Шукур Холмирзаев. Ҳаёт абадий (ҳикоя)

Совхознинг бош агрономи Нодир Рўзиқулов мажлисдан қаттиқ танқид еб чиқди. Уйга келиб, ўзи ёқтирмайдиган қайнанасининг «ҳемириси йўқ экспедитори ҳам янги участка қуриб оляпти, ер бўлса сизни қўлингизда» деган гапини эшитиб: «Менинг бўлган турганим шу. Чидамасангиз қизингизни олиб кетаверинг!» — деди. Хотини ҳам шуни кутиб тургандай қизчасини кўтариб, онасига эргашди.
Нодир кўчага чиқиб, ўзини қопмоқчи бўлган қўшнисининг итига кесак отган эди, итга қаттиқ тегди шекилли, у шундай ванғиллаб қочдики, энди кўкнори ичиб, бошига чопонини тортаётган банги қўшнигор кайфи учиб, дарров девордан қаради. Нодирни кўриб нима гаплигини сўради. Нодир айбини бўйнига олган эди, у: «Ҳайф сизга-ей, хўжайин, кучингиз шу тилсиз махлуққа етдими! Кучингиз жуда ошиб, қўлингиз қичиёттан бўлса, секин мени чақирмайсизми!» деб, Нодирнинг таъбини тирриқ қилди, буям етмагандай, итини айвонга чақириб, унга шундай бақирдики…
Нодир ҳувиллаб ётган уйга кириб, қизчасининг тўшаб қўйилган кўрпачасига кўзи тушди, бориб унинг устига чўнқайган эди, боласининг она сутини эслатувчи иси димоғига урилди-да, кўнгли бузилиб кетди. Чопиб ташқарига чиқди, юзига совуқ шамол тегиб, тўхтаб қолди. Бир нафас кўксини очиб, айвон панжарасига ўтирди ва тўсатдан шу қадар бўшашиб кетдики, ерга гуппа йиқилиб, ўлиб қоладигандек бўлди. Ҳақиқатан ҳам гуппа йиқилди…
Шамол қаттиқ эсиб, бужмайган ток баргларини унинг устига опкелиб сочди. Тонгга яқин шивалаб ёмғир ёға бошлади. Бу илк куз ёмғири эди. Қовжироқ кўкатлару дарахтларнинг турфа ҳиди атрофга анқиб кетди. Сўнг ёмғир тиниб, ҳаво очилди, унда оппоқ юлдузлар ярқираб ёна бошлади. Атроф шу қадар сокин эдики, ҳатто япроқлардан томган томчиларнинг чакиллаши ҳам эшитиларди. Шабада эса бошлади. Атроф салқин, бирданига совуқ тушгандай бўлди.
Бу ажойиб ўзгаришларни Нодиргина кўрмади, чунки у тиришиб, ўлиб ётибди. Оёқ-қўлини ёзиб, кўзларини юмиб, иягини кўтариб боғлаб қўядиган биронта одам бўлмаганидан тиришиб, кулала бўлиб қолади-да. Эсиз, ёмон ўлим топди-да, ит қавмида кетди, дейишадими буни? Васият ҳам қилмади, ёш кетди. Қизчасини ҳам кўриб, дийдорига тўёлмади, хотинидан ҳам розилик ололмади. Совхоз ишчилари… Ҳар ҳолда уни ҳурматлайдиган кишилар кўп эди. Айниқса, Ча-Чанинг онасини айтмайсизми. «Ёғоч топиб беринг, директор йўқ дедилар. Қиш тушяпти, уйим босиб қолади» деганида участка қуриш ниятида бир кунлик йўлдан олиб келиб, сим билан ўраб қўйган тахталарини унга бериб юборган эди. «Кам бўлманг, умрингиз узоқ бўлсин, ўлгунимча сизни дуо қиламан», деган эди кампир боёқиш. У эшитса, албатта йиғлайди, бўмасам-чи?!
Тонг отди. Кўчадан ўтиб кетаётган бўлим мудири ўзининг ишга эрта кетаётганини билдириш учун девордан мўралаб қаради-ю, одатдагидек, Нодирни айвон олдидаги косагуллар ёнида кўрмади. «Ухлаб қоптиларми?» деб ўйлаб, «Ўртоқ Рўзиқулов!» деб чақирди. Унга ҳеч ким жавоб бермади. «Нима, булар қирилиб кетганми?» деб ичкарига кирган эди, айвонда ғужанак бўлиб ётган бош агрономни кўриб қолди. «Нима бало, мастми? Бу кўп ичса ҳам ҳеч маст бўлмасди-ку?» деб ўйлаб, уни чақирди. Бир вақт агрономнинг ўлиб қолганини кўриб, додлаб юборди.
Тумонат одам йиғилди… Албатта йиғилади-да, кимсан совхознинг бир раҳбари оламдан ўтади-ю, одам йиғилмайдими. Марҳум кўпларга яхшилик қилган эди…
Ҳанифанинг йиғлашини кўрсангиз эди! «Во, тўрам! Мени кимларга ташлаб кетдингиз, о тўрам! Қизингиз: «Менинг дадам қани?» деса, нима дейман? Энамникига кетмай ўлай! Бундай бўлишингизни қайдан билибман? Ёнингизда ўтирсам бўлмасмиди? Во, тўрам!»
Ҳа, шундай! Кишининг яхшилиги кейин билинади. Ҳали бу хотин кўп йиғлайди. Қайнанаси-чи? Э, танг, куёвингни шунчалик севар экансан, ҳаётлигида нега уни тергайвердинг, лўли! Ё бу самимий йиғлаяптими? Балки йиғиси самимийдир. Бир ҳисобда маддоҳ кампир ҳам ҳақ эди. Шулар бирон нарсага зор бўлмасин, дер экан-да. Тўғри, Нодир оиласига кўп бепарво эди. Холхўжа милисанинг: «Сен ғирт пролетарсан!» деганида жон бор.
Ҳаммаси ўтди-кетди, эндиги пушаймон ўзингга душман.
Директор ҳам йиғлаяптими? Ҳа-а, йиғлаяпти. Нодирбек, ҳалол бир агроном дунёдан ўтса-ю, у кўзига ёш олмайдими!..
Ахир, Нодир тузук ходим эди. Директор нима ўйлаётганикин? Нодирнинг фавқулодда ўлими уни ҳайрон қолдираётган бўлса керак-а? Эҳтимол кеча мажлисда танқид қилгани учун афсус қилаётгандир? Чидолмаган, ноҳақ гапни кўтара олмаган, деб албатта. Шундай бўлади. Билиб танқид қилиш керак. Бу одам қобил, танқидга чидайди деб дўппослайверадими киши деганни.
Мана, кафанга ўралган бош агрономни тобутга солдилар, кўтар-кўтар қилиб, Қизилқоя қабристонига олиб кетдилар.
Ҳаммаси орқади қолди. Хотин, бола, уй. Араз, диққатпазлик, ғийбат… Иш. Совхоз. Ишчилар…
Қишлоқ ҳам орқада қолиб кетди.
Халқимизнинг яхши одати бор-да. Эшакда кетаётган бир одам шартта пастга тушиб, чопиб келиб, тобут шотисини елкасига олди. Эллик қадамча кўтариб борди-да, бошқага берди. Фотиҳа ўқиб, орқада қолди. Ана бир шофёр ҳам машинасини тўхтатиб, кабинадан туша солиб, тобутга қараб чопди.
Қабристон. Негадир бу ернинг тупроғи қизил. Нодир динга ишонмас эди. Аммо шу қабристон олдидан ўтаётганда, кўнглига аллақандай ваҳима тушар эди. Кечаси ўтганда овозини чиқармас, у ердан эшитилаётган бойқушнинг сайраши Нодирни қишлоқ йўлига тушганча таъқиб этар эди: «Бу ерда ўликлар қўрқмасдан қандай ётишаркин-а? И-е, улар ахир, ҳеч нарсани сезмайди-ку? Ахир, ўлик ўлик-да. Кесак нима-ю, ўлган одам нима?..»
Мана, марҳум қабргаям қўйилди. Меҳрибон ота гўрга биринчи бўлиб тупроқ ташлади. Одамларга ҳайронсан! Мунча шошишмаса? Бош агроном тезроқ кўздан йўқолсин дегандай гўрга тез-тез тупроқ ташлашади-я.
Жимжитлик. Ўлик сукунат. Мозор, қизғиш уй, манави қаққайган қари тут дарахти ҳеч нарсани сезмагандай турибди. Унинг ковагига чумчуқлар ҳар вақтдагидек шошиб кириб чиқяпи. Ана, намгина тупроқ уюми устига бир қарға қўнди.
Инсон ҳаёти шу экан-да. Туғилди, ўсди, ўқиди, ишлади, одамлар билан уришди, ярашди. Рўзғорни ўйлади, ташвиш тортди. Севди… ниҳоят, ўлди.
Оилада бир неча кун йиғи-сиғи, расм-таомиллар. Кейин? Уни эслаб юриш…
Бу орада совхозга бошқа киши, иккинчи бўлимнинг бошлиғи бош агроном бўлди.
Ота ҳам, она ҳам аста-секин ғам буккан қаддини тиклашди. Ёш келинга совчи келди. Совчи учинчи келишида қайнана кўнди.
Кейин?.. Ёшгина қизи, онасининг кейинги эрини отам дейишга ўргатади уни қайнана. Ё?..
Нодир бўлса сезмас, эшитмас бўлиб қабрда ётибди.
Дарвоқе, у қандай бўлиб ўлди?
Ўша куни мажлисдан танқид еб келди, қайнанаси билан уй хусусида жанжаллашди, хотини кетиб қолди, кўчада итни уриб, эгасидан дакки эшитди…
Кейин эшикка чиққанда кўкрагига совуқ шамол урилди.
Бу куз шамоли шунчалик ёқимли, ҳузурбахш эдики, Нодирнинг хўрлиги келди. Кейин… бу адолатсизликларга чидолмай, ўзини аччиқ устида ўлдириб қўйди.
Бу кимга фойда бўлди? Ким уни мақтади? Нима бўлди, кейин нима?
Ўша кечаги серюлдуз осмон ҳам, оппоқ юлдузлар ҳам ўз ўрнида. Дарахтлар, ёмғир… Шабада.
Ҳаёт Нодирсиз ҳам давом этяпти.
…Айвон панжарасида бўшашиб ўтириб қолган Нодир чўчиб бошини кўтарди ва чуқур хўрсиниб ўрнидан қўзғалди. Сигарета чекиб яна бир нафас турди-да, кўчага чикди. Қўшнининг кўнгли юмшаб, итга ачинганини айтди ва «машойихлар айтибдики, Каъбага ўт қўйиб, бутга чўқин, лекин мўрчани оғритмагил, ҳа, шунақа бўлади-да», деди. Нодир болаларини олиб келгани қайнанасиникига йўл олди. Йўл бўйи оқшом эшитган танқидини эслаб, таҳлил қилиб, хатоларни бартараф қилиш йўлларини режалади.
Ҳали Нодир панжарада хаёл суриб ўтирганида, бўйнига бир неча томчи ёмғир томган эди, энди шивалаб ёға бошлади. Қовжироқ ўт-ўланлар, дарахтларнинг тахир ёзги ҳиди анқиб кетди.
1970