Қанчалик киришиб-тиришмай, қишлоқда ҳеч ишим юришмади. Кейин омад қидириб Тошкентга келдим. Ҳамқишлоқ йигитларга эргашиб ғарибгина ижара уйга жойлашдим. Сўнг авом халқ тилида “Мардикор бозор” дейиладиган жойга бордик. Бирор машина келиб тўхтаса, ҳаммамиз ёпирилиб уни ўраб оламиз. Ҳайдовчи пастга тушишга ҳам улгуролмайди. Машина ойнасини очиб, қандай юмуши борлигини, нечта ишчи кераклигини айтади. Нархини келишиб, керагича ишчини танлаб олади-да, жўнаб кетади. Биз эса кейинги талабгорни кутиб қолаверамиз. Шу ерда ҳам нуқул омадим келишини ўйлаб ўтираман. Аммо мардикорчилик жонга тегди. Қийналиб кетдим.
Кўп ўтмай, қишлоққа қайтиш пайига тушдим.
Бригадиримиз Эшпўлат кутилмаганда бир иш топиб келди-ю, фикримдан қайтдим.
– Жўралар, – деди Эшпўлат сигири эгиз туққандай тиржайиб, – катта иш топиб келдим. Қишгача бемалол иш бор деб ҳисоблайверинглар. Эртагаёқ ижара уйни топширамиз, ўша ёқда ётиб ишлаймиз.
Катта иш дегани шаҳарнинг чеккароқ қисмидаги бир ҳайҳотдай ҳовлида экан. Шоҳона иморатлар орасида кўримсизгина бўлиб қолган бу уйни машҳур қўшиқчи Асалхон опа яқинда сотиб олган экан. Биз ҳовли этагидаги пастқамгина хоналарга жойлашиб, катта иморатни бир ҳафтада бузиб, текислаб ташладик. Асосий ишни биздан бошқа катта усталар бажаришарди, биз эса майдароқ юмушларни қилардик. Асалхон опани яқиндан бир кўриш истаги менга тинчлик бермасди. Бизнинг қишлоғимизга катта артистлар бормаган. Ҳали биронта тирик ашулачини яқинроқдан кўрмаганман. Асалхон опани бир кўрсам, қишлоққа борганда мақтаниб юрардим-да. Лекин учратиш қийин экан. Бизга бир ишбоши тайинлаб қўйган, ўша йигит ҳамма ишга бош бўлиб юрди. Асалхон опа бошқаларга ўхшаб хасис эмас экан. Озиқ-овқатни мўл-кўл қилиб ташлади, ишимизга яхшигина ҳақ тўлайди. Ётар жойимиз учун пул бермаймиз, топган-тутганимизнинг ҳаммаси ёнимизга қоладиган бўлди.
Ёзнинг ўрталарига бориб иш қизигандан-қизиди. Эски уй ўрнида уч қаватли шоҳона иморат қад кўтарди. Ана шунда бир куни эрталаб Асалхон опа қурилишни кўриш учун келди. Мен арчилган ёғочларни юқори қаватга ташиётган эдим. Уни кўриб, қўлимдаги ёғочларни ташлаб юбориб, сал бўлмаса оёғимни синдириб олай дедим. Оғзим ланг очилиб, анграйиб қолибман. Тушимми, ўнгимми, наҳотки мана шу рўпарамда турган ҳурлиқо ўша машҳур қўшиқчи Асалхон бўлса? Ҳайтовур Асалхон опа баланд пошнали туфлисида авайлаб қадам ташлаб ҳовлига кириб келди. Усталарга ҳорма-бор бўл қилиб, ҳовлига бир қур разм солиб чиқди.
Шундан сўнг опамиз дарахт соясидаги чорпояга ўтириб, гулдор елпиғичи билан ҳусну латофати барқ уриб турган юзига шамол елпиди. Ёрдамчи йигитлари елиб-югуриб чой ҳозирлашди. Менинг ҳали ҳам унга қараб анграйиб турганимни кўриб, опа ширингина табассум қилди-да: “Ҳорманг, йигит, чарчаган кўринасиз, манг, бир пиёла чой ичинг”, – деди ва оппоқ момиқдай қўллари билан пиёлага чой қуйиб узатди. Шу тобда унинг қўлидан чой тугул, заҳар ичишга ҳам тайёр эдим. Югуриб бориб қўлидан чойни олдим. Шоша-пиша чойни ҳўпларканман, лабим куйганини ҳам билмай қолдим. Кейин ўз-ўзидан тилим сайраб кетди. Асалхон опанинг қўшиқларини бутун қишлоғимиз жон-дилидан севиб эшитишини, ҳамма уни яқиндан бир кўриш орзусида эканлигини айтдим. Эскигина клубимизни катта санъат саройига ўхшатиб мақтадим. Асалхон опа хурсанд бўлганидан завқланиб кулди. Бундан мен ҳам қувониб кетдим ва ҳаяжонланиб, шеър айтиб юбордим. Яхшиям Жўра тоғамнинг эски шеър дафтари қўлимга тушиб қолиб, тўрт-бештасини ўртоқларимнинг уйланиш тўйларида айтаман деб ёдлаб олган эканман, ҳозир жуда асқотди-да. Шеър Асалхон опага ёқди чамаси, шаҳло кўзлари порлаб кетди.
– Бу кимнинг шеъри? – сўради опа ҳамон кўзлари чарақлаб.
– Ўзимники, – дедим опадан мақтов эшитиш илинжида.
Тўғри-да, бошқа нима ҳам дейишим мумкин, Жўра тоғам бу шеърларни бировга кўрсатишга ийманади. Эй, булар ёшликдаги бир ҳавас-да, мен шоирмидимки шеър ёздим деб бировга кўрсатсам, дейди. Шундай чиройли шеърлар “ёшлик хотираси” бўлиб чанг босиб ётса увол-да. Ундан кўра, мана мен айтиб мақтаниб юрсам бўлмайдими?
– Ростданми? Бу айни менинг кўнглимдаги шеър-ку. Илтимос, уни ҳозироқ менга ёзиб беринг, – деди опа ростакамига қизиқиб.
Ёрдамчи йигит чаққонгина бориб машинасидан қоғоз билан ручка олиб келди. Мен қўлларим қалтирай-қалтирай шеърни қоғозга туширдим. Асалхон опа шеърга бир кўз югуртириб, хаёлида қўшиқни тайёр қилди шекилли, кетишга тараддудланиб қолди. Йўл-йўлакай қоғозга яна бир-икки қараб-қараб олди. Дарвоза олдида ортига ўгирилиб, менга ажабсиниб қаради:
– Шундай ажойиб шеър ёзадиган шоир, нега бу ерларда лойга беланиб юрибсиз?
– Одамзод асли лойдан яралган, – дедим мен ҳам бўш келмай.
– Қойилман, сиз билан эртага гаплашамиз, – деб Асалхон опа шошилганича жўнаб кетди.
– Балосан, Ҳошимбой, балосан, – деди боядан бери бир четда бизни кузатиб турган Эшпўлат елкамга уриб. – Бинойидай шоир экансан-у, шу пайтгача айтмай юрганингни қара, вой писмиғ-ей. Бу дейман, шоирликни тоғангдан ўрганганмисан, а? Бир пайтлар Жўра муаллим ҳам шеърлар ёзиб юрарди.
– Йўқ, тоғам мендан оз-моз ўрганган, – дедим.
Қийқиришиб кулишдик.
Ҳақиқатан ишларим юриша бошлаганига эртаси куни ўзим ҳам амин бўлдим. Эрталаб Асалхон опанинг ёрдамчиси келиб, оёғимни ерга теккизмай олиб кетди. Шаҳар марказидаги бир чиройли кўп қаватли уйнинг учинчи қаватига кўтарилдик. Ёрдамчи йигит калитларни шақирлатиб эшикдаги бир нечта қулфларни бураб, икки қаватли эшикни очди ва ҳурмат билан ичкарига таклиф қилди. Тўкин дастурхон тузалган кенг хонага кирдик. Ҳалиги йигит чой дамлади ва менга бир пиёла чой узатиб:
– Сиз бемалол нонушта қилиб ўтиринг, опа ҳозир студиядан келадилар, – деб чиқиб кетди.
Уй ниҳоятда нафис безатилган, каккули осма соат, улкан ясси телевизор, биллур қандиллар, қимматбаҳо гиламлар, ҳаммаси бир-бирига мос, бир-бирига ярашган, ҳозир фақат менгина бу уйга ярашмай турганимни аниқ-тиниқ ҳис қилаяпман.
Бироздан сўнг Асалхон опа келди. Оддийгина оппоқ матодан тикилган кўйлаги унинг ҳусну латофатини янада очиб юборган эди. Ўзимни эртаклар оламига тушиб қолгандай сезиб, кўзларимга ишонмай ўтирардим. Опа енгилгина табассум қилиб юмшоқ креслога ўтираркан, ҳорғин нафас олди. Уйқудан қолганга ўхшайди, юзида чарчоқ аломати кўриниб турибди.
– Менга эътибор берма, укагинам, туни билан ухламасдан студияда ўтириб қўшиқ ёздик, – деди у кўзларини юмиб. Мени сенсираётганидан ўзига яқин олаётганини тушуниб, юрагим гупиллаб ура бошлади. – Тайёрлаб қўйган бир мусиқам бор эди, шеъринг жуда мос тушди. Яйраб-яйраб ижро қилдим. Кўзларимга уйқу келмади. Ўзи шунақа, яхши қўшиқ бўлишини сезсам, токи тайёр бўлмагунча кўнглим тинчимайди. Менимча ажойиб қўшиқ чиқди. Сен ҳам бир эшитиб кўргин.
У DVD дискни жойлаб, янги қўшиқни баланд овозда қўйди. Куйнинг ўзиданоқ баданим жимирлаб кетди. Беихтиёр чапак чалиб юбордим, опани табрикладим, олқишладим, мақтадим.
– Ҳали оз-моз камчиликлари бор. Яна бироз ишласак, қўшиқ қиёмига етади. Энди сен мардикорликни бас қил, шундай истеъдодингга бу иш тўғри келмайди, – деди опа ниҳоят мақсадга ўтиб. – Бошқа ҳунаринг ҳам борми?
– Бор, тўйларда даврабошилик қилишим мумкин, – дедим.
– Майли, ўртакашлик ҳам ёмон иш эмас ҳозирча. Мана, кўрасан, укагинам, шоу-бизнесда бахтинг чопиб кетишига кўзим етиб турибди. Сен яхши-яхши шеърларингни қоғозга туширавер, хит бўладиган қўшиқлар қиламиз. Ҳозиргига ўхшаган бир-иккита қўшиқдан кейин сени ҳамма таниб қолади. Асалхон опам худди адабиётчи олимлардай шеърларимни роса мақтади.
Бундай мақтов гапларни Жўра тоғам ўз қулоқлари билан эшитса, шоирликни ташлаганига қаттиқ пушаймон қилган бўларди. Шундай машҳур қўшиқчи мақтаяптими, демак бу шеърлар ҳақиқатан ҳам арзирлик экан. Опа ҳали биттасини кўрди, бунақа шеърлардан тоғамда кўп. Каттагина бир дафтарни тўлдириб ёзганини, ўша дафтар уйининг чордоғида чанг босиб ётганини кўрганман. Мен уларни чангдан қутқаришим керак. Биламан, тоғам шеърларини бировга кўрсатишни истамайди. Шунинг учун улар менинг номим билан қўшиқ бўлиб тарқалса бунинг нимаси ёмон? Ҳар ҳолда чордоқда чириб кетгандан одамларга фойдаси теккани яхши эмасми? Қолаверса, бошимга қўнган омад қушим ўша шеърларни талаб қилиб турган бўлса, бўшанглик қилиб ўтиришим инсофдан бўлмайди. Вақт ғаниматида отни қамчилаб қолишим керак.
Қишлоққа келдим. Омаднинг биринчи моянаси қўлимга теккан эмасми, ўзимга эътибор бериб қарасам, ичимдан бир устун кўтариб тургандай қадди-бастим адл бўлиб қолганлигини пайқадим. Атрофдаги одамлар букчайган, шалпайган, судралгандай кўринади кўзимга. Тоғам эса ундай эмас, кайфияти чоғ, ўтаётган кунларидан мамнун. Шу кайфиятидан фойдаланиб, шеърлари ҳақида гап очдим.
– Ўша шеърларингизни беринг, мен газеталарга чиқарай. Тошкентда юриб, кўп ажойиб танишлар орттирдим. Газетадаги танишларим, тоғангизнинг шеърларини олиб келинг, чоп эттирамиз, дейишди, – дедим.
– Э, жиян, қайси шеърларни сўрайсан? Айтган эдим-ку, улар шунчаки ёшликдаги ҳавас эди, деб. Энди уларни бирон жойда чиқаришдан менга нима наф? Энди бизга ярашмайди. Бу йил ўн беш нафар ўқувчим университетга ўқишга кирди. Келаси йилга ундан ҳам кўпроғини ўқитиб тайёрлайман. Ана шуларнинг орасида шоир бўлса бўлгуликлари бор. Қишда тоғларга мўл қор ёғди, ариқлардан сув узилмаяпти. Томорқага қара, деҳқончиликнинг йили бўлди-да ўзиям. Ҳовлининг нарига томонидан яна битта иморат кўтараяпман. Ҳадемай тоғаваччаларингни бирин-кетин уйлантирамиз. Бизга ярашадиган ишлар мана шулар-да, жиян, – деб Жўра тоғам бақувват кафтларини бир-бирига ишқалади.
– Нима, ёшликдаги ҳавас эди, деб энди шундай оромижон шеърлар йўқ бўлиб кетаверадими? – дедим тутақиб. – Уларни газеталарга чиқарайлик, артистларга бериб қўшиқ қилдирайлик, одамлар ўқиб, эшитиб маза қилишсин. Ўзингизга эп кўрмасангиз, ҳеч бўлмаса, мана, менга беринг, мен уларни ёруғликка олиб чиқай. Сизнинг ёшингизга тўғри келмаса, менинг ёшимга тўппа-тўғри келиб турибди-ку.
– Сен нима қиласан шеърларни?
– Бир жиянингиз шоир деб ном чиқарса чиқарибди-да, тоға. Сизга армон бўлган ҳаваслар бир куни менга ҳам армон бўлмасин. Шунда ҳам ўзимни ўйлаб эмас, ўтмишда қолиб кетаётган шеърларингизни ўйлаб шоирликни бўйнимга олишга жазм қилаяпман.
Хуллас, Жўра тоғамни роса аврадим. Тоғам кулавериб туйилиб қолди.
– Бор-е, билганингни қилмайсанми, – деди охири қўл силтаб. – Агар ўша шеърларнинг сенга бирор нафи тегадиган бўлса, олиб кетавер, сенга совға қилганим бўлсин уларни.
Қувонганимдан тоғамни қучоқлаб олдим. Кейин югуриб чордоққа чиқдим-да, сарғайиб кетган газета-журналлар орасидан ўша қалингина дафтарни қидириб топдим. Дафтарнинг варақлари илвираб тўкилай деб қолибди. Агар мендай шеърият фидойиси бўлмаганида бу қоғозлар ҳадемай тупроққа айланиши муқаррар эди.
Ишлар юришгандан юришиб кетди. Мен кўпроқ шеър ёдлашга, катта-кичик тўй-тантаналарда даврабошилик қилиш санъатини ўрганишга киришдим. Опа таништириб қўйган бир абжир йигит тўйларда гапириладиган гапларни қоғозга ёзиб олиб келиб берди: “Мана шу гапларни обдон ёдлаб олсанг, ўртакашлик қилишга қийналмайсан”, – деди. Мен тез орада уларни ёдлаб олдим. Шеърларим бирин-кетин жозибали қўшиқларга айланаётган эди. Асалхон опанинг қўшиқларини эшитмайдиган одам йўқ. Қўшиқнинг шеърини ким ёзгани билан ҳам албатта қизиқишади. Мен шеърларимга “Ҳошим Жиян” деб имзо қўйдим. Албатта, тахаллусимда тоғамга ишора бор. Ахир, Жўра тоғамнинг меҳнатларини ҳам ҳалол баҳолашим керак-ку. Асалхон опа бир-икки тўйларга мени ўзи билан бирга олиб бориб, одамларга таништирди. “Янги қўшиқларимизнинг матнини ёзган шоир”, деди. Устимга пул ёғилгандан-ёғилди, олқишлар, иззат-икромлар… Таниқлию таниқсиз қўшиқчилар ҳузуримга ёпирилиб келадиган бўлишди. Шеърларнинг нусхаларини кўпайтириб, уларга ҳам беравердим. Энди шеърларим турли-туман овозларда қўшиқ бўлиб тарала бошлади. Опа рост айтган экан, шоу-бизнес шоирни тез танитаркан. Қисқа вақт ичида мен ана ўша “шоу-бизнес”нинг харидоргир шоири бўлиб улгурдим. Доимий ишим студияда қўшиқчиларнинг ёнида бўлиш. Гап-гаштакларга, тўй-тантаналар, тунги клублардаги жонон кечалар, катта-кичик томошахоналардаги концертларга таклифлар тушгани-тушган. Ўртакашликни ҳам қийиб қўядиган сўзамолга айландим. Мен танимаган ёхуд мени танимаган ашулачилар қолмади ҳисоб. Тўйлар баҳона каттаю кичик амалдорлар, олимлар, шоиру журналистлар билан таниш бўлиб қолдик. Улар давраларда мени ёнларига таклиф қилиб, бирозгина суҳбатлашмоқчи бўлишади. Мен эса қисқагина сўрашиб, бирон нарсани баҳона қилиб нари кетаман. Чунки уларнинг суҳбати айланиб-айланиб, охири адабиётга, ижодга бориб туташса, бу мавзуларда мен нимани гапиришим мумкин? Қолаверса, улар билан суҳбатлашмасам, вақти зиқ экан, деб ўйлаб, яна суҳбатимга муштоқ бўлиб юришади. Буни шоу-бизнесдагиларни кузатиб билиб олдим. Ҳа, шоу-бизнеснинг ўрганадиган томонлари кўп экан. Илгарилари бу соҳага аралашиб юрганларнинг ҳаммаси эртаю кеч дилрабо куй-қўшиқлар, олқишлар ичида яшайди, ҳаётлари тўкис, муаммо нималигини билишмаса керак, деб тасаввур қилардим. Бироқ бу муҳитда фитнаю ҳасад, ғийбату ғурбатлар, ўғрилигу жоҳиллик ғужғон қайнашини, пул учун, сариқ чақага қиммат обрў учун бир-бирига пичоқ ўқталишлар, соч юлиб талашишлар, камситиш ва ҳақоратлашлар, турли-туман беҳаёликлар улар учун одатий ҳол эканлигини мутлақо ўйлаб ҳам кўрмаган эканман. Уларнинг қилғиликларини кўрса, илон ҳам пўст ташлаб юборади. Мана шуларни кўрганимдан кейин баъзан қишлоқда ўтган кунларимнинг қадри билинар, ҳатто Эшпўлатнинг бошчилигида лой қориб, ғишт қуйиб юрганларимиз ҳам бахтиёр дамлар бўлиб туюлар эди. Э, менга нима, қирилиб кетмайдими. Менга “така бўлсин, сут берсин”.
Икки йил ичида шаҳарда ўз уйимга, машинамга эга бўлдим. Энди кимсан – фалончи шоир диққинафас трамвай ёки автобусда оддий одамлар орасида қисилиб юрмайман. Уйимни кўнглимдагидай таъмирлатиш учун уста қидириб “питак”ка борганимда Эшпўлатни учратдим. Ҳали ҳам ўша-ўша эски чориғини судраб юрибди. Мени кўриб ҳайратдан кўзлари чақнаб кетди. Югуриб олдимга келди. Кир қўллари билан оппоқ костюмимни булғаб қўйишдан чўчиб, эҳтиёт бўлиб саломлашди. Машинамни гир айланиб томоша қилди. Ҳол-аҳвол сўрашдик. Ўзининг айтишича, довруғимни эшитиб, хурсанд бўлиб юрган эмиш. Усталарни ўзи бошлаб борадиган бўлди. Ишнинг бошида ҳам ўзи туради. “Бир ой ичида уйингни қўғирчоқдай қилиб бермасам, сен билан ҳамқишлоқлигим куйиб кетсин”, деди.
Мени радиога, телевидениега таклиф қилишди. Янги шеърларингиздан ўқиб беринг, дейишди. Ўйлаб қарасам, янги шеърлар қолмабди. Ҳаммаси қўшиқ қилинган, ҳаммасини эшитиб бўлишган. Зудлик билан бирор чорасини кўрмасам, тез кунда хонавайрон бўламан-ку. Уйнинг калитини Эшпўлатга қолдирдим-да, қишлоққа жўнадим. Тўппа-тўғри Жўра тоғамнинг олдига бордим. Мени кўриши билан тоғамнинг кулгиси қистади:
– Оббо жиян-ей, кутилмаганда катта шоир бўлиб танилиб қолдинг-ку.
– Нимасини айтасиз, тоға, омад келаман деса лойнинг ичидан ҳам чиқиб келаверар экан, – дедим кулгисига кулги билан жавоб қилиб. – Энди мана шу катта шоирнинг жамғармаси тугаб қолди. Ё пирим, деб яна янги шеърлар ёзиб берармикансиз, деб олдингизга бош эгиб келдим. Қанча десангиз пулини тўлайман, буёғидан хотиржам бўлинг. Ҳозир айни “популяр” бўлиб турганимда ўзингиз қўллаб туринг, тоға. Бу даражага етишишим осон бўлмади, рейтингим тушиб кетмасин. Ўзим ҳам машқ қилаяпман, аста-секин шеър ёзишни ўрганиб оларман.
Тоғам бош чайқаб, мийиғида кулди. Уйдан аввалгисига ўхшаган яна бир эски дафтарни олиб чиқиб, қўлимга тутқазди.
– Шу ишни тўғри қилдимми, йўқми, мана шу дафтарни ҳам сенга азбаройи раҳмим келганидан бераяпман. Булар ҳам ёшлик завқи билан ёзилган. Ташлаб юбормоқчи бўлганимда янганг қўярда-қўймай қўлимдан тортиб олиб, сандиққа ташлаб қўйган эди. Сенга насиб қилган экан, майли, буларни ҳам олақол. Шундоғам бу дафтарнинг энди менга кераги йўқ. Лекин, жиян, бундай юриш билан узоққа бориб бўлмайди. Ҳали ҳам бўлса, эсинг борида қўлингдан келадиган бирор ишнинг этагини тутсанг яхши бўларди. Ғирромликнинг, ёлғончиликнинг алалоқибат албатта миси чиқади.
Муаллимдан нима оласан, бир дафтар шеърга қўшиб бир қоп гап оласан-да. Тоғам узундан-узоқ насиҳат қилди. Лекин у киши шоу-бизнесни қаёқдан билсин. Ёлғончилик, ғирром аралашмаган бизнес бизнесми? Мен-ку, туғишган тоғамнинг шеърларини ўзидан сўраб олиб шоирлик қилаяпман, лекин қўшиқчилар ўз тоғаларининг қўшиқларини айтишаяптими? Тўғри, Асалхон опа меҳнаткаш, ҳар бешта қўшиғидан учтасига ўзи куй ёзади ёки бирон композиторга ёздиради. Атиги иккита қўшиғига хориж қўшиқларидан куй ўғирлайди. Қолганлари-чи? Баъзи ашулачилар ҳамма қўшиқларини хорижликлардан ўғирлаб айтишади-ку. Истеъдодли артистлар камтарлик қилиб, ўзларининг иззат-обрўларини сақлашни билишади. Истеъдодсизлари эса ўзларини ўтга-чўққа уришади, газета, радио, телевидениега беаёв кириб бораверишади, ҳаммаёқда ўшаларнинг рекламалари, ҳатто дазмолни токка уласангиз ҳам ўшаларни кўрсатади.
“Янги шеърлар”ни ҳафсала билан оқ қоғозга кўчириб чиқдим. Уззу кун қўнғироқ қилиб, эшигимни тақиллатиб турган қўшиқчилар янги-янги қўшиқларини кўпайтираверишди. Бу қўшиқларнинг деярли ҳаммаси, уларнинг тили билан айтганда, “хит”га айланди. Эшпўлатнинг усталари “қўғирчоқдай” қилиб берган уйда ёлғиз ўзим зерика бошладим. Ҳар гал қишлоққа борганимда уйдагилар “ёшинг ўтиб қолаяпти, тезроқ уйлан”, деб ҳоли жонимга қўйишмайди. Бундай ўйлаб қарасам, энди ҳамма нарсам бор-у, фақат уйланиш қолибди, холос. Уйдагилар қишлоқнинг энг сара ўнта қизининг рўйхатини қўлимга тутқазишди. Ҳаммаси рози экан, фақат мендан ишора бўлса бас. Ўйлаб-ўйлаб, охири Ойсанамни танладим. Буни эшитиб Эшпўлат атайлаб келиб, қойил қолганини билдириб кетди. “Уккағар-ей, тозаям омадинг чопган бола экансан-да. Шу қизнинг ошиғи кўп эди. Ким-кимлар оғиз солмади дейсан. Ҳеч кимга розилик бермаган эди. Сен бир чўқишда уддалабсан-а, қойилман. Молингни сот, жонингни сот – шоир бўл экан”, – деди.
Эшпўлат адашибди, Ойсанам менга шоирлигим учун эмас, артистларни кўриш учун теккан экан. Унга қанча шеър ўқимай, қулоқ солгиси келмайди. Шеърни тушунмайди ҳам. Қўшиқларни эса мириқиб тинглайди. Эшикни тақиллатган артистларнинг олдига югуриб чиқади. Ҳатто фарзандли бўлганимизда ўғилчамизга ҳам машҳур артистнинг исмини қўйдириб олди. Ўша артистнинг ҳаётда қанчалик калондимоғ-у, худбин ва пулпараст эканлигини у бечора билмайди-да. Мен эса ўғилчамга, ҳеч бўлмаса менга омад келтирган шеърларнинг ҳурмати учун, улуғ бир шоирнинг исмини қўймоқчи эдим. Ўзи шу Ойсанамга уйланмасдан, бирорта шеър ёзиш қўлидан келадиган қизга уйланиб олсам яхшироқ эди. Ана шунда икковлашиб шоу-бизнеснинг томорқасини яшнатиб юборардик.
Бу ёқда энди шеърлар ҳам тугаб қолди. Артистлар нуқул янги шеър сўрашади. Эскиларини ҳадеб такрорлайверса, уч-тўрт ойда мухлисларнинг меъдасига уриб қолаётган эмиш. Жўра тоғамнинг олдига борган эдим: “Қўй, жиян, мени қийнама. Бисотимда сақланиб қолган эски эрмакларимнинг ҳаммасини юзингдан ўтолмаганим учун сенга бердим. Бошқа шеър ёзмаганман, ёзмайман ҳам. Шоирлик кимнингдир куйига сўз қалаб бериш дегани эмас. У эгамнинг суйганларига берадиган бебаҳо инояти. Тўртта гапни бировларга ўхшатиб қофиялаб, қўшиқ қилиб, сохта олқиш олиб кўксига уриб юрганлар бугун бор, эртага йўқ. Чинакам шоирлик эса мангуликдир”, – деди. Лекин менинг мангуликка даъвойим йўқ. Ҳозир ҳаммага тирикчилик керак, мангулик эмас. Шундай бўлгач, ё шоу-бизнесдаги ўрнимни сақлаб қолиш учун шеър ёзишим, ё бўлмасам омадли кунларим билан бутунлай хайрлашиб, “қайдасан Эшпўлат” деб яна “питак”ка боришим керак. Йўқ, унақаси кетмайди. “Ётиб қолгунча отиб қол” дейишган донолар. Қора кунга асқотиб қолар деб ўзим ҳам анча-мунча шеърлар қоралаб қўйган эдим. Шеър сўраб келган санъаткорларга ўшаларни тақсимлаб бердим. Бироқ шеърларнинг биронтаси ҳам уларга ёқмади. Ўзларича олифтагарчилик қилишганига ўлайми бу қолоқларнинг. Ахир, булар энг замонавий шеърлар-ку. Яхшиям бир журналда ишлайдиган устоз шоир билан танишиб қўйган эканман. У мени жуда ҳурмат қилади, бир нечта шеъримни журналда суратим билан босиб чиқарди. Янги шеърларимни ўша домлага олиб бориб кўрсатдим. Камчиликлари бўлса, у ёқ-бу ёғини тўғрилашга ёрдам беради, деб ўйлаган эдим. Домла шеърларимни кўриб, кўзойнаги остидан менга узоқ тикилиб қолди.
– Ўзингизникими мана шу қораламалар? – сўради ростакамига ажабланиб.
– Ҳа, ўзимники, – дедим сал довдираб.
– Сиз илгари дурустгина шеърлар ёзар эдингиз-ку. Бунингиз нимаси? Ёки янгилик қилмоқчи бўлдингизми?
– Ҳа, ҳа, янгилик қилмоқчи эдим, – дедим баҳона топилганидан севиниб.
– Аммо, укажон, ҳар қанча янгилик десангиз ҳам буни шеър сифатида қабул қилиб бўлмайди. Бунингизда на вазн бор, на бошқа мезонлар. Ё услубингизни йўқотиб қўйдингизми? – деди қошини чимириб. Мен индамадим. – Сиз мана бу китобларни бир варақлаб кўринг. – У жавондан бир талай китобларни олиб олдимга қўяверди. – Мана бу китобда аруз вазнининг энг гўзал намуналари бор. Мана бу китобда эса бармоқ вазнидаги сара шеърлар жамланган.
Мен китоблардаги бир-иккита шеърни ўқиб кўрдим, кўнглимга ўтирмади. Кейин жавоннинг пастроғидаги чиройли безатилган сариқ ва ҳаворанг китобларни олиб варақлай бошладим.
– Уларни ўқимасангиз ҳам бўлаверади, – деди домла юзини бужмайтириб. – Улар ўзларини модернчилар деб аташади. Лекин ёзганлари модернизмнинг “м” ҳарфига ҳам яқинлашмайди. Булар шеър ёзолмайдилар, лекин шоирлар даврасида ўралашиб юришни жуда-жуда исташади. Шунинг учун алмойи-алжойи қораламаларни қоғозга туширишади-да, мен “модерн”да ёзаяпман, деб ўзларини хаспўшлашади. Аслида “модерн” дастлаб Ғарб адабиётида юзага келган оташин, фалсафага бой йўналиш. Ҳозирги пайтда бизда ҳам бу услубда эплаб ижод қилаётган яхши шоирлар йўқ эмас.
Шундан сўнг домла услублар, вазнлар ҳақида узундан-узоқ маъруза ўқиди. Аруз ва бармоқда ёзилган китобларни варақлаб бир нарсаларни куйиб-пишиб тушунтирди. Менга эса ҳалиги сариқ ва ҳаворанг муқовали китоблар ёқиб қолди. Чунки уларни ёзиш жуда осон, худди менинг ёзганларимга ўхшарди. Демак, услубимиз бир хил бўлса керак. Бўлди, услубимни топдим: мен “модерн”да ёзаётган эканман. Меники ҳатто анави иккала китобдагидан ўлса ўлиги ортиқ. Уларники модерн бўлса, меникини бемалол постмодерн деса ҳам бўлаверади. Мана, масалан бир шеърим “Телефон – сотка, супурги – чўтка” деб бошланади. Қофияси жойида, мазмун бор, энг муҳими, замонавий шеър. Хайриятки ижод аҳлининг нозик кўнглини тушунадиган уддабурон кишилар ана шу услубни ўйлаб топишган экан, йўқса, мени аллақачон ижод дунёсидан бадарға қилишиб, устимдан кулиб юришган, мен айни барқ уриб очилган чоғида томири сувдан узилган гулдек қовжираб, яна қора меҳнатга қоришиб кетган бўлардим. Яшасин модерн! Домла эса менга классик шоирларни тушунтирмоқчи бўлади. Бунча ғалча бўлмаса. Ахир, классиклар ўзларининг замонасидаги услубда ёзишган. Уларнинг замонида сотка телефонлар бўлмаган. Мабодо бўлганида, улар ҳам худди мана шундай ёзардилар. Бундан ташқари, ҳозирги шоу-бизнес классикларни ҳазм қилолмайди. Бугун санъат оламини “реп” ва “рок”лар эгаллаяпти. Уларга эса айнан бизнинг модернча шеърларимиз керак. Ҳалиги олифта қўшиқчилар янги шеърларимни менсишмади. Йўқ, менимча уларнинг бунга тишлари ўтмади. Билганларини қилишсин, замондан орқада қолганлар. Мен энди янги юлдуз бўлиб чарақлаб чиқиб келаётган “Ананас”, “Апелсин” гуруҳлари билан ишлайман. Мана бу шеърларим айнан уларбоп. Улар ҳақиқий замонавий гуруҳлар.
Домла айни берилиб жавраётган пайтда мен узр сўраб, аста ўрнимдан турдим. Сариқ ва ҳаворанг муқовали китобларни бериб туришини илтимос қилдим.
– Олиб кетаверинг, уларнинг менга кераги йўқ, шунчаки ўзлари ташлаб кетишган, – деди ҳафсаласи пир бўлиб.
Бу китобларнинг домлага кераги йўқ, лекин шоу-бизнесга улар жуда керак. Энг муҳими, тоғамнинг менга ҳадя қилган “мероси” тугаб, ўзим шеър ёзишга мажбур бўлаётган, шоу-бизнес ҳам, газеталар ҳам бир ғайратли шоирга эшикларини тақа-тақ ёпиб, ижод майдонидан батамом супуриб ташламоқчи бўлиб турган бир пайтда менинг ёзганларимни шеър деб тан олиб, бағрини кенг очувчи ҳурматли “МОДЕРН”ни топиб олганимдан ва бу саховатпеша йўналишни орқа қилиб ижод майдонида ҳали анча-мунча жавлон уриб юришим мумкинлигидан бениҳоя хурсанд бўлиб кетдим. Мен китобларни қўлтиғимга қистириб, хайрлашдим.