Холмуҳаммад Каримий. Қамчи (ҳикоя)

Эшбўри уйқудан уйғонса суяги зилдек оғир, келига солиб туюлгандек улай-булайга қимирлашга ҳафсаласи бўлмай ҳар кунгидек тўшагида ялпайганча ўтираверди. Аллақачон кун ёйилиб кетган. Айиқдек лапанглаб ҳовлига чиққанида баданлари зирқираб, устига-­устак лоп этиб юзига саратоннинг ҳовури урилиб башараси тиришди. Помидор жўякларда ўроқ ушлаб куймаланаётган хотинини кўриб, молга қараётган экан, деб қўйди. Бўсағада турган обтовани олиб чўнқайганча қўл-бетини чайди, илиб қолган сув баттар ланж қилди. Шу пайт ола-чалпоқ ток соясида лойсупада ўтирган онасига кўзи тушди.
Ҳайитгул момо эски кўрпанинг пахтасини чиқариб, титаётган эди. Саломлашиб лойсупага омонат ўтирди-да: “Ишлар унсин, эна, эрталабдан нима ташвиш”, дедию балога қолди. Ҳа­йитгул момо ўқрайиб қараб турарди. “Ҳали эрталаб дегин”, дея бир дам тараддудланиб тургач, ачиниш билан бош чайқади, кейин қаҳр билан қаҳ-қаҳ отиб кулди. Бундай ғайритабиий ҳолатга қараб туришга бети чидамаган Эшбўри кўзини олиб қочди. Шунда онаси:
– Ҳай болам-а, болам. Оталилар олти тўйди, эналилар етти тўйди, билсанг агар. Сен эса шўр етимдай ризқ-насибадан мосуво бўлиб сасиб ухлайвер. Сенинг эрталабинг шуми? Ҳа, эсизгина йигитлик. Отанг тирик бўлганда сени шуйтиб қўярмиди, – дея жаврашга тушди.
Онасининг ҳасрат-надоматларидан Эшбўрининг тили танглайига ёпишиб қолгандек эди. Алам ва армон тўла дийдиё жон-жонидан ўтиб кетаётган бўлса ҳам, нима деб далда беришни билмай, бирор илиқ гап тополмай каловланиб қолди.
– Ҳадеб нолийверманг-да, мени ҳам тушунинг, ахир. Ундан кўра нима дардинг бор деб сўранг? – дея Эшбўри дардини достон қилишни хоҳламаётган бўлса ҳам беихтиёр оғзидан чиқиб кетди.
– Ҳой бола, қайси юз билан зорланаяпсан. Чошгоҳда уйғонсанг, бу қилиғинг бир кун бўлмаса, ҳафта бўлмаса, узун саратон шу аҳвол-ку. Яна касалман дейсан. Чошгоҳда тургандан кейин ер устидаги бари зиён-заҳмат сендан бош­қа кимга ёпишсин. Сен касал бўлмай мен касал бўлайми, ўзинг айт, – деганча эски пахтани юлиб-юлқилаб титаверди.
– Гапингиз тўғри, сиз айтмасангиз ҳам билиб турибман. Тўшакдан бошимни кўтара олмасам нима қилай. Келинингиз ҳам азондан минғирлаб, қулоқ-миямни ейди.
Она-бола бир дам жим қолишди. Ҳали мактаб ёшига етмаган гўдакларнинг гоҳ отасига, гоҳ момосига мўлтираб қарашлари катталарнинг дамини ўчирди. Энди шу катта невара момосининг эрмаги, қўлидан етаклаб олиб юради: отажоним, суянган тоғим, қўрғоним, тойчоғим, шириним, шакарим, овунчоғим, қўриқчим дея эркалаб суяди. Бола ҳам момосидан сира ажралгиси келмайди. Мени гўрга тепкилаб-тепкилаб кўмадиган сайибим, соябоним деб алқайди. Агар тўполон қилса, уйинг буғдойга тўлсин, деб койийди. Келиннинг иккинчи туққан болалари эгиз бўлганидан катта невара момосига меҳр қўйиб қолган эди. Ана шу ширинтойлар олдида момоси тилини тишлаб қолди.
– Қани болалар, бориб энангга айтинглар, дастурхон ёзсин, отам чой ичмоқчи денглар, – дея ўғлига кесатиқ қилган момо товуқни киш-кишлагандек невараларини сўридан тушириб ҳайдади. Улар чувиллашиб узоқлашгач, она яна ўғлини тергашга тушди.
— Шу пайтгача гўдакларнинг юз-хотирини қилиб оқ қилиб яшаяпсанми, қорами, ҳаётингга аралашмадим. Эгизларни катта қилгунча келиннинг ҳам она сути оғзидан келди. Шу яшаш ҳам яшашми? Ит ётиш – мирза туриш. Ярим кечагача саёқ юриб тўрт танга топганингга иш қилаяпман, деб ўзингни овутиб юрибсанма? Ҳовлида бир эркак сен бўлсанг, атрофингга бир қара. Томи-тош-ку итимдай бўлиб ётибди, томорқанинг аҳволи бу. Мана шу хароба бир вақтлар Катмандаги манаман деган ҳовлиларнинг бири эди. Ўзим ҳам кўриб юрибман, келин ҳам нима деярини билмай, ўғлингизга бир нарса бўлган, деб қўяди. Касал бўлсанг дўхтирга бор, бола-чақанинг олдида сасиб тушгача ётишинг нимаси?
Эшбўри онасининг ҳасрат халтасини очиб юборганини билиб тилини тишлади. Ғишт қолипдан кўчган, бу кетишда энди унча-мунчага босиладиган эмас. Дардини тўкиб солмасдан бошқа чора йўқ.
– Эна, мен ҳам бекор юрганим йўқ. Икки-уч йилдан бери Нурмат дўхтирга боравериб чарчадим. Ишонганимиз шу дўхтир, уйқудан бош кўтаролмаяпман, қўлим ишга бормайди, дўхтир бова десам, бўйнидаги темирини кўкрагимга қўйиб нафас ол, нафас чиқар дейди. Юрагингни эшитай, тинч тур дейди. Бармоқдан жиз этказиб қон олади. Рентгенга тушиб кел, дейди. Билгани шу. Мени эшитмайди ҳам. Кейин дорини қаторлаштириб ёзиб беради. Халталаб дори кўтариб келдим. Ўлай агар, чивин чаққанчалик нафи бўлса. Ўтган ой яна боргандим, касал эмассан, сени пойгага қўйиш керак, деб ит ўтламаган гап­лар билан мени ҳашва қилди. Ўлганнинг кунидан қимирлаб юрибман. Қўлим ишга бормайди. Уйқудан бош кўтаролмасам… Сиз бўлса болам танбал деб нолийсиз, мен эса ўз дардимга куюнаман.
Она-бола ўйга толди. Бир маҳал Ҳайитгул момо йўқотган нарсасини топиб олгандек кўзларини катта очиб гап бошлади.
– Дўхтирдан кор қилмаган бўлса, бошқа йўлини кўриш керак. Фолбинга ишонма, лекин фолсиз ҳам ўтирма, деган гап бор. Ўзим борай десам, бел қурғур ярамайди. Хотинингга расмингни бер-да, эртагаёқ фолбинга жўнат. Чилтонларми, дев-париларми яна ким билади… йўлингни боғлаб турган бўлмасин тағин? Қуриб кетсин авваласи, дарров ирим-амалини қиламиз, ажабмас эмига тушса. Манови ҳамсоя келинини дўхтирма-дўхтир олиб чопти-чопти, бечорани овора қилгани қолди. Эмига тушмагач бари азоб келинга бўлди, ўзим гувоҳ, оиласи егани нонга зор бўлиб қолган кунлари бўлди. Касал боқиш осонмас. Топган-тутгани шамолга учди. Охири тақдирга тан бериб қўйишди. Ўлиб ўлмагандан кейин, икки кўзи йилтиллаб ётгач, қариндошлар тинч туролама. Чиқмаган жондан умид, деб фол очирган экан, бир қора товуқ чиқибди. Шуни ўтказди, келин дуппа-дуруст оёққа турди.
Эшбўри мундай қараса, онаси қушночга маҳкам ёпишаяпти. Начора, ёқа ушлашдан бош­қа иложи қолмади.
– Эна, сиз ўйлаб гапираяпсизми? Пахта терим маҳали Бибисора қушноч Эргашали малимнинг хотинидан дуо-жоду оламан, деб авраб ўзи тугунча қилиб ясаган “жоду”сини уларнинг ўчоғи ёнига кўмаётганда қўлга тушди-ку. Эргашали малим уни элга шарманда қилган эди. Одамларга ҳайронсан, шунча гапдан кейин ҳам бирон боласи иситмалайми-йўталами, қушночга югуради. Сиз ҳам кўра била туриб шу муттаҳамларга мени рўпара қиласизми?
Барибир онасига бир жўяли нарса дейиши керак. Бўлмаса онаси осонликча таслим бўлмайди. Шунда лоп этиб миясига бир гап келди. Ишхонада бир киши учи йўқ дардга йўлиққанини айтиб берганди. Кирмаган эшигим қолмади; дўхтиригаям, фолбинигаям, қушночигаям учрадим. Бирови дардимга дармон бўлмади. Охири қишлоқ мулласига бордим, қамчинлаб туриб чилёсин қиларкан. Шуйтиб дарддан қутулдим, деганди. Афсуски, унинг қандай дардга йўлиққанини сўрамаган экан. Шуни онасига айтди.
Она ўйланиб қолди. Ўғлидан ўша одамлар дарагини сўради. Нима қилса ҳам боласининг дарди ариса бўлди-да.
— Эрта-индин тўй қилишинг керак. Элнинг олдида кулги бўлиб юравермаймиз-ку. Ҳаммаси ихлосдан, дард арийман деса, чўпдандир-хасдандир, шифо топасан. Фақат муллага берадиган пулинг борми?
– Агар фойдаси тегса, бир йўлини қилиб топиб рози қиларман, – деди Эшбўри.
Ҳайитгул момо ичидан хурсанд бўлди. Энди бу ишни пайсалга солиб ўтирмаслик кераклигини тушунди. Темирни қизиғида босиш керак.
– Унда мени эшит, – деди Ҳайитгул момо. – Қудабова ётиб қолганда боботовнинг мулласи келган. Ўшанинг дами ўткир деб мақташганди. Балки, ўша мулла бўлиб чиқар. Қудабованинг у билан борди-келдиси бор. Дард кетаман деса табиб ўз оёғи билан дегандек. Болам молни сен топасан, пул-мул деб юрма-да, шу қора тўқлинг­нинг бировини муллага ата. Бош-кўздан йироқ, бало ҳам шу билан даф бўлсин.
Эшбўри онасининг гапига рози бўлди.
Орадан бир неча кун ўтиб қудабованинг саъй-ҳаракати билан мулла келадиган бўлди. Эшбўри ҳам бободан керакли насиҳатни эшитди.
– Ихлос-халос, деган Эшбўрибой. Мени айтди дерсиз, тез кунда сен кўр-мен кўр бўлиб кетасиз.
Чошгоҳ маҳали қудабованинг ўзи муллани кутиб олди.
Мулла рўпарасига Эшбўрини ўтирғизиб қамчинни қўлга олди. Тиззалаганча худди мактабда тез айтиш айтаётган ўқувчидек шариллатиб қироатни бошлади. Бир жойига келганда тўхтаб қаттиқ “суф” дея дам солиб яна ўқишга тушади. Мулла қироатидан Эшбўри руҳи енгил тортар, “суф” деган чоғлари елкасига билинар-билинмас тушаётган қамчи зарбасини аввалига сезмади. Бу ҳолат анча давом этди. Ҳатто Эшбўри кўнглининг туб-тубида бу ҳолат яна ҳам узоқроқ давом этишини истаётгандек эди. Чиндан ҳам унинг руҳиятида бир енгиллик сезилар, борган сари мулланинг “суф”лаши кучайиб, овози тобора баландлашиб борарди. Қамчининг зарбалари ҳам жонлангандек. Қироат таъсирида пайдо бўлган нурли либос ич-­ичига сингиб, юракнинг туб-тубидан қандайдир роҳатбахш туйғуни элас-элас пайқагандек эди. Гоҳо сирли таралаётган қироатнинг садоларига қўшилиб, ўзини учиб юргандек ҳис этарди.
Мулла узоқ дуо қилгач, Эшбўрига яна дам урди-да, ўрнидан қўзғалди. У чордона қуриб ўтириб олгач, худди ҳукм ўқиётган қозидек буйруқ оҳангида Эшбўрига тушунтирди:
– Эшбўрибой, шу кундан бошлаб қирқ кун қуёш ботмасдан уйга етиб келасиз. Ҳар куни ётиш олдидан чўмиласизми ёки таҳорат оласизми, хуллас, покиза бўлиб ётасиз. Тонг отиши билан қуёш чиқмасдан туриб яна чўмилиш ёки таҳорат олишни унутманг. Қуёш чиқар ва ботар пайти хатарли вақт бўлади; жин-шайтонлар ҳаракатга тушади. Шундай дамларда асло ухлаб қолманг. Ишга қатнайсизми, югурасизми, ўқийсизми – бу ёғи ўзингизга ҳавола, ҳеч бирининг зарари йўқ. Мана шу қирқ кун ичида тунда бирон жойга борманг, шифо берувчи Ўзи, – дея эшикка ишора қилди.
Муллани кузатиш вақти келганини Эшбўри тушунди.
Муллани кузатиб қўйиб айтганларини уйдагиларга бирма-бир тушунтирди. Ҳар қалай мулланинг гаплари Эшбўрини ажаблантиргани ҳам йўқ. Худонинг берган куни ланж юриш, иши юришмасликдан чарчаганидан, мулланинг гап­лари ўзига ҳам маъқул тушди.
Шундай қилиб Эшбўри қирқ кун чиллада ўтирадиган бўлди. Ҳайитгул момо эр-хотинни кўзма-кўз қилиб, парҳезни бажаришни яхшилаб тушунтирди. Ҳар тонг, намозимни ўқигач силардан хабар оламан, деди. Келин, сен уйғоқ бўлмасанг, балога қолдим деявер, дея пўписа ҳам қилди.
Эрта турган Эшбўри азонлаб ҳовлида айланиб, онасига кўзи тушди. Иш вақтигача ҳовлида ўсган бегона ўтларни юлиб ташлади. Ҳовли тоза бўлгач кейинги кунларда томорқага ўтди. Дарахтларни бутоқлаб, тагларини юмшатиб, жўяк олди. Ошхонанинг ўпирилган жойларини суваб чиқди. Дам олиш куни жиянини чақириб лойсувоқ устидан қумсувоқ қилдирди. Ке­йинги ҳафтада тоға-жиян иккаласи деворларни оқлаб чиқди. Ҳовли тоза-озода, деворлар оппоқ бўлгач ток соясидаги беўхшов лойсупани ҳам эпақага келтириб қўйди. Эшбўри ўзига ўзи ҳайрон, эрталаблари айланиб юрар экан, худди бегона ҳовлида юргандек атрофга қизиқиш билан разм солади.
Кўчага чиқиши билан ишлари ҳам юришиб кетаётгандек назарида. Ширин хаёллар билан кеч тушмаси уйга қайтади, болаларнинг хурсанд­чилигини кўринг, эрталаблари онаси ҳам уни тергамайди, куюнмайди, алқаб-алқаб дуо қилади. Ниҳоят, чилла тугади. Онанинг хавотир билан кутган куни келди. Чилладан кейин ҳам чошгоҳгача ухласа нима деб боласини уйғотади. Энди нима деб койийди. Нима десанглар бажардим, буёғига мени тинч қўйинглар деса, нима бўлади? Шундай ўйлар билан намозни апил-тапил ўқиб, оёққа калишини илиб ҳовлига чиққанда тонг қоронғусида сигирга емиш солаётган ўғлига кўзи тушиб, кўнгли жойига тушди: “Боламнинг тузалгани рост бўлсин, илоҳим”, дея томоғига нимадир тиқилгандек ютиниб, кўзларига ёш келди. Ортига бурилар экан, ҳа муллабобонинг қамчисидан ўзим ўргилай деганча, ухлаётган неварасининг пешанасидан ўпди.

“ЎзАС”дан олинди.