Қумрихон опа етмиш ёшдан ошиб қолди. У давладан пенсия олади, эпизодик ролларда чиқиб тургани учун театр ҳам ойлик тўлайди.
Умрининг қирқ икки йили шу театр даргоҳида кечди. Бир замонлар опа ўрта бўй, тўлагина, гажак қўйган қизча эди. Ўша кезларда донғи Доғистонга кетиб, шу киши ўйнагани учун ҳам театрга томошабин ёпирилиб келган пайтлар кўп бўлган. Айниқса уруш йилларида жуда машҳур бўлиб кетган эди.
Мана, йиллар ўтди. Актриса қариди. Ёшлар етишиб чиқди. Бир замонлар у ўйнаган ролларни бошқалар ўйнай бошлади. Опа энди онда-сонда кампирлар ролида чиқади, шунда ҳам кампирлар иштирок этадиган пьеса бўлса. Бошқа вақтларда опа одати бўйича ҳар куни соат ўнда театрга келади. Қоровулдан тортиб бош режиссёргача олдига бориб сўрашади.
Қумрихон опани театринг ёш актёрлари ҳурмат қилишади. Эҳтимол, уни ҳурмат қилмайдиганлар ҳам бордир. Лекин театрнинг ёзилмаган қонун ва ахлоқ кодексига биноан опа билан қуюқ сўрашадилар. Албатта, опага ачиниб қарайдиганлар ҳам йўқ эмас, лекин улар ҳам бу ҳолни билдиришмайди унга.
Бир кун опа ўша кенггина залда ўтирган эди, рўпарасида ҳар хил мавзуларда чуғурлашаётган артистлар орасида театрнинг ёш режиссёри Ботирхон Зокирхонов пайдо бўлди-да:
— Ҳозир читка бўлади… Сен, сен, сиз, сиз ҳам читальний залга киринглар! — деди.
Опанинг қулоғи динг бўлди. Қанақа пьесани ўқишаркан? Унга ҳам биронта роль чиқиб қолармикан?
Ботирхон эшикдан мўралади, тағин кимнидир чақирди-да, шошилинч сигарета тутатди ва бурчакда ўрнидан туриб, полдан сумкачасини олаётган опага қаради:
— Сиз ҳам боринг!
Қумрихон аянинг юраги гурс-гурс уриб кетди: мен ҳам бораман экан…
У киши жилмайиб, режиссёрга яқинлашди. Лекин Ботирхон сигаретани бурқситиб, йўлакка кирди. Опа йўлак эшигига етганда, режиссёр чап томондаги зинанинг ярмисига чиқиб борган эди. Қумрихон опа ҳам алпанг-талпанг йўлакка ўтди. Ён томондаги баланд тошойна олдида тўхтаб, ёнверига зимдан қараб олгач, рўмолини тузатди. Қулоғига осилиб тушган оппоқ соч толаларини рўмол тагига тиқиб, қаддини алланечук ростлади.
Опа пьесалар ўқиладиган залга кирганида, режиссёр тўрдаги духоба сирилган тўгарак стол бошида оёқларини чалиштириб ўтирар, унинг ёнида тепакал ёшгина бир йигит ҳам бор эди. «Драматург ўша бўлса керак», деб ўйлади Қумрихон опа ва ўтиргани жой излади. Стуллар банд эди, опанинг ҳурмати учун иккита йигитча ўрнидан турди. Шунда опа Ботирхоннинг овозини эшитиб қолди:
— Опа, буёққа ўтинг!
Шундай деб у ирғиб турди. Пианино ёнида ўтирган қизга эгилиб шивирлади: «Пастга ўтинг. Опанинг қулоғи оғир, пьесани яхши эшитиши керак». Қиз турди. Қумрихон опа келиб, қизга раҳмат айтди. Юраги ҳамон гуп-гуп ургани кўйи стулга чўкди.
Режиссёр ўрнидан турди:
— Янгипьеса ўқиймиз. Мана, ёзувчимиз… Бизга яхши пьеса олиб келганлар. Бунинг учун раҳмат. Хўш, сирасини айтганда, бу асар ўзимизнинг театрда етилган. Диққат билан эшитайлик… Опа, яқинроқ ўтиринг!
Ёш режиссёрнинг Қумрихон опага ортиқча эътибор қилаётгани ўзга артистлар назаридан четда қолмади, албатта. Уларнинг аксарияти, «опага роль беради» деб ўйлашди.
Одатда режиссёрлар роллар тақсимотини сир тутишади.
Пьеса ўқилди… Унда Улуғ Ватан уруши йилларидаги битта ўзбек оиласида кечган воқеалар ҳикоя қилинар, эри ҳарбийга кетиб, қорахат олган келинчак қайнонасининг қистовларига ҳам қарамай, уйдан кетмай ўтирар, оқибат — эри кириб келар, ана шу жараёнда қаҳрмонлар дунёси очилиб қолар эди.
Асар Қумрихон опага у қадар янгилик бўлиб туюлмади.
Унинг ўзи асардаги қайнонага ўхшаб кетар, иттифоқо, ўзининг ўғлидан ҳам қорахат келган эди. Фарқи — Қумрихон опанинг ўғли урушдан қайтмаган, келини ҳам ундан изн кутмай кетиб қолган эди.
— Хўп, қалай энди? Ким гапиради? — деди Ботирхон. — Бемалол. Асар ҳали яна ишланади. Маслаҳатларинг фойдасиз кетмас. Ким сўзлайди?
Беш, олтита ёши улуғ артистлар ўз фикрларини билдиришди Драматург билан режиссёр баъзи фикрларни дафтарга ёзиб олишди.
— Хўш, энди роллар тақсимотини ўқиймиз. — Ботирхон бир нафас сукут қилди-да, чиқиб, ўрта яшар, оқсоч бош режиссёрни бошлаб келди. — Сўз Қобил акамизга!
Қобил Қодирқулов жилмайганча қўйнидан икки варақ қоғоз чиқариб, тавозе билан роллар кимларга берилганини ўқий бошлади:
— Қайнона… Қумрихон Аълоевага…
Шундан кейин Қумрихон опа нималар дейилганини эшитмади. Юраги тўхтаб қолгандек, ўзи паришон эди.
У беш йилдан буён янги роль ўйнамаган эди! Беш йилдан буён армонда эдики, бу алам-ўкинч опани тобора қаритиб бормоқда эди.
Актёрларга жавоб берилди. Зал бўшай бошлади. Режиссёр Қумрихон опанинг ёнига келди:
— Хўш, опа, ролингиз қалай?
Қумрихон опа ўрнидан каловланиб туриб кетди. Худди шоҳ ҳузурига кириб қолган канизакдай қўлларини кўксига қўйиб:
— Раҳмат, болам, раҳмат, — деди ва қўллари бирдан қалтиради, кўзлари йилтиради. — Болам! — У титраб-қақшаб режиссёрнинг елкасини силади. Режиссёр энгашди. Опа унинг пешонасидан ўпди. — Мингга киринг, болам!
Ботирхон опанинг дардини яхши биларди.
— Ҳечқиси йўқ… буёғи ўзингизга! — деди. — Эртадан репетиция!
— Хўп, болам, хўп.
Эртаси Қумрихон опа тўққизда театрга етиб келди. Х,али раҳбарлар ҳам келишмаган, дарвозахонада қоровулдан бўлак киши йўқ эди.
— Ассалом алайкум, — деди опа.
— Э, келинг, опа! — деди қоровул. — Чой қайнаяпти.
— Раҳма-ат.
Опа ичкарига кириб, газ плита ёнидаги курсига чўкди. Қўлларини тиззасига қўйиб, очиқ деразадан ташқарига разм солди. Гулзордаги атиргуллар барқ уриб очилиб турар, наридаги ишкомдан ток барглари учиб тушар эди.
Қумрихон опа учун театрнинг мана шу қоровулхонаси ҳам азиз! У киши вақт-бевақт тенгқур актёрлари билан шу ерга кириб ўтиради. Қари қоровул тайёрлаган кўкчойдан ичади.
— Ўтиринг, опа.
— Ҳозир келаман.
Опа ташқарига чиқди. Театрнинг ҳовлиси кенг. Одоқда боғ. Ўнг томонда театр биноси, унинг кичкина эшиги. Қумрихон опа ичкарига кирди. Димоғига ўта таниш ҳидлар — жиҳозларга ўрнашиб қолган грим ҳиди, ёғоч ҳиди урилди. Опа йўлакка ўтди. Йўлакка қараб очиладиган эшикдан супуриб қўйилган айлана саҳна ва пастдаги кенг залу ундага беҳисоб стуллар ярқираб кўринар эди.
Опа йўлакнинг у бошига бориб келди. Бу бошига қараб юрди, директор кабинети эшигини очмоқчи бўлди — ҳали берк экан.
Опа ташқарига чикди. Театрнинг ёш директори янги «Жигули» машинасидан тушмоқда эди. Айни чокда режиссёрлик қиладиган бу йигит театр даргоҳида катта бўлган, опанинг шогирдларидан.
Улар кўришишди.
Қумрихон опа тағин қоровулхонага борди ва бир кўнгли ўзига янги роль берилганини айтгаси келди. Бироқ томошаларни кўравериб, актёрлар ўйинию спектакль мазмунига баҳо беришда манман деган театршунос даражасида бўлган кекса қоровулга бу тўғрида оғиз очмади.
Сал ўтмай, театр ҳовлиси, йўлаклар гавжум бўлиб қолди. Кўришишлар, қувноқ чеҳралар ва албатта таш-вишли шивир-шивир, аллакимдан нолишлар…
— Асар мазмуни сизларга маълум, — деди Ботирхон ўйновчиларни пьесалар ўқиладиган ва кўпда репетициялар ўтказиладиган кичкина хонага бошлаб киргач. — Жим, ўртоқлар! Жим! Вақтимиз зиқ… Пьесани пиширамиз деб кўп вақтни ўтказиб юбордик. Қумрихон опа, — опага мурожаат қилди у. — Юкнинг кўпи сизга тушади. Билдингизми?
Қумрихон опа кеча уйига боргандан кейин ҳам қўйилажак асар мазмуни ва ўз роли устида кўп ўйлаган, лекин асарга муносабати ўзгармай қолган — асар ўзига таниш, ўз ролини ўйнаш ўзидан кўп меҳнат талаб қилмайдигандек эди.
— Ҳа, болам. Жуда масъулиятли роль, — деди Қумрихон опа.
— Собиржон, роллар тайёрми? Олиб келинг! Менга қулоқ солинглар! Асарнинг мазмунини айтиб бераман, яна… Кейин ҳар битта образда тўхталамиз. Биласизлар-а? Иш принципи ҳар галгидай. Кимки машғулотга кечикадиган бўлса, айтилган ишни вақтида қила олмаса, ҳозир айтиб қўя қолсин. Кейин жанжаллашиб юришга вақтимиз бўлмайди! Қўлидан ролни олиб қўя қоламиз!
Актёр зоти борки, куни театрда кечар экан, саҳнага чиқишни, режиссёр роль беришини истайди!
Театрга борганингизда, биронта хафақон артистни учратиб қолсангаз, суриштиринг, унинг дарди роль устида бўлади — ё режиссёрдан нолийди, режиссёр ўзини хушламаслигани айтади, ёки театр маъмурия-тидан норози, ҳеч бўлмаса, ўз партнёридан.
Режиссёрнинг сўнгги гапидан кейин артистлар ҳушёр тортишди, қийшиқроқ ўтирганлари ҳам унга ўнгланиб юзларига жидлий тус беришди.
— Опа! — Режиссёр асар мазмунини қисқача қилиб айтиб бергач, тағин Қумрихон опага мурожаат қилди. — Кўриб турибсизки, ролингаз оғир… а?
Энди Қумрихон опа ўз роли ҳақида гап кўпайиб кетганиданми, сезиларли хавотирга тушган эди. Кўзларини пирпиратди:
— Ҳа, ҳа, болам.
— Унинг моҳияти шундаки, опа, — Ботирхон стулдан туриб, пианино қошида нари-бери юра бошлади, — бунда сиз Улуғ Ватан уриши йиллари фронт орқасида қолган ўзбек аёллари сиймосини яратасиз! Масъулияти шунда… Бунинг устига, сиз ҳақиқий она ва ҳақиқий қайнона сиймосини яратиб беришингиз керак. Бу асардаги воқеалар сизга таниш бўлса керак? Уруш йилларини эсланг-чи?
Артистлар дув ўгирилиб, Қумрихон опага қарашди. Опа негадир қути ўчиб рўмолчаси билан лабларини артди.
— Жуда таниш-да, болам. Жуда таниш, — деди.
— Ана! Бу яхши… Демак, роль чиқади. Лекин, — у яна стол қошига қайтди, — сиз жуда иродали, бардошли инсон образини яратишингаз керак? Ана шу ёғиям муҳим!
Опа бош ирғади.
Режиссёр ёрдамчиси Собиржон кириб, айрим-айрим кўчирилган ролларни эгаларига тақсим қилди. Актёрлар қувонишиб олиб, Ботирхонни ҳам бир зум унутган ҳолда, оппоқ қоғозга машинкада ёзилган сўзларга диққат қилишди.
Режиссёр уларни тағин ўзига қаратди:
— Гапни келиндан бошлаймиз! — деди ва Собиржонга чой буюрди. Сўнг чарм портфелидан арабларнинг шиппагига ўхшаш жез кулдон, «Ростов» сигаретасини чиқариб столга қўйди. Костюмини ечиб, стул суянчиғига илди. Ўрнашиб ўтириб олди. — Сиз! — дея келин ролини ижро этадиган актрисага қаради. — Сиз… ролни қўйинг! Ҳозир ўқиманг!.. Керак эмас… Аввал тушуниб олишингиз керак…
Ҳар бир режиссёрнинг ўзига хос йўли бўлади, яъни хоҳ асарни бўлсин, хоҳ ролни бўлсин, ўзига хос тушунтириш усули бор. Бироқ ҳаммасига хос битта жиҳат шундаки, улар воқеани бўрттириб ҳикоя қилишади. Мақсад — актёрлар юрагига чўғ солиш, уларнинг туйғуларини уйғотиб юбориш, пировардида, бутун коллективни асар атрофига уюштириш, битта мақсад сари йўналтириш бўлади.
Ботирхон асар мазмуни ва моҳияти тўғрисида яна бир бор изоҳ бергач, келин образига ўтиб, уни тушунтира кетди:
— Мана! — Қумрихон опани унга кўрсатди у. — Бу киши сизнинг жондан севган қайнонангиз… Айтайлик, бундай! Йўқ-йўқ. Шундай! Қайнонам деб билинг… Қарабсизки, эрингиз ўлибди! Ҳа, севимли эрингиз ўлибди, уни фашистлар чавақлаб ташлашибди.
Артистлар кулимсираб келин ролини ўйновчи артистга қарашди. Ботирхоннинг жаҳли чиқди:
— Жим, жим! Опа, сиз ҳам гапларимни эшитяпсиз-а? Яхши… Келин, қулоқ, солинг! Сиз шундан кейин тўрт йил кутдингиз. Тўрт йил! Уруш тамом бўлди… Тамом! Эрингиз йўқ! — У алланечук бўлиб, Қумрихон опага қаради.
Опа энди образини тушунаётгани учунми ё ўғли эсига тушиб кетдими, кўзларини артиб пиқилламоқда эди.
Ботирхонга бу ҳолат маъқул бўлди ва опанинг бу кайфияти келинга ҳам юқишини тахмин қилгани учун воқеани янаям бўрттириб ҳикоя қила бошлади.
— Ана шунда… Тинчлик даврида, келин, битта ғариб кимса сизга ошиқ бўлди. Ошиқ бўлди… Опани ҳам у одам жуда ҳурмат қилади. Опа ҳам уни иззатлайди! Лекин сиз унга тегишни истамайсиз. Ана шунда опа… қайнона нима қилади. Сизга ёлворади: шунга тег, дейди… Эшитяпсизми?
Ботирхон шу мазмунда яна кўп гапирди, ҳар битта сўзини турли мисоллар билан роса чайнаб гапирди. Ниҳоят, келинга бир нафас тикилиб турди-да, янги сигарета тутатиб олиб, опага юзланди:
— Опа, гапларим сизга етдими?
— Етди, болам, — пиқиллади Қумрихон опа.
— Етган бўлса, жуда соз! Йиғланг… Майли, йиғланг. Ўртоқлар, халақит берманглар… Йиғлайверинг. Лекин менинг сўзларимга қулоқ солинг. Хўш, гап бундай: сизнинг ягона ўғлингиз бор эди. Уни не-не умидларда урушга жўнатдингиз. Не-не умидларда кутяпсиз! Тўй қилмоқчисиз у келса! Сиз невара кўришни орзу қиласиз… Ана шунақа! Шунда бирдан қорахат келиб қолди… Шунда нима бўласиз! Бутун дунё сиз учун қоронғи бўлиб қолади, а? Тамом! Бу сизнинг охирги умидларингизни барбод қилди. Сизни кўмадиган кишингиз йўқ… Шундай! Бу нарса сиз учун битта удар! Тушундингиз-а? Давом этамиз. Лекин сиз мардона аёлсиз. Ҳа-ҳа, — изига қайтиб, столнинг у бошига ўтиб олди: — Сиз жуда чидамли аёлсиз! Йиғлаб-сиқтаб ўтирганингиз билан ҳеч нарса битмайди, опа! Буёқда ишлар ошиб-тошиб ётибди. Қурилиш кетяпти!
Кимдир бир нима деган эди, Ботирхон энг зарур учта актёрни олиб қолиб, бошқаларга жавоб берди:
— Чиқиб туринглар… Кетиб қолманглар… битта-битта чақираман. Хуллас, опа, ана энди сиз ўзингизни кўрсатишингиз керак! Ахир, сизга ўхшаган — боласидан айрилган оналар камми? Буни сизнинг образингиз яхши тушунади… Шундай қилиб, кунлар ўтяпти дейлик!
Шунда Ботирхоннинг яна жахди чиқа бошлади. Чун-ки опа мудом кўзёшларини тия олмас эди.
— Бас, бас! Буёғини эшитинг, опа… Шунда сизга яна битта удар тушади! Келинингиз… ўғлингизнинг ўрнида қолган қизингизни энди узатиш пайти келди! У — инсон, ҳаётдан, бола кўришдан умидвор инсон. Тўғрими? Буни яхши биласиз… Шуниси қизиқки, у сизни ташлаб кетишни истамайди… Сиз эса, уни мажбур қиласиз! Бунинг учун кишига қанча куч, қанча ирода керак? Тўғрими? Инсон синаладиган дақиқалар бу.
Қумрихон опа энди ўзига келди. Ботирхон яна сўзида давом этди ва: «Энди ролни ўқишингиз мумкин. Сизга жавоб!» деди.
Опа чикди. Ҳовлига чиқди. Кўчага чикди. Атроф жимжит. Бу, рўпарадаги йўлда машиналар ҳам кам-қатнов.
Қумрихон опа уйига йўл олди.
У мамнун эди: у катта роль ўйнайди! Жуда муҳим ролни ижро этади! Спектаклнинг ютуғи кўпроқ ана шу роль ижросига боғлиқ бўлади.
Ролни тушуниб етган эди. У ўйнашига ишонади: ўша воқеалар нақ ўзининг бошидан кечган-ку! Бунақа пайтда қайси актёр «ҳузур» қилиб ўйнамайди? Қўшимча деталлар, ишонтирувчи белги топиш учун изланмайди ҳам. Бари ўзида бор. Ўз юрагига назар ташласа, кифоя!
Бироқ образдаги битта нуқта уни андак паришон қилди: у қайнона жуда мардона экан! Келинига ўзи жавоб берибди. Ўғлидан қорахат келгач, куйипти-ку, лекин… ўтириб қолмапти.
Қумрихон опа ўшанда ўғлининг нобуд бўлгани ҳақидаги хабарни олиб, ўзидан кетиб қолган, уч-тўрт ой давомида ҳам ўзини ўнглай олмаган эди. Бунинг устига, келини ундан сўроқсиз, ўткинчи йигитга қўшилиб уйдан чиқиб кетган…
Образнинг келинга қиладиган мурожаатлари қандоқ чиқар экан?
Одатда, манман деган актёр ҳам режиссёрга суянади, нафсиламри, актёр режиссёр белгилаган йўлдан боради, унинг қарашларини ифодалайди, фақат… ўзиники қилиб етказади — кўнглидан ўтказгани учун у нарсалар жонли ва мустақил бўлиб майдонга чиқади.
Шунинг учунми, опа ролнинг давоми ҳақида кўп ҳам бош қотирмади. Бунинг яна бир сабаби шундаки, баъзида режиссёр асар тайёр бўлган пайтдаям драматургга айтиб, битта саҳна ёздиради-да, шунга қараб, бошқа образлар талқинини ҳам ўзгартириб юборади.
Кунлар ўтди.
…Опанинг образи уч бера бошлади. Анави, ўғлидан, қорахат келиш саҳналарини опа яхши ижро этар, унинг теварагида кичкина хонани тўлдириб ўтирган актёрлар ҳали бу актрисанинг «ҳаёт экани, кўп ишларга қодир эканига» имон келтиришарди. Қумрихон опа янгитдан ижодкорга айланаётгандек эди.
Бироқ опа анчайин гапгаям йиғлаб олар, анчагина ўзини боса олмас эдики, бу ҳол ёш режиссёрнинг гоҳ жаҳлини чиқарса, гоҳо қувонтирар эди.
Бир куни у:
— Йўқ, опа! Энди йиғини бас қиласиз! — деди. Қумрихон опа Ботирхонга мўлтираб қаради:
— Ахир, яхши бўлмайдими?
— Йўқ, — деди режиссёр. — Кечирасизлар, — у битта чекиб олиб, опанинг ёнига келди. Стулини ёнига суриб, ўтириб олди. — Яхши бўлмайди, опа… Чунки қорахат келганда мунчалик йиғласангиз, келинни чиқараётганда нима қиласиз? Унда гап-сўзсиз қолишингиз керак бўлади. Сиз эса, ўғлингиз армияга кетаётгани учуноқ шунақаям кўз ёши тўкяпсизки, йўқ, опа… Сиз жуда кучли, мардона онасиз! Шуни унутманг… Сиз энг зўр иродали аёллардан бирисиз! Эсдан чиқарманг, опа… Йиғлоқилик кетмайди! Мен образга кириб олинг деб индамай юрдим… Энди, йиғини бас қилинг.
Қумрихон опа режиссёрнинг ўгитларини тушунди. Лекин, лекин… ўша-ўша!
Ўзини тута олмайди! Кўзидан дув-дув ёш қўйилаверади.
Нега ўзини тута олмайди! Ахир, ўшанда — ўғли урушга кетгандаям бунчалик йиғламагандир? Нима бўляпти ўзи?
Бир куни Ботирхон опага анча-мунча насиҳат қилгач, унга ўйчан тикилиб хўрсинди:
— Опа, мени хафа қилманг.
— Вой, наҳотки…
— Менинг одатимни биласиз-а?
— Ҳа, энди…
— Асар сиз билан тирик! — У ирғиб турди. —Мен йиғлоқи кампирни саҳнага чиқара олмайман.
Қумрихон опа анқайиб қолди. Атрофдаги артистлар бошларини эгишди. Ботирхон бўғилиб, образ моҳияти ва асар мазмунини опага қайта бошдан тушунтира бошлади.
— Укдингизми? — деди. — Энди сизга битта сирни айтаман: менга қолса, сиз йиғламай ўйнанг! Ҳа-ҳа, — столга қўлларини тираб энгашиб олди у. — Йиғламанг… Йиғлаш осон, йиғламаслик қийин! Киши ўзини тутиши қийин… — У одатича нари-бери юриб, бир мисол келтирди: — Битта оғайнимнинг отаси ўлди. Улар ака-ука эди. Укаси отасини ёқтирмас, дарбадар, пиёниста эди. Дарвозадан кириб, шундай ҳўнградики, йиғлаган ҳам йиғлади, йиғламаган ҳам. Кейин у нима қилди? Кўчага чиқиб кетди. Ўша куни битта танишини тўйига борди. — Актёрлар шивир-шивир қилишди. Режиссёр қўлини кўтариб қўйди. — Анави акаси-чи! У отасининг вафотини эшитибоқ, тилдан қолди. Ҳовлида жим юрди. Одамлар нима деб кетди? «Э, каттаси бемеҳр экан, кўзидан ёш чиқмади-я!» дейишди. Кичкинасини, пиёнистани роса мақташди… Ҳм, давомини айтайми? Кейин «бемеҳр» ўғил оилага бош бўлиб қолди. Отасининг барча маросимларини ўша ўтказди. Кичкинаси қорасини кўрсатмади. Айтмоқчиманки, йиғлаш-сиқташ ҳали кишининг бир нарсадан қаттиқ куйганини англатмайди!
Қумрихон опа бу сўзларни мулоҳаза қилиб, ичида қўшилган эса-да, жилмайиб қўйди.
Режиссёрнинг фиғони чикди:
— Опа, мен сизга сираям йиғламанг деяётганим йўқ. Лекин меъёрида бўлсин деяпман! Сиз ўзингизни… образнинг моҳиятини унутяпсиз!
Қумрихон опа аста ўрнидан турди:
— Мени афв этинг, кўнглим бўш, болам… Энди ундоқ қилмайман, — деди.
Ҳақиқатан ҳам кейинги кунларда опада ўзгариш бўлди: у йиғини камайтирди, камайтирди-ю, образини буза бошлади — образдаги ҳақиқат йўқола борди.
Режиссёр учун бундан ортиқ даҳшат йўқ эди.
— Опа, сизни охирги марта огоҳлантираман, — деди у навбатдаги машғулотда. — Менга қаранг, наҳотки, йиғини тийиш, жиндек оғирроқ бўлиш учун ўзингизда куч-қудрат сезмасангиз? Ахир, асардагидек қайноналар, аёллар бўлганми, йўқми? Ёки бутун ўзбек хотин-қизлари эрлари ўлгач, ҳаётини йиғи-сиғи билан ўтказганми?
— Йўғ-э, болам.
Қумрихон опа шу куни уйга боргач, роль устида яна узоқ ўйлади ва образини режиссёр айтганидек ярата олмаслигига иқрор бўлди: бунинг учун опада алланарса етишмас, унинг нима эканини ўзи ҳам билмас эди.
Актёр шундоқ одамки, у ролга сира-сира ярамаслигини билса ҳам, режиссёрга: «Мен бу ролни эплолмайман», демайди.
Бунга авваламбор, ғурури йўл қўймайди, сўнгра, ахир шунинг учун театрга келади, бу ерда кунини ўтказади, пировардида, актёр деган номи борки, у ҳеч қачон режиссёрга «ўйнолмайман» демайди.
Бундоқ дейиши — унинг учун фожиа.
Қумрихон опа ана шундай фожиани очишга шайланиб театрга келган эди. Ҳайҳот, буни Ботирхоннинг ўзи айтиб қўйди:
— Опа, мен сиздан ролни олишга мажбурман! — деди. Сўнг бурилиб дераза ёнига борди. Чекиб, бир оз турди. Яна шарт ўгирилди: — Сиз ишонсангиз, бу ролни сизга мўлжаллаб ёздирган эдим. Буни ўйнаш учун сизда қувват бор деб ўйлаган эдим… Йўқ экан. Сизга жавоб!
Қумрихон опа ўзи ошкор айтмоқчи бўлган фожиани ўзи тушуниб етмаган экан шекилли, ҳозир тушунди-ю… энди театрда ортиқча бўлиб қолганига ишонди-қўйди.
Опанинг руҳи тушди, у режиссёрга бир сўз демай, хонадан чикди. Ҳовлига чикди. Кўчага чиқди… ва йиғлаб юборди. Бу тамом бошқача йиғи эди. Опа, шунда хавотирланиб, ён-верига қаради-да, ариқ ёқасидаги чинор панасига ўтди. Унга суяниб, бир нафас тек қотди.
У қотиб турар экан, кўп нарсани ҳис қилар эди: орқасида баланд иморат бор, у театр! Унда опанинг ёшлиги қолди, ҳаёти қолди. Опа, эҳтимолки, шу даргоҳга келиб қатнаб юргани учун ҳам ҳаёт эди! Энди бу ердан кетади… Қаерга?
Унинг учун йўл ҳам, гўша ҳам йўқ, унинг бори-борлиғи шу ерда эди.
Актёр бўлсин, режиссёр бўлсин — бу ижодкор халқнинг руҳини тушуниш қийин. Қийинлиги шундаки, улар кўп фикр қилади — кўпинча ўз қилмишлари, ҳолатлари ҳақида ўй суради, уни таҳлил қилади, кимларнингдир ҳолатларига солиштириб, буларнинг барчасидан битта маъно топмоқчи бўлади.
Шуниси қизиқки, ижодкор бу нарсалар устида ўй сураётганида ундан: «Нимани ўйладингиз?» — деб сўранг, жавоб бера олмайди. Буни кейин… унинг навбатдаги хатти-ҳаракатидан тушуниб оласиз, зероки, ўзи ҳам кейин тушуниб етади.
* * *
Қумрихон опа театрга қайтиб борганида ҳовлида артистлар гаплашиб туришар, бир четда театрнинг ёш директори, икки ёнида иккита ёши улуғ актёр — чамаси, улар Қумрихон опа тўғрисида суҳбатлашар эдилар. Эшикда кўринган бош режиссёр бақирди:
— Ботирхон!
Ботирхон қоровулхона деразаси тагидаги скамейкада чой ичиб ўтирарди. У туриши билан дарвозадан кириб тўхтаган Қумрихон опани кўрди. Унга ўқрайиб тикилди. Опа бир-бир босиб, режиссёрга яқинлашди ва ғайритабиий бир мардона овоз билан:
— Ўғлим, ўзимни яна бир синасам бўладими? — деди.
Ботирхон унга тикилиб қолди. У ҳозир опанинг ҳолатини тасаввур қилиб ўтирар, назарида, опа ўткинчи машинага ўтириб, уйига етган ва ётиб қолган эди. Чунки у… Қумрихон опанинг қандоқ артист эканини билар, унинг учун театрдан кетишдан ортиқроқ жазо, фожиа, бахтиқаролик йўклигини яхши тушунар эди.
— Хўпми, болам? Рухсат этинг!
Ботирхон алланечук тамшанди ва қаршисида… мардона бир аёлни кўрди.
1976