Шукрулло. Кафансиз кўмилганлар (роман)

КЎЗИ БОҒЛИҚ ОДАМ

Одам ўлдирибми ёки ўғирлик қилибми, ишқилиб бирор гуноҳга ботиб қўлга тушган кишининг аҳволини тасаввур қилиш мумкин. Аммо ҳеч нарсадан ҳеч нарса йўқ мутлақо бегуноҳ бир одамнинг уйидан қўлига кишан солсалар-да, олиб чиқиб, қамаб қўйсалар, бундоқ қуруқ туҳмат кимнинг хаёлига келади-ю, қайси рисолада битилади.
1951 йили нашриётда муҳаррир бўлиб ишлардим. Мутлақо бегона бир одам менга иш охирида телефон қилиб, сизнинг мухлисларингиздан бириман, кўришмоқчи эдим, деган истак билдирди. Мен, вақтнинг кеч бўлиб қолганини, бундан ташқари айни замонда имконим йўқлигини, ижод ҳақида ҳамиша гаплашиш мумкин, деган важ-корсонга қарамай, атиги беш минутгина вақтингизни оламан, яқин жойдаман, ўзингизда бўлсангиз ҳозир бораман, деди-да менинг жавобимни эшитмасданоқ трубкани қўйиб қўйди. Унинг илтимосининг тагида нима мақсад борлиги, ҳамма гапи ёлғонлигини энг бефаҳм одам ҳам тушунарди.
Бу яхшиликка эмаслигини сезган эдим. Ахир, ўша кезлари менинг энг яқин кишиларим, дўстларим — шоир Шуҳрат, Мирзакалон Исмоилий, Ҳамид Сулаймонлар қамоққа олиб кетилган эди… Бу — навбат менга келганидан дарак эди.
Орадан кўп ўтмай нашриёт ходимларидан кимдир ташқарида мени қандайдир одам кутаётганини, чақириб беришни илтимос қилганини айтди. Чикдим.
Бегона одам ишшайиб саломлашди. Атрофга олазарак қараб мени чеккароққа олди.
— Мен военкоматданман, ҳарбий билетингиз ёнингизда бўлса кўрсам, — деди.
Тинчлик бир замонда бундай гап кишини таажжубга солиши табиий, албатта бу мени ҳам ҳайратга солди.
Керакмас вақтда бу ҳужжатни ёнимда олиб юрмаслигимни айтдим. Аммо у эса қатъий қилиб, уйингизда бўлса кўришим керак, — деди. Ўша йиллардаги «овчи»ларнинг синалган усули эди бу.
Пастга тушдик. Кўчада газ машина кутиб турар, машинада баланд бўйли рус кишиси ҳам бор эди. Ўша заҳоти қўлимга кишан солишдими, йўқми — ёдимда йўқ, уйга келдик. Улар номига ҳарбий ҳужжатимни кўргандек бўлишди-да, уйда ким бор, ким йўқлигини аниқлагандан кейин ҳеч ким ҳеч қаёққа қимирламаслиги лозимлигини таъкидлашди. Мендан эса уйда қурол-яроғ, тақиқланган сиёсий адабиётлар бор-йўқлигини сўрагач, тинтув бошлашларини айтди. Мен нима ҳам дердим! Бирорта одам тақиқланган китоблар сақлаган деб маълумот берган бўлса, бундай нарсалар менда йўқлигидан хотиржам бўлиб қарашса-қарашаверсин деб кўнглимдан ўтказиб қўйдим. Халқ душмани бўлиб қамалиб кетган Акмал Икромов, Файзулла Хўжаев, Абдулла Қодирий, Чўлпон, Усмон Носирларнинг китоблари, ҳаттоки уларнинг номлари ёзилган газета ва журналлар чиқиб қолармикан деган умидда роса излашди. Ҳатто отам, қариндош-уруғларимнинг 20—30-йилларда оврўпача ёқада тушган расмларигача йиғишди. Кейинчалик билсам, уларни жадидларга
алоқадор, деган шубҳада олишган экан. Ҳатто мен билан ўрта ва олий мактабларда бирга ўқиган дўстларим, маҳалладош, таниш-билишларимнинг урушдан юборган суратларини ҳам олишди. Улар уйдаги нарсаларни ҳар ёққа отиб-сочиб тинтув қилардилар. 4 ёшли ўғилчам бўлса ҳеч нарсадан хабари йўқ уларга мен ёзган «Кремл юлдузлари» деган шеърни ўқирди.
Тинтув пайтида гувоҳлик учун чақирилган қўшни аёл гўдакнинг ўз отаси тақдиридан бехабарлигиданми ёки менга ачинганиданми, уни бағрига босиб ҳўнграб йиғлаб юборди.
Мен эса уйимда тақиқланган бирор нарса топилмаслигига комил ишонч билан хотиржам эдим. Аммо бу хотиржамлик узоққа чўзилмади. Тинтув тугагач, мени ўзлари билан олиб кетажакларини айтишди. Қаерга, нега, аниқ жавоб беришмади. Хоҳласангиз, эҳтиётдан кўрпа-ёстиқ, кийим-кечаклар олишингиз мумкин, деб қўйишди.
Хотин, бола-чақа, уйимда ҳозир бўлган қўни-қўшниларнинг қий-чуви остида мен улар билан кетдим.
Бошимга тушган бир неча йиллик айрилиқ, қаро кунлар мана шу дақиқадан бошланди. Аммо олдимдаги йўл қандоқ, худди кўзи боғлиқ одамдек менга қоронғи эди.
КГБ қамоқхонасининг якка хонасида ётганимга мана бир неча кун бўлди. Қамалганимнинг эртаси куни сочимни қиртишлашди. Бу ҳам хунук бир хабарнинг, яъни бу даргохдан яқин орада чиқишдан умид қилмаслик белгиси эди. Худди шуни тасдиқлагандек номим ёзилган тахтачани кўкрагимга қўйиб расмимни олишди. Ўзини-ўзи осиб ёки бўғиб қўймасин деган «ғамхўрлик» билан камарим борми, ҳатто томирини кесиб, ўзини-ўзи ўлдирмасин деган мақсадда бўлса керак, шимимдан тортиб ҳамма кийимларимдаги тугмаларгача қирқиб олинди.
Қамалганимнинг нечанчи куни, ёдимда йўқ, мен ётган хонанинг темир эшигидаги туйнукдан назоратчи номимни айтиб чиқишга тайёрланишимни буюрди.
Кутиб турдим. Эшик очилиб чиқишим билан назоратчи бошдан оёқ гўё мен ниманидир яшириб қўйгандек ҳамма жойимни тинтиб чиқди-да, қўлингни орқага қил, йўлда гапирма, юр деганимда юр, тўхта деганимда тўхтайсан, деб тартибни тушунтириб, қаергадир олиб кетди. Бу дўқ-даваранинг замирида шу бугундан бошлаб бутун инсоний ҳуқуқлардан маҳрумсан, кимлигингни энди унутавер деган ишора бор эди.
Хўш, мени қаерга олиб бормоқчи? Яна қандай кўргиликларим бор — булар фақат худойимнинг ўзигагина аён эди.
Қамоқ назоратчиси мени терговчи Сухановнинг хонасига олиб кирди.
— Хўш, аҳволинг қалай? — деди у сохта меҳрибончилик билан ишшайиб. Бу «меҳрибончилик»ни айнан масхаралаш, деб тушуниш лозим эди.
Бугунги терговда гўё туғилганимдан бошлаб шу кунгача бўлган қилмишларимни эслатиб, ёдимга солмоқчи бўлгандек, таржимаи ҳолимни суриштиришдан бошлади. Туғилган йилимдан тортиб то ота-онам кимлиги, қачон туғилиб, қачон ўлганию, қариндош-уруғларим ким бўлган, қамалганми-йўқми, чет элларда бўлганми-бўлмаганлигигача ҳаммасига жавоб бердим. У эса нималарнидир узоқ вақт ёзди. Ниҳоят ёзганларини ўқиб бериб, қўл қўйишимни сўради. Қўл қўйишдан аввал ўқидим-у ёқа ушладим. Туғилган йилимдан бошқа деярли ҳамма гаплар бузиб, мен айтмаган нарсалар қўшиб ёзилган эди.
Отанг ким, деган саволга отам ҳам, авлод-аждодим ҳам эмчилик касби билан шуғулланган деб берган жавобим отам диндор, домла бўлган, мен ўзим советларга қарши тарғибот билан шуғулланганман, деб ёзилибди. Ахир таржимаи ҳолимни бузиб ёзишдан мақсад нима? Бундан кузатилган бирдан-бир мақсад, бутун авлод-аждоди билан советлар душмани, деган тавқи лаънатни бўйнимга осиш, холос. У пайтларда, айниқса, диндорми, тамом советга қарши душман, деган сўз эди.
Мен қўл қўйишдан бош тортдим. Мана шу бугундан бошлаб оқни қора, қилмаган гуноҳларимни қилди деб кўрсатиш, дўқ-ҳақорат, ёлғон бошланди.
Бу ҳақорат ва хўрлик азобларидан қутулиш учун битта йўл бор эди, у ҳам бўлса мен сочимнинг толасидан тирноғимгача совет давлатига душманман, миллатчиман, деб ёзиб беришим эди, холос. Бу эса ўзимни ўзим ўлимга ҳукм қилиш билан баробар эди.
Ким бунга рози бўлади?! Рози бўлмасанг-чи? Картсерга ташлашади. Картсер қандай бўлади, биласанми? Ётар жойинг тсемент. Ҳар куни ейдиган бир чўмич ёвғон сўк оши ёки сули бўтқадан ҳам маҳрум бўлиб, икки юз грамм нон ва сувга кунинг қолади. Ойлаб сенга уйқу бермасликлари мумкин. Уйингдан киритиладиган ейиш-ичишдан ҳам, хат-хабардан ҳам маҳрум этиласан. Истаганча ҳақорат қилишлари, азоблашлари мумкин. Буларнинг ҳаммасига бардошинг етадими? Яшашдан умидинг борми? Қанча чидайсан? Нима қилиш керак? Ёлғонларни рост деб тан олиш — бу ўзингни ўзинг душман деб ҳукм чиқариш бўлмайдими? Хўш, борди-ю шундай ҳам қилдинг, барака топ, деб сени қамоқдан озод қилиб юборишадими?
Тўқима айбномаларга қўл қўйишни рад этганимдан кейин терговчи:
— Нега қамалганингни биласанми? — деди.
Бу билан, сен қўл қўясанми, йўқми, сени душман деб қамадикми, мажбур қиламиз, демоқчи. Албатта, менинг ҳайратланишим ва йўқ дейишимдан ўзга жавобим бўлмас эди. Мендан йўқ жавобни эшитгач, терговчи ўтирган жойидан дарғазаб қўзғалиб:
— Маккор!.. Маккор! Душман маккор бўлади! Советларга қарши ҳаракатларинг, пантуркизм ва панисломизм қарашларинг ҳақида бизларни билмайди деб ўйлайсанми! Зўрлаб, қийнамасимиздан ҳаммасини яширмай, ўзинг гапиришинг маъқул, бу гуноҳингни енгиллаштиради. Максим Горкий нима деган? Шоирсан, билишинг керак! «Душман ўзи таслим бўлмаса, уни мажақлаб ташлайдилар», шундайми? — деди.
— Ўзи йўқ нарсани нимасини яшираман? Гуноҳимни билсанг, айтабер! Мени совет давлатига ҳеч қандай душманлигим ҳам, енгиллатадиган ёки оғирлатадиган гуноҳим ҳам бўлган эмас.
Менинг бу жавобим унга ҳақорат туюлиб, столга ғазаб билан мушт уриб:
— Душманлигингни яшириб бизни алдамоқчимисан, туҳматчи! Сенга шафқат бўлмаслигини ўйла! — деб урмоқчи бўлгудек тепамга келиб туриб олди.
Ҳамиша тўтиқушдек бир гапни қайтарарди:
— Совет давлатига қарши қандай ва кимлар билан биргаликда курашмоқчи бўлгансан? Биз мажбур қилмасимиздан ўзинг айт!
У қанча дўқ-пўписа, ҳақорат қилмасин, менинг ҳам жавобим фақат битта бўлди:
— Мен душман бўлмаган бўлсам, нимани ўйлайман!.. Нимани айтаман!
— Сенинг ашаддий душманлигингнинг битта белгиси шундаки, ҳаттоки сен совет чекистларини ёлғончи қилмоқчи бўласан, уларга ҳам ишонмайсан.
— Йўқ!.. Мен чекистларни энг фидойи, давлат ва ватан манфаатидан ўзга манфаатни ўйламовчи, энг ҳалол одамлар деб ҳисоблаганман.
Аммо мен терговчига нима жавоб қилмай, ҳар битта сўзимни аксини айтиб, мендан душман чиқармакка интиларди.
— Яхшиликча миллатчилигингни бўйнингга олмасанг, далил ва гувоҳлар билан душманлигингни фош қиламиз, бизларга ишониб, айбингга иқрор бўлсанг, яна такрорлайман, гуноҳинг енгиллашади, терговни тезроқ тугаллашга сабаб бўларди… Ўйла!
— Гуноҳим бўлса гувоҳсиз ҳам, далилсиз ҳам тан оламан. Йўқ гуноҳни нимасини ўйлайман! Гуноҳим бўлса айт!
— Миллатчилик фаолиятингни яширасанми?
— Туҳмат!
— Қамалган миллатчи, халқ душмани ёзувчилар билан алоқанг-чи?
— Ҳеч қандай миллатчи билан ҳеч қачон алоқам бўлган эмас. Бўлса, айтабер, тан оламан!
— Бизга ҳаммаси маълум. Душман маккор бўлади, дарҳол тан олмайди.
Жавобларимдан жини қўзиган терговчи мендан олдинроқ ҳибсга олинган Ҳамид Сулаймон, Мирзакалон Исмоилий, Шуҳрат, ака-ука Алимуҳамедовлар, Маҳмуд Муродовлар билан танишлигим, қандай алоқада бўлганим, қаерларда учрашганимиз ва советларга қарши қандай ғоявий қўпорув ишлари олиб борганимиз ҳақидаги саволларга жавоб беришимни талаб қила бошлади.
Бунга дод дейишдан бошқа илож йўқ. Қаерга қочасан? Нимани ўйлаб, нимани иқрор қиламан.
— Биз ҳеч кимни ноҳақ қамаган эмасмиз. Гуноҳсиз одамлар бу ерга келмайди.
Терговчи менга зуғум билан қаради-да, назоратчини телефон орқали чақириб мени олиб кетишни буюрди.
Мана неча кундирки, якка кишилик камерадаман. Терговчи мени унутиб қўйди. Гуноҳларини обдан ўйлаб олсин, деб чақирмаётгандир балки. Ундай бўлса қайси гуноҳимни ўйлай! Ўзимга-ўзим савол бераман, қилган гуноҳларим бормикан деб ахтараман. Балки унутгандирман…
Бордию кимдир менга бу кўргиликлар бирон пайт ота-онангнинг дилини ранжитганинг, озор берганинг учун деса, уларнинг оёқларига йиқилиб тавба-тазарру қилишга, ҳатто ҳар қандай жазога ҳам рози бўлардим. Аммо ўз ватаним, халқимга эса асло хиёнат қилган эмасман! Агар шундоқ бўлганда ўлимимга рози эдим.
Тақдиримни виждонимга ҳавола қилиб, ўз-ўзимга савол ҳам бериб кўраман. Ахир ҳаётдан, сиёсатдан норози бўлган вақтларим бўлмаганмикин? Бўлганми? Балки шунинг учун қамашгандир?
Қамоққа олиб келганларидан бери қиш ўтиб, баҳор ҳам кириб келди. Бу орада ердан кўкатлар униб, далаларда лолалар очилдими, дарахт куртак чиқариб гул ёздими, билмадим, буларни кўришдан буткул маҳрумман. Қушлар овози ҳам мен учун ёт. Мен ётган қамоқхонага на баҳор шамоли, на кўклам нафаси киради. Қилган қай гуноҳларимга худо ўзининг бу оромбахш неъматларидан мени маҳрум қилди!?
Қани, терговчи айтгандек бошдан кечирганларимни ўйлаб кўрай-чи… Беайб парвардигор дегандек қайси гуноҳларимга худонинг қаҳри келдийкин? Отам қори бўлса ҳам гуноҳкорманми? Борди-ю Абдулла Қодирий ёки Усмон Носир асарларини ўқиган айбми? Бундан Совет давлатига нима душманлик бўлиши мумкин? Мени нима айбим бор?
Менга қўйган асосий айбларидан бири — Совет ҳокимиятига душманлигим, Совет турмуш тарзидан, сиёсатидан норозилигим, нолишим эмиш! Душманлик бор, норозилик бор!.. 1930 йилларда одамлар очликдан шишиб қирилди. Бунга ким рози бўлади? 1937 йилда бегуноҳ одамлар қамалиб, йўқ бўлиб кетди. Ким бунга рози бўлди? Ақлимни танибманки, ёшлик чоғларимданоқ ҳамиша бир хавфу хатар билан юрагимни ҳовучлаб, норозилик билан кун кечирганим рост, буни яширмайман. Наҳотки бу душманлик саналса!

Романнинг тўлиқ матнини PDF форматда сақлаб олинг