– Жаҳоннинг тенг ярмини ўз қаршисида тиз чўктирган буюк фотиҳ Искандар замонидан буён орадан оз ҳам эмас, кўп хам эмас, роппа-роса 660* йил ўтибди. – кўркам қироат билан деди улкан Хоразм мамлакатининг сиёсий мустақиллигини қудратли кушонларнинг қўрғошиндек метин кишани ва салобатли сосонийларнинг ўта нозик дипломатик ҳийлалардан тўқилган сим тўридан танҳо ўзигагина хос бўлган тафаккур кучи, қайтарилмас ҳарбий салоҳияти ҳамда темирдан минг бора қаттиқ тиш-тирноғи билан мардларча тортиб олган шоҳ Африғ ал-Фир қасри устига қирқ минг устага бармоқ билан бирма-бир саналган қирқ кунда қурдирган кенг, баҳаво кўшкида ўтказган навбатдаги давлат кенгашида. – Мен бир ҳафта ўша тенгсиз жаҳонгир ҳақидаги жанговар қиссаларни тингладим. Искандар Сурияда ҳордиқ чиқарганида Дородан элчилар бориб, унга шоҳ мактуби ҳамда юборган совға-саломлари яъни копток, қамчи ва бир қути олтинни топширишади. Бунинг маъноси нима эди? Қани, муҳтарам аъёнлар, ким менга шу уч нарсанинг моҳиятини шарҳлаб бера олади?!
Кенгаш аҳли бир зум сукутга толди. Машваратларда лаби лабига тегмайдиган сўзамол вазир Ширартав ҳам бу сафар жим эди. Коптокка ўхшаб беўхшов семириб кетган бош ғазначи Фраргатдан ҳам бирор садо чиқмади. Африғ атайин ўн дақиқача жим ўтириб ўз амалдорларига бирма-бир қараб чиқди. Шоҳнинг тик нигоҳидан айрим эски-ю, янги аъёнларнинг нафаслари қайтиб, дамлари ичига тушди. Бош табиб Нарсавнинг пешонасида маржон-маржон тер пайдо бўлди. Фақат шоҳ қўшинлари қўмондони Друкнинггина бир киприги ҳам қилт этмади. Кўз ўнгидаги олтин шамдонга тикилганча ўй суриб ўтираверди. Шоҳнинг нигоҳи бир четда безовтароқ ўтирган ўктам юзли Саржамуғда тўхтади. Африғнинг сосонийлар салтанатидаги элчиси Саржамуғ бу мажлисга махсус чақирилган, аммо бола чоғидан бўлғуси шоҳ билан нону қатиқ бўлиб ўсган сиёсатчи айнан бу гал Хоразм ҳукмдорининг калласига не хаёллар келганидан бехабар эди. Африғ, Нарсав, Саржамуғнинг боболари Укуз дарёси эмас, Бўрлитовнинг этагидан айқириб оққан Ақчадарё соҳилида, кўҳна пойтахтда туғилиб-ўсганлар. У пайтлари подшоликнинг номи ҳам, мамлакат марказининг номи ҳам «Хоразм» деб юритилган. Эллик ё юз йилда йилда эл ўзгаради, деганларидек, бизга номаълум қолган сир-синоатлар боис гўзал ва обод Хоразм шаҳри эсма қумлар тагида қолиб, эл-улус ҳам, салтанат ҳам, тожу тахт ҳам Ақчадарёдан анча улканроқ ўзан Окс дарёси қирғоғига кўчади. Саржамуғ Хоразм шаҳри**да кечган болалик чоғларини эслади. Нарсав билан қум саҳросини тонгдан шомгача кезганлари. Бошини қуйи эгиб ўтирган, юзидаги тер шодасини сидиришга журъати етмаётган бу ажойиб инсоннинг ичи тўла ақл, билим. Ўсимлик дунёсини сув қилиб ичиб юборган. Ўн икки ёшга тўлганларида бийдай чўлдан юзта муҳим ўсимликни рўйхатга олганлари ҳамон ёдидан чиқмайди. Нарсав биттагина чучукмиянинг илдизидан қанчалар қувватли дорилар тайёрлаган эди-я. Авваломбор Аҳурамазда берган куч-қувват, қолаверса чучукмия илдизидан тайёрланган мураббо боис Африғ ҳам, Саржамуғ ҳам, подшоликнинг бошқа ўнлаб азаматлари ҳам чимилдиққа шердек бақувват бўлиб киришган, улардан кўркам-кўркам, оқил-оқил, чиройли-чиройли фарзандлар дўраган. Нарсав янтоқ гули ва уруғидан тайёрлаган малҳамлар-чи? Эҳ-ҳе, бу беқиёс табибнинг оддий қирқбўғин ўсимлигидан қандай мўъжизалар яратганини бир кўрсангиз эди: инсон ақли-заковатига тасаннолар ўқиган бўлардингиз. У оддийгина қизилча бутасидан тайёрлаган бўтқа бўғинлардаги чидаб бўлмас оғриқни бир зумда тўхтатади. Бўрлитов, Қирққиз қалъаси этаклари, қумликлар бағридаги қўтонтумшуқ, туясингир, чтир, қизғалдоқ, кўкнорқизғалдоқ, ёввойи кандир, қўзитикан, мингбош, олабута, терескен, сарисазан, туяқорин, оқсор, черкез, қуёнсуяк, қуёнюнг, балиқкўз, чоғон, бўзанг, биюрғун ва бошқа юзлаб ўсимликларнинг хосияти бир яратганга-ю, бир бояқиш Нарсавга аён. Саржамуғ табиб эмас, дўстига ўхшаб беморнинг томирини ушлаб ташҳис қўя олмайди. Аммо юрак-юрагидан сезиб турибдики, бугун Африғ саройининг бош томир уришида нимадир бор. Дабдурустдан уни Эроншаҳрдан бежиз чақиришмагани аниқ. Унинг хаёлини шоҳнинг қатъий хитоби бўлди:
– Нима дейсан, Друк? Доро Искандарга юборган уч нарса нимани англатади?!
– Агар хато гапириб қўйсам, менинг чивин жонимга жабр бўлмаслиги учун бир қошиқ қонимдан кечинг, олам подшоси!
– Биз сен билан ота-боболаримизнинг қадимий давлатини қайта ташкил этдик. Бу давлатнинг пойдевори Сиёвуш ва Фаразман боболаримиз томонидан бунёд этилган. Шоҳ Фаразман буюк Искандарнинг дўсти, иттифоқчиси бўлганини биласанларми? Қиличи ўнлаб мамлакатларни маҳв этган жаҳонгир Хоразм билан муносабатида қаламни ишга солган, аждодимиз билан битим тузган. Шундай қудратли Хоразм бетайинлар айби билан икки марта пароканда бўлиб кетди. Биз уни бир муштга жамладик. Энди минг шаҳар қурмоқчимиз. Шаҳри Котнинг кўшкида ўтирибмиз. Энди пойтахтимизда булутларга етгулик минора барпо этурмиз. Лекин қайси давлатнинг подшоси ва қўмондони, қўшини ва қуроли қудратли бўлмас экан, у билан бозордаги ҳаммол ҳам ҳисоблашмайди. Бу борадаги ғайратинг учун бир эмас, минг қошиқ қонингдан ҳам кечаман, Друк. Лекин олам подшоси деганингда сал муболаға бор-ов?
– Асло муболаға йўқ, олампаноҳ: тез орада Хоразм мамлакати Сизнинг музаффар байроғингиз остида етти иқлимни бирлаштиргай!
– Хўш, ўша уч совғанинг маъноси недур?
– Биринчиси шуки, Доро «Мен сени худди копток каби тепиб мағлуб қиламан. Иккинчиси оддий қулдек қамчи билан савалайман. Учинчиси дунёнинг ярмини талаб топган олтинларинг ўзингга буюрмайди,» дегани!
– Гапларингда маъно йўқ эмас, Друк… – деди Хоразм ҳукмдори ўйга толиб. – Муҳтарам элчимиз нима дейдилар?
– Авваломбор азиз юртимизнинг азиз подшосига, унинг қўл остидаги азиз раиятга таъзимимни қабул қилсангиз. Олтин тахтингиз тепасида турган муқаддас «Авесто»нинг муборак сўзлари билан айтадиган бўлсам, азиз одамларимизнинг ўнг қўллари билан ҳам, сўл қўллари билан ҳам сочган ҳар уруғи минг бўлиб унсин, ҳар бир хонадонда бахту баракот, тоат-ибодат, сабру қаноат, мангу олов барқарор бўлсин! – Саржамуғ ўрнидан туриб подшоҳ олдида бош эгди.
– Сосонийлар саройида мулозаматни яхши ўрганибсан. Хўш, биродаримиз Ҳурмузднинг аҳволлари нечук?
– Яширмасдан айтсам, анча боши ошоқ* * * , тили юмшоқ бўлиб қолди. – деди Саржамуғ тавозе билан. – Уч Баҳромнинг 20 йиллик ҳукмронлиги Ардашернинг улкан салтанатини бироз чарчатиб қўйган. Румликлардан еган зарбанинг заҳми ҳали кетгани йўқ. Баҳром Учинчи атиги ўн ой тахтда ўтирди. Ҳозирги ҳукмдор бирданига ҳам қўшини, ҳам раиятнинг аҳволини яхшиламоқчи. Аммо яхши нияти ярим моллигича қолмоқда…
– Мана бу сўзларни ким ёзган? – деб савол берган Африғ тахтдан ўнг томонда ўтирган ёш йигитга «Ўқи!» деди. Йигит ўқий бошлади:
«…Румлик Искандарнинг вафотидан сўнг Эроншаҳрда 240 музофотнинг ҳукмдорлари бор эди.
Исфаҳон, Форс ва уларга яқин вилоятлар «салор» Ардабоннинг қўл остида эди.
Попоқ Ардабон томонидан Форс ҳукмдори этиб тайинланган эди.
Ардабоннинг яшаш жойи Истаҳр эди.
Попоқнинг ўғли, вориси йўқ эди.
Сосон Попоқнинг подачиси эди…»
– Сен бу матндан бехабармисан?
– Ўлимдан хабарим бор, лекин бундан хабарим йўқ.
– Шопур тож кийса қандай оқибатларни кутиш мумкин?
– Мажусийлик кучаяди. Эфталийлар Эроншаҳрга отланади. Бизнинг юкимиз енгиллашади…
– Бурнимиз тагидаги Марв сосонийлар қўлида эканлигидан ор қилмайсанми? – овозини кўтарди шоҳ Африғ.
– Ор қилмаймен! – бунга жавобан овозини хиёл кўтарган Саржамуғнинг хаёлидан «Айтсам ўлдирадилар. Айтмасам ўзимни ўзим ўлдираман!» деган фикр ўтди. – Биз ҳозирча сосонийлар билан урушга шай эмасмиз!
– Шу гапни мен – Хоразм подшоси Африғнинг сосонийлар салтанатидаги элчиси, менинг қадрдон дўстим айтяптими?! – бўкириб юборди ҳукмдор.
– Йўқ! – ўрнидан сапчиб турди Фраргат. – У минбаъд Сизнинг элчингиз эмас. Саржамуғ деган бу муттаҳам аслида бир оддий этикдўзнинг элчисидур!
– Этикдўзнинг!
– Худди шундай, олампаноҳ!
Шоҳ ўрнидан туриб кетди:
– Эсинг оғиб қолмаганми, Фраргат?
– Йўқ, анови шаҳри Кот устидаги порлаб турган қуёш қанчалар аниқ бўлса, бу гап ҳам шунчалар равшандур!
– Ростми? – сўради Африғ элчисидан.
– Аввал ижозат берсангиз, энг биринчи берилган саволга жавоб қайтарсам: Доро Искандарга нафс балосига йўлиқсанг, Фраргатга ўхшаб коптокдек семириб кетасан, анқов бўлсанг ўз одамингдан фириб қамчисини ейсан. Олтин эса ҳеч қачон сенга дўст бўлмайди, демоқчи бўлган!
– Фалсафангни анов табиб дўстингга ўқирсан. Сен менга этикдўздан гапир. Ким у? Қаерда?!
– Ўтган йили Нисонинг йўлида ўлди… – Саржамуғнинг мижжаларида ёш ялтиради. – Сиз шу кунгача нимага эришган бўлсангиз, ўша этикдўз Махамакнинг катта хизмати бор. У подшоҳ Арсамухнинг олтинчи авлоди эди!
– Мен улуғ Аҳурамазда ҳаққи қасам ичаманки, Артав билан Арсамухнинг авлодларини бешикдаги чақалоғигача қириб юборганман-ку!
– Бир доно одам Махамакни яширин олиб қочиб Вурукаш денгизидаги олис оролда ўстирган. Этикдўзлик касбига ўргатган. Кейин мен у билан дўстлашдим. Ўзим билан этикдўзим сифатида Эроншаҳрга олиб кетдим…
– Менга қачон хиёнат қила бошладинг?
– Қўйнингизга Фраргат деган илонни, ҳунарманднинг ҳамёнини ҳоритган шу порахўрни, мансаб сотувчини олган дақиқангиздан бошлаб мен хиёнат эмас, ҳушёрлик йўлига ўтдим. Мана, бошимни кундангиз устига қўйдим. Сапчадек узиб ташласинлар. Лекин ўлимим олдидан бир сирни айтаман: уч ойдан кейин сосонийлар сизга қарши уруш очадилар!
– Буни қандай исботлайсан?
– Шу ернинг ўзида исботлайман!
– Гапир, сўзинг ёлғон чиқса сени ўз қиличим билан чопиб ташлайман!
– Кўшкингиздан филларингиз сақланадиган жойга қаранг. Унинг олдидан йигирма отлиқ Симота томон боряпти. Уларни шу ерга қайтариб келишсин!
Сарой сув сепгандек сукутга толди. Анча вақтдан кейин йигирма отлиқ сарой майдонида ҳозир бўлди. Фраргат титраб-титраб ерга ўтириб қолди.
– Ҳамма суворийлар ўзлари минган отларнинг эгарларини ечиб олдингизга қўйишсин. – деди Саржамуғ.
– Бажаринглар! – деди Африғ Друкка.
Лекин биронта суворий ечилган эгарни отдан тушира олишмади. Шоҳ навкарлари ёрдамга борди. Ҳар эгарни тўрт навкар зўрға ерга олишди.
– Ғилофини олишсин! – деди Саржамуғ.
Сарой олдида ҳозир бўлган ҳамма ҳайратдан ҳайқириб юборишди. Йигирма эгарнинг барчаси олтиндан ясалган эди.
– Этикдўз Махамак, шоҳ насли Махамак Фраргатнинг сосонийларга сотилганини аниқлаган эди. Аммо унинг ўзига секин таъсир қилувчи заҳар беришган экан. Узоқ яшамади!
Шоҳ Африғ ғазаб билан қиличини қинидан чиқарди. Фраргатнинг кесилган калласи кишнаб турган қорабайир отнинг оёғи остига юмалаб тушди. Ҳамма жимиб қолди. Бу ёғи нима бўлиши эса ёлғиз яратганга аён эди…
________
* эрамизнинг 305 – йили
** Гекатей Милетский тилга олган Хоразм шаҳри(ҳозирги Ақчахонқалъа тарихий ёдгорлиги ўрнида бўлган бўлиши мумкин)
*** ер, тупроқ маъносида