Бизнинг хотин билан рақобатимизнинг тарихи узун. Иккаламизнинг ўртамиздаги бу кураш мактабдаёқ бошланган.
Кунларнинг бирида қониқарсиз жавобим учун математикадан жингалак “икки” олдим. Ажойиб жавоб учун Ҳалимахон (ҳозирда каминага умр йўлдош) аъло баҳо олди. Парталар оралаб ўтиб кетар эканлар, менга яқин келганда чимирилиб, кўз ташлаб қўйдилар. Томоғини ҳам бир қириб қўйдилар шекилли.
“Сеними, шошмай тур”, деб қўйдим ўзимча. Кейинги дарс биологияга қаттиқ тайёрландим. Мавзуни у ёғидан кириб, бу ёғидан чиқиб кетдим. Ўқувчилар тугул, ўқитувчимизни ҳам анграйтириб қўйдим. Ўтирар эканман: “Ўқиш керак, ўқиганда ҳам биологияни ўқиш керак”, деб қўйдим.
Шундан кейин синфимизда иккита давра пайдо бўлди. Мен ўғил болаларни тўплаб оламан-да, биология фанидан гап очаман. Қўйингки, биологияни осмону-фалакка чиқариб қўяман.
Ҳалимахон эса қизларни йиғиб олади-да, биологияни пастга уриб, математикани осмонга чиқариб қўяди.
— Биология бу — ҳаёт, бу — бутун мавжудоднинг онаси, — дердим жўшиб кетиб.
— Ўша биологиянинг калити ҳам математикадир, — дерди Ҳалимахон бўш келмай.
У математика бўйича вилоят мактаблари биринчилигида ғолиб бўлди. “Ёниб” кетдим-у, билдирмадим. Хайрият, менга ҳам имкон туғилди. Биология ўқитувчимиз республика мактаблари ўртасида ўтказиладиган мусобақага юборди. Иккинчи ўринни эгаллаб қайтдим. Синфдошлар олқишлашди. Ҳалимахон ҳам димоғида “Табриклаймиз” деб қўйди.
Шу йўсинда мактабни ҳам битириб қўйибмиз. Иккимиз ҳам университетга тайёрлана бошладик. Менинг бутун фикру зикрим биология бўлиб қолди. Дугоналарининг айтишига қараганда, Ҳалимахон сув ўрнига ҳам алламбало формулаю теоремаларини симираётганмиш.
Ниҳоят, имтиҳонлардан ўтиб, у математика, мен биология йўналишига ўқишга қабул қилиндик. Бизнинг рақобатимиз университетда авжга чиқди. Талабалик давримиз ҳам охирлади. Энди икки томонга кетамиз деганимизда… Бу қисмат қурмағур фанларимизни бирлаштирмади-ю, ўзимизни ҳеч ажрашмайдиган қилиб боғлаб қўйди.
Эр-хотин бўлганимиздан кейин рақобатимиз янада кучайди. Институтда у математикадан, мен биологиядан дарс берардик.
— Жонгинам, нима қиласиз бош қотириб, сонларни-сонларга уриштириб, керакмас бу фанингиз. Одам деган ҳаётсевар бўлиши керак. — дердим ғашига тегиш учун.
— Йўқ, азизим, — дерди у ҳам ўз навбатида, — ҳатто магазиндан бир сўмлик харажат қилиш учун ҳам математика керак, ҳаётни севиш учун ҳам ҳисоб-китоб лозим.
Ёзув столимиз битта бўлгани учун доимо талашиб қолардик. Кейинчалик келишиб, у ёзганда мен ётадиган бўлдим. Мен ёзганда хоним дам оларди. Сўнгги кунларда хоним столни кам бўшатадиган бўлиб қолди. Бунинг сабаби кейин маълум бўлди. Бир куни ишга жўнаймиз деб турсак:
— Ўртоқ биолог, диссертацияга гул олишни унутманг! — деб қолса бўладими.
— Қанақа диссертация? — сўрадим ҳайратим ошиб,
— Шу, кичкина нарса тайёрлагандик, ҳимоя қилайми дегандим.
Камтарлигини қаранг. Лекин, тўғрисини айтсам, номзодликни маромига етказиб ёқлади. “Зўрсиз, зўрсиз” деб қўйдим-у, ичимдан бир нарса узилгандек бўлди. Ўз-ўзимдан қовоғим осилади, денг. Аммо мен ҳам буёғини пишитиб қўйгандим. Ёзув столимга мук тушиб қайта кўриб чиқдим-да, ёқлашга тайёрландим.
— Айёрсиз, — деди хотиним. — Аммо, барибир, кечикдингиз-ку.
— Ҳа энди, яхши от кейин чопаркан. Чопганда ҳам…
Буни қаранг билиб-билмай башорат қилган эканман. Илмий ишим мавзуси бу қадар муҳимлигини билмагандим-да. Ҳайъат аъзолари илмий ишимга бир йўла докторлик даражасини бериб юборса денг.
— Қалай, хоним, яхши от эканмизми? — дейман. Бироқ бу шодлигим узоққа чўзилмади. Хоним иккаласини тенг тайёрлаганми, икки йил ўтмасданоқ докторликни ҳам ёқлаб юборди.
У математика, мен биология факультетига декан бўлиб қолдик.
Рақобатимиз уйда ҳам жуда қизирди. У уй ичи-ташқарисини чиннидай тозалаб қўяр, оғизда эриб кетадиган нонлар ёпарди. Сир бой бермай дейман-у, аммо лабларим чалпиллашидан овқатлар ёққанлиги билиниб қоларди.
Мен ҳам иш қидириб ҳовли айланиб қолардим. Катта тўнкаларни топиб олиб, майда-чуйда қилиб ёриб ташлардим. Ҳеч иш топилмаганда, керак бўлмаса ҳам лой қилиб гувала қуярдим. Тавба, унинг ишчанлигини кўриб беихтиёр лаб-лунжим осилаверади, денг.
Лекин ишда… Хоним институтга проректор бўлиб қолди. Энди бу институтда ишлаш мен учун азоб эди. Унинг рухсатисиз ҳеч қаёққа жила олмасдим. Йиғилишларда ҳамма қатори унинг ваъзларига қулоқ тутишим, маъқуллаб турмоғим лозим эди.
Бу азоблардан мени яна тақдир қутқарди. Вазирликка кўтарилиб кетдим: раҳбарим “шогирдлар ўссин” дейдиганлар хилидан-да. Энди бошқалар тугул хоним ҳам каминанинг кабинетига бош уриб келарди.
“Хоним, чопинг, чопинг эржонингиз ортидан”, дейман ўзимча. Назаримда, маликамиз кейинги кунларда бироз бўшашгандай, менга эркалангандай бўлиб қолдилар. Ҳа, эркаланмайсан-а, дейман мағрур туриб. Гап бошқа ёқда экан. Бир йил ўтмай оиламизда Ҳасан-Ҳусан туғилди. Туғруқхонадан олиб келдим. Хурсандмиз. Хоним менга маъноли боқди. Унинг бу қараши гўё “Бизнинг шунақа ҳунаримиз ҳам бор”, дегандай бўлаверди. Суюниш ўрнига қандайдир ғашлик пайдо бўла бошлади.
Хотиним ақлли-да, аҳволимни англади чоғи:
— Дадаси болаларингизни эркалатмайсиз ҳам. Ахир, булар икковимизники-ку, деб қолдилар.
Елкамдан тоғ ағдарилгандай енгил тортиб, гўдакларга талпиндим…
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2012 йил, 25-сон