Тўлқин Ҳайит. Ўғузхоннинг сўнгги қурултойи (қисса)

1

Тонг юзида бокира қиз жилмайиши, майсада ҳавас, зилол сувнинг кумуш жамалакларида иддао. Нега? Нега Кун нуридан Бош Қўрғонга камалак ёғду тушди? Нега бизга эмас?! Дарахт шохлари ҳасадни супуриб ташлаб, нозик қўлчаларини ҳавасга узатди. “Бизга ҳам ўша ёғдудан бир қатим насиб этсин”.
Кенг, қалин, сербутоқ, сердарахт бепоён ўрмоннинг нафаси хушбўй; унинг ўзига келганига анча йиллар бўлди, атиргулларнинг солланишини қаранг, гапимни тасдиқлашяпти; Ўрмон, ҳаҳ, Ўрмонжон-а, уфқларга туташ мовий уммон каби тинч шовуллаб, майин эпкинларинг билан оламнинг юзини хушнуд сийпалаётганинг қандай яхши; бир пайтлар унинг бағридаги жамики жонзотларга таҳлика ва қўрқув солган Каркидоннинг суяклари ҳам қолмаган энди: ана, кўринг, бир қаранг-а: турли-туман қушлар эркин учиб-қўниб юрибди, булбуллар ажиб-ажиб хониш қилмоқда, ҳатто Кобралар подшоҳи ҳам Она Бургутга кўз олайтирмай қўйган, кўк ёлли бўрилар сарғиш кийикларни қувгани-қувган, Она айиқ уларга қараб: “Бўлди-да энди!” – деб ўкирганда ҳам аччиқлари чиқмайди, фақат сардор Бўри: “ Кўрмаяпсанми, соғликларинг учун жон куйдириб юрибмиз!” – дея норози тўнғиллайди, холос. Айиқ-да, айиқ, гоҳо қўрслигига боради. Тик ўсган қарағай шохида уларни кузатиб турган қари Қарға: “Ўл-а, аҳмоқ, ҳеч эсинг кирмади, кирмади-да”, – дея уни масхара қилди. Тулки қиқирлаб кулди, тимсоҳ сувдан чиқиб, оғзини очиб тамшанди, Она Маймун бошини қашиганча тиржайиб қўйди. Лекин уларнинг биронтаси ҳам бир-бирларига тиш қайрамадилар, ҳатто Қуёш ҳам қоп-қора булутлардан хафа эмас.
Ўғузхоннинг уч баҳодир фарзанди – Кун ботир, Ой ботир ва Юлдуз ботир Тонг сари кетган, Кўк ботир, Тоғ ботир, Тенгиз ботир Тун сари йўл олган.
Жигар! Пушти камарингдан бўлган жигар учун куяр экансан, ҳар бирининг соғ-саломат келишини ҳар дақиқа кутади, эрта кутади, кеч кутади, кўзлари толиқиб кетди ўзиям!
Бу оқшом, оҳ, бу оқшом Тун яна қовоғини уйиб кириб келди, қаттиқ-қаттиқ шамол эсиб, ниҳолларнинг илдизларига қўрқув солиб, нимжон қулоқларидан чўзиб-чўзиб тортди. Айиқ инига шошилди, тулки эса аллақачон уяси тубига тушиб олган эди. Бир зумда ўрмонда ваҳима қўпиб, чор-атрофга ўлик сукунат чўкди.
Бўрининг ўлиги – тулкига кулги. Одамлар орасидаги олчоқларга кулги бўлишдан ёмони йўқ.
– Ҳеҳ-ҳеҳ-ҳе, ваҳ-ҳаҳ-ҳа!
– Ким бу беадабларча кулаётган? Эй, шайтонмисан? Ё Ўғузхоннинг душманимисан?!
– Билганинг!
– Маҳмадоналик қилма!
– Хоқонга қара, хоқонга! Бутун дунё хоқонига! Елкасидан нафаси чиқиб кетмасин тағин!
Қора булутларнинг совуқ томчилари бокира Оқшомнинг бинафша юзини қаттиқ-қаттиқ чертди: тирс, тирс! Оҳ, бу бало қаёқдан кела қолди, қаёқдан-а? Эҳ-ҳа, бутун дунёни муз босадиганга ўхшайди, тавба-ей, тавба! Жиловни сал бўш қўйдингми, иллат ёпирилиб келаркан! Ана, ана, гуррос-гуррос шамолга ҳам Худо берди, вой-бўй, қутуришини, дарахтларнинг сочларидан тортиб, илдизи билан қўпориб отаман дейди-я! Овсарга тахт тегмасин экан! Чағонруд тўлғаниб тўлқин урмоқда, ўша томондан ҳам қуюқ қора булутлар бостириб келяпти. Одамларни қаранг: кўзлари тўла қўрқув, ваҳима; осмонга, дов-дарахтларга, шамолга хавотир билан қарамоқдалар. Ё Худо, нима бўларкин-а, нима бўларкин?! Осмон узилиб ерга тушмасмикин?!
Ўғузхоннинг йирик гавдаси оҳиста тебраниб, лаблари гоҳ қип-қизил чўғдек ловуллаб қизариб, гоҳ оқаради, қўй кўзлари ҳам гоҳ яшиндек чақнаб, гоҳ хира булут рангига киради, сўнгги қуввати билан гоҳ паст, гоҳ шиддатли гупураётган юрагидаги сим-сим оғриқ азобидан қуришган лаб­лари чўччаяди, айиқникидек баланд кўкси оғир кўтарилиб, ҳўкизникидек йирик, бўлиқ оёқларини зўрға қимирлатади. Ўлим! Инсон бошида бор гап. Қазо ўқидан ҳали ҳеч ким қочиб қутулган эмас. Балки тонг ҳам унга шундан далолат бераётгандир. Аниқ, аниқ: шундай, шундай, ҳм-м-м, ҳаммаси, ҳа, ҳа, ҳаммаси: шамол, булут, тонг ва инсон – бир бутун табиат, мисоли эт билан тирноқ, бир-биридан ажратиб бўларканми?! Жон қуши кўкрак қафасини тарк этмоққа чоғланган экан, тадорикни кўриш керак.
– Танам покизаликни истайди!
Бу гап хонадан-хоналарга, олтин шамдонлардан-шамдонларга, йўлакдаги пос­бонларнинг чеҳрасидан сирғалиб ўтиб, ташқари чиқди ва хизматга шай турганларнинг кўнглини чоғлади. “Хоқон ҳаммомга кирмоқчилар, ўтлар ёқилиб, сувлар иситилсин, мушк-анбарлар сепилиб, момиқ матолар тайёрлансин!”
Оёқ шарпаси унинг қулоқларини оҳиста чертди.
Ўша куни ҳам шундай оёқ шарпаси эшитилган эди. Ўша куни ҳам у шундай ҳолда кириб келган эди. Юраги аниқ сезяпти: бу ўша оқ сочли, ҳилпираган оқ соқолли қария – Улуғ Турк, Иркил донишманд! Айтганидек, ҳаял ўтмай қария унинг қаршисида қад ростлади: тим қора кўзлари, ҳар қараши булут ичидан чақнаётган яшиндай ўткир эди.
Ўғузхон унинг бир нима илинжида ташриф буюрганини, муҳим гапи борлигини сезди. Қабулга келган ҳар бир фақирнинг ўз муддаоси, айтар сўзи, илтимоси, истак-хоҳиши бўлади. Неча йилларки, ҳузурига келган ҳар бир кишининг юзидаги ифодадан мақсадини дарҳол англайди.
– Сўйланг, не муддао?
– Улуғ хоқоним! – қариянинг киприклари ерга боқди. – Меҳрибонлар­нинг меҳрибони, адолатпарвар ҳукмдорим! Сен туфайли эл-улус муштдай бир бўлди – бирлашиб, оламга гўзаллик ҳадя этди, буюклик тожини кийиб, эл бўлди, халқ бўлди. Умринг узун бўлгай, сенга мустаҳкам ҳокимият насиб этгай! Номинг абадий ўчмагай!
Ўғузхон донишманд чолдан сира юзаки мақтов эшитмаган эди. Кўнгли яримта, бир оёғи гўрда, деб ўйлаб, кайфиятини кўтаришга чоғландими? Ақлли, олижаноб, чаққон, донишманд қария, сенга нима бўлди?! Нега ноўрин мақтаяпсан?
Улуғ Турк қаршисидаги ҳукмдорнинг хушламаганини сезди.
– Улуғ хоқоним! Кўк Тангри тушимда аён берди. Уйқумда бир олтин ёй кўрдим. Ёй кунчиқардан то кунботаргача чўзилган эди. Ўнгидан келтирсин. Уммондай чексиз ерлар авлодларингга буюргай!
Майин шамол Ўғузхоннинг юзини юмшоқ силади. “Гап бу ёқда экан-да. Ҳм, ўлим ҳеч нарсани белгиламайди. Номим абадий яшайди. Қария билмаса гапирмайди. Демак, кўзинг очиқлигида уммондай чексиз ерларингни авлодларингга бўлиб беришимни хоҳлаяпти у!”
Қария унинг ўнг ёнига ўтирди:
– Қурултой чақир, Улуғ хоқоним!
Ўғуз хоқоннинг бароқ қошлари чимирилди. “Умри оз қолди, отни қамчилаш керак! Қария тўғри айтаяпти: Қурултой чақириб, барча ерларни авлодларга бўлиб бериш керак, ҳатто аёл ҳам ўз қозон-товоғим бўлсин, дейди”.
– Сиз шуни истайсизми?
– Мен сени ўйлайман, ҳукмдор болам!
Улуғ Ўғузхон қарияга боққанча: “Ҳали бардам, ўзини олдирмаган”, – дея ўйлади ва “сўйланг” дегандек имо қилди.
– Улуғ хоқоним, олам аҳлининг соябони, қўл остингиздаги Чиндан Румгача бўлган ерлардан вакиллар келиб бўлишди. Йигирма тўрт уруғингиз ҳам бир оғиз сўзингизга муштоқ эрурлар.
– Менга шунчалик неъмат ато этгани учун Тангрига шукрлар қилурман! Бори элга маълум қилинг, эртага Қурултой бўлади!

* * *

Қария таъзим қилгач, қандай келган бўлса, шундай сокин, ташқари чиқди, ўзи билан унинг юрагидаги ҳавасни ҳам суғуриб кетди назарида. Негадир шу паллада у ёмғир ёғишини, чаккаларнинг товушини соғинди, тупроқ ҳидига зориқди, майсаларнинг, ариқ бўйларидаги пудиналарнинг исларини тўйиб-тўйиб ҳидлашни хоҳлади. Болалигида уни Ботир полвон деб чақиришарди. У ҳам чиройли, анча дабдабали исмидан шодланиб, ички ширин ҳавасга тўлиб, қувонар ва албатта, номига яраша йигит бўлишга ошиқарди, аммо кўнгли қурғур майсаларга, қушларга, зилол сувларга, хушбўй гиёҳ ва гулларга ошиқ эди. Улуғ Қурултой олдидан буларни эсламаслик мумкинми?! Сўнгги Қурултой улуғ Қурултой бўлади чиндан ҳам. Эй, бўлажак тахт ворислари! Сизлар Ўғузхондек ҳукмдорлик қилишларингиз керак. Дунё бирликда яшаши лозим. “Бўлинганни бўри ер”, яна донишмандлар айтишадики: “Бирлашган ўзар – бирлашмаган тўзар”. Эҳ, сиз, аҳли бузуқлар, битта лолақизғалдоқ яратишга кучларингиз етмайди-ю, аммо Ерни хароб қилишга жуда устасизлар! Эҳ, сизлар! Отасини унга қарши қўйган ҳам шу нокасталар эмасмиди?”
Бир гал отаси Қорахон билан овга чиққанда, ногаҳонда ариқ бўйидаги пудиналарни кўриб қолиб, бола экан-да, чопиб бориб ҳидлади. Ота нима деди? Кўпчилик олдида:
– Ҳей, Ботирим, пудинани нима қиласан, овни ўйласанг-чи, пудинани қизларга чиқарган!” – деди.
У ботаётган қуёшдек ловуллаб қизарди, танаси ўтдек ёниб, кўпчилик олдида шундай изза бўлдики, асли қўяверасиз. Бир нима демади: ота – улуғ зот, уни дунёга келтирган падар, отага гап қайтариб бўлмайди, “Ота гапи – ўқ, онаники – йўқ”, – деб беҳуда айтишмайди донолар. “Отамга муносиб ўғил, элимга манзур фарзанд бўламан”, – дея дилига тугди, қаҳрамонлик кўрсатгиси келарди-ю, аммо буни қандай амалга оширишни билмасди.
Нокаслар илиб олдилар бу гапни ва оч кўзларини суқ тикиб, пайт пойлай бошладилар.
Кунлар ўтди.
Ой тўлиб чиққан ёз кечаси. Ғир-ғир илиқ шабада эсади. У дара оралаб овдан қайтаётган эди. Адирлар қорайиб, хўмрайиб турар, дарё суви бир маромда шиғирлар, от туёқларининг овози акс-садо қайтармоқда эди. Ўнг томондаги адир тепасида бўри кўринди. У ўткир тумшуғини осмонга чўзиб, ойга нола қила бошлади. “Отахон, бу қандай сир?” – деб сўради донишманд Улуғ Туркдан. “Бу сирнинг тагига етган банда йўқ, болам!” – деди чол бироз тушкун оҳангда.
У бошқа ҳеч нима сўрамади, лекин шу кундан бошлаб, ўша бўри ҳақида ўйлай бошлади, негадир унинг қорайиб кўринган бақувват гавдаси, осилиб турган бўйин ёллари, ўткир тумшуғи ҳадеб кўз олдида намоён бўлар, кўзини юмди дегунча овози қулоғи остида акс-садо берар ва аллақандай нотаниш туйғулар қуршовида қолиб, кўкрак сутининг ёқимтой ҳиди димоғини қитиқлар эди. Ваҳоланки, у умрида атиги бир марта кўкрак сути таъмини тотган эди. Тўлин Ой, нола қилаётган бўри, кўкрак сути – бариси унинг учун сирли ва яширин ҳодиса, ҳилқат эди.
“Ҳм, дунё дегани сирлар тўла сандиқ!” – дея тамшанди у ва шу дамда сарой ичида хушбўй ҳид таралиб, кўнглини очди. Эҳ, улуғ Қурултой тезроқ ўтсайди.

* * *

– Ўғилларимдан дарак борми?
Ўғузхоннинг саволига ҳеч ким жавоб беролмади, сарой аҳли унинг кўзига кўринмаслик учун ўзларини пана-панага олдилар; хоналарга, ўриндиқларга сувсар кўрпачалар тўшалиб, олтин, кумуш идишлар қатор терилмоқда; ҳамма ўз ишини чаққон ва тез бажаради, тоза, ялтираган оёқ кийимлари қалин гулдор кигизлар ичига ботиб, юракка лаззат беради.
Хушбўй ҳидлар аро шивир-шивирлар элас-элас қулоққа чалинади:
– Ҳукмдор саройда эмасми?
– Оналарининг қабри зиёратига кетяптилар!
– Чин ўғил!
Ўғузхоннинг кўнгли ийиб кетди, улуғ Қурултой арафасида онасини эсламаслиги мумкинми? Онасини-я! Агар шу тобда онаси ёнида бўлганда эди, уни бошида кўтариб, дунёнинг нариги чеккасигача сайру саёҳат қилдирарди, лекин она ҳам, ота ҳам, ҳамма ҳам ёлғон оламда меҳмон, келиш бор экан, кетиш ҳам аниқ. У сут ҳидини туяркан, қулоғи остида волидасининг хушнуд овози садо берди. “Кўзимнинг оқу қораси, ҳиммати улуғ болам, атиги бир мартагина сенга оқлик бердим, сўнг тилга кирдинг, юрдинг, ўйнадинг ва қирқ кунда кўксинг айиқ кўкрагидек баланд бўлди, кўзларингдан чақин чақнади, оёқларининг баҳайбат ҳўкиз оёқларидек бўлиқ ва бақувват эдики, ҳар қадам ташлаганингда ер ҳаракатга келиб, қувонар эди, белларинг бўринидек чайир эди, баданингни буткул тук қоплаган эди, юзингнинг ранги кўк эди, лабларинг чўғдек қизил эди, қоп-қора сочларинг қуёш нурларида жилоланганда ҳавасим келар эди, бир кўркам йигит бўлдингки, одамлар: “Дунёда болангдан бошқа алп йўқ”, – дея кўз қила бошладилар. Кўз қорачиғимни ўзинг паноҳингда асра, деб Худойимга нола қилдим. Амр бўлиб, сени йилқи боқишга жўнатдим: дала-дашт, қир-адир, тоғу тош кездинг, тоза ҳаво танингни яйратди, камон отишни ўргандинг, от миндинг, ов қилдинг, кийик отдинг, кунлар ўтгандан сўнг, кечалар ўтгандан сўнг бир улуғ алп йигит бўлдингки, кўз кўриб суқланар эди”.
Осмон хумдан чиққан кўк шишадек мовий, тиниқ, қанотларини кенг ёзган бургут оҳиста сузади, сувларнинг шилдираши, булбулларнинг хониши қулоқнинг нозик пардаларидан юмшоқ ўтиб, юракнинг қил томирларини майин-майин силайди. Сершох дўлана дарахт қаттиқ титраб, акса урди, нимадир тап этиб ерга тушди. Унинг хаёли бўлиниб, оёқ остига қаради. Бош бармоғидек чумчуқ боласи тупроққа қоришган эди. “Бесабр бола, онасини кутиб ўтирмай, ўзим учаман, деб бебошлик қилган”. Полапонни қўлига олиб, кўзларига суртди. “Э Худо, сен нималарга қодир эмассан, санъатингга тасанно, бебош полапонни ўзинг кечир! Бу мўъжизаларингни асрамоқ биз бандаларингнинг вазифамиздир”.
У Чумчуқнинг элвираб турган баданидаги тупроқларни авайлаб пуфлади. Авайлаб. Шамол унга ёрдамга келиб, елпиб ўтди. Полапоннинг кўзлари қора нуқтадек митти, яғрини сариқ чизиқли эди. Тепа шохлар орасидан полапонларнинг тинмай чирқирагани эшитилар, гўёки олам тўс-тўполон бўлгандек эди. Ўғуз бир ирғиб дарахтнинг йўғон шохига илиниб, юқори кўтарилди. Унинг чайир қўллари дарахтнинг қўнғирранг таналарига сақичдай ёпишар, барваста оёқлари шохдан-шохга кийикникидек чаққон, илдам ошар эди. Бир зумда тепа шохдаги уяга етди: бир парча этга ўхшаш учта полапон нозик тумшуқларини очиб, қизғиш оғизларини кўрсатиб, чунонам чирқиллашдики, Ўғузнинг бағри-дили, чўғланган камон тешиб ўтгандек куйиб оғриди. “Оҳ, бечоралар, жуда очиқибди, онаси бирор нимага ем бўлганмикин?!” Шу топда чўнтакларига бир парча эт солиб келмаганидан афсусланди. “Бир бурда эт бўлса, ҳарна эди-да, еб қоринларини тўйғазишар эди!” Бургут пастлай бошлади ва шиддат билан адирлик ёнбағридаги боққа шўнғиди. “Бирорта илонни кўзлаган кўринади!” Ўғуз қўлидаги полапонни хас-хашакли уясига қолдириб пастга туша бошлади. Ўнг томондаги кичиқроқ шохга оёқ босиб, беридаги йўғон шохга ўтмоқчи бўлганда, қарс этди-ю, кўз очиб юмгунча гурсиллаб ерга қулади. Кўзларидан ўт чақнаб отилди, ўнг луқчаси зирқираб оғриди, лекин у оғриққа эътибор бермай, ёнидаги синган шохга, унинг яшил баргларига, ғўра меваларига ачиниб қаради. “Уволига қолди, ҳай аттанг, унга оёқ қўймаса бўларкан!”
Одамларнинг дод-фарёдларини эшитиб, ўрнидан турди. Оёғини қўлига олиб чопди. Бахши кампир сочларини юлиб йиғлар эди. Унинг ёнида турган пахмоқ соч йигит қўлидаги палахмонга суянганча андуҳга ботган эди.
– Нима гап?
– Бахши кампирнинг боласи ўрмонга овга борган экан, ёвуз Каркидон еб қўйибди!
Ўғуз бошини қуйи эгди. “Каркидон қаёқдан пайдо бўла қолди?! Ё Худойим бизни ёмон кўриб қолдими?!”
Онаси унинг кўзларидаги мунгга хавотир билан боқди:
– Болам, ўрмонга овга боришни хаёлингга ҳам келтирма!
Ўғузхон онасининг юзидаги ташвишни тушунди. Ҳар она учун бола азиз. Бола деб яшайди аслида оналар. Лекин ёв келганда боласини сандиққа яшириб қўйган ота-онага нима дейиш мумкин?!
Каркидон чорвани еб битира бошлади, йилқи қолмади, ҳўкизлар қирилди, навбат одамларга етиб келди. Ҳар кеча бир уйдан бир йигит, бир қиз ёки бир бола йўқолиши одатга айланди. Йиғи-сиғи кўк тоқига етди, дод-фарёд гўёки оламни тутди.
Ўғуз уй айланди, боғ айланди, бир кун волидасининг тиззасига бошини қўйди:
– Бу бош нега керак, онажон?
– Унақа дема, улуғ болам, бу бош элга керак!
– Элга керак бўлса, Каркидонни гумдон қилишимга оқ сўз беринг, онажон!
– Оқ сўзим, ҳақ сўзим, сенга рухсат, болам! Худойим паноҳида асрасин! Кўзимнинг нури, юрагимнинг қувватисан! Бағримга омон қайтишга сўз бер, болам!
– Эгам қувват берсин, онам! Оқ сўзингиз мадад бўлсин, онам! Эл-улусим ноласи кўкка етиб, Каркидоннинг юрагидан қуввати кесилсин, онажон!
– Кўзимнинг қораси, олдимга фақат ғалаба билан қайт!
– Тангрим ўзи мададкор бўлгай менга, онажон, хавотир олманг!
Бу хабар зумда оламни тутди, одамлар тўп-тўп бўлиб, Ўғузнинг олдига кела бошладилар. Энг номдор башоратчилар Каркидоннинг ўлими яқин, деб жар солдилар, қилни қирқ ёрадиган афсунгарлар маҳоратларини ишга солиб, ёвуз махлуқнинг юрагига иллат йўлладилар, энг моҳир усталар унга мис, қалай, рух ва темирни эритиб, учларига олмос қадаб, чўқмор ясаб бердилар, қиличсозлар тоғда кигизлар тўшаб, яшин ушлаб, ўзлари ясаган қилични унда қирқ кеча-кундуз эринмай тобладилар, шу қилич билан улкан харсангга урган эдилар, тош иккига бўлиниб кетди; камончилар ўн тўрт ботмонли камон ясаб, унга шимол буғусининг ичакларидан пишиқ чилвир тортдилар, чўққига қараб камон тортган эдилар, учи парчаланиб кетди, ўқчилар жануб заранг таёғидан ўқ ясаб, унинг учига олтин, қўрғошин, мис, темир ва биринж эритиб, ўткир учли тиғ қўндирдилар, бу тиғ тошни тешиб ўтди.
Оппоқ тонг отди, майсалар юзига шаффоф шудринг тушди, Чағонруд суви тиниқ оқди, қирқ кечаю кундуз шу ҳолат юз берди; у ҳам қирқ кечаю, қирқ кундуз чилла ётди, ўнг ёнга ағдарилиб тавалло қилди, чап ёнга ағдарилиб, ҳавалло қилди. Чунки Каркидонга тўғри бориб бўлмасди, уни енгиш учун ҳийла керак эди, қопқон қўйиб тутиш мумкин эмасди, отда жанг қилиб, енгиш қийин эди, отни бир зумда маҳв этиши тайин эди, шу боис, Ботир ўғлон пухта режа тузди ва қирқинчи куни тонг саҳарда, одам кўзидан панада Чағонруд дарёсида обдон ювинди, сўнг Қуёш кулмасдан бурун, кўкда Ой мовий парда ортига яширинмасдан аввал қирғоққа чиқиб, артинди ва янги кийимларини кийиб, Тангридан мадад тилади, режаларини бир-бир айтди, мени қўллагин Яратган эгам, фақат ўзим учун эмас, бандаларинг омонлиги учун улуғ жангга боряпман, ғолиб этсанг, бир умр эзгулик учун хизмат қиламан, деб қасамёд қилди.
Кўк юзига нозланиб чиққан Ой неча вақтдан буён қора чимматга ўралган кенг ўрмонга қош қоқди, дарахтлар, майсаларнинг енгил-енгил силкинганини ҳаммадан аввал чумоли сезди ва отнинг дупурини, Ўғузнинг ҳидини сезиб, уясидан ташқари чиқди. Мақтанчоқ Қарға уни кўриб, қағ, деди, товушқон қулоқларига ишонмади, аввал исканди, уясидан мўралади ва уяси олдидаги майсаларга ранг кирганини кўриб, нимадир ўзгариш бўлишини ҳис этди.
От пишқирди, бутун ўрмон бир титради. Бу яқин йилларда ўрмонда от пишқиргани эшитилмаган эди: шовқин-сурон авжига чиқиб, Каркидоннинг ҳаловати бузилди.
Гуррос шамоллар ҳилпираган этаклари билан осмон юзидаги қора булутларни артиб қўйди, қуёш ёғду сочди, аввалгиларига ўхшамаган камалак ёғду эди бу, унда хушбўй ҳид ҳам бор эди, ҳар бир зарраси минг бир рангда товланиб, дарахтларнинг қўнғир, яшил, сарғиш тарам-тарам таналарига, сувларнинг юзларига, ҳайвонларнинг юнгларига мўмиёдек ёқимли сингиди. Сувнинг жонига жон кирди, товушқон жилғадан бир ҳўплам ичган эди, танаси шундай яйради, шундай яйрадики, “бунча маза, роҳат” деганини ўзи ҳам сезмай қолди, лекин шу заҳоти: “Аввал Эгангга шукр айтиш керак!” – дея ўзига танбеҳ берди, ундан олдин кўк ёлли бўри тепаликка чиқиб олиб, Ойга қараб улиётган эди. Унинг: “Эй, Оймомо, ўзинг етказиб қўй, Каркидондан омон қолсам, одам боласига ёрдам бераман”, – деганини эшитиб, аввалига рашки келди ва: “Ҳеч замонда кўк бўри одам боласига дўст бўлиши мумкинми? Бу ўрмонда мендан бошқа беозор ҳайвон йўқ-ку!” – деди хомуш тортиб, аммо отнинг қаттиқ пишқирган овози унинг фикрини бўлиб юборди.
Ботир ўғлон отдан чаққон тушиб, чўқморини қўлига олиб, ўқ тўла садоқни ёнига, камонни елкасига осди ва олтин дастали кескир қиличини баланд кўтариб, оғир темир қалқонини кўксига тутганча ўрмонга кирди ва буғулар тўдаси томон юрди. “Эй Тангрим, ёвуз Каркидонни ўлдиришим учун битта буғуни қурбонликка бер!” – деб нола қилди.
У ўрмон ичидаги кенг водийга чиқди, яшил адирлар оралаб, бир неча ирмоқлар жилдираб оқар, қуёш чарақлаб турар, чор-атроф жимжит, буғулар кўринмасди. Каркидонни тезроқ ўлдириб, ўз қавмига қувончли хабар олиб боришни ич-ичидан истаётган Ўғуз жадаллик билан узоқ юрди, терга ботиб, уст-боши, кийимлари жиққа ҳўл бўлди, баланд адирлик устига чиқиб, оқ қалпоқ кийган ғадир-будур кўкимтир чўққиларга, узоқдан қорайиб кўринган қалин арчазорга ташналик билан боқди, ке­йин хавотирга бориб: “Каркидондан чўчиган буғулар водийни тарк этганмикин?” – дея ўйлади ва яна жадал юра кетди. Икки қир ошгач, баланд жарлик ёнидан ўнгга бурилганда, сон-саноқсиз буғуларга кўзи тушиб, ўзини панага олди. Буғулар тўдаси унинг ҳидини сезиб, йўғон ичакдек буралиб, ўзларини четга олди. Ўғуз камонини қўлига олиб, ўқ жойлади ва ўртада турган узун оқ шохли буғуни мўлжалга олди. Ўқ визиллаб учди. Буғу нима бўлганини сезмай қолди, ўқ пешонасига санчилганда, тизза бўйи кўтарилиб, ерга тарс қулади, чўчиган буғу тўдаси, кўз очиб юмгунча ирмоқдан сакраб ўтиб, тоғ томонга қочиб кетди.
Ботир ўғлон жон таслим қилган буғунинг ёнига беҳол борди, юраги тиғ билан тирналгандек ачишди: эркак буғунинг ўқ санчилган пешонасидан қип-қизил қон оқиб турар, оғзи қийшайиб, думалоқ кўзлари кўкка қадалиб қолган, гўё бу кўз эмас, жуфт қора шиша шар сарғиш соққаларга жойлаб қўйилгандек эди, лекин уларда қандайдир жозиба бор эди, ана шу жозибани йўқотиш одамга алам қилар, шу боис унга қараганда, кўнгил ўксир эди. “Мен сени тирикликдан маҳрум қилмоқчи эмасдим. Буғу, мени кечир! – деди унинг бошини силар экан, танаси ҳали иссиқ, қон ҳиди гупиллаб анқимоқда эди. – Сен инсониятга хизмат қилишга, энг шарафли вазифани бажаришга лойиқ кўрилган экансан. Сендан ҳамма рози бўлсин!”
Ботир ўғлон ўрнидан туриб, жарлик ёнидаги толзорга кирди ва бир неча тол новдаларини кесиб, пўстлоқларини суйириб, пишиқ чилвир эшди, сўнг буғуни қарағай дарахтига маҳкам боғлади.
Ирмоқлар баландроқ жилдиради, дарёлар авжлироқ тўлғанди.
Ботир ўғлон тиниқ зилол сувга қўлини чайди, бетини ювди, юраги тошаётган эди, бир ҳовуч сув ичиб, ҳовурини пасайтирди. “Эй Тангри, ўзинг ишимни осонлаштир, бандаларинг ёвуз Каркидондан озод бўлсинлар!” – дея ўзига яна мадад сўради. Кейин ётиш учун ғор излаб кетди. Бу сафар узоқ юрмади, жарликдан ўтиб, бир неча юз қадам босгач, ўнг томонда қоя остидаги ғорга кўзи тушди. Ғор олдидаги кенг тош супада ярим ёнган ўтинлар, кул бор эди. Овчилар макони. Бир пайтлар бу ерга кўпдан-кўп овчилар келиб-кетган кўринади. Қош қораяётган эди. У жадал юриб, дарёдан ўтди ва бир ирғиб тош супага чиқиб, ғор ичига эҳтиёткорона назар солди. Каркидон шу ерда эмасмикин, деган хавотир юрагини тилиб ўтди, лекин ғор бўм-бўш эди. Ичкари кириб, қурол-аслаҳаларини, тўрхалтасини четга, тош супага қўйди. Олов ёқиш мумкин эмас. Ташқари чиқиб, муздек сувга чўмилди ва кела солиб, тўрхалтасидаги қуритилган гўштдан икки бўлак еди-да, сўнг оғзини чайиб, қўлларини ювиб, артингач, чарм жандасини тагига солиб, уйқуга кетди.
Тонг отди.
Қарағай ёнида буғунинг бир уюм суяклари сочилиб ётар, чор-атроф Каркидоннинг ясси оёқлари остида топталган эди.
Ботир ўғлон хийла енгил тортди, Каркидон унинг қармоғига илинган эди. У руҳан қувониб, ўрмонга кирди ва бу сафар ўзига юзма-юз келган қўнғир айиқни қиличи билан чопди, кейин қарағай дарахти ёнига сургаб келди. Узоқдан Каркидоннинг хириллаган овозини эшитиб, шошилди, энди чилвир эшишга вақти йўқ эди, олтин белбоғини ечиб, айиқни боғлаб қўйгач, ғорга қараб югурди.
Яна тонг отди. Каркидон айиқни еб кетган, чор-атрофга йўғон қўл-оёқ суяклари сочилган эди. Ботир ўғлон бу кечаси қарағай ёнида қолди. Тўлиб Ой чиқди. Каркидон ерни титратганча югуриб келди ва унинг оғир қалқонига зарб билан урилди. Ботир ўғлон қўлидаги олмос учли чўқмори билан унинг бошига чононам зарба бердики, Каркидоннинг бўғриққан кучли наъраси бутун ўрмонни ларзага келтирди. Фурсатни ғанимат билиб, қиличини қўлида маҳкам тутиб, орқаси билан чўккалаб қолган Каркидоннинг бошини кесди ва уни кўтариб, ортига қайтди.
Одамлар унга томон оқиб кела бошладилар. Уни “Ботир ўғлон” демадилар, “Ўғуз!” дедилар. Бу ном унга ярашди. Ҳар томондан: “Каркидон маҳв этилди, Ўғуз ботирга шарафлар бўлсин!” – деган ҳайқириқлар янгради.
Уйи олдида оломон уни ўраб олди.
Қабила оқсоқоли – йирик гавдали, узун оқсоч қария: “Ўғуз эл учун мардлик қилди. Энди уни Ўғуз эмас, Ўғуз ботир, деб атаймиз!” – деди. Шундан сўнг эл орасида Ўғуз ботир номи билан машҳур бўлди ва юртининг ҳар бир номдор гўзали унга ёр бўлишга интилди, лекин унинг талаби қаттиқ эди.
Отасининг сўзини икки қилди, кўнгил денгизларига сиёҳ тушиб, кўкарди.
Онаси Ой хоқон ойим: “Соябонимиз, муҳтарам отангизнинг сўзини икки қилганингиз яхши иш бўлмади, айтган қизларига уйланишингиз керак эди”, – деганидан сўнг орага совуқлик тушганини сезди. Нима қилсин, юракка буйруқ бериб бўлар эканми? Юрак – Кўкнинг яширин сандиғи. Юрак амрини бажаришга мажбур. “Сўзингни ҳақ билган қизни олгин”, – деб турди у. Қорахон ўз иниси Кўрхоннинг қизини олиб берди. Ўғуз дедики: “Оламни, сени ва бизни яратған бор. Анинг оти Оллоҳ турур. Ани бор билгил ва бир билгил, анинг буюрганидан ўзга ишни қилмагил!”
Қиз қош қайирди, Ботир полвоннинг ундан кўнгли қолди. Сўнг унга Ўзхоннинг катта қизини олиб бердилар. У ҳам қош қайирди, ундан ҳам кўнгли қолди ва унинг ҳам гўшангасига кирмади.
Орадан бир неча йил ўтди. Овдан қайтаётиб, дарё ёқасида ёлғиз ўтирган сулувни кўриб қолди: юзи қуёшдай товланар эди, кўзлари тиниқ кўкдан ҳам тоза, қорачиқлари ёз тунидек гўзал, лаблари қўш атиргул ғунчасидек қирмизи, садаф тишларининг оқлиги мусаффо тонг бошига ғавғо соларди. Унинг исмини сўраган эди: “Оламнинг улуғ йигити, танимадиларму?!” – деб кулди. Ботир полвон айланиб, ўргилиб қаради, яқинроқ келиб, жиддий разм солди: “Ўзхоннинг кенжа қизи-ку!”. Юраги уриб, ўзини билмай қолди, лекин сири ошкор бўлишидан чўчиб, ўзини тийди ва шу кундан бу пари қиз кўзига осмондаги ёлғиз тўлин Ойдек ягона, танҳо кўринди, дунёда ундан бошқа сулув йўқдек эди. “Танҳо, танҳо”, – деди ўзича ва телбасифат ҳолатда кечалари қизнинг уйи атрофида айланди.
Қиз нима дегани? Осмон ҳақи жавоб беринг! Шамоллар, сиз жавоб беринг!
Қиз – фаришта дегани, ноёб, нодир дегани.
Қиз деганими, иҳм, қиз – минг дард дегани!
Мўйлаблари сабза уриб, ишқ ҳидидан маст Ўғуз тоққа овга чиқиб, шамолларга дардини ёзди:
– Эй шамоллар, қалб роҳати учун соҳибжамол қизни топиш мумкин. Тан маҳрами учун ҳурлиқога асир бўлиш мумкин, аммо мен Тангрининг қули – Ўғуз сўзим, менга мусулмон маҳрам керак!
Шамоллар ўрмоннинг қалбига кирди, кийиклар ҳуркиб қочди, булбуллар жимиб қолди.
Ўғузхон қояда тик турар, ўрмондан қайтиб чиққан шамол унинг кўксини силай бошлади.
– Қиз дегани – оламнинг давомчиси!
– Қиз дегани – эрни эр қиладиган даҳо!
– Қизнинг яхшиси эрининг сўзига қулоқ солади, эри нима бўлса, у ҳам шу бўлади!
Ўғузга ана шундай садоқатли ёр керак!
Орадан кунлар, ҳафталар ўтган сайин, юрагидаги ишқ алангаси янада гуриллаб ёна бошлади, ҳаловатини йўқотиб, ўзини қўярга жой тополмай қолди ва билди, англадики, Тангри унга шу сулувни муносиб кўрди, энди ўзини ортиқ қийнаш нораво! Аммо “шундай париваш сўзимни икки қилса, не қиламан?” деган ташвиш билан қора косовдай қорайиб, ғамга ботди. “Ўйчи ўйини ўйлагунча, таваккалчи ишини битирибди”. У қизни истаб борди, қиз ҳам уни истаб чиқди, уфқдаги қуёшдек қизариб ерга қараб турганда, Ботир полвон сўз қотди:
– Отам менга икки қизни олиб берди, аммо уларнинг бирини ҳам севмайман, кўнглим йўқ, боз устига иккиси ҳам мусулмон бўлишни хоҳламади. Сен, сулувларнинг сулуви, барноларнинг барноси, сўзимни икки қилмай, мусулмон бўлсанг, сени тан маҳрами қилар эдим ўзимга.
Қизнинг жоду кўзларини ерга тикиб, майин табассум қилиши Ботир полвоннинг юрагини баттар ўртади, “бу ҳам қош қайирадими” деб яна чўчиди, аммо қиз:
– Сиз не десангиз – шу! – деган жавобни берди.
Буни эшитиб, йигитнинг боши кўкка етиб, кўкрагини Чағонруднинг ҳавоси билан сийлади.
Қорахон бу гапни эшитиб, дарҳол совчи жўнатди. Оламнинг барча чеккаларидан меҳмонлар чорлаб, катта тўй қилди ва қизни саройига келин қилиб туширди.
Ботир полвоннинг юзи ойдек тўлишиб, кўзига нур кирди, қиз билан бахтли яшай бошлади.
Қорахон сезгир одам эди, ҳар кимнинг қадам олишидан мақсадини анг­лар эди. Кўрдики, улуғ келин билан ўртанчасининг қовоғидан қор ёғади. Нима гаплигини сўролмай қийналди: эркак зоти келини ҳақида бировдан сўрашга ботинолмайди, у ҳам бу тўғрида бировга оғиз очишга ийманди ва Ботир полвон узоққа овга кетганда, бу сирнинг тагига етиш учун барча келинларини чорлаб, зиёфат берди. Аввал ўз тан маҳрамидан сўраган эди, “Буни мен билмайман, келинларингиздан сўрай қолинг”, деб изн берди. Қорахон минг истиҳолага борди, минг ўйлади, мушоҳада қилди ва охири, ҳукмдорнинг ўз фуқаросидан ҳар нарсани сўрашга, муаммони ҳал этишга ҳақи бор, деган қарорга келиб, Улуғ келинни қошига чорлади.
– Сизга бир саволим бор, ўнғайсиз бўлса, маъзур тутгайсиз, қизим, – деди истиҳолага бориб. Сўнг ўғлининг кичик келинга бўлган беҳад меҳри ҳақида сўради. Улуғ келин иккиланиб ўтирмай сирни очди:
– Улуғ ҳукмдорим мени маъзур тутгайлар, минг истиҳола этиб, сўрадингиз, ростини айтай: ўғлингиз мусулмон бўлган, бизни ҳам мусулмон бўласизлар, деган эди, кўнмадик. Кичик овсинимиз мусулмон бўлгани учун уни беҳад ҳурматда тутурлар!
Жаҳл булутлари оламни тутди, Қорахоннинг тепа сочи тикка бўлиб, ғазаби қўзғади, лекин ўзини босди. Ҳар қалай, Ботир полвон пушти камаридан бўлган. Аммо бу гап тезда элга ёйилиб, аркони давлат ларзага келди – беклар ғавғо отига миниб унинг қошига келдилар. Кимсан Қорахондек буюк ҳукмдор ҳам улкан сарой аҳли олдида танг қолди. Ўғлини деса, бутун давлатидан айрилади, давлатни деса, алп ўғлидан! Беклар бебош ўғилга жазо, деб ҳайқирдилар. Олам ларзага келиб, булутлар кўз ёш тўкди. Ноилож қолган Қорахон ўз ўғлига қарши уруш очишга тайёрлана бошлади.
Кичик келиннинг ишончли қули бор эди, кечаси уни яширин ҳолда саройдан чиқариб юборди. Қул ўқдай учиб, Ботир ҳузурига елдай етиб, уни хуфя воқеадан хабардор этиб, енгил тортди.
Ботир полвоннинг оппоқ оламига қора сиёҳ тўкилди, дили вайрон бўлиб, у ҳам икки ўт ўртасида қолди: отага қарши тиғ кўтарган ўғилдан ҳамма юз ўгиради.
Бу дардга не даво?
Донишманд Улуғ Турк унинг жонига оро кирди:
– Қаршингизда икки йўл турибди: ё ўлим, ё ҳаёт; отангиз эмас, сизнинг юрак амрингизга қарши ҳукмдор ғанимингиздир; у ҳукмдор сифатида мамлакат манфаати, деб сизга қарши тиғ кўтарди. Ҳукмдор ўз бекларига қарши боролмайди. Сиз ҳам ўз тарафдорларингизни чорланг!
Ботир полвон ўз тарафдорларига нома жўнатди, аммо кўп бекларнинг отаси томон ўтиб кетганини эшитиб, яна қайғуга ботиб, донишманд Улуғ Туркдан маслаҳат сўради. Донишманд:
– Сизни Тангри қўлласин, мендан эмас, мен ожиз бир бандаман, Яратганнинг ўзидан сўранг! – деди.
Жаннатнинг тўрт ариғидан бири – Чағонруд майин шовуллади, Ботир полвон қамишзор оралаб ўтиб, сув бўйига келди, муздек сувга ювиниб пок­ланди, оқ отини ҳам эринмай қашилаб ювди, кийим-бошини ҳам ча­йиб олиб, саксовулларга илиб чиқди, сўнг бўхчасидаги тоза кийимлардан олиб, кийинди ва чўкка тушиб, Яратганга илтижо қилди: “Эй, Тангрим, ўн саккиз минг оламни яратган ўзингсан, сенга сиғинаман, сенга илтижо қиламан, мен Ботир полвон, сенинг қулингман, ожиз, нотавон бандангман, ўзинг менга мадад бер, токи, бузилиб бораётган дунёни сенинг хоҳишинг билан тузатишга куч-қудратимни, умримни сарф этай!”
Кўкдан ёғду тушиб, уни заррин нур билан сийлади, улкан дарёнинг суви чайқалиб, майин эпкинлари ёнаётган юрагига малҳам берди.
Оллоҳ ўзи қўллайман, деганни қўллайди, қирқ йил қирғин бўлса-да, уни омон сақлайди. Кутилмаган томондан офтоб чиқди. Не кўз билан кўрсинларки, Қорахоннинг барча инилари мадад куч сифатида келишиб, унга қўшилишди. Ботир полвон уларни ҳар томонлама синаб кўрди: ораларига айғоқчи солиб, ўзини ёмонотлиқ кўрсатган эди, калласи кетишига оз қолди; бир гуруҳини душман томонга юбориб, ораларига яна айғоқчиларини солиб, ғанимга сотилишга кўндирмоқчи бўлганларида, одамларини кишанлаб, ҳузурларига олиб келдилар; Ботир полвон яна икки-уч марта тафтиш ўтказиб, уларнинг садоқатини кўриб, булар ўз аҳдларига қатъий, бир сўзли, ёпишқоқ кишилар экан, дея хурсанд бўлди ва толеси баланд бўлсин, дея уларга Уйғур деб ном берди. Уйғур ёпишқоқ, дегани. Улар Ўғуз атрофида маҳкам жипслашиб, ёпишиб турдилар.
Қорахон уруш бошлади. Ноҳақ қилич кўтарган ажалидан бурун ўлади. Кимдир отган ўқ унинг бошини яралаб, ҳушидан айирди. Уни жанг майдонидан олиб чиқиб, ярасига малҳам боғладилар. Кўзини очгач, ўғлини сўради. “Омон, омон!” – дедилар тилларини тишлаб. Ҳукмдор атрофида икки-уч содиқ беклари турганини кўриб, аскарларининг тариқ донидай сочилиб кетганини сезди, сезди-ю, енгил тортди.
– Мен ота сингари эмас, тахт соҳиби сифатида ўз шаънимни ҳимоя қилдим, Ботир полвонни ўрнимга хон қилиб кўтаринглар, у бир сўзли, мард, ботир, жуда эзгусевар йигит, одамзодга кўп яхшиликлар келтиришга қодир инсон! Ундан ажойиб ҳукмдор чиқади! – деди.
Ҳамма изза-изза йиғлади. Қорахон буғилиб нафас олди ва:
– Ўғлимга айтинглар, фарзанд сифатида мени кечирсин! Мен яна айтаман, у билан муносиб ҳукмдор сифатида жанг қилдим! Унинг ғолиб келганидан жуда мамнунман! – деди ва жон берди.
Қуёш юзини тескари бурди, дарёлар тўлиб оқди, водийлар яшилликка бурканди.
Ўшанда… отасининг сўзларини эшитиб, беҳол бўлди, булбул навоси ҳам қулоғига қари эшак ҳанграшидек беўхшов эшитилиб, энсасини қотирди.
– Эшитмадим деманглар, эшитганлар дармонда, эшитмаганлар армонда! Қурултой Ботир полвонни тахтга муносиб кўрди! Энди у Ботир тангриқутдир!
Хушхабарни қанотига олган гуррос шамоллар Дунёнинг тўрт қутбини айланиб чиқди.
– Бизнинг байроғимизда Кўк бўри расми бўлур!
– Нега Кўк бўри?
– Ўрмонга қаранглар, нега унинг ҳавоси бузилиб кетмайди? Ҳар йили қанча даррранда-парранда, ҳайвон ўлади, ўрмон ўлаксага тўлиб кетади. Хўш, ана айтинг, ким тозалайди улкан ўрмонни?! Бўри эмасми? Биз ҳам дунёни ёмонлардан тозалаб, бинойидек яшашлари учун Тангрининг бандаларига шарт-шароит яратамиз. Тангри биз учун шундай кенг дунёни, бепоён ҳудудларни, дарёларни, боғ-роғларни яратиб қуйибди. Оламни обод этиб яшаш – бурчимиз, вазифамиз. Агар биз Яратганнинг буюрганларини бажармай, ўз билганимизча яшасак, яна қиёмат-қойим бўлади, одамзод яна ҳалокатга учрайди. Биздан олдин Эгамга бўйсунмагани учун Нуҳ қавми тўфон балосига гирифтор этилди. Мен Тангрининг қули – Ботир тангриқут отим, доно элчиларим орқали жўнатаётган “Баённома”мда қайд этаманки, Ер юзининг тўрт бурчаги хоқони сифатида барча менга бўйин эгишини буюраман; ким менинг амримга бўйсунса, совға-саломи билан келса, ўзимга дўст деб биламан, кимки амримга итоат этишдан бўйин товласа, ўзимга душман тутаман ва шиддат билан бостириб бориб, ундай бузғунчининг жазосини бераман!
Юзларида нур балқиган олиҳиммат элчилар янги замон нафаси уфуриб турган “Баённома”ни нозик қўлларига олган заҳоти, шамолдек елиб, қиру адир, тоғу тош кезиб, белгиланган манзилларга етдилар: яшил майсаларнинг юзларида аҳду паймон, инсоф, адолат нурлари қўнди, офтоб чарақлаб турди, дарёлар майин шовуллаб, одамзодни бирлашаётгани билан қутлади. Шу пайтгача дунё ўз бошида қолди, ҳар бир қабила, уруғ ўз билганича яшайди, тирикликнинг бўлгани шу экан, бирликда яшаб бўлмайди, деганлар тилларини тишладилар: ҳумо қушларининг қанотларида “дунё битта, унда мақсад ҳам битта бўлади”, деган сўзлар осмоннинг мовий кўзларида акс этиб, катта-кичик дарёлар, уммонларнинг шиша каби ялтираган юзларида мавжланиб кўзга ташланди. “Эҳ-ҳе-ҳей, эшитмадим деманглар, Ўғузхон оламни тартибга келтирди, дунё араваси тўрт томонга тортилмайди, ҳамма бирликда яшайди, Ер битта, уни асраш, унда тинч, осойишта яшаш, биргаликда кун кечириш барчанинг вазифасидир!”
Қизларнинг жарангдор кулгилари ошуфта йигитларнинг ташна кўнгилларига ишқ туйғуларини солиб, ширин жонларини қитиқлади.
Дунёнинг ўнг томонида Олтин хоқон ҳукмдор эди. Элчилари орқали Ботир тангриқутнинг амрига бўйсунганини маълум қилиб, олтин-кумуш, ёқутлар, турли хилдаги қимматбаҳо дурлар ҳадя қилиб, совға-саломлар юборди ва у билан дўстлашди.
Улуғ Турк унинг ҳузурига бош уриб кирди:
– Тушимда Хизр алайҳиссаломни кўрдим. У зот: “Ботир тангриқутга янги ном берамиз. Номи Ўқузхон бўлади. Ўқ – ернинг мустаҳкам илдиз ўқи; уз – ягона демакдир; Хон – улуғлик мартабаси!” – деди. Ўрнимдан туриб, дарҳол покландим. Тангрига шукрона айтиб, сенинг ҳузурингга елдим, ҳукмдорим!
Ботир тангриқут ўйга толди. Эл нима дейди, дунёнинг тўрт бурчидаги ҳукмдорлар ўзига ном танлаб олибди, дейишмайдими?!
Улуғ Турк яна унинг жонига оро кирди:
– Элнинг оқсоқолларини чорлаб, маслаҳат солинг! – деди.
Бир неча кундан сўнг қирқ қўй қурбонлик қилиниб, элга ош берилди ва Улуғ Турк оқсоқолларнинг кўнглига қўл солди:
– Дунё яхшилик томонга юз бурмоқда, улуғ Ботир тангриқут бу йўлда барчамизга бош бўлади.
– Бош бўлади! Бош бўлади! – деди ҳамма.
Улуғ Турк унинг янги номи ҳақида сўз очган эди, оқсоқоллар ўйланиб қолишди.
Ботир тангриқутнинг нафаси ичига тушиб: “Шу машваратни беҳуда чақирдим, бошимга ғалва орттирмасайдим”, – дея таҳликага тушди.
Оқсоқоллар ўзаро шивирлашдилар ва бироздан сўнг: “Улуғ Ботир тангри­қутга янги ном муборак бўлсин, Ўқузхон оламнинг бахт-иқболини тилаймиз!” – дея уни оқ кигизга солиб, Ўрта атрофидан етти карра айлантирдилар.
Эл Ўрта атрофига оқиб келди, гўё дарё оқди: ясан-тусан кийинган болалар лолақизғалдоқлар каби кенг майдонни қип-қизил гулга ўради.
Жарчиларнинг овозлари тоғ бошларигача садо берди:
– Эшитмадим деманглар, ҳе-ҳе-ҳей! Ботир тангриқутга Ўқузхон деган юксак ном берилди. Энди у Яратганнинг Ердаги сояси, бутун оламни бирлаштирувчи ягона ҳукмдор-р-рдир!
Барча:
– Ўғузхонга шарафлар бўлсин! – деб қичқирди.
Оқсоқоллар:
– Майли, шундай бўла қолсин, эл уни Ўғузхон, деб танисин! – дейишди.
Ўғузхон енгил нафас олди ва бир йил ичида дунёнинг кўпдан-кўп қабила сардорлари, бошлиқлари, беклари унинг қаноти остига бирлашдилар.
Аммо орадан етти йил ўтиб, Сўл томондаги Музтоғдан қора булутлар бостириб келди. Сўл томоннинг ҳукмдори фитначи ва қайсар, золим Урум эди. Шаҳарлари ҳам, аскарлари ҳам кўп эди. Уни енгиш қийин дер эдилар.
Ўшанда Урум калласини ишлатганда, бугун улуғ Қурултойда қўр тўкиб ўтирган бўларди.
Эсида, ҳаммаси эсида.
Эрта тонгда тўшакдан оғир турди, боши оғриб, кўзлари тиниб, ўзини беҳол сезди. “Яхши гапга бўйсунмади, бу қанақа одам ўзи, бир золимни деб минглаб бегуноҳ алплар ер тишлайдими энди!” – дея ўйланиб қолди.
Донишманд Улуғ Турк унинг қанотига кирди:
– Улуғ хоқоним, қайғуга ботманг, бу дунёда беш қўл баробар эмас, ҳамма ҳам Олтин хоқондек бўлолмайди. Урум – золим ҳукмдор, “бирлашган ўзар, бирлашмаган тўзар” деган ҳикматни эшитмаган кўринади. Бу дунёда золим ҳамиша ўз бошига етган. Сизга Тангри мададкор бўлишига ишонаман. Тангри йўлида аскарларни жангга ҳозирланг, золимни ер тишлатамиз!
Ўғузхоннинг қаноти тўрт бўлиб, юрагига қувват кириб, руҳи кўтарилиб, кўзлари чароғон ёришди ва бу кечаси бамайлихотир ётиб ухлади. Эрта тонгда Ўрдусига оппоқ ёғду тушди ва унинг ичидан кўк тукли, кўк ёлли эркак бўри чиқиб келди ва одам тилида: “Эй, Ўғуз, Урум устига юриш қил. Лашкаринг олдида ўзим бораман!” – деди.
Тушимиди, ўнгимиди? Ўғузхоннинг кўзлари тиниб, боши айланди.
Итил дарёси ёзда тўлиб оқди, қишда эса тарашадек қотди. Ўғузхон катта қўшин билан бориб, ўрмонга кирди ва ўша ерда Ўрта тикиб, қишлади. Кечалари режа тузди, кундузлари овга чиқди, баҳор келиб, илиқ-милиқ кунлар бошлангач, Ўртасини йиғиштирди ва Урум устига юрди. Отини жадал ҳайдаб, қўшин олдига етгач, лашкарни бошлаб кетаётган кўк тукли, кўк ёлли бўрини кўриб, “Рост экан бу гап!” деди ва ғалаба ҳидини сезиб, отига:
– Чу, жонивор, биз албатта ғалаба қозонамиз! – деди ишонч билан.
Икки томон лашкари бир неча кун юзма-юз турди. Ўғузхон элчи жўнатди.
– Урум, ўйлаб кўр, жангдан фойда йўқ, кел бирлашиб, дунёни обод этамиз! – деди. Урум унинг элчисини қатл этди.
Улуғ Турк донишманд:
– Урум беўйлов экан! – деди.
Кечаси Ой тўлишиб чиқиб, оламни мунаввар айлади, сергак қоровулларнинг хавотир тўла кўзлари ёнарқуртдек йилт-йилт кўзга ташланади, қилт этган шамол йўқ, одамзод ер юзидан кўчиб кетгандек, атроф жим-жит олам сукунат қўйнида. Кўк тукли, кўк ёлли Бўрининг ўнг томондаги қир устига чиқиб борганини ҳеч ким кўрмади, Ой уни қаршилагандек пастлаб келди ва ана шунда, Бўрининг овози ўрмоннинг қўйнига, лашкарларнинг қулоқларига сирғалиб кириб, кўзларидан уйқуни, фикр оламларидан хавотирни суғуриб олди: овози аллақандай ўзгача эди, уни нола ҳам, улиш ҳам, деб бўлмасди, муножотга яқин оҳанг, деса бўларди.
Ўғузхон улкан, маҳобатли оқ чодирида мудроқ ўтирган эди, Бўрининг сеҳрли овозини эшитиб, у ҳам ҳайрат олами қўйнида хаёлга ботди: нечун Бўри одам тилини билади-ю, тўлишган Ойга қараб, ўз тилида сўйлайди?! Бунинг сири нимада?! Нега айнан Ой тўлишган пайтда унга қараб муножот айтади?! Нималар дейди, нималар сўрайди?! Яратганга айтгин, Ўғузхондан мададини аямасин, демоқдами?
Тонг саломсиз кириб келди, эри урушга кетаётган келинчакдек аразда ва ғамда эди. Бурғулар олам тинчини бузган чоғда, тун пардасини очиб, ранги ўчган ҳолда оламга ғамгин боқди.
Итил дарёси бўйидаги ўрмон ёнида лашкарлар тўқнашди, яшил майсалар оёқ остида топталди, қон дарё бўлиб оқди.
Ўқлар визиллаб учди, қиличларнинг жаранги қовоғи солиқ осмоннинг кўксини тилди, гурзилар ерни ларзага солди. Ўғузхоннинг ботирлари Урумнинг чаёндек вижирлаган ҳадсиз лашкари патини тўзғитиб юбордилар. О, бечора Урум! Ғалаба лашкарнинг кўплиги билан эмас, Яратганнинг мадади, бандасининг адолати билан қўлга киритилади. Хом сут эмган банда: ўзига бино қўйган кимсани Худо асло хушламайди. Ер тишладинг ва шармандаларча қочдинг!
Ўғузхон кўк тукли, кўк ёлли Бўрини қидирди, лекин ҳеч жойдан тополмади. Ўнг томондаги адирга чиқиб, Тангрига шукроналар айтди ва шундан сўнггина уйига қайтди. Эҳ, Урум, Урум! Ўзинг-ку, бирор тор туйнукка кириб, жон сақлаб қолгандирсан, лекин сенга ишонган қабилангга нима дейсан?! Ҳар бир шаҳид кетган навкарингнинг ота-онасига, тул қолган беваларга қай юз билан боқасан?! Шунча қон оқизиб, нима лаззат топдинг?! Энди ким ёмон, Ўғузхонми?! Йўқ, Ўғузхон шундай ҳукмдор бўладики, дунё­да ҳеч бир эл, ҳеч бир кимса бундай ғариб ҳолга тушмайди. Барча элларга бирликни, яхшиликни раво кўради. Орадан минг йиллар ўтса ҳам, келажак авлод унинг номини эзгу сўз билан тилга олади.

* * *

Ўғузхон ҳозиргина ювиниб чиқди, танаси покизаланиб енгил тортди, лекин юраги безовта. Хобхонага кириб, юмшоқ ўринга чўзилган заҳоти хаёли қочиб, кўз олдида кенг қора ўрмон ва улкан Каркидон жонланди. Режа, режа, режалар! Режасиз одам – натижасиз одам. Режаси иш бериб, Каркидонни енгган эди, шундан сўнг ҳар бир ишни пухта режа билан амалга ошира борди. Энди, эҳ, бу Қурултой – сўнггиси, умр кемаси тириклик қирғоғига яқин қолди. Ақли бор одам жон қуши кўкрак қафасини тарк этмасдан бурун этагини йиғиштиради, мамлакатимни фарзандларимга, авлодларимга бўлиб берай, токи уларнинг ҳар бири қўл остидаги элни рози қилиб, адолат билан бошқарсинлар; ёрлиғ берайким, жасадимни Чағонруднинг остига қўйсинлар, токи қилча гуноҳим бўлса, Жаннат ариғи дунё тургунча ювиб турсин, чин дунёга гуноҳлар билан кириш қийин.
Енгил оёқ шарпаси унинг қулоқларини силади ва ҳаял ўтмай хушбўй ҳид қалбини юмшатди, у тамшаниб эшик томонга қаради: ҳарир оқ кўйлакда Ой қоғон ойим енгил сузиб келаётган эди.
– Уйғоқмисиз, ҳукмдорим?
– Одам қаригач, уйқуси қочар экан. Келганингиз яхши бўлди, бироз суҳбатга майлим бор.
Эшик олдида гуриллаб ёнаётган мис ўчоқдаги оловнинг шуъласи ичкарини ёритиб турар, кўкда Ой ҳам тўлиб чиққан, чор-атрофда сергак турган қоровулларнинг совутлари, қиличлари, қўлларидаги найзаларининг темир учлари ялтиллаб кўзга ташланади.
Ой хоқон ойим эрининг аввалги шашти қолмаганини сезди, неча кундирки, танасидаги ҳарорат ҳам пасайган, бу кунларда камгап бўлиб қолди.
Ўғузхон гавдасини кўтарди, шу ҳолда ҳам ҳурмат бажо келтирмоқчи. Дунёда бундай яхши эркак бошқа топилмаса керак.
– Қўзғалманг, ҳукмдорим, менга жуда кўп ҳурмат кўрсатдингиз. Умр бўйи сиздан бир оғиз ҳам ёмон сўз эшитмадим.
– Мендан рози бўлинг, онаси!
– Нечун бунчалик руҳингиз тушди, ҳукмдорим? Ҳали олдинда қанча тўйлар бор.
– Инсон бу дунёда меҳмондек бир хилқат, ўлимни ҳар лаҳза ўйлаши керак. Чунки ҳеч ким қачон ўлишини билмайди, аммо ғофил банда, сўнгги нафас олиб турса-да, ҳали ўлмайман, дея ўзини ишонтиради, лекин ўлим кутиб турмайди. Сўнгги Қурултойимни ўтказиб олгунимча Ҳақ таоло жонимни олмай турсин, деб оёғимни тираб турибман.
– Ҳали сиз кўп яшайсиз, ҳукмдорим! Насиб этиб, эртага Қурултойни ўтказиб олсангиз, сиз билан Тангритоғ томонларга кетиб, қолган умримизни гулга безаб ўтказамиз, деб ният қилдим.
– Ниятингиз олий, онаси!
– Сиз ҳам шу ниятдамисиз? Қандай яхши, ҳукмдорим! Бир умр ҳар куни ёнимда бўлишингизни соғинганман.
Арава ғилдиракларининг овози уларнинг суҳбатини бўлди.

* * *
Майин шамол унинг улуғвор юзини силаб ўтиб, қирра бурни остида ўйнади, арава ғилдираклари “қанғ-қанғ” овоз чиқариб ғижирларкан, кўнглига Чурчитлар билан бўлган жанг сурони ғалаба нашидаси ҳидини солди. Ўшандами? Ўшанда, Чурчитлар юртининг экин ўсмайдиган бир четида юрт тикмоқни истади. Лашкар дам олсин, деди. Лекин Чурчит хоқон бахиллик қилди, ҳатто шу бир парча тошлоқ ерини ҳам ундан қизғанди. Ўзи Худо берган хоқон эди: йилқи, чорваси кўп беҳисоб, олтин-кумушлари кўп эди. Топгани ортиқ бўлса-да, лекин шунча бойлигини Ватанининг бир парча тошлоқ ерига алишмас эди.
– Эй, Улуғ Ўғуз хоқон, сен ҳар қанча буюк бўлсанг ҳам, ҳар қанча қудратли ва тенгсиз бўлсанг ҳам, мамлакатимга лашкар тортиб келдингми, сенга қарши урушга чиқаман, – деди ва ота юрти оқини оқлади – қилич кўтариб жангга кирди. Енгилишини ҳам биларди. “Майли, шу тошлоқ ер сеники бўла қолсин!” – дея тилёғмачилик қилиши ҳам мумкин эди, аммо у бундай қилмади. У ўз мамлакатининг чин аскари, мард ҳукмдори эди. Эй, Чурчит хоқон, гарчи сен ер қўпиб, енгилган бўлсанг-да, менинг олдимда ҳурматинг баланд. Мен, Тангрининг қули, Улуғ хоқон, дунё ҳукмдори – Ўғузхон номим билан айтаманки, сендай мардлар ўлмайди. Гарчи менга душман бўлсанг-да, бу кун – Қурултой арафасида, Эгам ҳузурига кетиш олдидан буюк номингни ҳурмат билан тилга олаяпман!
Чурчит хоқон лашкаридан бой ўлжа олинди. Мол-мулк шунчалик кўп эдики, навкар ташиб улгурмади. Ҳар навкар ўнлаб отларга юк ортиб, ўлжадан кўзи тўйди. “Бас, етти пуштимга етадиган ўлжа тўпладим, қолгани қолсин”, – деганлар бўлди. Ўғузхоннинг боши қотди. Худойим берган шунча мол-мулк увол бўладими?!
Майин шамол эсиб, “қанғ-қанғ” овоз қулоғи остида садо берди. Бу ҳалиги… бу ҳалиги, Бармоқлик Йўссин Биллик… серсоч, қорақош, бўйни йўғон, истараси иссиқ уста. Нечундир усталарнинг истаралари иссиқ бўлади-я! Нечун? Бу ҳам бир сийловмикин?! Ҳа, ҳа, чиндан ҳам сийлов. Яхши сийлов. Яратганнинг яхши бандаларига берган неъмати. Ўшанда устанинг қуюқ қора қошлари остидаги ер ўпиб турган кўзлари, ёноқларидаги анорранг жило, хушбичим лабларидаги ним табассум унга ёқди. Назокат ва одоб билан қўл қовуштириб, таъзимда тургани ҳам кўнглига ўтирди. Ортида баҳайбат, филдек улкан арава турарди. Унга дев отлар қўшилган эди, улкан ғилдираклар ҳаракатланганда “қанғ-қанғ” овоз чиқарар эди. Устига одам бўйидан икки баравар юк ортилган эди. Уста яна таъзимга борди ва:
– Буни сиз ҳукмдорим учун ясадим, – деди.
– Қуллуқ, уста, қўлинг дард кўрмасин! – дегани ҳам эсида. Сўнг: – Тила тилагингни! – деб сўради.
Уста дедики:
– Сиз Улуғ хоқонимга садоқат билан хизмат қилишдан бошқа муддаом йўқ!
Ҳукмдорда ҳам юрак бор, қалб деган олам бор. Қалб осмонига офтоб чарақлаб чиқди. Бу қандай мўъжизакор устаки, юз от кўтарадиган юкни бир аравага жо этибди. Яратган ўз бандасини шунчалик яхши кўрар экан-да, ҳатто отларга ҳам жабр бўлмасин, дебди-да. Энди бу кундан бошлаб, инсон арава билан оғирини енгил қилади. Эй уста, Яратганнинг хоҳиши, истаги сен орқали одамзодга етказилди. Сен буюк устасан. Бу араванг ҳали одамзодга кўп наф келтиради. Мен сени шарафлайман ва миннатингни бошим устига қўяман. Тангри номи билан айтаманки, Бармоқлиғ Йўссин Биллик уста ҳар қанча эъзозга лойиқдир. Унга бир жуфт энг сара от, олтин қошли эгар-жабдуқ, энг сара кийимлар, энг сара ўтов ва ўн нафар хизматкор берилсин. Эй уста, сен менинг энди доимо шарафимда бўласан!

* * *

Ой хоқон ойим эрига халақит бермоқчи эмас, ташқари чиқиб, ўз юмушларини бажаргани яхши, ҳали замон саройга меҳмон зоти ёпирилиб келади. Эрининг шундоқ ҳам ташвиши бошидан ошиб ётибди, тез-тез чуқур ўйга ботиб қолганидан билса бўлади, балки тишини-тишига қўйиб чидаб тургандир, ҳар қалай, эр дегани суюкли аёлини хафа қилишга ботинмайди.
Хабарчининг овози унинг диққатини тортди:
– Ўғилларингиз соғ-саломат қайтиб келишди!
Ўғузхон илҳақ ташқари қаради:
– Қурултой олдидан фарзандларим билан гаплашсам деган орзуда эдим! Уларнинг арзини тингламасдан туриб, бир қарорга келиб бўлмайди! Не-не буюк ҳукмдорлар ноқобил фарзандлари туфайли азият чекканлар, давлатлари таназзулга юз тутиб, хоклари ғанимларининг чиркин оёқлари остида топталган, хўрланган!
Ой хоқон ойим эрини тинчлантиришга уринди:
– Сиз доно отасиз, фарзандларингиз ҳам шунга яраша! Уларга ишонсангиз бўлади!
– Сиз уларга шунчалик ишонч билан баҳо бераётган экансиз, нечун сўзларингиздан мамнун бўлмаслигим керак? Чақиринг уларни ҳузуримга! Ҳар бирини соғинганман!
Ҳаммадан аввал тўнғич фарзанд Кун ботир таъзимга келди. У отасининг айнан ўзи эди: бели бўриникидек, кўкси айиқники, фақат юзи ним кўкранг эмас, ойранг ҳам эмас, буғдойранг эди, мисоли ой ёруғида товланган олтин баркашдек эди. У кела солиб, отасининг оёқларига бошини қўйди:
– Жоним ҳам, бошим ҳам сизники, отажон!
Ундан мамнун бўлган Ўғузхон:
– Ҳимматингизга тасанно! – дея жилмайди.
Кун ботир олтин ёйни отасининг олдига қўйди:
– Йўлдан шуни топдик, ҳукмдорим!
Ўғузхоннинг кўзлари кулиб, боши мағрур кўтарилди, олтин ўқни қўлига олиб, кўзига суртди ва уни уч бўлакка бўлиб, учала ўғлига узатди:
– Олинглар буни! Олтин ёйдек учқур бўлинглар!
Ой ботир гурс-гурс қадам босиб кирганда, олтин шамдонларгача нурланди. У ниҳоятда бўйчан, қўллари узун, бургут кўз, ёноқлари оловранг, қарашлари маънили эди. У отасининг бағрига сингиди:
– Танангизга қувват, кўзингизга нур бўлай, отажон!
Ўғузхон ундан таралаётган хушбўй ҳиддан лаззатланди, ақлли, вафоли, доно фарзандни кўрганда, қайси ота ғурурланмайди? Ўғузхон бўйи бир газ ўсиб, роҳатланганча нафас олди.
Юлдуз ботир онасининг ўзи эди, кулча юзидан, ҳатто сабза мўйловидан ёғду таралар эди. У кела солиб, отасининг юзидан чўлп-чўлп ўпди ва:
– Сизни жуда соғиндим, отажон! – деди кулиб.
Ўғузхоннинг етмиш томири ҳам роҳатланиб, ором олди. У бу яқин орада бундай лаззатланмаган эди.
Ундан сўнг қорамағиз Кўк ботир, паҳлавон келбат Тоғ ботир ва қисиқ кўз, анча қув ва қатъий нигоҳли кенжа Тенгиз ботир таъзим билан кириб, оталари билан юз кўришдилар.
Ой ботир отасининг олдига уч кумуш ўқни қўйди.
– Ўқлар сизларга бўлсин! Ёй ўқни отади. Сизлар шу кумуш ўқлардек бўлинглар!
Олтовлон ботир ўғил етти бора таъзим қилди. Она севинди, ота суюнди, атрофда турганлар: “Офарин!” – деди.
Ўғузхон қаддини тик тутди, юраги қувватга тўлиб, ўзини ёш йигитдек сезди:
– Мард, ботир полвонларим! Мен ҳар бирингиз билан фахрланаман. Одам Ота, Момо Ҳаво замонидан бери одамзод кўпайиб, майда-майда уруғ-қабиларга бўлиниб, Ерни ўз билганларича бошқараётган эдилар. Низолар кўп эди, ҳатто ҳайвонлар ҳам ўзбошимчалик билан қириб битирилаётган, сув ҳам, табиат ҳам ифлосланаётган эди. Кўк Тангриси тартибни хуш кўради. Одамзод шу зайлда кетса, инқирозга юз тутиши аниқ эди. Мен умримни инсоннинг бирлиги ва адолати учун сарф этдим. Кун чиқишдан кун ботаргача бутун дунёни бирлаштириб, улкан салтанат туздим, аммо, нима қилайки, мен ҳам бир оддий одамман, кучим кетиб, кўзимда нур камайиб, умрим кемаси ҳам ўз қирғоғига яқинлашмоқда. Паҳлавонларим, одамнинг бу эшикдан кириб, у эшикдан чиқиб кетиши янгилик эмас. Тўйда билинмайди, аммо азада билинади. Жон қушим кўкрагимни тарк этса, ортиқча ҳаяжонга тушманглар, йиғи-сиғини кам қилинг, батартиб ҳолда мени сўнгги манзилга кузатинглар-да, ўз ишларингизга пухта бўлинглар, чунки дунё дегани илон-чаёнга тўла олтин хумга ўхшайди. Доимо эҳтиёт бўлинглар: тахтда ўтирганингизда, атрофингиздаги бекларга тишингизнинг оқини кўрсатманг, уларнинг ҳар бир ҳаракатини кўздан қочирманг, элга, етим-есирга, ҳатто чўпонга ҳам меҳр бера олинг, улар сизни ва давлатни боқадилар; аёллар билан муомалада жуда эҳтиёт бўлинг, ғазаб қилмангки, уларнинг бирига нина учини тегизсангиз, тоғдек тошни бошингизга ота­ди. Қурултойда эълон қиламан, яъни­ким дунёнинг ўзингизга тегишли жойларини ҳимоянгизга бераман. Ҳар бир дарахтни иссиқ-совуқдан, дўл-ёмғирдан, қор-бўрондан сақлаш вазифангиздир. Бир-бирингиз билан аҳил бўлинг, ғанимлар сиздан кир тополмасинлар! Уқдингларми, фарзандларим?
Саройга эрта баҳор шабадаси кириб, юракларни силади, кўкда камалак чиқиб, узоқлардан болаларнинг шўх-шодон қийқириқлари эшитилди, от кишнади, туйнуклардан, кенг даразалардан оппоқ ёғду тушиб, кўзларни қамаштирди.
Кун ботир ўнг тиззасини ерга қўйиб, ўнг қўлини чап кўкрагига босиб, таъзим қилди:
– Мен Тангрининг қули, сиздек улуғ отанинг тўнғич ўғли, сўзим будирким, ўла-ўлгунимча панд-насиҳатларингизга содиқ қолурман!
Бу гапдан хурсанд бўлган Ўғузхон қариб-қартайганини, кучдан қолиб, эрта-индин чин дунёга равона бўлишини ҳам унутди.
– Сен туғилганда, ўғлим, оламга сиғмаган эдим. Тангримдан сўрайманки, сенга узоқ умр берсин. Бир кипригингга дунё бойлигини алмашмасман, қошингнинг бир тукига минг ўрмон арзимас! Сен мен учун ана шундай суюк­лисан. Бош фарзанд оқил чиқса, оила мустаҳкам бўлади. Укаларинг ҳам сен каби мард ва олижанобдирлар! Тўғрими сўзим, қани айтинглар, жигарларим!
Ой ботир, Юлдуз ботир, Кўк ботир, Тоғ ботир, Тенгиз ботир бараварига таъзимга эгилдилар.
Ўғузхон ширин хаёлга берилиб, ўша – фарзандларига тўй бергандан сўнгги кунларини эслади. Ўшанда қирқ курси ноз-неъматга тўлди, дошқозонларда овқатлар биқирлаб қайнаб, ҳароратли ҳидлар узоқларга таралди, шароблар, қимизлар тўкиб ташланди; еб-ичиб, ўйин-кулги қилишиб, шод-хуррам бўлдилар.
Ўша куни болаларнинг момолари:
– Фарзандларингизнинг ҳар бири ўзингизга муносиб, жуда оқил, доно болалар! – дея унинг кўнглини кўтаришди.
Ўғузхон бу гап билан қониқмай, болаларини ўзи бирма-бир имтиҳон қилди:
– Қани, тўнғичим, алп фарзандим, Кун ботир, сен айт-чи, эрта саҳарда ўзингга дўст тутадиган уч овоз қайси?
Момолар сергак тортишди, донишманд отахонлар соқолларини силашди.
Кун ботир ўнг қўлини кўксига қўйиб таъзим қилгач:
– Биринчиси – саҳармардондаги хўрознинг овози, иккинчиси – Оллоҳ таолонинг буюрган фарзларни такрорлаш, учинчиси – мураббийлардан панд-насиҳат эшитиш! – деб жавоб қилди.
Ўғузхон мамнун кулимсиради ва:
– Нечун аввало хўрознинг овозини тилга олдинг? – дея унга синовчан назар солди.
Кун ботир:
– Эрта туришда хўроз мендан зийрак бўлмасин, дейман, отажон! – деди янгроқ, ширали овозда.
Ҳамма шод кулиб юборди. Навбат Ой ботирга келгач, яна ҳамма сергак тортди. Ўғузхон унга бир савол берди:
– Маърифатнинг чегарасини билурсенму?
Ой ботир дадил туриб:
– Қошингизда таъзимдаман, отажон. Бу саволингизга донишмандлар сўзи билан жавоб берурман. Улар айтмишким, маърифатнинг чегараси нафсдан холи бўлмоқдир, – дея жавоб қилди.
– Балли, балли! – деди Ўғузхон хурсанд бўлиб.
Ой ботир таъзим қилганча жойига бориб ўтирди.
Юлдуз ботирга бутун само парвона қаради. Ўғузхон ҳам унинг нурли юзидан баҳра олди:
– Қани, улуғим, айтинг-чи, одамнинг қалбини нима бузади?
Юлдуз ботир ҳам:
– Донишмандлар сўзи билан жавоб берурманки, одамнинг қалбини таъма бузади! – дея дадил жавоб қилди. Ҳамма: “Офарин”, – деди.
Кўк ботир таъзимда турган эди, Ўғузхон:
– Қани айт-чи, ботирим, касал одам ким? – деб савол берган эди, у қош кўтармай:
– Донишмандлар айтмишким, нодон, жоҳил кимсалар оғир хаста ҳисобланадилар, олиму фузалолар уларнинг табибидурлар, аммо нодон олимлар бунга қодир эмаслар! – дея жавоб қилган эди ўшанда.
…Ўғузхон анча хаёл суриб, сукутга кетганини сезиб, қаддини ростлади-да:
– Қурултой олдидан ҳар бирингиз сўзимни яхшилаб ўқиб олинг: ер бизнинг мулкимиз бўлолмайди, у Худонинг бизларга вақтинчалик неъмати, ундаги беҳисоб бойлик ҳам яшашимиз учун бир восита, холос, – деди. Кўзингиз ҳамиша тўқ бўлсин, элингизнинг тинчлиги, фаровон яшаши учун керак бўлса, жонингизни ҳам аяманг: ғанимларга тишингизнинг оқини кўрсатманг, дўст билан душманни ажрата билинг, бузуқликдан эҳтиёт бўлинг, тупроқни покиза сақланг, сувга чиқинди ташлаганларни қаттиқ жазоланг, заифаларни ғаддорлардан ҳимоя қилинг, болаларни асранг, у сизнинг эртангиздир! Ҳамиша донолар билан бамаслаҳат иш кўринг, охирги айтар сўз ва хулоса сизники бўлсин! Уқдингизми?
Фарзандлар таъзимга бош эгдилар.
Ўғузхоннинг нафаси қисилди. Бу кунларга осон етиб келган эмас, не-не бебошлар билан сўқишди, не-не жангу жадалларни кўрмади, қийинчиликлардан қўрқмади, ёвлардан чўчимади, ўлимнинг совуқ башарасига тик боқиб, олға интилди: шунча заҳмат, шунча меҳнат билан дунёни бирлаштирди, одамзод ҳаётида илк бор дунёда ягона ҳукмронликни ўрнатди, неча ўн йилларким, оламнинг тўрт тарафидаги ҳокимлар унинг амрига қулоқ соладилар, фарзандлари улкан давлатни унингдек эплаб бошқара олармикинлар?! Урумлар пайт пойлашаётганини билармикинлар?!
Урум, Урум!
Унинг бир қариндоши бор эди. Оти Ўрусбек эди, эл, элатини, мустаҳкам қўрғонини ўғлига қолдирган эди. Ўғузхон ундан хавфсираб юрарди. Ўрусбекнинг: “Кент қўрғонини сақлаб қол!” – деб айтган панд-насиҳатларидан хабардор эди. Ўғли отасининг васиятига амал қилади. Бу аниқ. Амал қиладими, демак, қаттиқ қаршилик кўрсатиши тайин. Оёғингга зирапча кирса, дарҳол олиб ташла, акс ҳолда маддалаб, ҳалокатга олиб бориши мумкин. Тумшуғинг остида ғаним бор экан, эҳтиёт бўлмасанг, гулзорингни бир кун пайҳон қилади.
Яна гуррос шамоллар эсиб, қора булутлар кўкнинг юзини тўсди. Довуллар чалиниб, оламни ғавғо тутди.
Ўғузхон ғаним томонга донишмандларини жўнатди:
– Ўрусбекнинг ўғлини сулҳга кўндирсангиз, ҳар бирингизнинг бошингиздан зар сочгайман. Урушиб қон тўккандан кўра, аскарларнинг омонлигини сақламоқ минг карра фойдалидур!
Ўрусбекнинг ўғли узоқни кўрувчи – кўрагон эди. Донишманд элчиларнинг сўзларини қулоқ бериб тинглагач, уларга кулиб қаради ва:
– Кентимни, қўрғонимни сақлаб қолсалар, Ўғузхоннинг барча таклифларига розиман! – деди.
Унинг итоаткорона гаплари Ўғузхоннинг димоғига атиргул ҳидларини таратди. Оқ отига миниб, унинг кентига борди.
Ўрусбекнинг ўғли унга кўп олтин-кумушлар ҳадя этди ва:
– Сен менинг хоқонимсан, сенинг уруғинг – бизнинг уруғимиз, шажарангнинг бир тармоғимиз, мен сенга бошимни, бахт-саодатимни бағишлайман. Солиқларингни тўлаб тураман, содиқ дўстинг бўлиб қоламан. Сен менга бу кентни сақлашда ёрдам беришинг керак. Бу менинг эмас, отамнинг истаги эканлигини ўзинг яхши биласан! Сенда ҳокимият, бойлик ва билимдонлик бор! Сен ҳар нарсага қодирсан. Сен мени тушуна оласан! – деди мардона оҳангда.
Ўғузхоннинг юзида қуёш балқиб, чор-атроф ёз кунидек чароғон ёришиб, хушбўй ҳидлар уфурди.
– Одамларингни ва кентингни яхши сақлабсан. Шу боис, сенга Сақлаб деб ном бераман! – деди ва бу гапини бутун оламга овоза қилди.
Сақлаб юртига дунёнинг тўрт томонидан меҳмонлар келди, тўй-томошалар бошланиб, қирқ кечаю кундуз роҳат-фароғат қилдилар.
Булбул навоси эшитилиб, Ўғузхон ҳомуза тортди. Ўша кунлари жуда маза қилгани эсида. Роҳат қилди, роҳат. На у томондан, на бу томондан биронта ҳам жангчининг бурни қонамади. Қайтага хурсандчилик қилишиб, қирқ кечаю кундуз роҳат-фароғат қилдилар! Қандай ажойиб базмлар бўлган эди-я!
Ўғузхон хаёлдан бошини кўтариб, ўғилларига қаради:
– Эсингизда бўлсин, урушдан кўра, сулҳ йўли билан келишувга эришган афзалдир. Доно ҳукмдор урушнинг олдини олишга ҳаракат қилади. Агар ғаним шайтон бўлса, унга қилич кўтармоқ фарзингиздир. Чунки бундай қонхўр ғаним халққа кўпроқ зарар келтириши мумкин!
Фарзандлар яна таъзим қилдилар:
– Ота, ҳар сўзингиз биз учун қонундир. Чизиғингиздан бир қадам ҳам нари чиқмаймиз, хотиржам бўлинг!
Бироз толиққан Ўғузхон гавдасини оғир кўтарди:
– Боринглар, шавкатли фарзандларим, Қурултойга яхшилаб тайёргарлик кўринглар. Эртага эл олдига чиқасизлар!

* * *

Итилнинг тўлқинлари гўзал қизнинг сочларидек майин жилваланмоқда. Ўрдубекнинг хотинини тўлғоқ тутди. Аёл уялди ва қуриган катта дарахт­нинг кавагига кирди. Доя кампир дарахт кавагига гиламча ёзиб, устидан оқ бўз тўшади.
Кўк мовийлашиб, тиниқлиги зилол сувларнинг ҳавасини қўзғади, кумуш сочли Сангардак шаршараси унинг юзида олтин холдек ялтираб чирой берган қуёш шаънига ҳамду сано ўқий кетди.
Чақалоқ ингаси Турон водийлари, тоғу тошлари, чўллари узра елиб ўтиб, Шимол ўрмонларининг бошларини силаб, қўйниларига улуғлик туйғуларини ҳадя этди.
Ўғузхон зар ипаклар билан тикилган чопон келтиришларини буюрди, ўзи саман отни етаклади, устага буюриб, олтин қўндоқли эгарни жабдуқлари билан олиб келтирди. Аскарлар давра олди, ноғора, довуллар чалинди, сурнайларнинг овозлари йигитларни шўх рақсга бошлади. Бир зумда Ўрта атрофида қозонлар осилиб, мис қумғонлар вақирлаб қайнай бошлади, болаларнинг қийқириқлари қушларнинг майин овозларини босиб кетди. Чақалоқ ингаси баралла эшитилмоқда эди; отаси Ўрдубекни бошлаб келдилар, Ўғузхон унинг елкасига зар тўн ёпди:
– Фарзанд муборак, Ўрдубек, умри билан берсин, – деди.
Ўрдубек таъзим қилди. Ўғузбек уни бағрига босгач, жамоасига ўгирилиб:
– Бул фарзандга қипчоқ деб ном бергаймиз, ўз номи билан туғилди! – дея барчага эълон қилди.
– Хонимиз лутф қилдилар, янги ном муборак! – деган ҳайқириқлар янг­ради.
…Ўғузхон ўша кунни – кўк тоқида олтин холдек товланган қуёшли лаҳзани сира эсидан чиқарган эмас. Ҳозир яна эсламоқда ўша кунни. Қипчоқлар кўпайиб, дунёнинг бешдан бирини обод этиб юрибдилар. Бу эл ҳали кўп яхшиликларни амалга оширади.
Ўша кеча кўк Бўри келди, Ўғузхон ойдинда, чодир ёнида, ўзининг яхши кўрган тахта беланчагида, юмшоқ тўшакда ётган эди, одамдек юриб келиб, тилга кирди:
– Эй, Ўғуз, бундай ётаверма, ҳар кун ғанимат, Музтоғга қараб юр, улар ҳадларидан ошди! – деди.
Тоғлар ларзага келди: “Чиндан ҳам улар ҳаддиларидан ошди, ораларидан келаётган қўланса ҳид энг чуқур томиримгача зирқиратиб юбормоқда. Бунақада ер оловининг йўтали тутиб қолиши ҳам мумкин. Унда қанча ўрмонлар куйиб кетади, қанчадан-қанча яшил водийлар тошга айланади!”
Денгизлар тўлқин урди: “Улар на сув балосидан, на олов балосидан, на одамзоддан – ҳеч нимадан қўрқмайдилар, чўчимайдилар! Улар зилол сувларда нажас қилишиб, гуноҳга ботмоқдалар!”
Ўрмонлар қаттиқ чайқалди: “Улар на дарахтларга, на ҳайвонларга, на дарранда-паррандаларга, ҳеч нимага раҳм қилмайдилар!”
Эртаси Ўғузхон лашкарини кўрикдан ўтказди: қизил кийимли арслонлар олдинда юрди, ундан сўнг сариқ, яшил, кўк ва оқ кийинган лашкар гурс-гурс қадам ташлаб ўтди.
– Эй лашкарим, одамзод омонлиги учун курашга тайёрмисан? – деб сўради.
Лашкарнинг жавоб ҳайқириғи Музтоғнинг чўққисини зириллатди: тошлар қалқиб, қор кўчди ва бутун борлиқ яшин чақнагандек гулдуради.
Ўғузхон айғир отини миниб, йўлга тушди. Музтоғ аҳли қанақа қавм экан? Шайтон малайларими ё жин одамларими?! Ўғузхон бор экан, одамзод наслига ҳеч бир ғаним қирон сололмайди, Ер юзида бузғунчиларга жой йўқ, уларни итоатга келтириш вақти етди, олға, лашкарим!
Тонг чоғи Ўғузхон ювиниб-таранди, сўнг нимқоронғи чодирига кириб, ёлғиз ўзи Тангрига сажда қилиб, дилини очди: “Эй яратган Тангрим, сен менга шунча улуғлик бердинг, ёт элга кетяпман, ўзимга, лашкаримга зафар бер, токи сенинг номинг билан у томонларда ҳам адолат устувор бўлиб, бандаларинг одам сифатида яшашсин!”
Оппоқ кўйлак кийган Тонг остонада уни хушнуд қаршилаб, кўкрагини майин шабадалар билан сийлади. Ўғузхон хумдек бошига олтин дубулғасини қўндирди, кийимлари устидан олтин зирҳни кийиб, қил қиличини белига тақиб, садоқ – ёйни елкасига илиб, айғир отига минди. Айғир отнинг кенг бели қийшайиб, наъра тортди ва ирғишлаганча йўлга чиқди.
Мовий кийимли лашкар денгиздек оқди. Узоқдан қараганда, зилол сув юзи майин мавжланаётгандек гўзал ва латофатли эди, ҳали замон унинг юзи қип-қизил қон билан бўялиб, яшил далаларнинг кўксига титроқ солади, деб ҳеч ким айтмас, хаёлига ҳам келтирмас эди.
Олдинда кўк Бўри қиличдек кетиб борар, у худди бошига бўри ниқобини кийиб олган ориқ йигитчага ўхшар, лашкар ҳам уни Ўғузхоннинг масхарабози, деган хаёлда эди.
Узоқдан Музтоғ кўринди: унинг чўққиси худди ойнадек ялтираб кўзга ташланди. Буйруқ бўлдики, Ўрта ҳозирлансин. Демак, лашкарга дам берилади. Улуғ жанг олдидан машварат қилмоқ, лашкарга дам бермоқ керакким, бу ярим ғалаба демакдир. Чопарлар лашкарнинг у бошидан бу бошигача елдилар. Кечаси қалин қор тушиб, орқага қайтувчи йўллар беркилди. Тушликда машваратга йиғилганларида бир йигит билан қизнинг тоғ ортида қолгани маълум бўлиб, дарҳол Ўғузхонга хабар бердилар. Уларнинг нечун қолиб кетганлари сўраб-суриштирилди. Хабарчилар айтдиларки, улар қорлиғ ўйнаётган эдилар. Қорлиғ – қор бўрон ўйини, ошиқ йигит ва қизларнинг бир-бирларига яқинлашуви. Ўғузхон яйраб кулди ва дедики:
– Уларга қорлиғлар деб ном бергайман, ўша томонларда ўзларидан кўпайишиб, ували-жували бўлсинлар. Насиб этиб, Музтоғ томонлардан омон қайтсак, тўйларини ўтказиб, уларга эл бергаймиз!
Ҳамма бундан суюнди ва:
– Улуғ хонимизнинг умрлари узоқ бўлсин! – дея дуо қилдилар.
Уч-тўрт кундан сўнг куннинг нафаси исиб, юзига нур кирди.
Сон-саноқсиз лашкар йўлга тушиб, Музтоғ томон юрди. Йўлда улкан қалъа кўринди: дарвозалари темирдан, мўрилари кумушдан, томлари олтиндан эди; яқинроқ бориб назар солдилар ва кўрдиларки, дарвозаларнинг на тутқичлари бор ва на очқичлари. Ўғузхоннинг боши қотди. Лашкарида уста бор эди. Унга маслаҳат солган эди, таъзим қилиб:
– Сўзингиз бош устига, улуғ хоқоним, ташвиш тортманг, мен уларнинг “тили”ни тушунаман, – деди ва жами асбобларини олиб, ёрдамчилари билан дарвозаларни очишга ҳаракат бошлади.
Куннинг нафаси яна бироз исиди, йилт этиб қуёш чиқди, ана шу пайтда дарвозалар томондан шарақ-шарақ овозлар эшитилди, Ўғузхон кўрдики, ғаним қалъаси деворларида лашкар сафланмоқда, дарвозалар эса бирин-кетин очилаётган эди, вазиятни қўлдан қочирмаслик учун лашкарига: “Ботирларим, олға!” дея наъра тортди.

* * *

Ой тўлишиб кулди, шарқироқ дарёларнинг юзи кумуш ойнадек ялтираб, Ўғузхоннинг хаёлларини ўғирлади.
Ой хоқон ойим тўлин Ойни уялтириб, хосхона эшигидан ичкари кирганда, олтин шамларнинг нури унинг шамшод қаддини оқимтир деворларда лопиллатиб чизди. Ўзининг қорамтир аксига илкис кўз югуртираркан: “Қариган бўлсам-да, қадди-қоматим эгилган эмас, эримдан ҳеч ёмонлик кўрмадим, бир умр қўлида кўтариб, азиз тутди”, – деган гаплар асаб толаларини юмшоқ силаб ўтиб, кучдан қолаётган эри учун ачишиб оғриётган юрагини хотиржамлик сувлари билан ювиб, ташна дардини босишга уринди, лекин ўртаниш денгизининг тўлқинлари ақл оламида айланаётган сўзни лабларига қўндирди:
– Ҳали ҳам уйғоқмисиз, ҳукмдорим, нечун бунча кўп хаёл сурмоқдасиз?
– Кел, ёнимга ўтир, онаси! Сен билан бирпас суҳбат қурмоқчиман. Бу ҳам ғанимат!
– Ҳали кўп яшайсиз, ҳукмдорим! Қурултой ўтсин, ўзим сизни чорбоғимизга олиб кетаман, дунё ташвишларидан холи бўлиб, нафас ростлайсиз!
– Паймонамиз тўлганга ўхшайди, онаси, Тангридан яна умид қилмоқ нодоннинг иши. Ҳақнинг айтгани бўлур, ҳозирланиш пайти ҳам етди. Ақлли одам бундай онларда орқа-олдини йиғиштиради. Музтоғни ҳам олдим, Синду тоғи, Тангут тоғи бўйлаб юриш ҳам насиб этди: Тангри хоҳиши экан, дунёнинг тўрт томонига юриб, одамзодни бирлаштирдим. Бирлашмоқ яхшидур: Ерни бирлашиб гулзор этгайлар, лекин чўчийманки, тахтнинг ошиқлари кўп бўлур. Олчоқлар хиёнат пиллапоясида яшайдилар. Тиллари ёлғонга ошно, қўллари – қонга! Мендан кейин фарзандларим ҳам Тангрининг буюрганларидан чиқмасинлар. Ўғузхон сўзим шуки, дунёнинг тўрт томони бир бутун ҳалқадек мустаҳкам туриши учун улар ўзаро иттифоқда яшасинлар. Сиз, маликам, ҳамиша уларга кўз-қулоқ бўлинг, токи ғанимларнинг иғволарига қулоқ тутиб, бир-бирлари билан ит-мушук бўлмасинлар!
– Улуғ хоқоним, қобил фарзандларимнинг суюкли падари бузруквори, сиз дунёни бирлаштириб, унинг биринчи ҳукмдори бўлдингиз, одамзод сизнинг бу жасоратингизни абадий унутмайди.
– Сендан шундай улуғ сўзлар эшитганимдан хурсандман, маликам! Мен учун кўп хизмат қилдинг, Тангри сени ёрлақасин, мендан рози бўлингиз.
– Улуғ ҳукмдорим, бироз дам олинг, катта Қурултойда куч ҳам керак сизга!
– Майли, мен озгина мизғиб олай!
Тун тимқора сочлари учун оппоқ нурлардан ранг тайёрлаётган эди, бобохўроз томоғини чўзиб, тилларини айлантириб, тонгги саломга чиқаётган эди, жаннатнинг тўрт дарёси шабадалари кенг деразаларнинг шоҳи пардалари орасидан сирғалиб ўтиб, Ўғузхоннинг сўнаётган юрагига кириб, малҳам қўйишга ошиқди.

* * *

Донишманд Улуғ Турк суҳбатга киришган эди:
– Қуёш, сен Ерни севасан-а?!
– Одамзоддан ортиқроқ севаман!
– Ер, сен инсонни севасанми?
– Севмасам, текин боқармидим?
– Ари, сен инсонни севасанми?
– Ҳали унга бир марта ҳам хиёнат қилган эмасман!
– Майса, сен Ўғузхонни севасанми?
– Мен унинг юрагига малҳам бўлишни истайман.
– Инсон?
– Не дейсан, донишманд?
– Инсон – ўзгарувчан, дегани. Эҳ, сен беқўнимсан! Бу ерларда не учун тентираб юрибсан? Нега ўз масканингда эмассан?
– Эй, донишманд, фалсафангни кейин сўқасан, хонингнинг аҳволи қалай, Қурултойгача етадими?!
– Эй, сен ношукр банда, сенга молу давлат, тинчлигу осойишталик олиб берган ким? Менинг ҳамиятли хоним эмасми? Нечун сўзларинг бунча совуқ?!
Отлар қаттиқ-қаттиқ кишнади, Бўри нола қилиб увлади, чумчуқлар чириллади.
– Донишманд ота, сизни улуғ хоқон йўқлаяптилар.
Хўроз чўзиб-чўзиб қичқирди, яшил майсаларнинг юзларига шудринг қўнди: ажаб гўзаллик, оппоқ дурларда минг битта жилва бор эди, ари: “Бунча латофатли!” – деди, чопиб кетаётган инсон уни янчиб ўтди. “Оҳ” деган ожизгина нолани биров эшитмади ҳам, аммо кенг фалак қаттиқ тит­раб, бир неча юлдуз ёниб кетди.
Улуғ Турк қабулхонада қўл қовуштирди: ҳукмдор ҳузурида ҳамма баробар, ҳатто ота ҳам унинг амрига бўйсунади.
Донишманд чолни кўриб, лабларига табассум югурган Ўғузхон уни ёнига чақираркан, енгил тин олди. Ажаб дунё, шу чол ёнига келса, танаси енгил тортиб, кўнгли ёришиб, кайфияти кўтарилади; унда не сир бор, билмайди, эҳ, бу дунёдан ҳеч нарсани билмай ўтиб кетяпти, бутун умри одамзодни бирлаштириш, ерни обод этиш билан ўтди, қайта туғилганида донишманд бўлиб, ҳаёт сирларини ўрганиб, балки тасалли топармиди?! Лекин шу топда уни бошқа муаммолар безовта этиб турибди.
– Яқинроқ ўтиринг, донишманд ота! – деди у бироз тушкун оҳангда. – Айтар сўзларим бор. Сезиб турибман, Шайтони лаин ўйин кўрсатиб, одамларимиз қалбига иғво солмоқда.
– Улуғ хоқоним, Сиз ориф кишисиз, Шайтони лаин юрагингизга шубҳа солибди, қувинг уни пок жойдан!
– Донишманд ота, уни қувиш осонмикин?
– Улуғ хоқоним, Шайтони лаин ориф кишига ҳамиша: “Бугун не тановул қилурсен?” – деб ваҳима қилур. Ориф эса унга жавобан: “Ўлим!” – деб тарсаки тортур. Яна дерки: “Либосинг йўқ, қай либосни киярсен?” Жавоб қилурки: “Кафанни!” Яна сўроқ қилур: “Қай ерга борурсен?” Жавоб бўлурки: “Гўрга!” Шунда у қўрқувдан дағ-дағ титраб, пок жой – қалбдан даф бўлур!
– Хўб яхши матал экан, донишманд ота! Айтинг-чи, Ҳақнинг висолига етишнинг аввали нима?
– Ҳижрондур, Улуғ хоқоним, ҳижрон!
– Баъзилар мени ҳаддан ташқари мадҳ этурлар, бундан хижолат тортаман!
– Бандасини ҳаддан ортиқ мадҳ этмоқ Тангрини инкор этмоқдур, улуғ хоқоним!
– Яна айтинг-чи, донишманд ота, маърифатнинг чегараси недур?
– Нафсдан холи бўлмоқдур! Нечун буларни сўраб қолдингиз, улуғ хоқоним!
– Донишманд ота, шу гапларни Қурултойда айтурсиз, ҳамма эшитсин ва келажак авлодларга ҳам етказишсин! Замонлар ўтиб, айтсинларки, Ўғузхоннинг донишманд отаси ана шундай деган. Ана шундай пурмаъно сўзлар айтган. Ва десинларки, биз ҳам у зотнинг шу насиҳатларига амал қилурмиз!
Ташқарида ғавғо авж олди.
– Кимсан?
– Дунёнинг энг иссиқ ўлкасидан келган элчиман! Улуғ хоқоннинг буйруғига биноан келдим!
– Урон? (пароль)
– Кўк ёлли Бўри!
Ўғузхон ўрнидан туриб кетаёзди. “Кўк ёлли Бўри!”
– Тез киритилсин!
Оқ кигизни босиб, ўктам йигит кирди ва тиз чўкди. У айиқдек баҳайбат, елкалари кенг, бургуткўз, қўллари йўғон, басавлат кимса эди. Ранги кўк, қошлари ҳам кўк эди.
– Кўк ёлли Бўри ортига қайтиб кетди, Сизни ўша ерда кутар экан! Унинг ҳам ташрифи поёнига етибди.
Ўғузхон жон қуши бўғзида турганини англади. Англади-ю, йигитга ташаккур билдирган заҳоти:
– Бурғулар чалинсин, довуллар гумбурласин, ҳамма Қурултойга! – деди ва ўзи ҳам ёш йигитлардек чаққон ўрнидан турди.
Хоқон дегани эл кўзига ҳамиша тетик кўриниши, сакталигини сездирмаслиги керак, нечукким, у элнинг руҳи, кайфияти ва ҳолатидир, шундай экан, ҳар ҳукмдор борки, эл кўзида ўз дардидан устун туришга мажбур.

* * *

Турфа ранг байроқлар қарсак чалиб ҳилпирайди: эй, бу ҳилпирашларини айтмайсизми, ҳатто шаршараларнинг майин шовуллаши ҳам унинг олдида маъюс тортиб қолади, энг моҳир қўбизчи ҳам уни ўхшатиб куйга сололмайди; шўх-шодон болалар оёқ остларида ўралашади, дошқозонларда овқатлар биқирлаб қайнайди, дорбозларнинг бўйи булутларга етган, сурнайларнинг наволари оламни тутади.
Ўғузхон чопиб кетаётган болаларни тўхтатди:
– Оғизумга боқ, кағазларим! (“Менга қаранглар, жўмардларим!”)
Хос соқчилар атрофни ўради, одам кўп, ғанимлар кезиб юрган бўлиши мумкин, айтиб бўладими?
Болалар бир-бирларини туртиб, Ўғузхонга яқин келди. Хон уларга биттадан ширин кулча, гижбулқанд улашди:
– Боринглар, ашанглар, чирағларим! (Боринглар, енглар, чироқларим!)
Болалар ранг-баранг матолар билан безатилган кўча бўйлаб шаталоқ о­тишди.
Кенг майдонда одамлар денгиздек чайқалиб, овозлар тўлқинлардек гоҳ кўтарилиб, гоҳ пасаяди, қирқ қулоч ёғочнинг учига ўрнатилган олтин товуқ қуёш нурида сап-сариқ товланиб, кўзларни қамаштиради, ёғочга боғланган оқ қўйнинг кўзлари ҳам олтиндек ёнмоқда; ундан нарида қирқ қулочли ёғочнинг учида кумуш товуқ нилий товланади, остидаги қора қўйнинг кўзи кумушдек нур сочади. Дунёнинг тўрт томонидан келган вакиллар тўрт томонда қўр тўкиб ўтиришибди. Ўғузхон ўртадаги олтин тахтга чиққанда, ҳаммалари баравар ўринларидан туриб, таъзим қилишди.
Жарчининг овози оламни тутди:
– Эҳ-ҳе-ҳей! Эшитмадим, деманглар! Бугун дунёнинг тўрт томони йиғилиб келди. Улуғ Қурултойга тарозидан урмаган, ёлғончилик кўчасидан ўтмаган, олам иши учун жонини беришга тайёр бўлган алплар келишди. Эҳ-ҳей, Улуғ Қурултойга қулоқ тутинглар!
Аввал донишманд Улуғ Турк сўзлади, сўнгра дунёнинг тўрт ҳокими гапирди, барчаларининг сўзлари бир жойдан чиқиб, оламни тинч-тотув бошқариш учун Улуғ Ўғузхоннинг сўзи сўз эканини тасдиқ этдилар. Шундан сўнг Ўғузхон сўз олди:
– Эй ўғилларим! Мен кўп яшадим, кўп жангу жадалларни кўрдим, умрим шу дунёни деб адо бўлди, дўстларни кулдирган бўлсам, душманларни йиғлатдим. Шу йўсинда Тангри олдида бурчимни ўтадим. Энди қаридим, қартайдим: инсон – омонат бу дунёда, келиш бор, кетиш бор, дунёни сизларга қолдираман! Бирликда уни янада обод этинглар!
Қирқ кеча Ой чиқди, қирқ кун қуёш чиқди. Қўбизчилар тинмади, бахшилар чарчамади, хотин-халаж ўйиндан бўшамади, болалар ширинликлардан тўйди.
Сўнгги нафас олаётган Ўғузхон:
– Тангри, сен учун қўлимдан келган ишни қилдим, гуноҳкор бандангни кечир! – деди.
Ёз куни қуёш чунонам қиздирдики, дарахтлар шалпайиб қолиб, ариқ, дарё сувлари қайнади. Лекин тушдан сўнг тўрт томондан шамоллар қанотида булутлар бостириб келиб, шаррос ёмғир қуйди.
Кун ботир:
– Тангри отажонимизни севар экан! – деди.
Ой хоқон ойим енгил тортди. Улуғ хоқонга хизмат қилиб, умр кечирди. Ҳаёти беҳуда ўтмади. Бу ҳам Тангри илтифоти. Тангри уни ҳам яхши кўрар экан. Шукр, минг шукр!

Тамом

“Шарқ юлдузи” журнали, 2016 йил, 3-сон