(юз грамм ачиган лоф қўшилгани сезилмаса керак)
Йўққулободда эмас, ўзимиз яшаётган сайёрада Французларнинг бир фильми бўларди. Ундаги қаҳрамоннинг уйи Франция-Италия чегарасида жойлашган бўлиб, чегара уйнинг қоқ ўртасидан ўтаркан. Яъни, уйнинг бир-икки хонаси Францияда, ошхона билан ҳожатхонаси эса Италияда экан. Бояқиш қаерда туғилганини билолмай сарсон. Агар меҳмонхонада туғилган бўлса, Франциялик бўлади, онаси ошхонада туғиб қўйган бўлса, Италиялик бўлади. Бу энди кулгили бир ҳангома. Шунга ўхшаш ҳангома Йўққулободда ҳам бўлибди.
Борқул машинасини кўча четига қўйиб, бозорга кириб кетди. Чиқиб қараса-ки, машинани ўғри очиб, кичкина ҳамённи олиб кетибди. Дарров полис маҳкамасига борди. «Машина кўчанинг чап томонида эдими ё ўнг томонидами?» деб сўрашди. «Ўнг томонида» деди. «Унда «Ўнгқулобод» районга борасиз, ўнг томон – «Ўнгқулобод» районининг ери, биз «Чапқулобод» районмиз», дейишди. Норқул «Ўнгқулобод» район полис маҳкамасига борди. Улар дейишди-ки: «Тўғри, машина бизнинг районда турган. Лекин ўғри «Чапқулобод» район еридан ўтиб келиб, ўғирлаб бўлгач, яна «Чапқулобод» район ерига ўтиб кетган. Бу иш билан «Чапқулобод» район полис маҳкамаси шуғулланиши керак.» Норқул яна «Чапқулобод» район полис маҳкамасига бориб «Ўнг»дан эшитганларини айтди. «Тўғри,-дейишди улар,-аммо ўғри бизнинг районда қолмаган, у «Орқақулобод» районига ўтиб кетган. Ўғри ўша ерда, ўша ерга боринг.» «Орқа» районга борган эди, ўғрининг Биқинқулободга ўтиб кетгани маълум бўлди. Борқул деганимиз гапга кўниб, «хўп» дейдиганлардан эмас. Шарт Биқинқулободга ҳам борди. Унда маълум бўлди-ки, ўғри Қуйруққулободга ўтиб кетибди. Борқул у ерга, ундан Бўксақулобод-у, Болдирқулободга бориб, Йўққулободнинг жамъи ерларини босиб ўтиб, камига уммонларидан ошиб, яна ўзининг қадрдон бозор кўчасига келиб қараса-ки кўчанинг чап томонида турибди. «Чапқулобод» район полис маҳкамасига бориб саргузаштини айтиб, юрган йўлларини харитада кўрсатди. Харитани диққат билан кўздан кечирган полисқул «Ака, сал адашибсиз, харитага қараганда ўғри кўчанинг ўртасига келибди. Кўчанинг ўртаси эса бизнинг районга қарамайди. У «Ёнбошқулобод» районга қарайди», деди. Борқул «Ёнбошқулобод» районига борди, кейин ундан нарисига. Ўжарлик ҳам эви билан-да! Ўғрининг изидан тушиб яна неча мамлакатларни босиб ўтди. Яхши ҳамки, Йўққулобод юмалоқ шаклда барпо этилган. Қайси томонга қараб юрилса, айланиб келиб, яна ҳаракатини бошлаган ўша нуқтасида пайдо бўлинаверилади. Борқул ҳам шу зайлда юра-юра яна «Чапқулобод» районига келди. Машинасини қўйиб, уч-тўрт қадам босиб орқасига қараса, ўғри калит соляпти. Борқул қувониб кетиб, ўғрини қучоқлаб олди. «Оғайни, ўғирласанг ўғирлай қол, фақат машинани район полис маҳкамасининг рўпарасига қўяй, ўша ерда ўғирлагин. Мени сарсон қилмагин». Ўғри кўнди. Аммо… Майли энди қолган саргузаштларни айтиб бошингизни оғритмайлик. Сиз балки «ўғри ўғирлаган кичкина ҳамёнда нима бор эди, пул каттадирки, шунча овора бўлиб юрибди?» деб ўйлаётгандирсиз? Бе, Борқул анойилардан эмас, пул тўла ҳамённи машинага қўймайди. Пул ҳамиша ён чўнтакда, юракка яқин жойда. Ҳамёнда… тишкавлагич бор эди. Ахир Йўққулободда тишкавлагичсиз яшаш осонми? Лекин гап тишкавлагичда ҳам эмас. Бу ёғини ўйлаб кўришимиз керак бўлади.