Усмон Азим. Сўнгсўзлар

Бу китоб ноиложликдан ёзилди.
Олтмишга кирганимдан кейин, бир кун ўтириб, фақат мен биладиган дунё борлиги ҳақида ўйлаб қолдим. Ахир, бу дунёни ҳамма ўзича кўради-ку! Менинг бошимдан ўтган савдоларни ҳам ҳеч ким мен каби ҳис қилмайди. Улар бир кунмас бир кун бу дунёдан ўтсам, мен билан кетаверадими?
Оқибат, кўрганим, ҳис қилганим дунё ва унинг жонҳалак ҳамроҳи Адабиёт ҳақидаги ўйларим, менга азиз бўлган дўсту биродарлар, устозлар ҳақидаги хотираларим бу оламда ёдгор бўлиб қолишини жуда истадим ва, натижада, “” — мана шу тартибсиз сочилиб ётган китоб қоғозга тушди. Китоб росмана эсселардан, миттигина эсселардан, парча-пурча хотиралардан ва икир-чикир ўй-хаёлларнинг қоғозга тушган матнидан иборат.
Бу китобдан биргина эссе – “Рауф Парфи” “Жаннатмакон” журналида чоп этилган эди.
“Китоб дунёси”га эса ўзгачароқ парчалар илиндим.
Усмон АЗИМ,
Ўзбекистон Халқ шоири

Ўзбекистон Халқ шоири Усмон Азим ўзининг янги — “” асари устида ижод қилмоқда. Ушбу китоб маълум маънода, умр китобидир. Адабиёт, шеъриятнинг сирли олами, ижодкорнинг турмуш тарзи-ю ижодий йўли хусусидаги ўзига хос истеъдод эгасининг бу каби фикрлари ўқувчида қизиқиш уйғотиши шубҳасиз. Муҳими, бу китобдаги ҳар бир воқелик ва мулоҳаза барча-барчаси ШЕЪР билан, АДАБИЁТ билан кесишади. Қуйида китобдан айрим парчаларни эътиборингизга ҳавола этмоқдамиз.

* * *

Мухтор Авезовнинг “Абайнинг йўли” романини тасодифан қўлга олиб, тўғри келган жойидан ўқий бошладим. Бир-икки саҳифа ўқигач, кўнглим бирдан ёришиб кетди. “Менинг билишимча, илҳомни фақат шодликдан олмай, элнинг алам-армонлари ва ғарибларнинг ҳаётидан ҳам олиш керак, — деб ёзади Абайнинг тилидан Мухтор Авезов. — Шеър агар ҳақиқат билан бирга туғилса… олисларга кетади”.
Бу гаплар адабиётни қисматим деб биладиган ҳамма ижодкорлар учун дастуруламалдай туюлди менга.

* * *

Мумтоз адиблардан кимдир тушунмаган сўзини ёзган ёзувчини отиш керакми-ей, дорга осишга лозимми-ей – ишқилиб, шунга яқин бир фикрни айтган.
Мен бу фикрга тўлиқ қўшиламан. Аммо ёзиш жараёнида баъзан шундай ҳоллар бўладики, дор тагига боришингни ҳам, нима деб изоҳлашингни ҳам билмайсан.
Мана, “Тазарру боғлари” туркумининг муқаддимасидаги биринчи шеърни ёзаяпман. Одатдагидай, хира-шира мавзудан нимадир мени етаклаб кетмоқда. Қаерга бораман, навбатдаги сатрда қаерга буриламан, ёлғиз Оллоҳга аён. Фақат ёзяпман… “…Етмоқ оғирлашар – юрагинг теран, Унга чўкиб кетар зирқираб жисминг. Гаплаша бошлайсан самоват билан…” Нимани гаплашаман? Нимани? Ногоҳ сатр пайдо бўла бошлайди: “Тилимга келади оғир сўз…” Бу “оғир сўз” нега келди? Қаердан келди? Нима учун у “оғир сўз”? Ҳаяжонда типирчилаётган руҳим ҳар тарафга ўзини уриб, лаҳзада пайдо бўлаётган саволларга муносиб жавоб излайди…
…ва бир зум ўтмасдан аллақайдан бешарпа учиб келган сўзнинг шакли миямга урилади. Мен ўқиб улгураман: “Бисмил”…
Мен бу сўзни ҳеч қачон ишлатмаганман ва ҳатто… нимани англатишини ҳам билмайман. Аммо унинг ўрни ушбу шеърнинг айнан шу жойида эканлигини негадир аниқ ҳис қиламан. Энди тўртлик қуйидаги кўриниш олади:

“Етмоқ оғирлашар – юрагинг теран,
Унга чўкиб кетар зирқираб жисминг.
Гаплаша бошлайсан самоват билан –
Тилингга келади оғир сўз: “Бисмил…”

Мен ички сезгим(интуиция)га жуда ишонаман. У бу тўртликда хато кўрмаяпти. Демак, ҳаммаси жойида…
Ҳозир нима учун бу сўзни луғатдан қарамаганим эсимда йўқ. Қандайдир бир паришонлик кечган бўлса керак. Хуллас, бу тўртлик ўрин олган шеър “Ёшлик” журналида чоп этилди. Орадан бир-икки ой ўтиб, Дўрмондаги ижод боғида Матназар Абдуҳакимов билан учрашиб қолдим. Матназар чиндан ҳурмат этадиган шоирларимдан. Қучоқ очиб кўришдик.
— Журналдаги шеърларингизни ўқидим, — деди Матназар, кулиб. — Жуда ёқди. Айниқса, “бисмил”ни жуда зўр қўллабсиз. Жуда ўрнида!..
Мен дўстим мақтовининг таги зил эмасмаскан, деб талмовсирадим:
— Ростданми?
Матназар яна қандайдир мақтов сўзлар айтди.
Аммо энди ичимга ғулу тушган эди.
Худойим, шарманда қилма! “Бисмил” дегани нима ўзи? Нимага маъносини билмаган сўзимга бунчалар ишондим?
Уйга келибоқ луғатни қарадим ва… Кўнглим ёришиб, қуёшдай чарақлаб кетди! Сўз ўрнига аниқ тушган, бошқа сўз қўллаш мумкин эмас эди.
Луғатни қайта ўқидим:
“Бисмил – қурбон бўлган, сўйилган.”
Мен бирдан бу сўз Худойимнинг шеърга бетиним интилганим учун юборган мукофоти эканлигини тушундим.

* * *

Ўзинг ёзган бир фикрни ўтган улуғларнинг китобларида учратмоқ негадир ёқимли. Демак, бу дунёда неча-неча асрлар аввал ҳам сен каби ўйлаган, қийналган – бу азобларини қоғозга туширишга ҳаракат қилган юракдошинг бор экан! Қадай яхши!
Мен ўттиз ёшларимда бир шеър ёзганман. У шундай бошланади:

Мовий ҳаво тўлқинларида
Ўйнаб учдим қуёшга томон.
Икки кўзим аммо заминда,
Очман – Ерда дон бор, дон бор… Дон!

Қушман!
Руҳнинг тирик шониман!
Аммо очлик – лаънати қийноқ…
Ерда дон бор!
Гарчи ёнида
От ёлидан эшилган тузоқ….

Мана ҳозир Мавлоно Жалолиддин Румийнинг Жамол Камол таржимасидаги “Маснавийи маънавий”нинг бешинчи китобини ўқиётиб, етиб келганим бобнинг сўзбошисига кўзим тушгач, лолу ҳайрат ичра қолдим: “… ЧУНОНЧИ ҲАР БИР ТУЗОҚДА ДОН БОРДИРКИМ, ТУЗОҚ ЯШИРИНДИР. СЕН ТУЗОҚДА ТУРИБ, ЎЗГА ДОНЛАРНИ ОРЗУ ЭТАРСАН. АММО ЎША ДОНЛАР ОРТИДА ҲАМ ТУЗОҚЛАР БОРЛИГИ ХАЁЛИНГГГА ҲАМ КЕЛМАС”…
Бу фикр ва юқоридаги шеърий парча ўхшайди-я! Демак, Мавлоно Румий билан Вақтнинг аллатовур гирдобларида фикрларимиз кесишган, иккаламиз замонлар оша бир дардда азобланганмиз, қарийб муштарак хулосалар чиқарганмиз…
Ҳозир шу хаёлларда лаззатланиб ўтирибман.
Румийнинг бу бошсўздан кейин келадиган ҳикояти бениҳоя ибратлидир. Ҳақиқатдан ҳам донни ҳавас қилиб, тузоққа тушмоқ – ё нодоннинг, ё очкўзнинг ёхуд пасткашнинг ишидир.
Менинг шеърим эса фожеалироқ кўринди ўзимга. Чунки очликдан – беиложликдан — тузоққа илинмоқни худо ўзи асрасин! Қанча-қанча қуш руҳли одамларнинг умри, тирикчилик сабаб, бу дунёга асирликда ўтади. Одамлар билиб-кўриб туриб, асирликка борадилар. Бечоралик – бу дунёнинг энг улкан фожеасидир… Қорин (тирикчилик, жисм) ташвишлари ва руҳ уринишлари ўртасидаги қарама-қаршилик – оғир мусибат. Жуда узун, тинкани қуритадиган ҳасрат.

* * *

Дунё қаёққа оғаётганини, адабиёт ва санъат қай тарзда уни акс эттириши лозимлигини Парвардигор даҳолар кўнглига солади. Улар асар яратишда шундай бир йўллардан борадиларки, бу йўлнинг маъносини асрлардан кейин чақилади.
Барча даҳо асарлар каби “Уруш ва тинчлик”нинг ҳам сиру асрори жуда кўп. Романнинг қурилиши ҳам замонасида кўрилмаган тарзда: худди киномонтажни эслатади. Параллел тасвирланаётган воқеалар бири иккинчисини алмаштириб туради.
Кейинчалик, оврупадагилар асарни бу тариқа қуришни илк бор Дос Пассос кашф қилган (“Манхеттен”) деб кўп ёзишди. Аммо улуғ Лев Толстой бу тарзда асар яратган биринчи адиб эканлиги, шубҳасиз!
Тавба, “Уруш ва тинчлик” ёзиб бўлингандан кейин, қариб-қартайган чоғида пайдо бўлган “синема”нинг “ҳунар”и Буюк Адиб хаёлига қаердан тушди?
Эҳтимол бу авлиё мўйсафид оллоҳ сирларини очиб, илгарилаб бораркан, санъатда нимадир руй беришини – парвардигорнинг ниятини! – фаҳмлаб қолгандир?
Ахир, у ҳатто отнинг нима ҳақида ўйлаётганини (“Холстемер”) сезган эди-ку!

* * *

Адабиётда “ногаҳон” пайдо бўлган истеъдод, қалбларида худди шундай ноёб юксаклик бор зотларни беҳад бахтиёр этади.
Достоевскийнинг “Ойдин тунлари”ни ўқиб, Некрасов ва Белинский ана шундай бетоқат бахтга сазовор бўлган эдилар. Улар ҳозиргина ўқиб чиққанлари — ёш адибнинг қўлёзмаси бахшида этган саодатнинг бетоқат гирдобида Питернинг изғиринли ойдин кечасини оралаганча, қайсидир бир тупканда истиқомат қиладиган муаллифни излаб топиб, бағирларига босган эканлар.
Мен икки бор шундай истеъдодларнинг пайдо бўлишидан Адабиётимиз бахтиёр бўлганини гувоҳ бўлганман.
Абдулла Орипов ва Рауф Парфи даҳолари Адабиётимизда порлаганида ҳам, мухлислар ўзларини бахтли ҳис қилган эдилар.

* * *

Адашмасам, 1995 йиллари Старсбург шаҳридан келган ўзбек адабиётининг бир француз тадқиқотчиси билан суҳбатлашиб қолдим. Гап ўзбек насри ҳақида кетди.
— Бир зўр асар бор… — деди у муаллифнинг ҳам, китобнинг ҳам номини эслай олмай. — Жуда яхши асар…
У қўлини осмонга чўзиб кўрсатди:
— Баланд…
Унга ёрдам бериб, адибларнинг номини санай бошладим:
— … Абдулла Қаҳҳор…
Француз қувониб кетди. Мен ҳам ҳам беҳад қувондим.
Гап “Ўтмишдан эртаклар” ҳақида экан.
Биз бу қиссадаги эссе-ҳикоялар ҳақида анча гаплашдик.
Шунга ўхшаш яна бир воқеа.
Бундан йигирма йилча аввал поездда бир латиш йигит билан суҳбатлашиб қолдим. Адабиётга қизиқар экан. У ёшлигида бир ўзбек муаллифининг асарини ўқиганини, бу китоб жуда қизиқ эканлигидан гапириб қолди. Аммо на ёзувчининг, на китоб қаҳрамонининг исмини эслай олмади. Мен ёзувчиларимизни исму шарифини бир-бир санай бошладим. У “йўқ” дегандай бош чайқар, мен эса навбатдаги ёзувчини исмини овоз чиқариб айтардим.
— … Худойберди Тўхтабоев… — дедим ниҳоят.
— Во! Во!.. Худди ўзи! — деди латиш қувониб. — Зўр ёзувчи экан!
У шу заҳотиёқ Худойберди аканинг қаҳрамони исмини ҳам топди:
— Хашимджан! — деди баттар қувониб.
— Ҳошимжон! — дедим мен ҳам хурсанд бўлиб ва дарҳол китобнинг номи ҳам ёдимга тушди: — “Сариқ девни миниб”!…
Касбининг адабиётга алоқаси йўқ бир латиш бу китобни эслаганидан кўнглим тоғдай ўсди. Бу китоб орқали ўзбекларни ҳам озми-кўпми билганидан ғурурга тўлдим. Жонкуяр, болалар адабиёти учун куйиб-пишиб юрадиган Худойберди ака учун хурсанд бўлдим. Ўсмир болаларим бу китобни талашиб-тортишиб, ҳаяжонланиб ўқишганини эсладим.
Адабиётда ўзимиздан бошқалар ҳам ўқийдиган китоблар бўлгани қандай яхши!
Ҳа, латиш йигит билан суҳбатдан пайдо бўлган мулоҳазаларни ўша пайтда дўстларга гапириб юрганим эсимда: “Биз ғарб болалар адабиёти классикларини асарларини ўқиганмиз ва уларни мумтоз асарлар сифатида қабул қиламиз. Бизда ҳам шундай асарлар бор. Масалан, Худойберди Тўхтабоев асарлари…”.
Худойберди Тўхтабоевнинг болалар учун ёзган китобларининг савияси жуда баланд.

* * *

Пастернак Андрей Вознесенскийга ижодкор ўз ўлимини каромат қилмаслик кераклигини, шундай кароматлар туфайли адабиётда қанчадан-қанча ижодкорлар ажалидан аввал ҳалок бўлганларини айтиб, ёш шоирга зинҳор-базинҳор бахтсиз ўтмишдошларининг хатосини такрорламаслигини тайинлайди.
Бир яхши шоир укамиз бу гапни улуғ ҳақиқат сифатида адабиётимизда тарқатгандан кейин, бизда ҳеч ким ўлим ҳақида ёзмайдиган бўлди. Ахир, қандай қилиб ёзсин, ўлиб-нетиб қолишса, нима бўлади! Бу одамларнинг жони ширинлигини…
Шарқ адабиётида – дунёга мусулмонча қарашда эса ҳаёт ва ўлим доим ёнма-ён келган. Менимча ҳам, дунёни чуқур англаш учун ҳаётни қанчалар тадқиқ этилса, ўлим ҳақида шу баробар ўйламоқ зарур. Чунки ўлим дунёни мувозанатда ушлаб турувчи энг сирли ҳақиқатдир.
Хитойга борганимда, бизни қандайдир (ҳозир қандайлиги эсимда йўқ) бир музейга олиб боришди.
У ерда еттида чолнинг суратлари осилган экан.
Мен уларнинг кимлигини суриштирим.
— О! Улар даҳо одамлар!
Хитойнинг катта рассомларидан Гао Ман ва таржимон Лю бири қўйиб, бири тушинтира кетишди:
— Улар даҳоларнинг ҳам буюги!..
Хитойлик дўстларнинг айтишларича, бу етти даҳо чол мангу барҳаётликнинг асрорини топишган экан.
Мен бу маълумотдан кейин ўз-ўзидан тилга келадиган мантиқни шартта айтдим:
— Ўлиб кетишибди-ку!..
— Шунинг учун ҳам улар буюк-да!
Бу жавобнинг мағзини чаққач, кўнглим ёришиб кетди. Бу етти чолнинг ҳақиқатдан яшаганига, мангу барҳаётликнинг асрорини ҳақиқатдан ҳам топганликларига, бу улуғвор сир-асрорнинг эгалари бўла туриб, ўлимни афзал билганларига чиндан ишондим ва… негадир беҳад қувондим.
О, бу хитойи чоллар қандай ақлли! Қандай мард!
Ўлмасликнинг иложи борлигини била туриб, ўлишни маъқул кўришган!
Эҳтимол бу донишмандлар ҳозиргача тирик яшаганларида, инсониятнинг оғрини енгил қилувчи нималарнидир ихтиро этган бўлишарди. Аммо, дейлик, Нерон, Гитлер, Сталин мудом тириклик мақомини олганларида-чи? Инсониятнинг аҳволи не кўйга тушарди? Тирноқдай манфаатлари учун дунёни ёндиришга тайёр яна қанча одамчалар кўз олдимдан ўтди.
Бу дунёни Оллоҳ жуда нозик мувозанатда яратган. Яратилмишнинг сарвари бўлган инсон ҳаётнинг завқини сурар экан, мана шу мувозанатни қалбида тенг ушлаши учун ўлимни ҳам эслаб турмоғи шарт.
Ҳеч бўлмаса, Баҳовуддин Нақшбанддай Балогардон ҳазратлари айтган бу тарзда:

Ҳеч нарсамиз йўғу ҳеч камимиз йўқ,
Ҳечимиз йўқликдан ҳеч ғамимиз йўқ.
Жандамиз елкада, елкада — гўристон,
Гар ўлар эрсак, ҳеч мотамимиз йўқ.

* * *

Асарларидаги бағишловларга қараб, ёзувчию шоирларнинг шахси ҳақида бемалол хулоса чиқарса бўлади. Ким бутун одам, ким хушомадгўй, ким ялтоқи, ким тиланчи, кимнинг ор-номуси бор…
Ҳеч кимга асарларини бағишламаганлар ҳам бор. Уларнинг кўпчилиги ич-ичидан ўзларини танҳо ўйлайдилар. Ёхуд яхши кўрган дўстлари йўқ ёлғиз одамлардир.

* * *

Бизда тушунилиши қийин деб эълон қилинган Жойснинг “Улисс”ини Томас Вульф ўқиш учун ўсмирларга тавсия этади.

* * *

Илгари эркакларнинг ҳам алласи бўларди. Эслайман: чордона қуриб ўтирган қариялар жунжиккан неварасини кенг тўнининг бағрига олганча, тебраниб алла – “ҳу-ё, ҳу” айтади.

Бобосининг эркаси,
Бу дунёнинг серкаси.
Пошшо бўлсин шу болам –
Эл-юртини тергасин.
Ҳу-ё, ҳу-ё,
ҳу-ё, ҳу!
Ҳу-ё, ҳу!

“Ҳу-ё, ҳу”нинг маъносини ҳеч кимдан сўрамаганман. Ҳеч ким айтмаган ҳам. Эҳтимол ўша қариялар ҳам ота-бобосидан қолган оҳангу сўзни ўйлаб ўтирмай, айтиб юборишавергандир. Ёки эртагу халқ достонларида “Ё, ҳу!” деб савашга кириб кетибди!”, ёхуд “Ё, ҳу” деб йўлнинг танобини тортиб жўнабди” қабилидаги гапларни кўп эшитганмиз, ўқиганмиз. Аммо бу лафзнинг маъносини ҳам чақиб кўрмасдан ўтиб кетганмиз.
Бу жумланинг маъноси эса жуда теран ва узун. У сўфийлар, дарвешлар зикр тушганда, айтадиган нашу наъмонинг нақорати – парвардигори оламга мурожаатидир. “Ҳу” арабийдан ўзбекчага ағдарилса, “У” деган олмошни билдиради. Демак, “ҳу-ё, ҳу” “У, фақат У”, яъни “Оллоҳ, фақат Оллоҳ” деган маънони беради. Сўфийликнинг баъзи (масалан, Жалолиддин Румий) тариқатларида рақсу само амали бор. Рақсу самода, бу жумла – “ё, ҳу!” – кўнгилни жўш урдириб, илоҳий нурга қориштираётган ҳолнинг ритмини белгилайди; такрор-такрор буралиб, рақсу оҳанг аро кўкка ўрлаётган руҳга ундов – мадад беради! Силкитиб-силкитиб, мудроқликдан уйғота-уйғота фалакка – яратган сари бошлайди. Бу дунёда Ундан бошқа нарсага интилмоқлик бекор эканлигини таъкидлайди – “Ҳу, ё, ҳу!” – “У, фақат у”!
Болаликда эшитганим ўша боболар алласидаги “Ҳу-ё, ҳу” ҳам невараларга айтилган тилакларни Оллоҳга йўллаш – “Сен! Бу ниятларни бор этадиган фақат сен!“ дегани; “Ё, ҳу”, деб достон қаҳрамонининг йўлга тушгани эса, “Ё раб! Сен, фақат сен – паноҳимсан!” деб, Оллоҳни мададга чақирганидир.
Фарзандларга ҳам “фақат У – Парвардигор бор – қўрқма!” деб руҳу қалбига қуйилгандир.
Бундан қирқ йиллар аввал бойсунлик санъаткорлар қадимги – ҳозир бутун Ўзбекистон биладиган – “Яққу яқ” – “Яққу-я” деган бир қўшиқни, рақси билан қайта тиклаб, ижро этишганини ҳамма билади. Ўтган асрнинг етмишинчи йилларида ёши каттароқ санъаткорлар шундай бир “ўйин-ашула” борлигини эслашди – элас-элас хотирада қолган бу оҳанг қайта тирилгач, бутун ўзбекия бўйлаб ёйилди. – “Яққу-я”нинг маъносини сўрашганда эса, ҳар ким билганича, жавоб беришга уринди. Кимдир: “Бу жанговар қўшиқ – “Яққу-я” маъноси “Ёв қув-а!” ҳам деб юборди. Аслида эса бу қўшиқ ўша “ё, Ҳу,ё!, ё, Ҳу, ё!” яъни, “У, фақат У”нинг – “Ё, худо-я!”нинг ўзгинасидир. Аммо хотирасизлик замонида сўфийларнинг бу рақсу самоси кимнингдир қулоғига (хайрият!) “Яқу-я” тахлит қолиб кетган. Дарҳол янгича сўз ёзилган, аллақайдан дарвешона шиддатли мастона куй оқиб келган. Бу рақсу самонинг ижро шакли ҳам санъаткорларларнинг кўнглига худди худо солгандай – ўша қадимги зикр тушиш тартибида кечган. Тўю томошаларда эндигина ижро этила бошлаган-да, “яққу”чилар жўрликда ашула айтган кўйи, эгилиб, букилиб ўйнаётган раққосни ўраб олишар; ғайрат ила жўрқарсак уришиб, ярим рақс тушганча, жазава мақомида дунёни шиддатга тўлдиришарди.
Мен “яққу-я”ни Аҳад ака деган санъаткордай ижро этган одамни кўрмаганман. Айтишларича, унинг отаси ҳам тўю давраларни қиздирадиган саркор ва раққос бўлган экан. Аҳад ака ниҳоятда чапдастлик билан рақсга тушар, унинг шиддатга тўлган аъзойи бадани тасаввур этиб бўлмайдиган даражада ғаройиб мардона ҳаракатлар билан тўлиб-тошган бўларди. Аввал тик туриб рақсни бошлаган раққос “Яқу-я”нинг ҳайқириқлари остида гўё ўзини унитиб борар; икки тиззасида чўккаллаб – қаддини гоҳ ерга ташлаб, гоҳ илкис кўтариб – ажиб бир тўлғонишда даврага олов ёқарди. Аҳад ака, албатта, “яқу-я”нинг маъносини билмаган. Аммо, назаримда, бу сўздаги ўзини (“эҳтимол, билиб туриб” дегим келди) пинҳонликка чўктирган маънога раққоснинг руҳи етиб борган ва унинг вужуди шу аснода аждодларни ёққан ўша қадим илоҳий жазавада алангалаган. Бу давра олиб рақсга тушиш, ўзини унутиб тўлғонаётган раққос – ҳаммаси қачонлардир бу жойларда гуркираган рақсу самони ўзи эканлигини энди-энди тасаввур қиламан. Гўё Бойсуннинг ҳавосидами, тупроқдами, тоғу даштларидами омон қолган олис хотира – бор-йўғидан кечиб, Оллоҳга интилиш – ўзини негадир бу санъаткорларнинг юрагига ташлагандай…
Ҳу-ё,Ҳу! – У, фақат У!
Ё, Ҳу! – Фақат У! – Парвардигор!
Ё, Ҳу-я ! Ё, ҳу-я! – Фақат У! У!
Ҳа, айтгандай, оналаримизнинг алласида ҳам фарзандига бахту иқбол тилаш бор. Аллада ҳам Оллоҳнинг номи яширин. Буни кўпчилик билади. Она фарзандига эзгуликлар тилаб қўшиқ айтади-да, Парвардигорга муножот этади:
Алла-ё, алла! – Оллоҳ! Ё, Оллоҳ!
Худойим! Сўзларингда қанча сир яширин! Ҳар бирини топганим сайин сенга яқин боргандай туюлавераман.
Сурхондарёнинг деярли бутун ўзбек қавми гапирадиган, ота-боболаримдан, момоларимдан эшитганим яна бир сўзнинг маъносини яқинда тушундим.Меҳмон келиб, тезроқ туришга отланса, бобом:
— Оллағайтиб келибсиз, энди шошманг, — дер эдилар, иззат-ҳурмат кўрсатишга ҳозирланиб.
— Меҳмон аллағайтиб келибди, — дер эди момом, меҳмондорчилик учун қўрадаги қўйлардан сўқимга қўй танлаётган ўғилларига, — дадилроғини сўйинглар.
Бу сўзни “Арпали қишлоғида” ҳикоясида Шукур Холмирзаев ҳам ишлатган. Мен мана шу сўзни – “аллағайтиб”ни – ҳозиргача “бир келиб қолибди” маъносида тушуниб юрган эканман. Бир неча ой аввал бу сўз негадир эсимга тушди. Уни бир неча бор, худди таъмини билгим келгандай такрорлаб кўрдим ва… бирдан унинг маъносини тушундим. Англаганим маънонинг гўзаллигидан ва теранлигидан юрагим ҳапқириб кетди. Қичқиришдан ўзимни аранг тийиб қолдим. Чунки “меҳмон, аллағайтиб келибсиз” – “меҳмон, Оллоҳ айтиб, келибсиз” дегани эди. Ҳа, худди шундай! Ўзингиз келмагансиз, сизни Оллоҳ чақириб келган! Ўртада Оллоҳ бор! Сиз азиз меҳмонимизсиз!
Аллағайтиб – Оллоҳ айтиб…
Фақат бор-йўғини меҳмонга бахш эта оладиган халққагина бундай чиройли ва мардона лафзлар насиб этади..

* * *

— Энди адабиёт нима бўлади?
Бу савол адабий жараёнда вақти-вақти билан такрорланиб туради.
Ғафур Ғулом, Ойбек, Шайхзода ва Абдулла Қаҳҳор олдинма-кейин вафот этди.
Мен адабий давраларнинг бир четида ўтириб бир хавотирли савол қайта-қайта айтилганига гувоҳ бўлганман:
– Энди Адабиёт нима бўлади?
Тўқсонинчи йиллар ўзгариб кетаётган дунёмизга қараб, аллақандай жони ачиганча – юқоридаги саволнинг юзидан пардасини юлиб ташлаган тариқа, кимлардандир Шукур Холмирзаев қаттиқ сўраган эди:
– Адабиёт ўладими?
Мен дунёга келмасдан аввал ҳам шундай саволлар берилган бўлса керак. Йигирманчи асрнинг бошларини тасаввур қилинг: ўзбек шеърияти аруздан кечиб, она оҳангимиз билан лим тўлган бармоқ вазнига кўчаётганда, “қадим”чиларнинг кўнглидан қандай таҳликалар ўтмаган дейсиз!
— Бу нимаси?.. Энди Адабиётнинг ҳоли не кечади?
Ҳозир ҳам шунга ўхшаш саволлар бериляпти. Чунки замон ўзгармоқда. Вақт тезлашган. Одамлар, воқеалар, кашфиётлар — ёнингдан милт этиб ўтиб кетяпти. Гўё кўнгил ўрнини ахборот эгаллаётгандай. Суҳбатдошнинг вазифасини эса интернет босаётгандай… Одамлар ваҳимада.
Мен эса ҳозир хавотирга тушмай қўйдим. Чунки интернетдан хотинларнинг гурунги сифатида ҳам фойдаланса бўлади; аммо дейлик, Толстой ёзганлари билан ҳам суҳбатлашиш мумкин… Ҳамма вақт шундай бўлган: кимдир улфатлари билан чойхонада ўтирган кўйи (“ижтимоий сеть” деяверинг) олди-қочдидан гап сотиб ўтказган, кимдир Навоийни ўқиб… Интернетдан ҳам ҳамма истаганини топади. Бўйига яраша, ўйига яраша…
Адабиётнинг тақдирини эса фақат ва фақат истеъдодлар ҳал қилган.
Парвардигорнинг инояти билан улар бу дунёга ниманидир айтгани келиб турар экан, адабиёт ҳеч қачон ўлмайди. Адабиётнинг яралиш жараёнининг моҳиятида илоҳийлик бор. Агар бу дунёга адабиёт керак бўлмаса, Тангри таоло адабиётни истеъдодлардан марҳум қилади. Тамом-вассалом! Бу ҳол юзага келмаётган экан, хавотирга тушишнинг ҳожати йўқ.
Адабиёт — Оллоҳнинг умрбоқий мўъжизаларидан! У йўқолса, санъатнинг (демак, яралмишнинг) нозик бир мувозанати бузиладиким, бу ҳол бутун дунё бардавомлигини йўққа чиқаради.
Инсоният қандайдир бир сабабга кўра Парвардигорга керак бўлмай қолгандагина, уни адабиётдан марҳум қилади. Хуллас, Адабиёт ўлмайди. Истеъдод ёғдусига чўлғониб турса, ўлмайди.

* * *
Кеча бошқотирмани ечаётсам, шундай бир жумла пайдо бўлди: “Ҳақиқат хосларнинг эмас, мардларнинг йўлидир”. Бу фикр кимга тегишли эканлигини билмадим. Аммо жуда ёқди. Лаззатландим.
Сиз ҳам лаззатланинг, деб ёзиб қўйяпман.