Шукрулло. Тирик руҳлар (роман)

Биринчи боб

ФАРЁД

Ёз кунларидан бири. Кутилмаган даҳшат бошланди.
Ўзи гувоҳ бўлиб, ўзи кўрмаган одам ишонмайдиган воқеа юз берди. Ҳозиргина ҳаммаёқни куйдириб турган жазирама саратон бирданига қаҳратон қишга айланди. Ярқираб турган қуёшнинг юзига қоп-қора парда тортилиб, осмон тунга бурканди. Кўнгилни беҳузур қилувчи илимилиқ шамол келди-ю, кетидан дам ўтмай, чанг-тўзон кўтарилиб, бўрон бошланди. Бирпасда ҳаммаёқни ўнтўда қилиб ташлади. Бу даҳшатли увуллаган шамол, том тунукаларини қалдиратиб, учириб туширарди. Шовул-шовул етилган мевали дарахтлар дув тўкилиб, қарсиллаб сина бошлади. Авжи туш пайтида ҳаммаёқни қоплаган қоронғилик, бўроннинг увуллашидан атрофни ваҳм босиб кетди. Тўзон аралаш томчилаган йирик-йирик ёмғир шарросга айланди. Худди ёниб турган аланга устига сув сепиб ўчиргандек, ҳозиргина баданларни куйдириб турган саратон жазирамаси ўрнига ёмғир билан келган совуқ шамолдан баданлар жунжий бошлади. Шиддатли ёғган ёмғир бир зумда дўлга айланди. Кўча юзлари, ариқларда дўл аралаш айқириб оққан тошқин
— оламни сув босгудек — ваҳм солди.
Бўрон билан тарсиллаб ойналарга урилаётган дўл дам ўтмасдан қорга айланиб, айни қиш пайтидагидек бўралай бошлади. Дов-дарахтларнинг новдалари қор босиб ерга эгилди. Кўчалардаги пана-паналарда беркиниб турган одамлар кутилмаган бу даҳшатдан хаёлларини йиғиштириб олишга улгурмасданоқ, мўъжиза рўй бергандек, уфқнинг бир чеккасида яна лоп этиб қуёш кўринди. Осмон юзига қора парда тортган булут тарқалиб, саратон иссиғи, худди ҳаммом эшиги очилгандек, гуп яна юзларга урилди. Шамол ҳам, ёмғир ҳам тиниб, қуёш куйдира бошлади. Ерни ола-чалпоқ қоплаган, дўл аралаш ёғган қордан нам ғубор кўтарила бошлади. Атрофда ниҳоятда нохуш манзара пайдо бўлди. Даҳшатли бўрон ва жала ўзидан кейин хонадонлару боғу роғларда шохлари синиб, ерга дув тўкилиб, лойга қоришган шафтолию олмалар, шингил-шапоқ бўлган ишком-ишком узумларни қолдириб кетди. Тўда-тўда ахлат, ивирсиқ қолдирди. Бу бир нафасгина бўлган, ўткинчи кўнгилсизлигу, бир дақиқалик табиат яратган алғов-далг
ъов эди.
Бу бир нафаслик!.. Тасодифий!.. Бир кунлик алғов-далғов!..
Аммо Худойи таоло ўз бандаларининг бугунги қувончи ғамга, кечаги тўйи кутилмаганда азага айланишидан ўзи асрасин!
Асадулла махсумнинг оиласи бошига тушган даҳшатли фожиа ҳам худди шундай саратон кунларидан бирида юз берди.
Убайдуллахон отилишга ҳукм қилинибди, деган шум хабар келганда Асадулла махсумнинг уйидагина эмас, эшитган қариндош-уруғларникида ҳам қий-чув, йиғи-сиғи кўтарилди. Асадулла махсумнинг божаси, дардкаш дўсти Юсуфхўжа қори хотини Зайнабхонни тинчитишга қанчалик уринмасин, фарёд кўтарди:
«Укамнинг қайси гуноҳига бунчалик!.. Шўримиз қурсин! Эй Парвардигор!» — деган гапни йиғи аралаш ички бир дард билан айтиб, шитоб ўрнидан туриб, қаёққадир бормоқчи бўдди-ю, аммо бирор ёққа бориш у ёкда турсин, қадам босиб уйдан кўчага чиқишининг ҳам имкони бўлмади. Атрофдагиларни ваҳмга солиб, ҳушидан кетиб, жим қолди.
Аммо бу шум хабарни эшитган онанинг ҳоли не кечдийкин? Унинг аҳволини тасаввур қилиб бўлмасди. Авжи навқирон йигит чоғида вафот этган ўғли Абдулазизхоннинг доғи юрагидан аримасдан, кутилмаганда яна бир ўғли Убайдуллахон отишга ҳукм қилинганлиги хабарини эшитгандаги чеккан оҳу додига чидаб бўлмасди.
— Шу ниятда сени туққанмидим, болам!.. Туғмай ўлсам бўлмасмиди! Худога нима ёзгандим! Худо менга доно, дунёга ақли етадиган фарзанд ўрнига, довдирроқ ўғил берганда бу азобларга қолмасдим! Дод!.. Дод!.. Бу жафолар, бу кўргиликлар менга каммиди! Худо, мен, бебахт банданг, сенга нима ёзгандим?!.
Таскин беролмайсан! Сўз топилмайди! Бирданига икки навқирон ўғлидан айрилиш азобига чидаш осонми! Худонинг ўзи тўзим берсин!
Бу онанинг оҳу додини эшитиб тошюрак ҳам бардош беролмасди.
Мана, неча йилки, бу оналарнинг фарёдлари, нолалари юракларни тилка-пора қилиб, қулоқлардан кетмайди.
Ҳеч бандаи мўминга фарзанд доғини кўрсатмасин! Онам, деб йиғлатсин-у, ҳеч кимни болам, деб йиғлатмасин. Худоё, худовандо, бу кўргиликларни ҳеч банданинг бошига солма!
«Болам шўрликнинг гуноҳи нима эди! Гуноҳи бегуноҳлигими! Дод, бу адолатсизлик, дод бу зулмдан! Золимларни уйи куйсин! Илоҳа, омин!»
Бу фақат Убайдуллахоннинг онаси бошига тушган кўргиликмиди? Унинг фарёдимиди?! Йўқ! 24 ёшида қамалиб, Сибир совуқларида ўлиб кетган буюк истеъдод эгаси — шоир Усмон Носир онасининг ҳам фарёди эди.
Авжи кучга тўлган йигит ёшида бегуноҳдан-бегуноҳ халқ душмани саналиб, отилган Абдулла Қодирий, Абдулҳамид Чўлпонлар… иўрлик оналарининг фарёдлари!
Миллат учун, мустақиллик учун жонларини фидо қилган буюк арбоблар — Акмал Икромов, Файзулла Хўжаевлар… оналарининг оҳу фарёди эди.
Ноҳақлик зулмидан бевақт қатл этилган, фарзандлари доғида адо бўлган оналар ўша кунлари Ўзбекистонда ўн эмас, юз эмас, сон-саноқсиз эди!
Қанча-қанча мушфиқ оналар фарзандларининг дийдорларини кўролмай дунёдан ўтиб кетдилар. У кунни қайтиб ҳеч кимнинг бошига солмасин!
О, муҳтарам оналар!

Ҳаётда не алам, фожиалар бор!
Одамлар бошида не-не кўргулик!
Оламда нима бор буюк, мўътабар —
Фарзандлар ўстириб, она бўлгудек!
Нима бор аламли она қаҳридан?
Нақадар аччиқдир — у тўккан кўз ёш.
Ҳар тонг чиқиб келар туннинг қаъридан
Онани зиёрат қилай деб қуёш!

Убайдуллахоннинг гуноҳи бормиди?!
Бундай савол фақат унинг уйида ёки қариндош-уруғлари орасидагина бўлмай, қамалиш хабарини эшитган бутун Тошкент шаҳридаги одамлар, ҳатто унинг узоқ-узоқлардаги танишлари орасида айланиб катта шов-шувга сабаб бўлган эди.
— Шундай одам қамалибдими?
— Отилармишми?
— Ё тавба!
— Қайси Убайдулла?
— Шайхонтовурлик Асадулла махсумнинг ўғли.
— Адвокат-да!
— Фақат адвокат эмас, унинг қилган ишлари унча-мунча одамнинг қўлидан келмасди.
— Убайдулла Хўжаевни айтасизми? Унинг қилган ишлари… бу ўша ўруснинг буюк ёзувчиси Толстойга хат ёзган одам-да!
— Ҳа, ўша! Убайдулла! У замонларда Толстой асарларини ўқиш эмас, унинг номини, ҳатто ижодкорлар орасида ҳам билганлар кам бўлган бир даврда, унинг «Ёвузликка қаршилик кўрсатмаслик» ҳақидаги дунёқараши, фалсафаси тўғрисида шундай буюк адиб билан баҳслашишга журъат этиш!.. Унинг устига яна рус тилида, Толстойни қойил қиладиган савияда ёзиб, фикр ифода қилиш!
— Бу адвокат бўлса, ёзувчи билан нимани талашган?
— Миллатни!
— Миллатни?!
— Ҳа, миллатни! Миллатнинг тақдирини ўйлашдан бошқа уни дарди бўлган эмас. Бўлмаган!

«Кўп ҳурматли Лев Николаевич!
Сизни безовта қилишни асло истамаганим ҳолда, аммо менга шубҳали туюлган «ёвузликка қаршилик кўрсатмаслик» масаласида бирор аниқлик киритарсиз деган умидда ушбу мактуб билан Сизга мурожаат қилишга журъат этдим.
Инсоф нуқтаи назаридан «Ёвузликка қаршилик кўрсатмаслик»нинг ҳеч шубҳасиз адолатли эканига мен ҳам қўшилиб, унга иқрор бўлсам ҳам, аммо қуйидаги бир ҳолатда қандай муносабатда бўлиш кераклиги мени ўйлантириб қўяди:
«Ёвузликка қаршилик кўрмаслик»нинг адолатли эканига шунинг учун ҳам иқрорманки, бу Инжилга бўлган диний майлим ёки Муҳаммад динидаги одам бўлганим учун эмас, балки бу менинг тушунчамга тўғри келганлигидан ҳам, албатта.
Менинг тушунишимча, «Ёвузликка ёвузлик қилма»нинг негизида қуйидаги бир ҳақиқат ётади: мабодо кимдир бир ёмонлик қилган бўлса, шу билан у битта ёмонлик қилган бўлади, мабодо мен унга қаршилик қилсам ёки ёвузликка ёвузлик билан қайтариб қасос олмоқчи бўлсам, унда, табиий, бир ёмонликдан иккинчи ёмонлик пайдо бўлади ва ҳоказо. Агар мен ёмонлик кўрсатмасам эди, бир ёмонлик ёмонлигича қолиб, иккита бўлмасди, яъни ёвузлик камроқ бўларди. Буларнинг ҳаммасидан хулоса шуки, ёмонликка ёмонлик қилмаслик биланми ёки бошқа бир йўл биланми, хуллас, қандай қилиб бўлмасин, ёвузликни камайтириш чорасини қилиш керак. Агар хулоса шу дейдиган бўлсак, қуйидаги ҳолатда қандай муносабатда бўлишимиз керак:
Менга таниш бир мисолни келтириб кўрайлик: кимдир даҳшатли бир ёвузликни бошламоқчи: масалан, бир уй ёки шаҳарни, ёки поездними, кемани ҳалокатга учратмоқчи ва ҳоказо… Шубҳасиз, бу юзлаб, минглаб кишиларнинг ҳалокатига сабаб бўлади. Албатта, мен инсоний ахлоқ юзасидан бунинг олдини олиш чорасини топишга мажбурман. Аммо у ўз ёвуз ниятини амалга оширишдан олдин, уни бартараф этиш учун мени ўша ёвузни йўқ қилишдан бошқа чорам қолмайди.
Албатта, мен у ёвузни йўқотиб юзлаб, минглаб одамларнинг ҳаётини сақлаб қолдим, деган баҳона билан ўз қилмишимни оқламоқчи бўламан. Инчунин, мен қилган ёвузлик қилинадиган катта ёвузлик олдида кичик нарса бўлиб қолади. Чунки у катта талофатлар келтириши мумкин бўларди. Шунинг учун мен буни ёвузлик деб эмас, аксинча, катта фалокатни, ёвузликни олдини олиш, ёвузликни камайтириш омилларидан бири бўлади, деб биламан.
Менинг мулоҳазаларим шулардан иборат, бу қанчалик тўғри, билмадим, узоқ иккиланишлардан кейин бу ҳақда бирор тушунтириш берар деган ниятда сизга мурожаат этишга журъат этдим.
Агарда ўз тушунтиришларингиз билан мен учун ниҳоятда муҳим саналган ва ноаниқ бўлган бу масалага ёрқинлик киритсангиз, мен Сиздан умрбод миннатдор бўлардим.
Менинг турар жойим:
Саратов шаҳри, пассаж, д. Юренкова. Юрид. отдел. Убайдулле Асадуллаевичу Ходжаеву.»
Сизга самимий садоқат билан, мусулмон:
У. Ас. Ходжаев. 29 май, 1909 йил. Саратов шаҳри.

Бу мактубни Убайдуллахон ёзганда, жаҳонга донғи кетган Толстой саксонга бориб қолган, кунига дунёнинг ҳар томонидан юзлаб хатлар келиб, ҳаммасини ўқишга, ҳатто имкони бўлмаган бир маҳалда, олис туркистонлик ўзбекнинг мактубига жавоб қайтаришни лозим кўриши!.. Бу бекорга эмас! Мана унинг жавоби:

Ясная Поляна. 1909 йил 5 июн.
Убайдулла Асадуллаевич.
Сиз мендан сўрабсизки, бир кимсанинг кўп одамларга ёвузлик қилиш нияти маълум бўлса, у тақдирда қаршилик кўрсатмаслик ҳақидаги таълимотни тан олган киши нима қилиши керак? Кўпчилик ҳалокатининг олдини олиш учун ўша бир кишига нисбатан зўрлик қўллаш маъқул эмасми?
Афв этасиз, бу саволингиз, кўпларнинг шу хилдаги саволлари цингари, ҳақиқатни билиш истагидан эмас, аксинча, ҳақиқат деб ҳисобланган нарсани адо этмасликни оқлаш истагидан келиб чиққан. Инсонга меҳр-муҳаббат ҳақидаги таълимот қаршилик кўрсатмаслик тушунчасини ҳам ўз ичига олиб, у инсон интиладиган идеални билдиради. Идеални таомилнинг оддий қоидаси деб билиш эса катта хато ёки ўз-ўзини алдашдир. Бу ҳаётда ҳеч қачон тўла эришиб бўлмайдиган етук камолотни талаб этувчи идеалгина идеал бўла олади. Лекин у ҳаётга раҳнамо сифатида зарурдир, ҳаётда эришиб бўлмайдиган ана шу камолотдан далолат бергандагина зарурдир. Меҳр-муҳаббат идеали ҳақида ҳам шуни айтиш мумкин. Қаршилик кўрсатмаслик тушунчасини ҳам ўз ичига оладиган меҳр-муҳаббат талаб этиш — ҳеч вақт тўла адо этиб бўлмайдиган нарсадир, шунинг учун уни адо этишга интилиш ҳам керак эмас, деган мулоҳаза менга компас тутган шундай бир одамни эслатади: йўлда манзилингга тикка бор, деб унинг қўлига компас тутқазганлар
, у бўлса, компас кўрсатган тўғри йўлда ўтиб бўлмайдиган тўсиқлар — тоғлар, дарёлар ва ҳоказолар бор, шу сабабдан ҳам мен мумкин қадар мутлақо тўғри йўналишга тушиб олиш учун компасга риоя қилиб ўтирмай, бошим оғганча четга қараб кетаверишим мумкин, деб туриб олади. Қаршилик кўрсатмасликни ҳам ўз ичига оладиган меҳр-муҳаббат масаласида эса компас доимо одамга нима қилиш кераклигини (сайёҳга йўналишни) кўрсатадиган ахлоқий-диний туйғудир; одамнинг хатти-ҳаракатидан келиб чиқадиган окибатлар эса ҳеч қачон унинг ўзига аён бўлмайди. Шунга кўра, сайёҳ учун компас кўрсатган мутлақ тўғри йўналишга мумкин қадар яқинроқ юриш бирдан-бир раҳнамо бўлганидек, ахлоқий идеалга мумкин қадар яқин бўлишга интилиш — инсон учун бирдан-бир раҳнамо бўлиши керак…
Саволингизга берган бу жавобим Сизни қаноатлантира олса ғоят хурсанд бўлур эдим.
Лев Толстой

Убайдуллахон нега Толстойнинг бадиий асарларидан олган ўз таассуротлари, унинг нуқсон ва афзалликлари ҳақида эмас ёки унга миннатдорчилик билдириб эмас, инчунин, унинг дунёқараши, «ёвузликка қаршилик кўрсатмаслик» ғояси билан қизиқади? Нега? Нима мажбур этган?
Убайдуллахоннинг хат ёзишдан бирдан-бир кўзлаган мақсади битта эди. Яъни ҳурматли Лев Николаевич, Сизнинг ғоянгиз бўйича, Чор ҳукумати Туркистон халқларини ўз эркига қўймай, хохдаганча эзаберсин! Зулм ўтказиб, мустамлака қилиб, бойликларини талайберсин! «Ёвузликка ёвузлик қилмаслик керак» деб индамай, курашмасдан тақдирга тан бериб қараб ўтираберсин, деган хулоса чиқмайдими — демоқчи бўлган. Чиқарган хулосасини қара! Мана миллатга жон куйдириш!
Толстойга хат ёзганини айтамиз. Олтмишга яқинлашиб, қамоқ азобларида эзилиб, жисмонан заифлашиб қолган бир ҳолатда, нега инглиз ёзувчиси Киплингнинг ҳайвонлар ҳаётидан олиб ёзилган «Маугли» асарини таржима қилишга тутинди? Ҳайвонлар ҳаёти билан ўзини овутиб, қамоқни унутиш учун эрмакка қилдими? Йўқ, Худо раҳмат қилсин, фақат дарди миллат бўлган! Туркистонни мустамлака зулмидан озод қилиш бўлган! Ҳайвонлар орасига кириб қолган инсон боласи Мауглига ҳатто ҳайвонлар, ўз жинсига боришни истаса, майли, борсин, деб унга эрк берадилар, ихтиёрига қўйиб юборадилар. Ҳайвонларга эрк берадилар! Бизни орамизда ўсдинг, сени боқиб катта қилдик, энди ҳеч қаёққа кетмайсан, деб зўрламадилар-ку! Ҳайвонлар орасида шундай эркинлик бўлса, ҳайвонлар ўзлари яшайдиган бедахл майдонларига эга бўлса, нега совет ҳукумати ўшанчалик ҳам ўзбекларни ўз эркига қўймайди! Мустақиллик бермайди? Ўзбек халқи шунчалик ҳам мустақил, ўз юрти, ўз қавмлари билан яшаш ҳуқуқига эга эмасми, деган фикрни хал
қининг ёдига солиш, эркинлик, озодлик ҳақида ўйлатиш, жуда бўлмаса, ҳайвонлар ҳаётидан ибрат олинг, демоқчи эди. Мана миллатга жон куйдириш!
Бутун умр халқининг такдирини ўйласа-да, шундай одам отилишга ҳукм қилинса!.. Дунё тамом бўлди!

Романнинг тўлиқ матнини PDF форматда сақлаб олинг