Осмонда чақмоқ чақиб, момақалдироқ гумбурлади. Ҳалигина ёмғир томчилаб турган эди, бирданига нўхатдек–нўхатдек дўл ёғиб, ортидан аёвсиз ёмғир қуйиб берди. Сой тарафдан эшитилган болаларнинг қичқириғи момақалдироқнинг ваҳимасидан ҳам ошиб тушди. “Одам оқиб кетяпти, одам!”, – дея қичқиришарди улар. Қутуриб оқаётган селнинг шовуллаши болаларнинг қичқириғига қоришиб баттар ваҳима солар, бундай шовқин–суронда ёмғирнинг шитирлаши сезилмай кетди. Одамлар селни кўриш учун икки тарафдан сойнинг қирғоғига югуриб кела бошладилар. Сел тобора қўрқинчли тус олиб оқар, жингалак сочли ўспирин йигитнинг гоҳ кўриниб, гоҳ кўринмай оқиб кетаётганини кўрган одамлар саросима ичида сойнинг икки қирғоғидаги ҳовлилар оша югуриб қичқиришарди. Йигитнинг кимлигини, қаёқдан оқиб келаётганини билолмай бир-бирларидан сўрашар, унинг сув юзига қалқиб чиққанида қўллари билан типирчилаб ҳаракат қилганига кўра ҳали тириклигини тусмоллашар, кимдир ундан олдинда бир бузоқнинг ҳам оқиб кетаётганини кўрганини айтса, яна кимдир ўша бола қандайдир дарахт шохиними, арқонними маҳкам ушлаб олганлигини кўрганини шошиб-пишиб тушунтирарди. Нима бўлганда ҳам улар йигитнинг қир этагида яшайдиган доя кампир Зулайҳонинг ўғли Худойберди эканлигини билишмади. Йигит эса сойнинг икки қирғоғидаги одамларни кўрди, уларни таниди.
Ўспирин ёз жазирамаси бошланган шу кунда ёмғир ёғиши–ю тоғдан даҳшатли сел келишини кутмаган эди; наинки у, ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмаган эди. Бундай бадқовоқ булутлар одатда апрел осмонидан сузиб ўтгувчи эди. Ҳатто илиқ май кунларида ҳам улар даҳшат солиб ўтиб қолса одамлар ажабланишмасди. Аммо айни июннинг жазирама кунлари бошланган бир пайтда кўкда қуюқ кўланканинг пайдо бўлиши ҳеч кимнинг эсига ҳам келмайди. Қишлоқ чеккасидаги қир этагини кесиб ўтган чуқурликда ўзининг севимли Бахмалчасини ўтлатиб ўтирган ўспирин булут бостириб келганини сезмай қолди. Бу киприк қоққудек бир лаҳзада юз берди. Аввалига ғарб томондан шамол эсди, кейин қуёш юзини булут тўсиб, ёмғир иси келди. Қоратош чўққиси устида қора булут кўринди. У дастлаб қояларга, бироз вақт ўтиб адирларга ҳам соя ташлаб, аста-секин қишлоқ устига сузиб кела бошлади. Тоғ бир зумда қуюқ туман ичига шўнғигандек кўринмай қолди. Кетма-кет чақмоқ чақнади – бу тоғда кучли жала қуя бошлаганидан дарак эди. Лекин йигитча ўз хаёлларига ғарқ бўлиб, бунга эътибор бермади. Бахмалча бамайлихотир ўтлар, йигитча ўт-ўланлар устига ётиб, юзига қалпоғини ёпганча унинг ўт ейишини тингларди.
Қуюқ кўланка қишлоқ устига ҳам ёпирилиб келиб, аста-секин ёмғир томчилай бошлади. Ёмғир иси қалпоқ остига мўралаб кириб, йигитга ҳузур бағишлади. Йигитча булутлар билан бекинмачоқ ўйнаётгандек, қалпоғини юзидан олмади. Гўёки ҳозир унинг тепасига бир парча оппоқ булут келган-у, ундан оқ ёмғирлар томчилаётганини хаёлидан ўтказди. Бироқ шўх-шўх томчилар дўлга айланиб, дўппига урилиб “тик-тик” товуш чиқарди. Кутилмаганда эшитилган даҳшатли шовуллаш эса шундай ҳузурнинг белига тепди. Йигитча қалпоқни юзидан олиб, аждардай ўкириб келаётган селни кўрди-ю, юраги така-пука бўлиб кетди ва сакраб ўрнидан турди. Бузоқ ҳам селни кўриши билан жон ҳайбатида қочишга уринди, аммо қозиққа боғланган узун арқон уни тўхтатиб қолди. У типирчилаб ўзини ҳар ёққа урар, лекин чуқурдан қочиб чиқишнинг иложи йўқ эди. Йигитча бир ҳамлада қозиқни ердан суғуриб олди-ю… Тамом. Қолганига улгурмади. Йўлида учраган нарса борки домига тортиб келаётган бешафқат сел уларни ҳам ютиб кетди. Қандай ҳодиса рўй берганини йигит деярли илғамай қолди. Бир зумда дунё чирпирак айланиб кетгандек бўлди. Ёруғлик зулматга айланди, қулоқлари шанғиллади. Сел ўкириб–пишқириб югураётган тирик аждарҳога ўхшарди. У илонизи чуқурлик бўйлаб шиддат билан олға интиларди. Домига тортилганлар ҳам у билан бирга жарликларга урилиб-урилиб, юмалаб–юмалаб оқиб боришарди. Йигитча дарахтларнинг шох–шаббаларию туядай харсанг тошлар ҳам сув тубида коптокдек юмалаб келаётганини пайқади. У типирчилаб юқорига талпинди. Ниҳоят ёруғликка чиқди. Нафас олишга чоғланганида аввал оғзидан бўтана сув отилиб чиқди, кейин ўпкасини тўлдириб нафас олди-ю, сел яна уни пастга тортиб кетди. Йигитча яна боягидай қўрқинчли зулмат қаърига ғарқ бўлди. Лекин у энди қандай олишув бўлаётганлигини, бир зум ҳаракатдан тўхтаса тилка-пора бўлиб кетишини, интилса, юқорида ёруғлик борлигини ва тўйиб нафас олиши мумкинлигини англади. У кафтини қийиб кетай деб турган арқонни ҳамон ушлаб турганини сезди-ю, Бахмалча ҳам шу селда оқиб кетаётганини тушунди ва энди жон-жаҳди билан юқорига интилди. Сув юзига чиқиб, яна ўқчиди. Қўланса бўтанадан халос бўлиб, тўйиб нафас олди. Олдинда Бахмалчанинг боши кўринди. У ҳам ҳирқираб бир нафас олди-да, ён–верига аланглади. Икковлон улкан аждарҳонинг измига бўйсиниб оқишар, уларни туташтириб турган арқон эса узилиб кетгудек таранг тортилиб борарди.
…Бахмалча унинг энг яхши овунчоғи ва сирдоши, дўстига ҳам айланганди. Йиртиқ коптокнинг ичига увада тиқиб адирда ўйнаб юрган болаларга Худойбердининг қўшилгиси келмасди. Улар қўполдан-қўпол ҳазиллар қилишади. Шермат деган зўравон: “Худойберди, онанг қаердалигини биласанми, сендан хабар олгани келадими?” – деб атайлаб ғашига тегаверади. Болаларнинг хиринглашларидан Худойберди мулзам бўлади.
Бир куни у Зулайҳодан сўради:
– Эна, менинг ота–онам кимлар, улар қаерда?
Кампирнинг юраги увишди. Болакайнинг маъюс кўзларидан кўнгли бир нарсани сезгандай бўлди.
– Отанг раҳматлик вафот этганида сен гўдак эдинг. Онанг эса менман-ку, жон болам, – деди лаблари қалтираб.
– Болалар Зулайҳо момо сенинг онанг эмас, сени унга ташлаб кетишган, дейишяпти.
– Бекорчи болалар ҳар нарсани вайсайверишади. Уларга қулоқ солма.
Кампирнинг вужуди титради. Одамларнинг бешафқатлигидан кўнгли ўксиди. Бироқ босиқлик билан жилмайиб, боланинг бошини силади.
– Сенинг отанг Оқ булут, онанг эса Оқ ёмғир, – деди хўрсиниб. – Менинг якка-ёлғиз ўғлим бор эди. У яратган эгамнинг менга берган эҳсони эди. Лекин пешонамга сиғмади. Ундан айрилганимдан кейин туну кун эгамга ёлвордим. Менга ўғлимни қайтариб бер, дедим. Ўзинг юборган эҳсонни ўзинг бемаврид қайтариб оласанми, дедим. Оҳларим етди шекилли, бир куни кечаси осмонни қуюқ булут қоплади. Момоқалдироқ гумбурлаб, чақмоқлар чақнади. Шаррос ёмғир қуйди. Ёмғирлардан ҳам, чақмоқлардан ҳам қўрқмай ташқарига чиқиб, яна эгамга ёлворавердим. Шунда мўъжиза юз берди: булутларнинг ўртасида бошқа бир оппоқ булут пайдо бўлди ва оқ булутдан оппоқ ёмғирлар ёға бошлади. Оқ булут пастлаб келди-да, оқ ёмғирлар осмонга узалган қўлларимга оппоққина йўргакдаги бир чақалоқни тутқазиб кетди. Бу сен эдинг, болажоним. Марҳаматидан бенасиб қилмагани учун яратгандан умрбод розиман. Қўлларим дуога очиқ, бошим саждада. Фаришта момолар ҳам шод бўлсин деб бўғирсоқлар пишириб, қўни-қўшниларга тарқатиб тураман. Ахир, ўғлимни худо менга қайтариб берди. Сен менинг қайтиб келган Эҳсонимсан.
Боланинг кўнглидаги оғриқ бир зумда тумандай тарқаб кетди. Зулайҳо уни қучоқлаб пешонасидан ўпганида болакай ўзини гўё оқ булутнинг бағрида нафас олаётгандай сезди.
Баҳор келиб, ўт-ўланлар ниш уриб қолгач, Худойберди ҳар куни мактабдан кела солиб апил-тапил нонушта қилганидан сўнг Бахмалчани арқонидан етаклаб, адирда ўйнаётган болалардан узоқроққа, қишлоқ чеккасидаги қир этакларига бориб уни ўтлатиб келадиган бўлди. Унинг қувноқ кайфиятини кўрган кампир ич-ичидан шодланиб, ўғлига овунчоқ бўлган Бахмалчага меҳри ортгандан ортди. Зотан, кампирнинг улардан бошқа бирор суянчи ҳам, ҳасратдошию қариндоши ҳам йўқ. Эрининг Лангартоғда қариндошлари борлигини биларди. Аммо улар ҳам аллақачон бегонадай бўлиб кетишган, эрининг тириклигида қариндошлик русмларини бажаролмаган бу одамлар билан энди унинг вафотидан кейин ришта боғлашга уриниш бефойда. Зулайҳо бу қишлоққа келин бўлиб келганида одамлар бечораҳол яшаётган бўлсалар ҳам, лекин ёшлик завқи билан унинг кўзига ҳаёт беҳад гўзал кўринарди. Эри хўжаликка ишга кирди, уни эса қишлоқ аҳли ҳашар йўли билан қурган касалхонага ишга олишди. Туғилиш кўп эди. Шу пайтгача уйларида қандай азоблар билан туғиб юрган аёллар энди шифохонада Зулайҳо доянинг кўмаги билан осонгина кўз ёрадиган бўлишди. Қанчалаб аёлларга оналик қувончини улашган Зулайҳонинг ўзи етти йил деганда фарзандли бўлди.
Эри энди хўжаликнинг иши билан бирга оталик масъулиятини ҳам яхши ҳис қила бошлади. У ҳар куни албатта вақт топиб уйга келар, рўзғорнинг кам–кўстини тўлдирар, бешикдаги ўғилчаси Эҳсонни бироз эркалиб дам оларди. Эҳсон эндигина эмаклай бошлаганда она-бола бир пайтда қаттиқ шамоллаб қолишди. Ёзмачиларнинг “шарофати” билан хўжаликда текшир-текширлар авж олиб, Зулайҳонинг эри бош қашишга ҳам вақт тополмай қийналди. Аммо у шундай тиғиз вазиятда ҳам ҳар куни қош қорайганда уйга бирров келиб, хотини билан ўғлининг аҳволидан хабар олишни канда қилмади. У йўл-йўлакай фермага кириб, сут соғувчи кампирдан илтимос қилиб бир коса сут олиб уйга келар, она-болага шифо бўлсин, деб уни қайнатиб ичишни Зулайҳога тайинлаб кетарди. У икки кун сут олиб келди. Учинчи кун эса фермадан қўлида сут билан чиқаётганида ушлаб, милиция идорасига олиб кетишди. Шу кундан уни уйига қайтаришмади. Хўжалик раҳбарларини камомадда, уни эса умумхалқ мулкини ўғирлаганликда, бинобарин, давлатга хиёнат қилганликда айблаб, қамаб юборишди. Ана шунда Зулайҳонинг бошига маломатлар ёғилгандан-ёғилди. У ёлғизланиб қолди.
Эри қамоқдан хасталик орттириб қайтди. Ишлашга куч топа олмади. Баъзан кўксини чангаллаб қаттиқ йўталиб қолар, оғриқнинг зўридан юзи кўкимтир тусга кириб, лахта-лахта қон туфларди. Зулайҳо қандай малҳам бўлса барини топиб келиб, уни даволашга уринди. Лекин эрининг уч-тўрт йиллик умри қолган экан, ундан нарисига ўтолмади. Хайриятки, Эҳсоннинг бўйи чўзилиб қолган эди. Зулайҳо унга суяниб таскин топди. Эҳсон мактабни битириб, бир-икки ой хўжалик даласида ишлаб юрди. Кейин уни армияга чақиришди. Зулайҳо ҳар лаҳза хавотир олиб, ундан мактуб кутди. Эҳсон “ҳарбий хизматни Мўғулистонда ўтаяпман” деб хат ёзиб турган эди-ю, лекин “қора хат” келганидан кейин унинг Афғонистонда хизмат қилганлиги ошкор бўлди. Зулайҳони ёлғизлик қаритди. У ҳализамон эри бир коса сут кўтариб келиб қоладигандай ёхуд алп қоматига ҳарбий кийимлари ярашган Эҳсон рўпарасида пайдо бўладигандай, “тиқ” этган товушга қулоқ тутиб яшайверди.
Ёмғирли кунларнинг бирида кўча эшиги қаттиқ тақиллади. Кампир минг бир хавотир билан эшик томон шошилди. Ташқарида ёмғирдан уст-боши шалаббо бўлган бир ёшгина жувон йўргакланган чақалоғини бағрига босиб, дийдираб турган эди. Жувон кампирдан ичкарига киришга изн сўради. Зулайҳо шоша-пиша уларни уйга олиб кирди. Кампир чироқ ёруғида аёлгинанинг юз-кўзига разм солиб, унинг бу қишлоққа бегона эканлигини билди. Унинг кийимларини қуритиб олишига, чақалоғини бошқатдан қуруқ мато билан йўргаклашига кўмаклашди. Ширингина чақалоғига ҳаваси келди, уни қўлига олиб эркалади. Кейин чой ичиб, алламаҳалгача суҳбатлашиб ўтирдилар. Аёл, ўзининг айтишича, узоқ тоғ қишлоғидан экан. Шаҳарда институтда ўқиркан. Автобусга улгуролмай, йўловчи машинага чиқибди. Машина мана шу қишлоққача келган, нариёғига эса бошқа улов топилмаган. Кеч бўлиб қолгани учун бир кеча тунаб қолишга жой қидирибди. Одамлардан сўраб, доя аёлнинг ёлғиз яшаётганлигини, уникида тунаб қолса ҳеч кимга малол келмаслигини билибди.
Тонгга яқин чақалоқ безовталаниб йиғлай бошлади. Зулайҳо, онаси эмизиб тинчлантирар, деб бирпас қулоқ солиб ётди. Лекин бола баттар йиғлайверди. Кампир ўгирилиб қараса, аёл ўрнида йўқ. У гўдакни қўлига олиб аллалади. Қанча кутмасин, ҳалиги аёлдан дарак бўлавермади. У йиғлаётган чақалоқни адёлга ўраб, ҳовлига кўтариб чиқди. Кўча эшик очиқ қолганини кўриб, Зулайҳо ниманидир англагандай бўлди, бироқ бу ёқимсиз фикрни хаёлидан қувишга уринди. Аммо норасида гўдакда нима айб? Зулайҳо бу болани тангрининг иноятига йўйди. “Эҳтимол Эҳсоним шу гўдак шамойилида уйимга қайтиб келгандир” деб ўйлади. “Уни менга худойимнинг ўзи қайтариб берди” дея қувониб, чақалоққа Худойберди, деб исм қўйди. Худойберди улғайгани сари қайсидир жиҳатлари гоҳ эрини, гоҳ Эҳсонни эслатарди. Эҳсонни айни йигит бўлиб етилганида “тинч мамлакат”нинг “бегона” урушлари ҳаётдан юлиб кетди. Ҳозир эса ҳаёт бошқача. Текшир-текшир, қама-қама, урҳо-ур замонлари ортда қолди. Энди юрт тинч. Одамлар ҳаётларини ўзлари истагандай қурадилар. Зулайҳо Худойбердининг бўй-бастига қараб шуларни ўйларкан, хотиржам жилмайиб қўярди.
Лекин кутилмаганда бир дилхиралик унинг хотиржамлигини бузди. Кўча-кўйда болаларнинг, ҳатто айрим тийиқсиз катталарнинг ҳам Худойбердини “ташландиқ”, “етимча”, деб масхара қилишларини, бундан Худойбердининг дили ўксиб, кунжак-кунжакларда Зулайҳога кўрсатмай йиғлаб-йиғлаб олишини пайқаб қолди. Шунда унинг вужуди олов бўлиб ловуллади, оғзига эгалик қилолмаган одамлардан кўнгли қолди.
* * *
Сел шиддатини оширгандан-ошириб, қишлоқни қоқ иккига бўлиб турган сойга келиб қуйилди. Бу сойга атрофдаги қир-адирлардан, кўча ва ҳовлилардан оққан ёмғир сувлари ҳам қуйилади ва улар бари жамланиб, сойда гўё тўфон кўтарилган денгиз манзарасини ҳосил қилади. У қишлоқ ўртасидаги сойдан кўпириб-тошиб оқиб ўтаркан, янада даҳшатли пишқирар, янада ваҳимали ўкирарди. Бунга жавобан йигитча ҳам қаттиқ курашга киришди. Фақат арқон чап қўлини қийиб, қонталаш қилиб юборгани уни азоблай бошлади.
Йигитча икки қирғоқда кимки кўринган бўлса, ҳаммасини таниди. Қирғоқ ёқалаб чопаётган болаларни ҳам, Шермат зўравонни ҳам кўрди. Улар қанчалик югуришмасин, барибир ортда қолиб кетавердилар, чунки сел улардан ҳам чаққонроқ эканлигини кўрсатар, шиддатининг зўрлигидан кўпириб-пишқирарди. Худойберди сел билан ўчакишгани сайин сел ҳам ўзининг қанчалар қудратга эга эканлигини унга намойиш қилаверди. Арқон тобора таранглашиб, йигитнинг қон сизаётган қўлидан куч кетаётган эди. Бахмалча эса қачонлардан бери сув юзида кўринмай қолди. Мана, ниҳоят бир бурилишга етганда Бахмалча сел тўлқинларига қўшилиб бир кўтарилди-ю, яна сув остига шўнғиб кетди. Йигитча бузоқда тириклик нишоналарини кўрмади. Кафтини қийган арқон қўлидан сирғалиб чиқиб кетди ва у Бахмалча ундан яшин тезлигида узоқлашиб бораётганини сезди. У охирги кучини жамлаб, сел билан курашишни давом эттирмоқчи бўлди. Лекин бундай катта қудратга қарши ёлғиз ўзи ҳеч нарса қилолмаслигини тушунди. Селнинг шашти ҳалибери сусаяй демас, қишлоқ тобора ортда қолаётган, олдинда эса бепоён кенгликлар бошланаётган эди. Йигитчанинг боши бир нарсага қаттиқ урилди-ю, унинг кўз олди ёришиб кетди. Бироқ кейин яна бир зумда кўзларини зулмат қоплади ва у энди ўзини енгилгина ҳис қила бошлади. У энди қўл-оёқларини ҳаракатлантирмай, ўзини оқим ихтиёрига қўйиб берди. Шунда ёнгинасида кимдир унга гапираётганини пайқаб қолди. Ўша “кимдир” ҳайқириб унга нималарнидир гапирар, унинг гапларини сел шовқинида тезда англаш мушкул эди. Йигитча ён-верига аланглади, лекин ҳеч ким кўринмади.
– Ким у? – деди у ҳаяжонланиб.
– Бу менман, – деди кимдир ёнгинасида.
– Сиз кимсиз?
– Мен селман.
– Сел?!
– Ҳа, селман. Қачондан бери сенга гапириб келаяпман, аммо сен жавоб қайтаришни истамаяпсан. Унинг ўрнига мен билан олишиб келаяпсан. Мана, ниҳоят мени енголмаслигингга фаҳминг етди.
– Сиз менинг ғафлатда қолганимдан ва ёлғизлигимдан фойдаландингиз. Сизнинг ҳайбатингиз олдида бир ўзим ожизлик қилдим. Сиз эса шунча қудратингизни мен билан Бахмалчамга кўрсатиб қўйишдан уялмадингиз. Айтганча, сиз ҳам ёвузларнинг бирисиз, буни лойқалигингиздан ҳам билса бўлади.
– Янглишасан, болакай. Биз, селлар аслида тиниқ ва покизамиз. Кўзингга кўриниб турган мана бу бўтана бизнинг аслимиз эмас, балки, йўлимизда учраган ғуборлар бизнинг қиёфамизга шундай тус бериб қўйган. Биз йўлимиздаги ҳамма нарсани оқизиб кетамиз. Нималар ташланмаган дейсан бу сойларга, ўйинқароқ шамоллар нималарни супуриб келмаган дейсан бу ўзанларга. Лекин барча ғуборлар мана шу чуқурликларда деб ўйлайсанми? Иккала қирғоққа қараб нималарни кўрдинг: қўл қовуштириб томоша қилаётган лоқайдлар, кўз-кўзга тушганда бир-бирига қаҳрини сочаётган жоҳиллар, ўзларини чексиз қудрат соҳиби, деб санаса-да, сув шаштидан ваҳимага тушган кимсалар…
– Биз ҳеч кимга ёмонлик қилмаганмиз. Сиз бўлсангиз…
– Сен мендан ранжима, болакай, мен сени қийнамадим, аксинча, ёрдам бердим, қўлимдан келгани ҳам шу. Эҳтимол ҳеч ким сенга бундай мурувват қилолмасди ҳам. Сени кўп ранжитишган, кўп ўкситишган. Буларни ҳасрат қилмасанг ҳам биламан, акаларим айтишган. Мендан аввал бу йўллардан акаларим ўтишган. Сен ўшанда ҳам қирғоқда ўтириб, акаларимга термулганча юм-юм йиғлагансан. Бояги чуқурликда ҳеч кимга кўрсатмай кўп марта йиғлаганингни ҳам биламан. Қумларга сингиган кўз ёшларингни акаларим ювиб ўтганлар. Улар йўлларида нимани кўрган бўлсалар бизга айтишган.
– Демак, ўкиришларингиз, пишқиришларингиз бежизга эмас экан-да?
– Ҳа, биз шундай гаплашамиз. Биз ўкирамиз, пишқирамиз, баъзан ўзанларга сиғмай қирғоқлардан тошиб чиқамиз. Шунда одамлар бизнинг бундай ҳаракатимизни офатга йўйишади. Лекин одамлар пайдо қилаётган офатлар олдида бизники ҳеч нарса эмас. Улар кўпдан-кўп шафқатсизликлар қиладилар.
Сел бошқа ҳеч нарса демади. Эҳтимол шиддатига эрк бериб, қилиб қўйган шошқалоқлигидан афсус чекаётгандир. Унинг шашти ҳам пасайди ва уни ютоқиб кутиб турган бепоён қумликлар бўйлаб ёйилиб кетди.
Худойберди сувга бўккан қумлар устида узоқ ётди. Бир пайт юзини кимдир силагандай бўлди. Димоғига селдан қолган қўланса ҳидлар эмас, гуллар ифори урилгандай, енгил нафас олди. Кўзларини оҳиста очаркан, кенг осмон кўринди. Ёмғиру момоқалдироқлари билан шовқин солиб келган қора булутлар йироқлаб кетган, фақат унинг шундоққина устида бир тўп оппоқ булут сузиб юрарди. Йигитча ана шу булутга термулиб ётди. Боягина яқинроқда кўринган оқ булут тобора узоқлашиб кетаверди. У қонталаш бўлиб кетган кафтларини қумга тираб, зўрға ўрнидан қўзғалди. Нималар рўй берганини хотиржам эслашга уринди. Бахмалча эсига келиб, уни қидириб атрофга аланглади. Бироқ қумга ярми кўмилиб қолган харсанг тошлар, катта-кичик шох-шаббалар, сувга қонган буталардан бошқа ҳач нарсани кўрмаганидан хўрлиги келди. Ўзининг афт-ангорига эса қараб бўлмасди. “Шундай абгор аҳволда уйга кириб борсам, энам яна қўрқиб кетса керак”, деб ўйлади. У оғриниб ўрнидан турди-да, бошини хам қилганича қишлоққа, яна ўша одамлар орасида ҳасратларини яшириб яшаётган муштипар аёлнинг ёнига қайтиш учун ҳорғин қадам ташлади.
Узоқларда қолиб кетган қишлоқнинг бир кўримсиз уйида эса мана бу машмашалардан мутлақо бехабар муштипар кампир мазали бўғирсоқлар пиширди ва ҳализамон даладан бузоғини етаклаб келиб қоладиган ўғли учун қора қозонга овқат солиб, сўнгра унинг кир бўлиб кетган кўйлакларини ювиб қўйиш тараддудида эски тоғора турган айвон томонга кетди.