Шукур Холмирзаев. Нотаниш одам (ҳикоя)

Овга бораётган эдим, ҳаво айниди. «Баҳор ҳавоси-да, бир севалаб ўтар», деб кетавердим. Бироқ сал ўтмай ёмғир шундай қуйиб бердики, бирпасда уст-бошим ҳўл бўлиб, баданимга ёпишиб қолди. Шунда, турган еримдан икки юз қадамча нарида жар ва жарга тушаверишда овчилар, йўловчилар қўниб ўтадиган камарча борлиги ёдимга тушди. Жарга яқинлашишим билан шувоқ иси аралаш тутун димоғимга урди. Камарга кирдим. Ўртада гулхан ёнар, четроқда оқчил чакмон кийган, ўрта бўй бир киши эшагининг айилини бўшатарди.
— Саломалейкум.
Нотаниш одам менга қаради-да, бошимдан-оёғимгача кўз югуртириб чиқди. У қирғиз башара, лекин қошлари қуюқ, қирқ ёшлардан ошган, бақувват киши эди.
— Ааалекум.
Ўт бошига чўнқайдим. Этигимни суғуриб, тагини оловга қаратиб қўйдим. Пиджагимни ечиб, тиззамга ёйдим. Нотаниш одам гулхан ёнига қайтди, бир даста шувоқни тагига қўйиб ўтирди.
— Хў-ўш, йўл бўлсин, йигит? — деди у. Унинг оҳангида алланечук киноя борга ўхшаб кетди.
— Овга, қишлокдан, — қисқа жавоб бердим.
— Ҳали овчиман данг? — дафъатан пихиллаб кулди у ва гулханга ўтин қалай бошлади.
«Овчиман! Бунинг нимаси кулгили?!» деб жеркиб бергим келди-ю, «ҳа!» деб қўя қолдим.
— Нега ёмғирда қолдингиз? — сўради у жилмайишини қўймай.
— Қолдим-да.
— Ёмғир ёғишини билмадингизми?
— Қайдан билай.
— Булутни кўриб эдингизми?
— Ҳа.
— Галламанг, кўрганингиз йўқ.
— Оббо, мендан… нима истайсиз ўзи, амаки?
Суҳбатдошим менга хотиржам кўз ташлаб олди.
— Керакли нарсани кўра билишингизни истайман холос. Кўрган бўлсангиз: булут тоғдан эмас, чўлдан кўтарилаётган эди. Кўриниб туриптики, бу булут тўккан ёмғир анча-мунча маҳалда тинмайди. Агар булут тоғдан пастлаган бўлса, унинг йўриғи бошқа эди. Шуни кўра билганингизда, илгарироқ ўзингизни панага тортардингиз, сувга чўмилиб, бундай қунишиб ўтирмас
эдингиз.
Мен тишимни тишимга босиб, жим қолдим.
Ёмғир қуйяпти. Камарнинг «пеш буруни»дан тош «остонаси»га шариллаб лойқа, қизғиш сув тўкиляпти. Нам шувоқ ҳиди анқийди. Нотаниш одам ўрнидан турди.
— Хафа бўлманг, йигит.
Чақмоннинг ёқасини кўтариб, бошини қоплади, камардан чиқди. Сал ўтмай ярмиси ҳўл бир қучоқ ўтинни кўтариб кирди. Уни камарнинг тўрроғига элтиб ташлади-да, менга қарамай, «исина беринг», дея яна чиқиб кетди.
«Исина беринг? Оловини миннат қилганими!» Пиджакни кийиб, ўрнимдан турдим. Камардан чиқарканман, нотаниш одамни кўрдим. У пастда, сойнинг ёқасида югура-ела, дарё тошқини тошларнинг тагига тиқиб ташлаган шох-шаббаларни терарди. «Ҳа, пишиқ одам. Бу ўтинларни уйга олиб кетади. Эшагиям тайёр». Нотаниш одам ўтин учун камар билан сой орасида яна уч-тўрт марта қатнагач, кийимларини сиқиб, жойига келиб ўтирди. Менга кўз қирини ташлаб, ўчаётган чўғларни дағал бармоғи билан титкилади.
— Томоша қилинг, ёмғирнинг ёғишида кўнгилга ёқадиган бир дилгирлик бўлади, — деди у. — Кўп яхши нарсалар ёдга тушади. Айниқса ўт ёнида ўтириб томоша қилсанг. Келинг-е, йигит, ўтиринг.
Мен, ўзим ҳам билмайман, нима учундир юмшаб қолдим.
Белбоғини ечиб ўртага ёйди. Эшакдаги хуржундан битта ёғлиқ патир билан бешта қўй қуртини олиб белбоққа қўйди:
— Дастурхонга қаранг.
— Раҳмат, қорним тўқ.
— Раҳматни егандан сўнг айтасиз.
Мен битта қуртни олиб шимий бошладим.
Иккаламиз ҳам жим, ташқарида шувиллаб ёғаётган ёмғирга қараб ўтирибмиз. Сой соҳилига кўкчил туман ўрмалаяпти. Соҳилнинг сўл томони буғдойи куйиб кетган пайкалдай қорайиб кўринади. Унинг устига булутлардан йўл-йўл зангор чизиқлар осилиб тушган. Бора-бора у чизиқлар оқарди, қорайиб кўринаётган ерлар ҳам ёришди. Атроф ойдинлашиб, уфқ кенгайиб кетди. Қуёш чикди. Биз ҳам камардан чиқдик.
— Хайр, йигит, овингиз барор олсин, — деди у. — Менинг гапларимдан хафа бўлманг.
У эшагига минди. Менинг хаёлимга у териб келиб камарга ташлаган ўтинлар келди.
— Амаки, ўтинингизни унутдингизми дейман?
— Йўқ, йигит, унутганим йўқ, — кулимсиради у, — сиз уйга олиб кетади деб ўйладингизми? Уйимда ўтиним бор. Мана, серёмғир кунлар бошланди. Сизу бизга ўхшаган бирон йўловчи бу камарга кириб қолгудек бўлса, совуққа қунишиб ўтирмасдан, тайёр ўтинни ёқиб исинади, шулар учун тердим.
У кетди. Мен камар оғзида, ундан кўз узолмай қараб қолдим.
1960