Мени биласан, бировдан тил қисиқ жойим йўқ, ҳамма нарсам бор: машина, дача; китобларим чиқиб турибди. Ҳамма унвонларни олиб бўлдим. Нимадан қўрқаман?.. Фақат эҳтиёт бўлиш керак: одам оғзига эҳтиёт бўлиши керак. Тил ўлгур ёмон: бежиз тилни «суяксиз» демайдилар. Ҳар хил гапни ҳар кимнинг олдида гапиравермаслик керак. Тўғри энди, ҳозир ростгўйлик — модада. Аммо мода — ўткинчи. Сиёсатнинг буқаламундан фарқи йўқлигини кўрганмиз-да…
Мени бир шогирдим бўларди. Сен уни билмайсан: асарлари чиқмади. Эҳ, аттанг. Узига ўзи қилди. Кейин…
Жуда дангалчи эди-да. Энг «нозик» гапларни ҳам бемалол гапираверарди. Каттани — катта, кичикни — кичик демасди. Кўнглиям очиқ эди-да, ул бечоранинг. Эҳ… Унинг таланти! Йўқ, мана, салкам етмишга бориб, адабиётимизда ундай талантни кўрган эмасман! Иўқ! Ёзганда, шундоқ кўз олдингга келтириб қўярди. Тили! Бирам образли де. Шундай деталлар топардики, оғзим очилиб қоларди. Қаҳҳордаям, Чеховдаям тополмайсан у топган деталларни. Кўзи ўткир эди!
Боёқиш ўзиям анча қийналиб ўсган. Қилмаган ҳунари қолмаган. Ҳаётни яхши биларди. Лекин ҳаётни билган, аччиқ-чучукни татиган кишилар одатда камсуқум, вазмин бўлишади. У бўлса… мағрур эди. Одамга тик қараса, мен ҳам қўрқиб кетардим.
Бир кун Ёзувчилар уюшмасига кирсам, китоб дўкони олдида бир бола турибди. Мени кўриб:
— Ассалом алайкум, устоз, — деди.
Мен ҳайрон бўлмадим, уни қаердадир бир кўрганимни эсладим. Одатим шу-да, болам, қайси областга бормайин, ёшларнинг бошини силайман.
— Келинг, шогирд, — дедим.
— Сизни сўроқлаб келган эдим, — деди у. — Ўша учрашувдан кейин кўп вақтлар ўтиб кетди… Тўхтовсиз ёзавер, машқ қилавер. Ўзингга ишон, деган эдингиз… Мана, энди ишониб, бир-иккита машкдарни олиб келган эдим. Иложи бўлса, шунга бир кўз югуртирсангиз. Агар ёқмаса, мана шу ахлат пақирга йиртиб ташлайман.
Эшитяпсанми унинг гапини?
Ҳар қалай, уни «жиннибой» дейиш ҳам мумкин эди. Дарвиш десанг ҳам бўлади. Бир ҳисобда ёзувчилар ўзи — дарвиш халқ. Мана, мен ҳам бир дарвиш бўлмасам, сени машинангга тушиб, шу ёққа йўл оламанми? Материал етмаяптими менга? Ёзувчи учун ҳар қандай нарсагаям бир қараш — кифоя. Қолганини ўзи фантазияси билан тўлдириб олаверади…
Болага қизиққанимдан унинг қўлёзмасини уйимга олиб кетдим. Шу кеча: «Қани, нимани ёзипти экан?» деб варақлай бошладим-у, узилолмай қолдим.
У бир бало экан: тасвирлайдиган нарсасини шу қадар яхши биладики! Лупа билан қараганми дейсан. Қаҳрамонларнинг диалоги. Кўтарилган проблемаларини айтмайсанми!.. Ҳа, ҳеч кимга ўхшамайдиган бир талант эди.
Кечаси билан ухлолмадим. Ўйлатади-да… Лекин сенга айтишим керак: қалтис жойлариям кўп. Масалан, бир жойда райком секретарини танқид қилади… Билама-ан, Марказқўмнинг кўзига чўп солиб юрган арбоблар хам бор! Аммо уларни адабиётга олиб кириб уриш? Йўўқ… Оддий хўжалик одамини ол: ана уни хохдаганча танқид қилавер. Шунинг учун мен кўпроқ пейзажга зўр бераман, лирикага зўр бераман: булар безиён мавзулар. Қолаверса, умрбоқий мавзулар. Тўғрими? Ана шундай…
Эртаси вақтли туриб, уюшмага келсам, зинапояда кийшайиб турибди.
Салом йўқ-алик йўқ:
— Сизга ёқмасаям йиртиб ташламайман, устоз, — деди у. — Ўйлаб кўрсам, улардан ҳам тузук нарсалар ёзолар эканман.
Мен ўша ҳикоялар таъсирида эдим. Дўкончи аёл ҳам, қоровул ҳам шу ерда. Болани шартта қучиб ўпдим.
— Табриклайман, ўғлим. Сен аллақачон ёзувчи бўлибсан, — дедим.
У бир минутлар дириллаб қолди. Кейин:
— Раҳмат, — деди.
— Сени тушунибманми?
— Ҳа..
Болани подвалдаги ошхонага олиб тушдим. Рангидан сезган эдим: маишатининг мазаси йўқ. Овқат олиб бердим… Биласан, мен пулга сиғинган одам эмасман: зиқналарни ўлгудек ёмон кўраман.
Бечора бола! Одобли-да, овқатни охиригача емади. Чамамда, менинг мақтовим билан тўйиб қолган эди…
Кейин:
— Жур, редакцияга борамиз, — дедим.
Лўмбиллаб ёнимга тушди. Сен устознинг бундай пайтдаги ҳолатини билмайсан-да: ёнида шогирди бўлса, тағин талантли бўлса, о, ундан қувончли байрам йўқ унинг учун!
Шундай қилиб, журналга бордик… Ҳа, ўша журналга. Ҳикояни кам беради-ю, лекин беради. Редактори йўқ экан, бўлимга опкириб, мудир билан таништирдим. Ҳикояларини мақтадим. Лозим бўлса, «Оқ йўл» ёзиб бераман, дедим.
Бола хурсанд бўлиб кетди… Хурсандлиги шунчаликки, ҳозироқ «мардикор бозори»га боришини айтди…
Орадан уч-тўрт кун вақт ўтди. Болага телефонимни берган эдим. Қўнғироқ қилмади. Бир кун яна уюшмага келсам, худди ўша китоб дўкони олдида турибди.
— Салом, устоз! — деди.
— Нега телефон қилмайсан?
— Халақит бергим келмади. Ишлаётган бўлсангиз… Кўрдингми унинг одобини? Боя айтганимдай дангал, ўлгудек мағрур бола, таган бунақа андишали эди.
— Ҳа, нима янгилик бор? — дедим.
— Босилармиш! — деди у кўзлари чақнаб. — Сизни сўрашаётган эди.
— А, кетдик!
Тағин уни машинамга ўтқазиб, редакцияга бордим. Бўлимга кирсак, ҳикояларни аллақачон таҳрирдан чиқариб, машинисткага беришган. Болани табрикладим.
Кейин ўзим редактор кабинетига кирдим… Уни би-ласанми? Ўлгудек қўрқоқ одам-да. Журналда битта орфографик хато ўтиб кетса, сочини юлади.
У ҳам боланинг ҳикояларини ўқиган экан.
— Табриклайман! Зўр талант топибсан-ку? — деди.
— Топамиз-да, — дедим. — Талантлар сени редакциянгга эмас, редакциям бўлмасаям менга келади.
Кейин у боланинг қаердан экани, нима иш қилиши, хуллас, роса суриштирди. Айтиб бердим.
Етимлар уйида ўсган, университетнинг филология факультетига киролмаган. Сиртдан жамиятшунослик бўлимида ўқиркан.
Хуллас, у ўша куни редакциядан чиққандан кейин нималарни гапириб берган бўлса, айтиб бердим.
Кейин, редактор мендан унга «Оқ йўл» ёзиб беришни сўради.
— Жоним билан ёзиб бераман! — дедим.
Лекин, ука, мен ўзимни виждонли одам деб ҳисоблайман. Тўғрими? Унга қарши боролмайман. Йўқ-йўқ… Хуллас, редакторга масалани ётиғи билан тушунтирдим:
— Сен бемалол босавер, — дедим. — Танқидчилар бор, улар ўз ҳукмини чиқаришади. Қўрқадиган жойи йўқ… Лекин, баъзи қалтис моментлар бор, — дедим. — Масалан, айрим жойларда раҳбар шахсларга тегиб кетган. Райком секретаригаям… Демак, сиёсатга!
Ҳе, ярамас! Ранги ўчиб кетса бўладими? Айтдим-ку, ўлгудек қўрқоқ деб!
Лекин ўша пайтда бошқа гап гапирмади.
— Яхши, ўйлаб кўрамиз, — деди.
Шу гапидан сал гумонсираган эдим. Ўйлаганимдай бўлиб чиқди.
Ҳикояларни қолдирипти!
Ҳа.
Тағин бир кун болани ўша китоб дўкони олдида кўрдим. Ғамгинлик билан кулди-да:
— Мени тушунишмади, — деди. — Ниятимни…
Редакторни, — оғайним бўлсаям, — роса сўкдим: унга ўхшаган кишилар талантга йўл беришмайди, ука. Баъзан ҳайрон бўласан: шундай кишиларга матбуотнинг рулини бериб қўйишади.
— Хафа бўлма, бошқа бир иш қиламиз! — дедим. — Жур, машинага кир.
Машинада нашриётга бораётганимизда, боёқиш аста сўради:
— Раҳбар ҳам одам-ку, а? Унда ҳам инсоний ожизликлар бўлади-ку?
Нима, мен унга «ожизликлар» — камчиликлардир, уларни тузат, юмшат, замонага боқ, дейишим керакмиди? Йўқ, бу гапни менсиз ҳам айтишган бўлса керак редакцияда. Балки чиқиб қолса, кейин танқидчилар айтишарди.
— Бўлганда қандоқ! — дедим.
Ёш талантнинг дарров йўлини кесиб, қўрқитиб қўйишим мумкин. Талантни ўз ҳолига қўйиш керак: ана шунда у бемалол ўсади. Ўзлигини топади: менинг унга айтадиган ҳар бир гапим — гўё менинг йўлимга туш деганим бўлади.
Энди ўйлаб қарасам, ука, унга ўша пайтда очиқ гапирсам бўлар экан…
Лекин, унинг қабул қилмаслигини ҳам билардим-да! Асарларидан кўриниб турарди!
Ҳикояларни у чин эътиқодлан ёзган.
Биринчи кундаги бир гапини айтдим, шекилли:
«Ҳикояларим сизга ёқмасаям, йиртиб ташламайман!»
Тушунарли-да.
Менинг вазифам — уни қандай бўлса, шу ҳолида чиқариш эди.
Буни адабиётдаги демократизм дейдилар, болам. Ҳеч ким бировга ўз фикрини ўтказмаслиги керак.
Нашриётга бордик. Директори — эски оғайним. Болани тўғри унинг олдига олиб кирдим. Роса мақтадим.
— Китоби чиқса, нашриётингга обрў келтиради, — дедим. — Бунинг устига, битта талантни очган бўласан!
Директор менинг гапимни икки қиладими?
— Бош устига. Битта рецензияга берамиз. Тамом. Планга киритамиз. Қарабсизки, икки йилдан кейин китоби чиқиб турипти, — деди.
— Бир йилдан кейин, — дедим.
— Ҳа, бир «окно» очилса, тушириб юборамиз, — деди.
— Лозим бўлса, «Сўзбоши» ёзиб бераман.
— Олам гулистон!
Кейин, болани чиқариб юбордимда, директорга ётиғи билан тушунтирдим.
Нима, мен рост гапни… Ўз эътиқодимни айтмаслигим керакми?
Қолаверса, ука, унинг масъулияти — менинг бўйнимда эди: асари чиққандан кейин бирон жойда гап қўзғалса, мен жавоб беришим керак. Устознинг бурчи бу…
Шунинг учун бу томонини ҳам пухта қилишим ке-рак.
Тўғрими?
— Мана шундай гаплар… Сал қалтис демасанг, бунақа ҳикоялар яратилмаган…
Э, одамлар, одамлар!
Қўлёзмани олиб кетиб, директорнинг ўзи ўқиб чи-қипти-да, кейин рецензияга берибди.
Рецензиячилар ҳам ҳар хил бўлади, болам. Баъзиси раҳбарнинг қовоғига қараб туради. Агар ўша асар ҳақида директорнингми, бўлим мудиринингми сал гумони бўлса, бас, «ярамайди» деб рецензия ёзиб келади.
Ана шундай бир аблаҳнинг қўлига тушган экан: йўққа чиқариб келибди.
Бола ҳикояларини олиб кетганини эшитдим. Энди ўзини суриштираман де!
Ҳеч йўқки — топилса!
Сенга ўхшаган шогирдлар кўп-да, ўғлим. Мени ўзи ёшлар яхши кўради.
Биригаям қаттиқ гапирмайман.
Нима учун энди гапиришим керак?
Унинг йўлини ўзгартиришим керак?
Йўқ!
Лекин, у бола…
Хуллас, дараги ўчиб кетди.
Бир куни де, уюшмага келсам, хат бор. Олсам, ўшандан. Фалон касалхонада ётибман, сиз билан бир ҳасратлашгим келди, устоз, деб ёзибди. Тағин минг бир андиша… Сездим: у бежиз мени йўқламаяпти. Уйимга телефон қилишдан чўчиган бола касалхонага чақириб турса!
Кун совуқ эди. Декабрь ойи эди-да. Автони суриб ҳайдаб, бозорга бордим. Олма, нок харид қилдим. Иккита иссиқ нон. Бир қоғоз халтага солиб, касалхонага бордим.
Мен у касалхонада ҳеч бўлмаган эдим. Шаҳарнинг чеккаси. Айтгилиги йўқ.
Палатасиям сассиқ, тор, олти киши ётибди.
Осма укол олаётган экан.
Рангида ранг йўқ.
Кўнглим бузилиб кетди:
— Нима бўлди? — дедим.
— Жигарим шамоллапти.
— Кўзинг сариқ эмас-ку?
— Сариғи сиртга тепмапти.
Вой-вой, чўп бўлиб қолган экан. Бир оз гаплашиб ўтирдим: шунда унинг болалари ташлаб кетган бир рус кампирнинг балконида — ижарага туришини билдим. Роса уришдим.
Ахир, менга очиғини айтса, мен унга жой топиб беролмасмидим? Ана шунақа эди-да…
— Хўш, мендан нима ёрдам керак? — дедим. — Бу ер жуда ифлос-ку?
— Ифлослигиям майли, — деди у. — Лекин дорилар узилиб қолган. Бу йилги дори адо бўпти. Январдан беришар экан. Шунга сал-пал… Бу ерда одамларнинг қариндошлари топиб келишяпти. Менинг ҳеч кимим йўқ…
Дод деб юбораёздим.
— Сени яхшироқ касалхоналардан бирига ўтказаман, — дедим.
Ташқарига чиққач, врачлар билан сал айтишдим ҳам: бунақа касалхона-ю, ундаги дори проблемасини фантазия қилиб ҳам тополмайсан, ахир. Жуда ғалатида…
Кейин югур-югур бошланди: билмадим, унинг ўз отаси бўлгандаям менчалик чопмасди.
Чопган билан ҳеч нарсага қўли етмасди.
Райздравга кирдим. Кейин облздравга кирдим. Горздравга кирдим. Қор, муз. Машинамнинг балонлариям дабдала бўлди ҳисоб. Ижодим қолиб кетди.
Ишқилиб, шунга ёрдамим тегсин, дейман-да.
… Охири йўли топилди.
Ҳукуматга яқин шифохона бор эди. Кириб, ўзимни таништирдим.
Жуда яхши қабул қилишди.
— Шундай-шундай… Бир шогирдимиз бор, аҳволи чатоқ… — деб тушунтирдим.
Бош врач яхшигина одам кўринди.
— Хўп бўлади. Бир оғиз сўзингиз… Телефон қилдирмасдан тўғри опкелаверсангиз бўлар экан, — деди. — Бизда запас дорилар бор, яхши қарашамиз…
— Раҳмат. Саломат бўлинг!
У мени коридорга кузатиб чиқди.
Хайрлашаётиб… нима деб ўйлайсан?.. Индамай кетишим керакмиди?
Йўқ. Виждоним йўл қўймасди, ука. Қурғур виждон азоби қаттиқ бўлади-да!
Бунинг устига, у менга шогирд бўлгандан кейин, уни бу ерга ўзйм келтириб ётқизганимдан кейин… ҳалиги масъулияти ҳам бўйнимда бўлади…
— Кечирасиз, — дедим. — Жуда яхши, ўта талантли бола-ю, баъзан жиндак, нима десам экан, бетга чопарлик одати бор… Ёш-да. Сизларда ҳукумат одамлари келиб даволанади… Шу, нима десам экан, уқтириб қўясизми…
— Тушундим, тушундим, — деганди бу… ярамас ҳам! Кейин кўчага ҳам кузатиб чиққанини кўриб, жуда кўнглим тинчиганди. Лекин: «— Болани ўзимиз олиб келамиз. Ё бугун, ё эрта… Ишқилиб, жой бўшаши билан», — деганига парво қилмапман.
Жуда чарчаган эканман, уйга кетдим. Шу кеча тоза ҳаводан нафас олай деб ҳовлига чиққан эдим, бошим шамоллаган экан, ҳароратим кўтарилиб, тўрт кун ётдим.
Бешинчи куни зўрға ўрнимдан турдим.
Хаёлим болада!
Сен ҳозир тушунмайсан: катта бўл, ёзувчи бўл…
Кейин бировни шогирд тут. Ана ундан кейин менинг ҳолатимни тушуниб оласан: бамисоли боланг-жигарингга айланиб қолади шогирдларинг!.. Аммо у битта эди!
Машинани бир амаллаб гараждан чиқардим. Хотиним ҳай-ҳайлаб турибди. Қарамадим.
Эски касалхона олдидан ўтаётиб, тўхтадим. Таваккал қилиб ичкарига кирдим. «Приёмни покой»нинг олдидан ўтаётгандим, ўша куни айтишиб қолган врачим чиқиб қолди.
— Ассалому алайкум, домла!
— Ва аллайкум, — дедим. — хаёлим жойидамас-да. Ўтиб кетишимга…
— Марҳамат, киринг.
— Бизнинг болани опкетишдими? Қачон опкетишди?
— Йўқ. Ҳеч ким сўраб келмади, — деди врач. Қарасам, ранги бир хил…
Э, нима дейсанки, уни ўтган куни опчиқишган экан. Шу тобда моргда ётган экан…
Ҳе, шундай куйдим, шундай куйдим…
Уни ким ўлдирди? Энди ўйлаб кўр, ўғлим: одамлар мана шунақа. Қўрқоқ, ваҳимачи, виждонсиз!.. Бу гапларни сенга айтяпман.
* * *
Мен машинани тўхтатдим.
— Тушинг, домла!
— Э, нимага?
— Мен ўлишни истамайман.
1987