Уруш йиллари Кенгдалада раислик қилганимда бир қозоқ кампир бўларди. Бечора ёлғиз эди, бизнинг уй ишларини қиларди. Ўшанда ўтовда турардик. Сигир бор, иккита-учта совлуқ бор, шуларни соғарди. Кир-чирни юварди. Ана шу боёқиш «раис» деган сўзни билмасди-да, нуқул: «Ҳукумат опой…» йўқ, «Ўқумат опай», деб чақирарди мени. Язнангизниям «Ўқумат оғай» дер эди. У киши — колхознинг раиси, мен Шўронинг раиси эдим.
Нима бало бўлди, мен ҳам қаригандан кейин катталарни «Ҳукумат» дейдиган бўлдим.
Қодиржонниям «Ҳукумат болам» дер эдим. Ёш кадр, оталари партия, совет ташкилотларида кўп йил ишлаган, бообрў одам эди. Урушдан қайтмади. От ўрнини той босади дегандек, Қодиржон ҳам раҳбар бўлиб етишди.
Аграномликни битирганми-ёв, аниқ билмайман. Лекин, болам, ҳозир ҳам районда уни жуда ҳурмат қилишади. Энди… бизга ўхшаган қарияларниям иззатлайди-да. Кўпнинг дуоси — кўл, ҳурмат қилсанг — ҳурмат кўрасан.
Шу киши денг, бизга унча-мунча қарашиб туради-да. Совхоз директори, ҳамма нарса унинг қўлида: қозоннинг бошида… Биз ҳам ахир шу жамиятни деб хизмат қилдик. Вақти келганда, оч қолдик, қийналдик. Лекин жамиятни деб яшадик… Ҳе, болам, бошимиздан кўп савдолар ўтган: саводсизликни тугатишда ўзимизнинг ўлиб кетишимизга оз қолган, қўш хотинликларга қарши курашишда ҳам битта Жаъфаров деган кишининг мени отишига оз қолган. «Энағар, хотинларим рози бўлса, яна нима дейсан?» деган. Бир ҳисобда ўша одам ҳам ҳақ экан… Лекин замоннинг талаби шу эди: уни жавобгарликка торттирдик. Кейин хотинлариям мени уч йил қарғаб юрди. Қулоқ қилиш, тилла қидириш вақтларидаям кўп иш қилдик…
Ҳа, энди мана, қариб, пенсияга чиқдик. Мен тенги дугоналаримдан ҳам учта қолдик. Лекин мен содда эканман: пул йиғмапман. Дунёнинг кетидан бўлмапман. Мана, энди пенсияга қараб ўтирибман. Язнангизнинг ҳам аҳволи шу. У бечора шунча йил колхоз раиси бўлиб, фақат отни миниб: «Машоқни терма! Ғаллани ўрма!» деб умрини ўтказган экан. Аммо-лекин у кишиям жуда ҳалол ишлаганлар. Биламанда. Урушдан кейинги қимматчилик йилларида айримлар каламуш, сичқонларнинг уясини кавлаб, ғалла-дон топишарди. Ана шуларгача тортиб олиб, ҳукуматга топширганлар…
Ўғилчамиз шўх чиқди. Боши омон бўлсин, қолгани — шу… «Кенжа болам, кенжа болам, топганимни сен же болам», деб юргич эдим. Мана, ёшимиз ўтган-да, бу одам бўлди. Бир нимани ёлчитиб едирмадик ҳам. Қайтамга унинг қўлига қараммиз.
Шопирнинг топгани нима бўлади? Бе, сиз айтадиган шопирлар бошқача. Бунинг машинаси бир кун ишласа, икки кун ўзи ишлайди: машинанинг тагидан чиқмайди. «Эна, янги мошин оберинг. Ота, далолат қилинг», дейди.
Бизнинг гапимиз ўтмайди… Қодиржон «янги машина келса, бераман» деган. Ана шундан кейин Кенжамиз ўзини ўнглаб олар. Ўғилчаси мактабга борадиган бўп қолди: ҳали қўлини ҳалоллагани йўқ…
Шу, яқинда денг, афғон шамоли бўлди-ю, анави оғилнинг устини очиб кетди. Кенжабой иримига девор кўтариб, устини тахта-картон билан ёпган эди: товуқхона қилган эди. Шунинг томини кўтариб ташлади. Э, қиёмат бўлди ўша куни. Кўп зиён етказди у шамол.
Шунда жиянингиз айтиб қолди-да: «Эна, қани, ўкуматингизга боринг энди. Тўртта шипр берсин», деди.
Шу гапи менга негадир ўтиб кетди.
— Бораман! — дедим. — Сен менинг ҳукуматимга пичинг қилма! Ҳали ёш боласан! Биз уни қурганмиз! О, қандай қийинчилик билан қурганмиз!..
Рост-да, уғлим, шу колхоз тузилиш йилларида мен ўн уч-ўн тўрт ёшларда эдим. Энам бечора отамдан қолган қўш ҳўкиз билан қўзили совлиғимизгача колхозга берган эди. «Бўлсин, ишқилиб, шу жамият бўлсин. Ҳукумат оёққа турсин!» дер эдик…
Эндиликда шаккоклар кўпайган, болам. О, баъзан бир гапларни эшитасан, бир гапларни! Одамларнинг оғзи мана мундай бўлиб кетган. Бизнинг замонларда у оғизларни аллақачон йиртиб қўйишарди. Ҳозир тартиб-интизомдан путур кетган. Органлар ҳам яхши ишламайди, мен сизга айтсам…
— Э, боринг! Шу Қодир ҳукуматингизга бир учранг! — деди Кенжабой.
— Учрайман! — дедим. Анави туфлимни кийдим. Лениннинг юз йиллигида, Октябрнинг олтмиш йиллигида берилган медалларни такдим. Чолга қарасам, боши хам. Жўнадим.
Мана шу тор кўчадан ўтиб, мош экилган далага чиқдим. Бирам ҳаво яхши. Мош пишган. Қирс-қирс ёрилади. Ариқларда сув. Қурбақалар қуриллайди.
Жуда кўнглим очилиб, ҳее, ўгган-кетган кунларни эслаб, катта йўлга чиқдим. Кўпқаватли иморатлар тушаётган экан, шуларнинг орасидан ўтиб, совхоз идорасига бордим.
Бу — эскидан қолган иморат эди. Пешайвони бор. Ери тахта-пол қилинмаган. Лекин менгаям қандайдир яқин иморат эди. Қодиржон шу ерда ишларди.
Кириб бордим.
— Ассалому алайкум, холажон, — деди. Ўрнидан туриб, келиб кўришди. Мундай жойдаги диванга ўтқазиб, бир пиёла чой берди. — Дамлигинамисиз, холажон? Бобой яхшими? Жиян қалай?.. Яқинда янги машина келади, албатта берамиз…
— Ҳе, мишта киринг, оғажон, — дедим. — Отангиз ўзи улуғ одам эдилар-да!
— Хизмат, холажон?
— Э, ўғлим, — дедим. — Кечаги шамолни билдингизми?
— О, аста айтасизми! Бизнинг қирқта шшшримизни учириб кетди. Парча-парча қилиб ташлади. Қанча цемент, албастр кўкка учди. Ўзиям ярим соат орасида ҳаммаёқни тўс-тўполон қилиб юборди-да!
Шипрни тилга олганида, дамим сал ичимга тушган эди. Барибир айтдим:
— Шундай-шундай… Катакнинг усти очилиб қолди. Товуқлар сочилиб кетди. Кенжабойингиз жинни бўлиб юрипти. Бизда қўй йўқ, сигир йўқ. Шу тўртта товуқ…
Қодиржон индамай қолди. Индамай чой ичди. Худо урсин, уни ҳеч мундай аҳволда кўрмаган эдим: ҳамма вақт «йўқ» демасди… Ахир, биласиз, бир замонлар бу ҳукуматимиз бизга қарам эди. Энди биз унга қарам бўлиб қолдик: қарашиб турса ёмонмас-да! Тўғри, одам хижолат бўлади. Аммо ноилож.
Йўқ-йўқ, мен йилида келсам, бир марта келардим. Илтимос билан. Шундаям давлат нархида пулини тўлаб олардим. Энди, бир қоп-ярим қоп камикормами, буғдойми, арпами, ишқилиб… «йўқ» демасди-да.
Ўзи, мен сизга айтсам, болам, бу тиланчилик эмас. Худо асрасин: энди, одам… ҳаддинг сиғиб келасан-да. Ўзингнинг ҳукуматинг, ахир.
Тўғри энди, бу ҳукуматимиз ҳам анча пишиқ бўлиб кетди: бир вақтлар, байрамлар бўлса, Октябрь, ҳайитлар куни бозоржойда қозон-қозон ош дамланарди, чой, нон — бари бепул. Ўйин-кулги. Байрам, тўй тўйдек ўтарди. Кейин… бунақа супралар ҳам очилмайдиган бўп кетди. Қайтамга баъзи одамлар каттароқ тўй қилса: «Бой бўп кетдингми?» дейдиганлар кўпайди…
Мен ўғри, каззобларни кўзда тутмайман, болам… Улар ҳалиям бор. Охири ўз ҳақини олади: худодан топади. Худодан топмаса, ҳукуматнинг ўзи кўрсатиб қўяди.
Қаригандан кейин эзма бўлар экансан киши.
— Ҳа, Ўқуматжон? Мундай ўйланиб қолдингиз? — дедим.
— Э, холажон, ҳозир замон ўзгариб кетди, — деди Қодиржон. — Мен сиздан ҳеч нарсани аямайман, би-либ қўйинг! Ҳукумат ўз ветеранларидан аямайди…
— Раҳмат! Ҳукумат пақат халқ фаровонлигини кўзлайди.
— Гап шундаки, холажон, биринчидан, бизда ҳамма нарса қаттиқ ҳисоб-китобли бўлиб қолди. Қурилиш материалларининг ҳам нархи ошди… Шунга қарамасдан сизга ёрдам қилиш керак… Аммо, холажон, ўзингиздан қолар гап йўқ, этақдаги чўл ўзлаштирилгандан кейин совхоз бўлинди.
— Бўлинди?
— Ҳа. Иккита совхоз бўлди-да… У совхозга кўп жойларимиз тушиб кетди.
— Қаерда у?
— Ана шу катта йўлдан бора берсангиз, астановка келади… Ҳали эшитмаб эдингизми?
— Қайдан?
— Шу ердан қизил автобус ўтади. Учта астановкадан кейин чапга бурилиб тўхтайди. Қарағай экилган боғ келади. Ана шу ерда янги совхознинг идораси…
— Хўп, идораси бўлса бўлар, — дедим. — Мен сиздан ёрдам сўраб келдим-ку?
— Мен ҳам айтяпман-ку, сизнинг ерингиз ўша совхознинг территориясига тушиб кетган.
— Хўш?
— Шунинг учун… шунинг учун ёрдамни ўша совхоз қилади энди. Директори ёш йигит, ақлли… Холажон, тушунмаяпсизми?
— Йўқ, тушундим, тушундим, — дедим. — Лекин сизнинг идорангизга пиёда келдим, уникига аптобус билан борсам, у бизга йироқ экан. Қодиржон, меникиям бир гап-да: сизнинг совхозингизда тураберсак-чи, қола берсак-чи?
— Ҳе, холам-э, холагинам-э, холагинам-э! — деб кулди у. — Мумкин эмас!
Мен билар эдим: мумкин эмас. Лекин йўлига айтган эдим-да.
— Хўп, ўша совхозда бўла қолайлик. Лекин сиз… ўнтагина шипрга қоғоз берсангиз, мен пулгинасини тўлаб…
— Холажон, мен нима деяпман? Кечирасиз, тушунтиролмадим шекилли… Хўш, энг муҳим гап шундаки, бизда ҳам ҳалигидай хўжалик ҳисоби, самофинансирование деган гаплар амалга ошяпти… Бундан ҳам муҳими, хўш, ҳамма нарса шу қадар ҳисоб-китобли бўлиб кетаяптики, мен сизга битта шипр берсам ҳам, бу ерда гап қилишади. Совхоз мулкини бегоналарга талон-тарож килдирди деб…
Ана, биз бегона бўлиб қолган эканмиз. Вой, мен тушунаман, ғалча эмасман: ҳукуматнинг гапи гап. Қарорлари — қарор! Уларнинг, мисол учун, план бажаришда кўп амал қилмасаям, мана мундай йўриқларда жуда амалда!
Лекин мен энди бешта шипр деб юрсам… Кенжабойдан ҳам уяламан: «Ҳукуматингиз нима қилди деса, нима дейман? Ҳукуматим ўзгарипти, дейманми?»
Қодиржон яна бош эгди. Билдим: боланинг иложи йўқ. Бўлмаса, у бундай қилмас эди.
— Ҳа, болам, яхшилигингни кўр, — дедим. — Сен ўксима, Қодиржон… Унга бўлса, унга бораман-да…
Қодиржон хўрсиниб туриб кетди.
— Биз бир қаттиқ бўлсак, тошдан ўтиб кетамиз! — деди. — Бир сахий бўлсак…
Мен кулдим.
— Сахий бўлганимизни ҳалигача кўрганим йўқ. — Кейин унинг кўнглини кўтардим. — Биз, болам, ҳукумат… ҳукуматимиз катталариям йўқсилдан чиққан. Ўзимиз ҳам. Бойларниям йўқсил қилганмиз. Бундай мамлакат, ҳукумат… кўрпасига қараб оёқ узатиши керак. Тушунаман, оғажон. Меникиям бир гап-да.
— Ақлли холажонимдан айланай, — деди.
Шундай деди.
Мен уни дуо қилиб чиқдим. Айтганидек йўлга тушиб, бекатга бордим. Автобусиям айтганидай экан, келди. Ўша қарағайзорга бурилганда, тушиб қолдим.
Қаранг-а, уйда ўтириб қолганингдан кейин жамиятдан чиқиб ҳам қолар экансан. Газета кўп, кўп оламиз. Журналлардан ҳам… Дунёнинг у чеккасидаги гапни билиб турар экансан-у, ёнингдаги ўзгаришлардан бехабар қолар экансан.
Бу тарафлар, ҳее, тоза ўзгариб кетган экан… Эсимда бор. Кечагидай: қирқинчи йилмиди, ўшанда Шўро мажлисини ўтказиш учун шу томондаги бир овулга бориб, кеч қайтгандим. Бир чўпон бечора: «Қизим, отингиз яхши экан. Лекин бемаҳалда юрманг, жондор учрайди», деб эди. Мен… ёш эканман: оловлик. Отимга ишониб ҳайдай бердим. Қурисой деган жойга етганда, бир бўри эргашди. Тавба, қўрқмапманми денг. Бошимда катта шол рўмолим бор эди. Шунинг бир учидан ушлаб, бир учини осилтириб келавердим. Бўри ўлгур рўмол билан ўйнайди денг. Эшитганман-да, бўри отнинг думидан олади деб. Хавотирим шундан эди. Бир маҳал рўмолни тишлаб бир тортди, қўлимдан чиқиб кетди. Ана энди, ўлдим, деб ўйладим. Отни ҳайдадим. Қор, муз, совуқ. Бўри эргашди. Буёқда қоронғи тушаяпти. Сойдан чиқиб, энди қирга ўрлагандим, бўри етди… Отим бир сапчиб кетди-ю, йиқилди. Шундай ёнбошлаб қолди. Қарасам, бўри-мўри йўқ. От соғ. Пишқиряпти. Шундай бўйнига осилиб олиб: «Чуҳ, жонивор!» дедим. Гапим далда бўлдими, от жонивор сапчиб туриб кетди. Ҳей ундай жойга борганда эгарга миниб олдим. Қарасам, бўри… от йиқилганда тагида қолган экан. Оқсоқланиб четга чиқяпти. Бирдан увлаб юборди. Мен отни суриб ҳайдадим яна. Жийдали деган жойга етганда, бир аравани учратдим… Шундай қилиб, омон қолган эдим…
Нима деятган эдим?
Ҳа, бу даштлар ҳам ўзгариб кетган экан.
Идорани топиб кирдим. Ҳе, башанг. Зиналари мармардан. Райкомнинг биносига ўхшайди. Бир чолгина диванда ўтирган экан, директорнинг хонасини кўрсатиб қўйди.
— Ассалом алайкум, ҳукумат болам, — деб кирганимни биламан, у талаб ташлади.
Йўқ, сира танимадим. Ёшгина. Кўзлари ўйноқлабгина турган йигит. Ўттизларнинг нари-берисида. Қодиржонга ўхшаб жайдари кийинмаган ҳам. Бўйнида галстук, оппоқ кўйлак.
— Нима дедингиз ўзи? Ким ҳукумат? — деб бошлади.
— Ҳай-ҳай, тил ўлгур ўрганиб қолган-да, — дедим. — Ҳовлиқманг, болам. Биз ҳам, ҳей, сондан чиққан уй хотини эмасмиз… Вақтида райкомлардаям ишлаганмиз. Киссамизда партия билетимиз бор!
— Ҳеч ўхшамайди-да, ўхшамайди, — деди. — Ҳа. Хўш, мақсад нима? Тезроқ бўлинг, вақтим зиқ!
Бу гапдан кейин унга бир нимани дангал айтиб бўладими?
— Директор болам, — дедим. — Билсангиз, эшитган бўлсангиз, мени фалончи опа дейдилар. Кекса…
— Опа, ветерандан кўпи йўқ! — деди гапимни кесиб. — Ҳалиям битта ветеран чол келиб кетди. Қиладиган иши — магазиндан давлатнинг гўштини сотиб олиб, ташқарида икки марта қимматга пуллаш экан! Ветеранлар учун ҳамма нарса безочирид-да! Шундан фойдаланар экан, ноинсоф.
— Ҳа, энди ночорликдан…
— Опа, муддао нима?
Жуда хўрлигим келди: ахир, мени районда билишарди. Ҳар йили Октябрь байрамларида бизни чақириб сийлашарди. Дугоналаримниям. Кўрганлар салом берарди.
«Бу йигит бошқа райондан келган экан-да», деб ўйладим-да, муддаога ўтдим:
— Олдин Қодиржоннинг совхозига қарардик…
— Қайси Қодиржон?.. Ҳа-ҳа, Қодир Собиржонович! Хўш?
— Энди сизнинг совхозингизга ўтипти бизнинг ерлар.
— Жуда яхши бўпти! Бу совхознинг келажаги катта! Ҳим, болаларингиз ишлайдими?
— Ҳа, бир ўғилчамиз… Кенжабой шопир. Лекин… Лекин… Лекин билмадим, у сизнинг сапхозингиздами, ё ҳалиям Қодиржоннинг сапхозидами?
— Хўш, мақсад? — Кейин ҳеч иккиланмай: — Тайин бирон илтимос билан келган бўлсангиз керак? — деди.
— Ҳа, — дедим.
— Ўзим ҳам пайқаган эдим…
— Шу биргина бостирмамиз… товуқхонамиз бор эди. Кечаги довул томини бузиб, картонларини учириб кетипти, ўғлим. Шунга бир қарашасизми деб…
— Шипр йўқ.
— А?
— Бизда қурилиш бригадаси бор. Самофинансированияга ўтган! Бу гапни тушунасизми? Кооперативни-чи? Хозрасчётни? Ҳим… Гап шундаки, сиз ўшаларга учрашасиз. Улар бориб, ками-кўстингизни битириб беришади.
— Ўзлари-я?
— Ўзлари! Лекин текинга эмас!
— Ҳа, албатта… Давлат нархида бўлса…
— Давлат нархида эмас! Илгари биз баъзи қари-қартангларга қарашганмиз… қарашганлар. Совхоз баҳосида ул-бул ишлар қилиб берилган. Энди у нарса бекор қилинди. Ҳали бора-бора қурувчиларимиз ҳам мустақил бўлиб кетишади.
— Тушунмаяпман. Улар… қиммат оладими?
— Уҳ! Ҳозир, опа, қурилиш материаллари икки карра қимматлаб кетган. Биласизми шуни?
— Йўқ.
— Хуллас, биз ёрдам беролмаймиз… Бошқа саволлар борми? Ўша Кенжабойингизга айтинг… Сизни ветеран деб чоптириб қўймасин, хўпми? Ҳозир бари ёшлар нуқул ветеранларни чоптиришади… Билиб олдик! Энди бунга барҳам берилади…
— Энди биз…
— Менинг сизга ёрдамим — мана шу!
— Нима?
— Тушунтирдим-ку?
— Сал-пал тушундим… Лекин сизни ҳукумат деб… Ахир, ҳукуматдан бошқа кимимиз бор, ўғлим? Сизлар ёш эдинглар, балки туғилмаган эдинглар…
— Мен бу гапни ҳалигина эшитдим.
— Э, амалинг бошингда қолсин! Садқаи ҳукумат кет! — Шундай дедим-да, чиқиб кетдим.
Энди денг, йиғлагим келади. Қаёққа боришни билмайман… «Хор бўлдим-да оқибат!» деб қарағай тагига бордим. Ўтириб хўп йиғладим. Буёғи қандай бўлди энди?
Э, болам, биз ўйлар эдик-да: «Ўлимлик ҳам йиғмаганмиз. Ҳукуматнинг ўзи кўмади», деб…
Қаранг, одамлар қандай шафқатсиз бўлиб кетаяпти. Ёшгина боланинг гапини…
Сувга тушиб, қуруқ чиққандай бўлдим, уйга жўнадим. Лекин ўпкамни босолмайман: ўлай агар унинг гапларидан бир нарсани тушунган бўлсам…
Шундай қилиб, автобусга чиқдим. Бир ёшгина йигитнинг ёнига ўтириб қолдим. У Афғонистондан келган экан. Бир оёғи йўқ экан. Мен йигитчанинг туриб жой бермаганидан ҳам сал ўксиган эдим. Кейин тушундим-у, гурунглашиб қолдик. Ҳе, у шўрлик ҳам ветеран экан… Менга айтмади-ю, қандайдир иши бит-маганини пайқадим. Кейин автобусдан тушиб, уйга пиёда жўнадим.
Ўзимча ўйлайман денг: «Ҳа, нималардир ўзгарипти. Хозрашётми, самофинасми бўпти… Яхшиликка бўлсин! Лекин биз шу ҳукуматни деб умрни ўтказдик. Энди у бизга…»
Йўқ, болам, уйга боролмадим. Бошим қотиб қолди. Мошзорга етганда тағин қайтибман денг.
Орқага-да.
Бир вақт қарасам, эски сапхознинг идорасидаман. Қодиржоннинг олдида турибман.
— Ҳа, холажон? — деди.
— Э, болам, менинг ҳукуматим… сен экансан. Шу сапхоз экан, — дедим.
Ҳа, шундай дедим.
Бекорчиликдан «Минг бир кеча»ни ўқиган эдим. Бир пошшо бир ғарибнинг ҳикоясини эшитиб, унга қўшилиб йиғлайди. Шунга кулиб эдим. Қарасам, Қо-диржоннинг ҳам кўзи ғилқ ёшга тўлган.
— Холажон, уйингизга боринг. Боринг, холажон. Мен ўзим юбораман шипрни, — деди. — Нечта керак?
Ана шунда ўзимга келдим. Кейин… уялдим. Энди шипр кераксиз бўлиб қолган эди.
— Иложингиз етар экан-да? — дебман.
— Буёғини суриштирманг, — деди.
Кетдим.
Шу оқшом Қодиржондан икки давангидай йигит ўнта катта шипрни бир машинага ортиб келиб, бос-тирманинг устини ёпиб, тағин бирини запасга қўйиб кетишди.
Ўзимча ҳайрон бўлиб, Қодиржонни ҳам алқаб, ҳам ичим зиқ бўлиб ўтиргандим. Кенжабой келиб қолди. Бостирмани кўриб хурсанддир деб ўйласам, қовоғи солиқ.
— Ҳа? — дедим. — Ўкуматим қилиб берган ишни кўрдингми?
— Кўрдим, — деди у. — Қодир ака уйидаги шиприни юборган экан. У кишиям бир оғил-поғилга ишлатаман деб опқўйган экан.
— Вой, шўрим…
Мана, сизга айтмоқчи бўлган гапим шу, ўғлим. Сиз тағин бу опамиз таъмагир экан… Хўш, ҳукуматдан норози бўлипти, деманг, болам. Сираям ундай эмас: ҳукумат ўзимизники. Ахир, биз уни деб яшадик. Умр поёнига етди.
Албатта, албатта. «Враг народ»ларгина ҳукуматни ёмон дейди. Биз ундайларни куритиб келганмиз.
1988