Шукур Холмирзаев. Хоразм, жонгинам (ҳикоя)

Шоир укам Қадамбойга

Мен бир саёқ одамман, ака. Бугун бу ерда бўлсам, эрта Фарғонадаман. Индин сизнинг юртингизгаям кетавераман. Мижозлар кўп! Мана, дафтарчамда, ҳей, ўнлаб тўйлар бор. Барининг куни аниқ. Рубоб омон бўлса, овозни олмаса, энг муҳими — ўзбек халқи бор бўлса ошиғим олчи. Умуман, бизнинг ашулани тожиклар ҳам, туркманлар ҳам яхши кўради… Чет элга борган ансамблларимиз ҳам жуда обрў олиб келишади.
Лекин мен ўзимни катта санъаткор деб билмайман. Мендақалар Хоразмда сон мингта!
Энди, мен сал олғирроқман-да… Ўйинчи қизларниям жуда ҳалигидай кетворганларидан олиб юраман. Ҳақиниям бас дегунча бераман. Шунинг учун «Ўйинчи қизлар» ансамблида ҳам, филармонияда ҳам мен билан юришга ишқибоз қизлар кўп. Яъни, тўйга юришга-да… Йўқ-йўқ, мен уларга синглимдай қарайман. Ҳа, энди, баъзан биронтаси билан, шундаям…
Хуллас, ака, аввало Ўзбекистон ҳақида гапирадиган бўлсак, мен учун бу заҳматкаш ўлканинг ҳар бир қишлоғи азиз: ахир, қаерига бориб тўртта ашула айтсам — чапак, олқиш!
Ўзингники-да… Ҳали битта ёзувчи ёзганидай, илгари бўлинган эдик: ҳе, хонликлар замонида. Мана, ҳозир биттамиз. Мен инқилобнинг мана шу томонидан розиман аммо. Ўзбек халқининг бошини бириктирди. Ўзаро жанжалларга чек қўйди. Ҳозир ҳам баъзилар: «Биз бир миллат бўлиб шаклланмадик», дейишади. Балки шу боисми, Ўзбекистоннинг ҳар бир гўшаси ҳам — бизнинг ватан деган гапга бироз панжа орасидан қарайдиган бўлганман.
Сабабки, ҳар биримизнинг ҳам туғилган маконимиз, киндик қони томган тупроғимиз бор-да ахир. Уни отга ўхшаб айланиб-айланиб топар экан киши. От айланиб, қозиғини топади, деганларидек.
Хўш, бир бошдан айтаман.
Хоразмга туз ёғила бошлади. Ҳар квадрат метрига фалон кило. Деворлар зах тепгандек шишиб, уваланиб тўкилишга бошлади. Мадрасалар, қалъалар ҳам шу аҳволда. Ҳавонинг ҳам мазаси қочди. Буларнинг бош сабаби, албатта, Оролда… Ҳа-ҳа, буни ҳамма билади. Қорақалпоқда аҳвол бизникидан ҳам ёмон. Туркманистоннинг кўп жойларидаям. Бухорода ҳам…
Пахтадан ҳам путур кетди. Ер, экиладиган ер касал, дабдаласи чиққан, банги. Химикатни шимийвериб, наркаман бўлиб қолган… Энг ёмони — Оролнинг ҳалокати…
Бу тўғрида мендан ҳам яхши билсангиз керак: газеталар ҳар куни ёзишади.
Хуллас, ака, Хоразмда яшаш қийин бўлиб қолди.
Мен-ку онда-сонда бораман. Шунда ҳам меҳмон бўлиб… Лекин Хиванинг ўзида, Ичан қалъанинг шундай ёнида ҳовлимиз бор. Катта ҳовли. Отам турарди унда…
Отам эскитдан рубобсоз эди. Шунақанги торлар ҳам ясардики, санъаткорлар уйимизга келиб, заказ бериб кетишарди. Усталар ҳам ғалати бўлар экан-да: отам кўнглига ёққан санъаткорга соз ясаб берарди. Кейин: «Хоразм мақомларини кўпроқ ўрган. Ўлиб кетмасин, қўшилиб қоришиб кетмасин», дер эди… Хоразмни яхши кўрадиган у кишидек одамни ҳали учратмадим. Аммо менинг фожиам шундаки, отамнинг туғилган юртга бунчалик ёпишиб олишини «эскича фикр, қарашлар оқибати», деб ҳисоблардим. У кишини «кўнгли тор»ликда айблардим, ўзимча…
Ҳозир ҳам кўз олдимда турибди: мен у кишини кўргани борган вақтларимда гоҳо тонг саҳарда уйдан тополмай қоламан. Кўчага чиқсам, пўстин эгнида, бошида чўгирма, кимсасиз, баланд кошоналар орасида гангиб, бир куйга қулоқ солган каби юрган бўлади. Ғалати манзарада: ҳеч ким йўқ кўча. Карвич деворлар баланд. Улар оша қадим гумбазлар кўриниб туради. Ўтмиш, ўтмишнинг ўзи… Шулар орасида биров айланиб юрса! Тағин у одам гангиб-гарангсиб юрса! Томоша қилиб эмас, йўқ. Нима десам экан, отам бундай кўчаларда қандайдир… мана шу манзара билан уйғунлашиб кетарди: унинг узвий бир бўлагига айланарди.
Энди мени — соч қўйган, галстук таққан, костюм-шимдаги йигитни ўша кўчада тасаввур қилинг: туристдан фарқим йўқ.
Шунинг учун гоҳо менга шундай туюлардики, мен ва менга ўхшашлар бу ерда муваққатмиз: сайёҳлар каби келиб, тезда ғойиб бўламиз. Бу — минг йиллардан қолиб келаётган кошоналар, деворлар, гумбазлар, тор кўчалар эса қолаверади.
Эртаклардагидек, фақат шу кўринишда қолаверади ва истиқболда ўзига мос келадиган, ўзи билан уйғунлашиб кетадиган, яъни, отамга ўхшаган одамларга тўлади: улар бир бутун ҳолда яшашни давом эттирадилар.
Аммо… бу хаёлим ҳам эртакка ўхшаш нарса эди. Аслида эса…
Отамга ўхшаганлар тобора камайиб, менга ўхшаганлар тобора кўпайиб боради.
Ва бу қадим маскан — инсониятнинг қадим маданий бешикларидан бири истиқболга экзотикага ўхшаш нарса бўлиб, тўғрироғи, музей каби бўлиб қололсаям хўб гап.
Мен ўз туйғуларим ҳақида гапира кетдим… Бундан бир йил бурун бу туйғулар қаёқда эди!
Мен қаттиқ ташвишда эдим: «Ҳовлимиз нима бўлади?» Ана шунинг ташвиши тушган эди менга: Ахир, бу иморатнинг қурилганига юз йиллардан ошган. Унга бобом раҳматликнинг ҳам қўллари теккан. Бу иморатга ҳам Хиванинг кичик бир нусхаси деб қараш мумкин эди: бузилган, вайрона бўлган эски қасрларнинг ташландиқ ғиштларидан тикланган ва…
Эски қасрнинг ўрнига тушган экан.
Эшикларимиз ҳам ўймакор, икки қават ўймали эшиклар эди: улар ҳам — ўша қасрнинг қолдиқлари ҳисобланади. Айвонимиз ҳам дим хоразмча эди: усти ёпиқ, қўшни ҳужраларга тор йўлаклар кетган. Йўлкалардан доимо елвизак эсиб турарди, салқин бўларди! Ёзнинг жазирамасида ҳам!
Ана шуни пуллаш пайига тушгандим… Мени ҳозир ичингизда сўкдингизми-а?
Лекин мен иморатнинг биқинлари уваланиб тўкила бошлаганини кўрдим. Деворларга мушт урсанг, пўкилларди. Йўлакларда изғиган елвизак ҳам заҳарли эка-нига шубҳам йўқ эди: ҳавода туз бор. Туз эса, энг, энг қаттиқ пўлатларни ҳам емиради. Одам деганимиз унинг олдида нима!
Хуллас, шунинг тақдири бошимга тушган эди.
Аммо отамнинг бу жойга меҳри қанчалик эканини айтишим ортиқча бўлса керак.
Шунинг учун не-не андишалар билан бир куни гап очдим:
— Ака, мен Тошкентдаман-у, кўнглим бу ерда бўлиб қолди, — дедим. Бизда «ота»ни «ака»ям дейди. — Шунинг учун яна келдим. Сизни, ҳовлини ўйлайман…
— Насини ўйлисан? Қисмат экан, — деди отам. Чол менинг нима демоқчи бўлганимни ўзича тушунган эди.
— Қисмат экан деб ўтираверсак, ҳовлидан ажралиб қоламиз-ку, — дедим.
— Хў, кўпчилик на булса, биз ҳам шу, — деди отам.
Мен бу гапга ҳайрон бўлмадим.
— Лекин кўплар ҳам… кунини кўряпти, — дедим. — Мисол учун, ҳовлисини сотиб кетишипти.
— Қаёққа?
— Қаёққа бўларди! Ўзбекистон кенг! Катта мамлакат, ота! Буёғи Фаргона, уёғи Сурхондарё! Бухоронинг ўзи бир мамлакатча жой! Қаерга борсак ҳам жой топилади…
Отам менга мунғайиб қараб қолди. Кейин… Мен кутмаган гапни қилди:
— Сен бузилиб бўлибсан, ўғлим.
— Йўқ, ота, балки мен… тузалиб, ақлим тўлишиб… қолгандирман. Мен юрт деган нарсага кенгроқ қарайман… — Албатта, бу гапларни хоразмча қилиб айтдим. Аммо мазмуни шу.
Отам миқ этмай қолди. Мен: «Ҳозир уради!» деб ўйладим, ҳеч қачон урмаган бўлсаям. Лекин гапдан қайта олмас эдим.
— Мана, Тошкент — пойтахтимиз! — дедим. — У ерда юз хил миллат яшайди. Биз — ўзбек-ку?!
— Хўш? — деди чол бош кўтармай.
— А, бизни қучоқ очиб кутиб олади! — деб хитоб қилдим. Шундай дейишим керак-да: бўлмасам Тошкентдан жой олиш осонми? — Мен ҳатто биттаси билан гаплапшб келдим, — дедим. — Қрим-татарларнинг юртига қайтишга рухсат берилган. Ўшалар ҳовли-жойларини арзонга сотиб кетишяпти. Жуда чиройли ҳовлилар! Биз бу ҳовлини сотсак… Отам менга қаради.
— Ҳа, сотсак… ҳозир сотсак, — дедим. — Пулига учта ҳовли олиш мумкин!
Отам яна индамай қолди-да, пиёлани чойнакка урди, чойнакни пиёлага. Эшикниям шаракдатиб очиб, чиқиб кетди. Ҳай-ҳайлаб эргашдим, қарамади.
Жуда таъбим хира бўлди. Мен ҳам кўчага чиқиб кетдим… Ким кўп, жўралар кўп…
Уларни топдим. Амуга жўнадик. Қайиқ бор. Тушиб, кечгача айландик. Амуниям суви камайиб қолган, униям келажаги… Оқшом Одамбой деган бир доктор жўрамнинг уйига бордим. Суд-экспертизада бош врач бўлиб ишлайди. Жуда бели бақувват йигит. Ўзиям одамижон! Китобнинг ишқивози…
Қўшиқ айтишиб, шеър ўқишиб, ичишиб, қолиб кетибман уйида. Шу оқшом икковимиз йиғладик ҳам. Энди, Хоразмнинг тақдири кимни йиғлатмайди: шундай қадимий, улуғ ўлканинг бошида ажал шарпаси айланиб турган бўлса! Барибир фарзандлари куяр экан-да…
Тўғри айтасиз, мен ўшанда унчалик куймаган бўлишим мумкин. Ичкиликнинг таъсириданми, Одамбойнинг гаплари таъсир қилдими, отамнинг аҳволими…
Саҳар туриб келсам, отам уйда йўқ.
Кўчадан топдим.
Менга қарамади.
Уйга келгандан кейин:
— Кетавер, — деди. — Онанг ўлгандан бери ёлғиз эдим. Кўникканман…
Чолга бироз раҳмим келди. Кейин: «Бари бир айтар гапимни айтдим», деб… Тошкентга жўнавордим.
Яна тўйма-тўй юриш, маишат… Пулим бор эди: саккиз мингча бор эди. Ўзи, ака, менда пул турмайди. Тушдими — кетади. Ким билади, енгил йўл билан топилгани учунми… Ўзим ҳам аямайман. Шунинг учун пулга ружу қўйган отарчиларни ёмон кўраман… Хуллас, бор ақчам — ўша экан. Тошкентда эса бир ҳовли… фалон юз минг сўм! Бу пулимга кооператив квартираям ололмайман… Қисқаси, яна тўйма-тўй юра бошладим.
Ҳадемай анча-мунча йиғилиб қолди. Мен… шу гал ҳам бирон эски жой олиб, кейин янгилашим мумкин эди. Лекин Хивадаги уй-жойга ачинардим: кун сайин нархи тушяпти-да.
Ҳе, Луначарскийда беш-ўнта хоразмлик танишларнинг зўр-зўр ҳовлилари бор. Илгари кўчиб келишган. Ўзлари — уста одамлар. Ўша ердан…
Умуман, масалага реал қарагандаям шу-да: уйинг кўз олдингда тўкила бошласа, нархи тушаверса — нима қилиш керак? Унинг бир сўмга қиммат бўлишини кутиб, демак, бошпанасиз қолишни кутиб ўтириш керакми?
Тағин Хивага бордим. Отамнинг аҳволи анча чатоқ эди: шишганми-е, сарғайгандек ҳам эди. Кўчага кам чиққанми… Бармоқларида қандайдир оқ доғлар пайдо бўлган, кўзлари ўқрайган…
— Келдингми яна? — деди.
— Э, шу ҳовлюшнг тагига ўт қўйиб юбораман! — дедим. — Шусиз куним ўтмайдими? Сизга… сизгаям ачинаман-да, ота! Афти-ангорингизга қаранг! Ойнага қаранг бир! Шуям туздан дейман… Тавба! Долоннинг ҳавосиям бузилиб кетипти! — Кейин бирдан ялиндим: — Жон ота, кетайлик! Мен шу бугун Тошкентга қайтиб, зўр бир участка топаман! Уни топдик деб ҳисоблайверинг… Шу оқшом, хохдасангиз, ҳовлига харидорниям топиб келаман!
Ҳовлига харидор топиларди, албатта! Ҳе, Хоразмдаям бир савдогарлар бор, бир афиристлар бор! Қўқонлик афирист унинг олдида ип эшолмайди. Деновлик афиристлар ҳам унинг олдида бир пул.
Бугун шу ҳовлини, масалан, йигирма мингга олиб, эртага ўттиз мингга пуллайдиганлар бор!
Отам яна миқ этмасдан ўтирди-да, кейин эшикларни очиб қўйиб, уйларни супура бошлади. Қараб турибман… Шу-шу, ёмон иш бу…
— Чиқ, мен уйни супураман, — деди.
Бу — мени ҳайдагани эди.
«Э, киззингни…» деб чиқиб кетдим. Яна ўша жўраларни топдим. Ўзим бир рестораннинг залини олдим. Жуда маза қилдик. Кейин ҳалигидай қизлар ҳам топила қолди. Яна кетдик Амуга. Қайиққа тушиб суздик. Яна ашула, ўйин…
Роса айтдим ўзим ҳам. Жуда тўлиб-тўлиқиб айтган эканман, шекилли, жўралар мени Комилжон акага етказиб қўйишди. Бизда энди, ашулачиларнинг эталони— Комилжон Отаниёзов-да! Худойшукуров билан Ортиқлар кейин юради…
Дарё милтиллайди денг. Оққани билинмайди-да. Биз кетяпмиз. Худаи бир ёққа бош олиб кетаётгандек! Ака, менинг жўраларимни ўзига ўхшаган отарчи, саёқ деб ўйламанг, зўр-зўр йигитлар улар! Ҳа, энди битта-яримта афиристиям бор… Лекин Хоразмнинг чин фарзандлари улар!
Бир ақлли йигитлар борки!.. Э, уларнинг гапларини эшитиб турсангиз, бу дунёнинг бошидан кириб, адоғидан чиқасиз. Адоғидан кириб, бугунги кунидан чиқасиз!
Шоҳлар, уруш-жанжаллар… Жалолиддин Мангуберди! Шу ҳақдаги пиесани чиқариб яхши иш қилишди-я? Лекин унчалик зўр эмас экан. Атай ўқидим.
Жалолиддин ҳақида битта ҳикоями, қиссами ёзилган экан. Униям ўқидим, қизиқ… Унинг ўлими олдидаги ҳаёти тасвирланган. Гангиб қолган одам. Майли, энди, шоҳлар ҳам охир-оқибат шундай ғариб ҳолга тушар…
Лекин бу фикрни баён қилиш учун Ватан озодлиги учун курашган инсоннинг… шоҳнинг сўнгги соатларини шу тарзда тасвирлаш шартми? Қайтамга бир қонхўр иблис шоҳнинг шундай дамлари тасвирланса, яхши чиқарди, менимча…
Жалолиддин. У — эртак! У — бизнинг каъбамиз, жонимиз! Биз унга, унинг руҳига ҳамма вақт ҳурмат билан боқишимиз керак. Тўғрими? Ахир, биз ҳам халқмиз-ку!
Ҳар бир одамнинг тарихда тутган ўрни бўлар экан: унинг ўрни бошқача!..
Э-э, ўша кеча Амуда кўп гурунг бўлди! Биз худди оқиб, бир томонларга кетаётгандек эдик!
Икки кундан кейин чарчаб-ҳориб уйга қайтиб келсам, отам оламдан ўтган… ишонасизми, энди бедапояда жаноза ўқишаётган экан. Уйимизнинг шундай орқасида…
О! Бўзлаб кирдим. Домланинг олдига бордим.
— Қайта ўқинг, қайта ўқинг, ёшулли! — дедим.
Домла удумга кўра менга бир-икки савол берди:
отангни маъракаларини ўтказасанми? У-бу…
— Э, минг карра қилиб ўтказаман! — дедим.
Шу билан тобутни кўтар-кўтар қилиб жўнадик. О, жуда даҳшатли бўлади бу пайт: тобутни (сизлардаям шундайми?) шиддат билан олиб кетишадики, чопиб зўрға етиб оласан: бу оламдан тезроқ чиқаришга шошилишаётгандек туюлади!
Кўмдик! Сизлардақа қилиб эмас. Шундоқ ерга қўйиб, устига сағана кўтардик. Ерга кўмиш, ҳалигидай лаҳм қазишнинг иложи йўқ-да, сув чиқиб кетади. Шунинг учун Хоразмда зиндонлар ҳам ер остида бўлмаган.
Мозордан қайтдик. Уч-тўрт кун қандай ўтди — билмайман. Соқолларим ўсиб кетган. Озиб қолибман. Чолнинг еттисидан кейин йигирмасига тараддуд қилиб қўйдим-да, яна жўраларни топдим… яна ичипти, маишат қилипти, деб мени сўкарсиз? Майли… Отам айтганидек, балки бузилиб кетганим ростдир.
Лекин одамнинг дардини дўстлари кўтарар экан. Юрагингни бўшатасан… Кейин биласанки, сен ҳам шу оламда омонатсан: борадиган жойинг — ўша жой.
Ана шу хаёллар бошингни қамраганда, оламнинг барча ташвиш-таҳликалари бир пул бўлиб қоларкан. Эътиқодлар ҳам… Худо ҳаққи, ҳеч нарсанинг қиммати қолмагандай бўларкан. Бироқ мени тағин отам… унинг руҳи қандайдир тутиб қолди: у нимага садоқат билан ўтди оламдан?
Хоразмга. Ҳа. Ўша юртга… Бир парчагина бўлиб қолган, буёғиям номаълум юртга…
Бу нарсани мен кўпроқ билардим, албатта. Бошқалар учун отам — оддий уста, қария эди.
Мен бошқа нарсаниям билардим: чол тушмагур гапимга кўнганда, Тошкентга келсак, мен ишонаман, ҳали анча яшарди. Аммо шуни истамади у!
Балки менинг ўша таклифимоқ чолнинг умрини қисқартирди, жон ака!
Тағин бу фалокат: туз ёмғири, Орол фожиаси… Чол уларни билмасмиди?!
Во, ҳамма нарсага ақли етарди. Лекин улар — бошқача одамлар экан. Ичидаги ичида, ҳадеб сиртига чиқаравермасди… Э, бечора отам!
Чолнинг йигирмасини бергач, Тошкентга қараб учдим. Хоразмда яшолмадим.
Бирон ойлар ўтгач, кечикиб бўлсаям, қирқини бергани бордим-да, бир йўла ҳовли-жойни йигирма уч мингта сотдим.
«Бор-е!» дедим.
Шу жой учун шунча гап-сўз бўлди!
Кейин яна Тошкентга қараб учдим… Лекин энди кўнглим ғалати эди: бир нарса нуқул Хоразмга тортар, худди оёқларимга тушов солингану арқоннинг бир учи у ёқда қолгандай эди. Мен эса… қайсар ўлгур, у ишш резинкадай чўзиб қочардим.
Юрдим: яна санғиб кетдим.
Аммо энди тўйлар ҳам менга татимай қўйди: охирида йиғлашни одат қилибман экан.
Кейин маданият институтидаги ҳужжатларни тўғрилашга киришдим. Учинчи курсда бир домла билан уришиб, ўқишни ташлаб кетган эдим-да…
Лекин энди ёш болалар билан бир аудиторияда ҳам ўтиролмадим: нима қилиш керак?
Пул бўлса, кўп. Жуда кўп!
«Э, нима бўлса бўлар!» деб, бир куни Қорақамишга чиқдим. Бозорга. Эскироқ бир «Волга»ни йигирма учга олдим. Худди ҳовлининг пулига…
Нима? Йўқ, ҳовли-жой олишни негадир ўйламасдим: билмайман, нимага шундай бўлди?
Ҳовли-жойнинг бебаҳолигиданми?
Ҳарҳолда, ака, мен, мана, яна Хоразмга кетиб бораётирман. Ҳа, тўғри ўша ёққа!
Уёқда нима қиламан? Билмайман.
Сиғмадим-да! Йўқ, тушунмаяпсиз: шундай катта Ўзбекистонга сиғмадим!
Хива, ўша минорлар, эски карвич деворлар, торкўчалар, сағаназор мозорлар мени тортди.
Майли, бари тўкилиб, чириб кетмайдими!..
Мен ўша ерга бораман.
Балки… балки бу бир ҳолатдир?
Лекин мен туғилган юртимни қайтадан кашф этдим: у тап-тақир чўл, саҳро бўлиб қолгандаям — менинг тупроғим экан. Ўлиблар кетмайманми ўша ерда!
Хоразм, жонгинам.
Бу манглайи қора ўғлинг тағин бағрингта бораётир… Бу саёқ фарзандинг дунёнинг кўп ўйинларини тушунмайди: ўйлади, ўйлади. Кучи шунга етди, холос.
1988