Козим Пухтаев дам олиш уйининг зинасида бўйнини қисиб, қўлларини пальтоси чўнтагига тиқиб турар, қаршисида — кумуш ранг «хода»га қалпоқ қилиб кийгизилган неон чироқ ёғдусида пилдираб-ўйнаб ёғаетган қор зарраларини илжайиб томоша қилар эди.
У пастга тушиши керак. Лекин тушса, туфлиси қорга ботади. Шунинг учун кимдир чиқса, унинг изини босиб юриб, боғни айланиш, тоза ҳаводан истаганча симиришни мўлжаллар эди.
Эшик сассиз очилиб, бўйи Козим Пухтаевнинг бўйидан ҳам паст ва уникидан ҳам қалин пальто кийиб, қулоқчинни бостирган Қўлдош Ботир чиқди.
— Э, Козимжон…
— Қорни қаранг, — деди Козим Пухтаев. — Болаликда сандалда ётиб қор ёғишини кузатганим ёдимга тушди. Осмонда каттакон қор тоғи бор-у, ундан ушалиб тўкилаётганга ўхшарди.
— Болаликда бизам кўп қор кечганмиз, — деди Қўлдош Ботир. — Ялангоёқ юрсак ҳам ҳеч бало бўлмасди. Ҳозир туфлини ечиб, каравотга ўтгунча шамоллаб қоласан.
— Қани, бир айланиб келамизми?
— Албатта!
Козим Пухтаев элликдан ошган, майин-ипакдек киши. У — ёзувчи. Асосан, тарихий мавзуда қиссалар ёзар, Қўлдош Ботир эса журналист, битта машҳур пахтакор совхози директорини баайни «монополия» қилиб олган, ўзи олтмишдан ошган қария эса-да, ҳамон дадил эди.
Улар зина пастига қарашди. Қор кўпчиб турар, битта ҳам пиллапоя кўринмас эди.
— Қани, Қўлдош ака, тортинг, — деди Козим Пухтаев.
— Э, ўзингиздан…
Шунда эпшк шаракдаб очилди. Яланг бошида сочлари ҳурпайиб кетган, бўйнига оққина шарфни ўраб олган Усар Усмон чиқди. У ёш шоир, энди йигирма олтига кирган, дангал ва бетгачопар йигит эди.
— Ў-ў! Қор зўр-ку!
— Зўр-зўр, — деди Козим Пухтаев. — Лекин, Қўлдош ака дейман, ҳозирги ёшларимиз қизиқ-а, сўзни истаган маънода ишлатаверади.
— Ўзбек тили бузилиб кетди, мен сизга айтсам, — деди Қўлдош Ботир. — Тилшунослар нимага қарайди, ҳайронман!.. Қани, Козимжон, жилдик.
— Марҳамат, ака.
— Ҳм, хўп. — Қўлдош Ботир бир оз иккиланди-да, бирдан оёғини кўтариб, пастга босди. Тойиб кетиб, йиқилишига сал қолди. Кулиб, нарироққа борди. — Қорни таги музлапти.
Козим Пухтаев эҳтиёткорлик билан пастга оёқ узатди, қўйди. Кейин Қўлдош Ботирнинг олдига борди.
— Қани, шоир, келинг сиз ҳам. Айланамиз, — деди Қўлдош Ботир.
— Йўқ, мен сигарет чекишга чиқдим… — деди Ўсар Усмон неон чироғига қараб.
— Чекинг, фойдаси бор.
Булар учовлон фавқулодда ушбу дам олиш уйига тушиб қолган, ёзувчи Козим Пухтаев билан журналист Қўлдош Ботир ўқтин-ўқтин тунлари сайрга чиқишар, шоир Ўсар Усмон ёлғиз юришни яхши кўрарди. Табиий, улар йўлакларда учрашиб қолишар, шунда бир оғиз-икки оғиз гап қотиб ўтиб кетишар, гаплари тўмтоқ, ҳар қайсисининг гапида ўзи истаган маъно бўларди.
Ўсар Усмон гурс этиб пастга тушиб, сигарета тутатди. Улар икковлон — олдинма-кетин қорда из қолдириб, энг узун хиёбон томон кетишар эди. Ўсар бирпас тутун буриқситди-да, тўғрига қараб йўналганди, қор остида кўлмак бор экан — туфлиси тушиб кетди. Қор бетига сув сачради. Ўсар сўкиниб тисланди ва анавиларнинг кетидан қараб хаёлчан кулимсиради-да, аста-секин улар изини босиб кета бошлади.
Қор ёғар, атроф тинч, ғирч-ғирч овозлар ҳам ёқимли ва бу тинчликни таъкидлар эди.
— Да-а, — деди Қўлдрш Ботир ялангликка чиқ-қанлари сари туфлиси қорга тобора чуқурроқ ботиб бораркан. — Шу пайт бизнинг қаҳрамон ҳам қор кечиб юрипти! Шубҳам йўқ.
— Йўғ-э, — деб кулди Козим Пухтаев. — Хотинининг қўйнида ётган бўлишиям мумкин.
— Сиз ишонмайсиз-да! — Қўлдош Ботир тўхтаб унга қаради. — Хотинини бир ойлаб кўрмаган пайтларини биламан. У меҳнат учун туғилган, Козимжон. Меҳнат учун!
— Қийин экан.
— Сиз куласиз-да.
— Нега… Бўлиши мумкин, Қўлдош ака. Мен у одамни яхши билмайман. У киши ҳақидаги бор тасаввурим — сизнинг очеркларингиз билан чекланган.
— Мен у ҳакда яна бир китоб ёзаман!
— Ёзинг, ака.
Шунда Қўлдош Ботир орқаларидан келаётган кишини кўрди.
— Ўсарми? — деди.
Козим Пухтаев ҳам елкаси оша қараб олди.
— Шу… Шуни кўрсам, асабим бузилади, ака.
— Мени айтмайсизми! — Қўлдош Ботир кескин бурилди. Икки қадам босганди, туфлиси ичига кирган қор баданига ўтди. Ғиншиниб тўхтади. — Ҳе, бундайлар катталарга ҳурматни йўқотиб қўйишган… Ука, буларнинг жилови жуда-а бўш қўйилди-да!
— Лекин ҳадеб рамкага солишам тўғримас… шу, ўзлариям ўйлаши керак-да.
— А, балли! — Қўлдош Ботир Ўсарнинг яқинлашиб қолганини кўриб, тағин шошиб жилганди, шимининг почаси кўтарилиб қолдими — болдирлари музлаб кетди. — Козимжон, ёнма-ён юринг.
— Гапираверинг, эшитяпман.
— Қайси куни лифтни босиб, кутиб турган эдим. Тушиб келди. Шу пайт анави найнов пайдо бўлди. Ёнимда тугун бор эди, кўтаргунимча, у лифтга кириб олса бўладими!
— Ана, одоб!
— Тағин ўзини окдайди. «Нимага олдин кириб олдингиз? Отангиз тенгли одамман-а!» десам, «Ана шунинг учун кириб олдим-да!» дейди. Кириб олмаса, лифт кетиб қолар экан!
— Ҳе-ҳе-ҳе. Аммо бу гапида жон бор.
— Бе, шундай деманг-да, Козимжон! Менга деса, лифт бир умр кетиб қолмайдими! Ҳурмат керак.
— Лекин сизнинг гапингиздаям жон бор.
— Гап шунда-да! — Қўлдош Ботир хўрсиниб юборди ва беихтиёр оёғига қаради. Қор… ҳадемаса, тиззасига чиқадиган. — Вей, шунинг шеърлари ҳақида қандай фикрдасиз?
— Жуда қалтис!
— А-а… Тағин босишяпти!
— Босмаганигаям қўймайди-да.
— А?
— Босмаганига…
— Сиз олдинга ўтинг, ука! Ёмон эшитяпман. Қулоқчин ўлгур ҳам…
Қўлдош Ботир бирдан четланиб, қорга баттар ботди. Козим Пухтаев томоқ қирганча унинг изларини босиб ўтди-да, кўпчиб-кўпириб ётган оппоқ сўқмоққа қаради.
— Қўлдош ака, балки орқага қайтармиз?
— Йў-ўқ, йўқ! Охиригача борамиз! Кунлик нормамиз шу-ку! Қор ёғди деб…
— Қалин тушди-да.
— Қалин-қалин. Аммо-лекин, даланинг жони… Бизнинг қаҳрамон худога шукур деётган бўлса керак ҳозир!
— У киши художўйми?
— Ғирт атеист! Гап-да бу…
Ўсар Усмон яқинлашиб қолди.
— Э, Ўсар? Сизам келяпсизми? — деди Козим Пухтаев.
Ўсар икки туфли босилгани учун кенгайиб қолган излардан бемалол юриб келаркан:
— Ҳа! — деди.
— Зўр қор бўлди-я!
— Жуда!
— Қани, шошилаётган кўринасиз, олдинга ўтинг. Ўсар унга, кейин Қўлдош Ботирга қаради. Сўнг олдинга — асфальтга ёйилган пахтадек бўлиб ётган қорга кўз ташлади-да:
— Шошиб қаёққа борардим, — деди. — Ўзларингдан… Сизлар катта. Бизлар орқаларингдан юришимиз керак.
Қўлдош Ботирники тутиб кетди:
— Э, қачондан буён орқамиздан юрадиган бўлиб қолдингиз? — деди. — Ўтинг.
— Барибир… Айб бўлар-ов.
— Ҳе-ҳе-ҳе. — Козим Пухтаев энгашиб кулди.
Қўлдош Ботир бирдан олдинга ўтиб, қор кечиб кетди. Козим Пухтаев Ўсарга «марҳамат» деган бўлиб, Ботирга эргашди. Лекин энди унинг изига қадам босганда ҳам туфлиси ичига қор кира бошлади.
— Қўлдош ака, тулки қорда юрганда думи билан изини сийпаб йўқотиб кетаверар экан-а?
— Ҳа! — деди Қўлдош Ботир. — Лекин ҳозир бўри юрадиган пайт!
— Мен бўрини бир марта кўрганман.
— Мен — минг марта.
— Сиз аломат!.. Тавба, қачон шунча қор тушди-я? Ҳайронман!
— Оқшом бошлаган эди, кўрмаган экансиз-да.
— Э, менинг хаёлим ўн саккизинчи асрда эди!.. Ўсар! — Пухтаев бирдан бурилиб сўради: — Нималар ёзаяпсиз?
— Менми? — деди энди росмона издан юриб келаётган Ўсар Усмон. — Сизлар ёзмаган нарсани ёзяпман.
— О! Нима экан у?
Қўлдош Ботир ҳам тўхтаб қаради.
— Ҳаёт, — деди Ўсар. — Бугунги кунни ёзяпман. Ниҳояти шу.
— Ниҳояти шу… — Ишшайди Қўлдош Ботир. — Бизлар нимани ёзиб юрган эканмиз?
— Сиз анави… порахўр, кўзбўямачи бор-у, оти нима эди? Шуни ёзяпсиз-да.
Ботирнинг жиғи-бийрони чиқиб кетди.
— Бу… Козимжон, бунинг гапини эшитяпсизми?
— Эшитолмадим… Ўсарбой, биз-чи, нимани ёзаётган эканмиз?
— Сиз ўн саккизинчи асрни. Хонларнинг бузуқ-лиги, бекларнинг порахўрлиги, халқнинг қийналгани…
— Хайрият-е!..
— Шошма, ҳей бола! — деди Қўлдрш Ботир. — Мен ҳақимда нималар дединг?
— Эшитдингиз-ку? — деди Ўсар. — Нима, унинг порахўрлиги, амалпарастлиги ёлғонми? Ҳамма билади. Ўзингизам… Фақат кўриб кўрмасликка оласиз.
— Бу қанақа гап, а, Козимжон?
— Орқага қайтсакми дейман? Сиз ҳам қор кечиб…
— Мени қўйинг…
— Бўлмаса, жилдик.
— Ҳа!.. — Қўлдош Ботир тағин икки одим отди-ю, нима учун одим отганини унутиб, тағин бурилди. — Сен Ўсар, гапингни қайтиб ол! У одам… герой-а! Депутат! Шу гапинг қулоғига етса…
— Ана шу-да…
— Уни казо-казолар қўллаб турганда… Э, уятсиз! Адабсиз! Козим, тўхтанг! Бу бола билан юрмаймиз!
— Менам юрмас эдим-у, йўл битта-да, — деди Ўсар.
— Йўл битта… Бўлмаса, олдинга ўт!
— Йўқ. Биз катталарни ҳурмат қиламиз.
— Э, ҳурматингни…
— Ахир, ўзингиз ҳурмат қилиш керак дейсиз. Лифтга ҳам улардан олдин кирма дейсиз… Бир гапда туриш керак-да!
— Ҳай, ўртоқлар, арзимаган гап учун… — Козим Пухтаев тарафларни муросага келтирмоқчи бўлди. — Қўйинглар. Қўлдош ака, сиз каттасиз…
— Ҳе, катта бўлмай кетай! Бу менинг бутун ижодимни бир пулга чиқарди-ку!
Ўсар унга тикилди.
— Хафа бўлманг. Шунга арзиса керак-да.
— Мен арз қиламан!
— Бемалол.
— Қўрқмайсан, а?
— Ҳақ гапни айтишгами?
— Бунинг маккорлигини кўринг, Козим!
— Қўлдош ака, Усаржон ёш… Ёшлик қиляпти энди. Ўсар, сиз ҳам бир гапдан қолинг, ука… Нима фойдаси бор. Қаранглар, ҳаво қандай яхши!
— Анави қарасин! — деди Қўлдош Ботир. — Буларни биламан… Мана шу ҳаводанам айб топишади. Сенларними…
— Қўлдош ака, етар, — деди Ўсар. — У даврлар ўтиб кетди. Мен ишонаман, ҳозирги даврлар ҳам ўтади.
— Бу нима деганинг?
— Сиз мақтаб юрган қаҳрамонларнинг давриям ўтади, деяпман.
— Вой-вой. Козимжон?
Козим Пухтаев хўрсинди.
— Энди ҳаётда ҳар нарса бўлиши мумкин, Ўсарнинг гапидаям жон бўлиши мумкин.
— Нега мумкин дейсиз? — Ўсар Пухтаевга тик қаради.
— Э, энди менга ёпишасизми? — деди Козим Пухтаев. — Ғалати экансиз. Сизларни муросага чақирмоқчи бўлсам…
— Керак эмас.
— Керак бўлмаса… ана, катта йўл!
— Эсиз, Козим ака. Яхши талантингиз бор. Лекин қўрқоқсиз. Бугунги кун ҳақида ёзишдан қўрқасиз, кейин бир гап бўлиб қолмасмикан деб…
— Э! — Козим Пухтаев турган ерида гир айланиб кетди. — Қўлдош ака, бу йигит бўлганича бўлган экан-ку!
— Мен нима деяпман, ука!
— Сиз ўзи адабиёт нималигини биласизми? Билмас экансиз. Биров тарихий мавзуда ёзади…
— Сизам илгари замонавий мавзуда машқ қилгансиз.
— Сиз ўзи нимани қотириб қўйдингиз-а? Нимага мунча кариллайсиз? Сизга ким ҳуқуқ берди?
— Ҳуқуқни… касбим берди. Бир нарсани қотириб қўйган бўлмасам, бунга биринчидан сизлар айбдор… Сизларнинг изингиздан юриб ёзолмаганмиз.
— Ана холос!
— Лекин келажакда ёзаман.
— Олдин ёзиб кўрсатинг. Кейин гапирасиз.
— Ничево… Энди ёзаман.
— Ёзиб бў-ўпти! — деди Қўлдош Ботир. — Ҳозирги ёшларнинг ҳаммаси шундай.
— Кўрамиз-да.
— Бўлмасам… бизгаям кўрсат! Йўл кўрсат!
Улар иттифоқо сергак тортишди. Совуқ Козим Пух-таевнинг ҳам жонидан ўтди. Қўлдош Ботир эса, тизза бўйи қор ичида турарди.
— Нега тўхтаб қолдик? — деди Ўсар Усмон.
— Сени ўтишингни кутиб!
— Йўқ. Юролмай қолдингиз.
— Бўлмаса, сен юр!
— Дарвоқе, сиз ёшсиз-ку? Бир йўл очиб беринг-чи. Қор қалин экан, — деди Козим Пухтаев. — Шу ергача бизнинг изимиздан келдингиз. Сира қийналмай…
Ўсар Усмон бир сония сукут қилди-да, шахд билан қайтиб кетди. Иморат ертўласидан куракни олиб келиб, булардан олдинга ўтди ва йўлканинг қорини курай бошлади.
Қор қалин. Куралган қор олдинда куртук бўлиб қолар, Ўсар уни гоҳ ўнгга, гоҳ сўлга отар ва тағин олдинга сурар эди. Ниҳоят, сўқмоқ охирига етди. У терга ботган, бўйин-бошидан буғ кўтарилар эди.
Куракни елкага қўйиб қайтди.
Козим Пухтаев билан Қўлдош Ботир қори илк бор сурилган ерда депсиниб туришарди.
— Марҳамат! — деди Усар. — Йўл очиқ! — Икки қадам ўтгач, бурилди. — Йўл очиш мана бундай бўлади… Нима деманглар, бари-бир, катта йўлни ёшлар очар экан.
У кетди.
— Да, — деди Козим Пухтаев. — Қўлдош ака, нима қилдик, ёшлик очган йўлдан юриб кўрамизми?
— Юрмайман! — деди Қўлдрш Ботир. — Керак эмас… Қор кечсам кечаманки, бундан… йўқ!
— Қўлдош ака, қайсарсиз.
— Ҳе, энди… бошқача бўлиб нима топардик!.. Тавба! Мен порахўр, амалпарастни ёзиб…
Козим Пухтаев майингина кулди.
— Энди, ака, унинг гапидаям жон бор… Лекин сизнинг фикрингизгаям тўла қўшиламан!
— Сизниям тушуниш қийин-да, Козимжон… Жуда-а баъзан оғиб кетасиз…
— Қаёққа?
— Ҳм… Ўтмишга-да, масалан… Сиз ҳам бир вақтлар замонавий мавзуда ёзардингиз. Кейин бирдан…
— Буёғини бизга қўйинг, ака.
— Эса бизнинг ёзиш билан ҳам…
Улар беихтиёр адоққа қараб кетишаркан, тўхтаб қолишди. Бир-бирига қараб жилмайишди ва орқага қайтишди.
Улар барибир ёшлик… очган йўлдан келишарди.
1987