Устоз Абдулла Қодирий ўзининг тўнғич ромони бўлмиш «Ўткан кунлар»ни «Модомики, биз янги даврга қадам кўйган эканмиз…» деган серандиша сўзлар билан бошлаган эдилар. Аслида, улуғ бобомиз ўшанда фақат битта ўзининг кўлидан келадиган буюк ишга қўл урган эдилар ва зиммасидаги тарихий вазифани сидқидилдан адо этганлар. Ваҳоланки, у кишига ҳеч ким «Ўткан кунлар»ни ёзиб бергайсиз, тақсир, деб буюртма бермаган эди. Зеро, ҳақиқий ёзувчи мудом виждони буюрган ишни бажаради, ижтимоий «заказ»ни эса…
Ўзбекистон халқ ёзувчиси Шукур Холмирзаев ўз виждонига, Ўзи ато этган истеъдодига содиқ қолган камёб ёзувчиларимиздан ҳисобланади. У кишининг янги ҳикояси ҳам дафъатан «янги давр буюртмаси» бўйича ёзилгандек туюлиши мумкин. Лекин «Аросат» синчиклаб мутолаа қилинса, ёзувчи ИНСОННИ ТУШУНИШга ҳаракат кцлаётганини ва биз ўқувчиларни ҳам ИНСОННИ ТУШУНИШга чорлаётганини англаш унчалик мушкул бўлмайди. Дарҳақиқат, «инсонни тушуниш керак», деб таълим берган эди Эрнест Хемингуэй. Назаримизда, ёзувчининг бирламчи вазифаси — инсонни тушунишдир. Инсонни тушунмаган ёзувчи (асар қаҳрамони эмас!) охир-оқибат Аросатда қолади.
(«Ватан» газетаси шарҳи)
* * *
Зокир Ўрин чойхонада ўтирган эди, оёқларини сўридан осилтириб, чалиштириб, унинг қаршисидаги сўридан жой олган эрмакталаб нашаванд, фаррош ва сартарошга Эсон дўхтир гап берарди, тик турганча ҳовлиқиб:
— Сизлар ҳам юрибсизлар-да, жўралар, дунёдан бехабар… Хўжамёр ахир Масковдаги хайрия пондларидаям ишлаб, ишбилармон бўлиб келди. Бу орада у икки марта, йўғ-е, уч марта Туркияда бўлди! Бир марта Амриқода!.. Бизнес ишколаниям битирган у! Нима деяпсизлар… Йўғасам, мана — милёнер бўлар эди!..
— Ҳов фельдшер, қайси Хўжамёрни айтаяпсан? — деб туйқусдан сўраб қолди Зокир Ўрин.
— Домла, сиз ҳам ғаплатда қолган экансиз-ку! — деб этсиз башарасини куйдирган калладай тиржайтирди Эсон. — Ахир, ўзингизнинг ўқувчингиз-чи? Мадиёр даллолнинг ўғли! Суррайиб юрарди-ку отасининг изидан?.. Менимча, бир-икки йил синпидаям қолган эди.
— Э, шундай демайсанми, — дея жез тишларини кўрсатиб илжайди домла ва хурсандлиги шунчаки, торгина кўкраги қабариб кетди. — Ҳа, уни ўзимиз ўқитганмиз. Синфида қолганиям рост. — Кейин ўйланиб, елкасини қисди. — Яхши, унда тижоратга қобилият бор экан. Биз ўшанда тижорат аҳлини ўғри-каззоб деб ёмонлар эдик.
— Энди ўзингизга келдингиз, домлажон, — деб бу кишига гап уқтирмоққа бошлади дўхтир. — Ҳолбуки, ўша вақтлардаям «Ўтган кунлар»даги Отабекни «миллий қаҳрамонимиз», деб мақтар эдингизлар.
— Рост, рост, — тан олди Зокир Ўрин жиддий тортиб. Сўнг яна қалбаки тишларини кўрсатиб: — Лекин савдогарчилигига ўтмас эдик-да… — деди.
Эсон дўхтир муаллимни мот қилиб бўлгандай тантанавор кулиб юборди. Унга қўшилиб домланинг ўзиям сийрак сочли хумдек бошини ирғаб куларкан, бошқалар ҳам зўр аския эшитгандай хахолай бошлади.
Кейин домла хаёлчанлик билан чойнак ёнига беш сўм ташлаб оёғини ерга қўйди. Кичкина қоринчасидан пастга силжиган қайишини тирсаклари билан қисиб — кўтариб олиб, сўри қошига кийгизиқлик сарғиш шляпасини бошига қўндирди. Сўнг жамоага зиёлича таъзим қилиб:
— Хуш қолинглар. Раҳмат, Эсонбой, сизгаям, — деб бурилиб, хиёбонга чиқди.
Ана шунда унинг калласига бир хаёл келди: «Қара-я, ўша бола одам бўпти. Милёнер тижоратчи бўпти. Қандайдир корхона очиб, элгаям нафи тегаётганмиш. Шундай кунларда…».
Домла Зокир Ўрин мактабда дарсларини ўтиб бўлиб уйига кетаётганда, азбаройи чанқаганидан чойхонага кирган эди. Бинобарин, энди уйига бориши керак. Бироқ… ҳозир нечук чойни ичиб тугатмасдан ўрнидан тургани-ю, хиёбонда тўхтагани сабабини нохос англаб қолди.
— Ҳов Эсонбой, бу Хўжамёрнинг корхонаси… иш-жойи қаерда? — деб сўради ортига қайрилиб.
— Тоза ҳаётдан ортда қоп кетган экансиз-да, тақсир, — деб яна тантана қилди фельдшер. — Ахир мактабингиздан тубанда эски қуртхона бўларди-ку, Калинин колхозининг собиқ идорасида. Ҳовузиям бор…
Домла эслаб:
— Бўлди. Раҳмат, — деди.
— Ўшаққа борасизми? — сўраб қолди Эсон дўхтир.
— Бориш керак, — жавоб берди муаллим собитлик билан. — Бизнинг ўқувчимиз шундай киши бўпти-ю, биз бир оғиз табрикламасак, уят бўлади.
— Ҳе, отангизга раҳмат! — деди дўхтир. — Ундайлар кўпайсин деб дуо қилинг. Энди замон уларники…
Зокир Ўрин даврага тағин енгил таъзим қилиб ва кичкина, ихчам гавдасига ярашмайроқ турадиган салмоқли юриш билан чойхона олдидан ўтди.
Домла толиққан эди. Аммо бу янгилик завқидан ва Хўжамёрни кўриш, кўришиш ва ҳимматли ишларига барор тилаш онларининг жозибасидан чарчоғини ҳам унутиб, мактаб қошидан ўтиб кетди.
У Хўжамёрнинг болалик қиёфасини ҳам, пахта терим маҳалларида такасалтанг юришлари-ю, «качегар бўламан» деб ўчоқ бошида қолишларини ҳам ҳисоб формулалари каби эслаб борар, шу асно унинг оқибат тижоратчи бўлишида замин излар, чунки шу заминни шарҳлаб уни шод этишни ҳам ўйларди. Бироқ ҳарчанд бош қотирмасин, отаси даллоллигидан ўзга сабаб топа олмади. Домла учун тағин ачинарлиси шу эдики, Хўжамёр нақ ҳисобдан ҳам ўртача ўқир эди: ҳа, бирон масала ёки мисолни шариллатиб, ечиб ташлаганини эслолмайди.
«Лекин қобилият кейин ҳам юзага чиқиши мумкин, — деб ўзича тўнғиллади Зокир Ўрин ниҳоят. — Буям талантдай гап…».
Домла рўмолчаси билан манглайини артиб жиларкан, йўл бўйидаги водопровод дастагини босиб челагини сувга тўлдираётган келинчакни кўрди ва ундан манзилни суриштирмоқчи эканини фаҳмлади-ю, етиб келганини билди.
Ўнг қўлдаги яп-янги темир дарвозанинг бир табақаси очиқ, у ердан томлар узра юксалган балх тутининг эгик шохлари кўзга ташланиб турарди: ҳа, бу тут ҳам домлага таниш. Болалигида… ҳу йироқ замонларда унинг кичкиналигини пеш қилиб, дарахтнинг учки новдаларини кесиш учун чиқаришар эди, Зокирбой одобли бола бўлганидан барг кесиш баҳона тутга қорин тўйдириб тушишни ҳам ўйламасди.
«Бу йил кесишмаптими?.. Э, пилла териб бўлинди-ю, «кесишмапти» эмиш…»
Домла шу ўйдан кейин Эсон дўхтир айтганидек — чиндан ҳам «ҳаётдан ортда қолгани», аниқроғи, мамлакатдаги ташқи сиёсату ҳаётдаги товланишлардан тўйгани учунми — турмушнинг бошқа йўриқларига хийла лоқайд бўлиб қолганини тан олгани ҳолда, дарвозадан кирди.
Катта чоркунж ҳовузни кўриши лозиммиди — асфальт ётқизилган йўлкада турган кўк «Волга» билан кумушранг хорижий мошинага кўзи тушиб, ҳайрон бўлди. Кейин кенг йўлканинг сўлга бурилгани ва қари тутнинг эгик шохларини кўриб, мамнун тортди: тут… ўзини кутиб олаётгандай туюлди.
Шу ҳиснинг қувватида — бу ерда бемалол юришга ҳаққи бор каби мошиналар ёнидан бемалол ўтди-ю, баҳайбат дарахтнинг тагида стол атрофида ўтиришган уч-тўртта кишига рўпара бўлди. Улардан битгаси таниш эди: яқиндаги дўкон қоровули.
— Ассалом алайкум! — деди домла қўнғирокдек овозда.
Танимол ўрнидан сапчиб туриб, меҳмонга пешвоз чиқди.
— Валекум ассалом. Келинг, Зокир Ўринович!
Домла салмоқли юришда бориб, у билан кўришди.
— Ҳим, раҳмат… Хўш, ўзингиз қалайсиз? — деб сўради худди шу қоровулнинг аҳволини билгани келгандек.
— Шу Хўжамёр аканинг апчаркаси бўлиб юриппиз, домлажон, — деб жавоб берди у илжайиб. — Ҳа, хуш кўрдик… Хўжайин керакми?
Домла тек қолди.
— Кераг-у… — деди домла. — Лекин нега «хўжайин» дейсиз? Нега Хўжамёр сизга «ака» бўлар экан?.. Шошманг-да! Тағин «афчаркаси бўлиб юрибман» эмиш… Бу нимаси?
— Энди… — «Апчарка» қийналиб-қипсиниб, лўмса юзини синиқ илжайиш қоплаган ҳолда, хўрсиниб юборди. — Бориям шу-да, домлажон.
Зокир Ўриннинг астойдил жаҳли чиқиб:
— Ажабо, мен билмай юрган эканман. Қочинг йўлдан, — деди. — Ҳов, Хўжамбой Мадиёров!
Тутнинг орқасида — томига ялтироқ тунука қопланган бинонинг ўнг тарафидаги гулзорга очилган деразаларининг биридан Хўжамёр… ҳа, ўша от юзли йигитчанинг йирик нусхаси қараб турган экан.
— Марҳамат, домла. Биз шу ердамиз… Абдибой, эшикни кўрсатинг! — деди.
Зокир Ўрин Абдининг ишора-илтифотини қўл ҳаракати билан кескин рад этиб, эшикка йўналди. Пештоқдаги ёзувга боқмай, аммо ҳўл тўшанчага пошнаси аллақачон қийшайиб кетган туфлисини артиб, чоғроқ хонага кирди. Рўпарада ялтироқ стол ортида ўтирган хушбичим қиз ўрнидан турар-турмас, сўл ёндаги ўймакор эшик очилиб, жигарранг туфли, малла кастюм кийган новча йигит четга тортилди.
— Кираверинг.
Домла остонага қоқиниб, чўғдек гиламга оёқ босди ва бўсағаданми, гиламданми узр сўраган каби ғўнғиллаб, Хўжамёрга талпинди.
Хўжамёр уни бағрига олиб ва кифтига аста-аста қоқиб:
— Домлам-е, Зокир Ўринович-е, бормисиз-е, — дер экан, домла Зокир Ўриннинг кўзлари ғилқ ёшга тўлди: дами қайтиб, йироқ замонлар билангина эмас, ўзининг ёшлиги билан ҳам учрашгандек пиқиллади ва табиий, у киши ҳам қўлини тепага узатиб, шогирдининг елкасини силар эди.
Ниҳоят, Хўжамёр домлани бўшатиб, ён ёқда саф тортган ўриндиқларга ишора қилди.
— Ўтиринг, домла. — Узи эса узун столнинг бошида ўқида айлангувчи, суянчиғи баланд — тахтсимон курсига бориб ўтирди. Ва селектр тугмасини босди. — Асал, чой, — деди. Кейин ликопчадек ҳовучини очди. — Потиҳа қилиб қўямиз-да, домла? Ҳарҳолда мусулмонмиз, бунинг устига, дин модага кирди.
Зокир Ўрин кўзларини артган рўмолчасини шоша-пиша чўнтагига соларкан:
— Ҳа, албатта… Лекин дин ҳеч вақт модадан чиқмаган, — дея қўлларини фотиҳага кўтарди.
— Омин. — Хўжамёр жилмайиб юзига фотиҳа тортгач, стол четидаги хорижий сигаретдан бирини чиқарди. — Ҳалиям мунозарага ўчсиз-а, домла?
— Гап мунозарада эмас, — дея Зокир Ўрин ҳам киссасидан «Астра»сини олди. — Дин ҳамма вақт одамларнинг қалбида бўлган, Хўжамбой. Лекин бечоралар тазйиқ остида…
Хўжамёр хориж сигарет қутисини домланинг олдига суриб юборди.
— Мундан чекинг.
— Мен шунга ўрганганман… Қуръони каримда ҳам айтилар эканки, эътиқод зоҳиран ва ботинан бўлиши мумкин… — Зокир Ўрин сигаретни ўзи чаққан гугурт ўтида тутатиб, «мунозарага» киришаркан, Хўжамёр унинг сўзини яна бўлди:
— Ҳа, динни динчиларга қўяйлик, домла… Ўзингиздан сўрасак? Уй ичлари, кайфиятингиз қалай? Жиянлар… Жиянлар кўпайиб қолишгандир?
Зокир Ўриннинг кўзлари бирдан қувнаб:
— Жуда! — деди ва кулди. — Қилган ишимиз шу бўлдики, ўзбек халқининг кўпайишига ҳисса қўшдик, холос. Бошқа — на илмга, на амалга дегандай… қизиқишлар сўниб кетди. Бироқ бола тарбиялаш ҳам осон иш эмас… — Бошини кўтариб, тағин сунъий тишларини кўрсатиб жилмайди. — Мана, ўзларингиз ҳам ўзимизнинг мактабдан чиққансизлар. Бевосита тарбия беролмаган бўлсак ҳам, билвосита таъсиримиз ўтган бўлиши мумкин. Шундайки, мен сизнинг, Хўжамбой, бундай замонавий бизнес бошлиқларидан бири бўлиб келишингизни ўйламаган бўлсам ҳам, буни кўриб, ҳам эшитибоқ ғоят хурсанд бўлдим. — Сўнг ўйланиб, изоҳ берди: — Кечирасиз мени, ғафлат босиб денг, вақтлироқ келмадим қутлагани…
Хўжамёр сигарет кулини биллур кулдонга қоқиб, энди кулдонни домлага суриб қўйди.
— Парво қилманг, домла… — Сўнг яна селектр тугмасини босиб. — Асал? — деди. Ва у ёкдан дарҳол жавоб қайтди: «Лаббай, Хўжака!» — Сен анавиларга айт, бизга натуральний тери керак, хўпми? Қанча бўлсаям оламиз айтилган нархда. Уни Туркия чегарасига обориш ҳам бизнинг бўйнимизда… Улар билан ортиқча савдолашиб ўтиришга вақтим йўқ… Азиз меҳмоним бор!
Зокир Ўрин бу гапларни эшитаётган эса-да, маъносини уқишга ҳаракат қилмай турарди. «Азиз меҳмоним…» сўзини эшитгач, маъно англаш қобилияти ишлаб кетгандек чеҳраси яна ҳам ёришиб:
— Раҳмат, — деб қўйди.
— Шунақа… иш, иш, иш, — деди Хўжамёр ва хўрсиниб нафас олди. Кейин: — Хўш, домла… — дея Зокир Ўринга тикилиб қаради-да, мийиғида илжайди. — Сал қартайибсизми дейман?
Зокир Ўрин сергак тортиб:
— Ҳа, шу энди, эскилар айтганидек, олма билан ўрик бўлармидик, Хўжамбой, — деди.
Хўжамёр бемалол ҳиринглаб:
— Рост айтасиз, — деди. — Мана, биз ҳам… Сочларни қаранг. Ҳа, лекин, домла, дунёни кўриш керак экан. — Шифтларга қаради. — Туркия, Олмония, Амриқо… Буларни кўрмасдан яшашни мен энди тасаввур қилолмайман. — Сўнгра домлага ҳасрат қилгандек деди: — Бу мамлакатларнинг ҳар биридаям ўзбеклар бор экан, қаранг-а!
— Албатта, бор, — деди Зокир Ўрин жиддий бош ирғаб. — Ҳатто, Австралияда ҳам бор эмиш…
— Лекин ҳаммаси тижорат билан шуғулланаркан, — гўё домланинг гапини давом эттирди Хўжамёр. — Яшашларини кўрсангиз! Шундай офислари борки!.. Масалан, Истанбулда шундай бир марказга кириб қолдим, боёқишлар бирам хурсанд бўлиб денг, «Бюриниз», деб туришипти. Дарров кофе… — У ўз сўзини бўлиб, боз селектрни босди. — Асал, чой нима бўлди? — «Ток келмай қолди» деган жавоб қайтди ускунадан. — Ана шу-да аҳволимиз, — гўё сўзларига якун ясади Хўжамёр. — Биз шу қадар орқада қолиб кетганмизки, домла… — У бошини оғир чайқади. Кейин бу ҳолни, ўйлайвериб бошоғриққа йўлиққандек чаккаларини қисди.
— Ҳа, рост. На чора, биз учун ибрат — бошқалар эди… — деб ҳамсуҳбатининг фикрини маъқуллади Зокир Ўрин. — Дунёдан узилиб вокуумда яшаганмиз-да.
— Оҳ-оҳ, от-тангизга раҳмат! — деди Хўжамёр. — Вакумда яшаган эканмиз, вакумда… — Сўнг элан-қаран ўрнидан турди ва сигаретни авайлаб тутганча столни ёнлаб келаркан, домла кулдонни унга суриб қўйди-ю, у сигаретни идишга босганича Зокир Ўринга қиялаб тикилди. — Аҳвол қалай, домла?
— Аҳвол яхши, — деди домла. Кейин синиқ жилмайди. — Эл қатори. Элга келган тўй-да, бу кунлар ҳам…
— Ҳимм, сизларнинг маошларинг кўпайиб қолди-я? — Хўжамёр бурилиб, жойига қайтди.
— Анча! — дарҳол жавоб қайтарди Зокир Ўрин ва боз жилмайди. — Тўғри, пулнинг қадри тушиб кетаётган пайтда бу унчалик билинмайди. Аммо яшаса бўлади… Чидаймиз-да, Хўжамбой! Чидаш керак. — Сўнгра илҳоми тоша бошлади. — Мустақил бўлишни шунча йил кутдик. Уни деб куйиб-кул бўлиб ўтди улуғларимиз, алломаларимиз…
Хўжамёр тағин домланинг сўзини бўлди:
— Менга бир гапингиз нашъа қилиб кетди, ростини айтсам. Хўш, «яшаса бўлади» деганингиз. — Сўнг деразага маъноли термилиб қолди. — Яшаса бўлади… — Шу тобда ундан теран маъноли, ҳаётий мулоҳазаларга тўла ҳикматларни кутиш мумкиндек эди. У эса: — Умуман, айтганда, шундай, рост, — деб жойига ўтирди. — Демак, ҳали аҳвол ёмонмас экан.
— Ёмонмас, — деди Зокир Ўрин. — Бироқ, Хўжамбой ука, кимга қандай? Гап мана шунда… Мамлакатимиз аҳволини тушуниб, борига қаноат қилиб яшаётганлар ҳам бор. Тушунишни истамай, кечаги кунни қўмсаётганлар ҳам бор. Аммо уларниям тушуниш мумкин: ҳар кимнинг ҳам яхши яшагиси келади.
— Уҳ, ана бу — доно гап! — деб юборди Хўжамёр. — Ҳар ким ҳам яхши яшашни истайди! Хўш, биз сингари бизнесменларнинг вазифамиз эса худди мана шу аҳволни баҳоли қудрат енгиллатиш… Фикримни тушунтиролдимми, домла?
— Жуда! — деди Зокир Ўрин ҳаяжонланиб. — Лекин раҳмат сиз… сизларга! Ана, чойхонадан келдим ҳозир. Ўша ердаям сизларни… Э, раҳмат-е! Келинг, қўлингизни битта қисиб қўяй, илтимос. Юракдан!
— Ҳе, домлагинам-е.
Хўжамёр қўлини қистириб, жойига кетгач, домла баттар таъсирланиб, бош эгиб қолди-ю, кўзи соатига тушиб, бирдан ҳушёр тортиб кетди.
— Демак, ҳим, гапимнинг хулосаси шулки, — деди,— сени… кўриб, кўп хурсанд бўлдим, Хўжамбой. Йўлда… йўлакай ҳув ўқувчилик даврларинг эсимга тушиб кетди: ажиб бир даврлар экан! — дея бирдан хитоб қилди. — Пахта теримида ёш болалар азоб чекарди, бу ҳол уларни эксплуатация қилиш билан тенг эди, деб қанча ваъзхонлик қилмайлик, ўша даврлар — бизнинг кечаги кунимиз, яқин тарихимиз, ёшлигимиз бўлиб қолади. — Сўнг уҳ тортиб юборди. — Болалик бизга ҳамма вақт ажиб, жозибали туюлади… Ана шунинг учун айтаманки, кечаги йиллар — ёшлигимиз ҳам — биз учун шубҳасиз азиздир!
Хўжамёр бошини қийшайтириб, домлани тингларкан:
— Ҳа, албатта… Ўша болалик бўлмаса, бугунги кунга етармидик, — деб қўйди.
Зокир Ўрин чалғиганини фаҳмлаб, энди соатига бемалол қараб олди-да:
— Энди бизга жавоб берасиз, — деди.
Хўжамёр томоғини оҳиста қириб:
— Йўғасам, бизга бўларини айтасиз, — деди. — Бизга нима хизмат бор?
Зокир Ўрин елкасини қисди.
— Хизмат… Соғ-саломат бўлинг, шу.
— Йўқ, ундай эмас, домла.
— Яна нима дейишим мумкин?
Хўжамёр янги сигарет олиб, бармоқлари орасида сийпалар экан:
— Домла, уялманг, илтимос, — деди. — Мен умуман… аҳволни тушунаман. Бизга кундек равшан. Масков кўчаларини кўрсангиз бир! Қайси куни эрталаб меҳмонхонадан чиқиб кетаётсам, ахлат яшикни ағдариб кўришаяпти. Иккита хотин. Дуруст кийинган, интеллегентга ўхшайди… Мени кўриб денг, бири бирига нима дейди: «Моя кошка любит вот эту косточку». Иккинчиси суякни кўрсатиб: «Менинг итим бунақасини яхши кўради», дейди. Тушундингизми?
Зокир Ўрин оғзини очиб қараб турарди.
— Ё тавба!
— Хўш, домла?
— Нима, «хўш?» Тушундим: бечоралар бир-биридан ҳам уялишса керак…
— Мен сиздан бошқа нарсани сўрадим, домла. Бу гап шунчаки даромад гап.
— Нимани сўрадингиз?
— Нимани истиҳола қиляпсиз, домла?
— Тушунолмадим?
Хўжамёр билагидаги олтин соатига кўз ташлаб олди.
— Мана, салкам чорак соат ўтирибмиз… Ҳим, сиз истиҳола қилиб айтмагандан кейин мен нима қилай?
— Нимани-нимани? — зўриқиб сўради Зокир Ўрин. — Мен ҳеч нарсани истиҳола қилаётганим йўқ. Мутлақо!.. Истиҳолани ўйласам, ҳатто…
— Нима?
— Бу ерга келмас эдим.
— Кепсизми, сўранг-да энди, — деди Хўжамёр ундан кўз узмай. — Ахир, мен сизга бегонамасман, — давом этди қандайдир ранжиниб. — Ҳали ўзингиз айтдингиз, бизга бевосита таъсир ўтказмаган бўлсангиз ҳам, билвосита… Албатта, тарбиянгиз ўтган. — У сигаретни сўриб, жаҳл билан пуфлади. — Биламан, аҳволингиз ёмонмас… Умуман, Ўзбекистонда яшаса бўлади. Майли-да!
— Иншооллоҳ, яхши бўлади, — деб қўйди домла.
— Ҳа, энди, инсон орзу-истак билан яшайди, дейдилар… Буям доно гап.
— Бу — ҳақиқат, — деди Зокир Ўрин ва энди ўзи Хўжамёрга тикилди. — Ука, нима демоқчисиз? Айтинг, эшитай. Вақтингизни олдим. Кетаман.
— Йўқ, сиз учун вақт бемалол.
— Раҳмат.
— Хў-ўш, — Хўжамёр суянчиққа ястаниб, сигаретни роҳатланиб сўрди-да, ғалати кулиб юборди: кулгиси томоғидан чиқди, чунки ҳиссиз эди.
Зокир Ўриннинг эса нафсонияти оғриниб кетди. Ўзини эрмак қилинаётгандек туйиб:
—Бўпти, бизга жавоб, — дея ўрнидан турди. — Самимий суҳбат учун раҳмат. — Хўжамёр сўзини бўладигандек шошиб давом этди: — Ҳим, Туркия, Амриқо сафарларингиз ҳақидаям эшитдим… Ҳа-ҳа, уларда ҳаёт бошқача! Бизлар қолоқ…
Ўрнида миқ этмай қолган Хўжамёр:
— Домла, — дея унинг курсисини кўрсатди. — Ўтиринг жойингизга!
— Раҳмат. Лекин, лекин… инсон йўл топади! Ҳукумат ҳам! Ҳарқанча қийналиб бўлсаям. Ахир, янги йўлга тушган чақалоқ ҳам қоқилади-ку?
— Уф, агар хафа қилиб қўйган бўлсам, узр сўрайман, — деди Хўжамёр ва аста қўзғалиб, стол ёнидан юриб келаркан, Зокир Ўрин тисланди. — Оббо!
Домла беҳол тортиб кетди. Кейин:
— Хўжам, мен конкрет гапни яхши кўраман. Биласан-а? — деб сўради.
— Биламан. Шунинг учун ҳайрон бўляпман-да, — деди Хўжам.
— Қизиқ. Нимани конкрет гапирмадим?
— Гапириш… — Хўжамёр сўзини чала қолдириб, Зокир Ўринга тепадан тикилди. — Домла, сиз рости билан мени табриклагани, шунчаки қутлагани бу ерга келдингизми?
Домла унга анграйиб қолди.
— Бу қанақа савол? — деди шивирлаб. — Йўқ, бунга ишонмасликка сенда.. ҳа, сенда қандай асос бор?
— Ҳамма гап шундаки… — Хўжамёр иягини кафти билан ишқаб чайналди.
— Хўш?
— Энди… — Хўжамёр кескин бурилиб кетди. Тахт-курси қошига бориб, яна қайрилди. — Бу ерга бизнесга алоқасиз одамлар нима учун келишади? Биларсиз-а?
— Бизнесга алоқасиз… — Зокир Ўрин иттифоқо чойхонада Эсон дўхтирдан эшитган гапларини эслаб қолди: «Ундайлар кўпайсин… Энди замон уларники». Сўнгра Хўжамёрнинг Масковда қандайдир хайрия идорасида ишлагани, ҳа-ҳа, ўзининг, яъни Зокир Ўриннинг-да «Элгаям нафи тегаяпти» дегани ёдига тушиб кетди. — Ҳа, энди, ночорликдан ҳам келишар…
— Ана бу бошқа гап! — деди Хўжамёр, ниҳоят, енгил тортиб. — Ҳар куни келишади муҳтожлар… Барининг ҳожатини чиқараяпман, домла. Миннат эмас бу! — Кейин майин кулимсиради. — Тўғри, у бечоралар ҳам, албатта, мени табриклагани келишади…
— Лекин мен… — деди домла, — Онт ичаман, ука… — Кейин бирдан кўзи чарақлаб очилди-ю, портлади: — Ҳов, ҳали шунинг учун боянадан бери саволга тутаётган экансан-да?
— Ахир, бу табиий-ку, — деди Хўжамёр. — Сиз зиёли одамсиз. Маданиятли…
— Нима, «зиёли, маданиятли» одам фақат… табриклагани келмайди деб ўйлайсанми?
Хўжамёр чуқур хўрсиниб, курсига чўкди.
— Сизга жавоб, — деди.
— Э, мени ҳайдаганингми бу? Хўжамёр шартта селектр тугмасини босди.
— Асал! Абдини айт!
Зокир Ўрин каловланиб, «Астра»ни чўнтагига солди, сўнг гардиши ҳилвираган шляпасини бошига қўндирди.
Шу пайт пакана, туксиз лўмса юзи осилган Абди кириб келди.
— Бу кишини кузатиб қўй, — деди Хўжамёр ва деразага қаради.
Абди Зокир Ўринга илжайиб, таъзим билан эшикни кўрсатди. Зокир Ўрин тамшаниб:
— Бу нима қилиқ? — деди гўё ўзига ўзи. — Ҳов, Хўжам? Мени ҳайдаб чиқараяпсизми?
— Бу киши Хўжам эмас, Хўжамёр Мадёров, — деди Абди ва домланинг тирсагидан ушлади. Домла:
— Қўлингни ол! Афчарка, — дея четланиб кетди.
Абди интилиб домланинг билагидан тутди ва бурилибоқ тортганди, Зокир Ўрин ўймакор эшик оғзига бориб қолди.
— Марҳамат, домла.
— Ҳов, Хўжам? Хўжамёр қарамади.
— Абди!
Шунда Асал эшикни очди ва Абди Зокир Ўринни қучиб кўтариб ташқарига чиқарди,
— Домла, дарвозадан ҳам чиқариб қўяйми?
— Қўйвор, аблаҳ! — деди Зокир Ўрин. — Ўзимнинг… оёғим бор! Ҳозирча бор! — дея эшикка қараб бақирди. — Ҳой, бизнесмен! Тиланчи эмасман, худога шукур. Сени ўқувчим деб… Бемаъни, одобсиз!.. Одамларга бундай қараш учун киши нақадар тубан бўлиши керак…
Абди жила бошлаган Зокир Ўринни яна даст кўтариб олди-да, ғизиллаб кетди. Кўчага чиқариб қўйиб, дарвозанинг очиқ табақасини беркитди.
… Хўжамёр юмшоқ курсида сўлғин тортиб ўтираркан, Асал кирди. Хўжайинга термилиб бироз сассиз тургач, сўради:
— Нима бўлди, Хўжака?
Хўжамёр ҳам котибага бироз сассиз тикилгач:
— Ўзим ҳам тушунмай қолдим, — деди
— Нимани?
— Э, сўрама.
1993