Тоғай Мурод. Момо Ер қўшиғи (қисса)

“Момо Ер қўшиғи” қиссаси биринчи марта “Қўшиқ” номи билан “Ёшлик” журналида эълон қилинади (“Ёшлик”, 1987, 3-сон). Қиссанинг тўлиқ варианти шу йили китоб шаклида чоп этилади (Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти, 1987). Асарнинг ёзувчи томонидан қайта ишланган янги варианти эса 1994 йилда нашр қилинади (“От кишнаган оқшом”. “Шарқ” нашриёт-матбаа концерни Бош таҳририяти, 1994).

1

Хумор момога кун туғди.
Ёлғиз ўғил аскардан келар бўлди.
Остонасидан суюнчихўр аримади.
Хушхабар олиб келгувчилар бировига тўн ёпди, бировига белбоғ ўради, бировига дўппи кийгизди.
Ёлғиз ўғилдан борини аямади.
Қўли сандиқда бўлди.
Кўзи остонада бўлди.
Аскардан қайтмиш ўғилдан дарак бўла бермади.
Шунда, момо кўнглига таҳлика тушди. Чин-да, йўл азоби — гўр азоби. Йўлда нималар бўлмайди.
Чолини отлантириб, йўлга чиқарайин, деди.
Чоли қирда ётиб арпа ўради. Икки-уч кунда ўроқчиларга сув олиб бориш учун бир келиб кетади.
Бечора чоли ҳали эшитмади. Эшитса, от қўйиб келади.
Хумор момо қўлини қоши узра соябон қилди. Чоли арпа ўрмиш қирга қаради. Ўғли келмиш Денов йўлига қаради.
Интиҳо, аскар келди.
Хумор момо кўчага чиқар бўлди. Калишини излади. Теграсига аланглади. Тополмади. Яланг оёқ чиққани эп бўлмади.
Бу, суюнчихўрлар иши эканини билди. Кулиб тура берди. Калишини сўровчи бўлди.
Теваракда юрмиш ҳамсоя-қўллар, хеш-таборлар елка қисди.
Ҳовли дарвозаси олдида турмиш Мардон жувозкаш айтди:
— Суюнчисига бирор нима атамасангиз, калишингизнида бермайман, дарвозанида очмайман. А? Йўқ, Мардон жувозкаш борнинг боласи, майда-чуйдаларга узатган оёғинида йиғмайди, ҳа!
Жувозкаш дарвозани ичидан занжирлаб олди. Дарвоза тирқишидан одамлар қора берди.
Ўғли остонадалигини кўрмиш момо, эндиги атайдигани охирги суюнчи эканини билмиш момо, уч йилдан буён ўғлини соғина бериб, юрак-бағри эзилиб юрмиш момо, йўқчилигинида эсидан чиқариб қўйди. Қисир қолмиш молини атаб юборди:
— Анави молимни атадим, бор-е! — деди. Шундан кейин жувозкаш қўйнидаги калишни момо пойига олиб келиб қўйди.
Момо калишни оёғига йўл-йўлакай илди. Дарвозага талпинди.
Жувозкаш дарвозани очди.
Остонада аскар турди.
Момо ўзини ўғли бағрига ташлади. Юзини ўғли бағрига босди.
Аскар момони қучоқлаб олди. Бир-икки марта ердан кўтариб олди.
— Раз-раз-раз! Ты похудела, мамашка, да! Ну, старость — не радость! — деди.
Момо бели зирқираб кетди. Аммо теваракдагиларга сир бермади. Дарди ичида бўлди.
Ўғли қилиғини соғинишга йўйди.
Юзларини ўғли кўкрагидаги нишонларга суйкади, ҳўнграб йиғлади.
Аскар онасини юпатди:
— Ну, мамаша, ну, хватит! — деди. Аскар, боши узра сочқилар сочилди. Болалар сочқи терди.
Аскар сочқилар остида ичкарилади.
Одамлар давра бўлди. Ҳол-аҳвол сўра-сўра бўлди.
Аскар бош ирғади. Лўнда-лўнда жавоб берди:
— Да! Ничего! Спасибо!
Аскар даврага аланглади. Онасидан сўради:
— Мамаша, где папаша?
Хумор момо даврага жовдираб қаради. Ўрисчани чала-чулпа билонғич жувозкаш тилмоч бўлди.
— Отасини сўраяпти, хола, — деди.
— Ҳа-а, отангми? Қирга арпа ўроққа кетиб эди. Ҳали-замон келиб қолади.
Аскар бош ирғади:
— Арпа ўрганский-да? Ничего, придёт! — деди. Хумор момо ўғли пойқадамига ош берди.
— Тўй отаси қирдан қайтганда бўлади, — деди.

2

Аскар эрталаб бадантарбия қилди. Белигача яланғоч бўлди. Ҳовлини айланиб чопди. Оёғини кўтарди, бебилчагини пешонасига теккизди. Қўлларини ерга тиради. Ётди-турди, ётди-турди.
— Раз-два-три!.. Живо, сержант Орзиқулов! — деди. Кун терак бўйи бўлди.
Аскар холаси дўппосдай ўғлини эргаштириб келди. Аскар холасига пешвоз юрди. Ўнг қўлини чаккасига қўйди.
— Сержант Орзиқулов! — деди. Кўришиш учун холасига қўл узатди.
Холаси аскар қўлини эмас, ўзини бағрига олди. Аскар жиянига қараб қўлини чаккасига қўйди.
— Сержант Орзиқулов! Как твоя имя? Баҳром? Значить, Боря, да? — деди.
— Йўқ, Баҳром, — деди жиян.
— Нет, Боря! Баҳром, отсталое имя! Боря современная! Рядовой Боря!
Жиян, тоға бўлмиш гапига тушунмади. Онасига жовдираб қаради.
Онаси орага тушди.
— Жиянингиз ҳали аскар бўлмади. Ўзбекча гапирмасангиз, тушунмайди, — деди.
— Ну-ну, пора знать, пора!
Аскар чалқанча ётди. Оёқларини чалиштирди. Бармоқлари билан кўкрагига чертди. Ўзича хиргойи қилди:
— Ай лавю, ай лавю… Я вас люблю, я вас люблю…

3

Кун оққанда аскар отаси қирдан эниб келди.
Отини дарвоза олдида қолдирди. Қамчини белбоғига қистирди.
Ичкари равона бўлди. Кулимсиб-кулимсиб қадамлади, қучоғини очиб-очиб қадамлади. Ўзича гапириб-гапириб қадамлади.
— Қани, аскар келибди-да, қани…
Аскар отасига пешвоз юрди. Қўлларини боши узра ёйди.
— О, папаша, здорово! — деди. — Сколько зима, сколько весна!
Отаси қучоқлашиб-қучоқлашиб кўришди. Шу ўзимнинг ўғлимми, демишдай, аскарга қараб-қараб қўйди.
Отаси жонлиқ сўйди.
Қариндош-уруғлар, гапга етарлар учун тўй қилиб берди.
Ўғли оёқ олиши билан гапларидан улай-булай изза бўлмади.
Майли, ҳали-ҳозир аскарлик ҳавоси бор. Кейин-кейин ўзига келади, дея ўйлади.
Аммо аскар ўзига келмади.
Мўйсафид отаси тоқати тоқ бўлди, отаси ёрилди:
— Улим, эрта биров айтган экан, отангни кўрдим — аҳмади фориғ, энангни кўрдим — товони ёриқ, деб. Отанг шул, энанг шул, қўй энди, ўз тилингда гапир.
— Ну, даёшь, папаша, даёшь!
— Мен-ку, чала-чулпа биламан. Қизил аскар бўлиб, ўрис ошналарим билан тиллаша бериб, пича билиб олиб эдим. Лекин энанг бечора манави қишлоқдан нарини билмайди. Тилингга тушунолмай қийналяпти.
— Ну, папаша, пора знать!
Отаси нима қилишини билмади. Ўй суриб қолди.
Отаси бир вақтлар Денов, Термизларда қизил аскарлик машқини олиб эди. Мана шу ерларда Совет ҳокимиятини барпо этиш учун қўлтиғига тўппонча осиб эди.
Унда манави мишиқи пўрим онаси қорнида ё бор эди, ё йўқ эди. Бу ўзи, кимга пўримлик қиляпти?
Отаси зардаси қайнади. Кўйлагини кўтарди. Чап биқинида ҳамон сақланиб турмиш ажабтовур изларни очди.
— Ай сержант, сен ўзи ким билан гаплашаётганингни биляпсанми? — деди. — Мен наган тақиб, Совет ҳокимиятини ўрнатганимда қаерда эдинг? Энангнинг қорнида, отангнинг белида эдинг! Ишонмасанг, мана, наган изи ҳалиям турибди, мана!
— Я узбекский язык не понимаю!
Отаси у деди, бўлмади, бу деди, бўлмади. Аскар гап корламади.
Отаси, шу чиндан ўз ўғлимми, ё, бошқа бировми, демишдай аскар уёғидан қаради, аскар буёғидан қаради. Аниқ бир гапга келолмади.
Кейин, шу ўз ўғлим экани ё ҳаққост чин бўлсин, ё ёлғон бўлсин, дея аскар қулоқ-чаккасига тарс эткизиб бир солди.
Аскар бундай зарбни кутмаб эдими, ё, эски қизил аскар мушти ўзи шундай бўладими, ишқилиб, ёнбошига гуп этиб тушди. Унсиз, жингак бўлиб ётди.
Отаси аскарни ёқасидан ушлаб турғизди. Энди бу чаккасига солмоқчи бўлди.
Аскар отаси ниятини пайқади шекилли, ҳовлини айланиб қочди.
— Вой энажон, ўлдим-е! — дея бақирди.
Отаси белбоғидаги қамчини олди. Яланг оёқ бўлиб аскар қувди.
— Энағарнинг боласи, тўхта дейман! — дея зуғум қилди.
Аскар ўқдай учди. Ошхонага кириб борди. Қозонни айланиб чопди. Онаси кетига паналади.
— Энажон, отамни ушланг! Жон эна, ушланг! — дея ёлворди.
— Қўрқма-е, индамайди!
— Индайди, сиз кўрмадингиз, уже битта едим! Қўлидаги қамчини олинг, энажон!
Отаси зуғум қилди:
— Ушлама мени, энаси, ушлама! — деди. — Энағарни бир қамчи остига олайин!
Онаси орача қилди.
— Қўйинг, энди қобил аскар бўлади, — деди. — Айт, қобил аскар бўламан, де.
— Энди қобил бўламан, жон ота!
— Ҳа-а, энағарнинг аскари, тилинг бор экан-ку!
— Бор, мана, бор!

4

Шундай қилиб, аскарга тил битди. Аскарлик кийимларини ташлади. Ўз кийимларини кийди.
Бир эрта отаси овозидан уйғонди.
— Сержант Орзиқулов, буёққа бир қаранг! — деди отаси.
Аскар ҳадаҳалаб кийинди. Отилиб борди. Уйқули кўзларини уқалади. Отасига жовдираб қаради.
— Сержант Орзиқулов, бет-қўлни ювиб фариштали бўлиб келинг, муҳим топшириқ бор!
Аскар чопқиллаб бориб, чопқиллаб келди. Отаси аскарни оғилхонага эргаштириб борди. Мол таппиларни кўрсатди.
— Манавилар нима, сержант Орзиқулов? — деди. — Ҳа, яшанг, таппи! Энди, ўзингиздан қолар гап йўқ, сержант, тирикчилик, ҳа, тирикчилик! Биласиз, таппи қишда кўп яхши ўтин бўлади. Қишнинг ғамини ёзда е, деган! Энди, енгни билаккача туриб, таппи ёпганский, ҳа!
Аскар таппиларга қаради. Кўнгли ўйнади. Бир, таппига қаради, бир, отаси қўлидаги қамчига қаради.
Ўлмайиннинг кунидан билакларини турди. Авайлабгина энкайди. Таппига қўл урди.
Кўнгли ўйнагандан-ўйнади. Кўзларини чирт юмди. Тағин очди. Елкаси оша отасига қаради.
Отаси қаққайиб қараб турди. Отаси қамчи ўйнатди.
Аскар тақдирга тан берди. Тағин кўзларини юмди. Таппини кафтларига олди. Деворга қулочкашлаб таппи ёпди.
Шунда, девордаги қатор таппиларда ботиб ётмиш онаси панжа изларига кўзи тушди.
— Ҳа, бали, сержант Орзиқулов, гап бундай бўпти-да! — деди отаси. — Энангизнинг қўлидан бир ишни оладиган бўлдингиз!
Бир оқшом отаси масалани кўндаланг қўйди:
— Мана, меҳмонлигингизда қариди, сержант Орзиқулов. Келди-кетдиларда сийраклаб қолди. Сўрамоқдан айб йўқ, энди ким бўлмоқчисиз?
Аскар ҳарбий хизматдан қайтиб, ижроқўм раиси бўламан, дея ният қилиб эди. Ана шу ниятини айтиш учун тили айланмади, елка қисиб қўя қолди.
Отаси бўлари гапни айтди:
— Билмаганский-да? Унда, бизники билганский! Манави заранг таёқни олиб, орқамдан юрганский! Сержант Орзиқулов пода боққанский!
Аскар анграйиб қолди. Оғзи очилиб қолди.
Отаси бир ўқрайди.
Аскар дирк этиб жойидан турди.
— Есть, пода боққанский! – деди.
Шу кундан эътиборан аскар чакана чўпон бўлди.
Адирда узун кун чакана мол боқди.
Аввал-аввал кўника олмади. Қаерларгадир, хусусан, аскар бўлмиш жойларига кетиб қолгилари келди.
Кейин-кейин адирларга ўргана борди. Адирларсиз зерикди. Адирларсиз куни ўтмади.
Оқшомлари уйма-уй юрди. Оши ҳалол йиғди.
Боши иккита бўлди.
Кетма-кет иккита қиз кўрди.

5

Эл аскарни сержант Орзиқулов дейишини қўймади.
Ҳазил-мутойибачилар тўй-гаштакларда сержант Орзиқулов аскардан қайтиб келиб гапирмиш гапларини гапириб берди. Қилиқларини қилиб кўрсатди.
Эл хандон отиб кулди.
Болалар сержант Орзиқулов бўлиб гапиришди, сержант Орзиқулов бўлиб кўришиб-сўрашди, сержант Орзиқулов бўлиб таппи ёпди.
Эл қаҳ-қаҳ уриб кулди.
У, сержант Орзиқулов бўлиб қолди.

6

Шунда… шунда, уруш бошланди.
Сержант Орзиқулов урушга кетди.
Урушдан эсон-омон қайтди.
Теваракка олазарак боқди.
Отаси бечора раҳматлик бўлибди.
Гул деб аталмиш бир дард иккита қизинида олиб кетибди.
Чолидан айрилмиш онаси билан фарзандларидан жудо бўлмиш аёли мунғайиб қолибди, ғариб бўлиб қолибди.
У урушдан ажабтовур бўлиб келди.
Миқ этмади. Олис-олисларга термулди.
Қариндош-уруғ болалари кўксидаги орден-медалларга қўл теккизиб кўрди.
— Буларни қаердан олдингиз? — дея суриштирди. — Урушга борсак, биз ҳам орден олиб келардик, — деди.
Шунда, сержант Орзиқулов қирғинбарот кунлардан бор-йўғи бир марта гап очди:
— Урушнинг оти ўчсин, болам, — деди. — Сизлар сўраманглар, мен айтмайин. Бундайчикин оҳангжамоларни мен тақдим, сизларга тақиш насиб этмасин…
Колхоз раиси сержант Орзиқуловни яхши-яхши ишларга қўймоқчи бўлди.
Аммо сержант Орзиқулов рад этди. Тағин ўз подасини сўради.
Икки йилда фарзанд кўрди.
Бунисида қиз бўлди.
Қиз бўлсада умри билан бўлсин эди, бунисида кетди.
Тўртинчиси ўғил бўлди.
Хумор момо невараси учун исм ўйлади.
Ақлларга маслаҳат солди. Оқ-қорани таниганларга китоб кўрдирди.
Олис ўйладилар.
Ўйламай бўладими, кетма-кет учта фарзанд кетди!
Охир-оқибат, ҳаёт соҳиби бўлсин, ҳаётда турсин, дея Турсун деб исм қўйдилар.
Ота-она орзуси бажо бўлди.
Турсун ҳаётда турди.

7

Ёлғиз ўғил Турсун бир оёғи мактабда бўлди, бир оёғи адирда бўлди.
Мактабдан кейин бир қўйнига нон солди, бир қўйнига китоб солди. Отаси олдига борди.
Тошга чўнқайиб китоб ўқиди. Овоз қўйиб китоб ўқиди.
Эл таъбири билан айтмиш, Турсун ғазалхон бўлди.
Байрам, тўй-маъракаларда шеър ўқиди.
Мактаб кутубхонаси камлик қилди. Тумандан даста-даста китоб олиб келиб ўқиди.
Сандиқ ости билан дераза токчалари китобга тўлди.
Адабиёт муаллими Турсуннинг шеърий дафтарини кўриб берди. Бир-иккитасини туман рўзномасида чиқариб берди.
Ёлғиз ўғил довруғи донг таратди.
Эл ўйлаб қолди: отаси бор-йўғи подачи бўлса, ўғли қандай қилиб байт ёзади?
Жавобини отасидан сўради:
— Сержант Орзиқулов, улингизга нима бериб боқяпсиз?
— Шу, биз нима есак, уям шуни ейди.
— Унда, қандай қилиб байт битяпти?
— Шунга ҳайронман. Шунча бўй-бастим билан мен байт битолмайман, бу энағар битяпти.
Бир оқшом сержант Орзиқулов ўғли ётажак уйга оҳиста кириб олди.
Деворда рангтасвирлар илиғлик бўлди, қаламтасвирлар илиғлик бўлди.
Тасвирларда турфа гуллар, қорли тоғлар, жониворлар бўлди.
Бир саман йўрғалаб юрди. Бир бўз ёллари ҳилпираб-ҳилпираб елди. Бир жийрон олис-олисларга термулиб кишнади. Иккита қора тўриқ олд оёқларини кўтариб, тумшуқларини тумшуқларига теккизиб искашди…
“Отга мойилли бўлибди. Эсайсин, от олиб бераман”.
Сержант Орзиқулов шундай ният қилди.
Деразада тахлоқлиқ дафтарларни варақлади.
Ўғли шуларни ўз ичидан чиқариб битдими, ё, бирор китобдан олиб битдими, билолмади.
Дафтарни варақлади-варақлади, тағинда ажабланди…
Дафтарда бир қиз расми бўлди. Қиз хушрўйгина бўлди. Елкасида гулдор рўмол бўлди.
Расм остида ҳуснихат бўлди.
“Шу қиз учун битилмиш байт бўлса ажаб эмас”.
Сержант Орзиқулов шундай ўйлади.
Аёлини чақирди. Қизни кўрсатди.
Аёли қизга бот-бот тикилди.
— Танимадим, — дея елка учирди.
Аёли ўзида йўқ хушвақт бўлди.
Ёлғиз ўғли уйғонибди! Бир қизга, ким бўлса-да, бир қизга кўнгил қўйибди! Бир қиз билан кўнгил олиб, кўнгил берибди! Ёлғиз ўғли суюкли бўлибди!
Ўғли мактабни битирсин. Насиб бўлса, шу қизни келин қилади!
Уч бирдай қизни қора ерга берди. Насиб бўлса, шу қиз келинда бўлади, қизда бўлади!
Сержант Орзиқуловнингда бир қувончи икки бўлди. Орзуси эзгу бўлди.
Насиб бўлса, ўғлини вақтли уйлантиради. Ёлғиз ўғил эрта уйланса, эрта фарзандли бўлади. Ўзидан-ўзи кўпаяди, ўзидан-ўзи униб-ўсади. Фарзандлари отасига йўлдош бўлади, бобосига невара бўлади.
Ота-она орзу-ҳаваси ҳамиша эзгу бўлади.
Аммо ҳаёт ҳамишада ота-она орзу-ҳавасига эш бўла бермайди.
Ҳаёт бошқа, орзу-ҳавас бошқа.

8

Турсун мактабни битирди. Кийимларини жомадон жойлади. Гап йўқ, сўз йўқ, ўқишга жўнади. Онаси оғринди.
Урушда қон кечмиш отаси ўғлини қўллаб-қувватлади. Қўлига пул берди. Хуш-хушвақт ўқишга жўнатди. Бот-бот тайинлади:
— Улим, биз ўқиёлмадик, энди, сен ўқи. Замон ўқиганники бўлиб қолди. Бирдан-бир тилагим, отанг ким, энанг ким, шуни унутмасанг бўлди…
Турсун ўқишга кириб келди.
Таътил кетидан таътил ўтди.
Турсун ўсиб-улғайди.
Юзларида учли нималар тошиб ётиб эди. Ёноқларини ғадир-будур нималар босиб ётиб эди. Ёноқлари қўнғиртоб қора эди.
Бир ғаними ёноқларини қотиб ётмиш таппига қиёслади. Бир ғаними ёноқларини чалмага қиёслади.
Ўзи ойнага қаради-қаради-да:
— Йўқ, булар шунчаки кирлар, — деди. Турсунқул ювина берди-ювина берди. Ёноқларидагилар кетди. Юзлари силлиққина бўлди.
Ажабтовур кийимлар киядиган бўлди.
Папиросни лаблари четига қистириб юрадиган бўлди.
Гугуртни ташлади, ёндиргич тутди.
Жуздони бетига аёллар тасвирини ёпиштириб олди.
Оёқ либослари товони кўтарилди.
Сочига соч қўшилди. Қулоқларини ёпди.
Паловни қошиқда ейдиган бўлди.
Бир тўйда “Модерн токинг” дея аталмиш гуруҳ ашуласини хиргойи қилиб ўйнади.
Кўпни кўрганлар мийиғида кулди.
— Отасига тортибди, — деди.

9

Турсун тонг саҳарлаб уйғонди.
Бет-қўлини ювмасдан дўкончага чопди.
Аммо дўконча ҳали ёпиқ бўлди.
У дўконча олдини олиб турди.
Шеъри чоп этилмиш рўзномадан ўнта олди!
Қайтимига қарамади. Рўзномаларни қўлтиғига қисиб чопди.
Бир рўзномани қўлига олди. Тағин, бирор мисрам тушиб қолмадимикин, деган ташвишда шеърини йўл-йўлакай ўқиди. Ҳижжалаб ўқиди.
Хайрият, мисралари тугал бўлди.
Ижарасида эшикни ичкаридан қулфлади.
Шеърларини чалқанча ётиб ўқиди, тик туриб ўқиди, ўтириб ўқиди.
Турсун ўзини катта шоир ҳис этди.
Рўзномадаги расмига тикилди. Ўзини… XIX аср буюк пюирларига қиёслади.
“Йўқ, ўхшамайди. Буюклар соқол қўяди. Буюклар сархонали мундштук чекади”.
Чин, қадимги улуғлар соқоли бор, сархонали мундштуги бор.
Нимага энди Турсун соқол қўймайди? Мундштук чекмайди?
Одамлар соқолини қиртишлаб юради. Одамлар папирос чекиб юради. Юра берсин! Одамлар ким бўлибди? Жайдари халқ-да!
Йўқ, жайдари халкдан фарқ қилмоқ лозим…
Турсун соқол қўйди. Турсун сархонали мундштук олди.
Турсун исм-шарифини пичирлаб айтди: Турсун Орзиқулов!
Исми шариф деганида шунча узун бўладими! Яна-тағин жарангламайди! Шоирлар исми шарифига ўхшамайди!
Ўзи, исми маъноси нима? Турсун, ўтирсин, ётсин… Шуям гап бўлди-ю!
Турсун ўз исми шарифидан… орияти келди. Ота-бобоси отидан… уялди!
Ўзига шоирона ном топишни ўйлади.
Неча-неча тахаллуслар топди. Ўзига ёқмади.
Охири, тарихдан келиб чиқди. Ўзини Паҳлавон Даҳо деб атади.
Паҳлавон Даҳо!

10

Бир таътилда ота-онаси Пахлавон Даҳони уйлантирмоқчи бўлди.
Даҳо оёқ тиради. Ўқишни ўртага солди.
— Ҳали ёшман, — деди. Аммо асл боисини айтмади. Ота-она нияти қатъий бўлди.
Онаси кўзига ёш олди. Тавалло қилди.
Охири Даҳо кўнди.
“Мендан нима кетди, бир ўйнаб қолай. Ўқиш битгунча ким бор, ким йўқ”, деди.
Ота-она қариндошлари қизини келин қилмоқчи бўлди:
— Ўзимизники яхши-да, ёлғизгина боламиз бўлса… Даҳо ўша дафтардаги қизни айтди:
— Олсам, ўшани оламан, бўлмаса йўқ! – деди. Ота-она ёлғиз ўғил кўнглига қаради.
Тўй бўлди.
Келин ота-она олдида қолди. Куёв бошоқойда ўқишига қайтди. Байрам, таътилларда келиб-кетиб турди. Бир ўғил, бир қиз кўрди. Ўқишлар битди.
Даҳо ўз вилоятига ишга юборилди. Даҳо шаҳарда қолмоқчи бўлди. Шаҳарда қолиш учун пинҳона уриниб кўрди.
Аммо иш масаласи қийин бўлди.
Даҳо ичини ит тирнади.
Онгсиз қолди. Қишлоғига қайтиб борди.
Ўзи ўқиб-улғаймиш мактабда ўқитувчи бўлди.

Асарнинг тўлиқ вариантини сақлаб олинг.