Кун совуқ эди… Қаҳратон қишнинг қотил қиличи – аёзбобо тинимсиз иззиллар, юз, афт-ангорни бир тилиб ўтарди. Не умид биланки йўлга отландим. Манзил унчалик олис эмас – азим Кентга. Илм истаб юргандан кейин вақтдан унмли фойдаланмоқ мақсадида бир-икки хужжатларимни қўл папкамга солдим-да, йўлга чиқдим. Мармар зинани бир-бир босиб пастга энарканман, хаёлимда нималарнидир пишитиб борардим чоғи, бирданига эсимга ҳужжат – паспортим тушиб кетди. Чўнтагимни пайпасладим – у йўқ эди. Яна тепага отилиб чиқдим. Хонамни танбаллаш ҳам эсимдан чиқибди. Хаёл қаёқда эди, хаёл? Ўз-ўзимни койий бошладим шу тобда. Бир зум тек турганимча барча керакли нарсаларимни титкилаб чиқдим. Энди кўнглим бир-оо-оз жойига тушгач яна йўлимда давом этдим. Бола эмасманми, ойим айтарди ҳу бахтиёр чоғларимда: “Ўғлим, сафарга чиққанда ҳеч нарсангни унутма, агар бордию яна изингга қайтиб, уйингга кирсанг, сафаринг бароридан келмасмиш… Менга момом айтиб берганди…” Менга эса буларни бундан йигирма йил и
лгари ойим айтиб берганди. Энди нима қиламан. Ирим-сиримни деб муҳим ишимдан қолиб кетайми бир кун. Устига-устак устознинг ишини битириб келишим ва ўзимнинг ишларимни ҳам тинчитишим керак дея юрагимдан ўтказдим. Яхши ният ярим мол дея ниятимни пок қилдим. Хулласи беш-ўн минут ўтар-ўтмасиданоқ катта кенг йўлга чиқиб олдим. Куннинг совуғи анчайин пасайиб ҳам қолибдими? Оббо, ҳавога хам тушуниш қийин. Шиддат билан турланиб, тусланиб тураверади. Икки соатча вақт олдин музлаб қоларди бадан. Энди бўлса, булут орқага чекиниб, қуёш ҳовурсиз жилмайиб турарди кўк узра…
Ҳамма қатори бекатда автобус кута бошладим. Чамаси ўн минутлар туриб қолдим шекилли, шу орада йўлакчадан таниш-билишлар ҳам ўтиб қолди.
…Шундай қилиб, автобус келиб тўхтади. Нақ пешонасига 60 деб катта ёзувда битиб қўйган эди. Автобусдан тушаётганларни бир-бир кузатиб турдим. Шофёр ёрдамчиси – чиптачи бола бор овози билан қичқира бошлади:
– Бозор, вокзал, 1-туғруқхона, ароқ зовод, инфекционний, мед коллеж, пед коллеж, янги бозор, эски бозор, автовакзал…
Бекатнинг ола-ғовур шовқинларига қўшилиб, автобусга бир эплаб чиқиб олдим. Йўловчи унчалик кўп эмас эди. Одам сийрак эди. Мен ҳам чеккароқдаги бўш ўриндиқларга, ҳайдовчига яқинроқ жойга бориб чўкдим. Кими ишдан, кими ўқишдан қайтарди йўловчиларнинг. Мен қўл телефонимнинг соатига қарасам – нақ тўрт бўлибди. Демак, шошилиш керак. Афтобус шаҳарни кезиб автошоҳбекатга етгунича ярим соатлар вақт ўтадиёв… Беш дақиқа туриб қолган автобусни кимдир хайдашга уннади: «Болам кеч қоляпмиз, ҳайдагин босиб-босиб тезроқ». Ҳайдовчи унга жавобан «Хола, бу сизга такси эмас, автобус, хоҳласангиз шу! Бўлмаса ана, катта йўл…» деди. Орқароқдаги онам қатори аёл гапига жавобан у. шу сўзларни эшитарканман, бир сесканиб кетдим… «Тавба», дедим ичимдан, ўзинг инсофини бер Тангрим… Хулласи, бир пайт автобус ғимирлай бошлади. Мен қанча шошсам, автобус шунча секин юрарди… Истар-истамай ғимирлаётган автобуснинг ойнасидан ташқарини томошалаб борарканман, атроф оппоқ қорга бурканган,
қиш қишлигини қилиб, ажиб бир гўзалликни намойиш этиб турарди. Ўзимни минг чалғитишга уринмайин, барибир хаёлим азим Кентга кетадиган сўнгги рейс автобусига қараб тортиб кетарди… Шошганинг билан бўлмас экан. Ундан кўра таксига чиққанимда бундай типирчилашга не ҳожат денг. Бу ёғини тақдири азалдан кўрамиз…
Шундай қилиб, чамаси ярим соатлар вақтни орқада қолдириб, янги бозор биқинидан чиқдик. Айланма йўлдан бурилиб, кўприкдан сал ўтиб тўхтадик. Кимдир бозорга шошарди. Кимдир бозордан қайтарди. Автобуслар сафи тиқилиб кетган. Ҳаммаси бир-бир навбат билан силжир, йўловчиларни тушира-тушира, кетгувчиларни миндира-миндира яна ўз йўналишида давом этарди. Орадан шу пайт яна беш дақиқа ўтди. Ҳар бир автобусда чиптачи бола бор эмасми, чор томон ўшаларнинг овозига тўлиб кетди… «Қани кетдик, қани келдик», хулласи турли хил шевалар янграрди. Эндги навбат бизларга етди. Эшиги очилиши биланоқ автобусдан ҳалиги болакай сакраб тушди. Аввал чиқаётганимда айтган гапларини пластинка янглиғ қайтала бошлади. Бир пайт автобусимизнинг олдига кесариб оқ рангли матиз келиб тўхтади. Шу пайт чиптачи болакай ҳаракатларидан сезишимча:
– Ака, сал чеккароққа олиб турасизми, машинангизни ҳозир биз чиқиб кетишимиз керак? – деди бошини хиёл эгиб матиз эшигига. Матиздаги ҳайдовчи ҳам бўйи бир қарич эканми, олдинги ўриндиқдан боши сал-пал кўриниб турарди. У ҳам қўлини силтаб ташлаб, нималарнидир дўқ урди.
– Бор-э ишингга, кенг йўл, ўтавермайсанми бу томонимдан, – деган мазмунда чийиллаб…
Автобус ҳайдовчиси ўзимиз тенги йигит экан, рул чамбарагини оҳиста айлантириб, оғзига мум тишлагандек ўтираверди.
Бола чорасиз эди. Ҳамма ўз иши билан овора. Бозордан чиқарди, бозорга кирарди. Чор атроф турфа хил бақироқ овозга тўла. Боланинг саси чиқмай қоларди баъзида. Шу дамда автобусдан кимдир сўз қотди.
– Шофёр ука ўзингиз тушиб, машинани олишини тайинланг, ахир биз шояпмиз.
– Тушундим хола, тушундим. Нима қилай, эшшак миялар қаерда тўхтаб, қаердан юришини билмаса? Бориб пешонасига мушт туширайми?
– Нима қилсанг қил, лекин бизни манзилга элитгин. Ахир қош қорая бошлади. Неварам касал, шифохонага боряпман… – куйинди бошқа бир опа.
Ўша матиз ҳали ҳам автобуснинг олдигинасида қаққайиб турганича, унинг ҳайдовчиси телефонда нималарнидир валдираб гаплашарди…
Сабр косаси тўлган ҳайдовчи йигит эшигини «шарқ» этиб очди-да, пастга сакраб тушди. Жаҳли чиққан кўринади. Тўғри матизнинг хайдовчиси ойнагини чертди:
– Ука, сал чеккароққа олиб тур, чиқиб кетайлик, халқ кутиб қолди.
Матиздаги тирранча ҳам бўш келмади. Қўлини аввалгидек силкиб ташлаб, – бу томондан ўтавергин, дунё тормиди, ишорасини қилди.
Бу томонда автобус сиғадиган йўл бўлса майли эди, арава ҳам ўтолмасди…
Хулласи, иккиси ҳам келишолмади. Матизнинг ҳайдовчиси охири чидамади шекилли, «шарқ» этиб эшикни очди-да, ғоз юриш билан ўртага чиқди. Ён томонидан бир қора кийинган барзанги тушди. Иккиси хам худди кинолардаги телехларга ўхшаб, кўкрагига қўлини қўйиб, «Қўлингдан нима келарди гапир» деган мазмунда керрайишиб турарди.
Чорасиз қолган автобус ҳайдовчиси ҳеч нима деёлмади. Чиптачи болакайнинг ёнига ўтди. Улар ҳам бир-икки олдинга қараб босди. Бир пайт ҳалиги матизни бошқараётган тирранча чиптачи боланинг олдига келди. Мен ҳам фақат кузатиб турмайин деб қўлимдаги сумкани ёнимдаги аёлга бердим-да, пастга эндим. Тўғриси, ҳар иккисига ҳам ичим ачирди…
Мен чиққан пайтимда ҳар икки жуфтликни бегоналар худди тсирк томоша қилаётгандек чор томондан ўраб олишганди. Ҳаммасига томоша керак эди у ердагиларнинг. Кап-катта соқоллари серрайган, бобойлардан тортиб, дину диндорлар ҳам бор эди чамамда. Бозор-да, бозор… Сотадиган ҳам шу ерда, оладиган ҳам. Мен ич этимни еб-тирнаб, томошаталаб оломонга келиб қўшилдим. Қўлларим тугилди. Муштумимни қисирлатиб, матиздаги тирранчанинг нақ пешонасига тушрмоқчи бўлардиму аммо, лекин, оломондан ўтиб бўлмасди. Урилиб, сурилиб, бир тўда одамларнинг орасига кириб олдим. Ўзим ҳам текин томошачиларнинг атиги биттасига айландим қолдим.
Бир пайт, ҳалиги матизнинг эгаси – бўйи бир қарич тирранча чиптачи боланинг эътиборсиз турганини пайқаб турибми, нақ пешонасининг устига тирсаги билан туширди… Томошаталаб оломон эса худди рингдаги жангни томоша қилаётгандек «ур, сур…» овоз билан кўкка сапчишарди… Қани энди мен уларнинг олдига чиқиб, ўз қаҳрамонлигимни кўрсатиб қўйсам эди… Афсус, минг афсус!..
Шу пайт автобус ҳайдовчиси оломондан ситилиб чиқди. Оломон қоқ иккига бўлиниб кетди. Бу даҳшатли манзара – бундан беш юз йил илгариги жангу-жадалларни эсга соларди… ҳалиги чиптачи боланинг оғзи-бурни қип-қизил қонга беланди. Қўлидаги чиптадан йиғилган пуллар атрофга сочилиб кетган, баъзи мингталигу беш юзталикларга боланинг оғиздан томаётган қон сачраб кетганди. Ҳайдовчи гунг эди. Ҳайдовчи лол эди. Шу тобда икки сафда турган текин томоша оломонга бир паҳлавон келиб ўшқирди: «Сизларга бу ер томоша жойими? Тур, сурларларинг бу ердан… Бўлмаса…» гапи ичида қолди паҳлавоннинг. Матиз ҳайдовчиси машинасига ўтириб, сал чеккароққа ўтди. Ёнидаги эса қаергадир ғойиб бўлган кўринади. У шеригини излай бошлади. Чиптачи бола ҳўнграб йиғлар, кўз соққаларидан томаётган чак-чак ёшга қўшилиб, оғзи-бурнининг қони ерга томарди. Бир қарасам орқамда – автобус ичида ҳеч ким йўқ. Фақатгина мен сумкамни берган аёл бежо кўзларини тикиб, мени имлаяпти. Бордим. Қўлидаги папкам
ни оларканман, менга бир сўз айтди: «Ука, бу ҳаммамизга сабоқ бўлди», деди. Кейин ўшиб қўйди: «Бозордага келдимми ёки бошқа жойга келдимми билолмай қолдим» деди. Одамлар ҳам шунчалик ўзгариб кетганми? Бояги шошилиб турган хола эса норизо бўлиб тушиб кетди. Омон бўлгин», деди-да у ҳам бозорга кириб-чиқаётган юзлаб одамларга қўшилиб сингиб йўқ бўлиб кетди…
Бир зум каловланиб қолдим. Қани беш дақиқа илгариги ҳайдовчининг важоҳати? Ёши улуғ опани сенсираб, дилини оғритмаганмиди? Мард бўлганида ўз ҳамроҳи – болакайни ҳимоясига олиб, унга ёрдам бермасмиди… Тили бир қарич эди-ку, тили? Нега муштдеккина болани бориб бир туширмади? Ёнига бориб ҳеч бўлмаса «юзини» силамади? Нега? Негадир шу пайт кўнглим айниди. Болага бир ачинсам, ўзимни минг койирдим. Лаънати боланинг ёнига ҳеч ким бориб, «ука нега уни беайб урдинг?» деб айтолмади… Нега? Ахир одаммиз-ку биз? Ака-укачилик, ўзбекчилик деган ришталар қаерга учиб соб бўлган ўзи? Ёки бояги опа айтганидек одамлар шунчалик ўзгариб кетганми? Минг турланиб, ўзгармасин, барибир одам-ку, одам? Шу тобдаги саволларим қанчалик кўп бўлса ҳам, шунчалик жавобиз эди. Кун совуқ эди… Бозордаги ўша манзара… ундан беш бадтар совуқ эди…
Мен эса икки йўл аро: на кетаримни, на бир қоларимни билардим шу тобда. Кейин азим – Кентга кетишим эсимга тушди. Бир ўткинчи таксига чиқиб, йўлимни давом эттирдим. Автошоҳбекатга келган эдим, яхшиямки, ҳали сўнгги рейс жойидан қимир этмай турган экан. Қош қорая бошлади. Куннинг совуғи энди-энди ҳуввиллаб ётган автошоҳбекатда сезила бошлади. Чаққонлик билан автобусга чиқиб олдим. Менга охирги ўриндиқда ўтириш насиб этди. Кейин автобус секин ғимирлай бошлади. Энди мен орқада ўтирибману олдимда битта йўловчи шофёрга қараб «Ака тезроқ ҳайданг Тошкент олис шаҳар вақтлироқ борайлик», деди. Менинг эсимга ҳали бўлганига ўн-ўн беш минут вақт ўтмаган ўша манзара тушиб кетди.
Унда бола бор овози билан оламга жар соларди:
– Вокзал, бозор, янги бозор, эски бозор… туғруқхона… Ва, ва… шундай манзара қайта кўз ўнгимда жонланди: боланинг оғзи-бурни қонга беланган, қўлидаги бир сиқим ғижимланган пулга кўз ёшлари аралаш «чак-чак» қон томарди… Буни кўрган оломон «ур…сур… лаб оламни бошига киярди, киярди… ва яна киярди…
05.02.2012