Севимли опам Қумриой хотирасига бағишлайман
Ишком тагидаги супада ўтириб, мушукчаларнинг бир-бири билан олишишини кузатавериб зерикканимдан «соат»га қараб қўйдим: уйнинг сояси ҳали супага етмаган эди. Демак, опамнинг мактабдан қайтишига ҳали анча вақт бор. Кун исиб кетган, ишком ости соя бўлишига қарамай, ҳавоси дим, нафас олиш оғир эди. Супадан тушдим. Айвондаги шолчани кўтариб, узумзоримизнинг четидаги сада томонга кетаётган эдим, кичик уйда куви пишаётган аям деразадан қараб сўради:
— Ҳа, отажон, сўригами?
Мен «Ҳа», деган маънода бош қимирлатиб, чиллаки токлар орасидан юриб кетдим.
— Яна ёлғиз ухлаб қолмагин, уйқунг келса, чопқиллаб уйга келгин-а, хўпми, гиргиттон? — деб қолди аям.
«Сўрида ухлаб жинни бўлибманми? Ахир у ерда ухлаб қолсам, ажина чалиб кетади-ку!»
Дадам узумзоримизнинг чеккасидаги сада соясига сўри қуриб берганди, бу ерда биз узумга тушган чумчуқ ва чуғурчуқларни қўриб ўтирардик. Сўри устига шолчани солдим-да, бурчакда турган тартаракни олиб тариллатганимча бир қўлим билан саданинг пастроқдаги шохига боғлаб қўйилган ипни тортиб юбордим, токларга ўрнатилган қўнғироқлар жаранглаб, боғ шовқин-суронга тўлди; ваҳимага тушиб жонҳолатда пириллаб учаётган чумчуқларни кўриб, завқланганимдан: «Ҳо-ой-ҳой!», деб бақириб ҳам қўйдим; сўнг шолчанинг устига чалқанча тушиб ётдим. Бу ер ҳовлимизга қараганда анча салқин. Оҳиста эсаётган шабада димоғимга сададан сал наридаги наъматакнинг ёқимли ҳидини уради, кўйлагимнинг енгидан, очиқ ёқамдан баданимга намхуш ҳаво пуфлайди. Бундай роҳатижон жойда ухлаб қолиш ҳеч гап эмас, лекин ажинадан қўрққанимдан уйқум келмайди. У ҳақида ўйлаб кетаман.
Ажинани шу пайтгача кўрмаганман, лекин негадир қачон бўлса-да, кўришимга ишонаман. «У ҳамманинг отини билади, опангнинг ёки акангнинг товушига ўхшатиб чақира олади. Агар ўшанда «Ҳувв!» деб қўйсанг борми, нақ оғзингни қийшайтириб кетади-я!» дерди аям. Шунинг учун аям чақирса ҳам, то ўзи келиб эргаштириб кетмагунча, ишонмасдан нндамай ўтираверардим. Яна аямнинг айтишича, ажина хоҳлаган қиёфасига кира оларкан: дадамга эшакка ўхшаб, аямга оппоқ тутундек бир нарса бўлиб кўринган экан. Менга қанақа бўлиб кўринаркин-а? Ажина деганда, кўз олдимга соч-соқоли ўсган, иркит кийимли, ҳуштак чалган болаларни қувиб юрадиган Эргаш тентак келарди. Шунинг учун кўчада Эргаш тентакни кўриб қолсам, болаларга қўшилиб, уни калака қилгани, тош отгани қўрқардим: «Менга шу тентакка ўхшаб кўринса-я?!»
Шу пайт ўтлар шитирлаб, қадам товуши эшитилди, қўрққанимдан ирғиб ўрнимдан турдим:
— Б-б-бис…
Хайрият, опам экан. У қўрққанимни билиб, қотиб-қотиб кулди.
— Оббо, Зокиржон-э, мени ажина деб ўйловдингми? — Опам кулгидан ўзини зўрға тийиб, пешонамдан ўпди, қўлидаги китобни сўрига қўйди. Саодат опамнинг қоп-қора, эгилган қошлари, чиройли қўй кўзлари менга жуда ёқарди. Опам ҳам мени яхши кўрарди. Бу йил у ўнинчи синфни битираётибди, шунинг учун доимо дарс қилгани-қилган. Бу эса менга унча хуш келмасди; чунки, у илгаригидек мени кўп эркалатмас, китоб ўқиётганида ёнига борсам, «Халақит берма», деб нари қувар эди.
— Зокиржон, қани, кел, тойчоқ ясаб бераман, — деди опам нимчасини саданинг шохига илаётиб.
У сочини ўзига жудаям ярашадиган алфозда чамбарак қилди, енгларини шимариб, сўридан анча наридаги гилослар томонга юрди. Орқасидан мен ҳам эргашдим. У токнинг ҳали яхши қуримаган ариғидан бир чангал лой олди-да, гилос соясига ўтириб, тойча ясашга киришди. Ҳар куни китобдан бошини кўтармайдиган опам бугун бирпасда лойдан тойчоқ ясаб, устига чавандозини ҳам ўтқазди, ҳатто бир дона наъматак гул олиб чавандознинг қўлига ушлатиб ҳам қўйди. Шундан кейин супага чиқиб, китобини очди.
Мен суюнганимдан теримга сиғмай, ўйинчоқ билан овора бўлиб кетдим.
Бир маҳал опамга қарасам, у китоб ўқимай, наъматак гулларига термилиб ўтирибди.
— Опа, кўзингиз йўл кўряпти, меҳмон келади, — дедиму яна халақит берганим учун уришадими, деб қўрқдим. Йўқ, уришмади, жилмайиб қўйди-ю, менга қарамади. Яна ўйинга берилдим. Бир вақт девор орқасидан:
— Саодат… — деган товуш келди. Чўчиб тушдим. Опам ирғиб туриб, «Ҳув-в!», деб юборса бўладими! Кейин ўзиям сезди шекилли, қўли билан оғзини бекитиб олди. Мен опамнинг олдига югурдим. Икки кўзим унда, қўрқув ва ачиниш билан оғзининг қийшайишини кутиб турибман. «Ҳозир… ҳозир… йўқ, қийшаймаяпти». Бир пайт деворимиз олдида новча, дўпписини пешонасига бостириб кийган одам пайдо бўлиб қолибди!
— Опа, ажина!.. — дея ўзимни опамга ташладим, маҳкам қучоқлаб, юзимни бағрига яширдим; опам эса, қиқирлаб кулиб-юборди. Унинг кулгисига бегона кулги қўшилди. Мен чўчинқираб у томонга қарадим, бояги одам бизга яқинлашиб, менга қўлини узатди, мен опамни яқа қаттиқроқ қучоқладим.
— Зокиржон, аканглар билан кўриш, — деди опам.
Бегона одамнинг юзига аста кўз ташладим: қора қошлари туташган, от юзли, бесўнақай бу йигит акамга ҳам, Эргаш тентакка ҳам ўхшамас эди.
— Йўқ… акамламас! — деб у билан кўришмадим,
Улар яна кулишди. Мен ҳайрат билан бегона одамни кузатардим. У сўрига ўтириб, опамнинг китобини варақлай бошлади. Опам ҳам ўтирди, мен пинжига тиқилдим: ҳали ҳам у кишининг чинакам одамлигига ишонмасдим, аям ўргатган калима энди ёдимга келди. Ичимда калима қайтариб, у одамга қарадим, йўқ бўлиб қолмади, шундан кейин бир оз кўнглим тинчиди.
— Зокиржон, тойчангни ўйнамайсанми?— деб қолди опам.
Ие, тойчам! Югура кетдим. Бориб қарасам, бир капалак лой «чавандоз»нинг қўлидаги наъматакка қўниб турган экан, мендан чўчиб учиб кетди. Бирпас ўйнаганимдан сўнг тойчадан ҳам зерикдим. Сўрига қарасам, бояги одам ҳали ҳам опамнинг юзига термилиб ўтирибди, опамнинг кўзи яна йўл кўряпти. «Бор-э!», деб уйга қараб кетдим. Тандирга ўт қалаётган аямга, сўрамаса ҳам:
— Опам сўрида бир одам билан ўтирибди, — дедим.
— А?! Қанақа одам?!
Аям жавобимни ҳам кутмай, косовни ташлаб, сўри тарафга жадал юриб кетди. Назаримда қизиқ бир воқеа содир бўладигандек туюлдию мен ҳам ўша томонга шошилдим. Олдинма-кетин сўри олдига етиб борганимизда улар ҳали ҳам ўтиришган экан. «Бегона одам» аямни кўриб саросимага тушиб қолди: ўрнидан ирғиб туриб деворга тирмашган эди, ушлаган кесаги кўчиб, наъматакнинг устига қулаб тушди; жонҳолатда ўрнидан турди-да, яна деворга тирмашиб, нариги томонга сакраб тушди. Унинг наъматаклар орасига йиқилганини кўриб юрагим ачишди: «Ҳамма ёғига тикан кириб кетгандир…» Аям ранг-қути ўчиб ўтирган опамнинг юзига бир тарсаки туширди-да:
— Қўшмозор бўлгурлар! — дея қарғай кетди. Опам ҳеч нарса демай пиқиллаб йиғларди. «Нега аям уни уришади-я? Нима, опам бировнинг боғига кирибдими? Анави одамнинг аламини оладими?!»
— Ҳали шошмай тур, кечқурун даданг келсин! — дея аям изига қайтди. Опам бечора менга ўқрайиб қўйдию йиғлаганча китобларини йиғиштира бошлади. Мен эса опам: «Сенинг чақимчилигинг учун аямдан тарсаки едим», деб уришса керак, дея хавотирда эдим, Агар аям опамни уришишини билганимда сира ҳам оғиз очмаган бўлардим. Опам китобларини қўлтиқлаб уйга жўнади. Мен унинг олдида ўзимни гуноҳкор ҳис қилиб, ичимдан-эзилганча орқасидан эргашдим. Шу дамда мен унинг боягидек гул-гул яшнаб кулиши учун ҳамма ишга тайёр эдим. «Нима қилсам опам кулиб юбораркин? Нима қилсам гуноҳимдан кечаркин?», деб бош қотирардим.
* * *
Кечқурун. Тўлин ой атрофни шундай ёритадики, чироқ ёқишга ҳожат ҳам қолмайди. Бизнинг кундалик ишларимиз бошланади: Саодат опам аямга қарашади, Зуҳра опам супага шолча ва кўрпачалар тўшайди, Умри опам билан мен ҳовлига сув сепамиз; Лолача бўлса, инжиқлик қилиб, аямнинг орқасидан эргашиб юради. Яна сигир соғиш, молларга ўт солиш… Бу ишлар тугаганда, отга икки боғ ўт ортиб дадам даладан қайтади. У ювиниб бўлгач, қизғиш мўйловини, бароқ қошларини силаб-сийпаб, супага ҳаммадан аввал чиқиб ўтиради. Кўпинча, худди шу вақтда қўшнимизнинг қизи Нозик опа қўшни товоқ кўтариб чиқади. Дадам Нозик опани кўриши билан кулиб-кулиб байт айта бошлайди:
— Бор товоғим, кел товоғим,
Агар бормасанг, келмасанг,
Ўрта ерда син, товоғим.
Бу байт айни овқат сузиладиган пайтда ҳаммамизни бир кулдиради. Айниқса, дадамнинг ўзи роса нашъа қилиб кулади.
Нозик опа кетиши билан опаларимдан бири унинг орқасидан товоқда овқат кўтариб, уларникига югуради.
Мен дадамнинг ёнидан — тўрдан жой оламан, ўнг томонимизда аям билан Лолача, пойгакда зса уч опам ўтиришади. Ўртага қуроқ дастурхон ёзилиб, овқат қўйилади.
Ҳамма қизиқ гаплар, кулги, гурунг овқатдан сўнг бошланади. Дадам йиғилишга «раислик» қилади. У бугунги «народний контрол»нинг (бу сўзга тилим келишмагани учун мен уни «пойлоқчи» дердим) гапларини гоҳ кулиб, гоҳ жиддий қиёфада тинглайди, аям эса «пойлоқчи»нинғ ҳар қандай гапидан завқланиб, кулиб ўтиради.
«Пойлоқчи» ким нима ёмонлик қилдию ким қўшни болалар билан уришди, шунга ўхшаган қилмишларимизни кузатиб юриб, кечқурун ҳамма йиғилганда айтиб берарди.
Бу вазифани навбат билан бешаламиз ҳам бажарардик. Дадам билан аям эса «умумий-раҳбарлик» қилишади. Бу тартибни дадам ўйлаб чиқарган эди.
«Пойлоқчи» ва бошқаларнинг гапи тугагандан кейин, дадам билан аям бизга панд-насиҳат қилишиб, қизиқ-қизиқ воқеаларни гапириб беришади. Аям бошидан кечганларини ғамгин оҳангда сўзлар, унинг уруш бошланган йили зим-зиё тунда, бўриларнинг увиллаши шундай эшитилиб турган чўлдан акамни етаклаб, Умри опамни кўтариб олиб дадамни вокзалга кузатишга чиққани ҳақидаги ҳикояси одамнинг этини жимиллатиб юборарди. Аям, дадамнинг уйдагиларга билдирмай фронтга жўнаб кетмоқчи бўлганини, бу гапни Абдусалом тоғамдан эшитиб уч кун вокзалда пойлаганини айниқса куйиниб гапирарди. Дадам эса ўз кўрган-билганларини мароқланиб сўзлар, ҳар бир воқеадан кулгили бир хулоса чиқарар эди.
Дадам билан боғда бирга ишлаш ҳам гаштли эди. Назаримда, у ўтларнинг, дарахтларнинг ҳам тилини тушунарди — ер чопаётган пайтимизда ғумай ва ажриқларни битта қолмай териб олишга ундаб: «Лайлакнинг уясида қирқ йил ётган ғумай: «Бир ёним намга тегса — бас», дер экан», дерди. Ёки ток тагидаги ўтларни юлаётганимизда: «Ток, менга соя ҳам, ҳамсоя ҳам керак эмас, дермиш», деб қўярди. Одамлар дадамни пахтанинг ҳам тилини билади, деб гапиришарди; шунинг учун ҳам уни колхознинг ҳосилот шўросига раисликка сайлашган. Мен ўша пайтларда дадамнинг чиндан ҳам тилсиз ўсимликлар билан гаплаша олишига ишонардим. Ахир, ҳар доим ўтлар ва дарахтларнинг нима деганини бизга сўзлаб берарди-да!
Дадам баъзан тоби қочиб қолгудек бўлса, устига эски чопон кийиб, ойсимон катта кетмонини оларди-да, майдон четидаги сувсиз қақраб ётган заякни қарсиллатиб чопа бошларди. То чарчагунича шу зайлда ишлар, сўнг аям қайнатиб қўйган иссиқ шўрвани ичиб терга пишганча кўрпага ўралиб ётар, эртаси куни эса отдек бўлиб ишга жўнаб кетаверар эди.
Оқшомги суҳбат чоғларида дадам эскича китоблардан ҳикоятлар ўқиб берарди. Мен унинг китоб ўқишини жуда ёқтирардим; у китобни кўзидан узоқроқ тутиб шошмасдан, дона-дона қилиб ўқирди. Кечки суҳбатларимиз қиш пайтлари айниқса чўзилар, меҳмон келганда ёки бирор тасодиф юз бергандагина канда бўлар эди, холос.
Дадамни «Нормат полвон, елкаси ерга тегмаган курашчи», дейишарди. Мен унинг кураш тушганини ҳеч кўрмаганман. Кейинчалик у курашни йиғиштириб қўйган. Дадам асли жуда хушчақчақ киши, лекин аччиғи чиққанда, бақувват бўйнининг томирлари бўртиб, юзидан қон томгудек бўлиб қизариб кетарди. Унинг бу ҳолатидан ниҳоятда қўрқардим. Кечқурун супада ўтирарканмиз, аям кундузи боғда бўлган воқеани айтса, дадамнинг жаҳли чиқиб кетишини ўйлаб, опамга юрагим ачишар эди. Чунки, бугун «пойлоқчи» мен эдим-да.
… Мана, косалар бирин-кетин бўшаб, дастурхонга фотиҳа ўқилди. Дадам сочиқ билан оғзини артди, кекириб: «Худога шукур», деб қўйди. У мўйловини силаб, ёстиққа ёнбошлади-да, менга шўх назар ташлаб:
— Хўш, «народний контрол», нима гаплар бор?.. — деди.
Ҳушимни йиғиб олишга мажбур қилган бу саволни боядан бери қўрқа-писа кутиб ўтирардим. Шунинг учун «Нимани гапирсам экан?», деб ўйланиб, бошимни кўтарган эдим, менга қандайдир хавотир билан тикилиб турган аямга кўзим тушиб, ҳайрон қолдим. Кейин гапларим унча қовушмай, Зуҳра опам билан Умри опамиинг жанжаллашганини айтдим.
— Ҳм… яна нима бўлди, қизлар? — деб сўради дадам опаларимдан. Мен аямга қарадим: «Ҳозир кундузги воқеани айтса керак». Негадир, аям хотиржам, бепарво, гапиргиси келмагандек ўтирарди. У катта опамга юзланиб:
—Бор, идиш-товоқларни ювиб ола қол!— деди.
Саодат опам эса секин ўрнидан туриб, ўчоқбошига кетди. Шундан сўнггина кундузги ғалва қайта қўзғалмаслигига кўзим етиб, бир оз енгил тортдим.
Аям райҳоннн чумчуқлардан қўриш учун қўйилган қоғоз пилдироқчаларни ўйнаётган мушукчаларга:
— Ҳой, ўлгурлар, райҳонни синдирасанлар! — деб пўписа қилди. Мушукчалар ура қочиб, супа орқасига ўтди. Аям мушукчаларга ҳам, Олапарга, сигир ва қўйларга ҳам худди одамга гапиргандек гапираверарди.
Назаримда, жониворлар ҳам аямнинг гапларига тушунарди. У: «Бўлди энди ўтлаганинг. Қани, бу ёққа кел!», деб тоғорани кўтариб оғилга юриши билан майдонда ўтлаб юрган говмиш лапанглаганча унинг олдига етиб келади: «Қур-ай, ҳай-ҳай, қани қўрага!», дейиши билан қўйлар гуриллаб қўрага югуради; «Жим бўл!», деган товушини эшитган заҳоти ҳураётган Олапар бошини қуйи эгади.
Аямнинг бир сўзини икки қилмайдиган бу жониворларни мен калтаклаб ҳам йўлга сололмасдим. Фақат Олапаргина мен билан соз эди, чунки у нонимга шерик бўлиб турарди-да!
Аямнинг яна бир қизиқ одати бор эди: агар ҳовлимизда мол сўйиладиган бўлса, ичкари уйга яшириниб олар, шу молнинг гўштидан бир тишлам ҳам оғзига олмас эди.
Аям ҳовлини, дарвозанинг олдини доим чиннидек супуриб, ёғ тушса ялагудек қилиб қўярди. Ҳар куни чой дамлашдан олдин, албатта, чойнакни қум билан ювар, шундай хуштаъм чой дамлардики, бунга ҳамма тан берарди. У соч олишга ҳам уста эди: оддий қайчи билан сочимни шу қадар қиртишлаб олардики, кўрганлар устарада олинибди, деб юришарди. Умри опам рўзғор ишларида аямнинг энг ишонган ёрдамчиси эди. У ҳам аямга ўхшаб ҳар бир ишни зерикмасдан, пухта бажарарди. Зуҳра опам эса, буюрилган ишни бирпасда пала-партиш адо этса, Саодат опам китоб ўқишга берилиб кетиб, аямнинг айтганини унутиб қўяр ва оқибатда иккаласи ҳам доим гап эшитиб юрарди.
Аям бегона йигит туфайли опамни бир тарсаки урган куннинг эртасига мени бир четга чақириб олиб, опамни пойлаб юришим, агар ўша йигит яна келса, дарҳол хабар қилишим ҳақида махфий топшириқ берди.
Шу куни Саодат опам билан яна сўрида узумни чуғурчуқлардан қўриб ўтирардик, худди қаршимиздаги девордан кечаги йигитнинг боши кўринди. Мен, у кеча гул тиканлари устига йиқилиб роса тавбасига таянган, энди бу ерга иккинчи қадам босмайди, деб ўйлаб, аямнинг топшириғини ҳам унутиб юборган эдим. Бироқ у яна пайдо бўлди ва опамнинг: «Бу ёққа ўтманг, аям келиб қолади», деб ёлворишига қарамай, девордан ошиб тушди. Сўнг бармоғи билан менга пўписа қилиб:
— Ҳа, шпиончик! Ўғил бола бундай чақимчи бўлмайди, — деди, кейин эса ялингансимон оҳангда: — Агар менинг бу ерга кирганимни ҳеч кимга айтмасанг, сенга Мирза кулолдан ҳуштак олиб бераман, — деди.
Ҳуштак ҳақидаги ваъда менга қизиқ туюлса-да, шу йигит сабабли опамнинг тарсаки еб йиғлагани, аямнинг махфий топшириғи ёдимга тушдию қовоғимни солиб: «Сиз нима дейсиз?», дегандек опамга қарадим. Опам эса қизарганча ер чизиб турарди.
Улар яна супага чиқиб ўтиришди. Мен эса ўйланиб қолдим. Агар аямга бориб айтгани уйга қараб юрсам, улар билиб қолишади. Бир зум нима қиларимни билмай тургач, калламга бир фикр келдию секин нашвати томон юрдим. Нашватининг соясида Олапар ўзи тирмалаб очган ковагида тилини осилтирганча ҳарсиллаб ётарди, мени кўриб, севинганидан ирғишлай бошлади. Мен унга кўпинча овқат олиб келар, баъзан эса кечқурунлари занжирдан бўшатиб юборар эдим. Шунда итнинг бўйинбоғини икки қўллаб ўзимга тортиб турардим, у бўлса олдинги оёқларига таяниб, калласини орқага тортар, шунда осонлик билан бўйинбоғдан қутуларди.
Олапар бугун жуда эрта бўшатганимдан севиниб, ирғишлаганча атрофимдан бир айланди, сўнг уй томон югура кетди. Унинг сўри олдида албатта тўхтаб ўтишига мен жуда ишонардим. Чунки у сўри атрофида қолган бурда-бурда нонларни еб ўрганган эди. Мана, ишни аямга айтмай ҳам боплайдиган бўлдим — Олапар у кишини бу ерга иккинчи қадам босмайдиган қилиб қўяди. Мен итнинг орқасидан югурдим. Мана, Олапар ўтларни ҳидлай-ҳидлай сўрига яқинлашди, бегона кишини кўргач бир зум қулоқларини динг қилиб турдию акиллаганича бояги йигитга отилди. Шу сапчишда у бегона одамнинг нақ сонидан бир парча гўштини узиб олиши аниқ эди, бироқ опам Олапарнинг бўйнидан маҳкам қучоқлаб қолди. Йигит эса бундан фойдаланиб, деворга сакради.
У девордан ошиб кетгач, опам қучоғида юлқинаётган Олапарни қўйиб юборди. Аламзада Олапар акиллаганича девор олдида зир югурарди.
На илож, томоша ўйлаганимдек зўр чиқмади — мен Олапар бегона кишини роса пийпалайди, деб кутган эдим. Сўридан тушиб, итни тинчитишга уринаётган опам менга қовоғини солиб бир қаради-ю, сўнгра кулиб юборди. Чамамда, у ҳалиги одамни боплаб қувиб юборганимдан хурсанд эди.
Бир неча кундан кейин негадир уйимизга нотаниш кишилар серқатнов бўлиб қолишди. Бир куни дадам ишга бормади. Аям уйларни тозалаб, яхши кўрпачалардан тушади-да, кейин хамир қилди. У тандирни қиздираётган пайтда кўча эшикдан икки кўзи тўла хуржунни эшагига ортиб олган баланд бўйли эркак, унинг орқасидан уч-тўртта аёл кириб келди. Дадам уларни кутиб олиб, уйга таклиф қилди. Мен аямдан бу одамларнинг нега келганини сўраган эдим, у: «Саодат опангни тўй қилишади», деб жавоб берди. Иннайкейин нималар бўлишини сўрамоқчи бўлганимда, дадам аямга: «Дастурхон олиб кел», деб қолди.
Одамлар кетгандан сўнг аям: — Зокиржон, чопиб бориб Бувинисо аммангларни айтиб келгин, — деди.
Аммамникидан қайтиб келаётиб, Саъдулла, Ғайбулла ва бошқа жўраларимнинг аяларини ўзимча тўйга айтдим. Улар эса: «Қачон тўй қилдиларинг?» деб ҳайрон бўлиб қолишди. Ўз билгимча қилган бу ишимни аямга мақтаниб гапирган эдим, у:
— Вой, аҳмоғ-эй, қачон мен сенга: «Уларни тўйга айт», дедим? — деб уришиб берди. Мақтов ўрнига бундай гап эшитганим менга алам қилди.
Уйимизнинг сояси супанинг лабига яқинлашиб қолган эди — демак, ҳадемай опам мактабдан қайтади. Тўйи ҳақидаги хабарни етказиб суюнчи оламан деб, у келгунча кўча эшик олдида кутиб ўтирдим. Узоқдан опамни кўришим биланоқ у томонга чирпирак бўлиб югурдим. У сумкасини ерга қўйганча чўнқайиб қучоқ очди. Опамнинг қучоғида нафасим бўғзимга тиқилиб, хушхабарни етказдим:
— Опа-чи, опа! Бугун кишилар сизни тўй қилишди…
Опам жудаям хурсанд бўлиб кетади, мени бағрига босиб эркалайди, деб ўйлаган эдим, у эса худди бир нарсадан чўчигандек бирпас жим қолди-да, мени бағридан бўшатиб, уйга қараб юрди: ҳовлига кираётиб бирдан ўкириб юборди. Сумкасини супага отиб, йиғлаганча кичик уйга кириб кетди. Мен тамоман ҳайратга тушиб қолдим, опамнинг сумкасини кўтариб, эшик олдига келдим-у, ичкарига киришга юрагим бетламади. Шу пайт уйдан аям чиқиб қолди, унинг ҳам кўзлари ёш… Мени кўрдию тарс этиб бетимга шапати урди. Бусиз ҳам биров бир оғиз қаттиқ гапирса, «Дод», деб юборгудек бўлиб турган эдим, аямнинг тарсакиси жуда оғир ботди, хўрлигим келиб, «шайтонлаб» йиғладим. «Суюнчи» ўрнига шапалоқ еганим алам қилар, ноҳақ ургани учун кўз ёшларим билан аямнинг раҳмини келтирмоқчи бўлар эдим. Агар шу тобда аям мени бағрига босиб: «Бўлди, қўзичоғим! Мен сени билмасдан уриб юборибман!», деса, йиғини дарҳол бас қилган бўлардим. Лекин аям менинг кўз ёшларимга парво қилмай, паришон ҳо
лда уйга кириб кетди.
Умри опам мени етаклаб, супадаги кўрпачага ўтқазиб қўйди.
— Бўлди энди, Зокиржон! Йиғламасанг, сенга тўйнинг ҳолвасидан бераман, — деди у мени овутмоқчи бўлиб.
Мен эса унга қулоқ солмадим. Охири йиғлай-йиғлай супада ухлаб қолибман.
* * *
Ҳусайни узумимиз ғарқ пишган пайт эди. Бир куни эрталаб опам мени барвақт уйғотди. Бу тонг жуда ажойиб эди: узоқ-узоқлардай мактабга чорловчи карнайларнинг баланд товуши эшитилар, қуёш ҳам эндигина уйғонган эди. Мен кўзларимни уқаладим.
— Зокиржон, қани, турақол, бугун мактабга борасан.
Мен шошиб супадан тушдим. Ахир бу кунни мен анчадан бери орзиқиб кутардим-да! Ўзимни бирдан катта бўлиб қолгандек ҳис қилиб, ҳар куни эринчоқлик билан бажарадиган ишимни зўр иштиёқ билан адо этдим: ишкомнинг устунига михланган қўл ювгичда ҳафсала билан ювиндим. Кейин опам кийинишимга ёрдамлашди. Янги кийимларим — зангори дўппим, қора шиму оқ кўйлакчам бирам чиройли, қора туфлигим ярақ-ярақ қилади. Чап қўлимда бир даста гул, ўнг қўлимда эса қора портфел кўтариб мактабга боришга шай бўлиб турганимда, Зуҳра ва Умри опамлар ҳам уйғониб, шоша-пиша кийина бошлашди. Мен уларга ўзимни кўз-кўз қилиб, у ёқ-бу ёққа бир неча бор юрдим. Сўнг Саодат опам қўлимдан ушлаб: «Қани, кетдик», деди, Опам сумкасини олмади — у энди ўқишни битирган, ҳар куни далага қатнайди. Бугун эса мени мактабга олиб бориш учун ишга чиқмаган эди. Ҳовли эшигидан чиқаётганимда, аям пешонамдан ўпиб, шимчамнинг чўнтагига конфет солиб қўйди.
Йўлда борарканмиз, ҳамма менга ҳавас билан қараётгандек туюлар, қувончим ичимга сиғмас эди. Карнай товуши борган сари яқинлашаверди. Катта йўлга чиққанимизда менга ўхшаб етаклашиб келаётганлар кўпайиб қолди. Ниҳоят, кўп болалар тўпланиб турган катта оқ бинонинг ҳовлисига етиб келдик. Болалар тўпидан берироқда бўйнида Зуҳра опамникига ўхшаган қип-қизиқ галстук ҳилпираган бир бола зўр бериб карнай пуфлар, ёнидаги ўртоғи эса ноғорага ўхшаган бир нарсани иккита таёқча билан гумбурлатиб чалар эди.
Опам болаларнинг олдида турган оппоқ сочли кишини менга кўрсатиб, қулоғимга шивирлади:
— Ўша сенинг муаллиминг — Эрмат Йўлдошев бўлади. Борганингда салом бергин-а!
Опам мени муаллимнинг олдига етаклаб борди. Мен у ўргатгандек қилиб салом бердим.
— Ваалайкум ассалом! Баракалла, одобли бола. Отлари? А? Зокиржон. О, жуда яхши, жуда яхши.
У кифтимга секингина қоқиб, икки қатор бўлиб турган болалар сафига мени ҳам қўшиб қўйди. Жўрам Пўлат шу ерда, у мендан-олдинроқ келиб олган экан. Опам хайрлашиб-кетаётганида, бегона болалар ичида қолаётганимдан кўнглим ғаш тортди, лекин муаллимнинг мулойим кулимсираб турганини, кўриб бир оз тинчландим. Унинг қошлари ўсиқ, қисиқ кўзларининг тевараги тарам-тарам ажин, қизилмағиз юзида майда томирлар қонталаш. У жилмайганда юзи янада қизариб кетар, кўзларида ажиб бир меҳр порлар эди. Айни дамда у худди уйига азиз меҳмон келганда ўзини қаерга қўйишни билмай қолган одамга ўхшаб, ҳар биримизга алоҳида меҳрибончилик кўрсатмоқда эди.
Бир пайт қўнғироқнинг жиринглаган товуши хаёлимни бўлди. Карнай, ноғора товуши тинган, билагига қизил боғич боғлаб олган бир қиз мис қўнғироқни жаранглатиб чалганча: «Дарсга! Дарсга!!», деб қичқирар эди.
Ниҳоят, муаллим бизни саф билан юргизиб, оқ бинонинг ичига олиб кирди ва бўй-бўйимизга қараб парталарга ўтқазди.
Мен ўртароқдаги партадан, оппоқ юзида қора холи бор боланинг ёнидан жой олдим. Боя ташқаридалигимизда муаллим:
— Сен Ҳошим нонвойнинг ўғлимисан? Исминг нима? Икром? Ҳе, балли! — деб, уни менинг ёнимга турғазиб қўйган, бу боланинг отини шунда билиб олган эдим. Унинг кўк кўзи нимаси биландир мушукнинг кўзига ўхшаб кетарди.
Биздан олдинги партада Озод ва Мусулмон деган болалар ўтиришарди. Улар биздан бир ёш кичик бўлгани учун муаллим қайтариб юбормоқчи бўлди. Лекин иккаласи ҳам шундай бақириб йиғлаб бердики, оқибатда муаллим фикридан қайтди…
…Шу куни мен уйимизга беҳад қувонч билан қайтдим. Ҳамма нарса менга яхши туюларди. Ҳамма нарса!..
* * *
Саодат опамни янада яхши кўриб қолдим. У ҳар куни кечқурун дарс тайёрлашимга ёрдамлашар, билмаган рақаму ҳарфларимни қунт билан ўргатарди. Опам билан дарс тайёрлаш мен учун жуда мароқли эди, чунки у муаллимимизга ўхшаб мулойимлик билан эринмай тушунтирарди. Зуҳра ва Умри опаларим бўлса, «Э, шуни ҳам билмайди», деб аччиғимни чиқаришарди. Шунинг учун сира ҳам уларнинг олдида дарс тайёрламасдим. Умри опам гапирса майлику-я, лекин Зуҳра опам аввал ўзига боқса бўларди. У яхши ўқимагани учун бир йил синфда қолиб, ўзидан бир ёш кичкина Умри опам билан ўқир, дарс тайёрлашдан кўра рўмолча, тўр тўқишга кўпроқ қизиқар эди. Умри опам жуда чиройли ёзарди, масалаларни ҳам қийналмасдан ечарди. Зуҳра опам доим унга: «Ишлаган масалангни кўчириб олай, жон синглим, кейин нима десанг қиламан», деб ёлвориб юрарди. Шунда Умри опам: «Йўқ, аввал молнинг тагини тозаланг, қўйларга ўт ўриб солинг, ҳовлини супуринг, сўнг кўчиртираман», деб дафтарини ўзи билан олиб аямга
қарашгани кетарди. Зуҳра опам апил-тапил ҳамма ишни бажариб борганда, Умри опам кулиб: «Бари бир, муаллим ўзингиз ишламаганингизни билади», деб қўярди.
— Ғам ема, сингилжон! — дерди Зуҳра опам бир кўзини қисиб. — Икки-уч жойини хато кўчирсам, муаллимжон ҳам ишона қолади.
Умри опамни ҳамма «Жуда ақлли қиз», деб мақтарди. Унинг ўнг бетида ва сочининг фарқ очиладиган жойида пашшахўрдадан тамғадек из қолган; қалин, қора қошлари ўғил болаларникига ўхшаб кетар, қоп-қора кўзлари кишига хотиржам, оқилона боқарди.
Уни дадам ҳам, аям ҳам деярли уришмас эдилар. У доим кўнгилдагидек иш тутар ва доим мақтов эшитарди. У дарсларни ҳам ҳаммамиздан аввал осонгина тайёрлаб бўларди.
Бизнинг шахсий кутубхонамиз ҳам, ёзув столларимиз ҳам йўқ эди. Дарсни гилосларнинг соясида, ишком остида ётиб, ўтириб тайёрлайверардик. Мен ёд олиб келиш топширилган шеърларни кўпинча эшак устида, дадамнинг олдидан ўт олиб қайтаётганимда такрорлаб келардим.
Шанба куни Саодат опам далага чиқмади. Аям билан ошқовоқ сомса қилишди. Кечқурун бир лаганга сомса бостириб, опам иккаламиз Бешқувурдаги Ҳанифа холамникига меҳмондорчиликка кетдик. Холамнинг болалари алоҳида рўзғор қилиб чиқиб кетишганидан катта ҳовлида Мурод бобом иккаласигина туришарди. Холам ҳар борганимда бағрига босиб, айланиб-ўргилар, қутисидан турли-туман конфетлар олиб, чўнтагимни тўлдириб қўяр эди. Унинг чеҳраси ҳам, товуши ҳам аямга жуда ўхшаб кетарди.
Автобусдан янги шаҳарда тушиб, холамлар турадиган кўчага бурилаётган эдик, орқамиздан мен «Ажина» деб ўйлаган ўша йигит келиб қолди. У опам билан қуюқ сўрашди, менга меҳрибончилик кўрсатиб, шимимнинг чўнтагига қоврилган писта солиб қўйди.
— Кўринмайсиз? — деди у опамга қараб.
— Мана, кўриняпмиз-ку, — деди опам ерга тикилганча. Йигит кулимсиради. Улар шу тарзда анча гаплашиб туришди. Мен писта чаққанча кўчанинг нариги томонидаги ўрдак-ғозларнинг сувда сузгандек солланиб юришини завқланиб кузатардим. Беихтиёр уларнинг ортидан эргашиб кетибман. Бир маҳал қарасам, холамнинг уйи олдига келиб қолибман. Бунга аввал унча ишонмадим, лекин кўкка бўялган нақшинкор катта дарвозага диққат билан разм солгач, бу холамнинг ҳовлиси эканлигига ишонч ҳосил қилдим. Дарвозанинг кичик эшигини очиб ичкарига югуриб кирдим. Ҳовли супуриб юрган холам:
— Вой айланай, катта боладан! — деб қучоқ очди. Пешонамдан ўпиб эркаларкан:— Бир ўзинг келдингми? — деб сўради ҳайрон ҳолиб.
— Йўқ, опамлар билан.
— Опанг қани?
— Ҳов анатта, бир одам билан гаплашиб турибди.
— Қанақа одам? — деб сўради холам худди аямга ўхшаб, сўнг мени етаклаганча кўчага чиқди. Опамнинг қораси кўринмасди. Яна қайтиб, ҳовлига кирдик. Холам супуриндини бир ерга тўплаётиб, аямдан бошлаб Лолагача уйдагиларни бир-бир сўраб чиқди. Ишини битказиб, яна кўчага бир чиқиб келди: «Аҳмоқ, кўчада биров билан шунча гаплашиб турадими?», деб опамни койий бошлади. Кейин, уйга кириб, ёпинчиғини ёпинди-да, қўлимдан ушлаб:
— Қани, юр-чи, у бемаза шу пайтгача кўчада нима қилиб юрган экан? — деди. Кўчанинг охирига етиб бориб қарасак, иккови ҳануз гаплашиб туришган экан. Опам дастлаб бизни сезмади, кейин бошини кўтариб холам билан менга кўзи тушдию ҳалиги йигитга қарамасдан ҳам зипиллаб биз томонга юрди. Холам опам билан кўришмасдан йигитга бир қарадию юзини ёпинчиқ билан тўсиб, опамни уриша кетди:
— Уялмайсанми кўчада шунақа қилиб тургани? Уруғингда йўқ, аймоғингда йўқ нағма сендан чиқадими? Марг-э, сандай қизга!
У шундай дея шартта орқасига бурилди. Опам бошини эгганича олдимизга тушиб келарди.
— Шарм-ҳаёсизнинг поччанг билан туришини қара?! Уйга борганда барисини айтиб бер. Тўйни тезроқ қилмаса, бу уятсиз ҳаммамизни шарманда қилиб, куёвиникига қочиб кетиб қолади!
«Поччанг?! Мен «ажина», деб ўйлаган киши поччам экан-да, энди билдим!»
Холамнинг жиғибийрон бўлиб койишига қулоқ солмай, поччамни кўрганимдан севиниб кетдим. Холамникида бир кун ётиб, қайтганимиздан сўнг севинчимни дадамга ошкор қилганимда, бу яна бир ғалвага сабаб бўлди. Ҳовлига кириб келгач, чой кўтариб келаётган аямга кўзим тушди. Аям саломимизга алик олиб, опамга: «Сен ошхонага киравер, ичкарида одам бор», деб уйга кириб кетди. Мен аямнинг орқасидан эргашдим.
Катта уйда уч киши: оқ рўмол ўраган, семиз бир кампир (у қуда томондан экан), аммамнинг қизи Маҳбуба опам, дадам ўтиришибди. Кириб секин салом бердим.
— Ваалайкум ассалом. Келдингизми, ота ўғил! Холанглар, опанглар билан кўриш, — деди дадам. Мен меҳмонлар билан қўл бериб кўришдим, улар мени «Яхши бола», деб мақташди, кейин дадамнинг ёнига чиқиб ўтирдим. Дадам холамларнинг ҳол-аҳволини, кимларни кўрганимни суриштирди.
— Поччамларни кўрдим, — дедим севинчимни изҳор қилгани вақт етганини билиб. Қизиқ, бу гап негадир ҳаммани ҳайрон қолдирди. Мен тутила-тутила бўлган воқеани айта бошладим. Менинг гапларимдан меҳмон хола севиниб ўтирар, Маҳбуба опам негадир ўқрайиб қараб қўяр, дадамнинг хурсанд бўлаётганини ҳам, аччиғи чиқаётганини ҳам билиб бўлмас эди. Аям эса ташқарига чиқиб кетди. Меҳмон хола кетгандан сўнг, дадам ошхонадан аям билан опамни чақириб олди. Унинг бўйин томирлари бўртиб, юзидан қон томгудек қизариб кетди, аямга қараб ўшқира бошлади:
—Бунингнинг ҳамма қилмишларини эшитиб юрибман. Ҳали тор кўчада, ҳали мактабнинг олдида куёви билан гаплашиб турармиш. Қуда томондагилардан қочмасмиш. Бу қанақа сурбетлик! Билиб юрибман-у, индамаяпман-да! Лекин барисини йиғиб, бир боплайман!..
Опам бечора бошини кўтара олмай пиқ-пиқ йиғлади. Дадам ўшқира-ўшқира кўчага чиқиб кетди. Шундан кейин ҳамма менга ёпишди:
— Иккинчи марта буни бирор жойга олиб юрманг! Шунақаям гап териб юрадиган бола бўладими? — Маҳбуба опа опамни овутишга ҳаракат қилиб ҳадеб мени уришарди. Мен бурчакда лаб-лунжим осилиб ўтириб қолдим. Ҳамма, аям ҳам мени уришди-ю, аммо опамнинг ўзи бир оғиз ҳам аччиқ гап айтмади.
* * *
Мен мактабдан дафтаримга «3 октябр, шанба», деб ёзиб келган куним кечқурун Саодат опамнинг қиз мажлиси бўлди. Опамнинг уч-тўрт дугонаси катта уйга янги кигизлар солиб, бахмал кўрпачалар тўшашди; деворларга палаклар қоқиб, опамнинг ҳамма янги кўйлакларини илишди. Шундан кейин уйимиз жуда чиройли бўлиб кетди.
Ҳовлимизнинг ўртасига гулхан ёқилди. Гуруҳ-гуруҳ қизлар: «Қани, келиннинг сарполарини кўрайлик», деб уйга кириб бир дам ўтиришар, кўйлакларни санаб, шоҳи, ғижим рўмолларни мақтаганча гулхан ёнига келишар эди.
Мен ўртоқларим билан гулхан теварагида базм бошланишини бетоқатлик билан кутиб, гулхан тафтида доирасини қиздираётган Али чилдирмачи билан дуторини тинғиллатаётган Соли қилпилламанинг ёнгинасида турардим.
Ниҳоят, доиранинг «гижбанги» юракни титрата бошлади. Даврага бир қора қиз чиқди, қулоч ёзганча бориб қизлар тўдасига яқинлашди-да, олдинроқда турган нозиккина қизнинг қўлидан ушлаб даврага олиб тушди.
— «Тановар»га чалинг, — деди у дуторчига, қўлидан чиқиб кетмоқчи бўлиб юлқинаётган қизни маҳкам тутиб.
Соли қилпиллама: «Хўп бўлади», деб жилмайиб қўйди-да, Али чилдирмачига «Бошладик!» ишорасини қилди.
Оғир бир куй янгради. Созандалар яқинида турган қизлар бир-бирларига қараб олишдию қўшиқни бошлаб юборишди:
… Оқ илон, оппоқ илон,
Ойдинда ётганинг қани?
Мен ёмондан айрилиб
Яхшини топганинг қани?..
Қора қиз дугонасини қўйиб юборди, у ўртада бир оз эгилиб турди-да, сўнг гавдасини ажойиб тўлғантириб, ўйинга тушиб кетди. Энди ашулани кўпчилик қизлар жўр бўлиб айтишмоқда эди:
Оҳ урарман, оҳ урарман,
Оҳларим тутгай сени.
Кўз ёшим дарё бўлиб
Балиқлари ютгай сени.
Катта уйнинг деразаси олдида турган, рўмолга ўраниб олган Саодат опам тўсатдан мени имлаб чақирди. Югуриб олдига бордим.
— Ма, бу рўмолчани анави опангга бер,— дея у қўлимга шоҳи рўмолча тутқазди.
Мен ўртоқларимнинг орасидан ёриб ўтиб, ўйинчи қизга рўмолчани тутқаздим. У қўлидаги бир даста рўмолчани енгил силкитиб, кулимсиради, кейин майин товуш билан: — Раҳмат, укача! — деб қўйди.
Шунда кўзим унинг тимқора кўзлари билан тўқнашиб қолди. Негадир қизариб кетдим. Қизиқ, қандайдир бир орзиқтирувчи ҳис юрагимни жиғиллатиб, ҳаяжонга солмоқда эди.
Кўҳи Қофдан келадур
Шаршаранинг овозаси.
Номуносиб ёрни деб
Бўлдим жаҳон овораси.
Қизларнинг ҳасратли товуши, мусиқа ноласи, ўртада рақс тушаётган қизнинг куйга монанд ҳаракатлари, қўлларининг мадад тилагандек тўлғаниши менга жуда қаттиқ таъсир қилди. Негадир йиғлагим келди. Атрофга қарасам, бошқалар ҳам жим бўлиб қолишибди. Орадан талай вақт ўтгач, ногоҳ кўтарилган қийқириқ товушларидан ўзимга келдим. Қарасам, бояги қиз даврадан чиқиб кетган, ўртада беқасам тўн, этик кийган, фақат кўзларигина очиқ, рўмол устидан чуст дўппини бостириб олган бир қиз «йигит» бўлиб тўр парда ёпинган қиз билан шўх куйга йўрғалаб ўйнарди. Бу машҳур «Келин ва куёв» рақси эди. Ҳамма қийқириб қарсак чаларди.
Ўйин-кулги қанчалик қизиқ бўлмасин, барибир уйқудан зўр келолмади. Қизлар мажлисини охиригача кўролмай, кичик уйдаги каравотда донг қотиб қолибман.
Эрталаб уйқудан туриб ҳовлига чиққанимда, ўчоқ олдида Нозик опам билан унинг онаси Туҳфа хола қозон-товоқ ювишар, Зуҳра ва Умри опам кечаги гулхандан қолган кул аралаш чўғни хокандоз билан катта қозон осилган ўчоққа таширдилар.
— Ҳа, уйқучи, ана шунақа ухлаб қолаверсанг, бугун кечаси Саодат опангни «ола-бўжи» ўғирлаб кетиб қолади, — деди менга Нозик опа.
Бу гапга унча парво қилмадим. Чунки бизни қўрқитишмоқчи бўлишганда доим: «Ола-бўжига бериб юбораман», дейишарди.
— Қўй, бола бечоранинг юрагини ёрибнима қиласан? Қара, кўзлари ғилтиллаб кетяпти,— дея Туҳфа хола Нозик опани уришиб берди. Шу пайт катта уйдан аям хомуш қиёфада чиқиб келди-да, Туҳфа холага қараб:
— Уҳ… Туҳфа, худди юрагимнинг бир томони ўпирилиб кетаётгандек!.. — деди.
— О, Холжамолой! Минг қилса ҳам қиз бола — киши боласи! Нима қиласиз, чидайсиз-да. Ана булардан ўргилсин, — дея Туҳфа хола менга ишора қилди. — Кўнглингизни ҳам, уйингизни ҳам шулар тўлдиради.
Мен аям ва Туҳфа холанинг гапларидан, Нозик опанинг ҳазилидан опамни ҳов ўша мен «ажина» деб ўйлаган йигитникига олиб кетишларини сеза бошладим. Наҳотки опам бизни ташлаб, бегона жойларга кетиб қолса?!
Кечгача опам уйда кўринмади.
Кечқурун бизникига қишлоқ йигитлари, қўшниларимиз йиғилишди. Ҳамма кимларнидир кутиб олишга тараддудланарди: маслаҳат куни келишиб олинганига биноан биров ошпазга қарашар, биров самовар қайнатар, биров кўча эшигимиз олдига ўтин ташиб гулхан ёқишга тайёргарлик кўрарди.
Бир вақт узоқдан карнай-сурнай товуши ва шодон қичқириқлар эшитила бошлади. Одамлар: «Куёвнавкар келяпти, куёвнавкар келяпти», дея чаққон-чаққон қимирлаб қолишди. Қийқириқ садолари борган сари яқинлашиб келар, шовқин-суронни босиб йигитларнинг баландроқ қўшиғи эшитилар эди:
Томда товуқ ётади, ёр-ёра-ёрингман,
Оёғи шамдек қотади, ёр-ёра-ёрингман…
Қўшиқнинг охири қичқириқлар остида кўмилиб кетди.
Ҳамма қатори мен ҳам кўчага югурдим. Эшигимизнинг олдида ловиллаб гулхан ёнмоқда эди. Кўчадан гуррос сурон билан бир тўда йигит келар, саф олдида белига шоҳи қийиқ боғлаган хипча қоматли йигит карнай-сурнай овози ва қўш доира гижбангига қушдек енгил рақс тушар, ҳар замонда қўлларини қанотдек ёзиб дўстлари томон учиб келиб, «Ҳа-ҳа-а!» деб қичқирар эди. Шунда йигитларнинг қийқириқлари еру кўкни тутиб кетарди. Йигитлар шу зайл анча ўйин қилгач, Исажон тоғанинг таклифи билан йўл-йўл беқасам тўн кийган поччамнинг атрофини ўраб, уйга қараб юришди. Ҳамма куёвни кўришга ҳаракат қиларди-ю, ҳеч ким аниқ кўролмасди. Йигитлар тўрдаги катта уйга киришди. Куёвнавкарларга аввал палов, сўнг мастава тортилди. Турли хил ширинлик, сомса, қатламалардан кейин фотиҳа ўқилгач, куёв томон йигитлари ташқарига чиқиб, уйнинг остонаси олдида туриб олишди. Бизнинг қишлоқ йигитлари ҳам уларга қўшилишди.
— Қани, куёвтўра, пояндозни боссинлар! — деган товушлар эшитилди. Мен пояндоз ҳақида кўп эшитган бўлсам-да, ҳеч кўрмаган эдим, супага чиқиб, қизиқиш билан кузата бошладим.
— Тўхта! Босма, куёв! — деб барваста бир йигит остонага чиқиб туриб олди. — Йигитлар! Пояндозни қирқиб қўйишибди-ку! Қирқилган пояндозни ойимқизлар тортишади. Қиз тараф йигитларининг кучи етмаса, ўзимизга қўйиб берсин!
У кимдир ушлаб турган пояндозни зарб билан тортиб олиб, ҳовлига улоқтирди. Ҳаммаёғи қирқилган атлас мато оёғим остига келиб тушди. Хотин-халаж чувиллашиб ичкаридан янги пояндоз олиб чиқишди.
— Куёв, ана энди босинг! — деб қичқирди кимдир. Куёв пояндозни босдими, босмадими, мен кўролмадим. Йигитлар бирдан гуриллаганча пояндозни тортиб кетишди. Қаердандир Али чилдирмачи пайдо бўлиб қолиб, супага чиқиб олди-да, доирасини гумбурлатиб чала кетди. Шунча йигит бир тўп бўлиб ўртадаги пояндозга ёпишиб қолгандек, ҳовлининг ҳали у томонига, ҳали бу томонига силжишар, оёқларнинг тапур-тупуридан ер ларзага келар эди. «Ҳой йигит, қўлингизга ҳушёр бўлинг, пояндоз билан қўшиб суғуриб олмай!», «Ўзлари ҳушёр бўлсинлар!», «Ким у, пичоқ солаётган номард?!» —деган хушчақчақ қичқириқлар, кулги эшитиларди. Тортишув қизигандан қизиб борар, Али чилдирмакаш ҳам тобора авжига чиқарди.
Бир маҳал бояги остонада туриб олган йигитнинг: «Қани, йигитлар, менга қара-ю, ҳа-ҳа-а…» — деган ҳайқириғи эшитилди, тўп кўча томонга қараб силжиб кета бошлади. …Анчадан сўнг бизнинг қишлоқ йигитлари бўшашганча қайтиб келдилар. Улар яхши бирлашиб тортишмагани учун бир-бирларини койишиб, биттаси юлқиб олган бир парча пояндозни: «Тумор қиламиз», дея бўлиб олишди.
Босим ака енгига қараб кулар — кўйлагининг бир енги йўқ эди: кимдир пояндоз деб ўйлаб тортиб кетибди.
Шундан сўнг мен ҳали уйда, ҳали ўчоқбошида ўралашиб юрдим. Ҳануз Саодат опам келмаган эди. Кимдандир унинг Нозик опамларникида эканини эшитиб қолдиму ўша томонга югурдим. Опам бир дугонаси билан Нозик опамларнинг меҳмонхонасида ўтирган экан.
Мен аста унинг ёнига бориб ўтирдим-да, енгидан секин тортиб:
— Опа, кетмайсиз-а? — дея кўзларига тик боқиб, ёлвориб сўрадим. Опамнинг: «Кетмайман, айланай, кетмайман, уйимизни, сени ташлаб қаёққа бораман?», дейишини кутардим. Аммо у менга сўзсиз мўлтираб термилди, кўзи жиққа ёшга тўлди, кипригидан узилган бир неча томчи ёш юзидан юмалаб, бетимга томди. У мени бағрига маҳкам босганча йиғларди.
— Ҳеч қаёққа кетмайсиз, опажон! Кетмайсиз! «Кетмайман», денг! — дея опамнинг тиззасига юзимни суртиб мен ҳам йиғлаб юбордим.
Йиғидан бўшашиб, чарчаб, опамнинг қучоғида ухлаб қолибман…
Эрталаб кўзимни очганимда, опамнинг қучоғида эмас, тўшакда ётардим. Бу менга жуда ҳам алам қилди, уйга қараб югурдим. Чопиб борар эканман, назаримда, опам уйда бирор юмуш қилиб юргандек туюлди.
Қатта уйга кирдим, кечагина ясоғлик бу уйда бугун ҳеч нарса йўқ эди. Кичик уйдаги сим каравотда эса дадам ухлаб ётарди. Уйда бошқа ҳеч ким йўқ! Ҳовлида ҳам… Ошхонада ҳам… Ҳаммаёқ ҳувиллаб қолган эди! Ҳамма, ҳамма, ҳатто опам ҳам мени алдаб кетган эди. Бу мен учун чидаб бўлмас хўрлик эди!!! Супага ўтириб эзилиб-эзилиб унсиз йиғладим. Йиғлаган сари йиғлагим келар, кўз ёшларимни сира ҳам тўхтата олмас эдим…
* * *
Орадан ўн йил ўтди. Маъсум болалик ортда қолди. Гоҳ у сўқмоққа, гоҳ бу сўқмоққа бурилиб, ўсмирликнинг нотекис йўлларини босиб ўтиб, катталар дардига шерик бўлиб қолдим. Энди эса ортимга қарар эканман, ўша тотли хотиралар юрагимни севинчга тўлдиради; беихтиёр болалик чоғларимга қайтгим келади: супада бўладиган қизиқ гурунгларимизни, мурғак онгим билан опамнинг дилига озор берганларимни, мажлис куни «Тановар»га ўйнаган қизни, опамни унаштиришгандаги ҳангомаларни шундай ҳузур қилиб эслайманки… Буларнинг ҳаммаси умрим дарёсининг қайтмас тўлқинлари…
Ҳозир опам билан поччамнинг қўғирчоқдек-қўғирчоқдек икки ўғли бор. Бир куни уларникига борганимда поччам мен сабаб бўлиб, наъматаклар устига қулаганини, билиб-билмай опамни назоратга олдириб қўйганимда қийналганларини эсга олди. Роса кулишдик. Поччам кулгидан ўзини зўрға тийиб:
— Саодатой, бу киши мендан пухта чиқиб қолди, — деди.
— Нега энди? — дея ҳайрон бўлиб сўради опам.
— Ҳа, бу киши пухта — укаси йўғидан топибди!
Бутун танамдан ловиллаб «иситма» чиқиб кетди, ер чизиб қолдим…