Шукур Холмирзаев. «Уҳ» (ҳикоя)

— Сизни қаттиққўл, иродали ёзувчи дейишади… шу тўғрими?
— Тўғрироғи, шундай бўлгим келади.
— Кимнидир севганмисиз, ундан айрилганмисиз… Куйганмисиз?
— Ҳа..
— Ўн саккизга кирганларга бир гап айтинг…
«Саодат» редакциясида бўлган гап.

* * *

Эшик очилиб, рангпар жувон бош сукди.
— Мумкинми?
— Марҳамат, — дедим.
У хонага кира солиб, диван ёнидаги курсига ўтира қолди. Пардоз-андознинг ҳам фаҳмига етмаслиги кўриниб турар эди.
— Кечирасиз, вақтингизни оламан. Саид Аҳмад акага келувдим, йўқ эканлар…
— Қулоғим сизда, — дедим.
— Шукур ака, менинг бошимга бир кулфат тушган. Уни сиз — ёзувчилар тушунмасангиз, бошқа биров тушунмайди. Бировга айтмайман ҳам.
…Дўконда ишлардим, ларёкда. Бир йигит «Волга»да келиб тушарди-да, юз сўм ташлаб, битта «ТУ» олиб кетарди. Қайтимини сўрамасди. Ўшанда сигарет қирқ сўм… Мен ҳам унга: «Қайтимини олинг», демасдим.
У келганда, ўзимни йўқотиб қўярдим.
Келишган йигит эди. Камгап. Фақат салом берарди-ю, сигаретни олгандан кейин битта уҳ тортар эди.
Бир куни йўлни ёқалаб кетаётсам, орқамдан келиб тўхтади; мошинасини тўхтатиб, эшикни очди.
— Киринг, уйингизга обориб қўяман, — деди.
Ичкарига қандай кириб ўтирганимни билмайман. Кетдик.
— Ё айлантирайми? Дарёни томоша қиласизми? — деб қолди.
— Майли, — дедим.
Ундан ажралгим йўқ, ҳушим ҳам ўзимда йўқ эди.
Бир туронғи тагига бориб тушдик. Багажида иккита енгил кресло бор экан, чиқариб қўйди. Тағин — кичкина стол. Бирпасда столнинг устини тўлдирди: яхна эт, коньяк, лимон, нон — ҳамма нарса бор.
— Ҳозирлигингизни кўриб чиққан экансиз-да? — дедим.
— Ҳа, — деди у.
— Мен келмаслигим мумкин эди-ку?
— Келардингиз.
— Нега энди?
— Мен ишонардим.
— Сиз ҳақ, — дедим. — Нега шундай бўлди, а?
— Билмайман.
Ичдик.
Илгари ичган бўлсам, пиво ичгандирман… Бошим айланиб, йиғлай бошладим.
— Мен сизни яхши кўраман.
— Биламан, — деди у.
— Сиз-чи?
— Нимага уҳ тортаман бўлмасам?
Мен унинг бўйнига осилиб олганимни билмай қолдим.
У мени қучди.
Мен эриб кетдим…
…Шундан кейин бу туронғи ости — бизнинг учрашадиган-ўтирадиган жойимиз бўлиб қолди.
У уйланган, иккита боласи бор экан — очиқ айтди.
— Лекин сизни яхши кўраман, — деди.
Мен нима дейин? Яна кўзёши қилдим.
— Сиз билан учрашиш, сизни кўриш — мен учун бахт, — деди у. — Мен фақат шунинг учунгина сизнинг дўконингизга кирардим.
— Мен сезардим, — дедим.
— Сиздан айрилиш — мен учун фожеа.
— Мен учун ҳам.
Мен унга ўрганиб қолдим: онамни, акамни алдаш ҳам менга завқ берарди. «Тезроқ тонг отса, тезроқ ларёкка борсам», дер эдим тунлари.
Шундай қилиб, бир йил юрдик.
Уйимизга совчилар кела бошлади. Илгариям кеп турарди-ю, энди кўпайиб кетди: ахир, ўн саккизга чиқдим.
Сиз ҳозир менинг башарамга қараб, раҳмингиз келар…
Ўшанда оқим оққа, қизилим қизилга айрилиб, би-ир кўҳли бўлиб кетган эдим.
Кўзгуга қараб билардим.
Энди ўйласам, ўшандаги учрашувлар завқи…
…одамнинг ҳуснини очиб юбораркан.
Бундан ташқари, ҳар куни янги кийим кийишга ҳаракат қилардим. Опамдан қолган кўйлаклар борми, онамнинг шол рўмоли борми…
Лекин бизнинг оиламиз ўртаҳол эди. Отам сувчиликда ревматизмга йўлиқиб, шунинг заҳмида кетган, опам церроз печен…
Қисқаси, совчиларнинг бирига акам розилик берипти.
Мен йиғладим.
— Пул йиғай, ўқийман. Театр институтига кираман, — дедим.
— Керак бўлса, эринг ўқитиб олади, — деди акам.
Йигит билан учрашдим.
— На чора, — деди у. — Улар ҳақ…
— Ахир, мен сизни яхши кўраман-ку?
— Мен ҳам…
— Лекин кейин ҳам… хоҳласангиз, учрашиб турамиз.
— Йўқ-йўқ! — дедим. — Акам билса, ўлдиради.
— Акангиз шундоқ ҳам сезганга ўхшайди…
— Э, худо!
У бирдан уҳ тортиб юборди-да:
— Менга раҳмингиз келсин, болаларимгаям, — деди. — Уларни етим қил… десангиз, ҳозироқ хотинимни қўйвораман!
— Йўқ, — дедим.
Мениям йиғлагим келяпти.
Мен уни қучоқлаб олдим: икки бахтсиз шундай ўтириб, ажралдик.
…Эрим билан олти ойча яшадим. Бахтимга қобил, мўмин чиқди. У ҳатто, кечирасиз, менинг илгари… эркак билан бўлганимниям сезмагандай эди.
Лекин кўнглим барибир анавуни қўмсарди…
Бу вақтда ларёкни ташлаб, яқинимиздаги клубда ҳаваскорлар тўгарагида ишлардим: қизчаларга ўйин ўргатардим.
Бир куни саҳнада ўйнаб кўрсатаётсам, залда таниш биров кўринди. Биз машқ қилаётганда, қоровул ҳам, кутубхонага келганлар ҳам залга кириб ўтиришарди.
Диққат қилиб қарасам…
…ўша.
Чироқларни ёқдим.
Ана шундан кейин нима иш қилганимни билмайман: ансамблга айтиб, дилхирожни чалдирдимми, тановарними —эсимда йўқ; шундай ўйнабманки, шогирдларим ўрганиш ўрнига томоша қилишибди.
Залда чапак.
Назаримда, бу рақсда ҳамма нарса бор эди: соғинч, ўкинч, ғам, алам…
Мен ўйин билан Унга ҳасрат қилган бўлишим керак.
… Машғулот тугади.
Ташқарига чиқсам, у «Волга»сида ўтирибди. Эшиги очиқ.
Ёлғон айтсам, тепамда Худо бор! Ҳеч нарсани кўрмай, сезмай бориб…
…мошинага кириб ўтирдим.
Кетдик.
— Келишимни билармидингиз?
— Ҳа, — деди у.
— Мен қийналиб кетдим.
— Мен ҳам.
— Болаларингиз тинчми?
— Уларни эслатманг, қийнаманг мени, — деди у уҳ тортиб.
Мен унга суяниб қолдим.
У ақлли эди, катта бир қурилиш ташкилотининг бошлиғи эди.
Аммо у ҳам менинг аҳволимда эди.
Шундай қилиб, сиримиз ошкор бўлиб қолди. Эрим уйдан чиқиб кетди.
Бир куни мен ҳам уйимизга қайтиб бордим. Онам хўп йиғлади, акам ичиб келиб, бутун идиш-товоқларни уриб синдирди.
Энди клубгаям бормай қўйдим.
…Хуллас, ўтган куни айрапортга чиқдим. «Бошим оққан томонга кетаман, — деб ўйладим. — Тошкентга борсам, театр институтини топаман, фаррошлик қиламан…»
Ишонасизми, маршрутлар ёзилган жадвални кўздан кечириб турсам, биров тирсагимдан ушлади…
…Ўша!
Йиқилиб тушишимга сал қолди.
— Йўл бўлсин? — деди у.
Мен елкамни қисдим.
— Айлантириб келайми? Тошкентни томоша қиласизми?
— Ҳа..
Тошкентга келдик.
Шуни айтишим керакки, қўналғага тушишимиз билан у тижорат дўконига бошлади мени. Этик, плаш олиб берди.
— Анаву хонага кириб, кийиб чиқинг, — деди.
Кийиниб, бир бошқача бўлиб чиқдим.
— Бу — катта шаҳар. Одамлар бизга қарашади. Менинг таниш-билишларим кўп…
— Сизга муносиб бўлиб юришга ҳаракат қиламан, — дедим.
«Ўзбекистон» меҳмонхонасига келдик. Ҳе, бу давдаска, бу чет элликлар… Бу денг, башанг кийинган аёллару эркаклар…
Мен бошқа бир дунёга тушиб қолдим.
…Қисқаси, номерга чиқдик. Уч хонали экан. Шунақа мебелларки, қараб туриб тўймайсан! Қулайлигини айтмайсизми! Ҳатто оёқни ювадиган махсус тоси ҳам бор экан.
У кимгадир телефон қилди, ўрисчалаб гаплашди.
Сал ўтмай бир аписанка аравачани ғилдиратиб кирди, унда ҳамма нарса бор эди.
Бир нафасда «очил дастурхон» очилгандай бўлди.
— Севгимиз учун, — деди у.
— Ҳа, — дедим. Ичдик.
Бир маҳал денг, телефон ўз-ўзидан жиринглаб кетди. У дастакни олиб эшитди. Кейин: «Я ижду…» деди.
— Ким у? — деб сўрадим. — Келганингизни қандай билишди?
— Билишарди.
Сўнг у босиб-босиб коньякдан қуя бошлади. Мен ҳам ютоққан туядай ичаверибман.
Бир вақт қарасам, бошқа хонада ётибман. Деразадан шаҳар чироқлари кўринаяпти.
Қўшни хонада — залда бўлса — музика, ўйин-кулги.
Бари ўрисча.
«Нима қилай? — деб ўйладим. — У ёққа чиқсам…
…танишлари кўрса…
Уят бўлади-ку?»
Ётавердим.
Бир замон Ўзи эшикни очиб кирди: қулфлаб қўйганини шунда билдим.
— Уҳ, мен сизни жуда севаман, — деди.
— Мен ҳам, — дедим.
— Хоҳласангиз, уларнинг олдига бошлаб чиқаман. Аммо адресимга яхши гап бўлмайди…
— Албатта, — дедим.
Яна ухлаб қопман.
Уйғонсам, тонг отган: деразалар орти ёруғ, троллейбуслар юраяпти.
Бу хонадан, кечирасиз, ҳалиги хонага чиқса бўларкан. Чиқиб ювиндим.
Зал эшиги қия очиқ экан, қарасам…
… У диванда ётибди: ёнида аёл.
Дод деб юборишимга оз қолди.
Аммо ўзимни тутдим: «Нима ҳаққим бор?.. Ўз хотини билан ҳам ётиб туради-ку?..» деб ўйладим-да, хонага кириб ўтирдим.
Ўтирибман. Оч қолдим.
Бир палла уйғонишди. Кулишиб-кулишиб ювинишди. Ичишди. Кейин аёл кетди чамаси, у эшикни очиб кирди.
— Кечирасиз, — деди. — Очиқиб қолган бўлсангиз керак. Марҳамат.
Чиқсам, стол усти бир бало… Сигарет қолдиқлари, идиш синиқлари…
— Сиз мени унутдингиз-ку? — дедим.
— Йўқ, — деди у. — Ҳар дам хаёлим сизда бўлди. Аммо…
— Анавунинг қучоғидан чиқолмадингиз?
— Кўрибсиз-да?
— Ювинаётиб кўзим тушди.
— А-а.
— Менгаям жиндак қуйинг энди, — дедим.
— Жоним билан! — Сўнг қадаҳни олиб: — Сиз учун, — деди.
— Сиз учун, — дедим.
Кейин тағин йиғлаб юборибман. У мени овутди, эркалади.
— Шундай бўп қолди… Ёрдами тегиб туради… — Кейин ялинишга тушди: — Мени аянг… Бунақа бўлишини сира ўйламовдим…
Мен Унга ишондим-у…
…энди бу хонадан ҳам чиқиб, бошим оққан томонга кетгим келиб қолди.
У сигарет учун ресторанга тушиб кетганида, мен ҳам ўзимнинг эски кийимларимни кийиб, йўлакка чиқдим.
Зиналардан тушиб кетдим.
Ташқарида қор…

* * *

— Гап шу, — деди жувон. — Мен энди нима қилай? Ундан ажралишим мушкул.
— Шунақа қилиб юраверинг, — дедим.
— Қизиқмисиз!
— Нима дейин бўлмаса?
— Сиз ёзувчи-ку?
— Хўш?
— Ёзувчи сифатида бизга қандай баҳо берасиз?
— Ёзувчи баҳо бермайди.
— Хўп, одам сифатида баҳо бера оларсиз?
— Ҳа, — дедим. — Сиз ҳақингизда гапирмайман. — Бироқ У — ғирт аблаҳ экан.
— Нима-а?
— Шайтон экан.
Жувон ўрнидан сапчиб турди.
— Ўзингиз аблаҳ, ўзингиз шайтон, — деди-да, эшикдан чиқиб кетди.
1993