Ҳой, бола, сен кеча чойхонамизга кимларни бошлаб келдинг? “Бунлар ёзғувчи ошналарим, ҳатто ҳажв ҳам ёзурлар дедингми? Мен ҳажвчи деганда Жулқунбой тоғамни танир эрдим. Уларинг ғалат-ку? Пойма-пой гапларидан, ҳингир-ҳингир кулишларидан оёғимнинг қитиқи келди-да, омма локигин, санинг ҳурматингни қилуб индамадим. Учта газнит бериб эрдилар, уйга бориб Ҳархаша холангга ўқутиб, ўзум эшитдум.Битта ҳажвини ўқуб тугатгач, Ҳархаша холанг “агар сиз ҳам шунақа ҳажвчи бўлсангиз, жавобимни беринг, бунақа валаки-салангга хотун бўлишдан иснод қиламан”, дегач, ўқушини бас қилдирдум. Кеча ўша ёзғувчи ошналарингга мени”ҳамкасбингиз” деб таништирганингда чорак қоп семирган эрдим. Кейин билсам, мени масхара қилғон эрконсан.Кечаси ухламай, сенга, яна ўша ёзғувчи ошналарингга бир гап айтмасам бўлмас деган аҳдга келдум. Малол олсанг ҳам айтаман. Эшитгин-у ошналарингга етказ. Хоҳласанг, газнитға ҳам бер. Пули ўзингга.Фақат айтганларимни тўғри кўчир, токи, гапларимни ўқиған ўқиғувчи ҳажвиёт бобинда ночорлиғимни юзимға солмай, маломат тошларини отмасунлар. Шунга ризо бўлсанг, бошладук. Қани, олға, бу майдонда кимлар жанг қилмағанлар, бизлар ҳам ҳажвиёт йўлида шахид бўлсак бўлибмиз-да. Лаббай?
Ҳай-ҳай-ҳай! Исму насаблариндан айланайин: Эҳтимол бирлари – Додахўжамикинлар, яна бирлари кимсан – Абоносирнинг шахсан ўзлари дейманов. Ҳай-ҳай, аканг қарағай, ларзон-ларзон юришлариндан ўргилибла кетайин. Бунларнинг ҳажвиёт оламидаги камолотлари заб бир ҳилда бўлса-да, шаклу шамойиллари ўзга ва яна ўзгачадур. Бирлари бурунларининг остиға соч қўйғандурларким, уни қийинчилик билан бўлса-да, ул зоти муборакнинг ҳурматлари юзасиндин «мўйлаб» атамоқ ҳам мумкиндир. Таъкид жоизким, мазкур «мўйлаб» отлиғ тукларға икки масъул вазифа юкланғондир. Яъниким, эркак саналмиш ул зотға ҳусн бериб турмоғи ва янаким, шўрпо ичулар дамда ҳар бири Оловуддиннинг ғорини эслатғувчи бурун катакларини ихота қилмоқлук. Жағдаги соқолларға вазифа юкланмағондур, сабабким, бу нодон соқоллар ҳар кишиники каби ташқариға ўсмай, билакс, ичига қараб ўсадирким, Нордон кампирнинг кўзойнакларисиз уларни илғаш мумкин эмасдир. Яна шулким, ҳурматлу зотнинг муборак қоматлариға кўз тушмиш ҳар бир номаҳрам «Бу киши алпинистмиканлар» деб ўйламоғи тайиндур. Фарқ улки, алпинистларнинг қопчиқ-халталари орқада бўлғай, бу зотники эса олдиндадир ва ўзбак лисонинда «қорин» деб шарафланур. Яна бир буродаримизни таниб олмоқ ва узоқ вақт эслаб юрмоқлик учун муборак бошлариға назар ташлашлик кифоядур. Хоин бўлмиш сочлар бошни тарк этқонлариға кўп йиллар бўлғонким, ҳисобини ўзлари билғайлар. Ажабким, қочуб қутулишға улгуролмай қолғон орқадағи сочларни ўстуриб олдинни беркитиш услуби кейинчалик иш бермай қолғони туфайли, «Ҳарна фойда-да», деган мулоҳаза ила бош пашшаларға ижараға берилмиш эрди. Пашшадром қурмоқға азму қарор қилғон пашшаларға бу юмушни амалға оширмоқ мумкин бўлмади. Сабабки, бош ғоят силлиқ бўлганидан ва сирпаниш онида ушлаб, жон сақларға лойиқ бирон мўй қолмағанидан кўп пашшаларнинг оёқлари синибдур ва Моштабибнинг ташвишлариға ташвиш қўшилибдур. Шундайким, бу бош айни дамларда бўшким, эҳтимол, қўнғизларға ижараға берилур бўлса, улар бир нима қиларлар. Бу азиз буродаримизға соч хиёнат қилғон эса-да, соқол ғоят содиқдур. Юзнинг чиқмайдурғон ерларини ҳам эгаллаб олғондур. Соқол жонивор ҳар икки соатда қиртишланур ва ҳар икки соатда «ассалому алайкум» деб чиқиб турур. Агарчи қиртишланмаса, икки фожиали ҳол юз берур: бирламчи – бу «юз» деб аталмиш майдонда оғиз, бурун, кўз ва қош бўлган ёхуд бўлмағонлиғини аниқлаш мушкул бўлур, иккиламчи ва энг муҳими Додахўжа раис афандилари билан ўпишиб кўришар чоғларида у зотнинг қитиқларини келтириб қўймоқлари эҳтимоли бор.
Буродарларимизнинг юришлариға кўпда эътибор берилмасун, зотанким, қадам ташлашлари залворли бўлмаса-да, майда ҳам эмас, раққос йигитларникидан сал нарироқ, чапани йигитларникидан сал берироқдур.
Касблари ҳам бирдир – қаламкашдирлар (Зинҳор «қаламқош» билан адаштирилмасун). ўзларининг «афанди» жамоалари бўлғанлиғиндан фирқалардин наридирлар. Емоқлари ёғлиқ қўй гўштидин паловхонтўрадир, аммо ташлашлари ошиқ эмасдир. Агар сизни учратиб, «палов пиширишнинг устаси биздирмиз», десалар, инониб. иштаҳа сақламангизким, улар дамлаган паловдан шавла ҳам уялиб юз кўрмас бўлиб кетадир. Додахўжа афандининг ошларини ўрусларнинг «Каша с рисом» деган таомлари ўрнида, (агар томоқдан ўтишга қурби етса) емоқ мумкиндир, аммо Абоносир афандини кўрмоқ истагида бўлсангиз, қоринни тўқлаб борингким, бу зот чойга сув қайнатмоғ истагида олов ёқсалар, сувни ҳам тагига олдуруб, куйдириб юборадурлар.
Танишмоқни шу ўринда мухтасар қилиб, муддаоға ўтмоқ фурсати етди.
Эътиборингизни тортқандур, буродарларимизни танитишда «афанди» лафзини ишлатдук. Тенгри-таолонинг марҳамати ила «Афанди» газнити чоп этила бошлағач, буродаларимиз ҳажвиёт соҳасинда ўзларинда улуғ рағбат сездилар ва бу майдонда от сурмоққа азму қарор этдилар. Аммоким, от тополмағанлари туфайлимикин, ош бўлмаса – атала, деганларидек, эшак мина қолдилар. Бундан кўнгуллари заррачада оғринмади. Билакс, шукроналиқ келтуруб, бу хурсандчилиқ эвазиға тиланчига бермоқ учун етти тангадан атамишлар. Бу воқеаға кўп фурсат бўлган эса-да, аталмиш етти танга ҳали тиланчига етиб борғони йўқдур. Ҳамон у чўнтакдин бу чўнтакка сафар қилиб, ёруғ жаҳонни кўрмоқдан безиллаб турадур эмиш. (Аллоҳ ул зиндонбанд тангаларға сабр бериб, чўнтакда шаҳид бўлмоқликдан асрасин.) Воқеан, эшакка етишганларидан қувончлари улдирким, катта бобо-тоғаларига қариндошлиги эҳтимоли бўлмиш Насриддинхўжа Афанди ҳам эшак миниб машҳурликға етганлари барчага маълумдур. Насриддинхўжа Афандимиздан бу замонавий афандиларимизнинг фарқлари шундаким, Насриддинхўжа афандимиз эшакни эл қатори тўғри минганлар. Буродар афандиларимизға эса қорин отлиқ ортиқча даҳмаза ҳалал бердими, ёинким бошқа сабабми, ҳар нечук эшакка тескари ўтируб қолмиш эрконлар. Зотан, бу ҳам айб эмасдур, ҳажвиёт оламиға эшакка тескари ўтирғон ҳолатда кириб келмоқликнинг ўзи бир шарафдур ва бу ҳар бир кимсага насиб этмасдур. Агар кимдир биров бу ҳолатқа ажабланиб десаки: «Афандилар, нечун эшакка тескари миндингизлар?» жавоб олурким: «Э, нодон, сен кўрмайсанмики, биз атайин шундай ўлтирубмиз. Эшакнинг думи остини кана босған экан, савоб топайлиқ деб тозаламоқдамиз». Алҳол бу жавоб ўрунлидур ва баҳсға ҳожат қолдирмағай. Фақатким, Додахўжа раис афандимизға дум остидағи канани тозаламоқ шарафи насиб этса-да, Абоносир афандимизға қари эркак эшак дуч келғани сабаблидан думни кўтармоқ масъаласи кўндаланг бўлғондир ва кўп фурсатдан бери буродаримиз мазкурни ҳал этолмай ҳалакдурлар. Шу боисданмикин, газнитда камроқ кўринадурлар.
Эшакка тескари минуб ёзғанлари учунмикин, аларнинг ёзғанларини ўқуб тушунгунға қадар кишининг эси тескари бўлуб кетур. Киши «Ёзилғанларни ўқиғач кулиб, роҳат қиларман» деган умидда пулға газнит сотиб олиб буродарларимиз ижоди билан танишади-ю қаерда кулмоқлик лозимлиғини билолмай гаранг бўлиб юраверади. Киши оилали бўлса дуруст, афанди буродарларимизнинг ёзғанларини ўқиғач, хотинини чақириб: «Кел хотин, қитиқлаб юбора қол, бир ҳажв ўқидимки, кулмасам инсофдан бўлмас», демоғи тайин. «Пули куйған қалампир чайнабди», деганлари шу бўлса эҳтимол. Қийин бўлғонда бўйдоқларға қийин, улар кимга қитиқлатишни билмасдан ҳалаклар. Эшитганимиз рост бўлсин, илойим, демишларким, афандиларимиз ҳиммат камарини боғлаб, кула олмайдурғон бўйдоқларга бепул хизмат кўрсатмоқни ният қилмиш эрконлар. Ажаб шуки, афанди буродарларимизнинг бири иккинчисининг хўрози қандай тухум қилғонини мадҳ этса, бошқаси бул буродарининг оқ иштонини байроқ қилиб, майдонда эшак сурадур. Киши десаки, «ҳой афандилар, ёзилмиш ҳазилларинғиз фақат ўзларинғизға хос экан, бу ҳазилларинғиз оммага тушунуксиз ва эриш туюлар, ҳажв ила масхарабозлиқ орасинда анча фарқ бордур. Бир-биринғизни масхара этмағонинғиз дурустми экан?» жавоб оларким: «Сизда юмор хисси йўқтур, биз ёзамиз – куламиз, ўқиймиз – куламиз.» Шунда киши десаким, «Жулқунбой ҳазратлари «Яхши билиш керакким, қалам ўқлоғи ва матбуот кетмон бозори эмас», деб кимларға хитоб қилған эканлар. Ёзғанлари ўзлариға ёқар экан, «Афанди»ни мулзам қилмай «Икки афанди-плюс» деб номланмиш деворий газнит ташкил қилсалар-да, чойхонамизнинг таҳоратхонасига осиб қўйилса, дуруст бўларми экан. Бун таклифға журъат этмоқликнинг боиси: таҳоратхонада оёқ босмоқлиқға тоза жой топмоқлик азобидан бўғилған кимса бир азоб чекса, деворий газнитда ўқиғанларини англамай минг машаққат чекадур ва охир оқибат таҳоратхонадан чиқғач икки балодан қутғарған Тангрига шукурлар қилиб, тоза ҳаводан мириқиб-мириқиб нафас оладур. Чойхоначига бир вазифа юкланмоғи жоизким, бу чиқаверишға икки одам тайин қилсун ва бу икки одам деворий газнит азобидан қутулиб қиққан кишини қитиқлаб кулдурсин ва азобни роҳатға айлантурсин. Алқисса шулким, мазкур сатрлар ҳажв майдонида икки афанди буродаримиз кўринғач, туғилди. Умид улким, буродарларимиз яқин кунлар ичи эшакка тўғри ўлтуриб олурлар ва ҳажв майдонида кулки бўлмоқдан ўзларини тиймоқликни касб этурлар. Бу майдонда учрашмаслик мақсадида қоламиз, ишларингиз хайрли бўлсин, афанди буродарларим.
Сиз, азизмонларға тош отғувчи:
ЖЎРЖ, яъниким, Жулқунбойнинг Ўгай Рамақижон Жияни деб билғайсизлар.
Ҳангомани қоғозга тушириб, таҳририятга олиб бориш заҳматсиз кечди. Аммо газетада чиққач, икки ошнамизнинг кўнглини овлаш қийин бўлди. “Жўрж тоғамиз алмой-алжойи бир одам, оғзига келганини қайтармайди, мактабда ўн бешта ҳарфни ўргангунча ўқиган”, десам ҳам ранжийверишди. Ҳайриятки, таҳририят ҳангомага қалам ҳақи берди. Жўрж тоғамиз “ҳақи ўзингга” деганлари учун пулни олдим-у биродарларни тушликка таклиф этдим. Олинган қалам ҳақи чўнтагимдаги яна неча минг сўмни ўзи билан эргаштириб кетганини айтиб афғон қилмай. Дардим ичимда. Муҳими, афандилар Жўрж тоғамизни судга бермайдиган бўлишди. Бироқ, яна бир шарт қўйишди: яна икки кун тушлик пайти хизматларида бўлар эканман. Қўлим калта, Жўрж тоғага айтган билан фойдаси йўқ. Балки сизлар қарашиб юборарсизлар?1867 йилда молбозор бўлган жойда ҳозир “Тўққорин” ошхонаси қурилган. Афандиларимизни ўша ердан топасиз. Дастурхон атрофида бирга ўтиришингиз шарт эмас, таом ҳақини тўлаб қўйсангиз бас.