Абдулҳамид Чўлпон. Қаламнинг тойилиши (1924)

(«Муштум»га совға)

Бизда бир гап бор: биров бир қалтис гапни билмасдан айтиб қўюб жуда изза бўлуб кетса, орқасидан қизаруб-бўзаруб туруб: «Суяксиз тил экан, тойиб кетди», – деб қўядур. Рост, тил суяксиз, тойиб кетса мумкин.
Лекин қалам деган нарса тилдек эмас. У ё қамишдан, ё темирдан, ёки ёғочдан ясаладур. Замонанинг маданий қалами бўлса, мутлақ пўлат учлик бўладур. Пўлат-а, пўлат! Унинг тойиб кетиши хийла қийин.
Масковдаги «Бош пахтақўмитаси»да* битта-яримта тоятурған қалам бор, локин ҳарчанд ундек катта бир идоранинг қаламлари ёт мамлакатларда ишланган (заграничный) ва биринчи навдан (первый сорт) учларга эга бўлсалар ҳам, шошилишда қоқилиб ҳам кетарлар экан!
Ўша Бош пахтақўм томонидан пахта хусусида ўрус тилида бир китоб нашр этилган эди. Китобнинг исмидаёқ шу «қалам тойилиши» ҳодисаси жуда аниқ кўринадур. Яъни ижтимоий асосга қурулған Шўро Жумҳуриятлари Иттифоқининг Шарқ томонидағи аъзолари (Ўрта Осиё ва Қафқасия жумҳуриятлари) тупроғида унатурған пахтаға «ўрус пахтаси» (русский хлопок) деб исм қўйилған. Бош пахтақўмдағи «тойилғич қалам» Туркистон билан Қафқасия ўрниға Рязань ва Тобол вилоятларини келтириб қўюб, осиёликларнинг «яқин» ва «ғамхўр» дўстлари бўлған Милюков* ва Чўқаевларға* Париж майдонларида жиртак чалишқа ортиқча ва керакмас бир замин тайёрлаб берган…
Масковдаги Бош пахтақўмдан ва унинг «тойилғич қалами»дан хафа бўлишқа ҳам тўғри келмайдур. Чунки у қалам бирорта «собиқ»лардан чиққан «спец» (ишбилармон)нинг қалами бўлса керак.
Лекин ўзимизнинг қизил Тошкентдаги Ўрта Осиё шўро жумҳуриятларининг бош газети бўлған «Туркправда»ға* нима дейлик? Муҳташам кабиналарда ўлтурғанлари билан, «Турк­правда» сотрудниклари орасида ишбилармонлар йўқ эди, шекилли.
Тожикистон жумҳурияти тўғрисида ўртоқ Имомов билан мусоҳаба қилған «Туркправда» сотрудниги «Помир» (Мурғоб)ни нимага «Ўрус Помири» (Русский Памир) деб атади экан? Ахир «Хитой Помири», «Инглиз Помири» деган атамалар бор, бу ҳам жуғрофий бир «атама»-да демакчиларми? Унда Туркистонни ҳам «Ўрус Туркистони» (Русский Туркестан) десунлар; «Хитой Туркистони» деган атама ҳам бор…
Биз ҳайрон бўлдик, ўйладик, охирда шу қарорға келдикким: «Туркправда» идорасида ҳам бирорта «тойилғич қалам» пайдо бўлуб қолғандур-да!..
Гап чўзулуб кетди. Бош оғриғи бўлмасун деб қўрқамен: Туркистон иқтисод шўроси томонидан шу йил нашр этилган «Статистика солномаси» (Статистический ежегодник)ни ўқуб эдим. Ундаги тойилған қаламнинг қўполлиғини кўринг! Яъни ўша китобда: «Туркистонни олған ўрус подшоҳлари уни мус­тамлака қилмоқ учун муайян режа билан иқтисодий зарурат орқасида олғанлари йўқ. Балки Русияга чегарадош бўлған қабилалар ўрус савдо карвонларини талаб, ҳадеб бесаранжом қила бергандан кейин шуларни босамиз деб айланишиб келиб қолған!» – дейиладур. Бу кучли даъвога кучли далил лозим бўлғанидан: «Мана далил керак бўлса!» – деб ушбу сўзлар ёзиладур: «Шунинг учундурким Туркистонни олғандан ке­йин чор ҳукумати уни нима қилишини билмай ҳайрон бўлған эди»…
Қаламнинг бу даража эсирикларча тойилиши одамни қўрқутиб юборадур. Бу тойилған қалам ўзининг шу тойилиши билан ўктябр инқилобининг биринчи кунидан бери қилиниб келаёткан даъволарнинг устига катта бир қора чизиқ чизмоқчи, шекиллик! Яъни ўктябр инқилоби «Чор ҳукумати Туркистонни мустамлака қилиш учун олған эди» деган шиорни ташлаған бўлса ҳам, биздан (статистикачилардан) сўрамасдан, ҳақиқат қилмасдан шошилиб ташлаб қўйған… демакчи, шекиллик!
Баракалла!..

_______________________
Фарғона» газетасининг 1924 йил 24 ноябрь сонида «Мирзо Қаландар» имзоси билан босилган. Сўнгра «Адабиёт надир» мақолалар тўпламида қайта чоп этилган.
«Фарғона» газетаси асосида нашрга тайёрланди.
«Бош пахта қўмитаси» – пахта етиштириш ишини тиклаш, пахта мус­тақиллигига эришиш мақсадида 1921 йили ВСНХ қошида тузилган бош­қарма.
Милюков П.Н. – конституцион демократлар партиясининг аъзоси, Вақтли ҳукуматда ташқи ишлар вазири. 1917 йилдан кейин хорижга кетган.
Чўқаев Мустафо (1890 – 1941) – Туркистондаги миллий озодлик ҳаракати раҳбарларидан. Туркистон Мухторияти (Қўқон) ҳукуматининг биринчи раиси. 1919 йилдан муҳожирликда яшаган.
«Туркправда» («Туркестанская правда») – Туркистон АССРнинг 1922 йил 20 июлдан 1924 йил 25 ноябргача чиққан газетаси. «Кейинчалик «Правда Востока» номи билан чиққан.