Мирпўлат Мирзо. Армон (эссе)

Кўклам эндигина кенгликларга муаттар бўйларини таратаётган дамлар ёдингиздами? Тонг пайти илк гиёҳлар ниш урган қирлар, адирлар, уйғонаётган далалар шабнамларга чўмилади ва бу шабнамлар ҳовурга айланиб, қуёшнинг соғинтирган шуълаларини оқликка чулғайди. Тутаб ётган исириқ тутунлари янглиғ бу ҳовур тоғ этакларига тўшалган оқ туманларга қўшилиб, қор босган тоғларга, ложувард уфқларга янада ажиб бокиралик ато этади. Кўнгил кўклам тонгининг оқ нурлари оғушидаги масту мустағриқ тоғлар остонасига талпинади. Шунда қалбингиздаги туйғуларга сафо берувчи ҳамроз нигоҳларга термулиб:

Юр, тоғларга чиқайлик,
Майли, юр!
Эҳ, қандай чиройли
Оппоқ нур!..
дейсиз шивирлаб.

Эсимда, мен ҳам умримнинг ёшлик дамлари дунёни бирам масъум идрок қилар, борлиққа баҳор ато этаётган ранглар қаршисида лол туриб қолар, уларни қандай номлашни билмай гангир эдим. Айниқса, мен ўрикнинг сурх новдасида яққол кўзга ташланган ғуж-ғуж ғунчалардаги пушти рангга ютоқиб боқардим. Бу ранг тетик новдалардан сизиб чиққан кўкиш, яшил ва тўқ қизил ранглар қоришмасидан иборат алламбало ранг эдики, менинг шууримда соғлом қон, соғлом аланга рамзидек туюлар ва бу аланга совуқликни, ҳар қандай мушкулоту ҳар қандай иллатни ёндира олишга қодир ёлқин тимсолига айланарди. Шундай бўлгач, дунё кўзингга ҳали юз очмаган саодатлар остонаси бўлиб кўринса, не ажаб! Бир томонда – чаппор уриб очилишига саноқли сониялар қолган ғунчалар, бир томонда – зумуррад шабнамлар ҳовурига чўмилган оқ нурлар!..
Мен Усмон Носирнинг мазкур шеърини ҳар гал ютоқиб ўқийман. Ва юрагимдан ҳар гал алланечук армон, алланечук ғусса аригандек, нари кетгандек бўлади.

Олмос каби оппоқ қор
Ялтирар.
Нега бунча дил оқар,
Қалтирар.

Шоир нигоҳи олмосдайин оппоқ қорга нега тикилиб қолди? Нечун унинг дили оқмоқда? Нимадан қалтирамоқда?

Биласанми, ёшлик бу
Тўймаган,
Тиним билмас, гўё сув
Ўйнаган.

Олис чўққилардаги олмос қор шоирга ҳар сафар тўйиб ўйнамаган, яйраб-яшнамаган дамларини эслатади ва у энди қўл етмас, қайтмас олис ёшлик бўлиб кўринади.

Шунга ўта чиройлик
Кўринур…
Юр, тоғларга чиқайлик,
Майли, юр!

Бироқ шоир унга насиб этмаган, уни четлаб ўтган ёшлик қошига боришни истайди, унинг дийдорига тўйишни хоҳлайди.Унинг қошига севимли ёр билан қўл ушлашиб бориш ҳаммасидан гўзал!.. Чунки бу сурур, нашида юракдаги турфа ситаму аламларни ўз гирдобига олиб, кўмиб юборадигандай…
Ўзбек шеъриятидаги бетакрор сиймо, ҳамиша навқирон шоир Усмон Носир қаламига мансуб кўплаб шеърларни худди юқоридагидек тўлиб-тошиб тавсифлаш мумкин.
Усмон Носир таваллудига ўтган йили 100 йил тўлди. Лекин у жуда кам яшади. Мустабид тузум уни 25 ёшида қамоққа ташлади. Шоир 10 йилгина ижод қилди. .
Яқинда бир даврада қандайдир муносабат би­лан Усмон Носир номи тилга олинганда, шоир дўстларимиздан бири, Усмон Носир зўр шоир эмасди, деди. Менга унинг бу беписандлик билан айтган гапи оғир ботди. Чунки мен Усмон Носир ижоди ва ҳаёти билан яқиндагина қайта танишиб чиққан эдим. Бироқ мен “ботир оғиз” шоирнинг бу шаккок фикри билан баҳслашиб ўтиришни ўзимга эп кўрмадим.
Бугунги кун тафаккури қирғоғидан – Истиқлол соҳилидан туриб ХХ аср ўзбек адабиётига, хусусан, шеъриятига назар ташлайдиган бўлсак, шак-шубҳасиз, ажиб манзарани кўрамиз.Зеро, шўролар замонидаги кўпгина адибларнинг номлари – уларнинг соясига салом берган ҳатто бизларнинг-да ёдимиздан ўчиб кетди. Вақт – олий ҳакам, деганлари шу бўлса керак-да!
Усмон Носир номи эса долғали аср синовларида заха топмади, ундан марос бўлиб қолган шеърлар тарих “қилкўприги”дан омон ўтиб бормоқда. Яна шу нарса ҳам муҳимки, агар биз бугунги кун ўзбек шеъриятидаги етакчи йўналиш замирига назар солсак, унинг ибтидоси Усмон Носир шеърлари билан ниҳоятда ҳамоҳанг эканлигига амин бўламиз. Шу боисдан шоир ижодини ўрганиш, уни таҳлил ва тадқиқ қилиш шеъриятимиз равнақига хизмат қиладиган омиллардан бири бўлиб қолаверади. Унинг ҳаётини ва мураккаб қисматини идрок этиш, уни ўқувчи кўз ўнгида тўлақонли гавдалантириб бериш эса ёшларда озод Ватан туйғусини, улар руҳиятига Истиқлол сурурини сингдиришда, шубҳасиз, жуда қўл келади. Зеро, шоирнинг ўзи бу борада эзгу умид билан:

Баргдек узилиб кетсам
Унутмас мени боғим.
Ишимни ҳурмат қилур,
Гуллардан ҳайкал қурур…
деб айтмаганмиди!

Ушбу ўринда камина шуни таъкидламоқни истардимки, Усмон Носир ҳаёти ва ижодига доир фикр ва мулоҳазалар қоғозга туширилар экан, улар “янги гап” айтиш замзамасидан йироқдир. Бу битиклар бу оташин шоир барҳаёт руҳига шогирдлик эҳтиромининг бир ифодаси, холос…
Усмон Носир 1912 йил 13 ноябрда Наманган шаҳрида Маматхўжа ва Холамбиби оиласида туғилди. Маматхўжа тўкилиб-сочилиб яшамаган бўлса ҳам хуш ахлоқи билан, хоксорлигию камтарлиги билан эл-юртга танилган кимса эди. У фарзанди тўрт ёшлигида касаллиги туфайли ёруғ дунёни тарк этади.
Оила бошчисидан жудо бўлган Холамбиби бир муддат укасиникига бориб кун кечиради. Бу хонадонга қўшни бўлган қариндошиникига келган қўқонлик Мамасодиқбойнинг ўғли Носирҳожи (у ўн тўрт йиллик ҳаж сафаридан қайтган эди) Холамбибини девор ёриғидан кўриб қолади ва унга оғиз солади. Носирҳожи гўдак Усмонни тиззасига олиб, унга оталик қилиш борасида онт ичади. .
Усмон Носирнинг болалиги борасида икки хил қараш мавжуд. Биринчисида – ўгай ота Носирҳожининг бўлажак шоирга ниҳоятда меҳрли бўлганлиги ва унинг ёш Усмонни шоир бўлишига қўшган ҳиссаси кўп ўринларда таъкидланади. Бундай таъкид шоирнинг жияни, шоира ва таржимон Нодира Рашидова тадқиқотларида кўрамиз. Иккинчи хил қарашда ўгай отанинг шўх, тийиқсиз болага ўтказган жабру зулми баён этилади. Ва бундай қараш эгаси профессор Наим Каримов ўзининг “Усмон Носир”* номли рисоласида фикрининг тасдиғи маъносида шоирнинг интернатдош дўсти Темур Фаттоҳнинг дўсти оғзидан эшитган ушбу сўзларни келтиради: “Отам мени қийнаб жуда кўп урган. Бир куни онам уйда йўқ вақтида ҳолдан кетганимча уриб, сўнг қўлимни орқамга боғлаб, оёғимдан қудуққа осиб кетган. Хайриятки, шу куни ўртоғим Тоҳиржон Собиров ҳовлимизга келиб қолиб, қудуқда инграб ётганимни эшитиб, мени тортиб олди…” Шоирнинг “Кечмиш кунларим” шеъридаги ушбу сатрлар ўша юракдан ўчмас ситамларнинг ифода сидир: Уч-тўрт йил бурун

“Ўгай”да юрдим.
Минут-минутда
Калтаклар едим…
Узоқ ўксиниб,
Чидолмай сира
Бир куни сўкдим.
Шунинг-чун дарров
Ҳайдалиб кетдим.

Таниқли адабиётшиунос олим Иброҳим Ғафуров “Юрак ва меҳр шоири” мақоласида эса: “Тадқиқотчилар шоирнинг болалик чоғлари оғир кечганлигини таъкидлар эканлар, бунда кўпроқ унинг шеърларига асосланадилар. Давр шундай эди. Усмон Носирнинг болалик давридан шикоятларини Носир отадан кўрмаслик ва унга боғламаслик керак”, дейилади.
Усмон Носир ҳаётида кечган ушбу лавҳаларни келтиришдан муддао ё у, ё бу томоннинг фикрини тасдиқлаш эмас, балки бўлажак шоир болалиги ниҳоятда мураккаб кечганлигига эътиборни қа­рат­моқ­ликдир. Балки булар биринчи томон даъво қил­ганидек уйдирмадир. Бугунги кунда бу жиҳатлар шоир ижодий мероси қимматини на оширади, на камайтиради. Аммо унинг умр сўқмоқларини муфассал билмоқни истаганлар учун тафсилотларнинг барчаси муҳимдир. Қолаверса, бу шоирнинг тирик руҳи олдидаги масъулият ҳамдир.
Машҳур шахсларнинг таржимаи ҳолига – уларнинг ҳаёт йўлига назар солсангиз, кўп тасодифлар силсиласини кўрасиз. Балки мана шу эзгу тасодифларнинг рўй бериши ўзи ҳам бир қонуниятдир. Ёш Усмонни илк тўғри йўлга бошлаган инсон қўқонлик Пўлатжон Қаюмов эди. Пўлатжон домла ниҳоятда маърифатли, адабиётни севган киши бўлиб, завод қошида “Янги ҳаёт” номли мактаб очган ва унда ўзи дарс берарди. Маҳалласидаги Мўйдинжон исмли бола билан бирга юрган ёш Усмонни кўрган домла уни ҳам ўз мактабига таклиф қилади. Пўлатжон домланинг яна бир фазилати унинг “бўладиган болани”ни кўра билиши бўлган. Кейин икки етим – Мўйдинжон ва Усмонжон Пўлатжон домла ёрдами билан ётоғи бор мактаб “Дор ул-муаллим”да таҳсил кўра бошлайдилар. Бу илм даргоҳи Абдулла Қаҳҳор, Собир Абдулла, Жавдат Абдулла, Ҳасан Пўлат сингари шоир ва адибларни ва бир қанча илм-фан ҳамда санъат намояндаларини вояга етказганлиги билан тарихда ном қозонган.
Қўқондаги бу интарнатда асосан етим болалар таълим олар ва у ўзида энг илғор зиёлиларни жамлаган бўлиб, Қори Ниёзий, Пўлатжон Қаюмов, Субҳий афанди, Абдулла Раҳмат сингари обрўли ўқитувчилар дарс берардилар. Дарслар замонавий руҳда юксак талаблар асосида ўтказилар ва интернат бағрида турли тўгараклар, шунингдек, “санои нафиса” тўгараги ҳам фаолият кўрсатар эди. Бу тўгарак машғулотларига Қўқон шоирлари таклиф этилар, улар билан ижодий учрашувлар уюштирилар эди. Ана шундай учрашувларда Ҳамза Ҳакимзодаа Ниёзий ҳам бир неча марта иштирок этган. Шундай учрашувларнинг бирида Усмон Носир дастлабки шеърларидан айрим намуналарни Ҳамзага ўқиб берган ва у ёш Усмондан келажакда катта шоир чиқишини башорат қилган.
Қизғин ижодий муҳит шаклланган мазкур интернат бағрида ўша йилларда Амин Умарий, Темур Фаттоҳ, Мадамин Даврон, Муҳсин Ҳамидов сингари шоирлар етишиб чиқди. Улар орасида Усмон Носирнинг номи интернатдаги “санойи нафиса” тўгарагининг турли клуб, мактаб ва муассасаларидаги концертлари орқали Қўқонга ёйилиб борди.
1927 йили “Янги йўл” журналида шоирнинг “Ҳа­қиқат қалами” номли илк шеъри эълон қилинди.
Усмон Носир истеъдоди табиатига тинмай изланиш, ёниш, мутолаага чанқоқлик хислатлари хос эди. У гўдаклигидаёқ онаси оғзидан эшитган халқ қўшиқларини, унинг мунгли оҳангларини юрагига жойлаб олган эди. Онаси ўқиб берган мумтоз шиорларнинг ғазаллари унда шарқ адабиётига нисбатан кучли ихлос уйғотди. У шеъриятда йил сайин эмас, ой сайин, ҳафта сайин ўсган эртакдаги паҳлавондек бўй кўрсата борди.Зеро, унга ижод иштиёқи, шеър ишқи бир дақиқа ҳам тинчлик бермас, ҳар дам оромини ўғирлар, бир умр ловуллаб ёнишга ундарди. Шоирнинг: “Саҳарлар қон тупурсам майли, мен – Мажнунман, шеърим, сен – Лайли !” деб айтганлиги чандон ростдир.
Айтиш мумкинки, Усмон Носир шеърлари 30-йилларнинг пешқадам шоирлари саналган, даврни юксак пафос билан куйлаган Ғафур Ғулом, Ойбек, Ҳамид Олимжон шеърларидан ўзгача эди. Зеро, у ҳаётни юраги орқали кўрар, юраги орқали ўзлаштирар эди.
Усмон Носир шеърларининг яна бир фазилати уларнинг самимиятга эшлигида кўринади. У ижоддаги дастлабки қадамларидан бошлаб, кўнглида нима туғён урган бўлса, шуни ёзишга, дилидан қандай фикр кечган бўлса, шуни қоғозга туширишга одатланди.

Кунларимни ёшлигимдан аямадим,
Менда ёшлик нокасликни ҳеч кўрмади.
Қиз севганда ҳўнгир-ҳўнгир қон йиғладим,
Гўё қалбим амр – измимни ҳеч сўрмади.

Бундай самимий сатрларни тўқиб чиқариш, ясаб-яратиш мумкинми? Улар юракнинг асл мевалари янглиғ ҳоври, атри, алангаси билан бирга туғилади. Усмон Носир юраги бамисли оташгоҳ эди, унинг ўтли сатрлари ўша оташгоҳдан тўкиларди.
Шоир “ўз юрагини тинмай таржима қилиш” (“Юрак”) даражасига фақатгина истеъдоди туфайлигина эришгани йўқ. Бундай чапдастликни, бундай бийронликни у муттасил изланишлар – беуйқу кечган тунлар, беором кечган дамлар эвазига қўлга киритди. Ёш шоир Қўқонда мактаб-интернатда, сўнг Москвада, кейин Самарқанд педакадемиясида таҳсил олган чоғларида жаҳон ва рус шеъриятини тинмай мутолаа қилди. Рус тилини мукаммал ўзлаштирди. Ҳомер, Петрарка, Пушкин, Лермонтов, Гейне, Есенин, Чаренц сингари шоирларнинг ижодини севиб ўрганди. Уларнинг ёрқин асарларини ёд олди ва худди ўз шеъридек давраларда ёниб ўқиди.
Усмо Носир давр нафаси уфуриб турган шеърларида ўз қалбининг овози мужассам бўлган янги лирик қаҳрамон сиймосини жонлантирди. Бу лирик қаҳрамон катта мақсадларни кўнглига туккан, дард билан яшашни, мардона шижоатни ўзига шиор қилиб олган фаол шахсдир. У ҳаёт машаққатларидан қўрқмайди Беғам яшашни – яшаш демайдиган танти қалб соҳибидир.

Бўронни севмаса дил нечун тепур?
Тириклик не керак бемеҳнат, беғам?

Чу, қора йўрғам!
Лирик қаҳрамоннинг яна бир ёрқин қирраси унинг бағрикенглигида, жўмардлигида кўзга ташланади. У қайғуларга кўмилиб юришликни ёқтирмайди. Шодликка интилади. Шодлик яратишни истайди.

Майли, кўнгил… майли, ўйнасин у,
Найларингни чалсин, таратсин.
Худди сендай қабул этмай қайғу,
Фақат шодлик… шодлик яратсин.

Шеър шундай бир кўзгуки, шоир қалбини туб-тубигача кўрсатиб туради. Шундан баъзи шоир шеърини ўқиганда унинг қалбида гина-маломат ва ид­дао тошларини кўргандек бўласиз. Бошқа бир шоирлар шеърида ҳаётдан норозилик, ранж-алам, зарда туйғулари уфуриб туради. Усмон Носир шеърларида эса ажиб бир ҳарорат, ажиб бир инсоний эркалик борки, ундан руҳингиз яйрайди, кўнглингиз баҳра олади ва бу эркалик шоирга нечоғли ярашиб турганлигини ич-ичингиздан эътироф ҳам этасиз. У лирик шеърларида ҳам, достонларида ҳам ўқувчини назардан қочирмайди, уни унутмайди, унга ажиб бир самимият ила бот-бот мурожаат қилади. Бу қалб изҳорлари кўпроқ унинг ўз ёзганларидан қониқмаслиги, юрак туйғуларини қалами муҳрлаб улгура олмаётганлиги ҳақида ва келгусида, албатта, гўзал асарлар битиб беришлигини ўз зиммасига олишлиги борасида бўлади. Жумладан, у “Нахшон” достонида қуйидагиларни битади.

Узурим бор сендан,
Ўқувчим, жиндак:
Орзуим бор битмак
Бир даста достон.
Ўлмасам мен уни
Ростлаб бераман!
Ҳали бу битиклар
Бир ҳавас холос.
Ҳали ҳавас билан
Гуллар тераман…

Лекин достондаги ўтли, юракнинг мусаффо маъволаридан отилиб чиққан қуйидаги сатрларни шунчаки ҳавасга битилган сатрлар деб бўладими?

Кўз тутдим,
Кўзларим нигорон бўлди,
А, дилбар
Симбарим, юзлари қирмиз,
Киприги кўксига соя солган қиз,
Кўз тутдим,
Юрагим тўла қон бўлди.
Шаббода боларидай
Гулзор узра шўх,
Ой фонарини ёқди қиз-оқшом.
Яша!
Сен келдинг севгилим, Нахшон,
Сув қизи – сувсарим,
Киприклари ўқ,
Сен келдинг,
Кўнглимга сув каби оқдинг,
Сен келдинг –
Руҳимда яшаш бошланди.
Севгидан кўзларим
Беҳол ёшланди,
Сен келдинг,
Шеъримга чечаклар тақдинг…

Бу достон шунчалар эрка овозга эгаки, дея ёзган эди Иброҳим Ғафуров, бамисоли булбул инсон тилига кириб ажиб қиссахонлик қилаётгандек.
1932 йили Усмон Носирнинг “Қуёш билан суҳбат”ва “Сафарбар сатрлар” номли шеърлар тўплами чоп этилди. Бу икки тўпламдан шоирнинг асосан даврни, янги замонни, меҳнат шукуҳини куйлаган шеърлари ўрин олганди. Ўша йиллар Чўлпон шеърлари қатағон этила бошлаган, ўзбек мумтоз шоирларининг кўпчилигига феодал давр куйчилари деган тамға босилган эди. Бу пайтда Уйғун шеърлари ўзининг майин лиризми билан ёшларни ўзига мафтун этганди. Усмон Носирга ҳам Уйғун лирикаси ижоднинг бирдан-бир қайнарбулоғи бўлиб туюлди ва ўз шеърларини у Уйғун шеърларидан чиққан оҳангларга мослашга уринди. Шунга кўра, Усмон Носир ўзининг “Сафарбар сатрлар” тўпламини Уйғунга бағишлаган эди.
Бу даврда пайдо бўлган ленинча-сталинча таълимотга кўра, ҳар бир шўро ёзувчисидан бадиий ижодга заводлар нафасини, қурилишлар суръатини олиб кириш талаб қилинарди. Ва шундай талаб жавоб берган ёзувчигина чинакам ёзувчи саналар, ана шундай ёзувчиларнинг асарларигина шўро адабиёти қиёфвсани белгилаши мумкин, деб ҳисобланарди.
30-йилларда шўро мавзуида асарлар ёзмаганлиги учун бошқа шоирлар сингари Чўлпонга ҳам, Фитратга ҳам кўп таъна тошлари отилган. Шунда кимдир, Фитратга мурожаат этиб, “Домла, шунча дакки эшитавермай, трактор ҳақида битта шеър ёзиб қўйсангиз асакангиз кетадими?” деганда Фитрат домла: “Эй доно йигит, мен ҳатто тракторнинг тариллаган овозидан қўрқаман-ку, қандоқ қилиб у ҳақда шеър ёзай?”, деб жавоб қилган экан.
Лекин Усмон Носир қалами ҳар қандай мавзуга жазм эта оладиган чапдаст, туғёнли қалам эди. Зотан унинг тракторга бағишланган шеърлари ҳам анчагина.У “Тракторобод” номли достон ёзишни ҳам ният қилган. Унинг “Кириш” қисмини ёзган. Унда шундай сатрлар бор.

Эркам –
Лирикам менинг –
Ювган,
Тараган,
Қараган юртнинг
Хизматин қилишлик
Вазифанг сенинг!

Усмон Носир қалами соҳир қалам эди. У ҳар қандай мавзуни куйламасин, унга жон кирита оларди. Жумладан, у оддий темир ҳақида ёзганда ҳам, албатта, диққат-эътиборини уни бунёд этган инсон қалбига қаратарди. Унинг юрагидаги туйғуларни қоғозга туширарди. Шу боисдан, у сиёсат талаб қиладиган мавзуларнигина куйлайдиган – коньюктр шоир бўлиб қол­мади. Ҳақиқий ижод моҳияти ҳамиша инсон юраги билан боғлиқ бўлиб қолишини англаш даражасига кўтарилди. У кейинги тўпламини ”Юрак” (1935) деб номлаганлиги балки шундан эди.
Шоирнинг ижодга бўлган чинакам фидойилиги, ёниб ёзиши, ҳаётга теран назар унинг қабидаги кечинмаларни миллат, юрт дардига айлантирди, уни миллат шоир даражасига қадар юксалтирди. Москвага, Ленинградга қилган сафарлари давомида бу туйғу унинг юрагида янада теран илдиз отди.
1929 – 30 йиллар Усмон Носир Москвадаги Кинематография давлат илмгоҳининг 1-курсида таҳсил кўради. Ўша пайтда у Москвада яшаётган Чўлпон билан яқиндан танишади ва бу учрашувдан кейин улар бир умрлик устоз ва шогирд бўлиб қоладилар.
Мазкур илмгоҳга Усмон Носир билан бирга синфдоши, ёш шоир Темур Фаттоҳ ҳам борган эди. Ёш Усмон бу ерда Москва адабий муҳитига яқинлашишга ҳаракат қилади, тез-тез Адибларнинг Марказий Уйи (ЦДЛ)га қатнайди ва у ерда таниқли шоир ва ёзувчилар билан танишади. Бироқ бир куни Владимир Маяковский билан бўлган учрашув унинг Москвадаги ҳаётига хотима ясайди. Қримтатар шоири Эмил Шерифнинг хотирлашича, ЦДЛ биносининг фойесида В. Маяковский плакатларининг кўргазмаси ташкил этилади. Эшреф Шамъизода, Усмон Носир ва татар шоири Муса Жалиллар кўргазмани ҳамда айни пайтда машҳур шоирни ҳам кўриш учун бу ерга келадилар. Маяковский қўлида таёқча тутган ҳолатда пайдо бўлади. У мағрур кўринишда, баланд бўйли, улкан қоматли эди. Маяковский келганларга кўз қирини ташлаб, ичкарига одимлайди. Усмон, Муса Жалил ва Эшреф Шамъизода унга салом беришади. У уларга совуққина нигоҳ ташлайди-да, ҳеч сўз айтмай ўтиб кетади. Бу Усмоннинг иззат-нафсига тегади. “Мен билмас эканман пролетар шоирининг шунчалар димоғдорлиги ва олифталигини!” дея қичқиради у. Вл. Маяковский ортига бурилиб, йўқликка тикилгандек, “Ким бу гўдаквачча!” дейди. “Мен ёш ўзбек шоириман!” – Усмон кескин жавоб қилади. “Ҳа, шунақа дегин?”- дейди Маяковский кибрли киноя билан ва ичкари кириб кетади. Усмон ўзини таҳқирланган ҳис этади. У шартта ортига бурилиб, ташқарига чиқади. Унинг ортидан дўстлари ҳам эргашади. Усмон кўчага чиқа солиб, Муса Жаллга қатъий оҳангда: “Мен бугуноқ уйимга қайтаман! Ҳали кўрамиз – қайси биримиз ҳақиқий шоир бўларканмиз – менми ёки уми… Энди мен Москвага фақат машҳур шоир бўлиб қайтаман!” – дейди. Шу оқшом поезд Қозон вокзалидан Усмон Носирни юртига – Қўқонга олиб жўнайди. Темур Фаттоҳ Москвада қолиб таҳсилини охиригача етказади.
1935-36 йиллар шоирнинг “Юрак” ва “Меҳрим” тўпламлари чоп этилди. У энди элнинг энг машҳур ва энг севимли шоирига айланган, унинг шеърлари оғиздан-оғизга кўчиб, асарлари қаҳрамонлари исми янги туғилган фарзандларга қўйиларди.
Шоир кўпдан кўнглига тугиб юрган эзгу ниятини айни шу йилларда рўёбга чиқарди: А. С. Пушкиннинг “Боғчасарой фонтани” ва М. Ю. Лермонтовнинг “Демон” поэмалари таржимасини тугатди.
“Боғчасарой фонтани” билан қизиқ воқеа содир бўлган. Камина уни устоз Шуҳрат оғзидан эшитганман. Нашриётга топширилган қўлёзма тўсатдан йўқолиб қолади. Баъзиларнинг айтишича, шоир паришонхотирлиги туфайли уни трамвайда қолдириб кетган. Бошқалар уни нашриётнинг ўзида йўқолган ҳам дейишади. Қўлёзмани шоирдан сўраб олиш учун нашриёт ходимларининг қаттиқ боши қотади. Охири унга мурожаат қилишга мажбур бўлишади. Шоир матн кўчирувчи беришларини сўрайди. Сўнг бир-икки соат мобайнида хонанинг у бошидан-бу бошига папирос чеккан ҳолда юриб, матн кўчирувчига таржимани бошдан-охир ёддан айтиб туради.
1937 йили Москвада ўзбек адабиёти ва санъати декадаси бўлиб ўтди. Унда қатнашганлар орасида Усмон Носир ҳам бор эди. Декада якунлангач, бир гуруҳ адиблар А. С. Пушкин вафоти 100-йиллиги муносабати билан чақирилган Пленумда қатнашиш учун пойтахтда қоладилар. Пленум ЦДЛнинг мажлислар залида ўтади. Унда шоир А. И. Безименский кириш нутқини сўзлайди. У Пушкин ижоди борасида гапираркан, унинг таржимонлик фаолияти тўғрисида алоҳида тўхталади. Мисол тариқасида у Александр Сергеевичнинг Гётедан қилган таржимасини ўқиб беради. Залнинг охирида ўтирган Усмон Носир ўзининг бетакаллуфлигига узр сўраган ҳолда: “Сиз Гётенинг эмас, Шиллернинг сатрларини ўқидингиз”, дейди. Безименский Усмонни минбарга таклиф қилади. “Ўзингизни таништиринг”, – дейди Безименский. “Мен ўзбек шоири Усмон Носирман”, – дейди у баланд овозда, худди ҳисоб бераётгандек. “Сиз аминмисиз менинг хато қилганимга? Қолаверса, сиз Шиллернинг ушбу асарини ўқиганмисиз?” – сўрайди Безименский. “Ҳа, – жавоб қилади Усмон, – мен на фақат ўқиганман, уни ёддан ҳам биламан”. Ва Усмон худди актёрга ўхшаб, шеърни ўқий бошлайди. Зал қотиб қолади. Усмон шеърни ўқиб бўлганида борлиқни гулдурос қарсаклар босиб кетади. Безименский Усмонни қучиб, ҳаяжон билан дейди: “Мана, бизнинг бугунги замонавий Шарқ!” Эртаси куни “Литературная газета” Усмон ҳақида “Шарқда Пушкин пайдо бўлди”, деб ёзади. Унинг шеърлари рус тилига таржима қилиниб, эълон этила бошлайди. Энди Усмон на фақат Ўзбекистонда, балки бутун Шўролар Иттифоқида эътироф этилган шоирга айланганди.
Шоирнинг довруғи ортиб, у илҳом ва ижод наҳ­рининг туғёнли мавжларида масрур қулоч отарди. У турли минбарларда шеърлар ўқир ва бу шеърлар дарҳол кўнгилларнинг мулкига айланарди.
1937 йилнинг 27 январида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Усмон Носир тсваллудининг 25 йиллиги, ижодининг 10 йиллигини катта тантана билан нишонлади. Унда Ўзбекистон Компартияси биринчи котиби Акмал Икромов иштирок этиб, уни “ўзбек шеъриятининг ёрқин юлдузи”, “ўзбек Лермонтови” деб таърифлйди. Анжуманда шоир ижоди ҳақида Уйғун оташин нутқ қилди. Адабиётимиз тарихида ёш шоир ижодининг 10 йиллиги илк бор ва атиги бир марта нишонланган. Бу ҳассос шоир Усмон Носир эди.
Асл шеър шоир юрагида ўзининг оҳанги-ифодаси билан туғилади. Ана шу ифор-оҳангни ўқувчи қалбига тўла-тўкис етказиб бера олиш ҳам шоирдан алоҳида истеъдод ва санъат талаб қилади. Усмон Носир бу борада ҳам бетакрор эди. Зеро, унинг шеър ўқиш санъати ҳам алоҳида эътирофга моликдир. Адиб Туроб Тўла “Усмон Носир шеър ўқиганда атрофни мусиқа босиб кетарди, назаримда”, деса, шоир ҳамшаҳри, кинооператор Азиз Раҳмонов уни шундай эслайди: “Усмон Носирнинг кўзлари чарақлаган, овози ниҳоятда ўткир эди. У шеърни шундай қойилмақом ўқирдики, унга мафтун бўлмасликни, унинг сеҳрига асир бўлмасликнинг иложи йўқ эди. На у ҳаёт даврида, на ҳозирги пайтда ўз шеърини Усмон Носирчалик таъсирли ўқиган ё ўқий оладиган шоирни кўрганим йўқ”.
Мухлисларнинг олқиши, эл ичидаги машҳурлик ҳар қандай шоир қалбини сафога ва сурурга тўлдириши табиий. Айниқса, у ёш бўлса, бундай довруғ, шон-шуҳрат унинг бошини айлантириши, масту мустағриқ қилиши ҳам мумкин. Усмон Носир шон-шуҳратнинг авж нуқтасига кўтарилиб, унинг нашъу-намосини сурган вақтлар борасида шундай гап юради. Бу воқеани унинг дўсти, кейинчалик машҳур сўз устаси бўлиб танилган Муҳсин Ҳамидов қуйидагича хотирлайди: “Демон” учун қалам ҳақи чиққан куни Усмонжон дўст-ёрларини жамлаб, “Национал”га келди. Эшикбон шоирга иззат-икром билан эшик очиб, таниш дастёр – официант аёл унга залнинг энг ёруғ ва ойнаси кўчага қараган томонидан жой ҳозирлади. У бошқа шаҳарларда кўрган эканми, келиб ўтирди-ю, директорни сўратди. Шериклари “нима қилмоқчи экан?” деб ҳайрон бўлишди. Аммо у директор келиши билан “Мен шоир Усмон Носирман, Ресторан ёпилсин!” деб фармойиш берди. Директор тамадди қилаётган шинавандаларга қараб: “Бугун сизнинг овқатланишингизу кайф-сафонгиз бепул. Сизни шоир Усмон Носир меҳмон қилади!” – деб эълон қилди… Ҳамма ўтирганларнинг чеҳрасига нур ёйилиб кетди.
Дастурхонга газак ва ичимликлар келтирилгач, Усмон биллур қадаҳга май қуйиб, зал ўртасига борди-да, “Демон”дан ўқий кетди. У гоҳ рус, гоҳ ўзбек тилида ўқир экан, бир гўзал аёл ўтирган дастурхон ёнига келиб давом этди:

Энг биринчи тўккан ёшимни
Қабул айла, ол, гўзал, буни.
Ёрит умрим саодатини…

Шоир аёл қадаҳига қадаҳии яқинлаштирганда кимдир қарсак чалди. Одоб юзасидан аёлнинг эркак ҳамроҳи ҳам қўшилди. Усмонжон бир-икки қадам юриб, яна ўқиди:

Қулоқ солгил оҳу зоримга:
Биргина сўз билан мени сен
Яна кўкка қайтораласан,
Эй паризод, қизған ҳолимга;
Ишқнинг эзгу либосин кийиб,
Ёвузликдан ўзимни тийиб,
У даргоҳда порлоқ нур каби,
Янги малак, ёш бир ҳур каби
Қайта яшар эдим мен у чоғ,
Раҳминг келсин аҳволимга боқ…

Энди зал ҳақиқий шоир билан учрашганини сезган эди. Ҳамма бутун вужуди қулоқ бўлиб эшитди:

…Сенсиз нима бу абадият?
Сенсиз нима менга мулк, ният?
Қуруқ сўздир, тутмас асодир,
Худоси йўқ кенг калисодир.

Қарсак ва олқишлар билан қарши олинган бу сатрлардан кейин ҳар ким шоир билан қадаҳ чў­қиштиришни ўзига шараф билиб, унинг қошига ошиқди; шоирга бахт-саодат ва илҳом тилаб, унинг соғ­лиги учун қадаҳ кўтарди”.
Бироқ, кўп ўтмай машъум тақдир ўзининг қора саҳифаларини варақлай бошлади. Шоирнинг илҳом сурури, ижод нашъу-намоси поёнига етиб борарди. Усмон Носир эсланган даврада устозлардан бири бу борада гапириб, шоирнинг 25 ёшлик юбилейи ва унда айтилган мақтовлар туфайли унга “кўз теккан”, деганди. Балки бу гапда ҳам жон бордир. Лекин, аслида, бу ўша мудҳиш замон дучор қилиши муқаррар бўлган қора қисмат эди.
Элнинг кўплаб асл фарзандлари қамоқларга ташланганига, халқ ҳаётининг баттар оғирлашиб кетганига қарамай, Коииунистик партия марказқўми ташаббуси билан халқлар отаси – доҳий Сталинни улуғлаш , уни илоҳийлаштириш авж олиб борди. Бу ҳол, айниқса, 37-йилда ўзининг юқори чўққисига кўтарилди. Ҳали Москва таассуротларининг тафти сўнмай туриб, Файзулла Хўжаевнинг “аксилинқилобий” таъсири доирасида бўлган кишиларни аниқлаш ва фош этиш ишлари бошланиб кетди.
Кейинги авлодга мансуб, адабиёт тарихидан бе­хабар айримлар, Усмон Носирнинг қамалишига аосий сабаблардан бири унинг Сталинни мадҳ этмаганлигидир, дейдилар. Бу – нотўғри гап.Усмон Носир ҳам доҳийга ишонган, уни Ҳамид Олимжон сингари кўкларга кўтарган. Шунга қарамасдан, юқорида айтганимиздек, Ф. Хўжаевнинг “аксилинқилобий ҳаракати” таъсирида бўлган одамларга ташланган қармоққа биринчилардан бўлиб Усмон Носир ҳам илинди. Ва шошилинч суръатда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Усмон Носир ижодини ўрганиш комиссияси тузилди. 12 июль куни Уюшма ҳайъати йиғилишида “Усмон Носир иши” кўрилди.
Бу йиғилиш ўтаётган анжуманхонада яқиндагина унинг 25 йиллик юбилейи нишонланганди. Ўша куни Усмон Носирдан зўр шоир йўқ эди. Уни таъриф ва тавсиф қилиш учун нотиқлар ўз сўзхоналаридан “теша тегмаган” сўзларни қидириб топишга, уни улкан шоир сифатида таърифлашга интилган эдилар. Энди эса…
Ушбу йиғилиш ҳақида “Қизил Ўзбекистон” рўзномасида ёзилган ҳисобот-хабарда шундай дейилади: “Музокарада сўзлаган Қурбон Берегин, Ҳамид Олимжон, Ойдин, Круковский ва бошқа ўртоқларУсмон Носирни Совет ҳукуматига, большевиклар партиясига ашаддий душман сифатида курашиб келган бир туркум халқ душманлари билан қўл ушлашиб, улар билан базм ва мажлислар қилиб, рус пролетариатига қарши иғвогарлик юргизганини айтиб бердилар…”
Ҳисобот-хабарда яна шуларни ўқиш мумкин: “…Шоирнинг “Меҳрим” номи билан чиқарилган кейинги шеър тўплами бошдан-охиригача пессизм руҳи билан тўлган.Усмон Носир ўзи ҳам бу шеърлар тўпламини совет ёшлари миясини заҳарлаб турганига ва уни мафкура жиҳатидан бузуқ шеърлар билан атайин тўлдирганига иқрор бўлди…”
Ўша давр одамларидан етиб келган гапларга кўра, ушбу йиғилишда шоирнинг кўп шеърлари устида алоҳида тўхталиб, ҳар бири ғоявий нуқтаи назардан “чуқур таҳлил” қилинган. Қанчалик тўғри – билмайман, мана шундай ёндашув шоирнинг “Яна шеъримга” шеъри устида ҳам бўлган дейишади. Жумладан, унда:
Яна, шеърим, ўзинг яхшисан,
Боққа кирсанг гуллар шарманда…
мисралари тилга олиниб, “шоир совет гулларини ҳақорат қилди”, дейишгача боришган.”Манзилим йироқдир – уфқдан нари…” сатрини муҳокама қилишиб, “шоир бу сатрида мақсади – океан орти эканлигини айтмоқда”, дейишган. Муҳокамадаги гаплар ҳар қанча алмойи-алжойи бўлмасин, уларнинг шу тақлид кечганлигига ишонмасликнинг иложи йўқ. Шўролар салтанати мафкуравий тарозусидан бундан ортиқ “кароматни” кутиб ҳам бўлмасди. Бу фаҳмсиз тамойил салтанатнинг охирги кунлари қадар давом этмадими, ахир!
Шу ўринда ўтган асрнинг 70-йилларида Фарғона вилояти партия қўмитаси йиғилишида бўлиб ўтган латифанамо воқеа ёдга тушади. Ўша даврда вилоят газетасида қашқадарёлик бир ёш шоирнинг “Она тилим” номли шеъри босилади. Бу шеър вилоят партия қўмитаси мажлисида қораланади. Дарғазаб раҳбарга, бу мавзуда Расул Ҳамзатов ҳам ёзган, дея луқма ташлайди кимдир. “Олиб келинглар, у шоирни ҳам келгуси бюро йиғилишида муҳокама қиламиз!”, дейди жаҳл отидан тушмаган котиб.
Дўппи олиб кел деса, бош олиб келадиган “дастёрлар” бугунги кунда топилмайди дейсизми! Яхшиям, энди уларга ишимиз тушмайди… Тушмасин ҳам ҳеч!
Усмон Носир муҳокамада бу қадар инсофсизлик бўлади, ўзининг кўзи олдида туҳмат тошлари ёғдирилади деб ўйламаган эди. Ҳаммадан ҳам унга ёлғизланиб қолгани, уни бирор кимса ҳимоя қилмагани алам қилди. Уни Ёзувчилар уюшмаси сафидан ўчи­ришди.
У йиғилишдан чиқаркан, қаерга боришни, ғовлаб кетган бошини қаерга уришни билмай, гандираклаган ҳолда йўлга тушди.
Эртаси куни – 1937 йил 13 июлда шоир ҳибсга олинди.
1937 йил бошларида шўро матбуоти ва радиосида троцкийчиларнинг катта бир гуруҳи фош этилиб, тарих ҳукмига ҳавола қилингани ҳақида бонг урилди. Троцкийчиларнинг разиллиги ҳақидаги “ҳақиқатлар” шўро халқига мунтазам равишда сингдириб борилди. 28 январда эса суд жараёни бошланди. Шўро мафкурасида қабул қилиган одатга кўра, на фақат марказий, балки маҳаллий нашрлар ҳам суд кунларида халқнинг аксилинқилобий унсурларга бўлган муносабатларини ифодаловчи “нафратнома”ларни эълон қилиб туриши лозим эди.
Ўша кунлари “Қизил Ўзбекистон” рўзномаси таҳририяти ҳам бу сиёсий компанияда қатнашиш истагида Усмон Носирга мурожаат қилиб, троцкийчиларни лаънатловчи шеър билан чиқишини таклиф этади. Шоир бу таклифни қабул қилиб, “Ғазаб” деб номланган шеър ёзиб беради. У шундай сатрлар билан тугаганди:
 Ўлим сенга, душман! Ўлим сенга, ёв!
 Сўрайман, ўртоқ Суд, кесинг беаёв!
Бироқ орадан бир-икки ой ўтмай, А. Қодирий, Фитрат, Чўлпон ва Усмон Носирнинг ўзи ва яна кўплаб зиёлилар ҳибсга олиниб, уларга “халқ душмани” тамғаси босилди. Совет халқи деб аталган оломон ишлаб чиқариш корхоналари, ижодий ташкилотлар ва ўқув юртларида бўлиб ўтган йиғилишларда уларга энг олий жазони талаб қилади. Не тонгки, ана шундай йиғилишларда Усмон Носирнинг “Ўлим сенга, душман! Ўлим сенга, ёв! Сўрайман, ўртоқ Суд, кесинг беаёв!” сатрларини халқ аталмиш оломон унинг ўзига қарши ишлатди.
Шўро салтанатининг қаҳри ўз “душман”ларига нисбатан ўта бешафқат ва беаёв эди. Кечагина юрт ардоғида бўлган шоир унинг қоронғи камераларида дўзах азобидан баттар қийноғу уқубатларга дуч келди.
Усмон Носир бутун ҳаёти ва ижодини, айниқса унинг ҳибсда кечган азобли умри тафсилотларини имкони борича тиклашга ҳаракат қилган профессор Наим Каримов, Усмон Носирнинг Кемерово Ички ишлар бошқармасида очилган “жиноий иши” аслида 12 минг 192 варақдан иборат бўлганлиги, бироқ, афсуски, ҳозир шундай катта ҳажмдаги ишнинг ўндан бир қисми ҳам сақланмаганлигини айтади.* (Н. Каримов. Усмон Носирнинг сўнгги кунлари “Шарқ” нашриёти. 1994.) “Иш”даги саҳифалар шўролар Ўзбекистонидаги манфаатдор идоралар ва шахслар томонидан обдон ўрганилиб, номатлуб туюлган ҳужжатларнинг ҳаммаси куйдириб ташланган.
Усмон Носир ўзиниг ҳақлигига ишонганлиги учун ваҳшийлашган терговчилар олдида асло довдирамади, асло тиззаси қалтирамади Аксинча, маҳбуслар орасида у энг ўжари, ўз айтганида- деганида турадигани, уронғичлар билан ҳам баб-баравар олишадигани эди. Шунинг учун шоирдан тегишли маълумотни ололмаган чекистлар унга кўпроқ азоб бердилар. Унинг қўлларини қайирдилар, тирноқлари орасига бигиз тиқдилар, уриб тишларини синдирдилар. У бундай ваҳшийликка жавобан жаллодларни ҳам, уларнинг худоси Сталинни ҳам тинмай сўкди. Ўз навбатида ундан сўкиш ва ҳақоратлар эшитган, бир-икки мушт ҳам еб қолган назоратчи ва уронғичлар баттар ўчакишиб, янгидан-янги қийноқ ва ҳақорат усулларини ўйлаб топдилар.
Усмон Носирнинг бераҳмларга нисбатан муштдан ташқари бошқа қуроли ҳам бор эди. Туғма шоир ҳатто ўша даҳшатли шароитда ҳам ўз руҳий кечинмаларини ифодаловчи бадиҳа шеърлар тўқирди. Бироқ, ИИХК маҳбусхонаси Ленинга том-том китоблар ёзиш имконини берган чоризмнинг авахтаси эмасди. Бунда шоирга на қалам, на қоғоз берганлар. Шунга қарамай, у баъзан қоғоз парчаларини топиш иложини қилган, қалам ҳам, қоғоз ҳам топилмаганда маҳбусхона деворларига қандайдир топиб олгани кўмир ёки кесак билан шеърлар ёзган.
Шоирнинг бу қадар шеърга чанқоқлигини, ёзишга ташналигини ҳамма ҳам тушунармикин? Ушбу лавҳани ўқиганлар орасида, шоир шу аҳволда шеър ҳақида ўйлаши, шеър ёзиши шартмиди, дейдиганлар ҳам топилади. Ундайларга бу борада балки иддао қилиб бўлмас. Улар олов моҳияти ёнмоқ эканлигини, Усион Носир эса олов бўлганлигини идрок этмасалар, не чора! Бир шоир дўстим бундан бир неча йиллар аввал “мен энди шеър ёзмайман”, деганди. “Нега?” сўрадим мен таажжубланиб. “Чунки шеърга қалам ҳақи тўланмай қўйди”, – деди у хотиржам. Менга унинг бу жавоби “шоир” деган номга ҳақоратдек эшитилди. У ҳақиқий шоир эмас-ку, деб юпатгандим мен ўзимни ўшанда. Юрагида олов ловуллаб турмаган одамни “Шоир” деб аташ мумкинми!
Наим Каримов “Усмон Носирнинг сўнгги кунлари” рисоласида Насрулла Даврондан эшитган шоирнинг қамоқда битилган “Тутқун булбулча” шеъри тарихини келтиради: “1943 йилнинг 23 мартида фронтга кетиш олдидан Тошкентда Самарқанд Давлат университети раҳбарларидан бири Шариф Иброҳимовни учратиб қолдим. У ҳам 1937 йилнинг июнь ойида Самарқанддан Тошкентга олиб келинган экан. Ш. Иброҳимов менга ноҳақ ҳукм билан 5 йил қамоқда ўтирганлиги, ўша даврда Абдулла Қолирий, Усмон Носирлар билан бирга бўлганлигини сўзлаб, гапининг охирида Усмон Носирнинг қамоқхона деворига “Тутқут булбулча” шеърини ёзиб қўйганлигини ҳикоя қилиб берди.
Мен унинг сўзларини тинглаб, ундан “бу шеър мазмунини ҳикоя қилиб бера оласизми?” десам, У: “Усмоннинг шеъри на фақат менга, биз билан бирга бўлганларга ҳам ёд бўлиб кетган эди” деб, уни ёддан айтиб берган. Мана, ўша шеър тўлалигича:

 ТУТҚУН БУЛБУЛЧА

 Ҳозир сенинг қанотинг боғлиқ,
 Юрагинг доғлик.
 Эшитилмас сайрашинг халққа,
 Сен кезган боғлар ҳам бўм-бўш,
 Йўқ унда хониш,
 Эшиклари қулфлидир… ҳалқа.

 Амин бўл, ечилур боғли қанотинг,
 “Булбул”-ку отинг,
 Хизматни эл учун айлаган зотинг.
 Қўшиғинг мавж урсин тинмасин тилда!
 Барибир тингланур давр келиб элда!

 О, Ватан булбули, гуллар ошиғи,
 Вафоли булбул,
 Қўнасан такроран ғунча-тахтингга,
 Соғ ва бардам бўл!”

О, Агар Усмон Носирнинг Тошкент маҳ­бус­хо­на­ларида ва Русия лагерларида ёзган шеърлари омон сақланиб қолганидами, шак-шубҳасиз, дўсти Муса Жалилнинг “Моабит дафтари”дан неча баравар катта ва инсониятни ларзага солувчи китобга айланарди!
Усмон Носир ҳавосиз камераларда ҳам барча азоб ва уқубатни, сотқинлик ва разолат, ҳақорат ва очликни унутиб, ўзини шеърият водийсида олтин ёлли тулпор устида ҳис этди. Зеро, у илоҳий кучнинг хоҳиши ва муруввати билан дунёга келган шоир эди.
Авахта хоналаридаги жоҳил назоратчиларнинг, бағритош терговчиларнинг нозик жуссали, нимжон бир шоирга қилган зуғумлари, унинг асабини ўйнатишлари ва уларнинг бунга яна ўчакишиб, бутун бадани моматалоқ бўлгунича уни калтаклашлари, ҳуда-беҳудага музхонага ташлашлари ҳар қандай иродани синдириши, ҳар қандай соғ танни хаста вужудга айлантириши ҳеч гап эмасди. Бундай адоқсиз руҳий ва жисмоний азоблар Усмон Носирда на фақат оғир асоратлар қолдирди, балки унда савдойилик аломатларини ҳам зоҳир эта бошлади.
Златоуст маҳбусхонасида Усмон Носир билан бир камерада бўлган Ўзбекистон комсомоли марказқўмида хизмат қилган В. Розенфельд шундай хотирлайди: “ Мен уни шу ерга келиб кўрдим. У телба бир ҳолатда бўлиб, ҳеч ким билан гаплашмасди. Уззу кун каравотда ўтиргани-ўтирган эди. Пулига маҳбусхона буфетидан конфет сотиб олиб, шахмат доналарини ясар ва ўзи билан ўзи қош қорайгунга қадар шахмат ўйнар эди. Ким уни чақирса ё у билан гаплашмоқчи бўлса, бу одам назоратчи ё маҳбус бўладими, у: “Йўқолларинг, фашистлар!” деб жеркиб ташларди.”
Шоирнинг мактабдош дўсти, у билан лагерларда бирга бўлган Иброҳим Назирийнинг айтишича, Усмон Носир Шимолнинг қаттиқ аёзларда соғлигини йўқотиб, қўл-оёқларини совуққа олдирган, тирсак суяклари тарашага айланган гўштни тешиб чиққан. Маҳбуслар ишдан қайтганларида уни стол устига ётқизиб қўйганлар ва у ётган ҳолида шеърлар ўқиган.
Ушбу сатрларни ёзар эканман, дафъатан мажруҳ шоир кўз ўнгимда хаста овоз билан шеър ўқиётган қиёфада намоён бўлди. Қаламим тўхтаб қолди. Яқинда кўнглимдан кечган кечинмалар учун ўзимга ўзим ниҳоятда бадбин туюлиб кетдим. Яқинда, кеч куз оқшомларидан бирида далаҳовлимда ўтириб ўзимни илкис ғариб, хоксор-афтода ҳис этган эдим. Бағрим алланечук ҳувилларди. Ҳайҳотдек ҳовлида бир ўзим қолиб, руҳимни ёлғизлик чулғаб олганди. Болаларимнинг ҳаммаси ўз-ўзидан ортмайди, шаҳардаги юмушларида банд. Ҳовлига чиқишга кўнгиллари чопавермайди ҳам. Мен ким учун қурдим шунча хонани! Белим букчайиб, пешона терим билан ким учун бунёд этдим бу ҳовлини! Бундан ҳам ортиқ кўргулик борми бир инсон учун!.. Ўша оқшом кўнглимда мана шундай туйғулар кечган эди! Кўз ўнгимда пайдо бўлиб, рўпарамда яйдоқ стол устида ётганча инграб шеър ўқиётган Усмон Носир олдида ер ёрилмади – ерга кириб кетмагандек бўлдим! “Шу ҳам ҳасрат, шу ҳам қайғуми?!” – дея бадбин кечинмаларимдан мулзам бўлиб, ер чиздим. Ва айни чоғда мана шу муқояса руҳимга муҳрланиб қолди. Зотан, менинг ишим юришмай ёки мураккаб, нажотсиз вазиятларда қолиб, кўнглим чўккан лаҳзалардагидан юз чандон, минг чандон оғир эмасми эди! Усмон Носир чеккан изтироблар?! Шу боис, ҳар қандай жафога, ҳар қандай синовга тик боқиб, сабр ва чидам жиз эмасми мендек бир озод банда учун?!
Шоир уч йил давомида неча-неча маҳ­бус­хо­наларни кўрмасин, қанча-қанча аризалар ёзмасин, унинг овози, дарди, ҳақиқатни баён қилиш истаги бу маҳбусхоналарнинг темир эшигини тешиб чиқолмади. Аммо шунга қарамай, йиллар ўтса ҳамки, ич-ичида шоирнинг Сталинга хат ёзиш илинжи, ўз бошига тушган кулфатлардан уни хабардор қилиш умиди сўнмади.
Агар гап фақат унинг ўз жонини сақлаш устида борганидайди, у бунчалар куйиб-ёнмаган, ҳалак бўлмаган бўларди.Жонидан кечиб қўя қоларди! Лекин ҳамма гап юрагидаги истеъдоднинг жувонмарг бўлиб кетаётганида эди! Шу боисдан ҳам у ҳар гал орзулар чечагини очувчи, муаттар бўйлари билан вужудини сарҳуш этувчи ана шу истеъдод олдида ўзини қарздор туюб, ҳар неки нарсага тайёр эди.
Ниҳоят шоирнинг азалий орзуси ушалиб, унга “улуғ доҳий”га хат ёзиши имкони берилди.
Бу хатда шундай сатрлар бор эди: “… Маҳбусликда кечирганим уч йил ичида ҳар қандай қийинчиликларга қарамай, мен битта шеърий роман, учта пьеса, қатор шеърлар ёздим.

Мен ижодий кучларга тўлган навқирон йигитман.
Мен халқ душманлирининг туҳматига қолдим.

Мен ҳаётга қайтишим, Улуғ Ватанимнинг тў­ла­қонли граждани бўлишим керак!
 Мен Сиздан ёрдам сўрайман.
1940 й. 20 август.
 
 Муддатни ўташ жойимнинг адреси:
 Хабаровск ўлкаси, Магадан ш. “
 
АммоУсмон Носирнинг ҳақиқат ва адолат йў­лидаги умидлари бу гал ҳал ҳам сароб бўлиб чиқди. Давом этган азоблар руҳиятини яна ерпарчин қилди. Ниҳоясиз зуғуму қийноқлар уни савдойи бўлиш даражасига олиб келди. Магаданда Усмон Носир билан бирга бўлган, ҳамиша уни укасидек кўриб, имкон бўлди деганда – йўқлаб турган Тожихон Шодиева хотирасида шундай мудҳиш лавҳа бор: “Усмоннинг аҳволи ёмонлашиб қолганини эшитиб, хабар олгани бордим. Борсам, Усмонни очиқ ерда, ёмғир остида устунга боғлаб қўйишган экан. У осмонга қараб турар ва нималарнидир гапирарди Унинг гапларини тушуна олмадим. У мени танимади ва гапларимга қулоқ ҳам солмади. У бутунлай савдойи бўлиб қолган эди. Мен лагерга йиғлаб қайтиб келдим…”
Қосимжон Ҳошимов исм-шарифли собиқ маҳбус эса бир сафар руҳий хасталиги қўзиган Усмон Носирни темир панжара ичига ташланганининг гувоҳи бўлган. Шу пайтда тепадан шовиллаб ёғиб турган ёмғир унинг боши, юзларини ювиб, пастга оқарди. Лагерь навбатчиси ана шундай йўл билан маҳбусни “ҳовури”дан туширган.
Шоирнинг бундай аҳволга тушганлиги, ундаги руҳий хасталикнинг жунбиши асосан унинг Сталинга ёзган хати нинг жавобсиз қолаётганидан эди. Хуруж қилувчи хасталик ўтиб кетиши билан у яна ўзига келар, ижодий қобилиятини тиклар, шеърлар ёзарди.
Усмон Носир 1941 йил охирларида Магадандан Мариинскка келтирилади. Кемерово ҳудудидаги Мариинск – “қизил салтанат”нинг тиконли симлар билан ўралган лагерь-шаҳри эди. Шаҳар тўрт томондан ботқоқлик ва тайга ўрмонлари билан иҳоталанганди. Шоирнинг аҳволи ниҳоятда оғирлашганди, У қолган умрини касалхонада ўтказди. Ва, ниҳоят, бу дунёга сиғмаган бахтсиз шоирнинг умр шами сўнди. 1944 йилнинг 9 марти куни унинг юраги уришдан тўхтади.У дунёга булбул бўлиб келган эди, бироқ қора зулм, қора туҳмат, қора ҳасаднинг чангалида бевақт ўлим топди.
Юрт пешонасида Эрк, Истиқлол нурлари порлашини орзу қилган Абдулла Қодирий, Чўлпон, Фитратлар сингари халқимизнинг беназир фарзандлари орасида Усмон Носир энг ёши эди. У йигирма беш ёшида қамоққа ташланиб, эркидан айрилди. Унинг истеъдодининг олтин гуллари ҳали очилиб улгурмаган эди! У ўзбек элининг тарихдаги армони бўлиб қолди.
Усмон Носир Ватанни, юртни севган, уни озод кўришни орзу қилган ва бу йўлда ўзини фидойи деб билган оташин шоир эди. Зеро, унинг “Юрак” номли шеъридаги :

 Итоат эт,
 Ватан сендан
 Агар рози эмас бўлса!
 Ёрил, чақмоққа айлан сен,
 Ёрил, майли, тамом ўлсам!

сатрлари шу бугунги хуррам, мунаввар кунлар ҳаққи битилган эмасми?
Усмон Носир мустақиллик йилларида яна ўзининг шарафли тахтига кўтарилди. Яна уни эл олқишлади, яна у ёшларнинг меҳр-муҳабатига мушарраф бўлди. Мангулик сари отланган шоир йўлидаги илк довонни босиб ўтди!
Ҳа, Усмон Носир мураккаб даврда яшади. Унинг замонасозлик руҳидаги, ўша давр мафкураси таъсирида яратгган шеърлари йўқ эмасди. Лекин унинг ўзбек шеърияти саҳифаларига муҳрланган бетакрор лирикаси, самовий туйғуларга йўғрилган янгроқ овози ҳам борки, у ҳамиша тоғнинг мусаффо жилғаларидек жаранглаб туражак! Ҳаммасидан ҳам шоирда безавол, навқирон руҳ мужассам эди. Бу руҳ адабиётимиз осмонида ёрқин юлдуз бўлиб, замонлар оша нур сочаверади!

 “Ёшлик” журнали, 2013 йил, 7-8-сон.