Мастура шўх, одам билан кулимсираб гаплашадиган, суҳбатдошига тезда ёқиб қоладиган, суҳбатдоши ким бўлмасин, унда ўзига сахий бир меҳр, хайрхоҳлик уйғотадиган қиз эди. У кўп нарсани ўйлаб, фикр қилиб ўтирмасди. Лекин, ўзининг ёқимли эканини билар ва ҳамиша ёқимли бўлиб қолишига ишонар эди. Шунинг учун тенг-тўшларига ҳам, муаллимларига ҳам, қўшнилари ва ёлғиз онасига ҳам эркалик қилар, терс-терс гапириб кетаверарди.
Уларнинг йигирма сотих томорқаси бўлиб, унда отаси экиб кетган хил-хил мевали дарахтлар кўп эди. Шу боғдан келадиган даромад ва отасига тўланадиган пенсия пулига кун кечиришар эди.
Мастуранинг отаси қирқ учинчи йилда силласи қуриб, ишлаб турган магазинида ўлиб қолган эди.
Мастура шу магазин олдидан ўтганда отасини эслар ва кўзига ёш оларди. Қишлоқ кичкина, шунинг учун қизни ҳамма танир ва ўтмиши-ю, ҳозирги ҳаётини билар, йиғлаётган қизнинг кўнглидаги ғамни сезиб, унга ҳамдардлик билдиришарди. Мастура баттар йиғлар ва йиғиси тамом бўлганидан кейин одамларнинг унга кўрсатган дилдррлигини эслаб, ичида мамнун бўлар, хайрхоҳлик кўрсатмаганларига алами келиб, уларни сўкар эди.
Мастура ҳамма мени суяди ва суйиши керак деб ҳисоблар, уларнинг нега суйишлари ҳақида ўйлаш эса, хаёлига келмас эди. Одамлар бўлса аввало унинг ёқимтой, эрка қиз бўлгани учун, сўнгра, унинг такдирига ачингани учун суйишар ва кўнглини чўктирмасликка ҳаракат қилишар эди.
Мастура тўққизинчи синфда ўқиб юрганида уни ўнинчида ўқийдиган мактаб комсомол ташкилотининг секретари Акобир деган йигит яхши кўриб қолди.
Акобирнинг ота-онаси у ёшлигида ўлиб кетган, у олти яшарлигидан етим болалар уйида тарбияланган, зеҳнли, андишали, бир сўзли ва кўнгли ярим йигит эди. Унинг битта тоғаси бор эди. Тоға бола-чақаси билан қишлоқнинг шимолидаги чорбоғида турар, унинг овдан қўли бўшамас, бўш вақтида чойхонада ўтириб, ов тафсилотларини кўпириб ҳикоя қиларди.
Акобир тоғаси билан кам мулоқотда бўлар, ўзини мағрур тутиб юрар эди.
Озғин, новча, қиррабурун бу йигит Мастурани яхши кўриб қодди. У илгари ҳам бир-иккита қизни яхши кўрган эди. Аммо Мастурани севиб қолди-ю, унга хиё-нат қилмади. Фақат яхши кўриш билан чегараланга-нида, балки вақти келиб унутар, бошқасига кўнгил қўйиб кетаверар эди. Чунки, у ёш эди… Бироқ, бу андишали, кўнгли ярим йигит қизнинг таржимаи ҳоли билан танишди-ю, унга боғланиб қолди. Муҳаббатига ачиниш ҳисси ҳам қўшилди. Бу икки туйғу бир по-ёндоз бўлиб, Мастурани унинг кўнглига олиб кириб қўйди…
Мастура ҳам унга майл билдирди. Аммо танишган кунларидаёқ унга эркалик қилди, терс гапириб кетиб қолди. Акобир ўша куниёқ қўлини ювиб, қўлтиғига артмоқчи бўлди, тағин унинг оиласи тақдирини ўйлаб: «Йўқ, хафа бўлади. Кўнгли чўкади, сағир дединг-да, дейди», деди ичида. Бу мулоҳаза унга кейинчалик ҳам ҳамроҳ бўлиб қолди. Шунинг оқибатида Акобир Мастуранинг барча хархашаларини кўтара бошлади.
Мастура ҳам уни яхши кўриб қолди.
Ўнинчини битиришгач, Акобир Тошкент Давлат университетининг гёология факультетига ўқишга кирди. Мастурани бир неча синфдошлари қаторида мактаб директори Қаршига элтиб, муаллимлар институтига жойлаштирди.
Қобилиятли Акобир яхши ўқиб кетди. Бир неча дуруст-дуруст қизлар унга рўпара бўла бошлади, лекин, Акобир улар билан юрмади. «Мастура эшитса, хафа бўлади», деди. Мастура фақат севгилисининг бевафолигидан эмас, ўз тақдиридан ҳам хафа бўлади, деб ўйлади.
Мастура ўртача ўқий бошлади. Мактабда муаллимлар баҳо йўриғида ҳам сахийлик қилишар эди. Бунга ўрганган Мастура институт домлаларининг ўзига ҳамма қатори қарашларини тушунмади. «Булар қизиқ, қаршилик», деб уларни ёмонлар эди у. Кейин, курсдошлари ҳам унга ҳамма қатори муомала қилар, Мастура буни ҳам тушунмас эди. Тўғри, баъзи йигитлар уни кўрганда мийиғида жилмайиб, унга ишора қилар, гоҳо унинг бичими келишган қиз эканини юзига ҳам айтар, Мастура булардан мамнун бўлар, бироқ, шуларгина уни қаноатлантирмас эди.
Севишганлар хат ёза бошладилар.
Акобир Мастуранинг хатларида нолиш оҳангларини уқа бошлади. Икки йил бадалида стипендиясини тежаб-тергаб, бир гал баҳорда, бир гал қишда Қаршига келиб кетди.
Бу ҳаракат уларни бир-бирига яна ҳам яқинлаштириб қўйди. Акобирнинг севгиси ҳам, Мастуранинг муҳаббати ҳам ошиб-тошиб кетди. Бу вақтда Мастура ҳамма курсдош қизлар билан уришган, муаллимлар ҳам унга совуқ муносабатда бўлиб қолишган эди. Негаки, Мастура уч-тўрт марта ҳамманинг кўз олдида дарсдан чиқиб кетди.
Бора-бора Мастуранинг ўқишдан кўнгли совиди. Унинг хаёлига нуқул кўзи шилпиқ онаси, катта боғлари келар; мактабдаги муаллимлари ва қўни-қўшниларининг кулимсираган чеҳралари намоён бўлар; кейин, булар ортида уфқни тўсиб, Акобир турар эди. Мастура хоҳласа, уни оёғига поёндоз қилади, хоҳласа елкасига миниб учади. Акобир уни истаган манзилига элтади, у ҳамма ерда ҳамқишлоқларининг меҳрибон чеҳраларини кўриб туради.
Учинчи йили Мастура: «мен ўқимайман», деб хат ёзди Акобирга. Акобир Бахмалтоғда эди. Хатни саккизинчи куни олди ва «бир фалокат бўлган… Бир шп бўлган… Юзи чидамай кетган», деб ўйлаб кўнгли Мастурани орли, номусли қиз фахмлаб, Қаршига етиб келди. Бу вақтда Мастура қишлоққа кетиб қолган, хатига Акобирдан тезда жавоб олмагани учун ундан қаттиқ хафа бўлган эди. Акобир институт маъмурияти билан гаплашиб, ўзининг шубҳаси беҳуда эканига ишонди. Мастуранинг ўзи ўқишни хоҳламай кетганини эшитди. Бироқ: «Йўқ, бу мумкин эмас. У ўқишни яхши кўради. Ахир билади-ку, у ўқиши керак. Оиласи учун ҳам… Қишлоқдан ўқийман деб чиққан. Кейинг «ўнгли ўксик унинг. У бошқалардан кам эмаслигини исботлаш учун ҳам ўқиши керак», деб ўйлади ва Қаршида эшитган гапларига ишонмай, қишлоққа жўнади.
Келиб тушгач: «Агар ҳозир ундан хабар олмасам» баттар ранжийди», деб етим болалар уйига бурилмай, тўғри уларникига кетди.
Мастура Қаршидан қайтиб келаётганида, бу иши ҳамқишлоқлари орасида албатта, ҳар хил гумон ва мишмишларга сабаб бўлишини тасаввурига ҳам келтирмаган эди. Машинадан тушгани ҳамоно буни ҳис этди-ю, фиғони фалакка чикди.
Кутубхоначи рангпар аёлнинг: «Баҳай? Тинчликми?» деган саволига: «Йўқ, уруш бўлди, ҳамма қирилиб кетди», деб жавоб берди.
Акобир юзи оқарган ҳолда чимирилиб кириб келганида, Мастура жонидан тўйиб, аламини кимдан олишини билмай ўтирган эди.
— Намунча дарагингиз йўқ? — деди супа лабидан турмай. — Хатга ҳам жавоб бермайсиз! Ё тошкентлик қизлар қўлингизни боғлаб қўйганми?
Акобир тушунмади.
— Мастурахон, Тошкентдамасдим, практикада эдим, — деди атрофга хавфсираб қараб.
— Юраверинг эди! Бевафо!
Мастуранинг кўнгли тўлиб кетди бирдан. Қаршиликларнинг муомалалари, ҳамқишлоқларининг муносабатлари ёдига тушиб, томоғини бўғди.
— Мен бахтсиз туғилганимдан кўра ўлсам бўлмасмиди. Отажон, қаердасиз? Келиб қизингизни кўринг! — деб йиғлаб юборди.
Она чиқиб қизини овутди.
— Айб бўлади, — деди. Мастура:
— Э!.. — деб уришиб берди. Акобир қўшилди орага.
— Қочинг сиз ҳам! Сиз менга нима қилиб берардингиз. Боринг, Тошкентдаги ойимчаларингиз олдига!
Она яна орага тушди. Акобир юпатди.
Мастура ўзига келди. Кўзларини артиб, боққа бақрайиб қараб ўтирди.
Бу манзарани кузатган бегона киши, албатта, Мастурани — шаддод келин, Акобирни — айбдор куёв, онани — келиштирувчи қайнана деб ўйлар эди.
Акобир кечгача шу ерда бўлди. Қўшниларга ўчакишган эрка Мастура унга жавоб бермади. Акобир ҳарчанд уялмасин, дам ўтмай теварагига қарамасин, бари бир: «Кетсам, яхши бўлмайди. Гап бор…» деб ўзини тутди.
Энди, яллачи хотинлардек чапанилик ва ишонч билан ўрик остидаги ариқ лабига ялпайиб ўтириб олган Мастура ниҳоят, кўнглини ёрди:
— Ўлим берсин ўқишларига! — деди йиғламсираб ва тўлиқиб. — Мени у ерда қийнадилар. Кун бермадилар. Бегонасирадилар. Нима, мен кўчада қолганманми?
— Мен улар билан гаплашаман. Виждонсизлар! — деди Акобир.
— Керак эмас, — деди Мастура. — Мен энди ўқишга бормайман.
Акобир нечоғлик ҳаракат қилмасин, Мастура унамади.
Акобир оқшом болалар уйига кетди. Мастура тор боғ кўчада унинг орқасидан қараб қолди.
Шу кеча Мастура хўрозлар бир қичқиргунча ширин бир ҳордиқ қўйнида ётди. Унинг кўнгли алланечук тўлиб, чеҳраси очилган эди. Кейин, Акобирнинг эртага кетиб қолишини эслади-ю, бирдан отажак тонг унга қоронғи бўлиб туюлди. «Кетмайди! Кетиб ҳам кўрсин-чи!» деди.
Акобир етим укалари ёнида кўнгли маъюс бир ширин туйғуни татиганича Мастуранинг келажаги ҳақида ўйлаб ётди: «Энди нима бўлади?»
Мастура эрталабоқ болалар уйига йўл олди. Девор кемтигидан ошиб, бузоқ ўтлатиб юрган «Афанди» лақабли боладан Акобирни сўради. У чақириб келди.
— Ростини айтинг, яхши кўрасизми? — деди қиз йигитга муғомбирлик билан қия қараб.
— Энди… нима ҳожати бор, ўзингиз биласиз-ку? — деди йигит.
— Агар билсам, сиз ҳам ўқишга бормайсиз! — деди Мастура.
Акобир каловланиб қолди.
— Мастура, бу қандай гап?
— Шундай гап. Мен ўқимайман, сиз ҳам ўқимайсиз. Тошкентга қайтиб бормайсиз.
Акобир ўйланиб, хўмрайиб жавоб берди:
— Ҳеч бўлмаса, биттамиз ўқишимиз керак ахир, Мастура.
Мастуранинг кўнгли ғаш бўлиб қолди:
— Фу! Ўқимаганлар ҳам яшаяпти. Ўлиб бораётгани йўқ.
— Тўғри, ҳеч ким ўлмайди, лекин, ўқиш керак…
Акобир Тошкентга кетди. Бир ойдан кейин изидан хат олди.
«Мени булар узатишмоқчи. Ҳаракатингиз борми… Йиғлайвериб хун бўлиб кетдим», деб ёзган эди Мастура.
Акобир университетнинг парткомига учрашди.
— Шунақа… қишлоқ жой. Узатиб юборишлари ҳеч гапмас. Ўзингиз тушунасиз… Мана, хати, — деб кўрсатди.
Партком касаба союзининг қарорини чиқартирди. Союз раиси: «Бу ердаги тўйни ўзимиз ўтказамиз. Факультетдан пул тўплаймиз», деб уёқдаги харажатлар учун пул берди.
Акобир қишлоққа келиб тушиб, яна Мастураларнинг чорбоғига ўтиб борди.
Мастура бу вақтда ниҳоятда зериккан, кўнгли яна Қаршини, институт қучоғини қўмсар, лекин, энди у даргоҳга бора олиши ҳақида ўйламас, у, қизга ўлиб кетган отасидек туюлар эди. Қўни-қўшнилардан тамоман кўнгли совиган, кўзи шилпиқ онасини қон қилиб яшар эди.
У Акобирни кўриб, турган ерида кўзига ёш олди. Акобир Мастурадан кўз узмай келар экан, қиз беҳол бурилиб, деворлари оқланмаган уйларига кириб кетди. Акобир айвон олдида бир дам серрайиб турди-да, атрофга хавфсираб қараб, уйга мўралади. Бурчакда ўзига тикилиб, мунисгина бўлиб турган қизни кўрди. Иккиланиб ичкарига қадам босди.
— Келдингизми? — деди Мастура пиқиллаб.
Бу уй ва қизнинг бу ҳолати йигитга таъсир қилиб кетди. Кўнглида олижаноб ҳислар қўзғалганича, унинг қошига борди.
Мастура эгилиб, унинг кўксига бошини қўйди ва елкаларидан ушлаб юм-юм йиғлай бошлади. Акобир нима қилишини билмай, унинг кифтини силар экан, қизнинг хатидаги сўзларига бус-бутун ишонди. Унинг бошига катта фалокат тушгандек, ундан фақат ўзи қутқазадигандек бўлиб туюлди унга ва бағридаги қизнинг тўла, дўмбоқ гавдаси, ўзининг елкасига иссиғи ўтаётган унинг момиқ кафтларини туйиб, ўзини чиндан ҳам бахтиёр сезди.
— Нима бўлди? Ким?
— Мени бу ердан олиб кетинг, — деди Мастура.
— Биласиз-ку, уйим йўқ, — деди Акобир. Мастура йигитга ялт этиб қаради. У, бу томонини ўйламаган, ёки юқоридаги гап шунчаки оғзидан чиқиб кетган эди.
— Мен яшолмайман, яшолмайман!
— Ўқишга опкетай бўлмасам?
— Ўқишга? Керак эмас! — Мастура бирдан чекинди. — Мен шунинг учун сизни чақирдимми?
— Бўлмасам, нима қиламиз? Мен тайёр бўлиб келдим. Тўй қиламизми?
— Майли, — деди Мастура. — Кейин… сиз кетасизми?
— Мен ўқишни битиришим керак. Атиги икки йил қолди.
— Нима, мениям Тошкентга олиб кетасизми бўлма-сам?
— Майли… Лекин, Мастура, қийналиб қоламизми…
— Нимага?
— Мен стипендияга ўқийман… Ё сиз ўша ерда бирон ишгами, ўқишгами кирасизми?
Мастуранинг юраги сиқилиб кетди. Бу гаплар унга ёт туюлди. Яна йиғлаб, Тошкентдан ҳам қайтиб келадигандек ҳис этди ўзини.
— Йўқ, мен бормайман! — деди.
— Бўлмасам… Сизни ростдан ҳам бировга беришмоқчими?
— Ҳа, беришмоқчи. Ҳасан кал деганга, — деди Мастура.
Мастура бу гапни таваккал айтган, Ҳасан кал деган киши бор-йўқлигини ҳам билмасди. Акобирнинг назарида, Ҳасан кал пулдор, бойвачча қиёфасида кўринди. Тақдирдан нолиб, Мастурага чинакамига раҳми келди. Ўзини қизнинг бирдан-бир паноҳи каби сезди.
— Бўпти. Тўй қиламиз, — деди. — Кейин, сизга ҳеч ким оғиз очолмайдиган бўлади.
Хатда ўзи чорасизликдан ёзган бу гап энди Мастурага қизиқ туюлди, тўй қилгандан кейин ҳаёти бошқа изга тушадигандек бўлди.
— Майли. Тезроқ, — деди шунга илҳақ бўлиб юрган кишидек.
Акобир, ниҳоят, қўшни хонада жун титиб ўтирган бўлажак қайнанаси билан сўрашди ва тўғри боғма-боғ юриб, тоғасининг уйига етиб борди.
Эшқобилов кўчага чиқиб кетган экан. Кутди. Янгаси каклик гўшти босиб, шўрва пиширди. Кечга томон тоға қайтиб келди. Эшқобилов жиянини кўрганидан, албатта хурсанд бўлди ва чойхонада айтиб тугатолмаган ов ҳақидаги ҳикоясини бунга ҳам айтиб, хумордан чиқишни ўйлади.
Ҳол сўрашдилар.
— Тошкентда ўқиб юрипмиз денг?
— Ҳа, тоға. Мен сизга битта илтимос билан келган эдим.
— Хўш?
— Олим магазинчини биласизми?
— Олим магазинчи… Э, биламан!
— Шунинг битта қизи бор. Мен шунга уйланаман. Сиздан маслаҳат сўрагани келдим.
— Анави, ўқиб юрарди…
— Ўшанга. Танийсиз.
— Танийман, танийман, — деди Эшқобилов бурнини жийириб. — А, қачон?
— Шу ҳафтада. Ўқишга қайтиб кетишим керак.
— Ҳм… Уйланадиган одамнинг тараддуди бўлиши керак эди. Уй-жойи бўлиши керак эди… Сен бўлсанг… ўзинг студент бўлсанг…
— Зарари йўқ. Кейин бўлади ҳаммаси. Ҳозир ёним-да юз сўм пулим бор…
— Ҳм… Нимаям дердик… Майли. Лекин юз сўм… Майли, ўзимиз ҳам қарашиб юборамиз…
— Детдом директори ёрдам беради.
— Яхши… Лекин, лекин, жиян, хафа бўлма… У Қаршида ўқир эди-я!
-Ҳа.
— Бу ўқишни нимага ташлаб келган экан?
— Тоға, бунинг аҳамияти йўқ.
— Энди жиян, сен турмушни билмайсан…
— Тоға, унинг таржимаи ҳоли мени қизиқтирмайди. Сирасини айтганда, мен ўзим ҳам унга ўхшайман.
— Қалай? Қизнинг кўнгли борми ўзи сенда?
— Бор…
Эшик оғзида суҳбатга қулоқ осиб турган янга ен-гини қоқиб тушириб, чўнқайди.
— Кимнинг гапи? Анави ўлган магазинчининг қизини гапиряпсизларми?
— Ҳа, жияним шунга уйланмоқчи, — деди Эшқобилов.
— Був-в! Одам қурибдики! Нима, қиз қуриб қолдими? Эрта-индин олий маълумотли бўласиз, бола!
Акобир идамади.
— Кейин, ўзининг ҳам оёғи енгил дейдилар. Бекорга Қаршини ташлаб келмаган. Ўзи ўлардай қақажон… Вой, биламан мен!
Акобир қулоқ солмади.
— Тоға, ўзингиз совчиликка борасиз-да? — деди.
— Нима қилардик, — деб кулди Эшқобилов, — у қушча юрагидан урипти, жиянимизни, хотин. Бўпти. Ишқилиб, жиян, сен тинч бўлсанг, бизга давлат шу.
Акобир болалар уйига бориб, ўзини тарбиялаган фронтовик мактаб директорига ҳам воқеани айтди. Улар ҳам пул жамғардилар…
Икки кундан кейин Эшқобилов ўзининг Малик деган овчи ўртоғи ва болалар уйининг директори билан Мастураларникига борди. Кўзи тўрт бўлиб ўтирган Мастура беихтиёр равишда улардан қочди. Уй орқасига ўтди-да, баланд ёнғоққа чикди. Кейин, думбул бўлган ёнғоқни отиб, одамларни чалғитиб ўтирди…
Мастура тўйда ҳам, одамлар кетганида ҳам ўзини телба қувонч ва қандайдир ғашлик қўйнида ҳис қилди. Телба қувончига сабаб шуки, ўзига ёвқараш қилиб юрган қўшни хотинлар, қиз-жувонлар уни қучиб табрикладилар, унга табассум қидилар, унинг айтганини шак-шубҳасиз бажо келтирдилар. Мастура ўзини уч йил бурунги Мастурадек ҳис этди. Ғашлигининг сабаби шуки, у илгари кўрган тўйлар данғиллама бўларди, бу тўй қандайдир маъюсгина бўлди. Меҳмонлар кетди.
— Мастур, биз яхши яшаб кетамиз, — деди Акобир.
Мастура кўз олдидаги чимилдиқ пардалари оппоқ шоҳи пардаларга айланди; кир вассалар узоқлашиб, ўрнини антиқа бўёқ қилинган текис шифт эгаллади; ёнбошидаги тахмон узоқлашиб, ўрнида шифоньер пайдо бўлди. Ўтирган тўшаги кўтарилиб, лўлаболишлар парқут ёстиқларга айланди.
— Қачон? — деди гангиб Мастура.
— Мен ўқишни битирайин, — деди Акобир. — Геолог бўламан… Сизни ҳеч кимга хафа қилдирмайман.
Мастура бу гапларни яхши уқмади. Бу мулоҳазалар унга ёт туюлди. Сўнг, негадир отаси бирдан ёдига тушиб кетди, бирдан таъсирланиб:
— Бечора отам, — деди у. — Ҳозир бўлганида эди…
Акобир туриб ўтирди.
Мастуранинг кўнглидаги ғашлик бирдан кучайиб, Акобирнинг елкасидан қучоқлади. Бу ишларга, тақдирига Акобир сабабчидек, уни бағрига қаттиқ босди ва тиз-тиз ёш тўкди.
Акобирнинг кўнгли ийиб, Мастуранинг бу ҳаракатларидан ўзини олам қадар бахтиёр ҳис этди. Унга бўлган меҳри юз чандон ошиб кетди.
Иккинчи куни эрталаб Акобир сочлари тўзғиб, юзтубан ухлаб ётар экан, Мастура ёқимли ҳорғинлик оғушида шифтга қараб ётар, вужудида шунча ёшга кириб татимаган тотли бир осойишталик ва оромбахш бир паришонлик ёйилган эди… Энди ўз уйи — гўшасини яқиндаги хаёлидагидек кўриш унинг орзусига айланган ва ўзининг бу янги ҳолатини ҳам идрок этган. Бу ҳолатни ва бу орзуларни ҳам ҳаётида ҳамишага татиш ва кўриш унинг хаёлига ўрнашиб қолган эди.
Тўйнинг учинчи куни Акобир Тошкентга жўнаб кетди. Йигитнинг ҳам қиздан, қизнинг ҳам йигитдан ажралиши оғир бўлди.
Ҳижронли йиллар ўтди.
Мастура бу йилларни бўлажак уй-жой, келгуси бахт орзусида, Акобир билан учрашув онлари орзусида ўтказди. Бу йилларда унинг вужудини тўй куни эгаллаган ғашлик ҳам тарк этиб кетган, вужудида ўшандаги қувонч ҳоким бўлиб қолган эди.
Дарҳақиқат, қўшнилар ва таниш-билишларнинг унга муносабати аввалгидек давом этар, Мастура уларга эркаланар, у яна беихтиёр равишда ҳурмат талаб ва меҳр талаб бўлиб қолган эди ва буни ҳаётда ҳар қадамида кўрар эди. У яна ўз табиатига хиёнат қилмаган: одамлар муносабати унга нечук ўзгариб қолганини мушоҳада этмаган, буни табиий бир ҳолдек қабул қилган, уларнинг яқиндаги муносабатларини изсиз унутган эди.
Акобир Тошкентда талашиб-тортишиб, қишлоқлари этагидаги саҳрога йўлланма олди. Келиб, нефть қидирув ишларини бошлади.
Аста-секин уларнинг орзулари рўёбга чиқа бошлади.
Акобир уч юз сўмдан маош олар ва «нефть-разведка»га зарур бўлган барча хомашёлар унинг ихтиёрида эди.
— Хўш, қаердан уй қурамиз? — деди бир оқшом Акобир ҳорғин.
Бу масалани Акобирдан олдин Мастура онаси би-лан ҳал қилган эди.
— Бу ота юртни нима қиласан? — деди она. — Мени ташлаб кетасизларми?
— Йўқ, олиб кетамиз, — деди Мастура.
— Бу ҳовлини сотасизларми?
Бу мулоҳазалар Мастура учун янгилик эди. У онасига диққат қилди.
— Йўқ, қизим, — деди она кўзларини пирпиратиб. — Менинг ҳам беш кунлигим борми, тўрт кунлигим борми — номаълум. Шу жой сизларга қолади. Шу ерни обод қилинглар. Ҳар ҳолда, ота юртинг. Отангни арвоҳи ҳам шод бўлади.
Мастура учун ортиқча гапнинг ҳожати йўқ эди.
Мастура эрига ҳам шундай деди.
Акобирнинг бу борада фикри ўзгача эди: бу кўнгли ярим бўлса ҳам, андишали ва мағрур йигит ўзича мустақил яшашни орзу қилар, қандайдир мулоҳазаларга бориб, ўзининг борлигини исботламоқчи бўлиб юрарди. Кейинчалик эса, Мастурада ҳам шундай мақсад бор деб авваламбор уни севгани, сўнгра такдирига ачинганидан мамнун бўлган эди.
Мастуранинг гапларини эшитган Акобир унга тикилиб қаради.
— Мастура, сенинг айтганларингни қиламан, аммо, режамиз бўлакча эди-ку?
— Ўйлаб кўрдим, — деди Мастура. — Ахир, мен отамнинг юртини ташлаб кетоламанми?
«Тўғри, бунинг гапи ҳам тўғри», деб ўйлади Акобир ва ўз ота-онасининг қабри қаердалигини ҳатто билмаслигига ачинди. «Албатта, менинг ота-онам бўлганида, мен ҳам ўшаларнинг ёнида бўлишни афзал кўрардим», деди ўзига.
— Яхши, — деди Акобир ва рўпарасидаги уйга, боққа янги бир кўз билан қаради. Уйни айланиб, боғни кезиб чиқди.
— Аста-секин геологларнинг тўрт ғилдиракли машинасида аъло сифатли тахта-ёғочми, цементми кела бошлади. Тоғаси яхши усталардан топиб берди. Аммо у, энди ачинди.
— Э, жиян, чакки қиляпсан-да, — деди. — Ичкуёв кучук куёв дейдилар. Турмушни билмайсан. Ўзингаи қафасга соляпсан…
— Тоға, у гаплар эскирди, — деди Акобир. — Менинг учун фарқи йўқ: бу ҳовли нима-ю, бошқаси нима.
Бироқ, Мастурани бир нарса ранжита бошлади. Акобир саҳрода ишлар, ҳафтасида бир кеча келиб ётиб кетар эди.
— Шу ерда туриб ишласангиз бўлмайдими, ахир? — деди Мастура.
— Бўлмайди, Мастура. Мен бошлиқман. Ишимиз масъулиятли, — деди Акобир.
Бу ранжишлар Мастурага бошқа ҳақиқатларни оча бошлади.
— Ахир, биз ҳам одамларга ўхшаб яшаймизми ўзи? — деди бир кеча. — Ҳамма эркаклар саккиз соат ишини қилиб уйига келади. Хотинининг ёнида бўлади. Сиз бўлса! Нима, ё у ерда битта-яримта топганингиз борми?
Акобир унинг мулоҳазаларини тўғри деб топди.
— Мастура, қизишма, — деди. — Гапинг тўғри. Лекин, нима қилай, ишим шунақа.
— Қуриб кетсин шунақа иш ҳам, — кўзига ёш олди Мастура.
Акобирнинг кўнгли ийиб, Мастурани: «мени соғинади, яхши кўради», деб ўйлади ва чуқур хўрсиниб:
— Бу томонини бошда яхши ўйламапмиз-да, — деди. — Албатта, саҳрога бориб сен яшай олмайсан. Унинг иссиғига чидаб бўлмайди. Мен бунга йўл қўймайман. Қийналиб қоласан!
Шундан кейин Акобир кунора кечаси келиб, тонг отмасдан кетадиган бўлди. Бироқ, жуда озиб кетди. Башарасига қараган киши бурнини кўрадиган бўлиб қолди.
Бу орада эса, Мастуранинг ҳомиладор бўлгани маълум бўлди. Унда илгари кўрилмаган инжикдиклар пайдо бўлди.
Бу ёкда… уй битиб борарди.
— Ташлайсиз ишингизни, бўлмайди! — деди Мастура.
Акобир икки ойга отпуска олиб келди. Уй битди. Чорбоғ йўлкалари ҳам қўлдан чиқди. Акобир боғни ўраб турган увада деворни буздириб, бир ғишт қилиб қайта девор урдира бошлади.
Мастура энди ўзи орзу қилган ҳаётига етган эди…
Бироқ, бу унга ҳеч қизиқ туюлмади. Аста-секин бу янгиликларни унутди ва буларга қадимдан бор нарсалардек қарай бошлади.
Акобир эса, ўз ишидан мағрур ва мамнун, Мастурани ҳам шундай деб ўйлар эди.
Бир куни Мастура ишком остида ўтирди, ўтирди-да:
— Битта тандир қуриб беринг, бу исқотида нон турмайди, — деди.
— Хўп, — деди Акобир. — Бугун кеч бўлди. Эртага тупроқ опкеламан.
— Эртага деб юрасизми? Эрта-индин яна саҳрога деб кетиб қоласиз.
Акобир елкасини қисди. Икки пақир ва кетмон кўтариб, қишлоқнинг ғарб томонидаги тепаликка қараб кетди. Тепанинг тупроғи қизил ва пишган бўлиб, уни тандир қуриш ва том сувашга ишлатишар эди.
Акобир бориб, чуқур, нам ғорга кирди. Йўлакдаги ахлатларни кетмон билан суриб ташлади. Ғорда чўнқайиб ўтириб, тупроқ қаза бошлади… Бир пайт тупроқ ичидан бита сопол парчаси чиқди. Уни пақир лабига уриб қоқди ва томоша қиларкан, саҳродаги ишини эслади. «Бир ҳафта қопти», деб ўйлади, сўнг хотинининг «кетасиз» дегани ёдига тушиб, «энди нима бўлади?» — деди ўзига-ўзи.
«Мастура яна жанжал қилади. Ишимни ташлашим керакми? Уни олиб боролмайман… Ҳафтасига уч марта қатнайдиган бўлсам, ўлиб бўламан… Э, эрта-индин кўзи ёриса! Қизиқ бўлди-ку?»
Акобир яна кетмон ура бошлади. Кетмон қаттиқ нарсага тегди — унинг кўза экани маълум бўлди. Кўзани синдирмаслик учун атрофини ўйиб, тупроғини ола бошлади. Оқибат, кўзанинг бир ёни чикди. Акобир тупроқни ирғитиб ташлаб, яна кетмон урди ва устидан бир нарса босаётгандек, уни ташвиш қоплаб тепасига қаради, бошига яқинлашиб қолган тупроқ-шифтни кўрди. Бурила солиб, эшикка отилди. Ииқилиб тушди ва улкан тупроқ унинг бўйнигача босиб қолди. Акобир ихтиёрсиз ингради, буткул ичак-чавоғи бўғзига тиқилгандек бўлди. Нафаси бўғилди ва кўзлари отилиб чиққудек бўлиб қолди. Қимирламоқчи бўлди, назарида қимирлади ҳам ва «ўламанми энди?» деди-ю, ўзидан кетди.
Адирда қўзи боқиб юрган болалар тупроқ олинадиган ғорнинг қулаб тушган товупшни эшитиб қарашди, ғор оғзидан енгил чанг кўтарилди. Улар таажжубланиб чопишди ва ғор оғзига тушиб, Акобирнинг тупроқдан чиқиб турган бошини кўришди.
— Акобир ака? — деб бақирди найчининг ўғли.
— Тупроқ босипти, — деди жувозчининг невараси.
— Чақиринглар… — заиф овоз чиқарди ҳушига келган Акобир.
Болалар атрофга аланглашди ва тўғри Мастураларникига чопиб кетишди.
— А? Тупроқ босди? — гангиб туриб кетди Мастура. — До-од! — деди-да болаларнинг изидан югурди.
Етиб келганларида Акобирнинг лаблари тупроқ бўлиб кетган эди.
— Одам чақиринглар… — деди у яна зўрға.
Мастура: «Вой, ёрдам беринглар!» деб қичқирди.
Олисда унинг изидан чиқиб, бири тўхтаб турган, бири эргашиб келаётган икки сувчи йигит буларга қараб югурдилар.
Акобирнинг икки оёғи ва бели синиб кетган эди.
— Қимирлатманглар, оҳ! — деди у.
Сувчи йигитлар касалхонага чопиб кетишди… Уни замбилга ётқизиб, кўчага олиб чиқишди, кейин, у ерда турган «тез ёрдам» машинасига солиб олиб кетишди. Мастура йўл бўйи дод солиб тиззаларига уриб борди.
— Мен ўлай! Нимага тупроқ олишга юбордим! — деб йиғларди у.
Шу куни Акобирни шаҳарга олиб кетишди.
Бирга борган Мастура ҳовлидаги акация дарахти остида ўтириб, туғадиган хотиндек кута бошлади. Бир соатдан кейин ҳамшира чиқиб келиб, имлади.
— Вақтида опкелишмапти. Заражение бўп кетипти, этидан сопол синикдари олдик, — деди доктор.
Мастура додлаб, худди доктор айблидек унга ёпишди.
— Вой, тузатиб берасизлар, тузатасизлар-ар! — деб бақирди.
Уни Акобир ётган хонага киритдилар.
Акобир кўкариб кетган, юзини таниб бўлмас, ярим белидан пасти шишиб, оқ чойшабни кўтариб турар эди.
— Мен ўлай! — деб унинг ёнига чўккалади Мастура.
Кўзлари ичига чўккан Акобир жим ётар, оғзи очилиб, пастки жағи осилиб қолган эди…
Акобирнинг қирқи ўтгач, Мастура уни аста-секин унута бошлади ва уни отасини эслагани сингари эслайдиган бўлиб қолди. Лекин қўшнилар ундан яна юз ўгиришган эди. Энди тажрибали Мастура фикр қилди: «Ўзи одамларнинг тайини йўқ. Бир кун қарасанг, яхши кўради, бир кун қарасанг, ёмон кўради. Фу! Яна битта эрга тегай, кейин яна ким яхши — Мастурахон яхши бўлади».
1975