Дўстим Иззатилла Қаҳҳор ўғлига
Денов бозори. Сурхонда энг гавжум бозор. Бу ерда, эшитганимиз, унда-бунда тарихда ўқиганимиз ва тасаввуримизда шакл топган қадим Шарқ бозорларини эсга солувчи бир нималар бор.
Митти япрокдари гезариб, чанг қоплаган ёлғиз акация дарахти тагида алюминий стол ёнида кабоб пишишини кутиб, чекиб ўтирар эдим. Ён-веримдаги столлар атрофида одамлар овқатланишяпти. Менинг столим қошида — бир ўзим. Ўзга стул ҳам йўқ.
— Ака, мумкинми?
Тепамда ранги оқарган — қони йўқ, аммо ўзи қорамағиз, ўрта бўй бир йигит турибди. Эгнида енги калта, олди тугмали, ерранг китель, бошидаги оч-сариқ шляпанинг гардиши устидан айлантирилган тасмаси тердан қорайиб-шўралаб кетган. Уни, дафъатан қараган киши ё дала бригадири, ё ҳисобчи, деб ўйлаши мумкин эди.
Аммо унинг суянчиғи қийшиқ стулнинг оёкдарини ерга тегизиб-тегизмай турган ҳолда: «Мумкинми?» деб сўраши…
— Бемалол, — дедим.
У стулни қўйиб, нарида кабоб тутуни бурқсиётган томонга қараб:
— Ука, биз шу ердамиз! — деди-да столга кўз солиб, туриб кетди. Одамлар оралаб юриб, бир жуфт чапати нон олиб келди. — Иссиқ экан. — У нондан бирини ушатди. — Олинг.
«Уни бирон ерда кўрганманми?» — деб юзига зеҳн солдим: танимас эканман. Бир пиёла чой узатдим.
— Раҳмат, ака!.. Кун ҳам роса исиди-я?
— Ёзнинг куни-да, — дедим. — Салқинроқ томонданмисиз, дейман?
У синиқ жилмайди. Лабининг икки чети тиришди. Соқолини икки кундан бери олмагани аниқ эди.
— Ҳа, тоғдан, — деди. — Уёқ салқин.
— Мен ҳам суптропик боғни кўргани келиб эдим, — дедим. — Тамадди қилиб олай деб, шу ерга ўтирдим.
— Гўшти сал димиққанга ўхшайди, — у тутун келаётган ёққа қараб қўйди.
— Чорвага алоқангиз борми?
У яна жилмайди. Шунда кўзларига эътибор бердим: тиниқ, уятчан, фақат бола нигоҳига хос бир ифо-далар бор эди.
— Ҳа, ҳа, — дея бошини кўтармасдан силкитди. Сўнг менга қаради. — Бу ернинг одамига ўхшамайсиз?
— Термиздан келдим.
— А-а. — У хўрсиниб, яна бошини лиқиллатди. — Чорвага алоқамиз бор.
— Ферма мудирими? У кулиб қўйди.
— Иўқ… Чўпонмиз, ака, чўпонмиз.
— Чўпон эмассиз.
— Э, нима фарқи бор… — У яна туриб кетди. Чойнак, пиёла кўтариб келди. Чойни қайтарар экан, дарвоза тарафга икки-уч қараб қўйди-да, стулини бу томонга ўтказиб, дарвозага орқа қилиб ўтирди ва менга тағин илиқ жилмайди.
— Нима гап? — дедим, одатда, бунақа вақтларда танишингнинг ўзи гап айтмагануча унга савол бериш одобдан эмаслигига ақлим етса-да…
— Э! — деди у яна ва чап қўлини силкитган каби кўтариб қўйди. Сўнг тирсакларини столга, бармоқларини бир-бирига чалиштириб иягига тираган кўйи кабобпазга кўз тикди.
Мен яна бозорни томоша қилиш умидида уёққа қарадим.
— Кўп иш қилиш керак, кўп иш… — У столдаги ёзув-чизувларга тикилди. — Кўп иш… — Сўнгра менга самимий кулиб бокди. — Сўраганнинг айби йўқ: касбингиз нима?
— Мухбирлик…
— А-а! Бўлди-бўлди! — деди у ва менга бош-оёқ қараб чиқди. — Яхши… Ҳар қандай касб ҳам яхши. Чорвадорлик ҳам. Чорвачиликда, энг муҳими, ака, менимча… — У бирдан совуқ тус олди. Кўзларида бола нигоҳи йўқ: жиддий, вазмин, ҳатто қаттиққўл кишининг кўзларини кўриб турардим энди. — Зотни яхшилаш керак! — деди у.
—А, бу зўр гап! — дедим. — Мана, сиздай кишиларнинг қўлидан келади-да, бу иш… Унда ёзиш-чизиш учун бизгаям гап топилади… Тўғрими?
У менга «жўр» бўлиб оҳиста кулди.
— Ака, менга ёкдингиз… ичасизми?
— О, йўқ!
— Мен ўзим ҳам ичмайдиган одамман!
— Ундай бўлса, нега…
— Билмайман! — деди у ва яна столга тикилди. — Айтайми?
— Бемалол бўлса…
— Э!
— Қулоғим сизда.
Бозор. Ғала-ғовур.
…Бу йигитнинг исми — Ислом. Ислом Оқбўтаев. Тоғдаги районда — совхозда бош зоотехник бўлиб ишлар экан. Бу йил Фрунзе шаҳрида қишлоқ хўжалик фанлари кандидати унвонини олиш учун диссертация ёқларкан.
Мавзуси…
Унинг ҳикояси давомида мен қуйидаги нарсаларни ўзимча тасаввур қилдим.
Тап-тақир ер. Лойсувоқ қилинган кулба, кулба ол-дида ерўчоқ, қумғон. Кун тиғида сўфитўрғайлар учади. Суви қуриган ариқ бўйидаги юлғунлар соясига ўзини уради.
…Кулбадан оқ халат кийган йигит чиқади. У юз қадамлар йироқда, атрофи уч пахса девор билан ўралган қўра-оғилга йўл олади.
Қўрада ажабтовур махлуқлар: шохи йўқ, оёқлари калта-калта, семиз ва ола-була буқачалар, таначалар.
Оқ халатли йигит баланд дарвозадан кириши би-лан улар — ажабтовур ҳайвонлар паст-паст овозда бўкиришиб, йигитни ўраб олишади. Йигит уларнинг манглайини силайди. Эркалаб, қўранинг у четидаги тевараги узун-қисқа ходалар билан тўсилган йўлаксимон «қафас»га йўл олади. Қафаснинг ичида тарози бор. Нари томонда тўртбурчак, баланд стол. Унда қалин дафтар, мол докторида бўладиган ҳар хил асбоблар.
Йигит бир пайт қўрадан қайтиб чиқади. Ажабтовур моллар паст-паст товушда маъраб, дарвоза тирқишидан қараб қолишади.
…Бу моллар оғилда ҳам, оламда ҳам йўқ маҳал. Бу йигит совхоз қорамолларини кўздан кечириб юриб, арчали тоғ остида ҳайбатли, семириб кетган бир буқани кўриб қолади.
— Нима бало у?
— Абердин Ангус… Чет элдан сотиб олинган. Зотли буқа… Ёввойи бўп кетди.
— Нега сотиб олинган эди?
— Ўзимизнинг жайдари сигирларни биласиз… Сутиям кам, гўштиям. Уларни шу билан қўшса, янги бир зот чиқарми, деб ўйлашган-да…
— Кейин?
— Шу кўриб турганингиз… Мутахассис бўлмагандан кейин бу ишни ким қилади.
— Илгариги мутахассислар-чи?
— Ҳа, қизиқиш бўлиши керак-да.
…Уч кундан кейин ҳалиги ёввойи буқа… анави оғилга олиб келинади.
Уч йилдан кейин ажабтовур моллардан бир пода пайдо бўлади.
Ёш зоотехникнинг ўзи «яратади» бу зотни.
Бу орада аспирантурага киради.
Тўрт йиллик тажриба ўз натижасини беради: зот «ўзгаришсиз» қолади… Кандидатлик тайёр, рефарат босмадан чиқади…
— Ҳалиям ўша кулбада яшаяпсизми? — деб сўрадим. -Ҳа.
— Ота-оналарингиз районда?
— Марказда.
— Нега дарвозага мунча қарайсиз? Узр…
— Э!
— Хўш, бу ерга — Деновга нима иш билан келдингиз?
Ислом илжайди.
…Ажабтовур зотга у «Энг янги зот» деб ном қўяди. Илло, янги қорамол зоти Қирғизистонда, Қозоғистон-да, Тожикистонда ҳам яратилгани ҳолда, Ўзбекистонда ҳануз яратилмаган эди.
Утган куни Исломни совхоз директори кабинетига чақиради.
— Хўш, энди «Энг янги зот» буқачаларни нима қиласиз?
У гангиб қолади.
— Нима? — деди ва унинг фикрини тушунади: «Бир подада кўпи билан беш-ўн буқача қолса, бас. Бошқаси… гўштга!»
Бугун… уч машинага ортиб жўнатдик. — Ислом столдан кўз узмасди. — Подачи бор. Иккита. — У кўзи ғилқ ёшга тўлиб, кабобпазга тикилди. — Кўнглим бузилди, ака… Меҳр қўйган эканман, шекилли, жониворлар… Машинага… бортга мен чиққандан кейин чиқишди, тахтадан юриб… Менга онасига қарагандай қарайди — У кўзини артиб, тиниқ жилмайди. — Қизиқ-а? Йўқ, сиз мени кўнгли бўш ҳалигидай деманг. Отам ҳам чорвадор…
— Тушунаман, — дедим.
У лабларини қимтиб, яна кўзларини артди.
— Ака, ичайлик!
— Ҳозир… Шундай қилиб, гўштга топшириб кел-дингизми?
— У бой пункти, кушхонамиз шу ерда… Дарвозадан машиналар кирди… Мен тушасолиб қочдим. — У яна кулди. — Қизиқ-а?
— Ҳм…
Шунда у яна дарвоза ёққа қарадию:
— Оббо! — дея столга «қопланиб», бошини эгди.
Ғужғон одамлар орасидан чиққан ориқ, шамол бўлса солланадиган тоғ-теракни эслатувчи новча йигит оёғидан бир нарса орқасига тортаётгандай сурилиб-тортилиб босиб, столимиз қошига келди.
Исломнинг икки кифтига икки кафтини қўйиб, унга ёндан қийшайиб тикилди.
— Ҳа-ҳа-ҳа!
— Нима, ҳа-ҳа? — Ислом кифтини силкитиб, унга олайди.
Келувчи қаддини ростлаб, бурнини тортди.
— Жўра, бормасангиз бўлмайди!.. Ҳаммаёқнинг тўс-тўполони чикди. Бириям туттирмайди ўзини. Кушхонани бошига кўтариб бўкиришади… Қоннинг иси таъсир қилганми, ким билсин. Ғолиб ҳам сизни қидириб юрипти…
— Бормайман! — деди Ислом. — Жўна! Мени кўрганинг йўқ.
— А, улар нима қилсин, бечоралар? Кушхонанинг бари каттаси йиғилган…
— Сен айтгансан-да, Ислом бўлиши керак деб!
— Мен айтмасам ҳам, ўзлари сезишди… Сиз дарвозадан чиқишингиз билан орқангиздан югуришди маърашиб жониворлар… Сездингиз-ку ўзингиз?
Ислом менга тағин жилмайди… Жилмайишми бу? Титраб кетдим: унинг ҳолати менга ҳам юкди.
— Нима қил дейсиз, ака? — деб сўради у.
Мен елкамни қисдим.
— Бугун сўйилиши керакми?
— Ҳа-да.
— Сиз сўйиладиган хонага кирсангиз, бас, — деди новча йигит. — Улар изингиздан киради…
— Уф.
— Тушуниб турибман, сизга қийин, — дедим.
— Мундай бўлишини билганимда… шу ишга қўл урмас эдим.
— Бари бир шундай бўлиши керак эди. Ҳамма нарса инсон учун дейишади-ку.
— Рост-рост.
Новча «иш пишди» деган маънода енгил тортиб четланди. Ислом ўрнидан турди-да, қабобпазга бақирди:
— Ука, кейинроқ келаман!.. — Менга қаради. — Мен тез қайтаман.
— Хўп, — дедим. — Кушхона узоқмасми?
Бу йигитнинг хатти-ҳаракатлари мени қизиқтирар эди.
— Мен ҳам салдан кейин келаман, — дедим кабобпазга.
Ғала-ғовур бозордан чикдик… Кўча. Тўрт қаватли иморатлар. Машиналар… Эшитганимиз ва унда-бунда тарих китобларида ўқиб, рассомлар асарларида кўрганимиз қадим Шарқ бозорларини эслатувчи «нарсалар» бозорда қолди.
Асфальт йўлка. Четида манзарали буталар.
— Бу орада қийналган бўлсангиз керак, Ислом?
— А-а, осон бўлмади, ака… Сен совхознинг ишини қиласанми, илм қиласанми, деган ўртоқлар ҳам чиқди. Карьерист деган таъналарни ҳам эшитдик. Чидадик. Кейин тушунишди… Ишнинг қалтис томони ҳам бор эди: янги зот яралмай, ё отаси ё онасига тортиб кетиши, ёки уч-тўрт йилдан кейин айниши мумкин эди… Илмдаям бир оз таваккалчилик керак экан. Журъат деймизми…
— Буларсиз ёзиш ҳам қийин.
У кулиб қўйди.
— Подахона қошига кўчиб келганимни кўриб, айримлар: «Исломга бир бало бўпти», дейишди… Илож қанча. Марказдаги иссиққина квартирада ўтирсанг, ўтираверасан.
— Кандидатлик ёкдаш ҳам осонмас, шекилли?
Э, турган-битгани ғалва экан… Лекин мени кандидатлик дипломи қизиқтирмайди. Зотни расмийлаш-тириш зарур-да.
— Энди ўша молларнинг қисмати нима бўлади?
— Буям бир масала. Уларни кўпайтириш керак, холос. Алоҳида чўпон, алоҳида пода… Чорва иши пахта ишидан ҳам нозик, ака: деҳқон бир йилда ҳосил олса, чорвадор — қирқ йиддд, дейдилар.
— Бу йигит ким?
— Э, мактабда бирга ўқиганмиз. Подачилардан бит-таси… Менга яхши ёрдамчи керак эди. Шу подани боқ, деб илтимос қилиб эдим… Бу ўлгурнинг дийдаси қаттиқ.
— Қўйсангиз-чи, — деди подачи. — Мениям раҳмим келяпти жониворларга.
Ислом менга ёндашиб, яна тиниқ илжайди.
— Одамзот қизиқ-а?
— Дельфинлар ҳам пода-пода балиқларни ҳайдаб юраркан. Қоринлари очганда ер экан…
— Ҳа-ҳа-ҳа!.. Лекин улар ачинармикан ўша балиқларга!
Мен унга қарадим.
— Билмадим… Улар буни табиий ҳол деб билсалар керак.
…Шу қисқа, йўлакай айтилган гап-сўз Исломга тасалли бериши, балки уни бу ҳолга кўникишга мажбур этиши керакдай эди.
Бироқ, у кушхона дарвозаси олдида халат кийиб, ичкарига кираркан, кўзлари яна ғилқ ёшга тўлди. Отилиб кириб кетди. Мен дарвоза биқинидаги эшикча оғзида туриб қолдим. Ола-була, оёқлари калта-калта, шохсиз моллар Исломни қандай қилиб танишди? Олдин бири, сўнг иккиси, сўнг ҳаммаси бўкириб, унга ташланишди. Улар Исломнинг қўлларини ялар, халатини ямлар, кўзлари каттариб кетган, пишқиришар эди: ақллари етса… Исломни бу ердан олиб чиқиб кетишса!
Ислом ҳам уларни силар, баъзисининг тумшуғини ушлар ва саҳн ўртасига аста-аста жилар эди.
— Буёққа, буёққа!
Ислом олдинга босди… Моллар ҳам типирчилаб эргашиб борарди. Ислом тўхтаб, уларга қаради-да, сўнг биз томонга ўгирилди. Кейин бир нарсасини унутгандек қўл силтаб, буёққа йўналди. Моллар ҳам тағин унга эргашишди. У тез-тез қадам отиб келар, кафтларини бир-бирига ишқар, худди қўлини ювадиган ё сув ичадиганга ўхшарди — қақроқ лабларини яларди.
Эшикка етди-да, менга илжайди. Сўнг… олим йи-гит, зоотехник йигит… Отилиб йўлакка ўтди. Сўнг, кўчага. Сўнг… молларнинг нафасини сезиб, буёққа қарасам улар тиқилишиб келиб қолган, сурилишяпти. Қочмаса ё ўзимни четга олмасам, мени босиб кетадиган. Мен бирдан эшикни улар юзига ёпиб, занжирини илдирдим. Нега бундай қилдим — билмайман. Эҳтимол, шундай қилишим керак эди.
Ниҳоят, мен ҳам кўчага чиқдим.
Менинг (ёқтириб қолган) танишим… Ислом йўқ эди.
…Орадан бир йилча вақт ўтгач, Бештепага бориб қолдим. Яйловда ёйилиб юрган оёқлари калта-калта, биққа семиз, шохсиз молларга кўзим тушди: «Ўша зот!» Қувониб кетдим: бу қорамоллар менга ҳам суюмли бўлиб қолган эди.
— Буларнинг эгасини… «ихтирочиси»ни танийман,— дедим.
— У ҳозир чорва соҳасидан кетган. Қурилишда ишлайди. Ўқтин-ўқтин бу ергаям кептуради, кўргани… — деди ҳамроҳим.
Мен уни негадир янаям яхши кўриб кетдим.
1982