Шукур Холмирзаев. Йиғи (ҳикоя)

Оғзингга қон келсаям, душман олдида тупурма.
Ҳикмат.


Ўғлим ЖАМШИДга

Мен раҳмсиз эмасман. Афғондаги босмачиларгаям муносабатим аниқ эди. Аммо, ўша ерда хизмат қилаётганимда бир воқеа содир бўлдики, ҳали-ҳамон унинг мағзини чақолмас эдим.
Биз крепостда турардик. Тошдан ясалган қўрғонда. Деворидан одамнинг боши кўринади. Девор ортидаги майдонга вертолётлар келиб қўнарди, биз кечаси уларни қўриқлардик. Кундузи ҳар хил топшириқларни бажарардик. Гоҳо кечаси ҳам босмачилар яқин келгани ёки бирон қишлоқни босганини эшитсак, бораверардик. Эгнимизда ўқ ўтмайдиган жилет, қўлимизда автомат. Командир буюрса, бас…
Ёнимизда битта ўзбек қишлоғи бор эди. Жуда хароб яшайди у ернинг халқи. Одамларини кўрсангиз, ачиниб кетасиз. Кир-чир, қўллари қадоқ… Қишлоқнинг ўртасида дўконлар бор. Ўлимни ўйламасак ҳам, барибир бўйинга олиб қўйгандик. Биласизми, жуда қўрқмас одам ҳам, жуда қўрқоқ одам ҳам тез ўлар экан: битта наманганлик ўртоғим бор эди. Келганида майингина йигит эди. Бўйи мендан икки қаричлар баланд. Олти ой ўтмасдан бронежилет киймасдан жангга кирадиган бўлди. Ўлимни сира ўйламас эди. Босмачиларнинг снайперлари уни қасдлашган экан. Буни кейин билдик… Бир куни иккаламиз крепостнинг ёнида — мен чўзилиб ётгандим, у тошда ўтирганди. Рўпарамизда баланд тоғ-тошлар, ғадир-будир. Дарахт йўқ. Ўртоғимга ўқ текканини билдим… Эшитдим. Ўқнинг овозини эшитганим йўқ; мана шу еридан — қоқ пешонасидан теккан экан: чинқириб юборди. Жойидан сапчиб кетди. Орқага йиқилди. Мен ҳам ўрмалаб, тош панасига ўтдим. У типирчилаяпти. Тоққа қараб турсам, бир тошнинг орқасидан саллали киши чиқди. Бўйнини чўзиб бу ёққа қарай бошлади. Ўликни кўрмоқчи-да. Калласини ё қулоқ-бурнини кесиб кетади. Ё автоматини олиб кетади. Отдим саллалини. Сурилиб тушиб келди. Устига бориб, яна отдим. Йўқ… тушгунча ўлиб бўлган экан.
Милтиғини олиб келдим. «Бур» деган милтиқ экан. Инглизларники. Бизнинг снайпер милтиғимиз билан тенг туради. Ҳе, кейин кўп болалар ўша милтиқ билан расмга тушишди.
Хуллас, жуда қўрқмас одам ҳам тез ўлар экан.
Мен сизга бошқа нарсани ҳикоя қилмоқчи эдим. Яхшиям ўртоғимнинг ўлимини айтдим.
Ана ўшанда мен биринчи марта йиғладим. Йиғладим-у, шундан кейин бошқа бировнинг йиғлаганини кўрсам, тоқат қилолмайдиган бўлиб қолдим.
Битта йигит тўртинчи даражали бош ошпаз экан. Взводга келиши билан: «Мен ошпаз бўламан», деб туриб олди. Ўзимизда опшаз бор. Командир: «Йўқ», дейди. У бўлса… йиғлайди. Шунда бир-иккита руслар ҳам ундан кулишди.
У бир ҳафтадан кейин биринчи жангда ўлди.
Сизга айтмоқчи бўлган ҳикоям ёнимиздаги қишлоқлик бир ўзбек бола ҳақида.
Ўн беш ёшда эди. Лекин… йириккина эди. Гилам дўппи кийиб юрарди. Онаси, тўртта укаси бор экан.
Ўша бола менга битта кучуквачча олиб келиб берганди. Қозоқи итга ўхшайди. Расмиям бор. Мана, оёқларига қаранг, қандай йўғон… Э, биз қишлоқилар билан яқин бўлиб қолгандик!
Бир куни босмачилар яқин келганини эшитдик. Жўнадик. Олдинда сапёрлар. Орқада биз. Дух ҳам эргашди (мен унга Дух деб от қўйган эдим). Ҳа-ҳа, босмачиларниям кўпинча Дух деб аташарди уёқда. Улар — тоғ одамлари. Қўлга тушириш қийин. Ўлдирдим деб устига борсангиз, сизни отиб қўяди…
Ҳа-ҳа, Дух ҳам бизга эргашди. Ит — ит-да. Минани босиб қўйиши мумкин. Йўлда бир қисмдан ўтаётгандик, уни қолдирдим. Бир кладовкага қамашди.
Биз кетгандан кейин шу қисмни текширишга комиссия кепти. Битта капитан ҳалиги омонат уйчаниям очирипти. Дух унга ташланган экан, у тўппончадан отипти. Оёғига тегипти. Орқамиздан оқсаб етиб борди. Кейин… уни Ҳаким олиб кетди.
Ўша бола-да… Баъзан мен билан гаплашиб ўтирарди. Нима? Қишлоққа оралаган босмачилар ҳақидаям хабар берарди. Йўл кўрсатарди баъзан.
— Сизлар Ўзбекистондан келиб қолган ўзбекларми? — деб сўрасам, дабдурустдан жаҳли чиқарди.
— Мумкин сизлар биздан бориб қолган ўзбеклар! — дерди.
Мен ичимдан қувонардим. Биласизми, ўзбек эканингни бу ерда — Ватанда қадрига етмайсан, эсламайсан ҳам. Аммо четда… билинар экан. Биринчидан, тезда топишасан. Қайси юртдан эканини сўрайсан. Суҳбатлашасан. Тилинг бир, урф-одатинг бир… У ерда жудаям тез яқинлашиб, жигар бўлиб кетасан экан. Сўнгра мен бир нарсани кўрдим, аниқроғи, ишондим: бизнинг ўзбек болалари яхши уришар экан! Мана мундай кичкинасиям тезда юрагини босиб олади. Қарабсизки, автоматни кўтариб кетяпти. Тўғри, биздан геройлар кам чиқди. Лекин геройлик бериш бизнинг қўлимизда эмас эди…
Нима? У ердаги талай босмачилар ҳам — менимча, ўзбеклар эди.
Хуллас, ҳалиги афғонлик ўзбек болаям бизга бир укадек бўлиб қолди.
Суҳбатимиз энди… У кўпинча Союз ҳақида сўрарди. «Сизлар неча жон оилада?» деб сўрарди. Тағин, бизни яхши кўрарди-ю, лекин қандайдир, нима десам экан, ҳадиксираб қарарди. У бизга арақ олгани борганидаям қандайдир қўрқиб, ҳам жирканиб борарди. Йўқ, уларда сухой закон!
Бир оқшом қишлоқ яқинида босмачилар пайдо бўлганини эшитдик. Телевизор кўриб ўтирган эдик. Командир буюрди. Кетдик… Ўша жойга яқинлашгач, ракета отдик. Ҳалигидай осмонда тўхтаб турадиган ракетадан. Мушакни кичкина парашут тутиб туради. Уч-тўрт минут атроф кундуз кунгидек ёришиб туради. Шунда отамиз!
Улар кўпчилик экан. Отиб боряпмиз, отяпмиз. Охири биттаси яраланган экан, уни ташлаб қочишди. Олдин борганлар уни тутиб келишди. Қарасам, ҳалиги Ҳаким…
Бирдан бурилиб кетдим.
Қўрғонга қайтдик. Бу ер ёп-ёруғ. Прожекторлар кўп-да. Командир ҳам штабдан чиқиб келди. Унинг яқин дўстлариям. Бола ўртада зўрға қийшайиб турибди: ўнг оёғидан қон сизиб тушяпти. Мени кўрди-ю, бирдан йиғламоққа тушди-ку!
— Ака, мени ўлдирасизлар. Ўлдирманглар. Улар мени олиб кетишаётган эди…
— Ўлмайсан, ўлмайсан, — дедим.
— Йўқ. Ўлдирасизлар!
— Ҳаким?
— Сизлар асир тушганни ўлдирасизлар!
— Йўқ, дедим-ку! Сени мана булар ҳам танийди…
— Йўқ, танисаям ўлдиради.
Хўп, гапи-ку, майли… Йиғлаганини айтмайсизми? Чинқириб йиғлаяпти денг!
Ўлай агар, тоқатим қолмади. Қарасам, баъзи ўрислар кулишяпти ундан. Шунда, ишонасизми, кишида миллий туйғу дейсизми, қандайдир ор-номус дейсизми, ғалати бир туйғулар уйғониб кетар экан: ўша боладан эмас, ўзимдан кулишаётгандек бўлди. Худо ҳаққи! Ёнимдаги ўзбек болалар ҳам унга ялина кетишди:
— Йиғлама. Ўлдирмаймиз…
— Ўлдирасизлар… Менинг айбим йўқ!
Қизиқ гап-а? Унинг айби бор-йўқлигини биз, хориждан келган аскарлар ажрим қилар эканмиз.
— Қандай қилиб уларнинг қўлига тушипти? — деб сўради шунда командир.
Мен ундан сўрадим:
— Қандай қилиб уларнинг қўлига тушдинг? Ана шунда бола пақир йиғидан тўхтади:
— Мен сизларни ёмон кўраман, — деди.
— Секин, аҳмоқ.
— Сизлар — босқинчи… Нега бизнинг юртга келдинглар? Тинчгина яшаётиб эдик…
— У ёғини ҳукуматингдан сўра, — дедим. — Тушундингми гапимни?
— Ҳукуматим сотқин, — деди.
Тавба.
Кимдир шунда бу гапни командирга таржима қилди. Бундай пайтда ҳукм қатъий бўлади…
— Ҳаким энди ўласан, — дедим.
— Билардим-да, хунхўрлар! — деб яна уввос солиб йиғлай бошлади.
— Йиғлама, — дейман. — Мард бўлсанг, охиригача мард бўл, укажон. Йиғлаб нима қиласан?
Болалар яна қўшилишди:
— Фойдаси йўқ. Ёшлик қилма… Ўлим ҳамманинг бошида бор… ука… Қўрқма.
Шунда у баттарроқ йиғласа бўладими! Қарасам, қишлоқ томонда ҳам йиғи бўляпти. Чамаси, болани овозидан танишган. Лекин бизга яқин келишолмайди.
— Ука, йиғламасанг, сени олиб қоламан, — дебман шунда. — Майли, отилиб кетсам ҳам… Хўп дегин. Сени қамаб қўяман. Кечаси чиқариб юбораман.
— Ялғон! Ялғон! Сизлар қонхўр! Сизлар — ўзбек эмас! — деб тағин бақиришга тушди.
Ҳа. Ўзим автоматни бўшатдим.
Шунда… яна тавба дейман, Дух ўлгур аллақаёкдан келиб, менга ташланиб қолди-ку! Мана шу томоғимга интилади денг. Униям отдим.
Қабристониям шундай яқинимизда эди… Хотин, қиз, кампир дегани шу куни кечгача мозорда ўтириб йиғлашди. Мен шундай ҳолатга тушдимки, ўзимни ўзим отиб қўйишимга оз қолди. Кечқурун улар чарчаб уйларига кетишди.
Биз ҳам ётдик. Қизиқ, кўзимни юмсам, қайтага Ҳакимнинг қийшайганча дод солиб йиғлаётгани ҳам, Духнинг бўйнимга сапчигани ҳам кўз олдимга келади. Уруғларининг бўзлаб йиғлаганлари эшитилади.
Охири туриб ўтирдим. Йигитлар уйғоқ, наша чекишаётган экан.
— Менгаям ўраб беринглар, — дедим.
— Чекмас эдингиз-ку?
— Шояд ухласам… Эй, болалар, «бизлар — босқинчи»ми, а?
Болалар миқ этмади.
— Наҳотки Ҳаким ҳақ бўлса?
Яна жимжитлик.
… Ўн йиллардан кейин уларнинг «дух»лари — босмачи эмас, биз — Совет аскарлари — ҳақиқий босмачи эканимизни тушундим.
Биз ғафлатда қолган авлод эканмиз.
Ана бунинг учун йиғласа арзийди.
1988