада бўлган чоғимда уларнинг миллий сиёсати менда чуқур таассурот қолдирган эди. Ушбу мамлакатда мусулмон ва мусулмон бўлмаган одамлар ўртасида айирмачилик йўқ: ҳокимият ўз вазифасини иккала тараф манфаатларини ҳимоя қилишда деб билади”.
Рабиндранат Тагорнинг шўро тузуми ҳақидаги бундай эътирофи Россия тарихида “Потёмкин қишлоқлари” деб ном қолдирган ҳангомани эслатади. Албатта, бу ҳангома тарихчилар, ёзувчилар томонидан турлича талқин этилади. Уни рус ёзувчиси Валентин Пикул ўзининг “Жазман” романида ошириб-тошириб ҳикоя қилса, Чингиз Айтматов мана бундай ёзади: “Ҳар хил можаролар билан тарихда ёрқин из қолдирган Екатерина Иккинчи ҳукмронлик қилган даврларда Украина билан Қрим ҳам Россия империяси таркибига кирган эди. Ўша ўлкаларнинг генерал-губернатори лавозимига қироличанинг жазмани бўлмиш олиймақом князь Григорий Потёмкин тайинланади.
Қиролича Кичик Россия аҳолисининг аҳволи билан танишиш мақсадида 1787 йили сафарга чиқади. У Петербург билан Киев ўртасида етмиш олти станция, ўттиз бешта қишлоқда тўхтаб ўтади. Тушлик қилади, дам олади. Сон-саноқсиз мулозимлари билан олдиндан белгилаб қўйилган йўллардан ўтаётган қиролича сафарининг иккинчи куниёқ бой-бадавлат, ўйнаб-кулиб ҳаёт кечираётган фуқароларини кўриб, бағоят хурсанд бўлади. Ваҳоланки, қўли остидаги ўлкаларни қироличага яхши кўрсатиш учун губернатор кеча-кундуз тиним билмай… томошахона ҳозирлайди: сўқимга боқилган ҳайвонларни йўл четига қаторлаштириб қўяди, одамларни ҳам тўтиқушдай сайрашга ўргатади”.
Сирасини айтганда, бундай ялтоқланиш – подшоҳга яхши кўриниш “касали” инсон табиатига хосдир. “Касал”лик ўзаро муносабатлардан ўсиб чиқиб, сиёсат даражасига кўтарилганида хунук оқибатларни юзага чиқаради.
Сирдарёда узоқ йиллар раҳбарлик лавозимида ишлаган Ашур бобонинг ҳикоя қилишича, 60-йилларнинг бошида собиқ шўро давлатининг ўша пайтдаги бошлиғи Никита Хрушчёв Мирзачўлга келади. Унинг ташрифига бу ерда жуда катта тайёргарлик кўрилади… Тошкент, Фарғона боғларида очилиб турган атиргуллар таги билан тувакларга солиниб, олиймақом меҳмон ўтиши кўзда тутилган йўл четларига ўрнатиб чиқилади… Шўро ҳукуматининг бошлиғи бундай қараса, асрий чўл ўрнида гулистон барпо этилибди… Катта раҳбар йўлдан ўтиб кетгач эса “гулистон” тағин оддий чўлга айланиши билан ўша пайтда ҳеч кимнинг иши бўлмаган. Маҳаллий раҳбарлар фақат мақтовга сазовор бўлишни, “мана, кўриб қўйинг, биз нималарга қодирмиз” деб мақтаниш учун ана шундай кўзбўямачиликларга боришган… Албатта, ўша пайтларда ҳам Мирзачўлнинг ўзлаштирилган жойларида гуллар ўсган, экинлар ҳосил берган, дарахтлар мева туккан. Лекин бундай яккам-дуккам, ғариб манзара маҳаллий раҳбарларни қониқтирмаган. Улар ўзларининг катталарига “Потёмкин қишлоқлари” каби гуллаб-яшнаётган Мирзачўлни, “Лолазор”ни (М.М.Дўст асари) кўрсатмоқчи бўлишган.
Мен. Сен айтаётган воқеалар тасодифан тарих саҳнасига чиқиб қолган советларнинг хурмача қилиқларидан бири, холос. Бугунги ёшлар собиқ СССРнинг қандай пайдо бўлгани, бу тузумнинг “архитекторлари” кимлар экани ҳақида кам билишади ёки умуман билишмайди. Менинг назаримда, улар ҳақида ҳадеб гапиравериш, эслатавериш ўринли эмас. Ҳар замоннинг ўз довруғи, ўзининг гапи бўлади…
Ўзим. Йўқ, бироз адашдинг, чоғи. Тарих хато қилмайди. Унда тасодифлар бўлмайди. Шу жумладан, советларнинг тарих саҳнасига келиши ҳам тасодиф эмас. Қадимги Рим императори Тиберий ўзининг бўлажак вориси бутун дунёга мусибат келтиришини башорат қилгани каби, коммунистларнинг оталари Карл Маркс ва Фридрих Энгельс ҳам “Европада бир шарпа кезиб юрибди, бу коммунизм шарпаси”, инқилоб бу сафар Шарқдан бошланади, дея башорат қилишган. Агар бу “шарпа” ростдан ҳам ўзи “кезган” Европада қолиб кетганида эди, балки тарих бутунлай бошқа томонга “ғилдираган” бўларди. Тарих тақозоси билан ўша “шарпа” Россияга кўчди. Чунки бу “шарпа”нинг воқеликка айланиши учун зарур бўлган керакли шарт-шароит, боя айтганимиздай, “команда” Европада эмас, айнан Россияда мавжуд эди. Жумладан, меҳнаткаш халқнинг помешчиклар томонидан қаттиқ эксплуатация қилиниши, иқтисодий ва ижтимоий қолоқлик ана шу шарт-шароитга асос бўлган эди. Жумладан, 1861 йилда крепостнойлик ҳуқуқининг бекор қилиниши ва Россияда капиталистик ишлаб чиқариш муносабатларининг ривожланиши ва албатта, Биринчи жаҳон уруши оқибатлари Россиядаги инқилобий вазиятни юзага чиқариб қўя қолди. Охир-оқибат Европада кезиб юрган “шарпа” Россияда ҳайқирди, чақириққа айланди. XIX асрнинг 60–70-йилларида Россияда ҳар йили 800 тадан ғалаён юз берган. Мен сенга айтсам, ҳатто 1916 йилдаги Туркистон қўзғолонлари ҳам Россияда буржуа революциясининг, кейин эса ишчи-деҳқон инқилоби юз беришига хизмат қилган.
Мен. Биз “команда”лар ҳақида суҳбат қилаётган эдик. Радиодан бир хабар эшитдим: Душанбе шаҳридаги В.И.Ленин номи билан юритиладиган марказий хиёбондан доҳий ҳайкали олиб ташланибди. Ҳайкални олиб ташлаш маросимида ёшлар ҳам иштирок этган. Радио мухбири ёшларга микрофон тутиб “Ленин ким эди?” деб сўраганида кўпчилиги унинг ким экани ҳақида билмасликлари маълум бўлган. Улардан бири эса Ленин шоир, кўплаб шеърлар ёзган деб жавоб берган… Ҳолбуки, Ленин ва унинг революцион “команда”си жаҳоннинг олтидан бир бўлагида етмиш йилдан ортиқ ҳукмронлик қилди… Агар тарихни бир одам сифатида тасаввур этсак, ўша инсон ўз бурнини сассиқ деб кесиб ташлайдими?..
Ўзим. Ўша “сассиқ бурунли” одамнинг яхши фазилатлари ҳам бор эди, демоқчисан-да?! Яқинда Россия газеталаридан бири собиқ СССРнинг яхши ва ёмон жиҳатларини “тарозига” солиб кўрди. Мазкур тарозига кўра, СССРнинг 7 моддадан иборат яхши (газетага кўра, ижобий) ва 7 моддадан иборат ёмон (салбий) жиҳати бўлган. Жумладан, 1921 йилнинг 30 декабрида ташкил этилган Совет Социалистик Республикалари Иттифоқи ўша чоққача ҳеч қаерда мавжуд бўлмаган принциплар: ўз ихтиёри билан таркибидан чиқиш ҳуқуқига эга бўлган мустақил республикалар федерацияси асосида тузилган. Иккинчидан, саноат ишлаб чиқаришининг қатъий ҳажми бўйича СССР 1937 йилга келиб АҚШдан кейин иккинчи ўринга чиқиб олган (Чор Россияси 5-ўринда эди). Учинчидан, электрлаштиришнинг мисли кўрилмаган лойиҳаси мамлакатни саноатлаштиришнинг локомотиви бўлиб хизмат қилган, ўн йил ичида 30 та иссиқлик ва гидроэлектр станциялари барпо этилган. Тўртинчидан, шимолий денгиз йўлини ўзлаштириш Коль ярим оролидан Чукоткагача бўлган мамлакатнинг бутун Арктика ҳудудларини бирлаштирган. Бешинчидан, Ернинг биринчи сунъий йўлдоши, инсоннинг илк марта коинотга парвоз қилиши, у жойда орбитал станцияларнинг барпо этилиши каби қатор дастурлари амалга оширилган. Олтинчидан, 1959 йилга келиб СССРда саводсизлик тўлалигича тугатилган (XX аср бошида аҳолининг ярми ёзиш-ўқишни билмас эди). Еттинчидан, “энг катта ва қудратли” ватандан фахрланиш туйғуси давлат томонидан кенг тарғиб этилган. Сезиб турибман, тарозининг “яхши” палласи сени қониқтирмаяпти. Мана шундай “яхши” ва “ёмон” жиҳатлар бор эди: ахир, СССР (жумладан, чор Россияси ҳам) бўлмаганда эди, биз ҳали-ҳануз эшак миниб, салла-чопон билан юраверармидик… Ён қўшнимиз Афғонистон бунга мисол… Бу сен ва сенга ўхшаганларнинг энг катта ҳимоя деворларинг.
Тўғри, руслар келиб қора чопон ўрнига костюм-шим, пальто кийишга, бошимизга шляпа, кепка, шапка (яна нима балолар) кийишга ўргатишди. Буларгина эмас, ичкиликка, кашандаликка, фоҳишалик ва фоҳишабозликка ўргандик. Лекин ана шу сен айтган цивилизация “эҳром”лари ўзингни биров эшак қилиб миниб олган чоғда бир чақачалик қадри қолмайди.
Ўзим. Ҳозир, бугунга келиб шундай деб ўйлаяпсан. Аммо ўша замонда русларнинг кийимига биринчи бўлиб сенга ўхшаган “зиёлилар” ўранишганини ҳамма билади… Мен сенга айтсам, хонликларни агар рус бўлмаса, бошқа биров – инглизми, французми, албатта, босиб олган бўлар эди… Инсон табиатан худбин бўлади. Айтайлик, жуда ҳам чекким келиб турибди. Аммо кулини ташлаш учун кулдон йўқ. Стол устидаги кулдонликка ярайдиган бирдан-бир нарса нарироқда турган ликопча. Аммо ликопчада пўсти арчилиб, кесиб қўйилган олма бор. Менинг ҳозир олма егим йўқ… Лекин чекким келяпти. Чекиш учун эса кулдон зарур… Менинг чекишга бўлган эҳтиёжим олмага бўлган эҳтиёжимдан устун келади ва мен олмани ея бошлайман. Чекишга бўлган эҳтиёжимни қондириш учун. Аслида Россиянинг Ўрта Осиёни босиб олиши ҳам ўз қудрати билан Англияни қўрқитиб қўйиш эҳтиёжидан бошланган эди.
Давлатлараро муносабатлар қаршисида мен келтирган мисол, албатта, ўта жўн. Аммо, начора, бу дунёга чуқурроқ назар билан қараб кўрмоқчи бўлсанг, ҳамма нарсанинг азалдан жўн, арзимас эканини сезиб қоласан. Фақат туғилиш ва ўлимгина боқий. Чунки бу икки қонуният илоҳийдир. Бошқа ҳамма нарса инсон иродасига боғлиқ, демакки, дунёвий ҳиссиётлар, муносабатлар заруриятидан юзага келади.
Мен. Сен мен ўйлагандан чуқурроқ кўринасан ёки шундай кўрингинг келяпти…
Ўзим. Йўқ, мен гапнинг сирасини айтяпман, холос. Сен билан мен совет мустамлакаси остида кўп яшадик. Ҳатто, айтиш мумкинки, умримизнинг катта қисми ана шу шўролар даврида кечди. Бугун “демократик жараён” деб айтаётганимиз йўлнинг асосий архитекторлари, қурувчи ва муҳандислари ҳам ана шу давр мутахассисларидир. Шундай экан, вақт – улуғ ҳакам, деган ақида бизнинг асосий қуролимиз бўлмоғи лозим. Шу мазмунда немис шоири Эрих Фриднинг “Ким бизни ҳамма нарсадан айирмоқчи” деган бир шеъри “команда” ҳақида ёрқинроқ таассурот қолдиради:

Кимдир фикримиздан айирмоқчи.
Бунга унинг
Дастурин ўқиб, ияк қоқмоқ
Етарлидир.
Кимдир туйғумиздан айирмоқчи.
Бунга унинг
Шеърларини мисол қилиб,
Етар иқтибос олиш.
Кимдир айирмоқчи
Уруш ва Тинчликни
Танлаш ҳуқуқимиздан…
Биз-чи, танлаймиз ўшани яна…
Зотан, бордир
Юкинишга арзир
ўнлаб бошқа ном…

Аммо улар
Айиради
ҳаётимиздан…

Ўзим. Ўзбек буни “Ҳар ерни қилма орзу, ҳар ерда бор тошу тарозу”, дейди. Янаям батафсилроқ айтадиган бўлсак, балки, Ўрта Осиёни руслар эмас, инглизлар босиб олганда ҳаёт қандай кечар эди, деган масала бир пайтлар кўпчиликнинг бошини қотирган бўлса, эҳтимол. Аммо тарих ғилдираги Ўрта Осиёга инглизларни эмас, русларни олиб келди. Бугун ўртаосиёликлар чоризм даврида яхши яшаганмиди ёки совет даврида яхши ҳаёт кечиришганми, деган масала ўринли эмас. Бугун Вальтер Скотт ўзининг тарихий романларида келган хулосани қайтариш ўринли: тарихнинг бир даврида одамлар қандай – яхши ҳам, ёмон ҳам яшамаганидек, бошқа бир даврда ҳам инсон ҳаёти бирдай кечмайди. Шу боис, ўтмиш келажак учун ҳар доим ҳам намуна эмас, балки сабоқ бўлиши керак…

II

Мен. Достоевскийда бўлса керак, шундай саҳна бор. Олтин бузоққа бутун дунё бўйлаб ружу қўйиш ўсмирнинг шундоқ ҳам бешафқат онгига сингиб боради. Ҳокимият алдови, жамият томонидан кўнгилли равишда оёқ остига ташланган пул тўла қоп билан унинг тасаввурини заҳарлайдилар. Ўзини айнан истеъдодсиз, ўртамиёна одам сифатида тасаввур этиш ва дунё устидан кулиш унга ўта ёқади: “Эй, сиз Галилейлар ва Коперниклар, Буюк Карллар ва Наполеонлар, Пушкину Шекспирлар, сиз фельдмаршалу гофмаршаллар, мана мен – талантсизлик ва қонунсизликнинг нақд ўзи – ҳар ҳолда мен сизлардан юқоридаман. Зотан, буни ўзларингиз истадингиз”.
Ўзим. Начора, бу ҳақиқат. Одамзод нима қилса, ўзига қилади ва ўзи қилади. Фан-техника тараққий этган ХХ асрда юз берган ва ХХI асрда юз бераётган кўз кўриб, қулоқ эшитмаган воқеалар, урушлар, қатағонлар… Умуман, тарихга разм солсангиз бундай кетма-кет урушлар, қатағонлар халқни жисмонан ва маънан ҳалок қилиб борганини кўрасиз. Ахир, уларнинг барчаси инсон қўли ва ақли билан амалга оширилади. Инсон фикри билан бошқарилади. Бу ўша барчамизнинг устимизга чиқиб олиб: “…буни ўзларингиз истадингиз”, деган оломоннинг иши… Мана шундай шароитда халқнинг энг катта ютуғи – яшашда давом этиши. Ҳаёт учун олиб борган мардонавор кураши. Халқнинг ўлмаслиги ҳам шунда.
Мен. Собиқ СССР ҳам ХХ асрнинг мудҳиш бир ҳодисаси эди. Уни “ўзимиз истаганмиз”. Кишилик жамияти яратган қонунлар ҳатто ашаддий ўғрини ҳам тан олган: “қонундаги ўғри”, деган иборани эсланг. Большевиклар (коммунистлар деб ўқинг – Ё.Ҳ.) ўзларининг дастлабки қадамлариданоқ ғайриқонуний иш юритишди. Россия тарихидан маълумки, 1918 йил бошида Муваққат ҳукумат ҳали яшаб турган даврида Умумроссия таъсис мажлиси очилади. Ушбу мажлисда иштирок этиш учун сайланган 715 депутатдан бор-йўғи 183 нафаригина большевиклар эди. Танаффус пайтида большевиклар ва советлар масаласида уларни қўллаб-қувватлаётган эсерлар билан маслаҳатлашиб олиш учун чиқиб, залга қайтишмаган. Мажлисни олиб борган эсер Виктор Чернов Ишчи ва солдат депутатлари советининг II съезди декретларини кўпчиликсиз бекор қилди. Аммо кеч бўлганди. Петрограддаги вазиятни кузатиб турган халқ комиссарлари кенгаши Таъсис мажлисини тарқатиб юборди. Тарихчи олим Альберт Ненароков фикрича, “Большевиклар Таъсис мажлисини совет ҳукуматининг декретларини қабул қилмагани учун эмас, балки Таъсис мажлиси советларни ҳокимият шакли сифатида қабул қилишни истамагани учун тарқатиб юборган, яъни Россияда ҳокимият шаклини Таъсис мажлисининг ўзи эълон қилиши лозим эди. Аслида, Таъсис мажлисининг тарқатиб юборилиши февраль инқилоби ғалабаларига бутунлай чек қўйган яна бир (октябрь революциясидан кейинги) тўнтариш эди”.
Мана шу далиллар ҳам кўрсатиб турибдики, Совет ҳокимияти халқнинг инон-ихтиёридан четда, демакки, ғайриқонуний бўлган. Зотан, Россия тарихида қадимдан шундай бир таомил мавжуд эдики, унга кўра, мамлакат боши берк кўчага кириб қолган дамларда умумхалқ йиғини чақирилган. Бундай йиғин XVII асрда “вакиллар йиғини” деб аталган бўлса, 1918 йилдаги йиғин “Таъсис мажлиси” деб аталди. 1613 йилдаги “Вакиллар йиғини” алғов-далғов замонларга чек қўйди, 1918 йилдаги “Таъсис мажлиси” эса бор-йўғи бир кун яшади ва мамлакатни фуқаролар урушига олиб келди. Бунинг асосий сабабчиси большевиклар – Ленин “командаси” эди…
Ўзим. Айтишларича, умр – вақт. Вақт эса ўтмиш ва келажак ўртасидаги лаҳза. Ўтмиш ва келажакни ҳатто “қўл билан ушлаб кўриш” мумкин, дейишади. Аммо “ҳозир”ни, яъни ўша лаҳзани на кўриб бўлади ва на ушлаб…
Мен. Британиялик ёзувчи Роберт Луис Стивенсон эса инсон учун иккита йўл: пок виждонли ёки ўғри бўлиш буюрилган, дейди. Ўрта йўл йўқ…
Ўзим. Айтмоқчисанки, шўролар ўзларини қанчалик олийжаноб, халқпарвар қилиб кўрсатишга уринмасин, улар инсониятга “буюрилган” иккинчи йўлнинг одамлари…
Мен. Йўқ! Ўтмиш билан келажак ўртасидаги “бир лаҳзалик” вақтда қанча нохуш ҳодисалар рўй берганидек, қандайин разил ишлар амалга оширилиши мумкин бўлганидек, неча юзлаб ўша сен айтган “иккинчи йўл”га буюрилган одамлар туғилгани каби шу даражада ёқимли ишлар юз кўрсатади, неча юз миллионлаб “биринчи йўл”га буюрилган инсонлар дунёга келади… Агар таъбир жоиз бўлса, дунёнинг посангисини файласуфлар “ушлаб, кўриб бўлмайди”, деган ана шу вақт – лаҳза тўғрилаб туради. Шундай экан, шўроларни, яъни коммунистик тутумни танлаган кишиларнинг ҳаммасини ҳам диёнатсиз, ўғри деб аташ бориб турган жоҳиллик, дунёбехабарликдан бошқа нарса эмас. Бошқача айтганда, “коммунизм шарпаси”ни ўйлаб топганлар бор, бу “шарпа” билан оммани қўрқитганлар бор, ушбу “шарпа”га чин дилдан ишонганлар бор. Аслида, “коммунизм шарпаси”га сидқидилдан ишонганлар уни ўйлаб топган, у билан қўрқитганлардан миллион-миллион чандон кўпроқ эди…
Халқда “ўн ишчига – бир бошчи”, деган гап бор. Бундай иборалар ўз-ўзидан пайдо бўлмаган. Зотан, инсоният яралибдики, наинки ўн ишчига, балки юз минг, миллионлаб одамга бир бошчи бўлиб келган. Инсон табиатининг ўзи шундай: етаклаш, етакланиш, бошқариш ва бошқарилиш туйғуси унда яратилганидан мавжуд. Ҳамма гап уни қандай бошқаришда. Бу ҳақда кўплаб қадимги ва ҳозирги замон мутафаккирлари бош қотирган бўлса-да, аммо, не тонгки, мутафаккирларнинг йўл-йўриқлари бир четда қолиб, ҳар қачон ҳам улоқни олғирлар илиб кетаверишган. Айтайлик, қадимги Хитой мутафаккири Конфуций (милоддан аввалги 551–479) таълимотининг марказида давлат ва жамиятни урф-одатлар, зарур хулқ-атворлар орқали бошқариш туради. “Агар халқ фақат қонунлар воситасида бошқарилиб, жазолар ёрдамида тартиб сақланадиган бўлса, – деб таълим беради мутафаккир, – халқ жазодан қочадиган бўлади, ахлоқ-одобни писанд этмай қўяди…” Ёки Қуръони карим – Оллоҳнинг сўзи, пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари ибодат, одоб-ахлоқ, панд-насиҳат, тўғри йўл-йўриқ орқали инсониятни ягона Оллоҳга итоат этишга қаратилмаганми?!
Аммо, ҳаёт кўрсатдики, инсониятнинг бир қисми Оллоҳга эмас, ўзлари истаган лойдан ясалган “тангрилари” – Ленин, Сталин, Гитлер ва бошқаларга сиғинишди. Ва албатта, бу топинишлар беиз кетмади. Лойдан ясалган “тангрилар” нафақат ўзларини, айни пайтда ўз изларидан борган миллионлаб кишиларни ҳам хароб қилди.

III

Ўзим. Бир нарсани – суҳбат мавзусини аниқлаб олсак, дейман. Бу кетишда ҳамма нарса ҳақида гапирамиз-у, аммо ҳеч нарсани тушунмаслик мумкин.
Мен. Мавзу – умр, вақт, дунёнинг эврилишлари ҳақида эканини шу дамгача тушуниб етмадингми?
Ўзим. Ҳар ҳолда тушунгандайман, бироқ уни яна ҳам чегаралаб олсак, ўқиган одамда тиниқ бир тасаввур пайдо қилиш учун бирон-бир тақдирнинг кечмишлари асосида фикр юритсак, қандай бўларкан? Олайлик, ўзимизнинг тақдиримиз…
Мен. Гапингда жон бор. Аммо сен билан менинг тақдиримда ўқувчини қизиқтирадиган фавқулодда ҳодисалар йўқ. Шундай бўлса-да, сен билан менинг тақдирим – миллионларнинг тақдири. Бизнинг замонамизда миллионлар шундай – шовқин-суронли куннинг ўтганига шукр қилиб яшамоқда. Тўғриси ҳам шу: қачонгача ойга чиққанлару юлдузни бенарвон урганлар, амалдорлару депутатлар, ёстиқдай рўмон ва шеърий китобларнинг муаллифлари, киноюлдузлару қўшиқчилар “замонамиз қаҳрамонлари” бўлишади?! Бизга ўхшаганнинг ҳам бағрига шамол тегсин-да… Қани, бошла…
Ўзим. Унда биз – киммиз? Қаердан келдигу қаёққа қараб кетяпмиз?
Мен. Биз, аввало, якка-ю ягона Парвардигоримизнинг бандасимиз. Тарихда “туркий халқлар” деб ном олган улкан дарахтнинг бир бўғини – ўзбекмиз. Келган ва бораётган жойимиз – икки эшикнинг ораси. Бир эшикдан кириб, иккинчисидан чиқамиз… Бир эшик пайдога келтирса, иккинчиси фанога еткарур…
Нимаики фаолият қилсак, қандайки яшасак, ана шу икки эшик орасида юз беради. Гуноҳ ҳам, савоб ҳам, тақдири азал ҳам ана шу жойда… Бу оралиқни эса ҳаёт дейдилар.

IV

Мен. Етти отангни биласанми?
Ўзим. Отам мулла Хўжамберди, унинг отаси Ризақул Кичкина…
Мен. Кейин-чи?
Ўзим. Эслай олмаяпман…
Мен. Билмайсан! Етти отани кўпчилигимиз билмаймиз. Чунки бизга етти отани эмас, битта – Ленин “ота”нигина ўргатишган. Ҳозир ҳам бу нарсага унчалик эътибор берилмаяпти. Бугунги ўқитувчилар, мактаб дастурларини тайёрлайдиган мутахассисларнинг аксарияти шўро тарбиясини кўрган ёки ўша одамлардан сабоқ олган. Ваҳоланки, одам етти отасини, қишлоғини билмасдан, англамасдан туриб, бошқа бировни, бошқа юртларни тушуниб етмайди… Биз ва бизгача бўлган бир неча авлод ўзиникидан кўра бошқа халқнинг, айни пайтда, русларнинг тарихини, русларнинг ватанини кўпроқ ўргандик. Ўзимизнинг оталаримиз тақдири, ватанимиз тарихига эса қулф солинди ёки бузиб кўрсатилди. Энг қизиғи, ана шу афсунлардан, ана шу сеҳрлардан ҳалигача қутула олмаяпмиз.
Ўзим. Сирасини айтганда, сен ҳақсан. Аммо ҳар қайси замонда ҳам, жумладан, шўро даврида ҳам ўзликни таниш, айтайлик, ўша “етти ота”ни билишга қизиққан, ўз маҳалласини – “ота юрт”ини беш бармоқдай билган одамлар кўп бўлмаса-да, аммо бўлган. Бундай кишилар ўзига тўқ одамлар орасида кўпроқ эди. Ким нима деса десин, қуруқ қошиқ оғизни йиртади, бўш қоп тик турмайди, оч қоринга сўз ёқмайди, деган мақол-матал ва иборалар бекорга айтилмаган. Уйида егани бир кафт буғдойи бўлмаган одамнинг қулоғига қачон гап кирган?! Шўро даврида жуда кўп зиёлилар, муҳандислар ўзларини камбағалдан чиққан деб кўрсатишган. Суриштириб кўрсангиз, ўша “камбағал”нинг уйида иккита сигири, қўрасида ўнта қўйи бўлган. Албатта, ҳақиқатан ҳам камбағалдан чиққан олим кишилар бўлган. Бу энди фақат Оллоҳнинг инояти-ю оиласида қадимдан таркиб топган – хоҳ у исломий бўлсин, хоҳ дунёвий бўлсин – тарбиянинг маҳсули.
Мен. Сен ўзи бундай алмойи-жалмойи далил-дастаклар билан нима демоқчисан? Камбағалдан дуруст одам чиқмайди, деган гапни айтяпсан, шекилли?
Ўзим. Асло. Сен билан мен ҳам асли камбағалнинг боласимиз. Мен айтмоқчиманки, ўша Шўро даврида камбағалга кун йўқ эди. У на ёлчитиб савод чиқарди ва на қорни нонга тўйди. Билими ҳам, турмуши ҳам кемтик бўлди… Мана шундай бир шароитда ватанини йўқотса ҳам, аммо ўзлигини йўқотмаган одамлар бўлган ва уларнинг иймонлари мустаҳкам эди. Улар етти отани ҳам, ўз тарихларини ҳам яхши билишган. Улар эркни, ўзликни йўқотиш ватанни йўқотишдан кўра оғирроқ бўлишини олдиндан ҳис қилишган. Чунки етти отани, тарихни билиш учун одам кам деганда уйда, оилада яхши тарбия топган бўлиши керак. Башарти оиланинг энг биринчи ташвиши бир бурда нон топиш бўлса ва бу ташвиш ўн йиллар мобайнида ҳам аримаса, бу яхшилик аломати эмас… Сену менга ўхшаб аждодимизни танимай ўтаверилади.

V

Ўзим. Баъзан болалигимни эслашга уринаман. Аммо узуқ-юлуқ манзаралардан бошқа нарса хотирамга келмайди. Масалан, биринчи синфда бўлсам керак, дарс бошланишидан охиригача ҳам қуёш синфимизни тарк этмасди. Иссиқда мудраб ўтирар эдик. Ёки мактаб ҳовлисидаги турникка осилиб турганим ёдимда…
Мен. Онамизни эслайсанми?
Ўзим. Қачон онам ҳақида ўйласам, унинг сурпатахта устида ўтиргани кўз олдимда гавдаланади. Шундай остона устида, уйга кираверишда. Остонадан ўтиб сандал ёнида эса қўшнимиз Ҳалимахон ая ўтирган бўларди. Мен Ҳалимахон аяни жуда яхши кўрардим. Бувимнинг (онамизни буви дердик) ёнига чиқди дегунча, ҳилпираб юрадиган кенг кўйлагини кўтариб ичига кириб кетардим ва бошимни ёқасидан чиқариб олардим. Бола – пошшо, дегани шу бўлса керак-да… Яна бувимнинг қора ғижимдан тўни бўларди. Ана шу тўнини кийиб тургани ёдимда. Тағин бир лавҳада эса бувим мени қўлимдан етаклаб Жалолобод шаҳри кўчаларидан бораётганда олдимиздан чиққан жамалак сочлари юзига тушиб турган бир одамни эслайман. Бувим… бувижонимдан жуда ҳам олислаб кетганман, меҳрига ҳам қонмаганман. Ёш бола эдим… Уйимизда битта расми бор.
Мен. Гап келганда отангни аяма дегандай, бир гап айтсам, хафа бўлмайсан. Адашмасам, Фарғона вилоятига ҳаётингда яна бир неча маротаба боргансан, чоғи, ана шулар ҳақида сўзлашсак.
Ўзим. Аввало, ота-буваларимнинг дини исломни маҳкам ушлаган одамлар бўлгани ҳақида. Дадам мулла Хўжамберди ва унинг акалари ҳам илмли кишилар бўлган.
Мулла Эгамберди домладан бошланган қатағон унинг қариндош-уруғ, ака-укаларига ҳам таъсир қилди. Бизнинг дадамиз ана шу “қоч-қоч” йиллари оиласи билан Қўқон атрофидаги дашт-қишлоқларга бориб қолади. У жойда раҳматли Машраб раис деган бир одам сабабли (аввало, Оллоҳнинг ҳимоясида) Қўрғонча қишлоғининг масжидида туради. Кейинчалик масжид қавми отамизнинг илмли киши эканини билишгач, ўзларига имом қилиб олишади ва дадамиз бола-чақалари билан шу масжидга туташ ҳужрада яшай бошлайди. Улар Қўрғончада анча йил истиқомат қилишган. Ҳатто бир ўғил-қизлари ўша ерда туғилган, аммо улар гўдаклик пайтида нобуд бўлишган… Суюнчол, Қўрғонча қишлоқларидаги ота қадрдонларнинг фарзандлари билан шу кунгача борди-келдимиз бор.
Ўзим. Сенинг бахтингга, яхши ҳамки, ўзим борман… Майли, ҳозир гап бундамас. Гап ҳеч бир нарса вақти-соатсиз амалга ошмаслигида. Бу шунчаки ҳикмат эмас, керак бўлса, бу Яратганнинг иши… Шу боис бундай гапларга шак келтириб бўлмайди. Имом Ғаззолийда шундай сўзлар бор: “Эй инсон! Зоҳирингни танимоқда бош, юз, қўл ва оёқ ва гўштдан ўзгани танимассан. Ботининг аҳволидин мунчалик билурсенким, вақтики гурусна (оч) бўлсанг, нон ерсан. Ва ташна бўлсанг, сув ичарсен. Вақтики, ғазабинг келса, бир кишига иззо берурсен. Ва шаҳват ғолиб келса, хотун олурсен. Ва ҳама чахорпо ва ҳайвонлар бу ишларда сенинг бирла баробардурлар. Бас, сенга лозимдурки, ҳақиқатингни талаб қилғайсен, ўз аслинг не нимарсадур ва на ердин келибсен ва не ерга боргунгдир? Бу олам манзилгоҳига нима ишга келибсан ва сени нима учун офарида (яратилган) қилибдур? Саодатинг не ишдадур?” Агар сен билан менинг ҳаётимизга Имом Ғаззолий қўйган ана шу талаблар нуқтаи назаридан ёндашиладиган бўлса, жуда ҳам ғамгин тортиб қолишимиз шубҳасиз. Кўп ишларимиз ботинимиз эмас, зоҳиримиз, яъни бош, юз, қўл ва оёқ ва гўшт манфаатлари йўлида қилинганига гувоҳ бўламиз…
Мен. Имом Ғаззолийнинг талаблари ўта чуқур. “Дилингни билсанг, ўзингни таниғайсен”, дейди аллома. Аммо бизнинг ўз дилимизни танишимиз учун қачон шароит бўлди? Сал китобий сўз қилсам кечирасан (зотан, мен айтмоқчи бўлган гап қанчалик китобий бўлмасин – ҳақиқат). Шароитни инсон ўзига ўзи яратиши керакмасми?!
Ўзим. Бу гапинг агар уйингда ҳаммоминг бўлмаса, уни қуриб, танингни поклашинг учун шароит яратишинг лозим, деганга ўхшайди. Бироқ дилни поклаш, ўзликни таниш учун жуда кўп нарсалар керак бўлади. Бир суҳбатимизда айтганимиздек, бир қисм одамнинг ўз динини асраш учун муҳожир бўлиши билан бутун бир оломонни динсизликдан қутқариб бўлармикан? Уларни қутқариш учун ўша оломоннинг ичида бўлиш лозим эмасми?! Оломоннинг ичида юриш эса ўлим билан баробар… Кўриб турганингдек, ҳаёт сен билан биз ўйлаганимиздан юз чандон мураккаб. Юз беражак ўзгаришлар, эврилишлар, муносабатларда, боя айтганимиздек, Оллоҳнинг буюрган вақти-соати, шарт-шароити ҳал этади.
Мен. Эндиликда олимлар томонидан инсоннинг нафақат касалликлари, айни пайтда сиёсий қизиқишлари, тўғри йўлдан адашишлари ва бошқа кўпгина фазилат ҳамда қусурлари билан боғлиқ бўлган генларнинг топилгани ҳақида гапириляпти…
Ўзим. Яна ўша олимларнинг ўзлари бунга жавобан, инсон ҳиссиётлари, фаоллиги ва психологик ҳолати кўп жиҳатдан ана ўша “олдиндан белгилаб қўйилган генлар”га боғлиқ бўлса-да, аммо унинг хулқ-атвори ва фикрлаш тарзининг шаклланиши биринчи навбатда тарбия ва шарт-шароит (муҳит)га боғлиқ, дейишмоқда…
Мен. Булар ҳаммаси шунчаки гаплар. Аммо Ғаззолийнинг ўн аср наридан туриб “ўзингни тани” деган ўгити ҳамон долзарблигича қолмоқда. Бунинг учун инсон керак бўлса, оломон ичида ҳалок бўлсин, аммо, бир зумга бўлса-да, бу дунёдан ўзини таниган ҳолда ўтишини сўнмас бахт деб биламан. Бунинг учун унга кўп нарса керак эмас, ўз нафсидан устун тура олса бўлди… Зотан, инсон ҳаётининг барча муаммолари ана шу НАФСдан бошланади… Подшоҳлар нега тахт талашиб ўтишди? Ҳатто тахт учун ота болани, бола отани аямади. Бугун-чи? Араб давлатларида, жаҳоннинг бошқа минтақаларида тахт учун бугун кураш кетмаяптими? Албатта, бу курашнинг воситалари эндиликда хийла маданийлашган. Жумладан, тахтда ўтириш муддатлари ҳар ҳолда чегараланган. Аммо моҳият ўша-ўша: ҳокимият.
Ўзим. Абдулла Орипов бир суҳбатида тахминан шундай мазмунда сўз айтганди: дунёнинг катта ёлғонлари олдида бизнинг кичик ёлғонлар нима бўпти… Аммо, ҳар қандай ёлғонда бир рост бўлгани каби, биз чопган пойгада ҳам сиёсий найрангларнинг бир парчасини кўриш мумкин… Ва ўша бир парчагина найранг моҳиятан катта найранглардан фарқ қилмаслигини ҳам кейинчалик тушуниб етдик.
Мен. Бир нарсага доим ҳайрон бўламан: амалда ўтирган сиёсатчилар билан гаплашсангиз, уларнинг аксарияти у ёки бу масалани муҳокама этишар экан, “Йўқ, ҳозир бу масалани ўртага қўйиш учун халқ тайёр эмас”, деган сўзларни эшитамиз. Ахир бу бечора халқ ўз тақдирини ўзи ҳал қилиши учун қачон тайёр бўлади? Ваҳоланки, одатда подшоҳ бўладими, замонавий сиёсатчими, “Мен раиятни ўйлайман”, “Биз халқнинг фаровонлигини истаймиз”, дейишган ва бундан кейин ҳам шундай дейишади. Бошқача айтганда, “Ҳукмлар ўқилур сенинг номингдан”, деганда улуғ шоир Абдулла Орипов юз чандон ҳақ эди. Биз кўпинча ўзимиз танийдиган, шахсан таниш бўлмаса-да, узоқ-яқинда кўриб юрган одамлар ва уларга ўхшаш бир қисм кишиларни халқ деб ўйлаймиз. Масалан, бугун автомобиль салонларида машина олиш учун навбат тирбанд. Халқимиз “демократияга тайёр эмас”, дейилганда ҳам ўша машинали, данғиллама ҳовли-жойли, қўлини қаёққа узатса етадиган ўша бир қисм “халқ” тушунилади. Чунки уларга ҳеч қандай демократия ё ислоҳот керак эмас… Шаффоф парда ортидаги “оломон” эса бу “халқ”қа қараб мийиғида кулиб тураверади. Чунки ана шу мийиғида кулишдан бошқа иш унинг қўлидан келмайди… Йиғламаганига ҳам шукр.
Ўзим. Бу дунёнинг сен билан мен кўра олмайдиган пучмоқлари кўп. Қай бир пучмоқдаги қурт-қумурсқа нима билан озиқланаётганини сен қайдан биласан, мен қайдан билардим… Аммо бир нарса аниқ – ҳамма ерда ва барча замонларда ҳам камбағал ва ростгўй одамнинг ҳокимиятдан ўрин топиши мушкул. Ҳатто йўқсилларнинг номини сотиб ҳокимиятни қўлга олган большевикларнинг намояндалари ҳам бошдан-оёқ бири мавқеини йўқотган дворян авлоди бўлса, бошқаси капиталист бой, яна бошқалари эса муғомбир товламачи, мутаассиб корчалонлар бўлишган. Уларнинг орасида ер чопиб деҳқончилик қилганини учратмайсан…
Мен. Болаликнинг эртаклари-чи? Саҳрода ўтин териб юрган дўлвор йигитнинг елкасига бир қуш келиб қўнди… Йигитни бир тўп кишилар кигизга ўтқазишиб, ўзларига подшоҳ сайлашди. Ва ҳоказо. Нима, буларнинг барчаси шунчаки эртакми?..
Ўзим. Йўқ, сен айтаётганлар шунчаки эртак эмас. Улар халқнинг орзулари… Халқнинг орзулари, демократия билан ҳокимият ўртасидаги муносабатлар ҳақида Чингиз Айтматов Афлотун фикрларидан келиб чиқиб шундай деган эди: “…Бугун биз покланиш ва уйғониш йўлини танладик. Хўш, қаёққа кетяпмиз, қаерга боришимиз мумкин? Бу нарсани аниқ билишимиз лозим. Афлотун бундай деб ёзган эди: “Мутаассиблик қандайдир бегона тузумда эмас, айнан демократия даврида вужудга келади: бошқача айтганда, чексиз озодлик оқибатида энг даҳшатли, энг шафқатсиз қуллик пайдо бўлади. Демократия пинҳоний касалликни қўзитади. Менимча, такасалтанг ва исрофгарчиликка мойил айрим тоифадаги кишиларнинг пайдо бўлиши касалликнинг илк нишонасидир. Илгари биз улардан пилик ўрнида фойдаланардик. Энди ачимсиқ тутун бурқситиб ётган ўша “пиликлар” нутқ сўзлайдилар, фаолият кўрсатадилар. Бошқалар эса минбарга яқинроқ жойга сурилиб ўтирмоқчи бўладилар, минғирлайдилар ва бошқача фикр билдирмоқчи бўлган одамга йўл бермайдилар. Охир-оқибат бўҳтончилар томонидан алданганини пайқаб қолган халқ ёвузлашиб кетгани учун эмас, кўр-кўрона равишда уларни ўлдирмоққа шайланади-ю, “пиликлар” ҳақиқатан давлат тарафдори бўлиб оладилар… Демак, шундан ҳам кўриниб турибдики, агар мутаассиб пайдо бўлса, у айнан мана шу заминдан ўсиб чиқади, яъни у халқнинг гумаштаси бўлади… Фавқулодда итоатгўй оломон ўз қўлида эканини билган мутаассиб қабиладошларининг қонини тўкишдан ўзини тия оладими? Аксинча, адолатсиз айблар билан одамларни суд қилади ва бировнинг жонини олиб, ўзини мурдор қилиб қўяди. Одамларни қувғин қилиб, даҳшатли усулда қатл этишга ҳукм чиқариб, айни чоғда қарзларни бекор қилиш ва ерни қайта тақсимлаш тўғрисида ширин ваъдалар беради. Унинг биринчи вазифаси – фуқарони доимо қандайдир урушга жалб этиб туришдан иборат бўлади. Шундай қилса, халқ битта йўлбошчига муҳтожлик сезади. Агар кимдир мустақил фикр билдирганини ёки ҳокимиятдан норози эканини пайқаб қолса, ундай кишини душманга сотилди, деган баҳонада дарҳол йўқотади. Мутаассиб уларни маҳв этиши лозим. Охирида қўлидан бирор иш келадиган дўстларидан ҳам, душманларидан ҳам ҳеч ким тирик қолмайди. У ич-ичидан ёмон кўрадиган разил оломон билан оғиз-бурун ўпишиб яшашга ёки ҳаёт билан видолашишга маҳкум этилган. Зевс номи билан қасам ичиб айтаманки, халқ барибир қандай маҳлуқни дунёга келтирганини, уни опичлаб вояга етказганини англаб етади”. Тан олмоқ лозим, бундай огоҳлантириш ортиқчалик қилмайди.
Мен. Минг йиллар аввал айтилган бу огоҳлантиришга инсоният тамаддуни қай даражада эътибор берди? Афлотун каби донишмандларнинг эскартмаларидан дунёни тебратган ҳукмдорлар қандай хулосалар чиқарди?
Ўзим. Шундай бир мулоҳазани ўқиганим бор: “Жамият тўлқинга ўхшайди. Тўлқин соҳилга қараб чопади”, аммо тўлқинни яратган сув жойидан қимирламайди… Бошқача айтганда, Афлотун айтган мутаассиб ҳукмдор – сув юзасидаги тўлқин. Тўлқин эса қанчалик саррин эпкинларни таратмасин, барибир тўлқин – бузғунчи: соҳилни емиради, кемаларни пачақлайди, ютади… Халқ эса денгиз тубида сокин оқаётган сув зарралари каби жимгина ўз тирикчилиги, ўзининг ташвиш-қувончлари билан андармон бўлиб ҳаёт кечираверади.
Мен. Айтмоқчисанки, Афлотун (ва яна юзлаб афлотунлар)нинг огоҳлантиришлари ҳукмдорлар учун шунчаки бир сониядан сўнг ёддан кўтарилувчи насиҳатдан бошқа нарса эмас…
Ўзим. Ҳар қандай ҳокимият насиҳатни сингдиролмайди… Танқидни эса кўтаролмайди. Бу борада қизиқ бир мисолни келтираман. Маълумки, Абдулла Қодирийнинг 1926 йил бошларида “Муштум” журналида “Йиғинди гаплар” номли ҳажвий мақоласи чоп этилади. Мақола учун Абдулла Қодирий қамалади. Суд пайтида ёзувчи ушбу мақоланинг услуби, унда айтилган кулгили ҳолатлар, умуман, ўзбекнинг кулгиси ва унинг таъсири хусусида изоҳнома ёзиб маъруза қилади. Абдулла Қодирий ана шу судда сўзлаган нутқида кулги, қизиқчилик ҳақида гапириб бир мисол келтиради: “…Мисол учун эски замон кулгилигини бу кунги музҳика билан тенглаштириб қарайлик: масалан, хон замонларида хонга ёки шунинг каби катта мансаблик бекка ҳазил тўқиш мумкин эмас, аммо қуйи мансаблик қози, ўнбоши, чўғал ва шулар сингари кичик маъмурларга муқаллид ва мутойиба қилиш мумкин эди. Бунга мисол учун тарихдан излансак кўрамиз: ўткан асрнинг 80-йилларида Афғонистондаги тахт жанжаллари ва ички иғтишошдан қочиб, амир Абдулраҳмонхон Туркистонга сиғинадир. Мунда бир неча вақт қолуб, тошкентлик Калпараш исмлик ўз замонасида машҳур бир қизиқ билан танишиб қоладир ва унинг ҳазилига, тақлидига мафтун бўлади. Абдулраҳмонхон бир неча замондан кейин Афғонистон тахтига ўтириб, тошкентлик бояги Калпарашни ўз ёнига чақирадилар. Калпараш ижобат этиб Қобилга боргач, хон воситаси билан ундаги мансабдор ва аён билан танишадир. Хоннинг ишорати билан анжумани олийларда аёнга ҳазил тўқиб, уларга муқаллид бўла бошлайдилар. Хон билан бўлган бир мажлисда хоннинг рухсати ила Калпараш олдин бекларга бирма-бир ҳазил ва тақлид қилиб чиққан. Кайфи келиб хурсанд бўлган хон: “Менга ҳам муқаллид бўл, ҳазил тўқи!” деб Калпарашга буюрадир. Калпараш буйруқ бўлғандан сўнгра хоннинг ўзига муқаллид бўлади: хон каби тахтда ўлтириб, чилим сўрайдир. Пояси чилимни яхши тайёрламагани учун ғазабланиб, уни ўн дарра уришга буюрадир. Бу тақлидни Калпараш шундай адо қиладирким, кўргучилар худди хоннинг ўзини айни ҳолатда кўрадирлар. Аммо хон ўзининг қилиғидан орланадир ва шу ҳолатда Калпарашни жаллодга топшириб, ўлдиртиради. Бу мисолдан муддао шундаким, – деб давом этади А.Қодирий, – бу кунги музҳика ўзининг эски сиқиқ доирасидан чиққандек, бу кун ишчи-деҳқон бошлиқлари ҳам уларнинг, яъни ишчи-деҳқонларнинг ўз ораларидан чиққан ўз оғаларидирлар. Ҳозирги кулгилик ҳам қанот-қуйруқланиб, бу кунги бир Калпараш мазкур ўз ҳукуматининг арбобидан бир оғиз… ҳазил ва мутойиба тўқий оладир, деб биламан”.
Мен. Сен келтирган кўчирмадан бир нечта маъноларни уққандайман. Аввало, халқнинг “Подшоҳлик бир шамки, ушбу шамга яқин келган парвона куйиб кул бўлади”, деган нақли Калпараш қизиқнинг тақдирида исботланади. Иккинчидан, гарчи Абдулла Қодирий “…бу кун ишчи-деҳқон бошлиқлари ҳам уларнинг, яъни ишчи-деҳқонларнинг ўз ораларидан чиққан ўз оғаларидир…” деган гапни рўкач қилиб турса ҳам, бу гапни у вазиятдан чиқиш учунгина айтади, назаримда. Аслида, ёзувчи “ишчи-деҳқон ораларидан чиққан бошлиқлар” энди “ўз ораларидан” узилиб кетганини ва унинг тақдири ҳам Калпарашнинг тақдиридай бўлиши ҳеч гап эмаслигини яхши тушунган.
Ўзим. Демак, ўша юқорида айтганимиздек, одатда, ҳокимият кўчадан келган одамни ёнига йўлатмайди… Агарки, тақдир тақозоси билан шундай бўлиб қолса, айтайлик, этикдўз ҳокимият тепасига келса, инсонлар бошига “совет халқи”нинг кунини солади. Онадан туғилгандай тоза қолишни истасанг, яна бир замонавий қизиқчи айтгандек, уйда ўтиришингга тўғри келади.
Мен. Соат кафгири эса тўхтамайди.
Ўзим. Оллоҳ буюрган дамгача…

«Жаҳон адабиёти» журнали, 2017 йил, 3-сон