…Қўтир босган давр(ас)ининг энг авж ноталарига чулғонган Буюк Эш(Шак) эраси хуржунидаги ножинс аср карвонида туя эгиз туққан йили, ўша… қисир ондатра билан серпушт каламушни чатиштиришган (ва алал-оқибат темир тўнни ҳам кемириб ташлайдиган беҳисобу беҳижоб… хундору ёлдор… думсизу кўзсиз Ўлат Тўдаси сувайдо байроқлари остида фитрат нақоратининг тийнат садоларига ўранган кўйи қўзғолган) ой орасида, ўша… жабралари дақиқа аро идраб бораётган Эваз Балиғи ўмганидаги тойғончиқ туёқлари лаҳза сайин едирилиб келаётган Зерикиш Ҳўкизи мазахомуз самимият ювиндисидан тўйинган хўрлигу мукаррамлик билан сабил қолгур шохдор бошини мурсалона-мақтулона сарак-сарак қилган, ўша… фаришта тун қўйнидан бўшанган фоҳиша кун чеҳрасидаги ойдин-ойдин Беш Лаҳзанинг ҳарир-ҳарис ония қанотлари узра худди ЎЗденгизга қайтиш учун самога сафар қилган ўзтомчи сингари…
…бир пайтлар муқаддас меҳварини ўйнамай бой берган ватанларига ал-видо айта-айта Яра(ти)лмаган Макон излаб йўлга чиққан Аждарҳо Авлодлари бир муддат нафас ростлаб, сўнг Ибтидо Рамақининг интиҳо аввалида Бахт ва Бахтсизликнинг нимхира туманзори қўйнида Борлигу Йўқликнинг мангу муаллақ мувозанати елкасига ўрнатилган сағир тарози милини озгина ўнгга (эҳтимол, чапга) буриш умиди билан Ёввойи Чанг Рақсига эврилган, оқибатда эса истиғроқкуй авжида барча «арғамчи»нинг танқайган тумшуғидан тўкилган заҳар томчилари ўзагини куйдириб юборган Абадий Баҳоркелмастепа пойида ҳали яшашга улгурмай сочларига қиров инган Ўз мазмун чўққиси томон бору йўқ (бемаънию асосдор, изнли-ю исмсиз) Ўйин илгарисида ҳайрону хотиржам (собиту ҳадиквор) тикилган кўйи ёлқиб — чилпиниб — титраб ўтирардим.
Беш томонимни Ҳирс қўшинининг тама суворилари қамал қилган, Азалқоядан йўлга чиққан ЎЗбургут(им) бору йўқ мадор билан интилса-да, Абадчўққига етолмай толган, бинобарин, бу беҳуда дайдишнинг сабабу мақсадини топа олмай ҳайрондарада кезиб юрган, топилдиғу ютқизиғим қафасга ташланган йўлбарс нигоҳларида мангу муз қотган мунгга эврилган эди: исмимнинг уч ҳарфини яшаб бўлгандим.
Ҳали жангга кирмай туриб қўшини мағлуб бўлган саркарда руҳини қамрагувчи карахтлик йўсин тутунвор тўлқин сочимдан товоним қадар оҳиста ўрмаларкан, оломон оёғи остида эзилгач, офтобда идраб — бижғиб — айниб қолган ҳаққуш лошидай таркланган баданим жимлик кафанига ўранаркан, Умиддарахтнинг чириган илдизига болта урилгач… вақт чеҳрасини ҳали ажин(а) тишламай туриб ниятшохларни макон тутган истакқушлар оиласи Борлиғу Йўқликни ларзага сола-сола фарёд кўтариб қочқинлик карвонини тузаркан, энг сўнгги нам билан нафас олишга интилаётган япроқ каби исмимнинг охирги ҳарфини яшамоққа уринардим.
Ямоқлари ҳам йиртиғини беркита олмаган Мавжудлик чиқинди уфунотига булғанган, сулув-сулув кийиклар кўнглида йўлбарс орзуси билан ялтир жунли тўнғизлар қўйнига шошил(аёт)ган, ҳатто қақнус тухумидан ҳам палағдалик шалтоғига беланган каркас полапони кўз очган, тақиқ меваси ахлатга эврилган пайтдан халоскорликни бўйнига олган Якка Бўри уйғонгач… қопқон қисиб қолган оёғини ғажиб ташлаб… сўнг Борса Келмас водийси қаърига абадулабад улоқиб кетган, ҳайвон зоти борки, нишхўрт талашишдан… бир тери остида семириб озишдан… урчишдангина шодумон қийқираётган, булутлар булоқ томон… чашмалар абр сари интилаётган, рақам унутган олам азалдан буён айланажак Ягона Тасбеҳ Риштасини узмоққа жаҳдланган, қуёшнинг шаъмга ҳавасли ҳасади қўзиган, бир умр ўз қавмидан масхараю туртинишдан ўзга шимилтириқ ҳам кўрмаган Майна зардобтус кўлмак кунжагида БАРЧАга бир кийимлик қор илтижо этиб ибодат қилаётган… лаҳза… ЎЗдарахт(им)нинг ҳамма япроғи Мангу Тийрамоҳ қабри устига тўшалар, бинобарин қаҳратонда кўз очаётган ғунча сингари ўзуруғим учун ҳеч ниманинг аҳамияти қолмаганди. Ахир қачонлардир шубҳа, хавотир, исён мавжуд эди. Уларнинг ақлим гулханида сўна-сўна… тутай-тутай… гуриллаб-гуриллаб… ёнишига маҳлиё бўлардим: нимадир бордек эди. Аммо ўша… заҳардан ўзаги куйиб кетган Абадий Баҳоркелмастепа пойида исмимнинг охирги ҳарфини яшаш илинжига ўраниб пилпиллаб ўтирарканман, неча эрадан сўнг тағин ўша… Адашган Аёлғу ўзимни айтиб чақираётганини туйдим: кўзгу чилпарчин бўлди. Ў, бу овозни қанча кутганимни тасаввур қила оласизми?.. Шу садони деб икки дунё оралиғида қандай тентиганимни тушуна биласизми?.. Бу аёлғу кул — пўпанак — мох — зах — занг… босган ЎЗим тубида милод(и)дан буён сўниб бораётган ягона чўғ Эгаси эканлигини туя оласизми?.. Ахир… қачонлардир мен учун ҳам вақт, фарқ, дард… мавжуд эди: кемтикликдан Ўзимни қўярга на замон ва на макон топа билардим. Энди эса ҳеч нима йўқ. Фақат ўша йўқликдан мерос қолган соя, сўқир табассум, мўлтироқ нигоҳ…гина бор: йўлбарс нигоҳида муз қотган ўтмиш…
Мана, ҳозир ўрнимдан тураман-у, бир лаҳза ҳам кўз олдимдан нари жилмайдиган ўша йўлбарс қорачўғига муҳрланган мунгли кеча(м)ни… ўша ЎЗим тубида сўниб бораётган ягона чўғдан яралажак гулханда… ўша ҳеч қачон ҳеч қаерда ҳеч нимадан на хавотирланмай, на ҳаловатланмай, на афсусланмай йўнилган косов билан кавлаб-кавлаб ёқиб юбораман…
Ана, ҳали яшашга улгурмай сочларига қиров инган ЎЗмазмун чўққисидан беранг тутун ўрламоқда… Ана, беш томонимдан асир олиш мақсадида қамал қилиб келаётган Манфаат қўшини тўлғама тўрларини мен томон ташлаётир… Ана, қўлтиқларим орасида ис босиб ётган қанотлар мудҳиш парвоз умиди билан таранглашиб бораяпти…
…ва ўша Аждарҳо Авлодлари бир лаҳзагина нафас ростлагач… Кўклам талоқ берган мана шу етим Заҳартепа пойимда энаси чала туғиб улоқтирган мана шу иркит дунёга қўшиб… ҳали яшашга улгурмаган исмимнинг мана шу охирги ҳарфини худди илон пўст ташлагандек абадулабад унутиб… ЎЗмазмун чўққисини(дан) ўзимдан(ни) ажратиб турган табу туманзорига сингиб борарканман, тирикмидим ё ўлик… руҳ билан эдимми ёки тан билан… исмлимидим ёхуд исмсиз… — билолмадим.