Холиёр Сафаров. Ота (ҳикоя)

Отанинг ўзи рухсат берди.
— Майли, ўғлим. Қаерда бўлсанг ҳам бошинг омон бўлсин. Фақат туғилган жойинг, ота-онангни, урф-одатларимизни унутма. Мен сендай ўғлим борлигидан доим фахрланаман.
— Сизни уялтириб қўймайман, ота…
— Сенга ишонаман. Келинимни эҳтиёт қил. У ҳали ёш. — Ота ўғлини бағридан бўшатиб, ийманибгина турган келинига юзланди. — Қизим, сенга ишондим, лекин. Икковларинг ҳам ўқиган, оқ-қорани танигансизлар. Ўзларингни эҳтиёт қилинглар. Меҳр-муҳаббатларинг туганмас бўлсин.
Бошида дўппи, устидан катта гулдор рўмол ташлаб, қўғирчоқдек безанган келинчак рўмол остидан қайнотасига қаради ва “Хўп” дегандек бош ирғади. Сўнг хайрлашиш учун овсини ёнига келди.
— Майли, янга…
— Хўп, келинжон. Яхши етиб олинглар.
Ўғил акаси билан ҳам хайрлашди.
Бир вақт ота:
— Манави ашқол-дашқолингнинг ярмини тушир, мен ҳам кетаман!
— Ие?! — деди ўғил қувониб. — Кечадан бери кўндиролмагандик-ку?
— Э, бўлмади. Узоқ йўлга ярамайман, деб ўтирсам, ўтиравераман. Шошма, сен менга жой бўшатиб тур, — ота шундай дея уйига кириб, эгнига янги чопон, оёғига маҳси-ковуш кийиб чиқди.
Машина қир этагида жойлашган уйларни ортда қолдириб, шаҳар томон илдамлади.

* * *

Ўғил магистратурани битиргач, пойтахтдан икки хонали уй сотиб олган, ҳозир аспирантурада ўқир, келинчак эса магистратура битирувчиси эди.
Шаҳарга келгач ота ўғли билан келинининг жойлашишини кузатиб, уларнинг бир-бирига меҳрибонлигидан қувониб ўтирди. Келинчак елиб-югуриб хизмат қилар, қишлоқдан келган келинлик нарсаларини уйга жойлаштирар, қилаётган ишидан ўзи-да қувонар, ҳузурланар, орада қайнотасининг чой- нонидан ҳам хабар олиб, “Буважон, чойингиз борми?” дея гирдикапалак бўлар, ҳаётидан мамнун эди. Ўғил ҳам юкларни чиқариб бўлгач, дўконга чиқиб келди. Орада келинчак ошга ҳам уннаб юборди.
Кечга томон ота намозини ўқиб, чой ичиб, уларни кузата туриб, бундан кўнгли хотиржам тортиб деди:
— Болам, икковларингни кузатиб, бир нарсани ўйладим. Етмиш йиллик умрим бекор кетмабди. Ҳаётимнинг кейинги ўн саккиз йилини ёлғиз ўтказдим. Тақдир экан, онанг эрта оламдан ўтди. Ўшанда мен эллик икки, онанг эллик ёшда эди. Шундан сўнг мен нима едим, нима ичдим, нима кийдим, билмайман. Билганим сен билан аканг, уч опанг эди. Мен ҳам ота, ҳам она бўлиб, опаларингни турмушга узатдим. Худойимдан айланай, менга шундай солиҳ фарзандлар берди. Аканг менга қарашни, мени деб яшашни умрининг мазмуни, деб билади. Шунинг учун бирор жойда ўқимади. Ҳамма ташвишни ўз бўйнига олди. Мен ҳам рўзғоримизга бир аёл кишининг қўли кераклиги учун уни эрта уйлантирдим. Пешанамдан айланай, келин ўз қизимдай чиқди. Кейин мен ҳамма умидимни, ўзим етолмаган орзулар ижобатини сендан кута бошладим. Шу сабаб, сени ўқитдим, “Уй олайлик”, дединг, умрим бўйи йиққанларимни сотиб, мана уй олиб бердим. “Кўнгил қўйганим бор” дединг. Бу ниятингга ҳам етдинг. Илоҳим, ҳамиша шундай омадли бўлгин. Катта шаҳарда кичкина бўлсаям ўз номларинг бўлсин. Илмли хор бўлмас. — Ота шундай дея чўнтагидан сурат чиқарди. Келинига қаради. — Бу қайнонанг. Ўн саккиз йилдан бери ёнимда йўқ, аммо куну тун кўксимда…
Ота шундай дея суратни дастурхон устига қўйди-да, шарт ўрнидан туриб, балконга ўтди…
Бир лаҳза суратга тикилиб қолган келинчак юраги тўлқинланиб, беихтиёр турмуш ўртоғига қаради. Не кўз билан кўрсинки, унинг кўзлари жиққа ёш эди.
— Ундай қилманг, — деди келинчак сирғалиб эрининг ёнига бориб, — йиғламанг. Шундай садоқатли инсонларнинг фарзанди бўлиш бизга бахт-ку!
Эр ялт этиб хотинига қаради. Унинг нигоҳларини чулғаб олган мунг ва ғусса ўрнини қувонч учқунлари эгаллади. Беихтиёр юзига нимтабассум ёйилди. Сўнг “Отамдан хабар олай”, дея ўрнидан турди. Қараса, ота эшикка суянганича уларга қараб турибди. Ўғил бирдан тўхтаб қолди, келинчак хижолат тортиб, қўлига чойнакни олдию ошхонага ўтиб кетди.
Ота ўша кеч ўғли билан келинига ҳаётининг энг гуллаган дамларидан, энг оғир кечмишларидан сўзлаб берди. Қувончини-да яширмади, армонларини-да сир тутмади. Ўғил ҳам шу оқшом отасини, ота қалбини қайтадан кашф этгандек бўлди. Келинчак эса ўз ҳаёти ва хаёллари бир, қайнотаси тақдиридан эшитган ҳикоятлар бир бўлиб, ҳаёт мактаби олдида виждон билан ёнма-ён туриб қолди.
Ўғли билан келинидан кўнгли тўлган ва юрагини бўшатган ота энди бу ерда қиладиган иши йўқлигиданми, кўнгли хотиржамлигиданми, эртаси тонгда фарзандларига оқ фотиҳа бериб, ота маконига — қишлоғига қайтди.

* * *

Отанинг кун тартиби ғалати. Бомдоддан сўнг қўйларини ҳайдаб, уйи ёнидаги қир устига чиқиб ўтиради. Қўйлар адирда ёйилиб ўтлайди, у эса икки тиззасини қучганича атрофни кузатади. Тонг отишига, қишлоқдошларининг қий-чув қилиб кунни қандай бошлашларига қараб қолади, хаёлларга берилади…
— Иқбол, кенг, чойингиз совиб қолади. Қўйлар ўтлаб турсин, ҳозир бирортасини жўнатаман. Мактабга кетар вақти бўлди.
У ўрнидан туради-да, қўйларига бир қараб қўяди. Чакана сойда ёйилиб ўтлаяпти. У секин, бир-бир босиб уйга кела бошлайди.
— Иқбол, болалар турдими?
— Ҳа, туряпти.
Ота мириқиб, яйраб юз ювади. Эшик тутқичига илинган сочиққа юзини арта-арта ичкари киради. Уч қизи шакарчой ичиб ўтирибди.
— Иқбол, қизим, чойингни ичиб бўлгандан кейин синглинг икковинг қўйга чиқинглар, майлими? Кун қизиб қолгунча қаранглар, кейин қўрага қамаб ташлайсизлар. Ётади.
— Майли.
Ота ўтиргач қизчалар юзларига фотиҳа тортишиб, ўринларидан туришади. Уйда эр-хотин ва кичкина қизча қолади.
Улар нонушта қилишади. Кейин у мактабга кетади. Аёл юкли ҳоли билан уй ишларини қилади. Томорқадан ўт юлиб, дарахт тагида боғлиқ турган соғин сигирга ташлайди.
Тушдан кейин мактабидан қайтган эр қўйларни қўшнининг ўғли билан унинг қўйларига қўшиб юборади-да, аёли билан томорқада ишлайди. Баъзан сабзи, пиёз ўтоқ қилиб ўтирган аёлига қараб туриб-туриб, сўрайди.
— Қийналмаяпсанми?
Аёл бошини кўтариб эрига боқади. Кўзлари тиниб, бир муддат ҳаракатсиз қолади. Сўнг “Хавотир олманг, яхшиман”, деб қўяди. Эр унинг қони камлигидан ҳозир боши айланиб кетганини сезиб қолади, сўнг бозор куни шаҳарга тушиб, қорамолнинг тилидан олиб келишни ният қилади. Ўрик тагида ўйнаб ўтирган қизларига қараб маъюсгина жилмаяди. Ич-ичидан бир нидо келади: “Худойим, шуларнинг изидан биргина ўғил бергин…”
… Тонгда қир устида ўтирган ота чақмоқ каби йилт этиб, хотирасининг қат-қатларини ёритиб юборган хаёллардан халос бўлиб, беихтиёр ўғиллари ҳақида ўйлади. Мана, набираси қирга қараб келяпти. Тушгача қўй боқади.
Ота ҳозир уйга кириб, чой ичади. Кейин бирпас кичик неварасини ўйнатади. Сўнг томорқаларни айланиб келади. Кун қизиб қолгач, яна уйга киради. Тўй-маърака бўлса, шунга боради. Бўлмаса, уйда радио эшитиб ётади. Нари борса, бир мизғиб ҳам олади. Пешинни ўқигач, яна уй атрофида ғимирсиб юради. “Ота, қўйинг, ўзим қиламан”, деганига қарамай ўғилнинг ишларига ёрдам беради. Ҳеч бўлмаса, уй соясида кетмондаста йўниб ўтиради…
Бироқ кейинги кунларда ота ўзига сезилмаган ҳолда янги одат чиқарди. Ҳар куни тушдан кейин уй ёнидаги ўриндиқда ўтириб йўл қарайди. Катта ўғил аввалига эътибор қилмаган экан, бу ҳолат кунда такрорланавергач, юрак ютиб сўради.
— Ота, ҳар куни бундай, уйнинг ёнига чиқиб ўтирасиз. Тинчликми?
— Тинчлик, — деди ота алланечук безовталаниб. — Ўзим… Қиладиган ишим бўлмаса. Ўтирибман-да.
— Ё, Ташкиндагилардан хавотир олаяпсизми?
Ота “ялт” этиб ўғлига қаради. Унинг кўзларида аллақандай маъюслик, соғинч , мунг яширин эди.
— Кетганларига йигирма кун бўлди, бир келишмади-я?! — ота кутилмаганда дил ёрди. — Одам шунча ҳам беўй кетадими-а?
Ўғил нима деярини билмади. Охири:
— Ота, улар икковиям ўқийди. Жавоб ололмаётгандир-да. Ёки эртага бориб, кўриб келамизми?
Отанинг чеҳраси ёришгандек бўлди. Ўрнидан турди.
— Ташкин яқин бўлса экан, ғир этиб бориб келсак. Қўй, сениям овора қилмай. Ўзим кетаман.

* * *

Кун бўйи автобусда шилқиллаб келган ота шоҳбекатда тушгач, ўтириб чарчаганини ҳис этди. Қайси йўлдан юришни билмасдан, бир муддат каловланиб турди-да, такси тўхтатди.
— Ўғлим, шу, мени кенжамникигача обориб ташлолмайсизми?
Ҳайдовчи “пиқ” этиб кулиб юборди.
— А, отахон, кенжангизни танимасам мен. Манзилни айтинг, манзилни.
— Манзили … — ота билганича манзилни тушунтирди.
Машина йўлга тушди. Ота атрофни кузатди. Ўзгариб бораётган шаҳарни мириқиб томоша қилди. Машина баланд уйлар олдида тўхтади.
Ота “Ё, пирлар мадад”, дея машинадан тушди ва атрофга аланглаганча ўғли яшайдиган уйга қараб кета бошлади. Керакли қаватга чиққач, эшик қўнғироғини босди.
— Ким? — ичкаридан келинининг нозик овози эшитилди.
— Мен, очинглар-ей.
Бир лаҳзалик жимликдан сўнг эшик очилиб, ўғил кўринди.
— Э, ота?! Ассалому алайкум. Келинг, келинг.
— Ваалайкум ассалом. Ҳа, омон бўлгурлар-а? — чарчаб, хансираб қолган ота халтасини эшик олдига қўйиб, ўғлини бағрига босди. Оёғидан маҳси-калишни еча туриб, келини билан қўл бериб саломлашди. — Яхшимисан, қизим?
— Келинг, бува… — келинчак отани уйга чорлади. Йўл-йўлакай эрига “Ана, кўрдингизми?” дегандек қош учирди. Ўғил хижолатомуз ота изидан юрди.
Келинчак дастурхон ёзиб, чой дамлагунча ҳам ота яйраб гапиролмади. Нафаси сиқилиб, хансираб қолаверди. Аммо кўз ости билан аввал келинига, ўғлига, сўнг атрофга назар солди. Негадир “Яхши, яхши”, деб қўйди.
— Қандай, яхши юрибсизларми? Ўқишларинг, ишларинг жойидами?
— Раҳмат, ота. Ҳаммаси яхши.
— Келин ҳам рўзғорга ўрганиб кетдими?
Буни эшитиб турган келин дастурхонга мева-чева қўя туриб, бир жилмайиб қўйди. Ота келинчакнинг ҳалиям катта рўмолни ташламайгина, дўппида юрганидан қувонди.
— Нимага қишлоққа бормадинглар? Одам хавотир олди, лекин.
— Шу, келаётган шанба куни бормоқчи эдик. Нимага деганда, бир-икки кун бўлди, стипендияларимизни олдик, — деди ўғил.
— Уйдан олиб келган пуллар тамом бўлдими?
— А, у аллақачон жойини топиб кетди. Бир-иккита ўртоқларимиз “Қуллуқ бўлсин”га келди. Тўйга боролмаганларга ҳақ бердик. Ишқилиб, кетди-да.
— Ҳа, майли. Яхшиликка кетибди. — Ота шундай дея ёнидан бир даста пул чиқариб, дастурхон устига қўйди. — Қийналиб қолманглар. Ёш рўзғорга кўп нарса керак бўлади.
— Ота… — ўғил хижолат тортди. — Ўзи биз боришимиз керак эди. Шунча йўлдан ҳориб келишнинг ҳам ўзи бўлмайди.
— Ҳали сен ҳам ота бўлгин, кўрамиз… Илоҳим, ўғил-қизларинг кўп бўлсин.
Ота-бола, келин узоқ гаплашиб ўтиришди. Отанинг болалари ҳаётидан кўнгли тўлиб, анча енгил тортди. Икки ёшнинг гаплари, фикрларидан улар ҳам шаҳарлик бўлиб кетаётганини ҳис этди…
Шундан кейин ҳам ўғил вақтида отасидан хабар олишга фурсат тополмас, илмий ва жамоат ишларидан бўшай олмас, ота эса уларни ўн-ўн беш кунда бир кўрмаса ториқиб, яна уй ёнига чиқиб йўл қарай бошларди… Ота шу тарзда уч-тўрт кун кутар, ҳатто бир ҳафтагача уй ёнида интиқ ўтирар, охири бир неварасини олиб, пойтахтга йўл оларди. Йўл узоқ, кексалик эса ўз сўзини айтарди. Ота энди ўғлининг уйига боргач, ётиб қоларди… Икки-уч кун ҳордиқ чиқаргач, яна қишлоғига қайтар, ўғил эса хижолатдан ерга киргудек бўларди.
— Ота, бундай қийналиб юрманг, ўзимиз борамиз…
— Э, менинг ўнта ўғлим бўлса экан, ҳали уникида, ҳали буникида юрсам. Соғинаман-да, лекин, болам. Мана, болаларинг одам бўляпти. Ҳадемай, бу кунлар сенинг ҳам бошингга тушади…

* * *

Орадан йиллар ўтди. Ўғил — энди сочларига оқ оралаган, фан доктори, ҳафтада ё ўн беш кунда бир аёли билан қишлоққа, ота уйига келади. Уйда кўп ҳам ўтиролмайди, ота каби ториқиб, уй айланиб юради. Отаси қўй боққан, ўзи қўй ҳайдаган қирларга чиқиб, атрофни томоша қилади. Қир устидан туриб, онаси ишлаган пахта далаларига, отаси мактабга бориб-келадиган йўлларга тикилади… Ўпкаси тўлиб-тўлиб кетади. Гўё ҳозир шу йўллардан қўлтиғига папка қистирган отаси юриб келади, даладан бошига оппоқ рўмол ўраган онаси чиқиб келади.
“— Ўғлим, бу ерда нима қилиб ўтирибсан?”
Бу отасининг хавотирли овози эдими, ё онасининг меҳрибон товуши эдими, билолмай қолади. Бир атрофга аланглаб олади. Бир-бир армонли қадамлар ташлаганича қирдан уй олдига тушиб келади.
— Нималар қилиб юрибсан? — сўрайди ака. — Кел, уйга кирамиз.
— Бирпас ташқарида юрай…
Ака-ука тахта ўриндиққа ўтиришади. У ердан бутун қишлоқ кўриниб туради. Улар унсиз узоқ-узоқларга тикилади.
— Бир вақтлар отам раҳматлик шу ерда йўлга қараб ўтирарди… — ака ўзига-ўзи гапираётгандек бошини чайқади. — Энди мен шундай ўтираман. Икки уканг шаҳарда ўқияпти. Шу ерда ўтириб отамни эслайман, нега бу ерда ўтиришларини энди тушунаяпман.
Ука армон билан бошини ирғади.
— Сиз-ку, отамнинг хизматларини қилиб, кўп дуоларини олиб қолдингиз. Мен-чи? Ҳали илмий иш, ҳали оила ташвиши, ҳали бошқа сабаблар билан вақтида отамни кўришгаям келолмадим. Раҳматлик кекса ҳоли билан ўзи борарди-я? Шундаям ёнида кўп ўтиролмасдик. Отам кечқурун борар, эрталаб яна қайтарди. Чунки мен ҳам, келинингиз ҳам ишга чиқиб кетардик. Энди мана, айтганингиздек, ўзим отамнинг аҳволидаман. Икки ўғлим, икки шаҳарда. Катта амал эгалари, лекин бир келиб кетишга вақтларини қизғанишади. Уларни ҳам тушунаман, аммо мен отаман-ку?! Шундай пайтларда ўзимга-ўзим “қайтар дунё экан-да”, дейман. Ўзим билмаган ҳолда эшикка термуламан, деразалардан ташқарга боқаман. Отамни қўмсайман, худди ҳозир эшикдан тўлиб-тошиб, халталарини кўтариб кириб келадигандек бўлаверади. Аммо бу энди хаёл… Ке-йин, ака, чидолмай ўғилларимнинг ёнигаям бормасдан шу ерга келаман. Хаёлимда отам ўз уйида ўтиргандек туюлади. Аммо бу ҳам хаёл. Кейин уйга ҳам сиғмай қирларга чиқиб кетаман. Отам юрган излардан юраман. Уйга кириб уларнинг суратига боқаман, юрагим тўлиб-тўлиб кетади. Отамнинг, онамнинг ёди, хотиралари қолган деворларга тикиламан, шу деразалардан ташқарига қарайман, ака, қўлларим билан мана шу лойсувоқ уй деворларини силайман, аммо бу ҳам хаёл! Хотира…
У тўлиб сўзлай-сўзлай беихтиёр ўгирилиб, ёнида ўтирган акасига қарайди. Аканинг икки кўзи тўла ёш. У елкасини укасининг елкаларига тирайди. Бунга-да қаноат қилмайди, укасини бағрига босади. Ука ака қучоғига сингиб кетгудек бўлади. Елкаларини силайди. Ана шунда гўё бағрида акаси эмас, отаси тургандек туюлади. Ота бўйлари димоғига урилгандек бўлади. Бир таскин топади, енгил тортади…

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2013 йил 41-сонидан олинди.