Қутб орти ўлкасининг табиати ажойиб: қиш кунлари қор устига қор ёғади, аёз авж олган пайтда ташқарига чиққан кишининг мижжаларидаги нам музлаб, киприклар бир-бирига ёпишиб қолади, ҳатто шаршаралар ҳам тилсизланиб, шу ҳолича музлайди. Тушдан сўнг атрофга аста-секин туман тушиб, қутб туни борлиқни ўз бағрига олади.
Феврал ойининг сўнгги тунлари. Ҳаммаёқ оппоқ қор, қаҳратон совуқ авж олган. Уфқдан кўтарилган оқимтир-кўк, хиёл гунафша рангда товланувчи шимол шуълалари сомон йўлидаги юлдузларни бекитиб қўйди, улар бир-бирларини қувгандек шиддат билан жилвалана бошлади. Бу манзара осмоннинг гоҳ у бурчагида, гоҳ бу бурчагида такрорланар, камалак нусха ранглар бир-бири билан ҳусн талашаётганга ўхшар, сўнг кўкда кишини лол қолдирадиган ажиб гўзаллик намоён бўлар эди.
Кечки сайрга чиққан Баҳром дўстлари билан полк майдонида бу манзарани завқланиб кузатарди. Бир пайт Хачик Абрамян деган шўх йигит ёнида турган алоқачилар бўлимининг командири, катта сержант Спрингловни туртиб Баҳромга ишора қилди.
— Ҳой, Баҳром! Сен бу ерда тентакка ўхшаб, шимол шуъласидан кўзингни узолмай қолдинг. Ваҳоланки, Ўзбекистонинг ҳозир бундан ҳам гўзал бўлиб кетгандир, — деди Витя Спринглов кулимсираб.
— Э, нимасини айтасан, — деди Баҳром.— Яна беш-олти кундан кейин бизнинг қишлоқларга баҳор киради! Сен каллаварам кўкламда у ерлар қандай чиройли бўлишини бир кўрсанг эди!
Баҳром кўзларини юмганча қадрдон қишлоғини, баҳор пайтлари оппоқ-оппоқ гуллайдиган бодом-ўрикларни, лолақизғалдоқлардан лов-лов ёнадиган Жиззах даштларини, сочларига толпопук тақиб ялпиз терадиган қизалоқларни, чарақлаган юлдузлар ёғдусига кўмилган ойдин тунларни эслаб кетди.
Дўстлари Баҳромдан бу гапларни бир неча бор эшитган бўлсалар-да, доимо мароқ билан тинглашар, ўзларини ажиб бир хаёлий гулистонда кезиб юргандек ҳис қилишар эди. Баҳром тўлқинланиб ҳикоясини давом эттирар, атрофда оппоқ қор, унинг дилида эса баҳор қулф урарди.
— Баҳром, шартномани унутганинг йўқми? Хизмат тугаши билан қишлоғингга бирга кетамиз-а? Шунча мақтаган жойларингни бир кўрайлик-чи, — деди Спринглов.
— Йигитлар, мени ҳам олиб кетмайсизларми? Тўйиб кабоб ердик-да! — деб уҳ тортди аскарлар «Бўғирсоқ» деб атайдиган норғул Миша Гирфанов.
—Ҳей, қорнинг тешилсин, «Бўғирсоқ!» Овқатдан бошқа ҳам дардинг борми ўзи! — Спринглов телпаги билан Мишанинг елкасига бир туширди. «Бўғирсоқ» Спрингловга жавоб қайтариш ўрнига, телпакни ёнида иршайиб турган Хачикнинг юзига қараб отган эди, у чаққонлик билан калласини буриб қолди, телпак юзига сал тегиб ўтиши билан «Бўғирсоқ»ни маҳкам қучоқлаб, қорга йиқитди. «Қўймайсан, Хачик!» — деб хахолаб кулаётган Витяни Баҳром чаққонлик билан чалиб кўкрагидан итариб юборди. Йигитлар қийқирганча бир-бирлари билан олиша кетишди.
Улар яна бир неча ойдан сўнг бурчларини ўтаб, уйларига қайтишади, ҳар бири ўшанга неча кун қолганини санаб, ўтган кунларни ёнидаги календардан ўчириб қўяди. Баҳром ҳар тонг календарни қўлига олардию тотли хаёлларга чўмиб қоларди. У асли Жиззахнинг Равотлик қишлоғидан бўлиб, мактабни битиргач, механизаторлар курсида ўқиди. Сўнг чўлдаги «Пахтакор» совхозида механизатор бўлиб ишлади. Биринчи йили юз тоннадан ошириб пахта терди. Бўлим бошқарувчиси Йўлдош ака: «Янаги йил ўзингга янги «Ўзбекистон» машинасидан олиб бераман», деб ваъда қилган эди, лекин бу ваъда амалга ошмай қолди: кўкламда Баҳром ҳарбий хизматга чақирилди. Йўлдош ака Баҳром билан хайрлашаётиб: «Сени шу ерда кутамиз. Эсон-омон келсанг, битта «Ўзбекистон» сеники», деб қолган эди.
Баҳром шуларни ўйларкан, юраги энтикиб кетди. Кейинги пайтда уйдан, ўртоқларидан келаётган хатларни қайта-қайта ўқир, қишлоқдаги янгиликлар уни жуда қизиқтирар эди: ахир, икки йилда озмунча ўзгаришлар бўлмайдими? Ўртоқларидан бири ўз хатида Йўлдош аканинг янги совхозлардан бирига директор бўлиб тайинланганлигини ёзибди. Бу хабарни ўқиб Баҳром жуда қувонди, хизмат тугаши билан тўғри шу совхозга боришга аҳд қилиб қўйди.
У бўлинманинг механик-ҳайдовчиси эди Рота командири: «Сенинг ёнингда ҳатто қил-кўприкдан ўтаётганда ҳам қўрқмасдан ўтирса бўлади!», дерди. У машинасига қарашдан эринмас, ҳамма ишни завқ-шавқ билан пухта бажарарди. Лекин хизматнинг сўнгги ойлари назарида жуда секин ўтаётгандек… На илож, вақт тизгинини ҳеч кимга тутқазмайди! Шундай бўлса-да, кунлар кетидан тунлар ўтиб, май ойи бошланиши билан қорлар батамом эриб кетди, қутб орти табиати ҳам баҳор ҳукмига бўйсунди: қирларда дастлаб мохлар, ўтган йилдан қолган хазонлар ниш урди, сўнг аста-секин бошқа ўсимликлар ҳам ям-яшил тус олиб, атроф гўзаллашиб кетди. Айниқса, қутб тунлари жуда ажойиб-да! Кечаси соат учда қарасангиз ҳам қуёш чарақлаб туради, тун билан кундузни ҳеч фарқлай олмайсиз! Тун ва кунни фақат соат билангина белгилаш мумкин, холос.
Баҳром дам олиш куни нонуштадан сўнг ҳеч кимга сездирмасдан қирга чиқиб кетди. Бу чоғдарда қирларда сайр қилиш ғоят гаштли, уйғонган табиат киши дилига ором беради. Баҳромнинг сайрга ёлғиз чиқишига бошқа сабаб ҳам бор: у қадрдон юртига қайтиш, ҳаяжонли учрашувлар ҳақида танҳо хаёл сурар. Башоратдап келган хатни қайта-қайта ўқир эди.
Баҳром энгашиб, сўқмоқ бўйида сап-сариқ гуллаб ётган айиқтовонни узиб олди-да, пилоткасидаги юлдузча ёнига қадаб, кейин пилоткасини тузатиб қўйди. Қўлидаги Башоратнинг охирги мактубига юриб кетатуриб яна бир бор тикилди: «Хайр, кўришгунча!» Бу сўз юрагини орзиқтиради. У хаёл оғушида сўқмоқдан одимлаб бораркан, тўқай яқинида бошдан-оёқ зангори кийим кийган, елкасига сафар халтаси осиб олган бир кишига кўзи тушди. Бегона киши ҳам Баҳромни кўриб, бир қараб қўйди-да, сўнг бамайлихотир йўлида давом этаверди. «Бу ғалати одам ким экан?», деб ўйлади Баҳром ва ўзича: «Қўзиқорин териб юрган шу ерлик кишилардандир-да!», дея тусмоллади-ю, лекин тахминидан ўзи қониқиш ҳосил қилмади. Қўлидаги мактубни гимнастёркасининг чўнтагига солиб, камарини бир оз бўшаштирди, секин йўлида одимлайверди. Бегона киши тўқайга кириб кўздан йўқолди.
Баҳром қирга кўтарилар экан, ҳадеб кўз олдига зангори кийимли киши келаверди. Хаёлини бошқа ёққа буришга ҳарчанд уринмасин, бўлмади. «Нега у зангори кийиниб олган? Чегарачимикан? Чегарачи бўлса, автомати, дурбини қани?! Ундан кейин менга қараганда нега кўзлари бежо йилтиллаб кетди? Қаерга шошилаётган экан? Балки овчидир? Қим бўлса ҳам, ҳар ҳолда, ҳаракатлари шубҳалироқ. Қисмга бориб хабар қилсаммикин? Агар у ростдан ҳам овчи бўлиб чиқса, уятга қолмайманми? Йигитлар мазах қилишмайдими? Яхшиси, ўзим кузатсам-чи? Агар у овчи бўлса, қисмга яқин ҳам йўламайди».
Баҳром шундай хаёллар билан қирдан ошиб тушди-да, шоша-пиша изига қайтди.
Соқчи ўз постида хотиржам айланиб юрарди. Баҳром кўздан панароқ бир жойга ўрнашиб қирни кузата бошлади. У ёқда ҳеч нарса кўринмас, фақат қайинлар шамолда шовиллаб турарди. Мана, соқчилар ҳам алмашишди. Узоқдан барабан товуши ва саф билан ошхонага бораётган аскарларнинг қўшиқлари эшитила бошлади. Баҳром шундагина қорни очганини сезди.
«Бояги киши қаёққа кетди экан? У шу пайтгача қўзиқорин териб жўнаб қолгандир. Ахир, менсиз ҳам жосусларнинг таъзирини бериб қўядиганлар бор-ку! Мен бўлсам, бемаъни шубҳаларга бориб, йўловчидан гумонсираб юрибман-а!», деб ўйлади у.
Баҳром энди ўрнидан турмоқчи бўлган эди, кўз ўнгида бир зумда рўй берган воқеадан қотиб қолди. Қуёш нурида нимадир ярқ этдию соқчининг кураги остига қадалди. Соқчи «Айй!..» дея йиқилиб тушаётган пайтда, унинг ёнгинасидан, қутб толлари орасидан зангори кийимли бояги киши отилиб чиқди-да, тиканли симларнинг бир нечтасини нима биландир қирқиб ташлади, эмаклаб постга ўтди. Соқчига санчилган ханжарни суғуриб олиб, яна қайта санчди, сўнг унинг сумкасидаги ўқдонни, автоматни олиб атрофга олазарак боққанча омборнинг дарвозаси томон юрди.
Баҳром бир лаҳзада рўй берган бу воқеадан ўзини йўқотиб қўйди, лекин қотилнинг қўлида нимадир алангаланиши билан ярқ этиб кўзи очилди.
«Олов! Ҳозир омборга ўт қўйса… Бу ўқ-дорилар портласа…»
Баҳромнинг хаёлида шу фикр чақмоқдек чақнади. Яна бир неча дақиқадан сўнг омборга ўт кетиши, даҳшатли портлаш ер-кўк ни титратиши мумкин. Нима қилиш керак?! Баҳром тўсатдан тиканли симлар орасида, соқчи турадиган жойдаги симёғочда сигнал кнопкаси борлигини эслади. Ўша ердан қоровулхонага сигнал бериш керак! Фақат тезроқ! Тезроқ! Тезроқ!
Баҳром ўрнидан ирғиб турдию тўқайзордан югура кетди. У қотил сим тўсиқни кесиб очган жойдан постга ўтди-да, симёғочга қараб интилди. Қотил дастлаб ҳеч нарсани сезмади, бироқ Баҳром симёғочга етай-этай деганда нимагадир қоқилиб кетдию йиқилиб тушди.
Қотил қўлидаги оловни ташлаб, кескин бурилганча автоматга ёпишди, йиқилган жойидан ирғиб турган Баҳромни кўриб, совуқ тиржайди-да, автоматни чап қўлига олди, ўнг қўлида эса яна ханжар ярқиради. Баҳром жон-жаҳди билан олдинга югурди. Қотил ханжарини чангаллаганча: «Тўхта, отаман!», деб хириллади. Лекин Баҳром тўхтамади! Мана, ниҳоят кнопкали жойга етиб келдию ёғочни қучоқлаб сигнал кнопкасини босди! Бу вақтда қотил ҳам унга яқинлашиб қолган эди, у югуриб келаётиб ханжарни зарб билан Баҳромга отди. Баҳром кнопкани маҳкам босиб тураркан, курагидан пастда кучли оғриқ сезиб юзини буриштирди. Лекин кнопкани қўйиб юбормади. Худди шу пайт қисм томондан тревога товуши янгради. Қотил бирдан жойида қотиб қолди, сўнг кескин бурилдию тиканли симлар орасидан ўтиб қирга қараб қочди.
Баҳром эса ёғочни қучоқлаганча тебраниб турарди. Боши орқага оққанда кўзи осмонга тушди: «Атроф бунча жимжит! Қуёш бунча пирпирайди? У қуёшми ёки шимол шуъласими? Қўкламда ҳам шимол шуълалари бўладими?» — Баҳромнинг хаёлидан шу фикр ўтдию айиқтовон тақилган пилоткаси ерга тушди, боши борган сари оғирлашиб, қўлларидан мажол кетиб орқасига қулади.
* * *
Майдонда қисм аскарлари саф тортишган. Полк командирининг товуши юракларда акс садо берарди:
— Кеча қора ниятли бир жосус Н-постдаги соқчини ўлдириб, омборга ўт қўймоқчи бўлган. Агар бу омбор портласа, қисмимиз ва аҳоли бошига катта фалокат тушиши мумкин эди! Қотил ана шу мудҳиш нияти орқали бизни саросимага солиб қўймоқчи, чегарани бузиб ўтмоқчи бўлган. Аммо у қора ниятига ета олмади. Совет солдати ҳамиша душманларини доғда қолдириб келган. Оддий аскар, ўзбек йигити Баҳром Бердиев сиз учун, биз учун, Ватан учун ҳаётини хавф остида қолдириб қоровулхонага сигнал берди… Бугун пойтахтдан хабар олдик. Операция муваффақиятли ўтибди. Жасур дўстингиз соғ-саломат!
Олдинги сафда турган Спринглов енгил тортиб: «Хайрият!», деб юборди. У Баҳромни самолётга бирга олиб чиқишган, дўсти кўп қон йўқотганидан изтироб чекар, Баҳромдан хабар кутарди. Полк командирининг ишонч билан айтган гаплари Витянинг қалбини севинчга буркади, у орқароқда турган «Бўғирсоққа» қараб:
— Миша! Энди чинакамига кабобхўрлик қиладиган бўлдик! — деди.
«Бўғирсоқ» сўзсиз жилмайдию лабларини ялаб қўйди.
Шу чоқ Хачик Витяни бир туртди. Витя «Сафда турибсан!», дегандек, унга қараган эди, Хачик тек қотди. Спринглов ҳам жилмайганча пошналарини бир-бирига уриб, қад ростлади.