Тоғай Мурод. Бу дунёда ўлиб бўлмайди (роман)

1

Таги кўрмаганга гилам битмасин.
Қодир қулни чевараси, Холмат малайни невараси, Эсон хизматкорни боласи Ботир қўшчи тумандан айниб келди.
Қўшчи калондимоғ-калондимоғ қадам босди. Кибор-кибор қулоч отди. Керма қош-керма қош боқди.
Колхоз идораси қошида оёқ илди. Идора томига сердимоқ назар солди. Гап йўқ, сўз йўқ — нарвондан томлади.
Томда қўлларини кетига қўйди. Том бош-адоғилаб қадамлади. Вазмин-вазмин қадамлади. Олисларга доно-доно боқиб қадамлади.
Бирдан қозиқдай қоқилиб қолди. Мисоли ҳайкал бўлиб қолди. Ерга шаҳодат бармоқ ўйнатди. Лик-лик ўйнатди. Қоровулни имлади.
Қоровул ҳадаҳа-ҳадаҳа келди. Нарвон пойида ҳайрона-ҳайрона турди. Қоши узра кафт соябон эта-ета мўлтайди.
— Чақиргандай бўлдингизми? — деди. Қўшчи ҳокимона-ҳокимона сиёсат этди.
— Халқ йиғилсин! — деди. — Халқни йиғинг! Қўшчи қўллари кетида тағин қадам олди. Мағрибга боқиб қадам олди. Машриққа боқиб қадам олди. Қоровул гапни кулги-мутойибага йўйди.
— Ҳа, халқ келади! — деди. — Тайинлаб қўйиб эдим, халқ ҳализамат келиб қолади!
— Халқ йиғилсин, дедимми, йиғилсин!
Қоровул ҳайрондан-ҳайрон бўлди. Туриб-туриб… ғаши келди.
«Ўзинг бир қўшчи бўлсанг, — демоқчи бўлди. — Сенга ким қўйибди идорани томига чиқишга?»
Яна-тағин, шайтонга ҳай берди.
— Халқни нима қиласиз? — деди. — Мана мен халқ, ўзимга айта беринг!
— Йўқ, халқ йиғилсин!
Шу вақт дарвоза олдида беш-олти деҳқон қора берди. Деҳқонлар нарвон пойига тўп бўлди. Кулги-мутойибага ўтди:
— Син-симбатингизни даладан кўриб келдик.
— Туманда нима гаплар бор, гапиринг, қани?
— Қани, тумандан гурунг беринг, қани?
Қўшчи томдан тушди. Ҳовуз бўйлаб юрди. Ҳовуз супада тик турди. Қўлларини орқа этди. Йўқ қоринни олға сурди. Иўқ қоринни олға сураман дея… кетига чалқайиб қолди. Йўқ қорин олдинда қолди… Кети ич-кари кириб йўқолди. Ўзи кетига чалқайиб қолди!
Қўшчи деҳқонларга бармоқ ниш этди.
— Шундай туринглар! — деди. Деҳқонлар супа пойига тўп бўлди. Қўшчи супага бармоқ бигиз этди.
— Ўтиринглар! — деди.
Деҳқонлар чўк тушди. Чордана қуриб ўтирди.
Қўшчи белқарсдан билак ўтказди. Белқарс тутамлади. Иўқ қоринни тағин-да олға сурди. Кети тағин-да ичкари кириб йўқолди.
— Аммо-лекин! — деди. — Айтинглар, қани, мен кимман?
Деҳқонлар ўзаро қарашиб олди. Биламиз демишдай, бош ирғади. Ҳазил демишдай, мийиқларида кулди.
— Ким бўлардингиз, ўзимизни Ботир қўшчи-да, — деди.
Қўшчи йўқ қоринни олға силтади.
— Йўқ! — деди. — Аммо-лекин тополмадиларинг!
Деҳқонлар бурчакка бет буриб келди. Деҳқонлар оғиз ушлаб кулди.
— Колхоз тузилгани қачон эди? — деди қўшчи. —
Сизларга қачон ақл киради? Топинглар, мен кимман?
Деҳқонлар юзидан кулгич қочди. Бари ўйлаб қолди. Охири чидаб ўтиролмади.
— Унда, ўзингиз айтинг?
— Биз бир далада юрган деҳқон бўлсак?
— Сиз туман бориб келдингиз, сиз айтинг?
Қўшчи икки қўлини кўксига қўйди. Кўкрагини олға шиширди.
— Мана шу… мен-а? — деди. — Мана шу мен! Айтинглар, қани, мана шу мен кимман?
Деҳқонлар тағин бир-бировига қаради.
— Ҳа, шу сиз, шу сиз! — деди.
— Унда, сизларга топшириқ: боринглар, мени ким эканимни билиб келинглар!
Қўшчи шундай дея, супадан тушди. Кўчага равона бўлди.
Бир деҳқон қўшчини изидан етди. Қўшчини билагидан тутамлади.
— Менга қара, Ботир, — деди. — Отангни кўрдим, аҳмади фориғ, энангни кўрдим, товони ёриқ, дейдилар. Отанг шул, энанг шул, нима қиласан, осмонга чиқиб? Туш пастга, туш!
Қўшчи қайтиб келди. Қўшчи кўкрагига кафт қўйди.
— Мен! — дея кўкрак урди. — Мана шу мен, Ботир фирқаман, Ботир фирқа!
Деҳқонлар ўзаро қарашиб-қарашиб олди.
— Ким-ким? — деди.
— Бир сўз билан айтсак: Ботир фирқа!
Қўшчи шундай дея, супа бош-адоғилаб одимлади. Деҳқонларга қараб-қараб одимлади.
— Бир сўз билан айтсак, мен шу кундан бошлаб
Ботир фирқа бўлдим! Айни вақтда, қишлоқ шўросини раиси-да бўлдим! — деди. — Кимда-ким мени Ботир фирқа демас экан, ўзидан кўрсин!
Деҳқонлар бақа бўлиб қолди.

2

Қўшчини Ботир фирқа демагичлар бўлди.
Биров — фирқа сўзига тушунолмай айтмади. Биров — қўшчи сўзига ўрганиб қолиб айтмади. Тағин биров — қўшчига фирқа сўзи ярашмайди, дея айтмади.
Ана шунда, Ботир қўшчи… чилласида чироқ кўрмаган бўлди.
Қўшчи бировни меҳнат ҳақини қирқиб ташлади. Бировни томорқасини сувдан қисди. Бировни мол-ҳолини емишдан тортди.
Отига «фирқа» сўзини қўшиб айтмагичларни: «Халқ душмани», дея айблади.
Шу-шу, қўшчи бир оғиздан — Ботир фирқа бўлди.

3

Ботир фирқа Ўзбекистон пойтахти Самарқандда олти ойлик сиёсий ўқишни битириб келди.

4

1933 йил тўлди.
Нон чучук бўлди. Нон ширин бўлди. Ота ўз ўғлини бир зоғора нонга алмашди. Она ўз қизини бир ҳовуч кепакка алмашди. Одамзот кунжара ейишгача борди.

5

Она бир эшакли ўткинчига кафтларини узатди.
— Мана шу қизалоқни олиб кетинг, катта бўлса, эшигингизни супуради! — деди. — Бир ҳовуч кепакка бераман, бир ҳовучгина!
Ўткинчи ўзини эшитмасликка олди. Бозор учун нарх-навони сўрамади. Бошли-кўзли болани сўраб-суриштирмади.
Она ўнгга қаради, она чапга қаради. Бозорда ўзидан бошқа қолмади.
Шунда, она боласига боқиб ҳўнг-ҳўнг йиғлади. Боласига боқиб увв-увв йиғлади.
Она энкайди. Бўйин эгди. Боласини бўйнига миндирмоқчи бўлди.
Аммо боласи ўзини орқага олди. Йўқ, ишорасини берди.
Шунда, она, боласини елкаларига қўйиб-қўйиб олди.
Боласи овози борича йиғлади.
Она ўнг гапирмади — чап гапирди:
— Ўчир, бозори касод! Ўчир, зоғора нон!
Она энди боласини қулоқ-чаккаси аралаш қўйиб-қўйиб олди.
Ниҳоят, таёқ ўтди. Боласи жонҳолатда турди. Жонҳолатда онаси елкасига осилди. Бўйнидан қучоқлаб олди.
Она рўмоли учига тутиклик бир нимани қўлтиғига олди. Тугунни эҳтиётлаб-еҳтиётлаб қўлтиқлади. Ё пирим, дея, жойидан қўзғолди. Оеқлаётиб, қалқиб-қалқиб олди. Ўзини ўнглаб олди. Бир-икки қадам босди.
Она елкасида бола, йўл олди. Она қўлтиғида тугун, йўл олди.
Бола онаси бошини опичлаб борди. Овоз бериб, йиғлай, деди. Онасидан қўрқди. Онаси оёқларини чимчилаб олишидан қўрқди. Бола бор-йўғи инг-инг этиб борди.
Барибир, она кўксида шалвираб боражак боласи оёқларидан ўйиб-ўйиб олди.
Она ўнг гапирмади — чап гапирди:
— Ўчир, бозори касод! Сидирға ўтир, бозори касод, сидирға ўтир!
Бола ингилламай қолди.
Она ёлғизоёқ сўқмоқ бўйлаб юрди. Қишлоқни мўлжаллаб юрди.
Қишлоқ бир қадам кўринса-да, хийла олис бўлди.
Бир илон сўқмоқни кесиб ўтди.
Она таққа тўхтади. Сесканиб олди. Ўзини орқага олди.
Шунда, елкасидаги боласи кетига чалқайиб кетди. Кети билан йиқилиб тушай деди.
Она боласини оёқларидан ушлаб қолди.
Она ёқасини кўтариб, ичига «туф-туф» этди. Илон юрмиш ўт-ўлан шитир-шитир тингунича қимирламади. Жойида турди.
Тағин йўлида давом этди.
Бола онасини бошини опичлаб-опичлаб олди.
— Эна, нон… — деди.
Она парво этмади. Бир маромда одимлади. Қош қорайиб борди.
Она қадамини катта олди. Аммо қадами ўнгмади. Боши айланди. Кўз олди тебранди.
— Эна, но-он…
Eлас-елас бир ит ҳурди. Ит кимга ҳурди? Ит нима-га ҳурди?
Она оёқ илди.
«Ит менга ҳуряпти, менга! — дея ўйлади. — Ит бир нимани ҳидини олди. Ит нон ҳидини олди, нон. Ит ана энди чопиб келади!»
Она ит ҳуришини… боласидан кўрди.
«Болам нон-нон деяпти. Ит «нон» сўзини эшитди», дея ўйлади.
— Нон дема-я, қирилиб кетгур! — дея, боласи сонини ўйиб-ўйиб олди. — Ана, ит келяпти, нон дема-я!
Боласини нафаси ичига тушиб кетди. Она тағин йўлида давом этди. Ит яна бир ҳурди.
Она ана шунда ит бор тарафга қараб кетаётганини англади. Йўлини чап солишни ўйлади.
Аммо сўқмоқ ёлғиз бўлди. Ўз оти ўзи билан, ёлғиз.
Она: «Ит нон ҳидини олди-ёв. Чопиб келиб ёпишмаса-ёв», дея ўйлади.
— Она, но-он…
Она йўлини сўқмоқдан чап солмоқчи бўлди. Беш-олти одим босди. Аммо оёқлари чирмовуқларга илашиб қолди. Ёввойи бедаларга илашиб қолди.
Шундай кетса, оёқлари чалишиб йиқилишидан қўрқди. Ёмондан-ёмони… ўт-ўланлар ичида боягидай илонни босиб олишидан қўрқди.
Она яна қайтиб сўқмоққа тушди. Қўлтиқ тугунини маҳкамроқ босди.
— Эна, но-он…
Она елкаларини учирди. Боласини силкиб-силкиб олди. Жеркиб-жеркиб олди. Оёқларини шапиллатиб-шапиллатиб уриб олди.
— Нон дема! — деди. — Нонни отини атама!
Она ҳамон ҳадик билан қадамлади.
Ит ёпишади, дея ҳадиксиради. Кун ботиб борди.
Кунботар алвон-алвон шафақ бўлди. Ҳаводан салқинлик уфурди. Ҳаводан оқшом нафаси уфурди.
— Эна, но-он…
Ит тобора яқин бўла борди.
Она эҳтиёт учун… ит тараф қўлтиғи — ўнг қўлтиғи-дан тугунни олди. Авайлабгина… чап қўлтиғига қистирди. Кўнгли хиёл ором олди. Дадил одимлади.
Боласи ич-етини тирнаб зорланди:
— Эна, но-о-он, но-о-он…
Она итдан эллик-олтмиш қадам беридан ўтди. Батамом бемалол ўтди. Боиси, ит… боғлоқлик бўлди.
Қош қорайиб-қорайиб қолди.
Она кулбасига етиб келди. Ўчоқ бошида чўнқайди.
Боласи елкасидан сирғалиб тушди. Жойида ўтириб қолди. Ўрмалаб-ўрмалаб олди. Оёққа қалқди. Той-той юрди. Атак-чечак юрди. Тетапоя-тетапоя юрди. Оёқларини ёйди. Теварак-бошга сер солди: қаерларда нон бўлади?
Бола ана шу жойларни титкилади. Дастурхонни очиб қаради. Тўнтариқлик тобоқлар остини қаради. Ўроғлик супрани ёйиб қаради…
Онани энка-тенкаси қуриди. Энтикиб-ентикиб на-фас олди. Ўзини ўнглади. Узига келди.
Сўғин, қўлтиғидан тугунни олди. Ўчоқ бошига ёйди: тугунда кафтдай зоғора нон бўлди!
Узалиб, обтовани олди. Жўмрагидан ерга икки том-чи томизди. Жўмракни оғзига қўйиб кўтарди. Кўтариб сув ичди. Энтикиб сув ичди.
Зоғора нонни олиб… чаппа бурилди. Нонни катта-катта тишлади. Нонни катта-катта чайнади. Нонни кат-та-катта ютди…
Зоғорадан ушоқ-да қолмади!
Тағин… ўнг бурилди…
Боласи ҳали-ҳамон тобоқлар остидан… нон қидирди!
— Бери кел! — деди она. — Бери кел, мана нон!
Бола ҳадаҳалаб келди.
Она боласини бағрига олди. Она боласи оғзига… кўкрак солди. Боласига кўкрак берди.

6

Оналар… тасбеҳдай-тасбеҳдай тизилиб ўтирди. Она бир йўловчига қўл чўзди.
— Мана шу қизалоқни ола кетинг, сизга қиз бўлади! — деди. — Бир кулчага алмашаман, бир кулчага!
Она бир йўловчига боласини кўрсатди.
— Мана шуни зоғора нонга алмашаман! — деди. —
Кафтдай зоғора нон бўлса бўлади!
Мазкур йўловчи… Ботир фирқа бўлди. У эътибор бермади. Бепарво ўтди.
Беш-ўн қадам ўтиб, оёқ илди. Боиси, овоз таниш туюлди. Кетига қайрилиб қаради. Кетига қайтиб келди.
Чин, туюлганича бор бўлди. Боласини олдига олиб ўтирмиш она… Мирзахўжабойни беваси бўлди.
Ботир фирқа қўлларини белига қўйди. Бевага қараб турди.
Она ерга қаради. Боласини бутлари орасига тортиброқ ўтирди. Боласини елкаларидан қучоқлаб ўтирди. Пешонасини боласи бошига қўйиб ўтирди. Она бетларини бекитиб ўтирди.
— Изимдан юрилсин!
Ботир фирқа шундай дея, йўлида одимлади.
Она жойидан қўзғолди. Боласини уст-бошини қоқди: боладан хас-чўп тушди. Боладан чанг-тупроқ тушди. Бола… гупиллаб-гупиллаб чангиди!
Она ўз уст-бошини тузатди. Этагини қоқди. Желагини бетига тортиб қўйди. Боласини қўлидан етаклади.
Ботир фирқа кетига қайрилмай қадамлади. Ердан кўзини олмай қадамлади.
Холилатиб-холилатиб оёқ илди. Онага қайрилмай гап очди. Ердан кўз олмай гап очди. Оҳиста-оҳиста гап очди:
— Сиз Мирзахўжабойни кенжа заифаси… Зайнаб… Зайнаб хотинмисиз?
— Шундай, шундай.
— Қизалоғингизни оти нима?
— Обод.
— Обод, Обод… Мирзахўжабойни қизими?
— Шундай, Обод… ўша кишидан!
— Сиз кимни зурриётини бозорга олиб чиққанингизни биляпсизми? Кимсан, Мирзахўжабойни зурриёти!
Она миқ этмади. Она ерга тикилди.
— Мирзахўжабойни зурриёти-я! — деди Ботир фирқа. — Чин, Мирзахўжабойлар совет ҳукуматини тан олмай, Афғонистонга қочиб кетди. Лекин у киши Саидхўжа эшонни тўнғич ўғиллари. Бир сўз билан айтсак, эшонзода, эшонзода!
Ана шунда, она тилга кирди. Желаги ёқаси билан оғзини ушлаб тилга кирди.
— Бир норасидани товонига қолмайин деяпман-да, фирқа бова, — дея йиғлади. — Шугина норасида пешонамга сиғмаяпти!
— Шугина бир… гўдакни боқиб бўлмай қолдими?
— Йўқ-да, фирқа бова, йўқ-да. Хонумонимиз куйди! Биз куйиб-куйиб… кул бўлдик!
— Мирзахўжабойни гўдаги учун-а?
— Кунжара берсам, емаса нима қилайин? Зоғора нон отлиққа йўқ бўлса, нима қилайин?
— Бир бориб айтсангиз… қадамингиз кира тилайдими?
Ботир фирқа умид сувлари сепиб, умид сувлари сепиб кетди.

7

Ботир фирқа оқшом вақти аёлига тайинлади:
— Мирзахўжабойни бевасига битта кулча олиб бориб бер, — деди. — Фақат биров билмасин, замон ёмон.
— Битта кулча нима бўлади? — деди аёли.
— Ҳар тандир ёпишингда биттадан кулча бериб келасан, тушундингми? Бевасига айт, биров билмасин. Замон ёмон, жуда ёмон…

8

1934 йил оёқлади.
Нон чучукдан-да чучук бўлди. Нон шириндан-да ширин бўлди. Илик узилди!

9

Кулбаларда бекаси билан хўжаси узала тушиб ўлиб ётди.
Бекаси бағрида қизалоғи ўлиб ётди. Хўжаси қўйни-да ўғилчаси ўлиб ётди.
Одамзот йўлларда ўлиб ётди. Ариқ бўйларида ўлиб ётди. Дарахт тагларида ўлиб ётди.
Биров зоғора нондан шишиб ўлди. Биров кунжара-дан шишиб ўлди. Биров шуларни-да тополмай — очидан ўлди!
Қабристонлар лиқ-лиқ тўлди. Жасад қўяжак ер тугул, оёқ босажак ер қолмади.

10

Шунда Ботир фирқа бошлиқ фаоллар туман йўл олди. Катталарга мурожаат этди.
— Мозористонда соғ жой қолмади, — деди Ботир фирқа.
— Бутун туманда шундай, — деди катталар. — Биз юқорига хабар бердик, ёрдам берамиз, деди.
— Унгача жасадларни қаерга қўямиз?
— Топилади, тирикка топилган ер, ўликкаям топилади!

Асарнинг тўлиқ вариантини сақлаб олинг.

Китобни MP3 форматда тингланг.