Собир Ўнар. Отам кезган маъволар

* * *

Отам раҳматли овчи эмас эди, лекин ҳайвон зоти, айниқса, жондордан — бўрини бизда шундай деб қўяқолишади — қўрқмаган. Мен буни баралла айтаман. Сабаби у одам умрида бирор марта ёлғон гапирмаган. Қирқ йиллик тўпори, содда ва бағрикенг Ҳамза чўпон эди. Умри қир ва тоғларда ўтди. Чўпонлик, биласизми, энди эсласам ўша давр учун энг бемаза касб экан: на кечаси, на кундузи ором йўқ, тиним йўқ, қўйни ё молни бировнинг олдига солиб, ақалли бир ҳафта таътилга чиқиб дам олиш йўқ. Чамаси ёз чилласида қўйлар ётоқжойда бир неча соат бошларини эгиб ёхуд ётиб тин олгандагина отам бир чойнак чойга суви қочган нонни ботириб еб олгач бир ё бир ярим соат мизғиб оларди. Куннинг тафти пича пасая бошлагач қўйлар туриб қуёшдан бошларини бекитиш учун бир-бирларининг “пинж”ларига суқилганча тўда-тўда бўлиб жовдираб жўнай берардилар. Отам ўрнидан туриб чайлатом ёнига ялангоёқ ўтиб қўлини пешонасига тираб овозининг борича “ҳай-айт!” деб бақирар эди. Ана шунда нақд беш юзта қўй сергак тортиб бир-бирига қўшилар ва бир томонга қараб ўрлаб жўнар эди. Овознинг бақувватлиги ҳам бир ҳунар экан дейман энди-эндилар. Икки чақирим масофадан молнинг бошини қайтариб қўйиш ҳам шунчаки иш эмас.
Эчки аҳмоқроқ жонивор келади.
Қўй ундан ҳам баттарроқ, тўрт юз-беш юзтаси ўнта эчкига эргашиб жўнайди. Ахталанган така – серка жаноблари бўлса, бўйнига тақилган қўнғироқни юксак мартаба билганидан бўлса керак, отарни қулай-ноқулай жойларга бошлаб кетаверади. Қўнғироқ чўпон учун бир белги: қўйлар қаерда эканини чамалаб олади. Отарга жондор оралаганда ҳам даставвал эчки товуш беради. Қўй бўлса дарҳол тақдирга тан бериб миқ этмай тураверади.
Бир бўлган ҳангомани айтай. У вақтда отам ёшроқ бўлган экан. Керагатош томонда молларни бир жойга тўплаб, шох-шабба, тезакни тўплаб, чойгумни қайнатиб, чойни ичиб бўлиб мулгиб, энди уйқу элитиб чийдомини устига тортиб турган экан, бир эчкининг “бақириғи” қулоғига чалинибди. (Ҳа, эчки нақд бақиради, маъради дейиш, қанақадир ўхшамайди). Фавқулодда бақириқ бир фалокатнинг дараги. Отам ўрнидан туриб товушнинг қаердан келаётгани ва масофасини чамалабди. Айвонсифат жойлашган тошнинг учигача энгашиб келиб қараса, жондор эчкини эрмак қилиб (қорни тўқроқ шекилли) у ёқ бу ёққа силтаб уриб ётипти. Одатда бўри молнинг бўғзидан олади. Савқитабиий йиртқичлик сезгиси билан жончиқар жойини мўлжаллай олади ва ҳамлада деярли адашмайди. Эчки ҳадеганда мурдор бўлиб таслим бўлавермагач, бўри охири уни таппа босади ҳамда ғиппа бўғишга тушади.
Отам тош олиб чамалайди, таёқ олиб чамалайди. Охири чийдомини ечиб, эҳтиёт шартидан олдига тутади ва… бор оғирлигини солиб этиклари зарби билан бўрининг елкасига туширди. Шу ҳолда чийдом билан жондорнинг тумшуғини ўраб олади. Биров ўша заҳоти бўрининг умуртқалари синиб кетувди, ўз-ўзидан жониям чиқиб кетган, Ҳамза аканинг тошиям ҳазилакам эмас-да, дейди. Биров эса отанг чопқисини ишга солиб бўрининг бўғзидан тортиб юборувди, дейди.
Икковиям худди кўргандай гапиради.
Отамнинг ўзи бўлса худди узоқ тарихни ўйлагандай ёки хира тушни эслагандай, ёки бўлмасам хушламагандай тураверади. Жондор ҳақида -нимагадир гапиргиси келмайди.
Шунақа эди менинг отам…

* * *

Жайранинг гўштини дориликка ейишади, деб эшитганман. Бодга, хафақон, мижозга фойдаси ҳақида гапирадилар. Инида кавш қайтаради, дейишади. Биласиз, айритуёқ ё кавш қайтарган ҳайвон ҳалол эмиш. Бироқ жайранинг оёғи айнан чақалоқникига ўхшаши одамни сескантиради. Буни мен Қулмат жўрадан эшитганман.
Қулмат жўра Фақир бобонинг кичик ўғли. Кўпириш бундаям бор. Лекин “жўра, отангникиям етади, сен сал калтароқ қайт!” десак, “ҳе, ўлинглар” дея шаштидан тушиб қолади. Унинг унда-бунда шериклари билан тоққа чиқиб олқор, тўнғиз отганиниям биламиз. Лекин жайра овига бир ўзи чиққан. Тизза бўйи қор ёғиб, одамлар гуртикдан юролмай турган куни акасининг армиядан кийиб келган кигиз этигини кийиб олиб, елкасига битта паншахани ташлаганча тоққа йўл олган. Молхона, уйлар устида қор кураб юрган қўшнилар ҳайрон қолишган, босинқи туш кўрибди-ёв дейишган. Фақат хотинига “Бугун бир жайра ушлаб келаман, кечки овқатга пишириб еймиз, кейин тўққиз ой ўтиб ўғил туғасан”, дебди.
Унинг кетганини кўрганлар келганини кўришмаган. Фақат эртасига тонгда Исмат полвоннинг ўғли ташқарига чиқаётиб уй олдидаги симтўсиқда олтита… жайра осилиб турганини кўриб турган жойида қотиб қолган. Исмат полвон одатдагидай булкиллаб-булкиллаб, дамини чиқармай кулган. Қулматнинг бир эмас, учта жайра тутиб келганини айтган. Даставвал Қулматнинг жайра тутишига, жайранинг оёғи жуда ингичка эканига ишончсизлик билдирганлар ҳам ўшалар бўлгани учун овчи атайин шу йўлни тутибди.
Мен Тошкентда эдим. Тенгқурлар Қулматникига ўтишган.
Ўртоқлар баъзан “тоғда ўсгансан, қайси ҳайвонларни кўргансан?” деб сўрашади. Ўйлаб қарасам бўри, тулки, тўнғиз, қуён, жайра, кўлвор, ўқилон, сувилон (майли-да энди), бургут, каклик, қирғовул, ғажир, укки, лочин, тувалоқ, зарғалдоқ, бойўғли, тира-тира, сассиқпопишак, тўрғай (майли-да энди)ларни кўрганман. Ғажир, сассиқпопишак кўп бўларди, ҳозир негадир қарға кўпайган. Дарвоқе, зағча деган қўлга тез ўрганувчи мусичадай бир қора қуш бўларди. Ўзича хушомад қилиб қўшниларнинг тугма, игна, ипи борми, тумшуғига нима илинса эгасининг уйига ташигани ташиган эди. Эсимда, бир гал чақалоқ укам оғзини очиб бақириб йиғлаётса, зағчамиз унинг тилидан чўқиб олган. Укам бир пас индамай, балки қўрққанидан қотиб қолган, сўнг тилидан қон томаётганини кўриб баттар қичқирган. Қушимиз шу “гуноҳи” учун хонадонимиздан бутунлай бадарға қилинган.
Тоғимизда айиқ бор дейдиганлар топилади. Бе, бу бир боди гап. Айиқ ўрмонли тоғда бўлади. Бизнинг тоғ – бахил тоғ. Асосан чағир тош. Сойлари ҳам санг, қайроқтош.
Жайрани чиндан ҳам кўрганман. Қўна қишлоқдаги чайлатомимизга кўчиб чиққанмиз, отам молларини тўплаб келиб, овқатдан сўнг ҳаммамиз супада пинакка кетаётган эдик. Итимиз бирданига безовта вовуллаб қолди. Одатда у бегона шарпани кўриб қолса шундай безовта “ҳов-ҳов” қиларди. Отам дарҳол туриб ялангоёқ токзор оралаб кетганини билмай ҳам қолибмиз. Бир пайт қарасак, худди одамни сўккандек бир нималарни сўкиб тошлаб қувиб юрибди. Акам билан мойчироқнинг пилигини кўтариб секин-аста қўрқиб бордик. Биз яхши кўрган қизил ҳусайнининг тагида икки кўз ялтирайди. Қотиб турибди. Отамнинг қўлида кесак эканми, шошиб унга улоқтирди. Тиконлари узун, катта одамнинг тирсагича келса керак. Албатта, у қочди ва таёқдан ҳам, ўлимдан ҳам қутулди. Токзор ёнидаги жарга тўрт-бештаси бирданига калла ташлаб кетди. Зимистонда уларни топиб бўлармиди. Бунинг устига яқинлашган одамга игнасини отади деб эшитганмиз. Отам бунисини ўйлаб чўчийдиган одам эмас – дуч келса тош ёки таёқ билан соламан дейди. Ўшанда жайралар тикон отганини кўрмаганмиз. Лекин узумхўрлик қилган жойида тўрт дона найзаси тушиб қолган. Ва ўшанда биз пишишини зориқиб кутаётган, энди ранг ола бошлаган қизил ҳусайнининг ғажиб ташланганини кўриб жудаям хафа бўлганмиз. Қайтиб жайра зотини кўрмаганман…
Овчи дўстимиз Қулматбой ёзда жайрани кўп пойлаган, тутишнинг эпини келтиролмаган. Ҳатто инининг устидан тешиб ҳам кўрган, оғзини беркитиб ҳам кўрган, бўлмаган. Ини узунлигини чамалай билмаган. Ўзи тушиб боришга қўрққан: найзаларини бирин-кетин ўқдай отиб, баданини илма-тешик қилиб ташласа нима бўлади?
У мўлжал қилиб юриб қор босган кунни айни пайт ҳисоблаган. Таваккал бир ўзи паншахани кўтариб борса, жониворлар худди ўша пайт сувлашга тушишган экан. Сувга қонган жайра юқорига чополмас экан. Шу боис учовиниям қийналмай паншаха суқиб жойида қолдирган.
Ҳа, дарвоқе, тўққиз ой эмас, келаси йили қишга бориб Қулмат жўра бир неча қизлардан сўнг чиндан ҳам ўғил кўрган.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 2014 йил 25-сон