Укам Хайруллага
— Ҳабилла ака, армияга кетасизми? — деб сўради кир-чир панжаларини тупроққа тираб ўтирган кичкина Инъом.
Соябони узун шапкасини орқага суриб, устарада қирилган бошини кафти билан силаб ўтирган Ҳабибулла ер остидан унга қараб:
— Бурнингни арт, лой бўлиб кетибди, — деди.
Ҳабибулла жилмайди. Унга қўшилиб атрофини ўраб, чўнқайиб ўтирган «шайкаси» аъзолари хахолаб кулиб юборишди.
Ҳабибулла даврадан четда, олча тўнкаси ёнида чўнқайиб ўтириб, бароқ думи билан ерни сийпалаётган итига ўқрайиб:
— Кўктой! К-ўўк! Бу ёққа кел! Иди! — деб тиззасининг кўзига шапатилади.
Кўктой ўрнидан турди, бўйнини чўзиб, думалоқ тумшуғини пасайтирди, думини лапанглатди, аммо келишга журъат этолмади.
— Йўл беринглар унга, Нурка! — деб қўлларини чўнтагига тиқиб, бир яланг оёғи билан иккинчи оёғи тўпиғини қашиб турган қорача болага бақирди. — Йўл бўшат унга, Нурка!
Нурка лақабли қассобнинг ўғли Нурали тисланиб, итга:
— Ўт, ошна! Ўт! — деди, ит яна қийпанглагач, чопиб бориб, уни бўйнидан қучоқлаб тортди. — Ке, ке деяпман! Атаман билан хайрлаш!
— Қўявер, ўзи келади, — деди салмоқ билан Ҳабибулла ва ўрнидан ирғиб туриб, бир оёғини олдинга чўзиб, тиззасини букди-да, сонига «тап» этказиб урди.
Нурали қўйворган Кўктой белини у ён-бу ёнга қилпанглатиб, эгаси ёнига келди. Ҳабибулла тиззасига яна бир урган эди, ит орқа оёқларида тик туриб, олдинги чангли оёқларини Ҳабибулланинг тиззасига қўймоқчи бўлди. Ҳабибулла унинг узатган оёқларини ушлаб, олдига тортди, Қуймучига итнинг ўмровини тираб, бароқ, оқ жунларини силади, эгилиб қорамтир тумшуғидан ўпиб олди.
— Қўзи, — дея болаларнинг энг дуркунига мурожаат қилди. — Сен қараб тургин бунга. Қариб қолган, итлар билан уришмасин, овқатга унчалик иштаҳаси йўқ, унга гўшт-пўшт бериб тур.
Узун, семиз қўлларини орқасига қилиб, тўладан келган гавдасини эгиб турган Қўзи уйқули кўзларини очиб юмди.
— Менга ишонаверинг, — деди. — Мана, Нурка кушхонадан кунора ичак-човоқ олиб келиб туради, а, Нурка?
— Бўпти, мен ҳар куни десангиз, ҳар куни опкеламан! — деб бидирлади Нурали ва яна топшириқ борми, дегандай Ҳабибуллага қаради.
Ҳабибулла итни қўйиб юборди.
— Да, — деди ва почаси кенг қилиб тикилган қалами бахмал шимининг орқа киссасидан «Столичний» пачкасини олди. Битта сигаретани олиб, юпқа лабларига қистирган эди, жингалак сочли, тумшуғи олдинга туртиб чиққан Ашим:
— Ҳой, — деди, кўзи билан пачкага ишора қилиб, менгаям бер дегандай бўлди.
Ҳабибулла пачкага қараб ўйга толди, сўнг сахийлик билан уч-тўртта сигаретанинг ярмигача чиқариб, унга узатди.
Ашим битта сигарета суғуриб олиб, шартта лабига қистирди. Нурали чизган гугурт чўпида ёндирди.
— Бўлмаса уй-уйларингга боринглар энди, — деди Ҳабибулла. — Кечқурун мен ҳуштак чаламан.
Болалар аста-секин тарқала бошлашди. Ҳабиб кўчалари томон жилди. Кўктой гунгурсдай гавдасини қилпиллатиб унга эргашди: эгасининг оёғига ўралишар, болдирини тишлайдигандай тумшуғини суркарди.
Улар орқасидан сигаретаси чўғига туф-туф деб келаётган Ашим қўнғироқ сочли бошини орқага ташлаб:
— Ҳой, Ҳабиб! Отангга Ашим товуқларга дон бериб туради деб айтдингми? — деди илдам қадам ташлаб.
Ҳабибулла отаси уйда эканлигини эслаб, қайрилди, сигаретасини уч-тўрт марта сўриб-сўриб тортди-да, у ҳам учига туфлади, сўнг қутини олиб, ичига эҳтиёткорлик билан солиб қўйди.
— Юр, кўрамиз дакангни, — деди.
Ашим ҳам сигаретаси қолдиғини пахса девор ковагига тикди-да, йўталиб унга эргашди.
Улар ланг очиқ дарвозадан кириб, суви камайиб, ранги айниб кетган ҳовуз бўйига келишди. Ҳабибулла шахдам юриб, бир вақтлар акасининг уйи бўлиб, у кўчиб кетганидан кейин эса ташландиқ ҳолга келган ва айвони босиб қолгандан сўнг ўзи каптархонага айлантирган уй томон бурилар экан, ачиниб ҳовузга қаради.
— Ота! — деб бақирди ҳовузнинг нариги томонидаги шосупада чўт уриб ўтирган Эшқул акага тумшуғини чўзиб. — У қисталоқлар нега сув бермади-я, ҳовузга қаранг!
Ота унга кўзларини пирпиратиб қараб:
— Ҳа, ўғлим, сув сероб бўлганда, ўзим ҳовузни тўлдириб оламан-да, — деди-да, яна ишга машғул бўлди. Бироқ Ҳабибулла билан Ашим уй биқинига тақаб, тўр симдан ясалган катак олдига етмай, ота сўради:
— Ҳой, Ҳабиб, кўчага чиқмайсанми? — гапига ўзи жавоб қилди: — Ҳеч қаёққа чиқма, ўғлим. Эртага кетасан, бугун кўчага чиқмасанг, ҳеч нарса бўлмайди.
— Хўп, — деб тўнғиллаб қўйди Ҳабибулла ва катак олдига бориб, ичкарида дон териб еб, айланиб юрган оқ товуқларга, катак шифтидаги ёғочда турган қизил хўрозга қаради. — Беш, олти, етти, — деди ўзига-ўзи. — Иккитасини кеча сўйдик… Ашим, Шариф акам келса, ҳар куни биттадан сўйиб ейди. Ҳабиб сўймасинлар, деб менга тайинлаб кетди, де, хўпми, кўнмаса отамга айт. Отам бунга йўл қўймайди, мен унга тайинладим. Дондан қарашиб турасан-да. Эшакларинг бор, болаларни олиб, бир далага чиқсанг, любой хирмондан бир қоп чор опкеласан, хўпми?
— Хўп. Мен онда-сонда битта-яримтасини олсам, майлими? Анави макённи уйга обориб тухум бостираман, жўжалари катта бўлгандан кейин, келтириб қафасга солиб қўяман, хўпми?
— Маладес!
— Сен келгунча кўпайиб қолади. Икки йил ўтади-кетади.
Ҳабибулла бир муддат ўйланиб турди, сўнг ўт-ўлан босиб кетган эски гулзорни оралаб қафаснинг нариги томонига ўтди. Бу томонда ҳам кичкина қафас бўлиб, унда патлари тўкилиб кеттан, бўйни сариқ йирик дакангхўроз ёлғиз турар эди. Ҳабиб киссасини кавлаб новвот ушоғи топди, кафтига қўйиб, унга тутди:
— Ма, ол! Ол, даканг!
Хўроз «чуғ-чуғ» дея иккиланиб яқинлашди ва чиройли бошини ғоз тутиб, туриб қолди. Ҳабибулла кафтини силкитиб, новвот увоқларини катакка сочиб юборди. Даканг хурсанд бўлиб, чуғиллаб юборди ва «чурқ-чурқ»лаб, ушоқ тушган ерда айлана бошлади. Нариги қафасдаги товукдар безовта бўлиб тўр девор яқинига келди. Шунда ўша қафаснинг тепасида турган ёш қизил хўроз «парр» этиб ерга тушди ва товуқлар галасига ўзини урди. Улар қақалашиб тўзиб кетди. Ёлғиз қолган дакангга қараб, чуғиллаганича нари-бери бориб келаверди.
Ҳабибулла билан Ашим мийиқларида жилмайиб, бу ҳолни кузатиб туришарди.
— Бечора, ол ўзинг. Ол! — деди Ҳабибулла дакангга.
— Ўзи, шу ёшини йўқотиш керак! — деди Ашим. — Даканг бўлади бир ўзи.
— Йўқ, уям яхши, — деди Ҳабиб. — Уям даканг бўлади.
— Бўлмасам буни сўйиш керак.
— Э, бунда гўшт нима қилсин! Ҳаммаси пай бўпкетган. — Ҳабибулла дўстига олайиб қаради. — Тағин буни биров сўйиб юбормасин. Хўпми?
— Хўп.
Илгари бу сариқ дакангхўроз товуқлар билан бир қафасда турарди. Ҳабибулла шу қизил хўрозга иккита каптарни алмашиб олиб келгач, меҳмон қари мезбон билан чиқишмай, уни чўқиб ташлади. Ҳабибулла дакангни ажратмаса, унинг аҳволи танг бўладиганга ўхшади. Шундан кейин, у ёлғиз ўзи бир қафасда яшайдиган бўлди.
— Ҳабибжо-он, ҳа, Ҳабиб, бу яққа ке энди, биз билан ҳам бирпас гаплашиб ўтир, болам!
Ҳабиб қайрилиб қараб шосупада отаси ёнида тик турган онасини кўрди, унинг қўлида катта бир бош қора узум бор эди.
— Юр, кетдик. Қорнинг тўқми? — деди Ҳабибулла.
— Тўқ, — деди Ашим. — Яқингинада қовун еган эдим… Ҳабиб, мен уйга борай. Чақирасан-да.
— Майли, — деб Ҳабибулла гулзордан сакраб-сакраб қадам ташлаб олмага тирмашиб кетган ток остига ўтиб олди. У ерда сўйилган қўйнинг пашша талаб ёттан ичак-човоқларини четлаб, супа олдига борди.
У супа лабига омонатгина ўтирди.
— Бу ёққа чиқ, бу ёққа чиқ, жоним садақа бўлсин сенга! — деди она ва отаси олдидаги дастурхоннинг четидан ушлаб, Ҳабиб томонга тортди.
— Сурманг, қўлим етади, — деди Ҳабибулла ва ижирғаниб кулимсиради. — Отам емасаю биз есак, қандай бўларкин?
Эшқул ака жилмайиб, чўтни курсига қўйди. Ҳабибулла ўнг бўлиб, чордона қурди.
— Қани, ол… Ҳм, ошналаринг билан хўшлашдингми?
— Ҳа, пича гаплишиб ўтирдик, — деди узумдан бир шингилни тирноғи билан узиб олар экан Ҳабиб.
— Товуқ-хўрозларинг билан ҳам гаплашдингми? — деди ота ва қаршидаги уйнинг тунука бўғотларида тизилишиб турган каптарларга қаради. — Анавилар билан-чи? Улар билан ҳам хўшлаш-да, энди бирйўла.
Ҳабибулла отаси гапига парво қилмай, шингилнинг бандидан тутиб, лабида узиб-узиб ер, бир қўлидаги бурда нонни ора-чора тишлаб қўярди.
— Ҳабиб? — деди бир тиззасида чўкаллаб ўтирган она ва узунгина бурнини тортди, сўлғин бетлари титради. — Мен энди сенсиз нима қиламан? — деб йиғлаб юборди. — Чол, шуни армиядан опқолсак бўларди. Сизам қари, мен қари бўлсак. Бизга ким қарайди бу кетса. Шу ҳакда арз қилиб борсак деган эдим, чол?
— Қўйинг, қўйинг! — деб бақириб юборди Ҳабибулла ва ўрнидан туриб кетди, супа четида турган пақирни кўтариб, сув ичди, йўталди: — Қолдирайлик эмиш-а! — деди. — Эшитган одам нима дейди? Нима, мен гўдакмидим? Бораман, ҳамма қатори хизматимни ўтаб келаман… Нима, қолиб, ҳаммага кулги бўлиб юраманми?
— Қўй, кампир, куйма, майли, бориб келсин, — деди ота. — Бу ерда бир қарич болалар билан кўча чангитиб юриб, ҳеч нарса орттирмайди, қайтага армиядан одам бўлиб келади. Икки йил ҳеч нарса эмас, ўтади-кетади. Ўтир, нондан ол. Ё ошналарга ваъда берганмидинг? Кўчага чиқасанми?
— Ҳа, нима қиламан бу ерда ўтириб? — деди Ҳабибулла. — Ана, ўт ўрдим… Сувга рухсат олган бўлсангиз, болалар билан боғлаб келардик.
— Ҳеч қаёққа чиқмайсан, дедимми, чиқмайсан, ўтирасан шу ерда! — деди она.
Ҳабибулла қўл силтади-да:
— Мен дарров қайтаман, ота, — деди, улардан жавоб ҳам кутмай, ҳовузни айланиб чопиб кетди.
Товуқхонага туташ уй ёнидаги тол тагида қолган Кўктой яна ирғиб туриб, унга эргашди.
Ҳабибулла дарвозадан чиқиб, ҳуштак чалди. Сўнг кўча адоғидаги тупроғи ўйнаб кетган, тўп ўйнашадиган майдонга борди. Қўлларини белига тираб, яна ҳуштак чалди ва бошидаги соябони узун шапкасини бостириб, қийшайтириб кийиб олди.
У майдон ўртасидаги пўсти арчилмаган икки ёғочга ўрнатилган тўр тўсиққа қараб ўйлади: «Буни биттаси гум қилади. Қўзининг қўли эгри, шу олади. Ўрнимга Ашимни бошлиқ қилсам қандай бўларкин…»
Бирпасда дарча-дарвозалардан чиқиб келган етти-саккиз болакай Ҳабибуллани ўраб олишди.
— Ашим, гитарангни опчиқ! — деди Ҳабибулла.
Қош қорайганда болалар кинотеатр олдидаги ариқ бўйида давра қуриб туришарди. Ҳабибулла қийшиқ дарахтга суяниб шапкаси соябонини яна ҳам пасайтириб кийиб олган, унинг ёнида Нурали бир оёғини Кўктойнинг устига қўйиб турарди. Қўзибой эгилиб ўтган-кетганга лоқайд қараб, писта чақяпти. Ашим чўнқайиб, биргина сими қолган гитарани тинғиллатяпти. Кичкина Инъом ўртада:
— Бугун деворнинг кемтигини уриб қўйишди, Ҳабиб ака… Қўзи ака, яна бузамиз-а?
— Ҳей, Қўзи, — дед Ҳабибулла кинолардаги даҳшатли шайка бошлиқларига тақлидан хўмрайиб. — Сен болаларга эҳтиёт бўл, уларни хафа қилма, хўпми?.. Агар жўрабошилик қўлингдан келмаса, ўрнингдан тушасан. Буни менга Ашим ёзади, ўрнингдан олиб ташлайман сени. Билдингми?
— Билдим, — деди Қўзи.
— Кеча мен бозордан ўғирлаган қовунни бу киши уйларига олиб кетдилар, — деди итнинг устидан оёғини олиб Нурали. — Ҳа, шунақа бўлди, Ҳабиб ака.
— Эшитяпсанми? — деди Ҳабибулла. — Унақа қилма… Сен ҳам Нурка, ўғирлик қилма, укдингми? Қўлга тушиб қолсанг, сени ким қутқаради?
— Хўп, майли, Ҳабиб ака, — деди Нурали ва илжайиб унга қаради. — Қовун ўғирлаш ўғирликка кирмайди, Ҳабиб ака. Ушласаям қўйворади… «Биз ҳам ёшликда шулардай бўлганмиз» — ҳазиллашиб деган эди бир милиса отамга.
— Бари бир, насиҳатни қулоққа олишинг керак… Қушхонадан ичак-човоқ ташиш эсингдан чиқмасин. Ит энди сизларники бўлди! Ўзларинг қарайсизлар унга. Каптарлар ҳам энди сизларники, уларга ҳеч ким тегмасин.
— Тушундим, акажон, — деди Нурали.
— Эшитдинглар-а? — деди Ашим. Инъомча бош ирғаб қўйди.
— Эшитде-ек, — деди чўзиб Қўзи.
Ҳабибулла орқаси билан дарахтга тиралиб, қаддини ростлаб олди. Ашим гитарани тинғиллатганча унинг ёнида, бошқалар эса ортидан жўнаб кетишди.
Болакайлар маҳаллага келишди, тўп ўйналадиган майдонга келганда, Ҳабибулла:
— Мен энди уйга кетаман, — деди. — Отам-онам кўчадан тезроқ ке дейишган… Мана бу сеткагаям эҳтиёт бўлинглар, бошқа кўчанинг болалари опкетмасин, хўпми?
Ҳабибулла тўданинг ҳар бир аъзоси билан қўл бериб хайрлашди. Уларнинг: «қачон кетасиз» деган саволига:
— Эртага военкоматдан жўнатишади! — деб мағрурлик билан жавоб берди.
Эртаси чошгоҳларда Ҳабибулла ўзи қатори ҳарбийга жўнайдиганлар билан машинага чикди, уни онаси, отаси, дўстлари ва Кўктой ити кузатиб, ҳар ким ўзича унга оқ йўл тилаб қолишди.
Кечки пайт. Термиз вокзали. Одам гавжум. Болалар вагонга чиқишяпти.
Ҳабибулла зинапоя ёнида сигарета чекиб, хўшлашаётганларни томоша қилиб турар, ўзини бу ерда кузатадиган ҳеч кими йўқлигига ишонар эди. Бир пайт поезд чинқирди. Ҳарбийга кетувчилар шоша-пиша вагонларга чиқа бошлашди. Ҳабибулла шошмасдан сигарета чекар, поезд жилиши билан сакраб, зинага чиқиб олишни мўлжаллар эди. Поезд ҳам силкиниб, фош-фош этиб жилди. Ҳабибулла энди сигаретани ташлаган эди, орқасидан: «Ҳабиб-иб, Ҳабибуллака! деган овозлар эшитилди, шунда ит ҳурди, хўроз қағиллаб юборди.
Ҳабибулла орқасига ўгирилган эди, вокзалга кириб келаётган Ашим, Қўзи, Нурали, Инъом ва Кўктойни кўрди. Ашимнинг қучоғида дакангхўроз, Қўзибой гитарани кўтариб олган эди.
Ҳабибулла поездга қараса, анча жойга бориб қолибди, у зинага қараб чопти, унинг тутқичидан ушлади-да, яна орқасига қаради, оёқлари ерда судралиб борди. Дўстлари у томон чопиб келишарди.
Ҳабибулла сакраб зинага чиқиб тутқични маҳкам ушлаб олди. Болалар ҳамон худди поездга етиб оладигандек чопишар, ит олдинда, хўроз қўлтиқда қийналганидан қийқирар, «Ҳабиб, Ҳабиб ака!» деб бақирар эди.
— Хайр, хайр, — деб қўлини силтади Ҳабибулла ва беихтиёр кўзларидан ёш оқиб келаётганини ўзи ҳам сезмай қолди. — Хайр, хайр!
«Шайка» тўхтади. Қўл силкита бошлади. Инъомча итнинг бўйнидан қучоқлаб олган эди. Поезд узоқлашган сари улар орқада қолиб кетишди.
Ҳабибулла энтикиб қараб турар экан, назарида, ўзи каттариб кетгандек туюлди.
1971