Одамларни фақат тирикчилик учун ҳаракат қилади, деб ўйлайдиган кишилар уларнинг тирикчилик ғамидан юксакроқ ташвишлари ҳам борлигини тушунмайдилар. Ё бунинг акси: ўша юксакроқ ташвишдаги одамлар фақат тирикчилик ғамида юрганларга қандайдир паст назар билан қарайдилар.
Совхоз директорининг кабинетига мактаб табииёт ўқитувчиси Эҳсон Эътиборов кириб келди. Салом бериб, совқотган қўлларини бир-бирига ишқалаганича, девор печь ёнидаги стулга ўтирди:
— Ўртоқ Эшқувватов, олдингизга бир илтимос билан келдим.
Эшқувватов телефон трубкасини жойига қўйиб, устарада қиртишлаб олинган бошини кафти билан силади. Ўмровини стол қиррасига қўйиб:
— Хўш, хизмат? — деди.
Эҳсоннинг кўзлари ночор жавдиради, сўнг панг овозда бидиллаб кетди:
— Ўртоқ Эшқувватов, вақтингизни олганим учун узр. Лекин идорангизга киришга мажбур бўлдим.
Тоғдаги қушлар, паррандалар қирилиб кетяпти. Кеча бир чорбозорчи келди. Хуржуни тўла каклик. Қаердан олдинг десам, камарда тиришиб қолган экан, териб олдим дейди. Бу қанақа гап, ўртоқ Эшқувватов! Ахир, какликлар, паррандалар — бизнинг бойлигимиз, табиатимизнинг кўрки-ку, шундай эмасми? Биз мактаб болаларига, қушларни севинглар, ардоқланглар, деб ўргатамиз. Баҳорда қушлар ин қўйиб, бола очсин деб ўқувчиларга яшик ясашни ўргатамиз. Бу нарсани матбуотимиз ҳам тарғиб қилади. Қолаверса, табиатни қўриқлаш асримизнинг муҳим масалаларидан бири бўлиб қолди. Бундан хабарингиз бордир, албатта…
— Хўп, хўп. Қисқа қилинг, — деди Эшқувватов. — Мақсад нима? Кетишим керак. Кўрдингиз, райком чақирди.
Эҳсон хўрсиниб, баттар тажанг бўлди:
— Керак бўлса, мен райкомга ҳам киришим мумкин. Лекин аввал сизнинг олдингиздан ўтай, дедим. Нимагаки, бу тоғ-тошлар сизнинг савхозингиз территориясида. Демак, у ёкдаги паррандалар ҳам сизники. Шундай эмасми?
Эшқувватов дик этиб ўрнидан туриб, сейф устидан сур телпагини олди. Уни силаб, бир қошини кўтарди:
— Хўш, мақсад нима, мақсад?
— Мақсад шуки, ўртоқ Эшқувватов… — Эҳсон ҳам ўрнидан туриб кетди, — ахир, гапга қулоқ солинг-да, бундай! Нима, мен гапираётган масала муҳим эмасми?
Эшқувватов ҳайрон бўлди. Эҳсонга зимдан ўқрайиб қаради. Телпагини бошига қўндириб, креслога чўкди.
— Эшитаман.
Эҳсон ҳам стулга ўтирди.
— Шунинг бир чорасини кўрасизми, деб келган эдим-да, — Эҳсон шошиб, давом этди. — Ўртоқ Эшқувватов, бир ҳисобда бу унчалик қийин масала эмас. Учта рабочингизни чақириб, учта улов берасиз. Уч сентир ғалла. Улар тоққа чиқиб, қор тушмаган камарларга сепиб келади… Вассалом.
Эшқувватов хомуш тортди. Ўрнидан оғир туриб, столни айланиб ўтди. Печга яқинлашиб, бақрайиб турган Эҳсонга тикилди, хўрсинди ва:
— Бўш бўлсангиз, бизга ёрдам бермайсизми? — деди. — Довонни қор босиб қопти, бульдозер ағдарилиб кетибди. Ишчиларимиз довонни курашяпти, — директор ўйланиб, қўшимча қилди: — Майли, ҳақини ундириб бераман. Хўпми? Келишдикми?
Эҳсон Эътиборов анқайиб қолди:
— Билардим сиздан бир гап чиқмаслигини. Эсиз! — дея шапкасини бошига қўндирди. Соябонини кўзигача тушириб, Эшқувватовга ўдағайлади: — Ҳозир… ҳозир райкомга бораман! Биринчи секретарнинг олдига кираман. Масала шундай, шундай дейман! Бу одам, бу… ўртоқ Эшқувватов кўра-била туриб, халқ мулкига хиёнат қиляпти, дейман!
Эшқувватов бир қадам орқага ташлади. Эҳсон шитоб билан йўлкага чикди. Директор чуқур нафас олди:
— Қайтинг! — деди ўқитувчининг тўхтаганини кўриб, дадилроқ овозда такрорлади: — Қайтинг! Бу ёққа келинг… — Эҳсон кириб эшикни ёпди. — Хўш, ким сизни бу ёққа юборди? — деди директор. — Ким? Бу провокациями? А? Директорингиз машина сўраганда бермовдим, ўша юбордими сизни? А? Ўтган йили хотинингизни товуқ фермасидан бўшатиб юборган эдим, хотинингиз шикоят қилдими? Тоғда паррандалар оч қоляпти эмиш… Алҳазар! Бу қаердан чиққан гап? Қачондан бери совхоз тоғдаги ёввойи қушларни ҳам боқадиган бўлиб қолди! Бунчалик ватанпарвар экансиз, чорвага чиқинг! Унга ем-хашак етишмаяпти. Тўртта отаримиз қор остида қолиб кетди. Вертолёт ҳам тополмади. Чиқинг! Билишимча, сиз овчилик ҳам қилар экансиз… Тоғ йўлларини яхши биласиз. Бизга ёрдам беринг, мен бир эмас, ёнингизга ўнта одам қўшиб бераман! Қалай, маъқулми?.. Майли, мен ҳақингизни ҳам тўлайман, бир эмас, икки ҳисса қилиб тўлайман! Бўлдими? Тоғдаги паррандаларга ем беринг эмиш… Астағфирулло!
— Шунга мени қайтардингизми? — деди Эҳсон. — Эсиз… — У бурилмоқчи бўлдию тўхтади: — Ҳой, нимага ҳадеб ҳақ тўлайман, ундириб бераман, дейсиз? Нимага? Мен… Хўп, ҳозир… Умуман, сизнинг гапингиз ҳақ. Биринчи навбатда чорва керак, довонни кураш керак. Ҳа! Лекин ўртоқ Эшқувватов, сиз шунинг учун бу идорада ўтирибсиз… ана шуларнинг ғамини енг! Ҳозир эмас, баҳорда ейишингиз керак эди. Йўқ! Мени қўрқитманг! Чорвангиз ҳам ўз жойида, довон ҳам тоза! Шунчаки ўзингиз гапга қулоқ солгингиз келмайди, ичингиз қора! Бундан ташқари, мен айтган масалалар… Умуман, сиз қолоқ одамсиз!
Эшқувватов манглайини силади, чўнтагидан сига-рета олиб тутатди.
— Рост, — деди вазминлик билан у, — одам йўқ ҳозир. Ёрдам беролмайман. Майли, энди райкомга бораверинг. Юринг, бирга борамиз.
Эҳсон жойидан жилмади, сигарета олиб тутатди. Йўлакка чиқиб олган директор:
— Юринг. Эшикни бекитаман, — деди.
Эҳсон унинг кичкина кўзлари, туртиб чиққан гўштдор ёноқларига қаради, овози бўғилиб:
— Ростданми? — деди.
— Рост, — деди директор, сўнг ўйланиб тўнғиллади: — Менинг айтганим билан чиқишмайди ҳам! Негаки, бу хизмат сметага кирмайди, ҳақ тўланмайди.
— Яна ҳақ дейсиз-а, — ғўддиради Эҳсон ва кўкси кўтарилиб тушди, — ўртоқ Эшқувватов, бир минутга бу ёққа киринг. Илтимос… Ҳм, майли, мен ўзим бораман! — деди. — Ҳа, ўзим бораман. Аҳвол шундай экан, бошқа илож йўқ… Ҳақиқатан ҳам бугун-эрта бўшман. Ўзим бораман!
Эшқувватов ўқитувчидан бир нафас кўз узмай турди, сўнг оёғи учига қараб, хонага кирди. Пальтоси тугмаларини қадай бошлади:
— Шундайми? Ўзингиз борадиган бўлдингизми? — сўради у.
— Ҳа, ўзим борадиган бўлдим, — деди Эҳсон. — Чиндан ҳам аҳволларингиз чатоқ бўлса керак… Рост, мен овчилик ҳам қиламан, тоғ-тошларни биламан. Уловим ҳам бор…
Эшқувватов уйқудан қолган кишидек кўзларини уқалади:
— Демак, сизга ғалла керак, шундайми?
— Ҳа, — деди Эҳсон. — Ғалла керак… Уйимда бўлганда, сиздан сўрамасдим. Ўзингиз яхши биласиз, уйда нон ёпмаймиз, дўкондан оламиз. Ғаллам йўқ. Бозордан олай десам, бугун шанба… Кейин… маошгача ҳам анча бор.
Эшқувватов мийиғида жилмайиб, Эҳсоннинг ёнидан ўтди, дарпардани тортиб, ойнага қаради. Ҳовуз бўйидаги толлар ҳам кўринмайди. У деразани тирнаган бўлди ва ўқитувчига боқди:
— Э, Эсонбой, — деди, — Эсонбой, шуни бошда ҳовлиқмасдан, ётиғи билан айтсангиз бўлмасмиди? Ҳалиги гапларнинг нима кераги бор, хўш, асримизнинг проблемаси, у-бу… Ахир, совхознинг ҳам аҳволи чатоқ эканлигини билар экансиз-ку? Э, Эсонбой-е!
Эҳсон ҳам жилмайди:
— Ўртоқ Эшқувватов, ахир, мен табиатшуносман, юрагим ачийди, табиатга етказилган ҳар бир зарар менга етказилгандай бўлади.
— Роса эзма экансиз-ку? Бир химия ўқитувчимиз бўларди. Биз уни «Азим эзма» дердик. Худди ўшанга ўхшаркансиз. Болалар дарсингизда зерикмайдими?
— Лекин сиз ҳам бу соҳада мендан қолишмайдиган кўринасиз, — деди Эҳсон.
— Хўп. Қанча ғалла керак? — директор столи томон юрди.
Эҳсон ўйланиб, унга эргашди:
— Қанча бўлади… Бир эшагим бор. Бир сентир етади. Бу қорда эшак шуни зўрға кўтариб юрсаям хўп гап.
Эшқувватов стол тортмасидан қоғоз олди-да, орқасига илкис қаради:
— Нима? Бир центнер? Бир центнер учун шунча ғовғами?
Эҳсон Эътиборов бадани қичишаётгандай қимирлаб, стол қошига келди:
— Энди… мен имкониятимни айтяпман-да, ўртоқ Эшқувватов. Ҳарна-да…
— Йўқ, бу масалада менинг ёнимга қайта кирманг. Уч центнер ёзаман!
— Йўқ-йўқ, ўртоқ Эшқувватов, йўқ… Майли икки центнер ёзинг. Бир амалларман. Ўзим пиёда кетарман.
Эшқувватов тағин ўқитувчига тикилиб, илжайди. Бош силкитиб:
— Бўпти, — деди-да, ёзиб узатди, — омборгй борасиз. Кечикмай боринг.
— Раҳмат, ўртоқ Эшқувватов! — деди Эҳсон.
Улар бирга идорадан чиқишди, булдуруқ қоплаган толлар тагидан ўтиб, катта кўчага тушишди. Музда юриш хавфли бўлганидан, қор кечиб кетишди. Директор йўловчилар саломига алик олиб, ҳар тарафга қараб борар, Эҳсон туфлисига қор кирмасин деб эҳтиётлаб қадам босар эди.
— Эътиборов дейман, — деди Эшқувватов.
— Лаббай, ўртоқ Эшқувватов.
— Ҳм… Қанча маош оласиз?
— Маошимми? Эл қатори. Юз ўн сўм!
— Хотинингиз ишламайди-а?
— Уни ўзингиз бўшатгансиз-ку… Ишдан кўнгли совиган. Кейин маълум бўлдики, жўжаларнинг ўлимига бизнинг хотин айбдор эмас экан.
— Лекин, хотинингизнинг аччиғи тез экан.
— Ҳа, бу томони ҳам бор… Яна ким билади дейсиз, ўртоқ Эшқувватов, мен шахсан нервим жойида эмаслигини биламан. Ўқитувчиларнинг тўқсон процентида асаб дегани барвақт ишдан чиқади… Умуман-ку, ишнинг енгили йўғ-а? Сизларгаям қийин. Бошқаларгаям. Мен сизга айтсам, ўртоқ Эшқувватов, асримизнинг ўзига хос касалликларидан бири ҳам шу… асаб касаллиги бўляпти.
Эшқувватов кулимсиради. Улар қори куралган хиёбонга чиқишди. Кўприкка етганда Эшқувватов тўхтади:
— Бўпти бўлмасам, сизга муваффақият! — деди, сўнг ўйланиб жилмайганча сўради: — Бу қишдаям овга чикдингизми?
— Йўқ… Ҳа,бир ой аввал бир-икки марта чиққан эдим, кейин иш кўпайиб кетди, чиқолмадим!
— Хўп, барорингизни берсин! — директор бир қадам қўйиб, яна муаллимни тўхтатди: — Эътиборов, совхозимизга ишга ўтмайсизми? Иш йўқ эмас, бор… Мана, клуб қуряпмиз. Маошиям яхши! Кейин, ўзимизнинг одамимиз бўласиз, ҳар ҳолда қарашардик-да, а? Кечирасиз, менга шу… ўқитувчилар, редакция ходимлари ёқмайди. Сал иғвогарроқ бўлади. Тўғри, ўқитувчилар бизниям ўқитган, газета ишимизга ёрдам беради… Хўш, таклифим ёкдими?
Эҳсон Эътиборов бўшашиб, қорга тикилди:
— Йўқ, ўртоқ Эшқувватов! — деди. — Мен касбимни яхши кўраман! Маоши кам бўлса ҳам уни бошқа ишга алишмайман. Тушундингизми?
— Тушундик, тушундик…
Совхоз директори кетди.
Эртаси тонгда қора эшагига бир хуржуну бир қоп донни ортган Эҳсон Эътиборов пальтосига ўралиб, қулоқчинини туширганча қишлоқдан чиқиб кетди, рўпарада оппоқ қорга бурканган тоғ уйқусираб кўринар эди.
Табииёт ўқитувчиси тоғ унгурларида, дараларида, жарликларида кечгача юриб, ўндан ортиқ камарга дон сочди. Четда-четда туриб, дон сепилган гўшаларга паррандаларнинг қўнишини кўрди. Бу аснода у бир неча марта қорга ботди, икки бор ёмон йиқилди, бир гал эшаги ётиб олиб, унга кўп азоб берди. Қош қорайганда у қишлоққа кириб келди.
Совукдан қотиб, тараша бўлиб қолган кийимларини хотини Майна чўян печь устидаги дорга илди. Эътиборов қичимсираётган оёқ-қўлларини қашиб ўтирган эди, дарвоза тақиллаб қолди. Майна эшикка чиқиб келиб:
— Эшқувватовнинг шопири, директор сизни чақираётганмиш, дарров бораркансиз, — деди.
— Нима иши бор экан… Машина кетдими?
— Йўқ, кутиб турибди. Туринг, кийининг.
Эътиборов туриб, қуруқ кийимларини кийди. Чиқиб, директорнинг машинасига ўтирди. Машина тақа-тақ музлаган кўчадан бориб, бирпасда директорнинг дарвозасига етди. Шофёр:
— Тўхтаб туринг, — деб, ичкарига кириб кетди.
Эътиборов бугун тоғда қилган ишларини эслаб, мамнун ҳолда нари-бери юриб турди. Ҳовлида ўтин ёрилар, кимларнингдир бақириб-чақиргани эшитилар эди.
Эшқувватов чопонига ўраниб, шошиб чиқди:
— А, Эсонбой?
— Келдим, ўртоқ Эшқувватов.
— Қалай бўлди, тоққа бориб келдингизми? -Ҳа.
— Яхши, — Эшқувватов мийиғида жилмайиб, Эҳсонга тикилди. — Овлар бароридан келдими?
Эътиборов ҳам жилмайиб:
— Бароридан келганда қандоқ! Жониворлар менинг келишимни кутиб турган эканми, камардан чиқмасимдан «гур» ёпирилди-я! Жуда алқаб қолди-да… Сизниям, ўртоқ Эшқувватов. Лекин яхши иш бўлди. Ҳарна-да. Ахир, ўша жониворлар ҳам сизнинг совхозингизга қарайди. Бу ишимизнинг аҳамияти катта.
— Яна дийдиёни бошладингиз, — деди Эшқувватов. — Асримизнинг масаласига кўчмасингиздан бурун, Эсонбой, мен… сизга дангалини айта қолай. Мен тушунаман аҳволингизниям. Лекин бошқа нарсани ҳам тушунаман… Фақат сиз гапни бурманг, илтимос, вақт зиқ. Эркакча гаплашайлик. Биздан қайтмай қолмайди. Хоҳласангиз, эртага яна боринг идорага, икки центнер эмас, тўрт центнер дон бераман… Мана илгари узоқ бўлсак, энди яқин бўлиб қолдик, нима дедингиз? Хўп, гап бундай, Эсонбой, уйга меҳмонлар келиб қолди, яқин оғайнилар. Шулар десангиз тоғли жойга келдик, каклик еймиз, деб туриб олишса бўладими. Қўй гўшти тешиб чиқадими, дейман? Қани кўнишса. Охири Эсонбой, шофёрни сизга юборишга мажбур бўлдим… Мен, ўзингиз тушуниб, беш-тўртта каклик опкеласизми деб ўйлаган эдим. Афсус… Энди, Эсонбой, машина сизни уйингизга олиб боради. Кўп эмас… ўнта демайман, бешта каклик бериб юборинг. Хўпми, ука? Ҳой шопир, машинани завадит қил!
Эҳсон Эътиборов эс-ҳушидан айрилгандай анграйиб турар эди.
— Ҳа? — деди Эшқувватов. — Бугун совхознинг аҳволини била туриб ўзингизни билмаганга олгандай, яна нутқ сўзламоқчимисиз? Қўйинг, Эсонбой, биз катта одамлармиз… Хўпми? Хўп, ғалланинг бир центнерини уйда қолдирган бўлсангиз, бир центнерини тоққа элтиб сочган бўлсангиз керак. Биламан, паррандаларнинг аҳволи оғир. Айтганингиздай, бирпасда тўдаланиб қолган. Шундай эмасми? Ўзингиз бўлса овчи йигитсиз. Мунақа вақтда бир ўқ билан ўн-йигирматасини ағдариш ҳеч гап эмас… А? Келинг, гапни кўпайтирмайлик. Мен бундай масалада бировга ҳеч илтимос қилган эмасман. Ҳозир мажбур бўлдим-да. Қайтади мендан. Ваъда бераман… Майли, совхозга ишга ўтмасангиз ҳам сизга қарашиб тураман. Хўп, бўлмаса, шу икки центнер буғдой ҳақига бешта каклик беринг! Нимага анқайиб турибсиз? Бирон нарса ўйлаяпсизми?.. Эй, шу ўқитувчилар билан газетачилар ўлгудек хаёлпараст бўлади-да!
— Ўртоқ Эшқувватов, сиз паст одам экансиз, — деди Эҳсон Эътиборов лоқайд, паст овозда. — Ажабо! Бу қанақаси бўлди? Қанақаси? А?! — Эътиборов директорнинг ёқасидан ушлайдигандек унга юзланди.
— Эшқувватов тисланиб:
— Нима гап? — деди гарангсираб. Сўнг телпагини орқага суриб қўйди-да, чуқур хўрсинди. Хомуш тортиб:
— Хайр, — деди. — Раҳмат…
— Йўқ, тўхтанг! — қичқирди муаллим.
— Раҳмат, Эсонбой, дийдиё эшитишга тоқатим йўқ. Шопир, бу одамни уйига обориб ташла. Раҳмат. Сиздан буни кутмаган эдим.
Эҳсон Эътиборов кетди.
— Ҳайронман… Вой, пасткаш-э! — деди ўқитувчи ва изғиринли кўчани бошига кўтариб кулиб юборди.
1972