Мактабдан қайтаётиб, яхмалак ерда тойиб йиқилган муаллима неча кундан бери уйда икки оёғи гипсланиб ётибди. Турай деса туролмайди, ўтирай деса ўтиролмайди – фақат ётади. Ташқарига чиқмоқчи бўлса, эри ёки катта болалари кўмак бериб, бир амаллаб жойидан туриб олади. Кейинги кунларда зерикканидан овунчоқ бўлсин, деб икки ёшли ўғилчасини боғчага ҳам юбормай қўйди. Ҳамма ўз ишига, ўқишига кетади. Уйда ёлғиз бемор она ва кенжатой ўғилча. Бола онаси учун ҳам овунчоқ, ҳам дастёр. Ҳали уни олиб беришни, ҳали буни жойига қўйиб келишни буюради. То пешингача аҳвол шу. Она-бола бир-бирига овуниб кунни ўтказишади. Болакайнинг пилдирабгина иш қилишларидан руҳланиб, жисмидаги оғриқни унутгандек бўлади.
– Ўзимнинг меҳрибоним! Айланай сендан! – ўғилчасини ёнига ётқизиб олган она уни эркалайди. Юзларидан ўпиб, сочларини силайди. – Жоним мени…
Кўп қаватли уйларнинг хонаси тор. Бетон уйда шу тор хонанинг ҳам исиши қийин. Гипсда ётган одам эса иссиқ кунда ҳам совқотади. Она хонанинг бир чеккасига спирал плита ёқиб қўйибди. Ҳарна совуқнинг заҳрини олади.
Кенжатой ўйинчоқларига овуниб ўтирганди, телевизорда спорт ўйинлари намойиши бошланиб қолди. Бола томошага қизиқади. Ўйиндан чалғиб, экранга тикилиб қолди ва бир маҳал ирғиб ўрнидан сакраб турди-да, спортчиларга тақлид қилдими ёки аввал ҳам бир-икки қилган машқини қайтармоқчи бўлдими, бошини ерга қўйиб, умбалоқ ошди. Аммо унинг чинқириғидан онанинг ҳуши учди, кенжатойнинг оёғи плита устига тегиб куйган эди.
Она ўрнидан қандай турди, қандай уй бурчидаги плита ёнига борди, ўғилчасининг куйиб, тутаётган пайпоғини қандай ечиб отди, билмайди. Билгани – ўғлини бағрига босиб, пешанасидан ўпяпти, овутяпти, ўзининг эса иккала оёғи худди аввалгидек қақшаб оғрияпти… Гипс силжиб кетди, шекилли… Энди эри келиб жойига ўтказиб қўймагунча шу аҳволда зор қақшаб ўтиради…