Ҳожар она айвон чеккасидаги тахта сўрида мук тушганча гуруч тозаламоқда эди. Ичкари уйдан чикқан ўғли патила соч, ингичка мўйловли Ҳосилмат:
— Яна ошми, момошка! Қўйинг, нима қиласиз… қизлар кулади, — деди жавраб.
— Туғилган кунингни эшитиб, Асал дугонам билан Меҳрининг томоғи тушади, болам. Ўшанга… айланай, бир кампир ош дамламоқчиман. Санлар ўзларинга свет-пвет столларингни қилаверинглар! — деди Ҳожар она мулойим оҳангда.
— Свет-пвет эмас, одамни шарманда қилманг. Ўртоқларим эшитса шу гапларингизни, мани нервимга ўйнашади. Так, что момошка, шведча стол, денг, хўпми?
— Хўп, болам, хўп, айланай! Шведча бўлса, шведча-да! Мени билмайди, дейсанми? Ана агародимда швет барқ уриб ётибди. Ҳар йили экаман, биласан-ку айланай. Швед деганингни… бу том ўлгур болам, одам қаригандай кейин қулоқ ҳам тош битаркан!
Ҳосилмат кампирнинг уйига кирди: ўртада хонтахта, атрофида қўроқи кўрпачалар солинган.
— Момошка?
— Лаббай, болам.
— Буларингиз бўлмайди. Бу ерда ҳам шведча стол қиламиз. Ўртоқларим сизни кўраман, деб кириб қолишлари мумкин. Что, манави амир замонидан қолган хонтахта-ю, аммангизнинг қизи берган кўрпачаларингизни чердакка «фишт» қиламан!
— Ҳой, ҳой, айланай, болам! Ундан кўра, онангни ўлдириб қўя қол!
— Вой-бўй момошка, нервингиз ҳам бор-а. Сизга бир оғиз гапириб ҳам бўлмайди-я!
— Мани онам, десанг, тинчимни бузма, болам!
— Ўртоқларим…
— Ҳой, ўша ўртоқларинг тоғ ошиб келмагандир. Ичида немис-пемиси борми!
— Немис ўртоғим йўқ, ҳаммаси маҳалла болалари!
— Маҳалла болалари бўлса, бурнининг остидан нарини кўришади.
— Синфдош қизлар ҳам келишади.
— Майли, келишсин, болам. Айби йўқ. Ана, Асалнинг ўғли ҳам синфдош қизларини ҳам чақирибди. Биров гапирдими? Гапиргани йўқ.
Ҳосилмат сочларини қашиб нари кетаркан, «Момошкага тушунтириш қийин!» деб тўнғиллаб қўйди.
Орадан бир соат ўтиб, Асал кампир билан Меҳри муаллима келди. Энди ҳол-аҳвол сўрашган эдилар ҳамки, бир гала йигит-қизлар чулдирашиб ичкари киришди. Ҳар уччала кампир деразага ёпишди.
— Вой ўлмасам! — деди Ҳожар она кўрсаткич бармоғини лунжига босиб. — Ана уни қаранглар. Шарманда-а! Киндиги очиқ… кимнинг қизи экан?
Меҳри муаллима ажин қўлини пешонасига тиради:
— Уми? У Сокина бойвуччанинг ўртанча қизи. Тошкентда ўқийди. Медисинада. Женски дўхтир бўлармиш.
— Дўхтир бўлмай ҳар бало бўлгур, атлас кийиб келса ўлармиди? Ҳожар она тор шим кийган қизни кўрсата туриб:
— Вуй, шарманда, шарманда! — деди кўзини яшириб. Меҳри муаллима пиқир кулди.
— Афғондан ошиб келганга ўхшайсиз, Ҳожарой, бугун кўряпсизми бу турқисовуқларни?! Европача кийинамиз, европача яшаймиз, деб урф-одатларимизни расво қилишяпти.
— Ўша Аврўпани урф-одатлари яхши эканми шунчалик?
— Қайдам?! — Меҳри муаллима лабини бурди ва Ҳожар онанинг қўлидан иичоқни олди. — Сабзини ман тўғрайман.
Асал кампир пиёз солинган косани олдига тортди:
— Ман пиёзни артиб турай бўлмаса!
Меҳри муаллима сабзини тўғраб туриб, сўзида давом этди:
— Ўша Европа деганларида икки эркак никоҳдан ўтиб яшашармиш.
Ҳожар она ишонмади:
— Бўладиган гапни айтсангиз-чи?!
Асал кампир гапга қўшилди:
— Кеча радиода айтишди. Бу нарсани ўзбеклар қоралайди, деди.
— Ана кўрдингизми?! — Меҳри муаллиманинг қуюқ ўсма қўйилган қошлари қалдирғоч қанотларидек пирпиради. — Мен бир нарсани билмасам гапирмайман!.. Аёли ярим кечада келса, эр уришса, судга берармиш. Хотин бошқани хоҳласа, эрига «сен ёқмай қолдинг» деб уйдан ҳайдаб юборармиш. Ота минан ўғил келишолмай қолса, уй-жойни суд орқали ҳал қилишаркан!.. Ана, сизга бир олам гап!
Ҳожар она:
— Кўп ҳам унақа эмасдир! — деди афтини буриштириб. Меҳри муаллима:
— Сизни ўшаққа жўнатиш керак, ўшанда кўзингиз мошдай очилади! — деди шартта.
— Мошдай очиладиган бўлса, бориб келаман! — ҳазиллашди Ҳожарой. Сабзи, пиёз тўғралиб бўлгач, кампирлар ошхонага чиқишди. Сочини сариққа бўяган, қилтириқ қиз билан йўғон бўйнига олтин занжир таққан йигит ичкарига бош суқишди. Сассиқ ароқ ҳиди анқиди.
— Салом, оналар! — ҳиқиллаб деди йигит. — Нима овқат?
— Ош, ош, болам! — Ҳожар она унинг елкасига қоқди.
Йигит қимматбаҳо тўқ кўк кўйлагининг елкасига, кампир қўли теккан жойга ғижиниб пуфлади.
— Ош? — деди кейин ижирғаниб. — Кечаси желудкага оғирлик қилади.
Қиз ўқчиди. Йигит унинг қўлтиғидан олиб, ариқ томон бошлади. Ҳожар она ёқасини ушлади.
— Товба, товба! Ўзи ёш-у, ичиб олганига ўлайми? Э Худо, қайси кунларга етиб келдик?!
Қизнинг ўқчиган овози, сўнг қусқисининг сувга шариллаб ағдарилгани эшитилди. «Ҳай, ҳай» деганча Ҳожар она улар томонга ошиқди. Йигит қизнинг сочи ва бошидан ушлаб турарди. Киз ўқчиб-ўқчиб сувга қусар, қўланса ҳид атрофга анқир эди.
Ҳожар она енг учи билан оғзини ёпиб:
— Ҳой, айланай, қизим, сувга қусма, гуноҳ бўлади! — деди кўнгли ичикиб. Асал кампир товуш қилди:
— Ёғингиз қаерда?
Ҳожар она ортига қайтди. Газ плитаси ёнидаги ёғ идишни оларкан:
— Бизнинг замонда сувга тупурсак, худораҳмати отамиз хивич билан қувлар эдилар, — деди куюниб. — Кап-катта қиз, уялмайди, ғарқ этиб сувга қусиб ўтирибди-я! Ҳай, аттанг!
Ҳосилмат ичкари кирди.
— Ҳа, момошкалар, қанақа палов бўляпти ўзи?
Ҳожар она жилмайди:
— Кампир ош бўляпти, болам!
— Кампир ош? Хе… хе!
— Сенгаям олиб қўямиз.
— Ўзларинг енглар… бизди ошқозон бунақасини хоҳламайди.
Ҳожар она пичинг қилди:
— Ошқозонингга шведча ароқ ёқади шекилли, болам. Ҳай, ичиб олибсан-а?
Ҳосилмат хихилади:
— Ҳа, энди, момошка, эллик грамм одамни ўлдирармиди?!
Чет эл мусиқа товуши уйни ларзага келтирди, тапир-тупур оёқ товушлари, қий-чув эшитилди.
Ҳожар она ўғлига танбеҳ берди:
— Секинроқ, ўғлим, сал пастроқ… қўни-қўшни дегандек…
— Бир кеча чидаса, осмон узилиб ерга тушмас, момошка!
Асал кампир лабини тишлади.
Ҳожар она Ҳосилматни ортидан:
— Ош пишиб қолди, ўртоқларинг хохлашса, айт, сузиб берамиз.
— Ўзларинг енглар, ўзларинг! — қўл силтади Ҳосилмат ва ичкарига кириб кетди.
Меҳри муаллима унинг ортидан бориб деразадан ичкарига боқди. Бурни мучуқ қиз нафис, узунроқ сигарет тутатди.
— Старухаларинг нима пиширяпти?
— Ош! — жавоб қилди Ҳосилмат илжайиб. Қиз чапланган афтини буриштирди:
— Ну-да, Хосилматчик, мама твоя… зўр, кечаси ош ейиш… вей… жалка ошқозонларига.
Ҳосилмат унинг қўлларидан ушлаб, ўртага бошлади. Қиз ноз-карашма билан унга суйкалди.
Ўртадаги стол усти аллақачон бўшаб қолган, ароқ, шампан, вино шишалари, торт қутилари тартибсиз сочилиб ётарди. Хориж қўшиқчиси кучаниб, хириллаб, бақириб куйлар, у ҳар овозини кўтарганда, ирғишлаб уйнаётган дўмбоққина қиз билан озғин йигит Ҳосилмат томонга ўқтин-ўқтин қараб қўйишарди.
Қиз орқасини ўгириб ирғишлаб ўйнар экан, бошини ноз билан қимирлатиб, бўйнини буриб, кўзларини сузганча йигитга боқар, у «хаҳ» деб эгилганда, унинг озғин кўксига оппоқ елкасини суйкаб-суйкаб оларди.
— Онаси ош қилаётган эмишми? — нозланиб сўради қиз.
— Шунақа дейишяпти! — совуққина жавоб қилди йигит.
— Ундан кўра, аливье салат қилганларида, оз-оздан ер эдик.
— Отсталий кампир у… буни тушунади, дейсанми? Ошини қилаверсин.
— Ве-е-ей! Ош? Кечаси-я!
Меҳри муаллима пилдираб ортига қайтди.
— Ёшлар бузилиб кетган, дейишганда, ишонмаган эдим! — деди у ичкари кирар-кирмас. — Ҳай-ҳай, бизлар берган тарбиядан «т» ҳарфи ҳам қолмабди. Мактабда буларга нима ўргатишяпти?!
— Бурунги замонда қизил тўй чиқиб, ҳаммани ароққа ўргатди, — деди Ҳожар она ҳасратли оҳангда. — Энди бу бало чиқдими?! Биттаси ҳам ўтирмайди: овқатини ҳам тик турганча ейишади… «Бисмиллоҳ» дейишадими, йўқми?..
Асал кампирнинг ҳасратидан ўт чиқди:
— Булар «бисмиллоҳ»ни ҳам, «омин»ни ҳам билишмайди.
Ош пишди, қозоннинг қопқоғи олинганда, ошхонада, ҳовлида хушбўй ҳид таралди, ит ҳуриб, хўроз бир қичқирди. Ҳожар она гўштини ажратиб олиб, тўғраб ошга босди-да, иккита суякни итнинг олдига элтиб ташлади, товуқларга эса, бир ҳовуч дон сепди. Сўнг катта чинни товоқдаги ошни кўтариб уйга кирди.
Ҳожар она ошпаз чолини эслади.
— Ош пишди, дегунча худораҳмати эсимга тушади. Пиширган ошларини еб тўймас эдик.
Меҳри муаллима:
— Бир умр элнинг тўйларида хизмат қилиб ўтдилар, Худо раҳмат қилган бўлсин! — деди бурсилдоқ нонни авайлабгина ушатар экан.
«Олинг, олинг» билан ошни едилар, устидан босиб-босиб аччиқ-аччиқ чой ичдилар. Энди гурунг қизиган пайтда тор шим кийган икки қиз бир-бирига суяниб, ичкари кирди. Уларнинг ранги оқарган, кўзларида нур йўқ эди.
Ҳожар она ўрнидан турди.
— Келинглар, қизларим! Бу ерга ўтинглар!
— Чарчаб қолдик, бошимиз айланиб кетди.
Меҳри муаллима уларнинг ранг-рўйига назар соларкан:
— Иккалангдаям анимия бор экан, ўзларингга қараб юрсанглар бўлмайдими?! — деди уларни тергаган бўлиб.
Ҳожар она кичкина тақсимчада ош келтириб қўйди.
— Олинглар, она қизим!
Қизлар бир-бирига қарашди.
Меҳри муаллима Асал кампирга имо қилди:
— Буларга қошиқ беринг!
— Ҳа-я, эсим қурсин!
Бир зумда тақсимча бўшади. Қизларнинг юзига қон югурди. Ҳосилмат депсиниб ичкари кирди.
— Момошка, қорин таталаб кетди.
Ҳожар онанинг кўзлари жавдиради:
— Озгина қирмоч қолди, болам, ейсанми?
— Қирмочми, ирмочми, нирмочми, момошка, фарқи йўқ, олиб келинг! Қорин… қорин қулдираб одамни эзиб юборди!
Хожар она бир тақсимча қирмочни ўғлининг олдига қўйди. Ҳосилмат қошиқни очиқиб оғзига тиқди, сўнг ютоққанча қирт-қирт чайнай бошлади. Уч йигит, беш қиз ичкари бош суқди. Ҳосилмат қирмочни уларга манзират қилди:
— Олинглар, қирмоч рангни тоза қилади, деб эшитганман!.. Йигитлар унинг ёнига чўкишди.
Тор юбка кийган тўлиққина қиз:
— Мен ош ейман! — деди ширакайф ҳолда.
Кампирлар бир-бирига маъноли боқиб, ўрниларидан туришди.
— Бўлинг, — деди Ҳожар она Асал кампирга имо қилиб.
— Нима қиламиз энди? — ҳайрон боқди Меҳри муаллима.
— Нима қилардик, айланай, — Ҳожар она остонада турган ранг-баранг қимматбаҳо туфлилар орасидан эски калишини топиб апил-тапил оёғини тиқди. — Ёрдам берасизлар, кампир ош қиламиз!
Хўроз чўзиб-чўзиб қичқирди, тун ярмидан оққан эди.